Наим Каримов. Худойберган Девонов

http://n.ziyouz.com/images/devonov.jpg

Ўрта Осиёга фотографиянинг кириб келиши

Бундан бир неча йил муқаддам Ўзбекистон тарихи давлат музейида Шарқ-ни Европа учун кашф этиш иштиёқида Ўрта Осиёга фотоаппарат билан келган француз сайёҳи ва фотографи Поль Надарнинг кўргазмаси бўлиб ўтган эди. Ростини айтсам, бу кўргазмадан кўп нарсани кутмаган эдим. Аммо француз фотографининг ХIХ аср охирларида Ўрта Осиёга келиб, ота юртимиз манзараларини тасвирга туширгани мени беҳад даражада ҳаяжонга солди. Негаки, Поль Надар тасвиридаги шаҳар ва қишлоқ кўринишлари, орадан бир неча асрлар ўтган бўлса ҳамки, қарийб ўзгармаганди. Балки Навоий Самарқандга таҳсил олиш учун келганида Поль Надар тасвирга туширган майдон ва кўчаларда юргандир. (Бунга шахсан мен заррача шубҳа қилмайман.) Фақат шаҳар ва қишлоқлар эмас, балки шу шаҳар ва қишлоқлардаги қайноқ ҳаёт манзаралари ҳам, одамларнинг ўша вақтдаги ўзига хос қиёфалари ҳам унинг фотосуратларида муҳрланган эди. Француз фотографининг олис тарихимизни шу тарзда бизга бир умрга муҳрлаб қолдиргани мен учун унутилмас воқеа бўлган эди, ўшанда.

Инсон тафаккурининг қудрати билан вужудга келган фотографиянинг Ўрта Осиёга, хусусан, ўзбек диёрига кириб келганига 130 йил бўлди.

Тарихий ҳужжатларнинг шаҳодат беришича, Ўрта Осиё, хусусан, ҳозирги Ўзбекистон билан танишиш, унинг табиати, тарихи ва маданиятини ўрганиш мақсадида илк бор фотоаппарат билан Туронзаминга келган кишилар европалик сайёҳ ва ўлкашунослардир. Улардан кейин эса ҳунармандлар ва тадбиркорлар қадам ранжида қилишган. Шулардан бири Антон Муренко (1837-1875) бўлиб, у 1858 йилда полковник Н.Игнатьевнинг ҳарбий-дипломатик сафари вақтида “очиқ музейлар шаҳри” – Хива кўринишларини суратга олган. Унинг издошларидан бири Станислав Николаев 1837 йилда Тошкентда илк фотография ательесига тамал тошини қўйган. Олим ва фотограф Николай Веселовский (1848-1918) ва С.Дудин (1863-1929) ХIХ аср охирларида Самарқанддаги машҳур мадраса ва мақбаралардаги нақшлар чаманзорини илм-фан учун муҳрлаб қолдиришган. Ниҳоят, бизга таниш бўлган парижлик фото устаси Поль Надар 1890 йилда Ўрта Осиёга саёҳатга келиб, юқорида тилга олганимиз Орол денгизидан Помир тоғларига қадар чўзилган қадрдон юрт манзараларини суратга туширган.

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиё, хусусан, Туркистон фотографлар учун серқатнов чорраҳалардан бири бўлиб қолди. Улар учун, айниқса, Самарқанд муқаддас зиёратгоҳ манзилга айланди. Европалик ва россиялик фото усталари олис асрларнинг акс-садоси ва ёдгорлиги – Самарқанднинг маҳобатли меъморий мажмуаларини суратга олиш учун фотографик экспедицияларни қайта-қайта уюштирдилар. Бу фото усталари орасида янги санъат турининг энг машҳур намояндалари оз бўлмаган. Масалан, ўтган асрнинг 30-йилларидаги полиграфия ва фотографиянинг сўнгги ютуқларини ўзида мужассамлантирган “Ўзбекистон 10 йиллиги” фотоальбомининг бош фотографи Александр Родченко (1891-1956) шундай кишилардан бири эди.

Москвадан махсус таклиф этилган бу фото устаси Тошкентга келиб, Борис Кудояров (1898-1974) ва Георгий Зельма (1906-1984) сингари таниқли маҳаллий фотографларга устозлик қилди. Улар гарчанд 20-йилларда Москвага кўчиб кетган ва ўша ерда яшаб, ишлаган бўлсалар-да, Ўзбекистон бир умрга улар ижодининг марказий мавзуларидан бири бўлиб қолди. Уларнинг мамлакатимизда яратган асарлари, Макс Альберт, А.Шайхет, И.Панов ва бошқа таниқли фотографларнинг Ўзбекистон мавзуига бағишланган ишлари сингари, фото санъатининг олтин фондидан муносиб жой олган.

Афсуски, табиий офатлардан ташқари, турли-туман бемаъни уруш ва жанжаллар ҳам халқ меъморий даҳосининг меваси – муҳташам обидаларининг шикастланиши ва нураб боришига сабаб бўлади. ХIХ аср ўрталарида бошланган рус истилоси пайтида нафақат аҳолиси қаршилик кўрсатган шаҳар ва қишлоқлар, балки масжид ва мадрасалар ҳам тўпга тутилди. Чор ҳокимиятидан кейин тарих саҳнасига чиқиб, ер юзининг олтидан бир қисмини идора қилган большевиклар эса шу ваҳшийликни ўзларига хос изчиллик билан давом эттириб, меъморий ҳамда диний-маърифий обидаларни вайронага айлантирдилар. Худди шу мудҳиш келажакни олдиндан кўргандек, европалик ва россиялик маърифатпарвар фотографлар Самарқанд обидалари ва осори-атиқаларини суратга олишда давом этдилар. 1872 йилда А.Кун (1840-1888) томонидан тузилиб, нашрга тайёрланган тўрт жилдлик “Туркестанский альбом”даги 1262 суратнинг аксари Самарқандда олинган.

Шарқ меъморчилигининг йилдан-йилга нураб бораётган шоҳ асарларини муҳрлаб қолдириш учун ХIХ аср охирларида Самарқандга бир неча махсус экспедициялар ташкил қилинди. Россиялик И.Введенский, И.Чистяков ва С.Дудин ўзларидан шундай бой фотоматериал қолдирдиларки, бу материал кейинчалик Самарқанд обидаларини қайта таъмирлашда, айниқса, асқотди. Илмий манбаларда айтилишича, сўнгги нафасига қадар Санкт-Петербургдаги Этнография музейида Ўрта Осиё маданий-меъморий бойликларининг муҳофизи бўлиб хизмат қилган С.Дудиннинг ижодий фотомероси 2500 негативдан иборат. Бу негативларнинг биз учун қимматли томони шундаки, уларнинг барчаси Самарқандда олинган.

Амир Темур салтанатининг пойтахтига келиб, бутун дунёга машҳур обидаларни суратга олган фотографлар орасида Г.Мозер (1844-1923), Г.Крафт (1853-1935) ва Ф.Ордэ сингари европалик фото усталари ҳам бўлишган. Уларнинг ХIХ аср охирларида олган суратлари Ғарбда катта ўлчамдаги ҳашаматли альбомлар шаклида чоп этилиб, Ўрта Осиё тарихи ва маданиятига қизиқишнинг янада авж олишига сабаб бўлган.

Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат 1890 йили Тошкентга ташриф буюрганида, Янги шаҳардаги гимназия, театр сингари рус маданияти ўчоқлари билан яқиндан танишган. Туркистоннинг маданий ва маиший ҳаётига кириб кела бошлаган Европа маданияти ва техникаси янгиликлари шоир қалбида ўчмас таассурот қолдирган. У мазкур сафари чоғида Тошкентнинг энг машҳур фотографи Дмитрий Назаров билан ҳам учрашган. Тошкент гимназиясида расм машғулотини олиб борган Д.Назаров Санкт-Петербургдаги Строганов бадиий-саноат билим юртини тугатгач, Туркистонга келиб, ҳозир Амир Темур номи билан аталган кўчанинг Темурийлар давлат музейи яқинида ўз ательесини очган эди (Фурқатнинг бизга маълум фотосурати шу ерда олинган.).

Европалик ва россиялик машҳур фотографларнинг Ўрта Осиёга, хусусан, Туркистонга тез-тез келишлари шу ерда фото санъати ихлосмандларининг кўпайишига туртки берди. Ҳатто ХIХ аср охирларида Тошкентда шундай кишилар ташаббуси билан Туркистон фотография ва нафис санъат ҳаваскорлари жамияти ташкил топди. 1899 йилда эса Туркистон тарихида биринчи марта Тошкентда фотокўргазма ташкил этилди. Кўргазмани тайёрлаш ва ўтказиш бўйича тузилган комиссия, манбаларда айтилишича, икки ярим мингдан зиёд бадиий фотосуратларни томошабинлар эътиборига ҳавола қилган ва бу суратлар 12 та бўлимда намойиш қилинган. Шу кўргазмада маҳаллий фото усталари ва ҳаваскорлари билан бир қаторда таниқли хорижлик фотографлар ҳам ўз асарлари билан иштирок этишган.

Шундай қилиб, 1910 йилда биргина Тошкентнинг ўзида 20 та фотография ательелари мавжуд эди. Шу ательеларда тайёрланган бир қатор фотоасарлар Европа ва Америка Қўшма Штатларида ўтказилган фотокўргазмаларда намо-йиш этилиб, совринларни олишга муваффақ бўлди. Масалан, 1908 йили Франциянинг Марсель шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон фотокўргазмасида бизга таниш бўлган Д.Назаровнинг суратлари олий соврин – “Гран-при”га муносиб деб топилди.

Юқорида тилга олинган 20 та фотоательедан бири “Илҳомжон Иноғомовнинг мусулмон фотографияси” эди. У, манбаларда қайд этилишича, 1902 йил 14 апрелда Шайхонтоҳур даҳасининг Ҳовузбоғ маҳалласида очилган.

Илк ўзбек фотографининг дунёга келиши

Бўлажак биринчи ўзбек фотографи 1878 йили Хива шаҳрида Нурмуҳаммад девон (мирза) оиласида дунё юзини кўрди. Унинг отаси, айрим манбаларда айтилишича, хон саройида мунший (котиб) ва табиб бўлиб хизмат қилган. Бошқа бир манбада Нурмуҳаммад отанинг Хўжайли туманида ҳоким бўлганлиги айтилади. Худойберган Девоновнинг жияни Абдулла Юсупов эса тоғаси ҳақидаги хотираларида ёзишича, Нурмуҳаммад Хўжайли туманидаги ер-сувнинг бошқарувчиси бўлган. Х.Девоновнинг ўзи НКВД терговчиларига берган кўрсатмасида Хива туманидаги Бадирхон қишлоғида отасининг 6 гектар ери бўлгани ва у шу ерларни теварак-атрофдаги деҳқонларга бўлиб берганини ҳамда шу ерлардан даромад олганини айтган.

Ана шу тергов материалида Худойберган Девонов отасига қарашли ер-сув тўғрисида сўзлаб: “Менинг ўзим дастлаб баққоллик дўконини очиб, савдо билан шуғулландим, аммо савдо билан ўралашиб қолмай, соатсозлик қилиб, ҳунармандлик билан машғул бўлдим. Отам 1918 йили вафот этди. Мен отамдан қолган ерни деҳқонларга ижарага бериб, улардан даромад олиб турдим. 1927 йилда эса барча ер-суву мол-мулкимни шўро ҳокимияти фойдасига топширдим”, деб ёзган.

Ушбу сатрлар муаллифи қўлида мавжуд бўлган ҳужжатлар Х.Девонов ҳаётининг “қоронғи” саҳифаларига маълум даражада ойдинлик киритади. Шу материаллардан бири Х.Девоновнинг 1935 йил 9 декабрда Урганчда ёзилиб, лотин ёзувли машинкада кўчирилган ва юқорида тилга олинган таржимаи ҳолидир. Мазкур ҳужжатга қараганда, “Худойберган” нафақат бўлажак фотографнинг, балки отасининг ҳам исми бўлган. Яъни исм-шарифи Худойберган Нурмуҳамедов бўлмиш ота тўнғич фарзанди дунёга келганида азбаройи хурсанд бўлганидан ва бу бевафо дунёдан ёлғиз ўтмай, из қолдириб кетажагига ишонганидан Оллоҳга шукроналар айтиб, фарзандини ҳам Худойберган деб атаган.

Яна шу нарсани айтиш жоизки, тарихнинг биз тилга олган даврларида жангари уруғларга мансуб кимсалар яқин шаҳар ва ўлкаларга бориб, қул ва чўри сифатида хизмат қилиши ва “яхши” пулга сотилиши мумкин бўлган кишиларни ўғирлаб келиб, қул бозорларида сотишган. Кейинчалик “Худойберган” ёки “Оллоберган” исмини олганларнинг аксари қул бозорларида сотилиб, мардона меҳнатлари билан ўз тақдирларини яратган кишилардир.

Х.Девоновнинг таржимаи ҳолини ўқишда давом этамиз:

“…1889 йилда мени соатсоз устага шогирд қилиб бердилар. Бир йил давомида бу ишни ўрганиш учун устозим бўлмиш Адам исмли бир рус устага 300 сўм тўладим. Уч йил бу иш билан шуғулландим.

Шул вақтларда фото ишларини ўрганишга менда катта ҳавас пайдо бўлди. 1903 йил бир миқдор пул анжом қилганим ҳолда Полвон ҳожи билан бирлик-ла Масковга кетдим…”

Худойберган Девонов таржимаи ҳолини ёзган кезларида, чамаси, немис миллатига мансуб кишилар билан ҳамкорлик қилганлиги, чунончи, Оқ масжидга келиб ўрнашган немислардан бири Вильгельм Пеннердан фотографияни ўрганганлигини айтиш хавфли бўлган кўринади. Шунинг учун ҳам у Адамнинг рус миллатига мансублигини айтгани ҳолда асосий устози Вильгельм Пеннер номини умуман тилга олмаган. Ҳолбуки, унда фото санъатига қизиқишнинг уйғониши ва унинг илк ўзбек фотографи бўлиб шаклланиши шу Вильгельм Пеннернинг номи билан бевосита боғлиқ.

Янги касбни эгаллаш йўлида

Қатағон даври қурбонлари номини тилга олиш мумкин бўлган 60-70-йиллардан бошлаб Худойберган Девонов тўғрисида ўнлаб мақола ва очерклар эълон қилинди. Бу хайрли ишни бошлаб берган, биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори ҳақида бир неча мақолалар ёзган ва ҳужжатли фильмларни яратган таниқли киношунос олим, филология фанлари доктори Ҳамидулла Акбаров, хоразмлик фидойи ёзувчи ва журналистлар Эркин Мадраҳимов, Салимжон Ҳасанов, Комил Нуржонов, Рўзимбой Ҳасан ва бошқалар Худойберган Девоновнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганиш ишига муҳим ҳисса қўшдилар. Ўзбек фотографиясининг дунёга келганига 125 йил тўлиши муносабати билан бу улуғ ишга Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Турсунали Қўзиев, Тошкент Фотография уйи директори Шаҳноза Каримбобоева ва бошқалар бел боғлаб киришдилар, буюк юртдошимиз меросининг янги тарихий-маданий даврда ўрганилиши ва оммалашишида ташаббускор бўлдилар.

Шундай қилиб, соатсозлик билан шуғулланган ва эҳтимол, ёшлик йилларини шу ҳунарга бағишламоқчи бўлган 22 яшар йигитнинг Вильгелм Пеннер билан учрашуви унинг тақдирини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Кишилар ва табиат манзараларининг бир лаҳзадаги ҳолатини фотосуратда муҳрлаб қолдириш чиндан-да мўъжиза эди. Унинг бахтига, Вильгельм Пеннер ҳам ўз ҳунарини – тирикчилик манбаларидан бирини яширишга уринмайдиган, рақобат орттиришдан чўчимайдиган мард ва олийжаноб инсон эди. Аксинча, у Худойберганда фото санъатига қизиқиш уйғотиб, унга сурат олиш ва ойнага туширилган тасвирни қоронғи хонада фотодорилар ёрдамида юзага чиқаришнинг мураккаб жараёнини қунт билан ўргатди. Ҳатто унга “Zot” русумли фотоаппаратини совға қилди. Худойберган унинг далдаси билан шу фотоаппаратда сурат олишга қувона-қувона киришди.

Ёш мусулмон йигитчанинг сурат олаётгани хабари бир зумда тарқалди. Агар Худойберганнинг тенгдош ва қурдошлари бу ишини ҳавас билан кузатган ва унинг орқасидан чувалашиб эргашиб юрган бўлсалар, мутаассиб кишилар шариат қонун ва қоидаларини пеш қилиб, “гуноҳга ботаётган” йигитни бу ҳунарни ташлашга даъват қилдилар, ҳатто: “Сен суратга олган одамлар қиёмат-қойим бўлганда тирилиб келиб, жонимни қайтариб бер, деб сендан талаб қилишади. Ўзинг ҳам ўлганингда дўзахга тушиб, шариат олдидаги гуноҳларинг учун жаҳаннам азобини тортиб ётасан”, деб қўрқитдилар. Мутаассиблар гуруҳи тепасида кимсан Салимхон охунд исмли қозикалон турарди. Унинг дўқу пўписалари, Худойберганни ҳатто кофир деб эълон қилиши катта ёшдаги кишиларнинг ҳам ундан юз ўгира бошлашларига сабаб бўлди. Лекин Худойберган ҳеч нарсага қарамай, ўз аҳдида қатъий турди. Агар шу йилларда Хива хони тахтини Муҳаммад Раҳимхон II Феруз эмас, балки маърифатдан йироқ бошқа бир хон эгаллаб турганида Худойберганнинг ҳам, “унинг жиловини ўз қўлига ололмаган” отасининг ҳам ҳаёти, аминманки, ўзгача кечган бўларди.

Маълумки, 1898 йили Петербургда рус салтанатига келган янги император Николай II га тож кийдириш маросими бўлиб ўтган. Мазкур тантанали маросимга Хива хони ҳам фахрий меҳмонлар қаторида таклиф этилган. Муҳаммад Раҳимхон шу воқеа муносабати билан Петербургга бориб, рус жамияти ҳаётига фотография ва овозсиз кино санъатларининг кириб келаётганини ўз кўзи билан кўрди ва илмий-техник тараққиётнинг бу буюк самарасидан қаттиқ ҳайратга тушди. У Хоразм воҳасига келган хорижий фотографлар билан учрашган, улар олган суратларни томоша қилган, техниканинг бу янги мўъжизасини кўриб ёқасини ушлаб қолган эди. Петербургга борганида эса у кино санъати билан ҳам танишди. Петербург шаҳридаги ва шаҳар атрофидаги муҳташам саройларни, хушҳаво боғу роғларни, уларда осмон баравар отилиб турган фаввораларни бориб кўрди. Хива билан Петербургдаги кишилар, шаҳарлар, боғлар ўртасидаги фарқ уни ўйлантириб қўйди. У Хива хонлигига ҳам техник ва маданий тараққиёт шабадаларининг кириб келиши лозимлигини дил-дилидан сезди.

1907 йилнинг сўнгги ойларида тақдир Худойберганга Москва ва Петербург-га бориш имконини берди. Бу сафар у нуфузли делегация аъзоси сифатида Россиянинг марказий шаҳарларига бориб, рус императори саройида бўлди, Москва ва Петербургнинг диққатга сазовор жойларини ўз кўзи билан кўрди.

Х.Девонов ўз таржимаи ҳолида мазкур сафар натижалари тўғрисида бундай маълумот беради: “1908 йилда,– деб ёзган у, – яна Масковга бориб, Петр Яҳум деган бойдан киноаппарати сотиб олдим. Бир ой унинг хусусий лабораториясида пул бериб ўргандим. Кино ўйнататурган аппарат ва материалларни сотиб олиб, Хивага келтирдим”.

Кўрамизки, Х.Девонов Россияга қилган сафаридан гўё олиб келган телес-коп, граммафон, стереоскоп ва бошқа нарсаларни умуман тилга олмаган, аксинча, у бир ой мобайнида киноаппаратда суратга олиш ва кинолентадаги тасвирни рўёбга чиқариш техникасини ўрганганини айтган. У гарчанд таржимаи ҳолида қайд этмаган бўлса-да, юқорида зикр этилган анжомларни Хивага олиб келиб, хонга кўрсатган ва хаста хон уларни томоша қилган, ҳатто “Нурмуҳаммад Девон ўғли Худойберган сураткашга зарур шарт-шароит яратиш” борасида кўрсатма берган бўлиши мумкин. Аммо ҳамма гап шундаки, 1910 йил 7 августда Муҳаммад Раҳимхон II вафот этгач, Хива тахтини унинг ўғли Асфандиёрхон эгаллайди ва у отасининг васиятини ижро этиш ўрнига, аксинча, Худойберган Девоновни сиқувга олиб, унинг фотографлик ва кинооператорлик фаолиятининг кенг қанот ёзишига имкон бермайди.

“Бироқ, – деб давом этади Х.Девонов, – буни ўйнатиб, халққа кўрсатишимга йўл берилмас эди. Фото ва қўлимдаги аппаратимни Асфандиёрхон Собир маҳрам деган кишини юбориб, зўрлаб олиб, Боғдан Очилдов деган хусусий фотографчиси ва ўзининг савдо бўлими бошлиғига топширди”.

Х.Девоновнинг бу сўзлари, бизнингча, Асфандиёрхоннинг 1910-1912 йиллардан кейинги даврига оид бўлиб чиқади. Негаки, агар шу йилларда хон саройида бошқа фотограф хизмат қилган бўлса, у (Асфандиёрхон) 1912 йили Россиянинг Петербург ва бошқа шаҳарларига қилган сафарига Х.Девоновни олиб кетмаган бўларди.

Х.Девонов ҳаётини архив ҳужжатлари ва замондошларнинг хотиралари асосида пухта ўрганган Эркин Мадраҳимовнинг “Чақмоқ” асарида бундай маълумот мавжуд. “Исломхўжа янги хон – Асфандиёрни оқ пошшо Николай II билан таништиргани 1910 йилнинг охирларида Петербургга бошлаб борган”. Э.Мадраҳимовнинг ёзишича, Х.Девонов мазкур сафар чоғида Асфандиёрхонга ҳамроҳлик қилган.

У ёзади:

“1912 йилда (Асфандиёрхон) Петербургга сафар қилмоқчи бўлиб, оқ подшо ва министрларга ҳадялар ола бошлади. Ҳам ўзи бирлан олиб кетатурган сипоҳийларни номзод қилиб қўйди. Бош вазир Исломхўжа, Ҳусинбек Девонбеги, Муҳаммад, карвонбоши Ҳожибой… ва бошқа шуларга яқин одамлар бирлан Петербургга сафар қилди… Москвада ҳам турмасдан, тўғри Петербургга бориб, оқ подшонинг Қишки саройига тушди”1.

Полвон ҳожи Юсуповнинг китобидаги Асфандиёрхонга ҳамроҳлик қилган кишилар рўйхатида нима учундир Х.Девоновнинг номи учрамайди. Аммо Э.Мадраҳимов унинг шу сафар иштирокчиси бўлганлигини ва сафар чоғида ўзига керакли асбоб-анжомларни харид қилганини айтиб, бундай ёзган: “Худойберган эрталабдан янги фотоаппарат, сурат қоғозлари, киноленталар харид қилиш режаларини белгилаб, асосий ишни москвалик киночилар билан учрашишдан бошлашга қарор қилди”. Агар Э.Мадраҳимовнинг бу сўзлари ҳақиқатга зид бўлмаса, биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори Асфандиёрхонга ҳамроҳлик қилиб, унинг Россияга қилган сафарини фотосуратлар ва киноленталар шаклида муҳрлаш билан машғул бўлган.

Асфандиёрхон ўз маҳрамлари билан дастлаб Петербургга бориб, шаҳзода Алексейнинг ақиқа оқшомида иштирок этган, рус императорига садоқати эвазига генераллик унвони билан тақдирланган. Сўнгра Кавказга бориб, жаҳоннинг жаннатмонанд жойларини кўрган. Ниҳоят, Москвага бориб, бирмунча муддат турганидан сўнг Хивага қайтиб келган. Агар шу сафар Асфандиёрхон учун рус императори ва Россиянинг машҳур шаҳар ва оромгоҳлари билан танишиш сафари бўлган бўлса, Худойберган Девонов учун аввало ижодий сафар эди. Тахмин қилиш мумкинки, у мазкур сафардан «бир қоп» фотосурат ва кинотасмалар билан қайтган. Бу фотосурат ва кинотасмалар оддий сурат ва кадрлар эмас, балки ўзгариб бораётган давр ва мамлакат тарихининг ноёб киноҳужжатлари эди.

Тарихий давр фото ва кино кўзгусида

1908 йилда Худойберган Девонов Хивада Ўрта Осиёдаги биринчи фото-кинолабораторияни ташкил этади. У шу вақтдан бошлаб фото ва кино ишлари билан мунтазам шуғулланади. Унинг «Халқ сайиллари» деб номланган биринчи кинолавҳаси ҳам тахминан шу йилларда суратга олинган. Ушбу кинолавҳада аср бошларида Хоразм хонлиги ҳудудларида яшаган ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қозоқ миллатларига мансуб кишиларнинг маданий ва маиший-этнографик ҳаёти манзаралари тасвир этилган. Бу кинолавҳа билан танишар эканмиз, ўтмишдошларимизнинг ўтган аср бошларидаги қиёфалари, кийим-кечаклари, файтон аравалари, кураш тушишлари, дорбозлик, хўроз ва ит уриштириш сингари миллий ўйин ва томошалари тўғрисида тасаввур ҳосил қиламиз. Ўз санъатига ошифта бўлган киноператор шу йилларда Урганч, Хива, Тошсоқа, Тошҳовуз, Хўжайли, Тўрткўл сингари шаҳар ва туманларни кезиб, шу манзилларнинг диққатга сазовор жойларини, аҳолининг деҳқончилик ишларини кинотасмаларда муҳрлашга интилган. “Қўлбола кинотеатрлар”да намойиш этилган бу кинолавҳалар томошабинларда зўр таассурот қолдириб, уларда янги санъат – кинематографияга катта қизиқиш уйғотган.

Х.Девоновнинг фотограф ва кинооператор сифатида шаклланиши ХХ асрнинг 10-йиллари арафасида бошланиб, 10-йиллар аввалида муайян самараларини берган. Х.Девоновнинг 1913 йилда илк бор Туркистон шаҳарлари бўйлаб ижодий сафарга чиқиши тасодифий эмас.

Агар Хоразм хонлигининг Х.Девонов яшаган даврига – ХIХ аср охири – ХХ аср бошларига назар ташласак, икки муҳим нарса диққат-эътиборимизни ўзига жалб этади.

Шуни ифтихор билан айтиш керакки, Хоразм хонлиги пойтахти Хива – ўзбек халқининг меъморий даҳоси тўла мужассамланган уч буюк шаҳардан бири. ХYIII асрнинг иккинчи ярми – ХIХ асрнинг биринчи ярмида Хива Ўрта Осиёнинг энг гўзал ва бетакрор шаҳарларидан бирига айланган эдики, унинг гўзаллиги аввало шу ерда барпо қилинган маҳобатли меъморий иншоотлар билан белгиланади. Икки қисмдан иборат шаҳарнинг бир қисмидаги Ичан (ичкари), иккинчи қисмидаги Дишан (ташқари) қалъалар, шаҳар марказидаги Жума масжиди, бундан ташқари, Шерғозихон, Қутлуғ Мурод Иноқ, Оллоқулихон ва Муҳаммад Аминхон мадрасалари, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ва Тош ҳовли саройидан ташкил топган бу музей-шаҳар ўша даврлардан бошлабоқ хорижий сайёҳлар, фотографлар ва рассомларни мафтун этиб келди. Шу муҳташам меъморий ансамбллар бир асрдан бери маҳаллий аҳолидан фотограф ва рассомларнинг етишиб чиқишини кутаётган эди. Х.Девонов ўз зиммасига тушган шу тарихий вазифани илк ижодий қадамларидан бошлаб бажаришга астойдил киришди. Ўтган асрнинг 10-йилларида Хива шаҳрининг меъморий обидалари, халқ сайиллари, дорвозлар ва масхарабозларнинг томошалари Х.Девонов ижодининг бош мавзуларидан бири бўлди.

Афсуски, Х.Девоновнинг ижодий мероси ҳанузга қадар турли мамлакат ва шаҳарлардаги давлат фондлари ҳамда хусусий архивларда сочилиб ётибди. Шунинг учун ҳам биз унинг на ўтган асрнинг 10-йилларида, на 20-30-йилларида олган суратлари, кинолавҳалари ва ҳужжатли фильмлари тўғрисида асосли ва таҳлилий фикр юритиш, қайси сурати қачон ва қаерда олинганлиги ҳақида аниқ-тайин маълумот бериш имконига эга эмасмиз. “Ўзбек фотографияси. 125 йил” фотоальбомининг тузувчилари ҳам худди шу қийинчилик туфайли мазкур альбомдан ўрин олган Хоразм манзараларини акс эттирувчи суратларнинг кимга мансуб эканлигини қайд эта олмаганлар. Бу суратлар орасида ўтган асрларда Хоразмга келган бошқа фотографлар томонидан суратга олинган фотоасарлар ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ Х.Девоновнинг муаллифлиги аниқ бўлган суратларни ўрганиш унинг нафақат ўзига хос мавзу доираси, балки тасвирлаш услуби ҳам мавжуд бўлганидан шаҳодат беради. Масалан, зикр этилган альбомдан ўрин олган Исломхўжа портрети билан Х.Девонов суратга олган портретларни ўзаро қиёслаб кўрайлик. Агар тилга олинган портретда бош вазир Исломхўжанинг фотографга мутлақо ёт киши эканлиги аён бўлиб турса, Х.Девонов суратларида муҳрланган кишининг фотограф учун бегона эмаслиги яққол сезилиб туради. Ана шу руҳий ҳолат – фотографнинг тасвир этилаётган ҳодиса ёки кишига лоқайд эмаслиги Х.Девоновнинг Хоразм манзаралари ва кишилари тасвирланган суратларида аниқ сезилиб туради. Ҳатто айтиш мумкинки, Х.Девонов суратга олинаётган жойда ҳозир бўлгандек ёки сурат олинаётган кишининг ёнида тургандек бўлади.

Х.Девоновнинг бизга маълум асарлари орасида Хива меъморий обидалари тасвирланган суратлар кўп эмас. Чунончи, биз унинг Хивадаги Жоме масжиди муҳрланган суратини ҳам кўриш имконига эга бўлмадик. Аммо биз шуни яхши биламизки, у Жоме масжидини турли ракурсдан бир неча маротаба суратга туширган. У бу билан кифояланиб қолмай, масжид минорасига кўтарилиб, бизга Хиванинг ХYIII асрдаги кўринишини ҳам муҳрлаб қолдирган. Бу суратга назар ташлаган киши лойдан қад кўтарган, бир қаватли уйлар панорамасини кўради. Хивани фақат меъморий иншоотлар шаҳри сифатида тасаввур этувчи кишилар учун бу суратда “ойнинг қоронғи томони” акс этган, десак хато бўлмайди.

Худойберган Девонов ҳаётининг дастлабки йиллари Муҳаммад Раҳимхон II Ферузнинг хонлик даврида кечган. Шу даврда яшаган Ҳасан Мурод қори Муҳаммадамин ўғли Лаффасийнинг “Хива шоирлари ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоллари” тазкирасидан маълум бўлишича, маърифатпарвар хон саройида 54 та шоир бўлган. Улар орасида Огаҳий, Табибий, Чокар, Аваз Ўтар ўғли, Комилжон Девоний сингари машҳур шоирлар, бундан ташқари, Муҳаммад Юсуф Баёний сингари тарихчилар, олимлар, хаттотлар бўлиб, улар шу даврда маданият ва маърифат ишларининг равнақ топишига катта ҳисса қўшганлар. Феруздан ташқари, Исломхўжа сингари маърифатпарвар давлат арбоблари бўлишган. Х.Девонов шундай машҳур ва номашҳур замондошларининг суратларини тарих учун олиб қолдиришни ўзининг муқаддас бурчи деб билди.

Х.Девонов ижодий меросининг катта қисмини шундай замондошларининг суратлари ташкил этади. Агар у хон ва унинг аъёнлари суратини саройнинг ҳашаматли жойлари фонида, аксар ҳолда бутун бўй-басти билан олган ва шу йўл билан улар суратига тантанаворлик руҳини бағишлаган бўлса (масалан, Муҳаммад Раҳимхон II, Исломхўжанинг ўғли Абдусаломхўжа, Муҳаммад Вафо Карвонбошининг суратларига эътибор беринг), оддий кишилар қиёфасини муҳрлашда турли-туман усуллардан истифода қилган. Чунончи, у Хива гўзалларининг суратларини олишда йирик режадан фойдаланиб, улар либослари ва тақинчоқларининг ҳам диққат марказида бўлишига эришган (“Хоразмлик аёл”, “Аёл портрети”, “Темур Ғози тўранинг энагаси Саодат” суратлари). Турли касб эгалари қиёфасини тасвирлашда эса сураткаш уларни яқиндан суратга олиб, иш жараёнида акс эттиришга алоҳида эътибор қаратади. Бундай суратларнинг ”қаҳрамон”лари аксар ҳолда бирор жойда ўтирган бўлишади (“Ип йигирувчилар”,”Ёғ сотувчилар”, “Саҳрода ер ўчоқ” суратлари). Ҳатто “Хон овчиси” асари “қаҳрамон”и ҳам от устида ўтириб, икки қушни ушлаган ҳолда тасвирланган. Бу ҳол Х.Девоновнинг, умуман, замондошларининг суратларини олишни эмас, балки уларнинг муайян соҳага мансуб кишилар сифатида образини яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганидан далолат беради.

Ижодий фаолият майдонлари

Хоразм шўро республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига округ мақомида қўшилганидан сўнг, 1925 йил июнь ойида Ўзбек Давлат киносининг Хоразм округ бўлими ташкил этилади. Бу ҳол Худойберган Девонов қалбидаги кинога муҳаббат гулларининг қайта чаман бўлиб очилишига сабаб бўлди. У Ўзбек Давлат киноси билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш билан бирга 1926 йилдан бошлаб “Совкино” – Бутуниттифоқ фотокинематография ташкилоти билан ҳам ҳамкорлик қилди, Москвада чиқиб турган “Союзкиножурнал” учун Ўзбекистон ҳаётидан олинган кинолавҳаларни тез-тез юбориб турди.

“Ўзбек давлат киноси”нинг фото-кино корхонаси ва унинг Хоразм бўлими ўша йилларда Тошкент шаҳрининг Абдулла Тўқай кўчасидаги 3-уйда (ҳозир Ўзбекистон кўчасидан Вазирлар Маҳкамасига кираверишдаги хиёбоннинг сўл тарафида) жойлашган эди. Ушбу бўлим вакили Чимиков томонидан 1928 йил 15 майда берилган қуйидаги шаҳодатнома Х.Девоновнинг тахминан шу йиллардан бошлаб Ўзбек Давлат киноси буюртмаси билан ҳужжатли фильмлар ва кинолавҳалар олганидан дарак беради:

“ШАҲОДАТНОМА

Ушбуни кўрсатувчи ўртоқ Худойберган Девонов ҳақиқатдан Ўзбек Госкинонинг Хоразм шўъбасида осори атиқалар ва Хоразм округида ҳар хил манзараларни картинага олувчи фоторассом – “оператор” вазифасида турадир.

Шаҳодатнома муҳр ва имзолар билан тасдиқ этиладир.

Хоразмдаги вакили (Чимиков)

Иш бошқарувчи (имзо)

Аслига тўғри (имзо).

Агар биз Чимиковнинг 1926 йил 7 декабрдан бошлаб Х.Девоновга йўллаган хатларига назар ташласак, кинооператорнинг шу йилларда Ўзбек Давлат киноси учун Хоразмда бўлиб ўтган касаба союз ташкилоти қурултойининг иш жараёнини, Халқаро ёшлар куни ва 1-Май байрамининг нишонлашини, Хива шаҳрининг умумий кўринишларини, далани шудгорлаш ва суғориш ишларини, якка тартибда пилла ишлаб чиқариш-у, қўл тегирмонлар иши ва бошқа нарсаларни суратга олганидан хабар топамиз. Чимиков ва ундан кейин “Хоразм вакили” лавозимига тайинланган А.Н. Ольгин Х.Девоновга қайси сюжет учун неча метр плёнкани сарф этиш мумкинлигигача белгилаб берганлар.

Х.Девонов 20-йиллар охири – 30-йиллар аввалида нафақат Ўзбек давлат киноси, балки “Союзкиножурнал”нинг ижодий буюртмаси билан ҳам Хоразм ҳаётига оид бир қатор сюжетларни суратга олди. Киножурнал раҳбарияти томонидан 1929 йил 16 октябрда берилган 260-рақамли гувоҳномадан маълум бўлишича, Х.Девонов 1930 йилнинг 1 октябрига қадар журнал топшириғи бўйича ҳам, шунингдек, унга берилган йўриқнома асосида ҳам суратга олиши мумкин эди. Х.Девонов шу имкониятлардан фойдаланиб, “Союзкиножурнал” учун 1929 йилнинг ўзида “Ишчи аёллар”, “Шўркўл”, “Кўза”, “Чиғир”, “Тузкон”, “Дегиш офати”, “Хоразм далаларида”, “Пахта карвони” сингари ҳужжатли фильм ва сюжетларни суратга олиб юборди.

Шундай ҳужжатли кино намуналаридан бири “Шўркўл” фильми Хоразмдаги шифобахш суви билан машҳур бўлган масканга бағишланган. Бу ҳужжатли фильм Хоразм воҳасининг турли жойларидан шифоталаб кишиларнинг пиёда ёки араваларда келишлари тасвири билан бошланган. Табиат яратган шу ажойиб масканга хаста бўлиб келган юзлаб кишиларнинг шу ерда даво топиб, уйларига сиҳат-саломатликларини тиклаб кетишлари тасвирланган фильм томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Х.Девонов шу фильми билан нафақат муҳим ҳаётий материални танлаш, балки шу материални томошабинга юксак бадиий шаклда етказиш санъатини ҳам эгаллаганини намойиш этди. “Бу фильмда, – деб ёзган эди “Ўзбекистон маданияти” газетаси, – Х.Девоновнинг кинооператорлик санъатини тўла-тўкис ўзлаштириб олганлиги яққол сезилиб турибди. Мана шу жажжи фильм Х.Девоновнинг маҳорати ошиб бораётганлигини, у мураккаб техник воситалардан, масалан, панорамали съёмкани, йирик пландан фойдаланишни, шунингдек, ҳаракатда бўлган ишларни суратга олишни ўргана бошлаганидан дарак беради”.

Собиқ иттифоқнинг барча кинотеатрларида бадиий фильмлардан аввал намойиш этилган шундай ҳужжатли фильм ва сюжетлар ўша йиллардаги Хоразмнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маиший ҳаёти тўғрисида муайян тасаввур берган. Ҳатто “Союзкиножурнал” раҳбарларидан Х.Девоновга келган хатдан маълум бўлишича, унинг “Ишчи аёллар” ва “Шўркўл” фильмлари москвалик кинотанқидчилар томонидан юқори баҳоланган.

Афсуски, “Союзкиножурнал” буюртмаси билан суратга олинган Х.Девоновнинг бу фильм ва сюжетлари Москванинг Красногорск шаҳарчасидаги киноархивда сақланаётганлиги сабабли уларни республика кинотеатрлари ва телевидениеси экранларида кўриш имкониятига эга эмасмиз. Шунинг учун бу асарлар ҳақида таҳлилий фикрларни баён қилишни истиқлол йилларида туғилаётган киношуносларга қолдирамиз. Аммо бизга шу нарса маълумки, мазкур архивда 1926-1938 йилларда олинган Ўзбекистон ҳаётига оид талайгина сюжетлар мавжуд. Масалан, шундай сюжетлардан бири ҳақида марҳум киношунос олим Борий Ҳасанов бундай маълумот берган эди: “Союзкиножурнал”нинг 1929 йил 30 (218)-сонида ҳам республика ҳаётидан олинган сюжетни учратиш мумкин. (Буни ҳам Х.Девонов юборган бўлса ажабмас.) Бу сюжетда агрономлар ва деҳқонларнинг табиий офатга қарши кескин курашлари тасвирланади, кураш йўллари ва усуллари баён этилади”1 .

Ҳ.Акбаров ва Б. Ҳасанов сингари киношунос олимлардан ташқари, Х.Девоновнинг жияни Абдулла Юсупов ҳам тоғасининг ижодий меросини тўплаш ва ўрганиш бўйича муҳим ишларни олиб борган. У бундан бир неча йил илгари Красногорск шаҳридаги Марказий давлат кино-фото-фономатериаллар архивида ишлаб, Хоразм ҳаётига оид, бинобарин, Х.Девоновнинг муаллифлиги тахмин қилинган кинолавҳаларни қунт билан ўрганган. Чунончи, у мазкур архивда 1936 йилда суратга олинган “Москва – Қорақум – Москва” ҳужжатли фильмини кўрган. Бу фильмда Москвадан Қорақум орқали Хоразмга етиб келган бир экспедиция тарихи тасвир этилган бўлиб, унда, Абдулла Юсуповнинг айтишига қараганда, Х.Девонов томонидан суратга олинган кадрлар ҳам бўлган. Афсуски, биз бу фикрнинг тўғрилигини тасдиқлаш ёки нотўғрилигини асослаш имкониятига эга эмасмиз. Ҳар ҳолда шу нарса аёнки, Х.Девонов ижодий меросига оид фотосурат ва кинотасмаларни келажакда Москва ва бошқа шаҳарлардаги архивлардан топиш истиқболи йўқ эмас.

Озодликнинг сўнгги кунлари

Меҳнат ва машаққат оғушида ўтган умрининг сўнгги йилларида Худойберган Девоновга давлат миқёсидаги нафақанинг тайинланиши унинг – ўзбек халқи тарихида фотография ва кинематография тамал тошини қўйган, машҳур кишининг эл-юрт ўртасида қадрлана бошлаганининг муждаси эди. Тахмин қилиш мумкинки, у аввало худди шу нарсадан ғоят мамнун, уни алқаган давлатдан эса беҳад миннатдор бўлиб, янада завқ билан, янги-янги ижодий режаларини рўёбга чиқариш учун янги куч ва янги илҳом билан ишлашга киришди.

У ҳаётининг турли паллаларида нафақат хонлар ва уларнинг ақру хешлари, балки Огаҳий, Комил Хоразмий, Аваз Ўтар сингари шоирлар билан ҳам мулоқотда бўлган ва мулоқотлари таъсирида, китобсеварлиги натижасида унча-мунча ғазал ҳам машқ қилган. Замондошлар унинг хотин-қизлар озодлиги мавзуида битилган:

Келди қизлар байрами, чимматдин озод айлади,
Инқилоб нури улар кўнгилларин шод айлади –

байти билан бошланган ғазалини ҳали ҳам айтиб юришади. Ким билади, балки у ҳаётининг ўша хушнуд кунларида яна кўнгил розларини шундай ғазаллар орқали ифодалагандир…

Аммо унинг хурсандчилиги узоққа бормади. У ҳали 300 сўмлик нафақа гаштини туйиб улгурмай, 37-йилнинг қонли этиклари қарийб ҳар бир хонадонга бостириб кирди.

Мудҳиш йилнинг қора булутлари биринчи ўзбек фотографининг боши узра ҳам тўпланаётган эди. Бўрон кучга кириши билан, 30 июнь куни, ярим кечада, НКВД ходимлари Хива шаҳрининг 4-маҳалла 4-элатидаги Худойберган Девонов яшаган 18-уйга бостириб келдилар. Х.Девоновни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорда унинг хон нозири оиласидан эканлиги, ўзининг девон (мирза) лик билан шуғулланганлиги, Асфандиёрхон билан Муҳаммад Раҳимхоннинг фотографи бўлганлиги, инқилобдан сўнг Хоразм Халқ Республикасида молия нозири бўлиб хизмат қилганлиги, шу кеча-кундузда эса Урганч шаҳрида сураткашлик касби билан машғуллиги айтилган эди..

Шу куни юқорида тилга олинган манзилда тинтув ўтказилиб, Х.Девоновнинг 90 варақдан иборат ёзишмаси, 230 дона фотосурати ва қўшотар ов милтиғи олиб кетилди.

Айни пайтда айбланувчининг куёви Ҳасан Читкаровнинг Янги Урганч шаҳридаги 18-уйида ҳам тинтув ўтказилиб, чамоданда сақланган 20 варақдан иборат ёзишмаси, 17 варақдан иборат ҳужжатлари ва 59 дона фотосурати мусодара қилинди.

Шубҳасиз, Х.Девонов билан бир вақтда хоразмлик кўплаб кишилар ҳам ҳибсга олинган. Шаҳар қамоқхонаси маҳбуслар билан тўлиб-тошиб кетган. Шу ва бошқа сабабларга кўра, НКВД ходимлари маҳбус фотографни 8 сентябрга қадар терговга чақиришмаган. 8 сентябрь куни эса у терговчи билан юзма-юз учрашиб, унинг саволларига жавоб берган.

Ўша йилларда НКВД тизимида жорий этилган тартиб-қоидага кўра, терговчи сиёсий масалаларда айбланган маҳбусдан шу айбларнинг тасдиқланишига хизмат қилувчи маълумотларни олишга ҳаракат қилган. Уни маҳбуснинг айбсиз эканлиги, унга қўйилган айбларнинг туҳматдан бошқа нарса эмаслиги масаласи мутлақо қизиқтирмаган. Терговчилар “қайсар” маҳбуслардан керакли маълумотни олиш учун қийноқнинг ҳар қандай даҳшатли усулларидан истаганларича фойдаланганлар. Шунинг учун ҳам тергов материалларида баён қилинган маълумотларни ҳақиқат деб қабул қилиш тўғри эмас.

Хуллас, Худойберган Девоновнинг тақдири ҳал қилинган эди.

1937 йил 1 декабрда тузилган қарорда айтилишича, Х.Девонов 1934 йилдан бошлаб аксилинқилобчи ташкилот раҳбарлари Файзулла Хўжаев ва Давлат Ризаевнинг топшириғи асосида Англия разведкаси фойдасига жосуслик ишларини фаол олиб борганликда ҳамда шу ташкилот топшириғи билан Хоразмда босмачилик ҳаракатини ташкил қилганликда ва инглиз жосуси, босмачилик ташкилотчиси Жунаидхон билан шахсан алоқада бўлганликда айбланган эди. Бу туҳматдан иборат қарор кейинчалик янги айблар билан “бойиган” бўлса бойидики, асло камаймади.

Орадан 11 ой ўтгач, Тошкентда, 1938 йил 5 сентябрда 37-йил қурбонлари устидан суд бошланди. Шу куни соат 10 дан 35 дақиқа ўтганда бошланган суд бор-йўғи 15-20 дақиқа давом этди, холос. Аммо шу қисқа фурсатда суд Х.Девоновни 1920 йилдан “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти аъзоси бўлиб, Хоразмда босмачилик ҳаракатини ташкил этишда фаол иштирок этганлик ва инглиз разведкаси агенти – Туркманистондаги босмачилик ҳаракати раҳбари Жунаидхон билан алоқа ўрнатганлик ҳақидаги “эски” айблардан ташқари, унинг гарданига яна бир қатор “янги” айбларни қўйишга эришди. Бу айбларга қараганда, маҳбус ўз олдига Ўзбекистон ССРни СССРдан ажратиб олиб, буржуа давлатни барпо этиш мақсадини қўйган аксилинқилобий, миллатчилик, қўзғолончилик, террорчилик ва диверсия-зараркунандачилик ташкилоти билан алоқа ўрнатган ва шу ташкилот раҳбари Файзулла Хўжаевнинг топшириғи билан Ўзбекистон бўйлаб туманма-туман кезиб, инглиз раведкаси учун жосуслик маълумотларини тўплаган эди.

Маҳбус бу ўта бемаъни айбларнинг бирортасини тан олмади. Аммо шунга қарамай, суд уни отиш ва шахсан унга тегишли бўлган мол-мулкни мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ҳукм ўша куниёқ ярим кечада, Тошкентнинг Юнусобод туманидаги қатлгоҳда ижро этилди.

Аммо бу мудҳиш ҳукм ва унинг ижроси Х.Девонов оиласидан узоқ вақтгача яшириб келинди.

Х.Девонов ишини қайта кўриш масаласи ҳатто Сталин вафотидан кейин ҳам бир неча йил чўзилди. Ниҳоят, СССР Олий Судининг Ҳарбий коллегияси 1959 йил 25 июнда 1938 йил 5 октябрда чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, Х.Девоновни оқлаш ҳақида бир битимга келди.

* * *

Тақдир кишиларни, ҳатто халқларни ҳам қандай даҳшатли синов ва имтиҳонлардан олиб ўтмайди. Агар табиат офатлари шайтоний куч билан ҳамла қилгудек бўлса, улкан тоғлар ҳам нурай бошлаши мумкин. Инсон эса тарих уммонида ва шу уммоннинг асовсиз ғалаёнларида ожиз баргдек бир сонияда уммон қаърига кириб кетади.

Аммо шу нарса даҳшатлики, инсонни табиат офатлари эмас, балки унинг ўзининг ичидан чиққан кучлар мажақлаб ташлайди. Худойберган Девонов шўролар даврида йўқ қилиб юборилган 20 миллионли жабрдийдалар карвонидаги бир кишигина, холос.

Уни ва унга ўхшаш кишиларни маҳв этиш билан мустабид давлат нимага эришди? Қудратли бўлдими? Йўқ! Аксинча, минглаб истеъдодли кишиларни қириб ташлаши билан давлат ўзининг тагига ўзи сув қуйди. Ўзи заифлашди. Ўзини-ўзи бутун дунё олдида шармандаи шармисор қилди. Шояд қатағон деган, 1937 йил деган мудҳиш воқеалар тарих саҳифаларида қолган бўлса-ю, қайта такрорланмаса. Шояд бир Худойберган Девоновнинг, бир Чўлпоннинг, бир Убайдулла Хўжаевнинг ўрнига ўнлаб ёшлар “Мен Худойберган Девоновман “Мен Чўлпонман!”, “Мен Убайдулла Хўжаевман!” деб майдонга отилиб чиқсалар-да, улар бажариб улгурмаган ишларни улардан ҳам аъло даражада бажаришса. Шояд авлодлар бу жабрдийда улуғ аждодларини унутмай, уларни ёд этиш, улар хотирасига ҳурмат билдириш йўли билан покланиб, баркамоллашиб борсалар. Шояд ўзбек халқининг келажаги, улар орзу қилганларидек, биз орзу қилаётганимиздек, мунаввар бўлса!..

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 9-сон.