Насимхон Раҳмонов. Қора квадратдаги одам

Машҳур рассом Казимир Малевичнинг “Қора квадрат” асари ХХ асрнинг мифлаштирилган ва ҳанузгача турли талқинларга сабаб бўлиб келаётган буюк тасвирий санъатидир. “Қора квадрат”ни мақоламиз аввалида тилга олишимизга сабаб шуки, унинг турлича талқинлари мақоламиз объекти бўлган бошқа миллатга мансуб маърифатли бир шахс ҳақидаги турли талқинлардир. Бошқа миллат вакилининг ўзга бирон халқ адабиётига ёки илм-фанига қўшган ҳиссасини англаб етганимизда, ўша бегона миллат вакилига ҳурматимиз ва муҳаббатимиз ортиши табиий. Жумладан, шу ўринда рус олимлари В.В.Бартольднинг Ўрта Осиё тарихи ва қўлёзма манбаларини ўрганишдаги тенгсиз ишларини, Е.Э.Бертельснинг Шарқ мумтоз адабиёт борасида амалга оширган сермаҳсул, чуқур тадқиқотларини эслаш кифоя. Шубҳасиз, бу олимлар яратган тадқиқотларга яқин бир асрдан бери мурожаат этиб келамиз. Аммо баъзан эҳтиросларга берилган ҳолда, уларни қоралаймиз. Сабаби – улар босқинчи, Ўрта Осиёга бостириб келганлар, Ўрта Осиё маданиятини, тарихини сохталаштирган эмишлар. Майли, ким сохталаштирган, ким бор ҳақиқатни рўй-рост кўрсатган – бу  ҳақда ўрни келганда айтилар. Бундай ножоиз гаплар фақат бизда эмас, бошқа мамлакатларда ҳам бўлган, чамаси. Америкалик фантаст ёзувчи Айзек Азимовнинг қуйидаги гапи айнан биз ўртага ташлаётган баҳс ва вазиятга мос эканини алоҳида таъкидламоқчимиз: “Парҳезкорларнинг биринчи қоидаси: агар қандайдир таом лаззатли бўлса, демак, биз учун ўша таом зарарли”.

Эҳтирос, худди парҳезкорларнинг ўзлари тўқиб чиқарган қоидалари сингари, илм аҳли учун фақат зарар келтиради. Юқорида номлари айтиб ўтилган ва айтилмаган жаҳоншумул олимлар, зиёлилар қаторида Николай Петрович Остроумовнинг номи ҳам эътибордан четда қолиб келди. Биз уни кўкларга кўтариб, шаънига мадҳиябозик қилиш мақсадидан узоқмиз. Остроумовнинг номи яқин 130 йилдан бери Туркистон зиёлиларига маълум. У “Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири сифатида Туркистон халқларига маърифат улашиш учун кўп меҳнат қилган. Фақат шугина эмас, Н.Остроумов айни пайтда адабиётшунос, фольклоршунос ва этнограф сифатида ҳам диққатга сазовор ишларни амалга оширган. Туркистон ўлкасида истиқомат қилувчи ўзбек, қозоқ, қирғиз халқларининг узоқ асрлик бадиий тафаккури маҳсули бўлган халқ оғзаки ижодининг турли жанрларига мансуб асарларни, этнографияга оид материалларни ёзиб олувчи, тўпловчи фидойи фольклоршунос ва этнограф сифатида ўз хизматларини кўрсата олди. Остроумовнинг Ўзбекистон Марказий архивидаги биз ўрганаётган бой фондида сақланувчи турли жанрга оид материаллар даъволаримизга далил бўла олади. Н.П.Остроумов араб, форс тилларини, арабча хатни ва ўзбек, қозоқ тилларини жуда яхши билган, ўзбек адабий тилинигина эмас, балки ўзбек шеваларини ҳам мукаммал ўзлаштирган тилшунос экани у ёзиб олган фольклор материалларида аниқ намоён бўлади. Остроумовнинг бу фазилатлари, табиийки, ўз даврида бошқа шарқшунослар эътирофига сазовор бўлган.

Барча халқлар зиёлилари маълум бир халқ маданиятини ўзининг уларга бўлган самимий муносабатида ифода эта олганлар.Жумладан, таниқли тилшунос Константин Кузьмич Юдахин ўз хотираларида ёзишича, Николай Остроумов ҳеч қачон ерли халққа беписанд муносабатда бўлган эмас, аксинча маҳаллий халқларга ҳурмат-эҳтиром ҳар доим унинг диққат марказида бўлган. Бу гап Остроумовни ўз кўзи билан кўрган, ҳамкор ва ҳамфикр олимники бўлгани боис изоҳ ва шарҳларга ҳожат йўқ. Шунингдек, Остроумовнинг илмий бисотида “Исломшунослик”, “Шариат”, “Қуръон ва прогресс” каби ўнга яқин асарлари асосий ўрин эгаллагани маълум. Мана шу китоблари ҳам Остроумовнинг Туркистон мусулмонларига самимий ва холис муносабатидан далолат беради, бизнингча.

Агар Н.Остроумов миссионерлик мақсади билан Туркистонга келганда эди, ислом ҳақида  китоблар ёзмаган, Октябрь тўнтаришидан кейин Россиянинг Тамбов губернясидаги ўзи туғилиб ўсган Сасово қишлоғига кетиб, 1921 йили у ердан яна Тошкентга қайтиб келиб ўқитувчилик фаолиятини давом эттирмаган, умрининг охиригача шу ерда яшаб қолмаган бўларди. Қадим Тошкентнинг, Туркистон халқларининг табиатига, одамларига бўлган чуқур ҳурмат ва муҳаббат уни яна Тошкентга қайтариб олиб келди ва умрининг охиригача – 1930 йилгача шу ерда яшаб қолди, шу ерда вафот этди ва Боткин қабристонига дафн этилди.

Яна бир далилни алоҳида таъкидлашни истардик: Остроумовнинг билим доираси фақат ислом ёки христианликка оид илмлар билан чегараланиб қолмаган. Ўзбекистон Марказий архивидан жой олган Остроумов  фондидаги ҳужжатлар орасида буддавийликка оид материаллар ҳам мавжуд. Жумладан, бурхан, бўдхисатв, Шакямуни каби буддавийлик терминлари изоҳига оид бир неча саҳифа материалларнинг қўлёзмаси кирилл алифбосида ёзилиб батафсил таҳлил қилинган. Кирилл алифбосидаги бу қўлёзма ҳуснихат билан битилган. Бу материаллардан шуни англаш мумкинки, Н.Остроумов Ўрта Осиёнинг қадимий диний маданиятини ҳар томонлама, чуқур ўрганишни ва диншунослик соҳасида махсус луғат тузишни мақсад қилган кўринади. Қолаверса, Остроумов тўплаган турли динларга оид материаллардан англашиладики, диний бағрикенглик айнан унинг фаолиятида намоён бўлган. Бизнинг мақсадимиз Остроумовнинг исломшуносликка ёки бошқа динларни ўрганишга қўшган ҳиссасига баҳо бериш эмас, зотан, бу ишни исломшунос олимлар амалга оширишлари лозим. Биз Ўзбекистон Марказий архивида Н.Остроумов фондидаги ўнлаб йиғма жилддаги ҳужжатлар асосида бу зотнинг Туркистон ўлкаси халқлари маънавиятига қўшган ҳиссасини қисман бўлса-да, кўрсатишни мақсад қилдик. Хусусан, Н.Остроумовнинг ўзбек ва бошқа туркий халқлар оғзаки ижодини ўрганиш ва тўплаш ишларини сидқидилдан олиб боргани бизнинг эътиборимизни тортди.

Остроумов фондида араб алифбосида ёзиб олинган ўзбек тилидаги материаллар жамланган йиғма жилд бирмунча бой. Мазкур йиғма жилддаги эртаклар, Афанди латифалари, достонларнинг қўлёзмалари диққатни тортади. Жумладан, “Алфомиш”, “Сайёд бача”, “Чўлак ботир” каби настаълиқ хатида ҳуснихат билан битилган эртаклар мазмунан такрорланмаслиги ва оригиналлиги билан ажралиб туради. Мазкур эртак сюжет­лари шу пайтгача нашр қилинган ўзбек халқ эртаклари орасида учрамайди. Бу жиҳатдан ҳам Остроумов фонди ўзбек халқ оғзаки ижоди фондини янги эртак намуналари билан бойитишга хизмат қилади. Айниқса, фонддаги “Алфомиш” номли эртак диққатни тортади. “Алпомиш” достони ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, олтой каби туркий халқларда қадимий қаҳрамонлик достони сифатида маълум.  Аммо бу номдаги эртакнинг ўзбек халқ эртаклари орасида борлиги ноёб ҳодиса. “Алфомиш” эртагини Н.Остроумов ёзиб олгач, эртак сўнгида “Бу афсона эртаги ва ҳикояни Хўқандли Ашурбиби Баротбой қизини(нг) сўзидан ёзилди. 1894 йилда 12 июнда Тошкент шаҳрида” деган манба берилган (“Алфомиш” эртагини филология фанлари номзоди Маҳмуджон Шониёзов жорий алифбога ўгириб нашрга тайёрлади). “Алфомиш”, “Сайёд бача”, “Чўлак ботир” эртакларининг қўлёзмаларини солиштириш шуни кўрсатадики, дастхатлар бир одамники, яъни учала эртак ҳам Н.Остроумов томонидан ёзиб олинган. “Алфомиш” эртагининг сюжети “Алпомиш” достониникидан тамомила фарқли, худди сеҳрли эртаклар сюжетига ўхшайди. Эҳтимол, бу эртак контаминациянинг маҳсули бўлиши ҳам мумкин. Келгусида олиб бориладиган тадқиқотлар бу борада аниқ бир фикрга келишга имкон берар.

Остроумов ўзи сезмаган ҳолда туркий халқлар достонлари ҳамда достон қаҳрамонлари номи билан аталувчи эртакларни келгусида қиёсий ўрганишга йўл очиб берган. “Алфомиш” эртаги билан “Алпомиш” достони қиёсий фольклоршуносликка асос бўлувчи битта манба ҳисобланса, ўзбек, қорақалпоқ ва татар халқлари достони “Эдигей” билан  Остроумов фондида сақланаётган қозоқ-қирғиз эртаги “Ақлли Идигей” (Идигей – этик демакдир) туркий халқларда достончилик ва эртакчилик анъаналарини ўрганишда муҳим воситалардан бири бўлади.

Қозоқ-қирғиз эртаги “Ақлли Идигей”да ҳикоя қилинишича, Идигейнинг бўйи ўсмаса ҳам, ақли соат сайин ўсиб, ғайритабиий образни ўзида гавдалантиради. Ақлли-фаросатли Идигей ҳақидаги шов-шувлар шоҳнинг ҳам қулоғига етиб боради. Идигейни шоҳнинг ҳузурига олиб келганларида, шоҳ унинг ақлли ва донолигини шунчалик ёқтириб қоладики, шоҳ уни ёнидан асло жилдиргиси келмайди. Идигейнинг ота-онасидан илтимос қилиб, уни саройда олиб қолади. Идигей шоҳ саройида бир неча йил яшайди. Шоҳ вақти-вақти билан унинг ақллилигини синашда давом этади. Бир куни шоҳ Идигейга “Сенга бир топишмоқ айтаман, агар ўша топишмоқни ечсанг, сен ҳақиқатан доно ҳисобланасан.

Бурунги замонларда бир малика бўлган экан. У шунчалик гўзал эканки, йигитлар уни бир кўргандаёқ ошиқ бўлиб қолар экан. Маликага учта шаҳзода ошиқ бўлиб қолибди. Учала шаҳзода ҳам бир-биридан чиройли бўлгани учун, малика уларнинг қайси бирини танлашни билмай қолибди. Натижада малика қуйидаги шартни ўйлаб топибди: “Менга шундай совға олиб келингларки, бошқа ҳеч кимда ҳозиргача бўлмаган бўлсин. Ким энг яхши совғани олиб келса, ўшанга турмушга чиқаман”. Шаҳзодалар дунёнинг турли томонларига тарқалиб кетибди. Бир йилдан кейин улар бир чўлда учрашиб қолибдилар. Уларнинг биттаси сеҳрли ойна топган экан. Ойнага қараб қанча узоқ масофада бўлса ҳам, юз бераётган воқеадан хабардор бўлиш мумкин экан. Иккинчи шаҳзода учар отни қўлга киритган экан. Учинчиси бир олмани топибди. Олманинг умр бахш этувчи хусусияти бор экан, ҳатто инсон жон бераётган бўлса ҳам, олма ўша одамни ҳаётга қайтарар экан. Учала шаҳзода бошидан ўтган саргузаштларини бир-бирига айтиб берибди. Сўнгра “малика ҳозир нима қиляпти экан” деб қизиқиб, биринчи шаҳзоданинг сеҳрли ойнасига қарабдилар. Учаласи ҳам маликанинг аҳволини кўриб даҳшатга тушибдилар. Маликанинг ранги оқариб кетган, жон таслим қилар ҳолатда тўшакда ётган экан. Унинг атрофида табиблар, хизматкору чўрилар уймалашиб турар эканлар. Шаҳзодалар учар отга миниб, кўз очиб юмгунча маликанинг ватанига етиб келибдилар.

Учинчи шаҳзода жон бераётган маликани кўриб йиғлабди. Ўзининг ҳадяси эсига тушиб қолиб, хаста маликанинг қўлига берибди. Малика олмадан бир тишлаган экан, ўша заҳоти кўзини очиб соғайиб қолибди. Эй Идигей, сенингча, малика шаҳзодаларнинг қайси бирини ортиқ деб билиши керак? Агар биринчи шаҳзодада сеҳрли ойна бўлмаганда эди, шаҳзодалар маликанинг хаста бўлганини билолмаган бўлардилар. Иккинчи шаҳзоданинг учар оти бўлмаганда эди, хаста маликага ёрдамга етиб келолмасдилар. Учинчи шаҳзоданинг шифобахш олмаси бўлмаганда эди, олдинги иккаласи ҳам ҳеч нарсага арзимас эди. Қани, айт-чи, ваъдага биноан малика кимга турмушга чиқиши керак ва нима учун?”

Митти Идигей шоҳнинг ҳикоясини диққат билан эшитиб, бир оз ўйланиб турибди-да, шундай дебди:

– Тақсир! Менимча малика олма олиб келган йигитга турмушга чиқиши керак. Чунки у иккала шаҳзодага қараганда кўпроқ зарар кўрди: чунки малика шаҳзоданинг олмасини олиб тишлади, унинг бутун совғасига зарар келтирди, айни пайтда иккала шаҳзоданинг ҳадялари зарар кўрмай бутунлигича қолди.

– Сен ҳар доимгидай, ҳақсан, Идигей, –  деб жавоб берди шоҳ. – Сен ҳақиқатан ҳам донишманд экансан.

Шу воқеадан кейин, Идигей аввалги вазирларнинг фитна ва иғволарига дучор бўлади. Шоҳ уни ўлимга буюради. Идигей шоҳга “Ижозат беринг, сизга бир афсона айтиб берай” деб бир шоҳ ва унинг қизи Қарлиғоч ҳақидаги афсонани айтиб беради. Афсонага кўра, шоҳ ўзининг донишманд маслаҳатчисига, қизим вояга етгунча эркак зотини кўрмай улғайсин, бунинг учун нима қилай, деб маслаҳат солганда, донишманд “Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди” деб шоҳга, қизингиз саройда одамлар орасида улғайсин, деб маслаҳат берди. Аммо шоҳ донишманддан ғазабланиб уни жаллодга топширди.

Шоҳ Қарлиғочни кимсасиз оролга олиб бориб, ўша ерда қизига мустаҳкам қалъа қуриб берди, Қарлиғоч ўн етти ёшга киргунга қадар ўша ерда яшади, аммо тақдирдан қочиб қутула олмади. Қарлиғоч  бир кун деразадан қараб денгизни томоша қилиб турган эди, чиройли бир йигит денгиздан чиққанини кўриб қолди, йигит ҳам қизни кўрди. Иккови бир-бирига ошиқ бўлиб қолиб, ҳатто бошларига ўлим келганда ҳам бир-бирига содиқ қолиш ҳақида қасамёд қилдилар. Орадан бир йил ўтгач, шоҳ амалдорлари билан Қарлиғочни саройга олиб келиш учун ўзи қурдирган қалъага боради. Қалъа эшигини очиб кирганларида, янада очилиб, гўзал бўлиб кетган Қарлиғочни ва унинг ёнидаги бир йигитни кўрадилар. Қарлиғоч қўлида чақалоқни кўтариб турарди. Шоҳ донишманднинг “Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди” деган ҳикматини эслади ва донишмандни ўлдиртирганидан пушаймон бўлди. Шоҳ Идигейнинг донолигидан яна бир марта мамнун бўлди. Идигей шоҳнинг қизига уйланди. Шоҳнинг вафотидан кейин Идигей мамлакат шоҳи бўлди. Эртак сўнгида “Кичкина деманг бизни кўтариб урамиз сизни” ва “Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди” ҳикматлари ана шу тариқа пайдо бўлгани айтилади.

Остроумов ёзиб олган ва қўлёзма ҳолида фондда сақланаётган “Сайёд бача” қиссаси (бу қиссанинг Остроумов томонидан қўйилган сарлавҳаси йўқ, қисса мазмунидан келиб чиққан ҳолда биз “Сайёд бача” деб номладик) ҳам мазмунан ва композиция жиҳатидан эртаклардан бирмунча ўзгача. Достоннинг дебочаси халқ қиссалариники сингари қуйидагича жумла билан бошланади: “Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм. Аммо ровиён ахбор ва нақлон афсон ва муҳаддисон достони бўстон ва  хўша чунон кирмон суханро босухан замкунем. Пораи аз хунем келгар каш кунем. Аммо ровийлар андоғ ривоят қилар эрдиларки, бир сайёд бор экан...” Остроумов бу қиссани бирон қўлёзма ёки тошбосмадан кўчирган бўлиши мумкин. Чунки халқ қиссаларининг дебочаси юқорида келтирилган жумлалар билан бошланмайди.

“Сайёд бача” қиссасида афсонавий мазмун етакчилик қилади. Жумладан, сайёд бача туғилгандан кейин “бир кун бир яшар, икки кун икки яшар… ўн кунда ўн яшар бўлди”. Қаҳрамоннинг бу тасвирини бир қатор достонлар ва қиссаларда, масалан, “Ўғузнома” достонида кўрамиз: Ўғуз хон туғилгандан кейин қирқ кунда улғайиб паҳлавон йигит бўлади.

Биз мазкур қиссанинг ва Остроумов фондидаги бошқа қисса ва эртак­ларнинг мазмуни ва матн тузилишига оид  мулоҳазаларимизни бошқа бир сафар таҳлил қилиш ниятимиз бор. Зотан, бундай таҳлилни амалга ошириш учун кўп манбаларни жалб қилишга зарурат бўлади.

Остроумовнинг мазкур қиссасида Бухоро шевасининг элементлари аниқ кўзга ташланиб туради. Жумладан, матнда тожикча сўзларнинг ва тожикча жумла қурилишларининг учраши, -да ўрин-пайт келишиги қўшимчасининг ўрнида жўналиш келишиги қўшимчаси  -га ишлатилиши шундан далолат беради.

Остроумов фондида ёзиб олинган бир қанча Афанди латифалари, мақоллар ва ҳикматли сўзлар ҳам сақланади. Латифаларнинг мундарижасига эътибор берсак, кейинги даврдаги латифалардан бир оз фарқ қилади.

Остроумовнинг ўзбек, умуман, Туркистон халқлари оғзаки ижодига бўлган муҳаббатини бошқа йиғма жилдлардаги афсона, ривоят жанрлари намуналари ҳам тасдиқлайди.

Остроумов фондининг биз ўрганаётган йиғма жилдларида асосан адабий материаллар кўпроқ ўрин эгаллайди. Бу материаллар орасида “Адабий илова” номли қисм алоҳида ўрин тутади. “Илова”да бир қатор ривоятлар, афсоналар бор бўлиб, аслияти қозоқ тилида берилган ва рус тилига таржимаси ҳам илова қилинган. Аксарият ривоятлар шарқона панд-насиҳатга йўғрилган бўлиб, айримларида буюк донишмандларнинг ҳали биз эшитмаган ақл ва тафаккури тантана қилади, баъзи ривоят ва афсоналарда эса оддий инсонларнинг зукколиги  ҳар қандай мураккаб вазиятдан чиқиб кетишга имкон яратади.

“Адабий илова”даги “Луқмони ҳаким” номли ривоят эътиборлидир. Ривоятда айтилишича, бир тақводор сўфи донишманд Луқмони ҳакимга бундай эътироз билдиради: “Одамларнинг бошига келган қазо-балосига сиз келтираётган тиббий ёрдам – оғир гуноҳ, Худога шаккокликдан бошқа нарса эмас. Зотан, ҳар қанлай хасталик Худонинг иродаси билан келади, одамлар Худодан келган хасталикларга қаршилик кўрсатмасдан, итоат этишлари лозим”. Луқмон тақводорга, бу эътирозингга шариат китобидан далил келтир, деди. Уларнинг баҳсини эшитиб турган оломон ҳам Луқмон тарафига ўтди. Луқмон тақводорнинг  ночор аҳволда қолганини кўргач, халқни тинчлантириб тақводорга деди: “Раҳмат сенга сўфи, кучинг етмаса ҳам, зулмат гуноҳидан мени поклашга ҳаракат қилдинг. Мен сенга фойдали бир маслаҳат беришни ўзимга лозим кўрдим. Агар бирон ниятингни амалга оширмоқчи бўлсанг, аввал ниятингни ақл билан мулоҳаза қил, мулоҳазаларинг асосли эканига ишонч ҳосил қилганингдан кейингина тилингга ва қўлингга эрк бергин.  Сенинг сўзларингдан шуни англадимки, сен Аллоҳни яхши билмас экансан. Аллоҳ инсонни  турли ҳис-туйғулар ва тана аъзолари билан қуроллантирган,  буларнинг ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Хуллас, қўл –  жисмоний ишларни бажариш учун, оёқлар – юриш учун, кўз – атроф оламни кўриш учун, қулоқ – эшитганларимизнинг қайси бири яхши ва қайси бири ёмон экани тўғрисида ҳукм қилишимиз учун  яратилган. Бу ҳис-туйғуларимиз ва тана аъзоларимизни етарлича ишлатмаслик Яратганнинг хоҳиш-иродасига хилофдир. Зотан, кўрмасдан, эшитмасдан ва юрмасдан Худога сажда қилиб бўлмайди. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, табиатдаги ҳамма ашёларнинг ўз вазифаси бор. Масалан,  бир ўсимликда заҳар бор, бошқа бир ўсимликда заҳарни кесадиган куч бор. Буларнинг ҳаммасини биз билишимиз ва ҳаётга татбиқ қилишимиз керак”. Шундан кейин тақводор сўфи Луқмони ҳаким олдида таслим бўлди.  Бу ривоят орқали Луқмони ҳаким инсон ақли ва тафаккурини қудратли куч сифатида баҳолагани, ҳар турли бидъатлардан кўра инсоннинг фаолияти ва омилига эътибор бериш, ақлга суяниш зарур экани уқтирилади.

Остроумов фонди янги ижодкорларни юзага чиқаришда ҳам муҳим манбалардан бири бўла олади. Фонддаги қўлёзма саҳифалари орасида  Исмат тахаллусли шоирнинг настаълиқ хатида хуснихат билан кўчирилган “уч ғалвир” радифли ғазалининг қўлёзмаси диққатга сазовор. Бу қўлёзма сатирик ғазал бўлиб, унда бутун  оғирлигини халқнинг зиммасига ортган турли тоифа амалдорларнинг қилмишлари, юлғичликлари очиб берилади. Ғазал саҳифа бўйлаб уч устун қилиб ёзилган:

Ҳазрат Занги атонинг бетартиб ва беқоида оқ­соқол­ ва саркору мирзо, мироб арбоблари хирож хирмонидин кафсан бидъат олгонлари

Эшитинг, айтайин мен бир ҳикоят боши уч ғалвир,
Қаландар хожа саркору қозоқ мирзодин уч ғалвир.

Худо раҳмат қилғай аввалда ўтган оқсоқолларни,
Бу икки маъниси йўқ оқсоқоллар бул ҳам уч ғалвир.

Ориғни боши қайси деса беш кунда тополмайдур,
Бу аҳвол бирла, дўстлар, ҳасрато мироб уч ғалвир.

Темирчию подачи сартарошу сўфиси бир сўз,
Имоми нонвойидин  бўлса қози бори уч ғалвир,

Масал ичра яна сўз борда эшшак қолса эшшакдин,
Қулоғини кесар дегандек  бил они арбоби  уч ғалвир.

Булар бирла мабодо бирга хирмонга гадо келса,
Олиб ибрат у ҳам айтур: “Менга бергин уч ғалвир”.

Агарчи хирманини бори бўлса чаксан Хўқанд,
Буларга расм экан уйдин қўшиб олмоғи уч ғалвир.

Булар бирла чиқиб эрдим рафоқат далага танҳо,
Пир ургурлар қаторида манам ҳам олдим уч ғалвир.

Бу Исмат хастанинг сўзини бовар айласун балки
Агар кўрса гуноҳни(нг) хирманидин олгай уч ғалвир.

Мазкур ғазал Муқимийнинг сатираларини эслатади.

Остроумов буюк мутасаввифларга, хусусан, Яссавийга ва Занги атога алоҳида ҳурмат бажо айлагани фонддаги ҳужжатлардан англашилиб туради. Бир ярим саҳифалик оқ қоғозга Яссавийнинг кимлиги, устозлари ҳақида битилган сатрлар Остроумовнинг Туркистон маънавиятига қизиқиши алоҳида бўлганини яна бир бор исботлайди. Яссавий ва Занги ато ҳақидаги мазкур саҳифалар Остроумовнинг дастхати деган фикрни қатъий қилиб айтмоқчи эмасмиз. Аммо улар юқорида биз  айтиб ўтган эртаклар ва қиссанинг хат услубига жуда яқин. Бу қўлёзмаларни кўчирган одам бошқа кимдир бўлиб, Остроумовга тақдим қилган бўлиши мумкин. Шундай бўлганда ҳам, Остроумов буюк мутасаввифлар, хусусан, Аҳмад Яссавий ва Занги ато шахсига ва таълимотига, у орқали эса ўзбек халқининг ўтмиш маънавий ҳаётига қизиқиш билдирганининг бир исботидир. Мана ўша саҳифаларнинг дебочаси: “Хожа Аҳмад Яссавий Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг учунчи халифалари эканлар. Турклар ул кишини ото Яссавий дерлар. Ул кишининг туғулғон ери Ясси шаҳри еридурким, туркларнинг машҳур шаҳарларидиндур ва қабрлари ҳам ул шаҳардадур. Соҳиби каромат ва улуғ даражада эканлар.  Ул киши ёш вақтларида Арслонбоб деган турк катталарининг машойихига манзур бўлган эканлар ва айтурларким Арслонбоб ҳазрати расулнинг ишоратлари бирлан Хожа Аҳмаднинг тарбиятига машғул бўлган эканлар ва Хожа Аҳмад Арслонбобнинг хизматларида баланд мартабаликни ҳосил қилдилар ва Арслонбобнинг тирикларида доим… ул кишининг хизматларида эрдилар...” (Ф 10009. Д. 143, саҳифа 226) Мазкур парча Аҳмад Яссавийнинг бугунги замонлардаги китобларда ёзилган таржимаи ҳолига, эҳтимол, айрим янги маълумотларни қўшар, шу билан бирга тасаввуф илми ХIХ асрнинг охирги чорагида Остроумовнинг эътиборини жалб қилгани ҳам мутахассисларда маълум бир фикрларга туртки берар. Ёки Аҳмад Яссавий ҳақидаги маълумотлардан кейин  Занги ато ҳақида берилган маълумотларга эътибор қаратайлик. Занги ато ҳақидаги маълумотлар ривоят жанрини эслатади. Тасаввурларимиз тўлиқ бўлиши учун Занги ато ҳақидаги ривоятни тўлиқ келтиришни лозим топдик.

Занги ато – ул кишини Занги бобо ҳам дерлар. Ул киши Ҳаким атонинг халифаларидиндур ва туғулғон ва кўмулган ерлари Шош вилоятидадур ва қабрлари ҳам ул ердадур ва халойиқ ул кишининг  қабрларининг зиёратига бородурлар ва муродларига етадурлар. Мавлоно Қози  нақл қилурларким, ман бир вақт Занги атонинг зиёратига келсам муборак қабрларидин бир вақт овоз “Оллоҳ, Оллоҳ” эшитаман. Ул киши Арслонбобнинг набираларидиндур ва Тож Хожанинг фарзандларидур. Ва отоларининг хизматида тарбият топгонлар. Отоларининг вафотидин сўнг ғайб ишорати бирлан Ҳаким атонинг хизматларида эрдилар. Ҳаким атонинг вафотидан кейин ул кишининг хотуниким, отлари  Анбар онадур ва Бароқхоннинг қизидур, никоҳларига олдилар ва Занги атога Анбар онадин кўп фарзандлари бўлдилар ва ҳар қайсилари олим ва комил ва ҳар қайсилари кўп халқни яхши йўлга солдилар. Айтадурларким, Ҳаким ато қаро ранг эрдилар ва Анбар онанинг хотири шарифларига келган эканким, кошки Ҳаким қаро ранг бўлмаса эрди ва Ҳаким ато айтибдурларким, мундин кейин мандин қаро ранги оқ одамга насиб бўлсин. Ул айтганлари рост келиб Занги атога хотун бўлган эканлар ва айтурларким, Ҳаким ато Хоразм вилоятида вафот бўлдилар. Занги ато Тошкандда эрдилар. Шул замон Хоразмга жўнадилар ва ҳеч ерда тўхтамадилар ва Ҳаким атонинг қабрларини  зиёрат қилдилар ва аҳлларининг аҳволини сўрадилар ва Анбар онанинг иддаси, яъни тўрт ойдур ул муддат ўтгандин кейин бир одам Анбар онани никоҳ қилмоқ хусусида юборди ва бул сўзни эшитиб Анбар оно айттиким, ман Ҳакимдин кейин эрга тегмайман, хусусан, Занги атодек лаби туя лабига ўхшаган. Шул замон Анбар онанинг гардани қийшиқ бўлиб қолибдур ва ул борган одам бул ҳодисани Занги атога айтибдур.  Занги яна ул одамни йиборибдур ва айтибдурким, эй Анбар, бир вақтда сен хаёлга келтирдингким, кошки Ҳаким қароранг бўлмаса эрди, деб ул вақтда Ҳаким ато сенга айтдики,  тез вақтда мандин қаро рангға ҳамсуҳбат бўлурсан деб ул борган одам ул сўзни  айтган замон Анбар онанинг эсига келди ва  кўб йиғлади. Ва айттиким, розиман. Занги атони(нг) айтганларидек бўлсун. Шул замонки, уни туз олди ва ул кишининг никоҳига кирди (Ф 10009. Д. 143, саҳифа 227- 233). Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида Занги ато ҳақида бир жумлагина маълумот келтирилади ва “Анинг бобида ҳам кўп сўзлар манқулдир” сўзлари билан якунланади (Алишер Навоий. МАТ. Тошкент, 2001, 425-б.). Навоийга ҳам Занги ато тўғрисидаги юқоридаги нақллар яхши маълум бўлган, чамаси. Навоийда Ҳаким ато ҳақидаги маълумотлар Занги атога қараганда бир мунча кенгроқ (Алишер Навоий. Юқоридаги асар.420-б.)

Шунингдек, Остроумовнинг маҳаллий зиёлилар билан ўзбек тилида ёзишмалари ҳам бор бўлиб, бу материаллар ХIХ аср охиридаги Туркистон адабий ва маданий муҳити ҳақида тасаввур уйғотишга ёрдам беради. Қолаверса, Н.Остроумовнинг зиёли шахс сифатидаги қиёфасини ва салоҳиятини, қизиқиш доирасини кўрсатадиган омиллар сифатида қимматлидир. Жумладан, 143-йиғма жилдда араб ёзувида ва кириллча ҳарфларда  турли мавзудаги мактублар асосий ўрин эгаллайди. Шулардан бири Остроумовнинг Сафо Аҳмаджон ўғли мактубига қайтарган ўзбек тилида араб ёзувидаги жавоб хатидир. Сафо Аҳмаджон бир материалини ўзбек тилида босиб чиқаришни Остроумовдан илтимос қилган, Остроумов Сафо Аҳмаджоннинг хатини эътиборсиз қолдирмай, “…хатда ўтунуб ёзиб сўрағонингизни қила олмайман, русиё тилинда босилиб чиқадур”, деб жавоб қайтарган. Рус тилида босилиб чиқишига сабаб қилиб “сорт тилинда босилиб чиққан газет жуда оз бўлғони”ни кўрсатади. Остроумовнинг жавоби анча мантиқли эканини англаш мумкин. Русияда ўзбек тилида босилган мақолани ҳеч ким ўқимаслиги мумкин эди. Остроумовнинг мақсади – Сафо Аҳмаджоннинг рус тилида босиладиган мақоласидан кўпчилик хабардор бўлишини истаган.

Биз ушбу мақолада Остроумов фондидаги қўлёзма манбаларнинг ва айрим босма асарларнинг қисқа мундарижасини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилдик. Келгусида бу маърифатпарвар одамнинг архивини тўлиқроқ ўрганиб, кўпчиликнинг эътиборига ҳавола қилиш ниятимиз бор.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 9-сон