Чўқон Чингиз ўғли Валихоновнинг асл исми — Муҳаммад Ҳанавия бўлиб, қозоқ халқининг буюк олими, демократ-маърифатпарвари, тарихчиси, этнографи, фольклоршунос, сайёҳ ва жуғрофидир.
Чўқон Валихонов 1835 йилда Қозоғистоннинг ҳозирги Кустоной вилоятида Кўчмурин деган жойда туғилган. У Абилойхоннинг эвараси. Чўқон илк бор Кўчмуриндаги қозоқ мактабида ўқиб, арабча хат танигандан сўнг, “хон боласи еттита тил билиши керак” деган гап билан Шарқ тилларини, шу жумладан, араб, чиғотой, шунингдек, Марказий Осиё халқлари тилларини ҳам мукаммал ўрганди.
1847 йили 12 яшар Чўқонни отаси Омскидаги кадет корпусига ўқишга беради. Унда аъло баҳолар билан ўқиган Чўқон ўз дўстлари орасида обрў-эътиборга лойиқ бўлиб вояга ета бошлайди. Кадет корпусида Г.Н. Потанин билан бирга ўқийди, улар самимий дўст бўладилар. Чўқон ўқиб юрган вақтида Тўқтамишнинг “Хон ёрлиғини” чуқур ўрганди. Бу Чўқон Валихоновнинг илмий изланишидаги илк қадами эди. Шундай қилиб, 14—15 ёшли Чўқонга кадет корпус ўқитувчилари меҳр билан ёндошиб, унга келажакдаги буюк олим деб қарай бошлайдилар. Шу пайтларда у тарих, жуғрофия фанларига алоҳида эътибор бериб, қунт билан ўқиб-ўрганади.
Чўқон 1853 йили 18 ёшида Омскдаги кадет корпусини, яъни ҳарбий ўқув юртини тамомлагач, Сибирь казак-рус 6-чи отлиқ аскар полкининг зобити бўлиб ишга ўтади. 1861—1862 йиллари Санкт-Перербург университетининг тарих-филология факультетида маърузалар тинглаб, илмий савиясини ошириб боради.
Ғарбий Сибирь генерал-губернаторлигида хизмат қилган Чўқон Валихонов, Хитой ва Марказий Осиёга уюштирилган илмий-текшириш экспедицияларида иштирок этади. 1858—1859 йилларда Кошғарга саёҳат қилади, 1855 йили Омскдан Семипалатинскка, шунингдек, Аякўз, Қопал орқали қирғиз Олатоғларигача бўлган ерлар билан танишади. Қайтишида, Жонғор орқали Олакўл, Тарбоғатойга саёҳат қилади. Сўнг Марказий Қозоғистон — Қорғорали, Бояновул, Кўкчатов орқали юриб, кузда Омскга қайтади. Мана шу сафарларида у қозоқ, қирғиз оғзаки ижод дурдоналарини ёзиб олиб, тарихий ва этнографик материаллар тўплай бошлайди ва илмий изланишлар олиб боришга киришади.
Чўқон Валихонов 1860—1861 йиллари Санкт-Петербургда яшаган пайтларида рус демократлари, олимлари билан якиндан алоқа боғлаб, Фанлар академияси ва Рус жуғрофия жамияти ишларида фаол қатнашади. Осиё харитасини тузишда яқиндан ёрдам беради. У тарих, жуғрофия, сиёсий иқтисод, этнография, археология, фольклоршунослик соҳаларида илмий асарлар яратади. Бу ўринда унинг “Жунғария тарихи”, “Қўлжа сафари кундалиги”, “Кошғар сафари кундалигидан”, “Қирғизлар”, “Хон Абилой”, “Хитой империясининг ғарбий ўлкаси ва Ғулжа шаҳри”, “Кўкитой хоннинг оши”, “Дала мусулмонлиги”, “Қозоқлар ҳақида ёзмалар”, “Суд реформаси ҳақида”, “Қозоқ шажараси” каби асарлари Марказий Осиё, Шарқий Туркистон, Ғарбий Хитой, қозоқ, қирғиз, уйғур каби халқларнинг этнографияси, турмуши, маданиятини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Бу асарлар фақат далил-ашёлари билан эмас, чуқур умумлаштирилган илмий хулосалари билан ҳам алоҳида эътиборга сазовордир. Уларда мазкур ўлкаларнинг жуғрофий, табиий, ижтимоий-маънавий ўтмиши бўйича ниҳоятда қимматли материаллар бор.
Чўқон Валихонов ўша саёҳат жараёнида халқ оғзаки дурдоналарини, шу жумладан, эртак ва афсоналарни, достонларни, халқ қўшиқларини ёзиб олган эди. Кейинчалик “Кўзи Кўрпеш-Баян сулув” достонини рус тилига таржима қилиб, И.Н. Березин тарафидан яратилган Хрестоматияга киритган.
Чўқон халқ оғзаки ижодини чуқур илмий ўрганиб, “Қозоқнинг халқ достонларининг турлари ҳақида”, “Ўрта юз қозоқларининг афсона-эртаклари тўғрисида”, “XVIII аср ботирлари ҳақида тарихий афсоналар” каби илмий тадқиқотларини яратди. У қозоқ халқининг ботирлари ҳақидаги эпик асарларнинг ҳинду-ҳерман эпосларига ўхшашлигини биринчи бўлиб айтган олимдир. “Ер кўкча” достони XIV—XVI асрда яратилган бўлиб, Ер Кўкча паҳлавон тарихий шахс эканлигини исботлаб берди.
Қирғиз халқ достони “Манас”нинг кўп қисмини ёзиб олган, рус тилига ўгирган ва чуқур ўрганган эди. Бу асарни “Илиада”, “Одиссея” асарлари билан бир қаторга қўйиб, юксак баҳо берган ҳам Чўқон Валихонов эди.
У Ўғизхон замонларидан буён ривожланиб келаётган қозоқ фольклорини атрофлича тадкиқ этиб, Ўринбой, Чўжа, Аристонбой, Кампирбой, Жоноқ каби оқинларнинг ижодини юқори баҳолади.
У қозоқ адабиёти тарихида биринчи бўлиб, қозоқ шеър қурилишини илмий ўрганди, қозоқ шеъриятининг ўзига хос хусусиятларини очиб берди. Чўқон Валихонов ўзининг “Қозоқ халқ поэзиясининг турлари ҳақида” деган илмий-назарий мақоласида қозоқ шеъриятини “Жыр”, “Ўлан”, “Қора ўлан”, “Қайим ўлан”, “Йўлов ўлан” турларга бўлиб илмий талқин этди.
Чўқон Валихоновнинг мусаввирлик фаолияти ҳам қозоқ тасвирий санъат тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Ундан бизгача 150 га яқин ранг-баранг тасвирий санъат асарлари етиб келган. У яратган расмлар XIX асрнинг 60-йилларининг бошларидаёқ “Всемирная иллюстрация”, “Искра”, “Русский художественный лист” каби журналлар ҳамда Рус жуғрофия жамиятининг “Хабарномасида” эълон этилган.
Чўқон Валихонов подшоҳ Россияси тузумини, мустамлакачилик зулмини кескин танқид қилди, рус маданиятини тарғиб қилди, қозоқ халқини кўчманчиликдан ўтроқ ҳолатга ўтишга даъват этди, маърифатли бўлишга чақирди. Д.И. Менделеев, П.П. Семенов-Тяньшанский, Г.Н. Потанин каби рус олимлари билан ижодий мулоқотда бўлди. В.Г. Белинский, Н.Г. Чернишевский ижодлари таьсири остида қозоқ ижтимоий-фалсафий фикрида биринчи бўлиб реалистик анъаналарни илгари сурди. 1860 йили Рус жуғрофия жамиятига аъзо бўлган Чўқон Валихонов рус мустамлакачилиги туфайли бўлаётган адолатсизликларни ҳам секин-аста тушуна бошлади.
Чўқон Валихонов фақат қозоқ халқи тарихидагина эмас, Марказий Осиё халқлари маданий ҳаётида ижтимоий тафаккур тараққиёти тарихида алоҳида ўрин тутган улкан олимдир. Унинг бой ва ранг-баранг илмий тадқиқотлари Туркистон халқларининг муштарак маданий-маънавий мулкидир.
ф.ф.н. Қ. Сейданов