Бурҳонуддин ал-Марғиноний (1123-1197)

Буюк фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абд ул-Жалил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний 1123 йил 23 сентябрда туғилган. У Қуръони, ҳадис илмларини мукаммал эгаллаб, фиқҳ— ислом хуқуқшунослиги борасида бениҳоя чуқур илмга эга бўлганлиги ва бу соҳада беқиёс дурдоналар яратганлиги туфайли Бурҳон уд-дин ва-л-милла[1] ва Бурҳонуддин ал-Марғиноний[2] номлари билан машҳурдир.

Бурҳонуддин ал-Марғиноний дастлабки таълимни Марғилонда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандга кўчиб борган ва умрининг охиригача ўша ерда яшаган. Мавлоно Бурҳонуддин ал-Марғиноний ёшлик чоғлариданоқ Қуръони каримни ёд олиб, ҳадисларни чуқур ўрганган.

У балоғат ёшига етганида мукаммал илмга эга бўлганига қарамай устозлардан таълим олишни давом эттирди. 1149 йили Бурҳонуддин ал-Марғиноний ҳаж сафарига борди. “Китоб ул-машойих” (“Шайхлар ҳақидаги китоб”) асарида у ўзи таълим олган 40 дан ортиқ шайх ва алломани санаб ўтган. Бу рўйхатда Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Абу ал-Асир ал-Байдавий, Абу Ёқуб ас-Саярий, Абу Исҳоқ ан-Навқадий, Жаъфар ал-Ҳиндувонийларнинг номлари бор.

Кейинчалик у фиқҳга оид масалалар билан қизиқиб, ўша даврнинг кўзга кўринган алломаларидан “Ал-Муҳит” (“Илмлар денгизи”) асарининг муаллифи Умар ибн Мааза, “Ал-Фатава ва фавоид аз-Заҳира” (“Фатволар ва зоҳир нарсаларнинг фойдалари”) асарининг муаллифи Зоҳир уд-дин ибн Умар ал-Қодий ал-Бухорий ибн ал-Итобий ва бошқаларнинг назарига тушган.

Бурҳониддин ал-Марғиноний мажмуаси. Марғилон

Бурҳонуддин ал-Марғиноний ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиш билан бирга ўзи ҳам фиқҳга оид бир қатор асарлар яратган. Бизгача етиб келган асарларидан “Бидоят ал-мунтаҳий (“Бошловчилар учун даст-лабки таълим”), “Кифоят ал-мунтаҳий” (“Якунловчилар учун тугал таълим”), “Нашр ул-мазҳаб” (“Мазҳабнинг ёйилиши”), “Китоб ул-мазид” (“Илмни зиёда қилувчи китоб”), “Маносик ул-ҳаж” (“Ҳаж маросимлари”), “Мажма ул-навозил” (“Нозил бўлган нарсалар тўплами”), “Китоб ул-фароиз” (“Фарзлар китоби”) ва бошқалар маълум.

Ал-Марғинонийнинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари 1178 йили Самарқандда ёзилди. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг “Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот фуқаҳо ва машойих мазҳаб ан-Нуъмон” (“Нуъмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома фақиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб”) номли асарида келтирилишича, Бурҳонуддин ал-Марғиноний “Бидоят ал-мунтаҳий” асарининг сўз бошисида “Ҳидоя”нинг яратилиши хусусида шундай ёзган: “Абу-л-Ҳасан Али ибн Бакр Абд ул-Жалил бир куни фиқҳ масалаларига бағишланган ҳажми унча катта бўлмаган, лекин мазмуни тўлиқ бўлган бир яхлит китоб зарур эканлиги ҳақида фикр билдирди. Ироққа сафар қилганимда у ерда “ал-Мухтасар ал-Қудурий” (“Кудурий қисқартмаси”)ни кўрдим. У фиқҳ бобида ажойиб асар эди. Бу пайтгача каттаю-кичик барча “Жомеъ ус-Сағир” (“Кичик тўплам”) дан фойдаланган эди. Шунда фикҳга оид барча асарларни жамлаб, улардан энг зарур масалаларни олдим ва бу асарга “Бидоят ал-мунтаҳий” деб ном бердим. Кейинчалик бу асарга шарҳ ёзиб, уни “Кифоя ул-мунтаҳий” деб номладим”[3].

Кейинчалик бу асарларнинг ҳам ҳажми катталик қилиб, янада мўъжаз бўлган, бутун ислом оламида ханафия мазҳабининг фиқҳ масалаларида асосий қўлланмасига айланган ал-Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” асари яратилди. Бу асар бутун мусулмон оламида машҳур бўлиб кетди, мусулмон ҳуқуқи — фиқҳ бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асар сифатида тан олинди.

“Ҳидоя”нинг асосини фиқҳ илми асосчиларидан бўлган Абу Ҳанифа ан-Нуъмон ибн Собит, Абу Абдуллоҳ, Аҳмад ибн Ҳанбалларнинг йирик асарлари, бу алломаларнинг шогирд ва сафдошларидан имом Абу Юсуф, имом Абу Абдуллоҳ ибн Ҳусайн-аш-Шайбоний (имом Муҳаммад), имом Абу-л-Хазл Зуфар ибн Хазлларнинг асарлари, дастлабки тўрт халифа ва саҳобаларнинг ривоятлари, улар хабар қилган ҳадислар ташкил қилади. Бундан ташқари, “Ҳидоя”да асосий фиқҳий масалаларнинг шарҳи ва ечимида Муҳаммад Баздавийнинг “Мабсут”, ибн Исо ат-Термизийнинг “Жомеъ ул-Кабир” (“Катта тўгшам”), Қудурийнинг “ал-Мухтасар ал-Қудурий” каби асарларига ишора қилинади.

“Ҳидоя”да ҳуқуқий масалаларнинг ечими дастлаб йирик фиқҳ олимлари фикрларининг баёни ва унга бошқа муаллифлар эътирозлари ёки қўшилишларини изҳор этиш йўли билан берилган. Ана шу обрўли муаллифлар фикрларидан келиб чиқиб, муайян масалада энг маъқул ечимни танлаб олиш йўлига амал қилинган. Шу тариқа унда қонуннинг айнан ифодасигина эмас, балки унинг мукаммал шарҳи ҳам асослаб келтирилади.

“Ҳидоя” тўрт жуздан иборат бўлиб, биринчи жузга ибодат масалалари киритилган, булар: таҳорат, намоз, рўза, закот ва ҳаж китобларидир. Иккинчи жузга никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган боланинг насабини аниқлаш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар, шерикчилик ва вақф мулки каби масалалар киритилган.

Учинчи жузда эса олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қозиларнинг вазифалари, гувоҳлик, берилган гувоҳликдан қайтиш, ваколат, даъво, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни сақлашга бериш, қарз бериш, совға, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик (патронат), мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган.

Тўртинчи жузда эса шафоат, мерос тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчилик хусусида шартнома, қурбонликка сўйиладиган жонзод ҳақида, умуман қурбонлик қилиш ҳақида, шариатга зид ёмон нарсалар ҳақида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақиқланган ичимликлар ҳақида, овчилик, гаровга бериш, жиноятлар хусусида, хун ҳақи тўлаш, васият каби масалалар ёритилган.

“Ҳидоя” бир неча асрлар давомида кўп мусулмон мамлакатларида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам ҳуқуқшунослик бўйича энг асосий қўлланма ҳисобланиб, бу ерда 1917 йил инқилобидан кейин ҳам, то 30-йилларгача шариат қозилари бекор қилиниб, совет суд системаси жорий қилингунча, амалда бўлиб келди. Ҳозирги кунда ҳам ислом шариати асосида иш юритадиган мусулмон мамлакатлар ҳуқуқшунослигида бу асардан кенг фойдаланилади. “Ҳидоя” нинг 1893 йилда рус тилида қисқартирилган таржимаси Н. П. Гродеков томонидан нашр этилган[4].

Ўзбекистоннинг мустақилликка эришуви туфайли ислом ёдгорликлари, жумладан, шариат, фиқҳга оид асарларни ўрганиш, бу соҳадаги бой меросимизни нашр этиш имконияти вужудга келди. Ватандошимиз ал-Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ислом ҳуқуқшунослигида машҳурлигини назарга олиб Н. И. Гродековнинг инглизчадан русчага қилган ва тор доира учун мўлжалланган “Ҳидоя”нинг 1-китоби Тошкентда 1994 йилда юридик фанлари доктори А. X. Саидовнинг сўз бошиси ва шарҳи билан қайта нашр этилди.

Узоқ мусулмон оламида ҳозиргача ўз қимматини йўқотмаган “Ҳидоя” ва унинг муаллифи Марғиноний фаолияти ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.

илмий ходим О. Қориев

[1] Милла деганда халқ, яъни мусулмонлар тушунилади. Бу ерда олимни улуғлаб, уни ислом оламидаги халқлар ҳамда ислом динининг далили, исботи дейилмоқчи.

[2] Марғинон — Марғилон шаҳрини ўрта асрларда араблар Марғинон деб аташган.

[3] ЎзР ФА Абу РАйҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди. Инв. № 2929, 214.

[4] Қаранг. Ҳидоя. Комментарии мусульманского право. Тошкент, 1893. Т., I—IV. асар 400 нусхада босилган бўлиб, “Туркистон ўлкасини” маъмурий жандарм бошқарув ишларидаги хизматчиларига мўлжаллангандир (“Туркистанские ведомости” 1893 г. 16 (28) июня), яъни Рус чоризмининг мустамлакачилик сиёсатини амалга оширишни осонлаштириш мақсадларига бўйсундирилган бўлиб, русча таржима инглизча таржимасидек тўлиқ эмас, айрим қисмлари тўлиғича тушириб қолдирилган.