Кўҳна тарих саҳифаларини варақлар эканмиз, Шарқ оламида қудратли давлат барпо этганлардан Султон Маҳмуд Ғазнавий ҳақида тўқилган турли-туман ҳикоятлар, ривоятларга дуч келамиз. Бизга қадар етиб келган манбаларда у атоқли давлат арбоби, дину диёнат ҳимоячиси, илм-маърифат ҳомийси сифатида улуғланади. Баъзи асарларда эса золим-қонхўр, босқинчи, молу дунёга ҳирс қўйган ўта зиқна ҳукмдор деб таърифланади. Айниқса, Султон Маҳмуднинг буюк шоир Фирдавсий билан муносабатлари ҳақида хилма-хил мулоҳаза-фикрлар ҳозирга қадар илмий китоблар, мақолаларда учраб туради.
Маълумки, туслик шоир Абулқосим Фирдавсий Султон Маҳмуд даргоҳига келиб, биринчи бор сарой маликушшуароси Аҳмад Унсурий бошлиқ шоирлар даврасига тушиб қолади ва ана шу даврадаги таҳсин ва мақтовга сазовор бўлади. Шунда Аҳмад Унсурий шоирга «Зебо қилиб айтдинг, магар сенга салтанатнинг тарихларидан вуқуф бор эрур» дейди.
Буюк олим ва мутафаккир Давлатшоҳий Самарқандий ўзининг «Тазкирайи Давлатшоҳий» асарида ана шу воқеаларни бундай ҳикоя қилади:
«Алқисса, Фирдавсийдин сўрдиким, «сен «Шоҳнома»ни назм қила олурмусен». Фирдавсий айтди: «Бале, иншооллоҳ».
Устоз Унсурий бу маънидан шод ва хуррам бўлди, дарҳол арзға еткурдиким, бир жавони Хуросоний келибдур, бисёр хуштаъб ва сухандорликка қодир турур. Гумони банда улдурким, тарихи салотини Ажамнинг назми уҳдасидин чиқа олур»…
Шундан сўнг Унсурий уни Султон ҳузурига олиб киради. Фирдавсийнинг оқилона сўзлари подшоҳга ёқиб қолади, сўнгра Фирдавсийга «Шоҳнома» ёзишни топшириб, ҳар бир байтига бир тиллодан беришни ваъда қилади.
Султон Маҳмуд шу куннинг ўзидаёқ барча масалаю муддатларни белгилаб, Фирдавсийга кўп эътибор кўрсатди. Шундай қилиб, Фирдавсий девондаги шоирлар мажлисидан ўзига муносиб ўрин эгаллади.
Фирдавсий бир неча йил Маҳмуд Ғазнавий даргоҳида истиқомат қилди. Шоирлар мажлисларида, мушоира кечаларида, боғ сайлларида энг азиз, иқтидорли шоир сифатида иззат-ҳурмат кўрди. У ўзининг назм мулкида тенгсиз шоири замон эканлигини кўрсатди, тафаккурининг тезкорлиги, сўз гавҳарларидан моҳирона фойдалана билиши, айниқса, қадим афсоналар, ривоятлар, ҳикоятлар билағонлиги билан сарой аҳли ўртасида обрў-эътибор қозонди, шоҳ саройида кўп иззат-икромда яшади. Назм-наво кечаларида, мушоира давраларида, боғ сайрларида фаол қатнашар, янги ёзган ашъорлари, ё бўлмаса «Шоҳнома»нинг қаламга олинган айрим достонларидан парчаларни вақти келганда Султонга ҳам ўқиб берарди. Бундай пайтларда ҳар сафар Султоннинг эъзоз ва олқишига сазовор бўлиб, шоҳона туҳфалар олар эрди.
Давлатшоҳий Самарқандийнинг ёзишича, Фирдавсий тўрт йил Султон саройида туради, сўнг ҳукмдордан рухсат сўраб, ўз ватани Тусга равона бўлади, кейин яна Ғазнага қайтиб келади. Ўшанда шоир «Шоҳнома»нинг тўрт қиссасини ёзиб битирган эди. Давлатшоҳ ёзади: «Арзга еткурди ва Султоннинг назари кимё асарига мақбул айлади ва Султон гоҳ-гоҳ унга навозиш ва меҳрибонлик кўргузур эрди… шоирга алоҳида эътибор ва илтифот билан унга мураббий этиб, вазир хожа Аҳмад Ҳасанни тайинлаган эрди».
Шу нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳукмдорнинг Фирдавсийга нисбатан кўрсатаётган меҳр-муруввати баъзи сарой аҳлларининг ғашига тегар, адиблар мажлисидаги айрим шоирлар, амалдорлар ҳам унга ҳасад кўзи билан қарашарди. Давлатшоҳийнинг ёзишича, «Аёз ул маънидин ичи куйиб, адоват юзасидан арзга еткурдиким, Фирдавсий рофизи турур. Султон Маҳмуд дин ва мазҳабда бағоят маҳкам эрди ва анинг назарида ҳеч тоифа рофизидин душманроқ эрмас эрди. Султоннинг хотири ул сабабдин Фирдавсийга мутағаййир бўлди…»
Албатта, саройдаги бундай муҳит шоирнинг асабларига ҳам таъсир қилмай қолмас эди. Давлатшоҳнинг ёзишича, ҳатто, Султон Маҳмуд ана шу иғво, фисқ-фасодларга берилиб, бир куни Фирдавсийни ўз ҳузурига чорлаб: «…сен кароматий эркансан, буюрсам то сени филларнинг аёқи остида ҳалок қилсалар, то ҳама кароматий, яъни рофизийға ибрат бўлса», деган. Шунда Фирдавсий Султонга: «Ман кароматий эрмасмен ва ман аҳли суннат ва жамоадин турурмен, менга бўҳтон қилиб турурлар», деди.
Мазкур битиклардан маълумки, шоирни кўра олмайдиган фитначи гуруҳлар Султон Маҳмудни чалғитиб, қандай қилиб бўлмасин, ҳукмдорнинг шоирдан кўнглини қолдирмоқчи бўлган эдилар.
Фирдавсийга нисбат берилган Султон Маҳмуд ҳақидаги ҳажвияда Султон Маҳмуднинг таги-тахти, насл-насаби ҳақида ҳам ҳақоратли сўзлар борки, ўқиб, чуқур мулоҳаза юритадиган бўлсак, уни Фирдавсий ёзганлигига ишонгингиз келмайди. Чунки бизгача етиб келган маълумотларга қараганда, Маҳмуд Ғазнавийнинг асл насаби «тегин»лар авлодига мансубдир. Унинг бобоси паҳлавон Алптегиннинг уч фарзанди бўлган: Исҳоқтегин, Билгатегин ва Султон Маҳмуднинг отаси Сабуктегинлардир.
Маълумки, Сабуктегин Жайҳун бўйидаги Сомоний лашкарлари билан бўлган қаттиқ жангда минган тулпорининг қорнига ўқ тегиб, оёғи от остида қолади. Шунда сомонийларнинг бир лашкарбошиси уни асир этиб, қўлига кишан солиб, яна бир неча асирлар билан Бухоро бозорида қулжаллобга арзон-гаровга сотиб юборади. Ана шу оз муддат ичида Сабуктегин замон тақозоси билан қулликка тушиб қолади. Қулжаллоб кўп қулларини йўлма-йўл сотиб, Сабуктегинни охири Нишопур ноибига пуллайди. Шундан сўнг Сабуктегин ноибга жон-дилдан хизмат қилиб, бора-бора унинг ўғлидек бўлиб қолади ва ниҳоят ноиб оғир хасталик чоғида уни ўзига ворис этиб тайинлайди. Шундай қилиб, кейинчалик Сабуктегин Ғазна салтанатига асос солади. Бу ҳақда атоқли тарихнавис олим Абулфазл Байҳақий «Масъуд тарихи»да батафсил ҳикоя қилган.
Ушбу ҳикоятни келтиришимиздан мақсад ҳажвияда ёзилганидек, гўё Султон Маҳмуд «қулбачча» ҳам эмас, «нопоклар наслидан» ҳам бўлмаган. Афросиёб тарихини достон этиб ёзган Фирдавсий Сабуктегиннинг аслзодалар, паҳлавонлар авлодидан эканлигини билмаслиги мумкин эмас эди. Зеро, паҳлавон Афросиёб аслида туркий қавмлар авлодидан бўлган, унинг асли исми шарифи Эр Тўнға эди. Эронликлар уни Афросиёб деб аташган. Сабуктегин бўлса, Эр Тўнғани ўзига устоз, пир деб билган, унга тақлид этган, унинг ҳақида яратилган халқ қўшиқларини севиб куйлаб юрган. Шу боис Фирдавсий Султонни бу даражада камситиб ерга уриши, ҳақоратлаши мутлақо қуюшқонга сиғмайди, мантиққа ҳам тўғри келмайди.
Султон Маҳмуд «Шоҳнома»ни бир неча кун давомида сарой қорисига ўқитиб эшитади. Ҳатто боғда дам олаётган қизлари ҳам бўшаган варақларни ўқиб, энг ибратли сатрларини ёдлаб олганлар. Султон «Шоҳнома»ни бошдан-оёқ эшитгач: «Одам Атодин шу дамгача ҳеч ким бунчалик кўп ва хўб айтмағон ва айтолмайди ҳам» деган. Кейин ваъда қилинган олтинларни шоирга бериб юборинглар, деб амр-фармон этган.
Султон жуда ҳам ҳақ гапни айтган, шоир меҳнатига жуда катта баҳо берган. Ахир «Шоҳнома» Фирдавсийнинг қалб қўри билан дунёга келди. Олтмиш минг байтнинг ҳар сатри кўз нури, юрак дарди билан битилган. У шоир йигитлигининг қаймоғини олди, бутун умри, ёшлигини Ажам тарихини назмга солишга бағишлади. Халқ билган афсонаю ривоятларни ҳеч эринмай йиғди, бормаган, кўрмаган жойи қолмади. Ахир ўттиз йилдан ортиқ давр — бир йигитнинг умри, бунинг учун мустаҳкам ирода, чидам, ўқиш, тарих саҳифаларини эринмай бирма-бир синчковлик билан варақлаш лозим эди. Бир сатр шеърни ёзиб қўйиб, кейин уни асослаш учун тонг отгунча эринмай китоб варақлаган вақтлари бўлди. Ҳатто тушида ҳам ўша қаламга олаётган қаҳрамонлар сиймоси кўз ўнгидан ўтар, кейин уйқуни тарк этиб, тонг отгунча қалам тебратар эди.
Шоир ҳукмдордан доим миннатдор бўлиб яшаган. «Шоҳнома»нинг бошланишида Султон Маҳмуд шаънига атаб битилган қутловда шундай гўзал, чиройли иборалар назм этилганки, бундай сўз гавҳарлари фақат Фирдавсий забонигагина хосдир.
Мана энди, масалага яна ҳам жиддийроқ ёндошадиган бўлсак, нима учун султоннинг буйруғи бажарилмай қолган. Барча муаммо, ноаниқлик ана шунда. Ким шоирни алдаб, олтин ўрнига кумуш танга бериб юборган? Таниқли олим Ҳомиджон Ҳомидий бир неча бор қайта нашр этилган «Кўҳна тарих дурдоналари» асарида таъкидлашича, Фирдавсийнинг Султон Маҳмуд ҳақидаги ҳажвияси Фирдавсий ҳали Ғазнадан чиқиб кетмасдан тезкорлик билан ёзилгани, бир неча нусхада шаҳарга тарқалиб, машҳур бўлиб кетиши ва ўша куниёқ Султон Маҳмуд Ғазнавийга етказилиши ҳеч қачон ақлга сиғмайдиган бир жумбоқдир. Яна қизиғи шундаки, Фирдавсий «Шоҳнома»ни ёзиб, тугаллаб Ғазнага олиб келганда, саксонга кириб қолган мункиллаган чол эди. Унинг Ғазнадан чиқиб, тезда ғойиб бўлиб қолиши, шаҳарма-шаҳар қочиб юришига мадори ҳам, имкони ҳам йўқ эди.
1996 йилда Эрон олими Муҳит Таботабойининг «Фирдавсий ва «Шоҳнома» деган мақолалар тўплами босилиб чиққан. Олим тўпламдаги «Султон Маҳмуд ва Фирдавсий», «Султон Маҳмуд ва «Шоҳнома» мақолаларида, жумладан, шоҳ ва шоир муносабатларига баҳо бериб қуйидаги фикрларни билдирган:
«Султон Маҳмуд билан Фирдавсий муносабатини аниқлаш бўйича «Шоҳнома» матнидан бўлак ҳикоя ва афсоналарни қабул қилувчи кишилар китобнинг кўп жойларида ёзилган мана бу ва шунга ўхшаш фикрларга назар ташласа яхши бўларди. Шунда (унга) Фирдавсий қай даражада Султон Маҳмудга ва Султон Маҳмуд эса унинг асарига алоқадорлиги маълум бўларди. Шоир Султон саройида ва худо раҳмати бўлганидан кейин эса у дунёда шоҳнинг туҳфаси, яъни Султон Маҳмуднинг берган совғасини жаҳонда хотира сифатида қолишини орзу қилади. Иттифоқан, қадимги «Шоҳнома» муқаддимасида ёзилган бу нарса амалда ҳам шундай бўлди. Яъни, Султон Маҳмуд шоир асарини охирига етказганидан кейин Ғазнадан Тусга юборган маблағи етиб келди ва қизининг талаби ҳамда Маҳмуднинг кўрсатмасига биноан қабри устида ҳашаматли мақбара қуришди. Бу мақбара мўғуллар босқинигача Тусда ўз жойида обод турган. Мақбарага сарфланган маблағдан ортиқчасига бир қишлоқ сотиб олинди ва у мақбарага вақф қилинди».
Иккинчи мақолада эса шундай дейилади:
«Биз шоир асарини бошдан-охир жуда диққат ва синчковлик билан ўқиб чиқдик. Шоир билан Султоннинг муносабати ҳар доим бир-бирига яхши ва мулойим бўлган.
Билмадим, «Ҳажвнома» ёзишга шоир қачон, қайси замонда мажол топди экан. Чунки «Ҳажвнома» ёзилган 402 ҳижрий йилида шоир 80 ёшли, куч-қувватдан қолган чол эди. Кўзи ожиз ва қулоғи оғир, оёғи бўшашган ва у шуҳардан бу шаҳарга қочиб юришга куч-қуввати етмасди».
Машҳур чех шарқшуноси академик Ян Рипка «Форс-тожик адабиёти тарихи» китобида (Москва, 1970 йил) ҳам (бу асар рус, немис, форс тилларига таржима қилинган) Султон билан шоир муносабатларига тўхталиб, Фирдавсийнинг ҳукмдор ҳақида битган ҳажвияси махсус ёзилган алоҳида асар эмас, балки у «Шоҳнома»нинг турли бобларидан олинган юз сатрлик сунъий шеър деган фикрни илгари суради. Бундан мақсад муаллифлар, афтидан, ҳажвноманинг ёзилиш усули, гўё Фирдавсийга хослигини сақлаб қолмоқчи бўлишган.
Чех олими Ян таъкидлайдики, Султон Маҳмуд «Шоҳнома»нинг юксак ва тенгсиз бадиий асар эканлигини тан олиб, юқори баҳолаган ҳамда буюк асар тагида ётган шиа мазҳабига оид ғояларини ёқтирмаган. Ва сарой аъёнлари подшоҳнинг ана шу кайфиятидан фойдаланиб, шоир билан Султоннинг яхши муносабатларига раҳна солишга уринганлар ва бунга эришганлар.
Фикримизча, — дейди чех олими, — ҳажвноманинг дунёга келиши ана шу кайфият билан боғлиқ бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Атоқли шарқшунос олим Е.Э.Бертельс «История културы и литературы Ирана» китобида (Москва, 1988 й.) ҳам ана шу муносабатларга тўхталиб, шоирнинг ҳажвияси ҳақиқатдан ўйлаб чиқарилган бир нарса, аслида Фирдавсий томонидан ёзилганлигига ишониб бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Биз Фирдавсий ва Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг ўзаро муносабатлари хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларимизни баён этдик. Масалага чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, Султоннинг ваъда қилинган ақчани бермаганлиги, шундан кейин Фирдавсийнинг Султон Маҳмуд ҳақида ҳажвнома ёзиши, ҳар икки буюк сиймонинг обрў-эътиборига соя солмайдимикан, ахир бири улуғ шоир, бири буюк ҳукмдор бўлса! Султон Маҳмуд ғирром, хасис, деб буюк шоирга ҳурматсизлик қилганликда айбланмоқда, Фирдавсий бўлса, Султон саройида иззат-ҳурматда яшаб, ундан кўп маънавий, моддий мадад олиб, оқибат-натижада Султонни ҳажв қилиб, бу билан гўё ўз шаънига ҳам ёмон ном қолдиргандек. Ҳажвномани ёзиб, Фирдавсийга ҳам, Султонга ҳам туҳмат қилган ғийбатчи, ғаламислар бўлса, фош этилмай, барча сиру асрорни ўзлари билан тупроққа олиб кетгандай туюлади.
Султон Маҳмуд Ғазнавий Шарқда буюк туркий давлат барпо этган атоқли давлат арбоби бўлса, Фирдавсий ғазнавийлар салтанати даргоҳида «Шоҳнома»дек тенги йўқ асар яратган улуғ шоир ва мутафаккирдир. Ўша даврдаги Ғазнада ижод қилган, ҳар бири бутун дунёга арзийдиган шоиру алломалар, шу жумладан, Фирдавсий ҳам ана шу буюк давлат доирасидаги маънавий-маърифий уйғониш даврининг ижодкорларидандир.
Яна шуни таъкидлаш лозимки, бизнинг ота-боболаримиз Ғарбга эмас, Шарқ маърифий-маънавий оламига тақлид этганлар, ҳатто давлат ишлари ҳам, шоиру алломаларнинг асарлари ҳам кўпроқ форсий, кейинчалик араб тилида ёзилган. Султон Маҳмуд Ғазнавий ўз она тили — туркий тилдан ташқари форс ва араб тилларини яхши билган маърифатли ҳукмдор бўлган. Кўп китоблар мутолаа этган, ҳатто ғазаллар битган. Мусиқа, қўшиқ, гўзаллик ихлосманди бўлган. Ғазна салтанатидаги машҳур шоирларнинг шеър, достон, қисса-қасидалари ҳам асосан форс тилида ёзилган. Энг буюк асарлар сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар давлати паноҳида, уларнинг маънавий-маданий ҳомийликлари доирасида юзага келган. Жумладан, Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си ҳам Султон Маҳмуднинг паноҳида, унинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайли яратилиб қолган. Минг йиллардан бери дунё тарихшунослари, адиблари томонидан икки улуғ зотнинг муносабатлари ҳақидаги битикларда «Шоҳнома»дек буюк асарнинг яратилиб қолишидек тарихий воқеадан кўра, Султон «Шоҳнома»га ваъда қилинган тилла танга ўрнига нуқра бериб юборган деган анча сийқаси чиқиб кетган қарашлар, икки қадимий иқтидорли халқлар — форсийлар билан туркий халқлар ўртасидаги азалий ҳамдўстлик алоқаларига озгина бўлса ҳам раҳна солмоқдаки, бу чиқишлар, минг афсуски, ҳануз давом этиб келмоқда.
Давлатларимиз мустақил тараққиёт йўлига кирган, миллий анъаналаримиз, тарихимиз ҳар томонлама қайта тирилиб, тилимиз, дину диёнатимиз, ўзлигимиз қайтиб келган нурли замонда Шарқ халқлари тарихининг биз қаламга олган ана шу саҳифаларини қайтадан кўриб чиқиш вақти етмадимикин?
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 6-сон