Одилжон Жаъфаров. Чугучаклик ўзбеклар

Тарихий ҳужжатларда кўрсатилишича, ўзбеклар Шарқий Туркистоннинг шимолий қисмига, асосан чегарага яқин Чугучак шаҳрига 1850 йилдан кела бошлашган. Ҳозирги Чугучак шаҳри ўрнида қадимда олис сафарга чиққан савдо карвонлари дам оладиган қўрғон бекат бўлган. Қорасув бўйларидаги бу кўрғон атрофида Тошкент, Самарқанд, Марғилон, Қашқардан келган савдогарлар ўтов тикиб, тижорат қилишар эди. Кейинчалик уларга қишин-ёзин турадиган жой керак бўлди ва Тарбағатой амиридан 200 аршин ерга рухсат олиб, дўкон, сарой ва турар жойлар қура бошлашди.
1851 йили Чугучакда “Рус савдо факторияси” очилди, Русия консулхонаси ишлай бошлади. Ўзбеклар, татарлар, руслар Русия савдогарлари сифатида фаолият олиб боришди. Дастлаб тошкентлик савдогар Иброҳим Амиров Чугучакка бориб, чой савдоси билан шуғулланган ва ҳар йили 15 минг кумуш рублга тенг микдорда чой сотган. Марғилонлик Ҳожи Умар Чугучакдаги савдо фирмасига рус тилини яхши биладиган жияни Тожи Усмонбойни иш бошқарувчи қилиб қўяди. Улар Русиядан саноат маҳсулотларини олиб келишади, Русияга эса қорамол, қўй, тери, жун жўнатишади. Уларнинг йиллик тижорат моли 500 минг олтин рублга тенг бўлган.
1880 йили марғилонлик Мансуржонбой Урумчида «Чили» савдо фирмасини очади. У Турфондан пахта, тери сотиб олиб, Русияга жўнатар эди. Унинг сармояси 700 минг олтин рублга етган. 1881 йили қўқонлик ўзбеклар Раимжонбой ва Мирсолиҳбойлар Тарбағатойга келиб, “Дихи” тижорат фирмасини очишади. Улар Русия молларини келтириб, бу ердан жун, тери, пахта, қўй ва қорамол олиб кетишни ташкил қилишади. Кейинчалик Мирсолиҳбой хитой тилини яхши биладиган ёрдамчиси Ғозибой билан тижорат ишларини кенгайтириб, Турфон, Урумчи ва Тарбағатойда кўп ерларни, сарой, уй ва яйловларни сотиб олади. Чорвачилик билан ҳам шуғулланади ва ҳар бир шаҳарда савдо дўконлари очиб, мол-мулкини бир миллион Русия олтин рублига етказади.
1883 йили тошкентлик Хонбобо (Хонбува) қариндошлари Азизхожа, Самуғжон ва Аминжонбойларни Тарбағатойга юбориб, “Дошинг” фирмасини очади ва ўзи Масковдан саноат товарлари юбориб туради. Шу вақтда Аминжонбой Чугучакда, Азизҳожи ва Самуғжон Урумчида савдо ишларини юритади. Кейинчалик Самуғжонбой ажралиб, “Мовшин” фирмасини қурди ва Азизҳожи билан рақобатлаша бошлади. Азизҳожи Урумчида ишхона қуриб, сотиб олган қўй юнгларини ювдириб-тойлаб, Масковга жўнатар эди. Унинг маблағи бир ярим миллион олтин рублга етган эди.
Аминжонбой ҳам ишига пишиқ одам бўлган. У юборган моллар Масковда яхши қабул қилиниб, юқори баҳоланар эди. Рус савдогарлари ва завод эгалари уни ҳурмат қилишарди. Аминжонбой бундан фойдаланиб, бошқаларнинг ҳам ҳожатини чиқарарди. Унинг тавсияси билан Масков заводларидан насияга хоҳлаганича мол олиш мумкин эди. Шунинг учун Чугучакка келган ўзбеклар аввал уни йўқлаб, ёрдам олишар эди.
Тошкентлик Абдуқодир бува Бадалбоев, Илҳом ҳожи, Миррашид ҳожи, Миртожи ҳожи, Парпибой, Ғуломбой, Солиҳбой, Абдуазимбой, Имомжон қози, Йўлдош ҳожи, Қодир ҳожи, Тўлаган, Зайнитдин хўжа, Маҳмудхўжа, Обид ва Орифхўжалар, марғилонлик Орифҳожи, Абдуҳакимбой, Раимжон ва Рафиқжон каби кўпгина савдогар ўзбеклар 1900 йилдан илгари Чугучакда турғун бўлиб қолишган. Уларнинг ишлари ривож топиб, ҳовли-жой қилиб, ўрнашиб олганларидан кейин ўзларининг қариндош-уруғлари, таниш биродарларини, ҳунармандларни ва фарзандларини ўқитиш учун муаллимларни таклиф қила бошлашган. Натижада 1900—1920 йиллар орасида бир неча юзлаб ўзбек Чугучакда муқим бўлиб қолди.
Улар қатори буваларимиз Шоакбар Шорустамбой ўғли, Абдусалом, уста Шукур, Шосаидлар ҳам Чугучакка бориб, омадларини синаб кўришган. Ишлари тезда ривож топиб, бойиб кетишган. 1906 йили бувам Орифжон Жаъфар ўғли Чугучакда кичик қандолатчилик ишхонаси ташкил қилади ва парварда, новвот, пашмак каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.
Шундай қилиб, бир замонлар “Жунғория” деб номланган ўлканинг Чугучак шаҳрида “ўзбеклар қатлами” вужудга келади. Бу уюшмани Тошхўжа эшон ва Ҳасан оқсоқоллар бошқаради. Улар орқали эса савдогарлар Русия консулига боғланишар эди.
Маълумотларга кўра, ўшанда ўзбек савдогарлари бир тарафдан Масков, Петербург, Олмония ва Хитойнинг ғарбий ўлкаларигача, жанубда Ҳиндистон, Афғонистон, Арабистонгача бориб, тижорат ишларини юргизишган экан. Бундан юз-юз эллик йиллар илгари ҳам ўзбеклар орасидан ҳақиқий ишбилармонлар етишиб чиққан ва улар ҳозирги машҳур савдогарлардан қолишмаган.
Ўзбекларнинг Шарқий Туркистонга кўчишлари Ўктабр тўнтариши даврида ва ундан кейин ҳам давом этиб турди. Бу даврда Чугучакка борганлар асосан ўзига тўқ оилалар, коммунистик тузум қатағонидан жон олиб қочган зиёлилар ва уламолар эди. Айниқса, йигирманчи йиллар охири ва ўттизинчи йиллар бошида Сталин сиёсати туфайли содир бўлган очарчиликдан қочиб неча минглаб қозоқ, татар, ўзбек Шарқий Туркистонга ўтиб кетишди. Бу етмаганидек 30-йиллар охирида Сталин сиёсий қатағон бошлади, миллатнинг онгли қатлами қамалди, отилди ёки узоқ муддатга сургун қилинди. Шу даврларда Чугучакдаги қариндошларини орқа қилиб борган ўзбеклар анчагина. Лекин советларнинг «узун қўли» бу ерга ҳам етиб, қанчадан-қанча бегуноҳ одамларни қирғин қилди.
Чугучаклик ўзбекларнинг маънавий ва маданий ҳаётини, турмуш тарзини алоҳида-ажратиб ўрганиб бўлмайди, чунки у ерда бир неча туркий халқлар — татарлар, уйғурлар, қозоқлар, ўзбеклар аралашиб яшашган. Шаҳар аҳолисининг етмиш фоизини мусулмонлар ташкил қилган. Бир аср давомида аралашиб яшаш туфайли тиллари ҳам чатишиб “ўрта туркий тил” пайдо бўлган ва бу тилда ҳамма бир-бирини бемалол тушунган.
Нафақат тили, балки урф-одати, маданияти, маънавияти, адабиёти ҳам бир-бирига сингиб кетган. Ўзбеклар татар адиби Абдулла Тўқайнинг шеърларини ёд билишса, татар, уйғур ва қозоқлар Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асарини севиб ўқишган. Тўйларда ўзбек ашулалари, татар жирлари, қозоқ ўланлари ва уйғур нахшилари кетма-кет айтила берган. Ўзбек аёллари уйғурлардан лағмон, манти, мампар, қозоқлардан бешбармоқ каби таомларни тайёрлашни ўрганиб олишган бўлса, уларнинг тўю зиёфатлари ўзбек палови ва норинисиз ўтмас эди. Узоқ қиш кечалари ўзбеклар, татарлар, уйғурлар гап-гаштак уюштириб, қирдаги қозоқ биродарларини меҳмонга таклиф қилишар, ёзда эса улар тоғдаги яйловларга чиқиб, қозоқ ўтовларида қимизхўрлик қилишар эди.
Шаҳар аҳолисининг кўпи исломий тарбияга амал қиладиган ҳалол, пок, соф виждонли, тўғрисўз, мурувватли, ҳалол ва ҳаромни билган, илм-маърифатли кишилар эди. Бунга сабаб, бир тарафдан, Чугучакда туркий халқларнинг маданиятли қатлами тўплангани бўлса, иккинчидан у ерда Ислом илмининг билимдонлари, етук уламолар йиғилган эди. Айниқса, татарлар ичида ўқимишли, зиёли одамлар кўп бўлган ва улар шаҳарнинг маънавий-маданий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишган.
Ана шундай олимлардан айримларини эслаб ўтаман: 1. Шайх Мир Одил Маккий. У асли қозонлик, Маккада мударрислик қилган, Чугучакка бориб турғун бўлиб қолган. 2. Ҳоди Мир Абдуллоҳ Муфтий. Бу киши ҳам Маккада мударрислик қилган, кейинчалик ватанга қайтиб келганида русларнинг сиёсатидан норози бўлиб, Чугучакка кўчган. 3. Эшон Саид. Уни асли бағдодлик дейишади. Чугучакка бориб туркий халқлар орасида, айниқса, маҳаллий қозоқлар орасида Исломни ёйишда кўп ишлар қилган. Чугучакдаги ажойиб меъморий ёдгорлик— «Қизил масжид»ни қуришга бошчилик қилган ва узоқ йиллар шу масжидда имом бўлган. 4. Саидкамол домла, асли тошкентлик, ёшлигида Эшон Бобохон билан бир мадрасада таълим олган етук Ислом олими, ёшларга Қуръон ва ҳадис, Ислом тарихидан дарс берган, чугучакликларнинг маънавий ҳаётини бошқарувчи оқсоқоллар кенгашини тузишда фаол қатнашган. 5. Қурбонғали Ҳазрат 1874 йили татар бойлари таклифи билан Чугучакка кўчиб келади. У дин олими, етук тарихчи эди. “Таворихи жаридаи жадид” ва “Таворихи хамсаи шарқия” каби асарлари маълум. 6. Умар Абдуллин. 1910 йили Чугучакда дунёвий фанлар ўқитадиган гимназия очди ва маҳаллий ёшлар саводини чиқаришда фаол қатнашди. У очган гимназияга кейинчалик «Умария» номи берилган. 7. Гуландомхоним Ҳабибуллина. Бу маърифатпарвар аёл 1911 йилдан бошлаб чугучаклик аёл-қизларни дунёвий фанларга ўқита бошлайди ва 1925 йилда иккита гимназия очиб, бирига “Гуландомия”, иккинчисига “Мақсудия” деб ном беради. Қирқ йил муаллималик қилиб, жуда кўп аёл-қизларга таълим берган. Онамиз Меҳринисо Шоакбар қизи бошланғич таълимни Гуландомхонимдан олганларини фахр билан эслайдилар. Ана шу маърифатпарвар инсонлар туфайли Чугучакда кўплаб зиёлилар, муаллимлар, маданият ходимлари етишиб чиқишди.
Падари бузрукворимиз Каримжон Орифжон ўғли ўзбеклардан чиққан биринчи ўқитувчилардан бўлиб, узоқ йиллар “Умария” мактабида ўзбек, татар, уйғур, қозоқ ёшларига таълим берганлар.
Мирюсуф Илҳомҳожи ўғли Чугучакда биринчи театр очиб, маҳаллий халқлар маданиятини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди.
Булар каби маданиятли, маърифатли зиёлиларни кўплаб санаш мумкин. Нафақат зиёлилар, балки шаҳарнинг бой-бадавлат кишилари ҳам илғор фикрли маърифатпарварлар бўлишган. “Турон”, “Гуландомия”, “Ҳасания”, “Намуна”, “Мақсудия”, “Умария”, “Маҳмуд Қошғарий” мактаб ва гимназиялари, минг ўринли шаҳар клуби ва боғи, электрстансава бошқалар ўша маърифатпарвар бойлар маблағига қурилган.

«Ҳидоят» журналининг 2008-йил 9-сонидан олинди.