Ҳусайн Воиз Кошифий (1440-1505)

XV асрнинг иккинчи ярмида Хуросонда Алишер Навоий атрофида тўпланган аллома, шоир ва донишмандлар орасида машҳур ва қомусий талант эгаларидан бири Воиз Кошифийдир.

Камолиддин Ҳусайн Воиз Кошифий тахминан 1440 йилларда Хуросон вилоятидаги Сабзавор шаҳрининг Байҳақ кентида туғилган, унинг ота-онаси, болалиги ҳақида ҳозирча ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ. Бизнингча, у бошланғич маълумотни Сабзаворда олган. У араб, форс, туркий тили, математика, астрономия, кимё, мусиқа, адабиёт, фиқҳдан тўлиқ маълумотга эга бўлган. Ёшлигиданоқ воизлик — сўз санъати билан шуғулланган. Кошифий Сабзаворда тез орада кўзга кўринган воиз — нотиқ бўлиб танилган. Кейинчалик Нишопурда 1455—1468 йилларда эса Машҳадда яшаб, воизлик қилган. 1468 йилнинг охирларида Абдураҳмон Жомийнинг тавсияси билан Ҳусайн Воиз Кошифий Ҳиротга келади ва қолган умрини асосан Ҳиротда Темурийлар раҳнамолигида ўтказади.

Маълумки, XV асрнинг иккинчи ярмида Темурийлар, хусусан Ҳусайн Бойқаро даврида Ҳирот Шарқнинг маданият маркази эди. Тарихчи олим Саййид Нафисийнинг айтишича, Кошифий умрининг охирида Ҳиндистонга қилган сафари ҳақида ҳам деярли маълумот йўқ. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг икки қизи ва бир ўғли бўлиб, ўғли Фахриддин Али ас-Сафий ўз даврининг катта шоири, ёзувчиси ва олими («Рашоҳоти айн ал-ҳаёт» асари билан машҳур) бўлиб етишган. Али ас-Сафийнинг ислом тарихига, пайғамбарлар ҳаётига, адабиётга, Хўжа Аҳрорга, ахлоққа, кимёга бағишланган ўндан ортиқ илмий ва бадиий асарлари бор. Ҳусайн Воиз Кошифий 1505 йилда Ҳиротда вафот этади.

Ҳусайн Воиз Кошифий зиёратгоҳи. Сабзавор, Эрон

Камолиддин Ҳусайн — алломанинг исм-шарифи, воиз (нотиқ) — лақаби, Кошифий (кашф қилмоқ, яратмоқ) — адабий тахаллусидир. Ҳусайн Воиз Кошифий асарларини ўз даврининг илмий тили — форс тилида ёзган бўлиб, ундан кўпгина илмий, бадиий таржима асарлари ҳам мерос қолган. У фалсафа, ахлоқ, тилшунослик, адабиётшунослик, сиёсат, тарих, кимё, астрономия, математика, мусиқа, воизлик, шеър санъати, дин тарихи, фиқҳ, тиббиёт каби фанларга оид 200 дан ортиқ асар ёзганлиги манбалардан маълум.

Кошифийнинг Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик ва Ҳ. Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтларида 45 номдаги асарларининг 197 қўлёзма ва 75 тошбосма нусхалари сақланмоқда. Бундан ташқари у ўз даврининг кўзга кўринган илоҳиётчи олими бўлиб, ҳадисни, Қуръони Каримни ёддан билган, ҳатто Қуръонга тўрт китобдан иборат шарҳ ҳам ёзган. Кошифийнинг «Ахлоқи Муҳсиний», «Рисолаи Ҳотамия», «Анвори Сухайлий», «Футувватномаи Султоний», «Тавсири Ҳусайний», «Жавоҳирнома» каби ўндан ортиқ асари араб, татар, эски ўзбек, урду, турк, немис, инглиз, француз ва бошқа тилларга таржима қилинган.

Ҳозирги кунда Кошифий асарлари Париж, Лондон, Берлин, Санкт-Петербург, Москва каби шаҳарларда, Ироқ, Туркия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа шарқ мамлакатларининг кутубхоналарида сақланмоқда. Чет мамлакатларда Кошифий асарларига қизиқиш XVIII—XIX асрлардаёқ кучли бўлиб, Ғарбий Оврўпонинг X. Г. Кин, М. Дуайт, Д. Д. Дональсон, Э. Браун, А. А. Арберри, Э. С. Кеннеди, Э. Розенталь, X. Массе, К. С. Ламбтон, Р. Леви, А М. Шастери каби машҳур олимлари Марказий Осиё ва Эроннинг XIV—XV асрлардаги маданияти тарихини атрофлича ўрганишга ҳаракат қилганлар ва Кошифийнинг ижоди, меросига юқори баҳо берганлар.

Кошифий ижодини ўз даврининг йирик тарихчиси Хондамир «Хулосат ул-ахбор» асарида: «Ул жаноб нужум илмида ҳам зўр маҳоратга эга эди, чунончи унинг таъбирлари Қазо ўқи сингари бехатар бўларди. Унинг балоғатоётлик ҳамда фасоҳатсифатлик китоблари кўп ва беҳисоб бўлиб, уларнинг кўпи олиймақом амир Алишернинг атоқли номи билан зийнатланган. Амир Алишернинг инояти ва илтифоти ул жанобнинг ҳол саҳифасига ҳамма вақт тушиб турарди…»[1] — деб таърифлайди. Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарининг тўртинчи мажлисида: «Мавлоно «Ҳусайн Воиз — «Кошифий» тахаллус қилур, Савзаворлиқдур. Йигирма йилға яқин борким, шаҳрдадур ва Мавлоно зуфунун ва рангин ва пуркор воқеъ бўлубтур. Он фан бўлғайким, даҳли бўлмағай. Хусусан ваъз, иншо ва нужумки, анинг ҳаққидур ва ҳар қайсида муттаййин ва машҳур ишлари бор…»[2] — деб юксак баҳолаган.

Ҳусайн Воиз Кошифий Ҳирот мадрасаларида талабаларга таълим-тарбия берган, Хуросон шаҳарларида ахлоқ-одобдан ваъз айтган. Кошифий ўз асарларида ижтимоий-ахлоқий ҳаёт, маънавият масалаларига катта ўрин ажратади, сиёсат, давлатни бошқариш, шоҳ билан фуқаролар ўртасидаги муносабат, жамоани идора этиш, етук инсонни тарбиялаш муаммолари унинг ижодида катта ўрин эгаллайди. Уларда инсонпарварлик, халқпарварлик, юқори маънавиятга эга бўлиш, маданий юксалиш ғояларини илгари суради. Унинг «Ахлоқи Муҳсиний», «Рисолаи Ҳотамия», «Анвори Сихайлий», «Ахлоқи Карим», «Жавоҳирнома», «Луббо ул-маънавий фи-интихоби маснавий», «Искандар ойнаси», «Тафсири Ҳусайний», «Футувватномаи Султоний» каби асарлари шулар жумласидандир. Бу асарлардан Хуросон мамлакатида, Ҳиротда ва бошқа шаҳарлардаги мадрасаларда талабалар учун дарслик сифатида фойдаланилган. Мутафаккир бу асарларида ўзининг ҳаётдан олган собоқлари, тажрибалари асосида халқчиллик, инсонпарварлик, ижтимоий ҳаёт, адолат, ҳалоллик, софдиллик, поклик, тўғрилик, ростгўйлик ҳақидаги фикрларини ўқимишли, қизиқарли ҳикоятлар, ривоятлар ёрдамида баён этади. Бу асарлар Кошифий тили билан айтганда «Ҳикмати амалий» асосида ёзилганлигидан бугунги кунда ҳам жуда катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.

Ҳусайн Воиз Кошифий инсонни дунёдаги энг юксак олижаноб мавжудот деб билади. Одам номи яхшилик билан эслаш туфайли боқийдир, ҳаётлик айёмининг ҳосили яхши ном орттиришдир, — дейди.

Бу Воиз Кошифий ахлоқий таълимотининг етакчи ғоясидир. У салбий ахлоқий хислатларни қоралайди ва уларнинг инсон ҳаётида ва жамият учун катта зарар олиб келишини қатор ҳикоят ва ривоятлар билан кўрсатади.

Ҳусайн Воиз Кошифий яхшилик ва ёмонлик, адолат, виждон, бурч тушунчалари ҳақида ҳам атрофлича фикр юритади. Ахлоқ нормаси — инсонларнинг хулқ, феъл-атворларини тартибга солиб турувчи ахлоқий талаблардир. Кошифий ижобий хислатларни кишиларда бўлиши шарт бўлган инсоний фазилат деб тушунади ва сабр, ҳаё, иффат, покизалик, собитқадамлик, сахийлик, саховат, ростгўйлик, шижоат, камтарлик, ҳушёрлик, баланд ҳимматлик, диёнатлилик, аҳдига вафолик, андишалилик, иззат-ҳурматни бйлиш, сир яшира олиш каби фазилатларни бирма-бир таърифлаб ўтади. Кошифий ахлоқли инсон деганда, илм-маърифатга интилувчи, ҳақиқат ва адолатни севувчи, адолатсизликка қарши курашувчи, мард, ҳаракатчан, олижаноб, сахий, очиқ қалб инсонни тушунган.

Ахлоқ масалаларини ёритишда Кошифийнинг «Ахлоқи Муҳсиний» (Ҳусайн Бойқаронинг ўғли — Абдулмуҳсин Мирзога бағишланган) асари энг машҳур ва муҳим аҳамият касб этади. Кошифий ўз асарларида сиёсат, давлатни бошқариш масалалари бўйича ҳам ўз даври учун муҳим фикрларни олға суради. У давлатни одилона бошқаришда сиёсатдан фойдаланиш кераклигини алоҳида таъкидлайди:

Жаҳонда пок сув ичмакка бўлмас ҳеч ким қодир.
Агар шоҳлар сиёсат тиғин элига қилмаса зоҳир.

— дейди.

Сиёсат мамлакатни бошқариш учун зарур, у шахсий иш эмас, балки ижтимоий ишдир. Сиёсат адолатли бўлса, мамлакат, жамият ривож топади, халқи фаровон яшайди. Сиёсатни одил подшоҳлар адолат билан бошқаришлари керак:

Мамлакат тобқай сиёсатдин низом,
Гар сиёсат бўлмаса етгай халал,
Топмағай олам иши асло тузут.
Бесиёсат ҳеч вақту ҳеч маҳал.

Ёки:

«… Адл (адолат — Р. М.) сиёсатсиз мавжуд бўлмас. Сиёсат йўқ бўлса, сардорлик заиф. На учунким мулку-миллат зийнати, дину давлати мусаллаҳи сиёсатдур», — деб мамлакат тараққиётини, адолат қарор топишини ҳам Кошифий сиёсатга боғлайди.

Демак, Ҳусайн Воиз Кошифий шоир, ёзувчи, олимгина эмас, балки доно сиёсатчи ҳам бўлган. Унинг жамият, давлат, тинчлик, ихтилофларни осойишталик билан ҳал этиш зарурлиги тўғрисидаги фикрлари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмокда.

Воиз Кошифий Алишер Навоийнинг маънавий даврасида бўлган XV аср Хуросон ва Мовароуннаҳр маданиятининг ривожига катта ҳисса қўшган ҳамда ўз асарлари билан сўнгги авлодларга катта таъсир кўрсатган машҳур алломалардан бўлиб тариҳда қолди. У қомусий ижоди билан ўз даври маънавий юксалиши йўлида фаол хизмат қилди ва нафақат Марказий Осиё, балки бутун Шарқ умуминсоний, маданий бойликларини кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатди.

фалс. ф.н. Р. Ж. Маҳмудов

[1] Хондамир. «Хулосат ул-ахбор». Навоий замондошлари хотирасида. Т., 1986, 70—71-бетлар.

[2] Навоий А. «Мажолисун-нафоис». Асарлар, 12-жилд. Т., 1966, 123—124-бетлар.