Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли — Огаҳий XIX аср Хоразм адабий муҳитининг йирик сиймоларидан бири бўлиб, Навоийдан кейин энг “кўп ва хўб” шеър айтган шоирлардандир.
Огаҳий 1809 йил 17 декабрда Хива атрофидаги Қиёт қишлоғида (Ҳозирги Огаҳий номли жамоа хўжалиги) дунёга келган. Отаси Эрниёзбек вафот этгач, ёш қолган Огаҳийни тоғаси Мунис ўз тарбиясига олди. Мунис атрофига тўпланган ижодкорлар бўлғуси шоир Огаҳий ижодига катта таъсир қилди. Огаҳий дастлабки билимни Мунис Хоразмийдан олди, кейичалик Хива мадрасаларида таҳсил кўрди. 1829 йил Мунис вафот қилгандан кейин Оллоҳқулихон унинг ўрнига Огаҳийни бош мироблик вазифасига тайинлайди. Шоир хизмат юзасидан Хоразм воҳасининг кўп жойларида бўлиб, деҳқонларни, ҳунармандларни аянчли ҳаётини ўз кўзи билан кўрди. Бу Огаҳий ижодига таъсир этмай қолмади.
Огаҳийдан бой ижодий мерос қолди. У мадрасада ўқиб юрган пайтларидаёқ “Баёзи мутафарриқаи форсий” номли баёз тузди. Бу баёзга Жомий, Навоий, Ҳофиз, Шерозий, Бедил, Фузулий ғазалларини киритиш билан бир қаторда уларга эргашиб ёзган ўзининг ўн беш ғазали ва икки мухаммасини қўшди. Огаҳий устози Мунис бошлаб қўйган, аммо, тамомлай олмаган тарихий “Фирдавс ул-иқбол” асарини ёзиб тугатди. Бундан ташқари Хива хонлиги тарихига оид “Риёз уд-давла”, “Жомеъ ул-воқеоти Султоний”, “Зубдат ут-таворих”, “Гулшани давлат”, “Шоҳиди иқбол” номли тарихий асарлар ёзди. Огаҳий жаҳон маданиятини нодир дурдоналари ҳисобланган Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, Низомийнинг “Ҳафт пайкар”, Ҳилолийнинг “Шоҳ ва гадо”, Кайковуснинг “Қобуснома”, Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний”, Жомийнинг “Юсуф ва Зулайҳо” каби бадиий, тарихий, ахлоқий, фалсафий, дидактик асарларини ўзбек тилига таржима қилди.
Огаҳий 1872 йилда пароканда бўлган бадиий меросини жамлаб “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) номли девон тузиб қолдирди. Маданиятимизнинг дурдонаси бўлган бу девон ўзбек мумтоз шеъриятининг 22 жанрини ўз ичига қамраб олган.
Огаҳий ижодида XIX аср Хива хонлигидаги ижтимоий ҳаёт ўз ифодасини топган. Бу даврга келиб, Туркистон Русия томонидан босиб олинганди, халқ икки ёқдан зулм остида қолганди. Огаҳий бундан қаттиқ қайғурарди, халқ ҳур, озод яшашини орзу қиларди.
Огаҳий дунёга, инсонга туганмас муҳаббат, ҳаётга чексиз меҳр билан қарайди, ижтимоий жараёнларга қаттиқ қизиқади. Шоир инсонни ҳаёт гўзалликларини, муҳаббат шавқ-завқини тўлиб-тошиб тараннум этади. Мутафаккир ўз асарларига ижтимоий фикрларни маҳорат билан сингдириб юборади. Мисол учун машҳур “Феруз” ашуласидаги қуйидаги сатрларни эслайлик:
Эй шоҳ, карам айлар чоғи тенг тут ёмону яхшини,
Ким, меҳр нури тенг тушар вайрону обод устина.
Хоки танинг барбод ўлур, охир жаҳонда неча йил,
Сайр эт Сулаймондек агар тахтинг қуриб бод устина.
Огаҳийнинг юксак инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ғоялари хон ва шоир Ферузнинг сиёсий-маърифий тарбиясига таъсир қилади. У тарихчи олим сифатида Хива хонларига, йирик тарихий шахсларга бағишлаб қасидалар ёзган. Шоирнинг “Қасидаи насиҳат” деган қасидаси бунга яққол мисол бўлади. Асар Ферузга бағишланган. Огаҳий ўз насиҳатларида салтанатни бошқаришнинг йўл-йўриқларини кўрсатади, мамлакат ва халқни адолат билан идора этиш йўлларини белгилаб беради. Бу қасида маснавий жанрида ёзилган бўлиб, шоирнинг сиёсий-маърифий қарашларини ёрқин ифода қилади. Шоир фикрича, ҳар қандай давлат бошлиғи ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун барча ижобий фазилатларга эга бўлиши лозим. Подшоҳи ҳимматли, шижоатли, адолатли, ғайратли, саховатли, ҳаёли, соф ниятли, маданиятли, ҳамиятли камбағалпарвар бўлиши зарур. Ҳукмдор шу фазилатларга эга бўлса ҳокимияти камол топади, мамлакати фаровон бўлади, деган фикрни илгари суради.
Огаҳий давлатни бошқаришнинг йўлларини ҳам кўрсатиб ўтган. Шоирнинг фикрича, шоҳ шариат аҳкомларига қаттиқ амал қилмоғи даркор. Айш-ишратдан, фитна ва ғийбатдан, ғафлатдан, ялқ-овликдан, зулм-разолатдан, чақимчиликдан, молпарастликдан узоқ бўлиши керак. Хива хони Феруз Огахийнинг давлатни бошқариш тўғрисидаги маслаҳатларига қулоқ тутган, унинг ҳикматаи байтларини мармар тошларга ёздириб арзхоналарига қўйдирган, кўп эзгу ишларни амалга оширган.
Бу даврда Хоразм халқи маҳаллий бойлар ва рус босқинчилари зулми остида қолганди. Лекин шунга қарамай хонликда маданий-маърифий ишлар ривож топди. Бунда Огаҳийнинг маърифий ҳис-саси катта бўлди. Огаҳийнинг Ферузга берган сиёсий сабоқлари бугун ҳам ўз қийматини йўқотган эмас.
Мутафаккир шоир жамиятнинг инсонпарварлик имкониятларини оширишнинг барча йўлларидан фойдаланишга ҳаракат қилди, ҳукмдорларни адолатга, раҳм-шафқатга даъват этди. Огаҳий Сайид Муҳаммадхон илтимосига биноан 1857 йилда қасида ёзди.
Бас, энди раиятга қил имдод,
Топай десанг икки жаҳонда мурод.
Илоҳе, бу қаср ичра қилгин макон,
Бу манзилни фаҳм этмагил жовидон.
Вафосиз дурур даҳр иқболи бил,
Бақосиз дурур мулк ила моли бил.
Кўнгил қўймагил мулк бунёдиға,
Ет, албатта, мазлумлар додиға!
Қасида кўҳна Аркда хоннинг арзхонасидаги мармар устунга ўйиб ёзилди. Шоир ўз қасидасида инсонпарварлик ғояларини олға сурди, адолатпарвар, маърифатпарвар давлат раҳбарларини орзу қилди ва хонни шунга даъват этди.
Огаҳий Хива хонлигининг 1813 йилдан 1873 йилгача бўлган тарихини изчиллик билан бой манбалар асосида ёзиб қолдирган. Огаҳийнинг тарихий асарларига академик В. В. Бартольд юқори баҳо берган: “Мунис ва Огаҳий томонидан яратилган адабий ва тарихий асарлар… воқеаларни баён этиш ва уларда келтирилган далилий манбаларнинг кўплиги жиҳатидан бизгача етиб келган Қўқон ва Бухоро хонликлари тарихи бўйича бўлган ҳамма асарларни ўзидан анча орқада қолдиради”[1].
Огахийнинг тарихий асарлари далилий манбаларнинг бойлиги ва ишончли бўлиши билан ажралиб туради. Огаҳийнинг тарихий асарлари қўшни қардош халқларнинг тарихини ўрганишда биринчи манба ҳисобланади. Унинг таржима асарлари Хоразм ижодкорларини араб, форс-тожик адабиётининг ноёб дурдоналари билан таништирди, халқнинг маънавий савиясини бир поғона баландга кўтарди, ўзбек адабиёти хазинасини янги асарлар билан бойитди, халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлади.
фалс. ф.н. М. Сафарбоев
_________________
[1] В. В. Бартольд. История культурной жизни Туркистана. Л. — 1927. 113 бет.
Мақолалар
Муҳаммадризо Огаҳий шеъриятидан
Ўзбек зиёлилари: Муҳаммадризо Огаҳий (1809-1874)
Комил Аваз. Муҳаммадризо Огаҳий
Матназар Абдулҳаким: “Огаҳий ўз тахаллусини Навоий ижодидан келиб чиқиб танлаган” (2009)
Китоблар
Муҳаммадризо Огаҳий. Асарлар. 1-жилд. Девон
Муҳаммадризо Огаҳий. Асарлар. 2-жилд. Девон
Муҳаммадризо Огаҳий. Асарлар. 3-жилд. Ижодий таржималар
Муҳаммадризо Огаҳий. Асарлар. 4-жилд. Бадиий таржималар
Муҳаммадризо Огаҳий. Асарлар. 5-жилд. Тарихий асарлар
Муҳаммадризо Огаҳий. Асарлар. 6-жилд
Муҳаммадризо Огаҳий, Мунис. Фирдавс ул-иқбол
Комил Аваз. Огаҳий (драма)