Абу Наср Форобий (873-950)

27

Форобий унинг тахаллуси бўлиб, тўлиқ номи Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ўзлуғ Тархон — жаҳон маданиятига катта ҳисса қўшган Марказий осиёлик машҳур файласуф, қомусий олим. Ўрта асрнинг бир қанча илмий ютуқлари, умуман Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида тараққийпарвар ижтимоий-фалсафий тафаккур ривожи унинг номи билан боғлиқ. Форобий ўз замонаси илмларининг барча соҳасини мукаммал билганлиги ва бу илмлар ривожига катта ҳисса қўшганлиги, юнон фалсафасини шарҳлаб, дунёга кенг танитганлиги туфайли Шарқ мамлакатларида унинг номи улуғланиб, “Ал-Муаллим ас-соний” — “Иккинчи муаллим” (Аристотелдан кейин), “Шарқ Арастуси” деб юритилган.

Форобий туркий қабилалардан бўлган ҳарбий хизматчи оиласида, Сирдарё қирғоғидаги Фороб — Ўтрор деган жойда туғилган. У туғилган ҳудуд Сомонийлар томонидан бошқарилиб, араб халифалигининг шимолий чегараси ҳисобланган. Форобий бошланғич маълумотни она юртида олди. Сўнг Тошкент (Шош), Бухоро, Самарқандда ўқиди. Кейинроқ ўз маълумотини ошириш учун араб халифалигининг маданий маркази бўлган Бағдодга келди. Бағдодда бу даврда мусулмон дунёсининг турли ўлкаларидан, хусусан Марказий Осиёдан келган кўп илм аҳллари тўпланишган эди. У ерга бора туриб Форобий Эрон шаҳарлари — Исфаҳон, Ҳамадон, Райда ва бошқа жойларда бўлди. Форобий Бағдодда ал-Мутаддил (829—902), ал-Муқтафий (902—908), ал-Муқтадир (908—932) халифаликлари даврида яшади. У бу ерда ўрта аср фани ва тилининг турли соҳалари, юнон фалсафий мактаблари билан чуқур танишиб, ўзга диний эътиқод, фалсафий фикрдаги кишилар билан илмий мулоқотда бўлди. Абу Башар Матта ибн Юнусдан (870—940) юнон тили ва фалсафасини, Юҳанна ибн Хийлон (860— 920)дан табобат ва мантиқ илмини ўрганди. Айрим маълумотларга қараганда, у 70 дан ортиқ тилни билган.

Тахминан 941 йилдан бошлаб Форобий Дамашқда яшаган. Шаҳар чеккасидаги боғда қоровул бўлиб, камтарона кун кечириб, илм билан шуғулланган. Сўнгги йиллар у Ҳалаб (Алеппо) ҳокими Сайфуддавла Ҳамдамид (943—967) илтифотига сазовор бўлди. Тадқи-қотчилар унинг Ҳалабдаги ҳаётини энг самарали давр ҳисоблайдилар. Чунки бу ҳоким ҳурфикрлилиги, илм-фанга эътибор берганлиги билан ажралиб турган. У Форобийни саройга таклиф этади, лекин Форобий бунга кўнмайди, оддий ҳаёт кечиришни афзал кўради.

Форобий 949—950 йилларда Мисрда, сўнг Дамашқда яшаб, шу ерда вафот этган ва “Боб ас-сағир” қабристонига дафн қилинган дейилади.

Форобий ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларининг қарийб барча соҳаларида 160 дан ортиқ асар яратган. У турли билимларнинг назарий томонлари, фалсафий мазмуни билан кўпроқ қизиққанлиги учун унинг асарларини 2 гуруҳга ажратиш мумкин: 1) юнон файласуфлари, табиатшуносларининг илмий меросини изоҳлаш, тарғиб қилиш ва ўрганишга бағишланган асарлар; 2) фаннинг турли соҳаларига оид мавзулардаги асарлар.

Форобий қадимги юнон мутафаккирлари — Платон, Аристотель, Эвклид, Птолемей, Порфирийларнинг асарларига шарҳлар ёзган. Айниқса, Аристотель асарлари (“Метафизика”, “Этика”, “Риторика”, “Софистика” ва б.)ни бетафсил изоҳлаб, қийин жойларини тушунтириб бера олган, камчиликларини кўрсатган, айни вақтда бу асарларнинг умумий мазмунини очиб берувчи махсус асарлар яратган. Форобий шарҳлари Ўрта ва Яқин Шарқ илғор мутафаккирларининг дунёқарашини шакллантиришда, уларни Аристотель ғоялари руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Абу Али ибн Сино Форобий шарҳлари (“Метафизика” — “Мобаъдий табиат”)ни ўқиб, Аристотель асарларини тушунганлигини алоҳида таъкидлайди. Форобийнинг шарҳ ёзиш фаолияти фақат Шарқнигина эмас, ўрта аср Оврўпосини ҳам юнон илми билан таништиришда катта роль ўйнади. Бу фаолият унинг илмий фаолияти тараққиётининг биринчи босқичини ташкил этади. Бу босқич Форобийга ўзига хос мактаб хизматини ўтаган ва янги мавзуларда тадқиқотлар олиб бориш учун замин ҳозирлаган.

Форобийнинг бундай асарларини мазмунига қараб қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:

1) фалсафанинг умумий масалаларига, яъни билимнинг умумий хусусиятлари, қонуниятлари ва турли категорияларига бағишланган асарлар: “Субстанция ҳақида сўз” (“Калом фи-л жавҳар”), “Масалалар манбаи” (“Уюнул масоил”), “Қонунлар ҳақида китоб” (“Китоб фи-л навомис”), “Фалак ҳаракатининг доимийлиги ҳақида” (“Китоб фи-л ҳаракат ал-фалака доиматун”) ва б.;

2) инсон билиш фаолиятининг фалсафий томонларига бағишланган, яъни билишнинг шакллари, босқичлари, усуллари ҳақидаги асарлар. Мантиқ (логика)нинг турли муаммоларига доир асарлари ҳам шунга киради: “Катталарнинг ақли ҳақида сўз” (“Калом фи-л ақл ал-Кабир”), “Ёшларнинг ақли ҳақида китоб” (“Китоб фил-ақл ас-сағир”), “Мантиқ ҳақида катта қисқартма китоб” (“Китоб ал-мухтасар ал-кабир фи-л мантиқ”), “Мантиққа кириш китоби” (“Китоб ал-мадхал ила-л мантиқ”), “Исбот китоби” (“Китоб ал-бурхон”), “Силлогизм шартлари китоби” (“Китоб шароит ал-қиёс”), “Жон (руҳ)нинг моҳияти ҳақида рисола” (“Рисола фи моҳият ан-нафс”) ва б.;

3) фалсафа ва табиий фанларнинг фан сифатидаги мазмуни, тематикаси ҳақидаги асарлар: “Илмларнинг келиб чиқиши ва таснифи” (“Китоб фи ихсо ал-улум ва ат-таъриф”, қисқача номи “Ихсо ал-улум”), “Фалсафа тушунчасининг маъноси ҳақида сўз” (“Калом фи маъони исм ал-фалсафа”), “Фалсафани ўрганишдан олдин ни-мани билиш кераклиги ҳақида китоб” (“Китоб фи ашё аллати яхто-жу анталлама кабл ал-фалсафа”). “Фалсафага изоҳлар”. (“Таолиқ фи-л ҳикмат”) ва б.;

4) модданинг миқдори, фазовий ва ҳажмий муносабатларини ўрганишга бағишланган, яъни математика фанлари — арифметика, геометрия, астрономия ва музикага оид асарлар: “Ҳажм ва миқцор ҳақида сўз” (“Калом фи-л хийз ва-л миқцор”), “Фазо геометриясига кириш ҳақидаги қисқартма китоб” (“Китоб ал-мадхал ила-л ҳан-дасат ал-вахмияти мухтасарсан”), “Астрология қоидалари ҳақида мулоҳазаларни тўғрилаш усули ҳақида мақола” (“Мақола фи-л жи-ҳат аллаяти яссехху алайҳо ал қавл би аҳком ан-нужум”), “Музика ҳақида катта китоб” (“Китоб ул-мусиқа ал-кабир”), “Музика ҳақида сўз” (“Калом фи-л мусиқий”), “Ритмлар туркумлари ҳақида китоб” (“Китоб ул фи ихсо-ил-иқо”) ва б.;

5) модда хоссалари ва турларини, ноорганик табиатнинг, ҳайвонлар ва инсон организмининг хусусиятларини ўрганувчи, яъни табиий фанлар — физика, кимё, оптика, медицина, биологияга бағишланган асарлар: “Физика усуллари ҳақида китоб” (“Китоб фи усул илм ат-табиат”), “Алкимё илмининг зарурлиги ва уни инкор этувчиларга раддия ҳақида мақола” (“Мақола фи вужуб саноат ал-кимё ва-р радд ала мубтилуҳо”), “Инсон аъзолари ҳақида рисола” (“Рисола фи аъзо ал-инсония”), “Ҳайвон аъзолари тўғрисида сўз” (“Калом фи аъзо ал-ҳайвон”) ва б.;

6) тилшунослик, шеърият, нотиқлик санъати, хаттотликка оид асарлар: “Шеър ва қофиялар ҳақида сўз” (“Калом фи шеър ва-л қавофи”), “Риторика ҳақида китоб” (“Китоб фи-л хитоба”), “Луғатлар ҳақида китоб” (“Китоб фи-л луғат”), “Хаттотлик ҳақида китоб” (“Китоб фи санъат ал-китобат”) ва б.;

7) ижтимоий-сиёсий ҳаёт, давлатни бошқариш масалаларига, ахлоқ, тарбияга бағишланган, яъни ҳуқуқшунослик, этика, педагогикага доир асарлар: “Бахт-саодатга эришув йўллари ҳақида рисола” (“Рисола фи-т танбиҳ ала асбоб ас-саодат”), “Шаҳарни бошқариш” (“Ас-сиёсат ан-мадания”), “Уруш ва тинч турмуш ҳақида китоб” (“Китоб фи маойиш ва-л хуруб”), “Фазилатли хулқлар” (“Ас-сийрат ал-фазила”) ва б.

Форобийнинг илмий мероси, умуман, ўрта аср Шарқининг маданий-маънавий ҳаётидан, табиий-илмий, ижтимоий-сиёсий масалаларидан жуда бой маълумот беради. Мутафаккир ўз асарларини ўша даврда Шарқ мамлакатларида илмий-адабий тил ҳисобланган араб тилида ёзади. Форобий шунингдек, араб ва форс тилларида фалсафий мазмундаги шеърлар ҳам ёзган.

Форобий асарлари XII—XIII асрлардаёқ лотин, қадимий яҳудий, форс тилларига, кейинчалик бошқа тилларга таржима қилиниб, дунёга кенг тарқалган. Сўнгги асрларда кўчирилган нусхалари кўп мамлакатларнинг қутубхона ва муассасаларида сақланади. Тошкентда Беруний номидаги Шарқшунослик институтида қадимги Шарқ файласуфлари асарларидан жами 107 рисолани, жумладан, Форобийнинг 16 рисоласини (арабча) ўз ичига олган “Ҳакимлар рисолалари тўплами” (“Мажмуат расоил ал-ҳукамо”, Қўлёзмалар фонди, 2385-ин.) бор. Бу ноёб қўлёзма Форобий асарларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Тўпламдаги Форобий рисолалари 1975 йили қисман ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилди.

Форобийнинг табиий-илмий фанлар ҳақидаги қарашлари “Илмларнинг келиб чиқиши ва таснифи” асарида батафсил ёритилган. Китобда ўрта асрда маълум бўлган 30 дан ортиқ фаннинг таърифи, аҳамияти кўрсатиб берилади. Барча фанлар 5 гуруҳга ажратилади: 1) тил ҳақидаги илм (7 бўлим — грамматика, орфография, шеърият); 2) мантиқ ва унинг бўлаклари; 3) математика (арифметика, геометрия, оптика, астрономия, музика, оғирликлар ҳакидаги илм, механика); 4) табиатшунослик ва метафизика (8 бўлим — башорат қилиш, тиббиёт, алкимё); 5) шаҳар ҳақидаги фанлар — сиёсий илм, фиқҳ, калом (этика, педагогика).

Фанларнинг бу таснифи ўз даврида илмий билимларни маълум тизимга солишнинг мукаммал шакли бўлиб, билимларнинг кейинга ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлди.

Шу нарса диққатга сазоворки, Форобий табиий ва ижтимоий фанларни вазифасидан келиб чиқиб тўғри фарқлаган. Унинг талқинича, математика, табиатшунослик, метафизика фанлари инсон ақлини билимлар билан бойитиш учун хизмат қилса, грамматика, мантиқ, шеърият каби илмлар фанлардан тўғри фойдаланишни, билимларни бошқаларга тўғри тушунтириш, яъни ақлий тарбия учун хизмат қилган. Сиёсат, ахлоқ, таълим-тарбияга оид билимлар эса кишиларнинг жамоаларга бирлашувини, ижтимоий ҳаётга тегишли қоидаларни ўргатади.

Форобий инсоннинг амалий фаолияти учун табиий фанларнинг аҳамиятини яхши тушунади. Бундай фанларни у реал нарсалар ҳақидаги илмлар деб атайди. У юнон табиатшунослари Эвклид, Птолемей, Гален китобларига ёзган шарҳларида, ўзининг геометрияга доир китобида антик дунё, ўрта аср математик ғояларининг йирик билимдони сифатида майдонга чикди, математиканинг бир қанча мураккаб категориялари ва мавҳум тушунчаларини илмий нуқтаи назардан ҳал этиш йўлларини қидирди, хусусан сон ҳақидаги эҳтимоллик назарияси тўғрисидаги ғояларни бойитди.

Форобий “Юлдузлар ҳақидаги қоидаларда нима тўғри ва нима нотўғрилиги тўғрисида” рисоласида осмон жисмлари билан ердаги ҳодисалар ўртасидаги табиий алоқаларни, хусусан булутлар ва ёмғирлар пайдо бўлишининг Қуёш иссиқлиги таъсирида буғланишга сабабий боғлиқлигини ёки Ой тутилиши Ернинг Қуёш билан Ой ўртасига тушиб қолишига боғлиқ эканлигини кўрсатган эди. Бу билан у осмон жисмларига қараб “фол очувчилар”ни фош қилди. Форобий арзон металларни қимматбаҳо металларга айлантиришга уринувчиларни (қ. Алкимё) танқид қилиб, кимёга табиий илмларнинг бир қисми сифатида қаради. Форобий табиблик билан бевосита шуғулланмаган бўлса-да, назарий тиббиётни яхши билган. Унинг тиббий қарашлари “Инсон аъзолари ҳақида” рисоласида баён қилинган. У инсон аъзоларини, турли хил касалликлар сабабини, уларнинг пайдо бўлиш шароитларини алоҳида-алоҳида ўрганишни, организмнинг саломатлигини тиклаш учун керакли озиқ-овқатларга эътибор беришни қайд этади. Инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолати ташқи омиллар, муҳит таъсирига боғлиқлигига эътибор беради. Унинг тиббиёт вазифаси, мақсади ҳақидаги қарашлари Ибн Синонинг бу ҳақдаги қарашларига катта таъсир кўрсатди.

Форобий дунёқарашининг шаклланишига асосан Шарқнинг қадимги илғор маданияти анъаналари, араб халифалигига қарши халқ ҳаракатлари, ўрта аср табиий-илмий тафаккур ютуқлари, Юнонистоннинг фалсафий мероси таъсир кўрсатди. Форобий аввалам-бор Аристотель таълимотини тиклаш, асослаш ва илғор томонларини сўнгги илмий ютуқлар асосида ривожлантиришга ҳаракат қилиб, Шарқ аристотелизм оқимини вужудга келтирди. Бу оқимнинг услуби, муҳим масалалари, категорияларини ишлаб чиқди.

Форобийнинг фалсафий таълимоти моҳият-эътибори билан анъанавий илоҳиёт — каломдан тубдан фарқ қилиб, илмий ғоялар билан йўғрилгандир. Форобий фалсафасига кўра, олам ягона мавжудотдан иборат, ягона вужуд-вужуди вожиб, яъни азалий вужуд — биринчи сабаб ҳамда вужуди мумкин — яратилган, келиб чиққан вужудлар натижаларидан иборатдир. Аллоҳ — азалий вужуд (вужуди вожиб) ҳамма нарсанинг ибтидоси, барча вужудлар — вужуди мумкин ундан аста-секинлик билан поғонама-поғона келиб чиқади, бунинг сўшти поғонаси моддадир. Унинг фикрича, табиат модданинг турли шаклларининг пайдо бўлиши, сабаб-оқибат муносабатлари асосида, муайян изчиллик ва зарурат бўйича кечадиган тадрижий жараёндир. Форобий “Масалалар моҳияти”, “Ўзгарувчан нарсалар ҳақида” рисолаларида модда фазода ҳам, вақтда ҳам чекланмаган, интиҳосиз деган фикрни илгари суради. Шу тарзда пантеизмнинг Шарқцаги кўриниши вужудиюн таълимотини янги ғоялар билан бойитди.

Борлиқнинг келиб чиқиши ҳақида Форобий таълимотида — мавжудот 4 унсур — тупроқ, сув, ҳаво, оловдан ташкил топади; осмон жисмлари ҳам шу унсурларнинг бирикувидан вужудга келади. Моддий жисмларнинг ўзаро фарқ қилишига сабаб, уларнинг ибтидосидаги унсурларнинг турлича бўлишидир: олов — иссиқлик сабаби; сув — совуқлик, намлик; тупроқ — қаттиқлик сабаби. Форобий бу-тун мавжудотни сабаб ва оқибат муносабатлари билан боғланган 6 даража (сабаб)га бўлади: Аллоҳ (ас-сабаб ал-аввал), осмон жинслари (ас-сабаб ас-соний), ақл (ал-ақл ал-фаол), жон (ан-нафс), шакл (ас-сурат), материя (ал-модда). Булардан Аллоҳ — вужуди вожиб, яъни зарурий мавжудликдир, қолганлари эса — вужуди мумкин, яъни имконий мавжуд нарсалардир. Булар бир-бирлари билан сабабий боғланган.

Форобий учун дунё ғунча бўлиб, аста-секин ўзининг ранг-баранг томонларини ва битмас-туганмас бойликларини тобора кўпроқ намоён қилиб очила боради. Борлиқнинг бундай талқини табиий-илмий ғояларнинг янада ривожланиши учун кенг йўл очди. Абу Али ибн Сино ва ундан кейинги мутафаккирлар ўзларининг фалсафий қарашларида шу борлиқ тизими асосида иш олиб бордилар.

Илм, билиш ва ақл ҳақидаги таълимот Форобий асарларида изчил ва мукаммал ишланган. Илм олиш масаласига у инсон моҳиятини тушунтириб беришнинг таркибий қисми сифатида қаради.

Форобий фикрича, инсоннинг билишини, руҳий қобилиятларини мия бошқаради, юрак эса барча аъзоларни ҳаёт учун зарур бўлган қон билан таъминловчи марказдир, барча руҳий “қувватлар”, жумладан билиш қобилияти муайян аъзога боғлиқ.

Форобий “Илм ва санъатнинг фазилатлари” рисоласида табиатни билишнинг чексизлигини, билим билмасликдан билишга, сабабиятни билишдан оқибатни билишга, сифатлардан акциденция (ал-ораз)дан субстанция — моҳият (жавҳар)га қараб боришини илмнинг борган сари ортиб, чуқурлашиб боришини таъкидлайди.

Инсоннинг ибтидосида, аввало “озиқлантирувчи қувват” пайдо бўлиб, унинг ёрдамида инсон овқатланади. Шундан сўнг “ташқи қувват”, яъни бевосита ташқи таъсир натижасида сезги органлари орқали вужудга келувчи “қувват”лар — 5 турлидир: тери-бадан сезгиси; таъм билиш сезгиси; ҳид билиш сезгиси; эшитиш сезгиси; кўриш сезгиси. Буларнинг ҳаммасини Форобий “ҳиссиёт қуввати” (“қувваи ҳиссийя”) деб атаб, ҳиссий билиш қисмлари сифатида қарайди. “Ички қувват”га эсда олиб қолиш, хаёл (хотира, тасав-вур), ҳис-туйғу, нутқ (фикрлаш) “қувват”лари киради. “Ички қувват”да Форобий ақлий билиш босқичини назарда тутади. Илмни эгаллаш шу қувватлар орқали амалга оширилади.

Форобий билиш жараёни ҳар 2 босқичга боғлиқлигини, ақлий билиш ҳиссий билишсиз вужудга келмаслигини алоҳида таъкидлайди.

Форобий “Ақл маънолари ҳақида” рисоласида ақл масаласини чуқур талқин қилади. У ақл бир томондан, руҳий жараён, иккинчи томондан, ташқи таъсир — таълим-тарбиянинг натижаси эканлигини уқдиради. Форобий фикрича, ақл фақат инсонгагина хос бўлган туғма қувват — руҳий куч билан боғлиқ.

Форобийнинг ақл, умуман билиш ҳақидаги таълимотида мантиқ (логика) илми муҳим ўрин тутади. “Мантиқ санъати кишига шундай қонунлар ҳақида маълумот берадики, — деб ёзган эди у, — бу қонунлар воситасида ақл чиниқади, инсон соғлом фикр юритишга ўрганади”. Форобий мантиқ илми билан грамматика ўртасидаги муштаракликни қайд этади: мантиқнинг ақлга муносабати грамматиканинг тилга муносабати кабидир. Грамматика одамлар нутқини тарбиялагани каби, мантиқ илми ҳам тафаккурни ҳақиқий йўлдан олиб бориш учун ақлни тўғрилаб туради.

Форобий логикаси мусулмон Шарқидаги сўнгги мантиққа оид фикрларнинг ривожига катта туртки берди.

Форобийнинг билиш, мантиқ, ақл ҳақидаги фикрлари унинг инсон ҳақидаги таълимоти учун хизмат қилади, унга бўйсундирилгандир. Ақлга эга бўлиш, билимли, мантиқли бўлиш билан чегараланмай, у маълум ахлоқий принципларга, ахлоқий маданиятга эгалик билан якунланиши керак.

Форобий ақлли инсон ҳақида гапириб бундай ёзади: “Ақлли деб шундай кишиларга айтиладики, улар фазилатли, ўткир мулоҳазали, фойдали ишларга берилган, зарур нарсаларни кашф ва ихтиро этишга зўр истеъдодга эга, ёмон ишлардан ўзини четга олиб юрадилар. Бундай кишиларни оқил дейдилар. Ёмон ишларни ўйлаб топиш учун зеҳн-идрокка эга бўлганларни ақлли деб бўлмайди, уларни айёр, алдоқчи деган номлар билан атамоқ лозим”.

Форобий ўрта асрлар шароитида биринчи бўлиб жамиятнинг келиб чиқиши, мақсад ва вазифалари ҳақида изчил таълимот яратди. Бу таълимотда ижтимоий ҳаётнинг кўп масалалари — давлатни бошқариш, таълим-тарбия, ахлоқ, маърифат, диний эътиқод, уруш ва яраш, меҳнат ва бошқалар қамраб олинган.

Форобий “Фозил шаҳар аҳолисининг маслаги” рисоласида жамият (“инсон жамоаси”)нинг келиб чиқиши ҳақида бундай ёзади: “Ҳар бир инсон табиатан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади… Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда, уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди”.

Форобий шаҳарни ижтимоий уюшишнинг етук шакли, инсоният камолотга эришишининг зарурий воситаси, деб ҳисоблайди. Бу-тун инсонларни ўзаро ҳамкорликка, халқларни тинчликка чақиради, дунёда ягона инсон жамоасини тузиш ҳақида орзу қилади. мутафаккир инсон қадр-қимматини камситувчи жамиятга қарши чиқади. “Давлат арбобининг ҳикматлари” рисоласида эса у доимий урушлар ва босқинчиликка асосланувчи жамиятни адолатсиз, жоҳил жамият сифатида қоралайди.

Форобий ўзининг фозил жамоасида одамларни турли белгиларга қараб гуруҳларга бўлади. Кишиларнинг диний мазҳабига, миллатига, ирқига қараб эмас, балки табиий хусусиятларига, қобилиятларига, аввало ақлий иқтидорига ҳамда илмларни ўрганиш, ҳаётий тажриба тўплаш жараёнида орттирган билим ва кўникмаларига катта аҳамият беради. Итоаткорликка даъват этувчи таълимотларни кес-кин қоралайди.

Форобий “Бахт-саодатга эришув йўллари ҳақида рисола”, “Бахт-саодатга эришув ҳақида рисола” асарларида ўзининг орзу қилган фозил жамиятини яна ҳам ёрқин тасвирлайди. “Давлатнинг вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришдир, — деб ёзади у, — бу эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида қўлга киритилади”. Форобий давлатни етук шахс (монархия), етук хислатларга эга бўлган бир неча шахслар (аристократия) ва сайланган шахслар (демократия) ёрдамида бошқариш шаклларини қайд этади.

Форобий жамият ўз ривожида етукликка томон интилиши, шунинг учун кураш олиб бориши ва ниҳоят фозил жамият, фозил шаҳар даражасига кўтарилиши ҳақида фикр юритади.

У шундай ёзади: “Фозил жамият ва фозил шаҳар (ёки мамлакат) шундай бўладики, шу мамлакатнинг аҳолисидан бўлган ҳар бир одам касб-ҳунар билан шуғулланади. Одамлар чин маъноси билан озод бўладилар… Улар орасида турли яхши одатлар, завқ-лаззатлар пайдо бўлади”. Форобий бундай фозил жамоани бошқарувчи подшоҳ, раҳбарларга ҳам маълум талаблар қўяди. У халқ ҳақида доимо ғамхўрлик қилиши, бошқалар манфаатини ўз манфаатидан устун қўя билиши зарур. Бундай жамоани идора этувчи ёки идора этувчилар гуруҳи ўзларида муҳим олти хислатни ифодалашлари керак, яъни адолатли, доно бўлиши, қонунларга риоя этиши ва қонунлар ярата олиши, келгусини олдиндан кўра билиши, бошқаларга ғамхўр бўлиши керак.

Форобийнинг фозил жамоа ҳақидаги таълимоти, унинг комил инсон ҳақидаги фикрлари билан узвий боғланиб кетади. Фозил жамоада комил инсон хислатлари вужудга келади. Масалан, ахлоқ-одобли етук инсон ўн икки фазилатга эга бўлмоғи лозим. Бу фазилатлар инсонларнинг ўзаро муносабатлари мустаҳкамланиб, яхшилик томон йўналишида вужудга кела боради. Форобийнинг фозил жамоа ва комил инсон ҳақидаги таълимотлари сўнгги олим-мутафаккирларга катта таъсир кўрсатди.

Умуман олганда Форобийнинг фозил жамияти, комил инсони бахт-саодат, ўзаро ёрдам, доно бошлиқ, тенглик ҳақидаги фикрлари ўз даври учун хаёлийдир. Лекин инсонни маънавий озод этишга, унинг имкониятларини очишга, гуманистик йўналишни асослашга қаратилган бу таълимот илғор ижтимоий тафаккур тараққиётига буюк ҳисса бўлиб қўшилди. Умумбашарий интилишларни ифодалади. Унинг ижтимоий ғоялари кейинчалик сўнгги мутафаккирлар: Абу Райҳон Беруний, ибн Сино, ибн Рушд, Бахманёр, Низомий, Саъдий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бедил, Иқбол, Аҳмад Дониш ва бошқалар ижодида ривожлантирилди.

Форобий “Музика ҳақида катта китоб” деган кўп жилдли асари билан ўрта асрнинг йирик музикашуноси сифатида ҳам машҳур бўлди. У музика илмини назарий, амалий тармоқларга, куйларнинг ички тузилиши, қонуниятларини ҳисобга олиб таъриф ва илми иқога ажратади.

Форобий музика назариясида товушлар вужудга келишининг табиий-илмий таърифини берибгина қолмай, куйлар гармониясининг математик принципларини очади, турли жадваллар, геометрия қоидалари асосида кўплаб мураккаб чизмалар келтиради. У Шарқ музикасининг ритмик асосини далиллар билан шарҳлаб беради. У ритмларни ташкил этган зарб бирликлари бўлмиш нақралар, уларнинг бирикмасидан ҳосил этиладиган рукнларнинг турли хиллари асосида яратиладиган ритм ўлчовлари ва турларини ёритиб берган.

“Музика ҳақида катта китоб”да фақат музика назарияси ва тарихи баён этилмай, Шарқда маълум бўлган рубоб, танбур, ноғора, уд, қонун, най каби музика асбоблари ҳамда уларда куй ижро этиш қоидалари тафсилоти ҳам берилган. Форобийнинг ўзи моҳир созанда, бастакор, манбаларда янги музика асбобини ихтиро этганлиги, унда ниҳоятда таъсирчан куйлар яратгани қайд этилади. Форобий музикага инсон ахлоқини тарбияловчи, сиҳат-саломатлигини мустаҳкамловчи восита деб қараган. Унинг музика соҳасида қолдирган мероси музика маданияти тарихида оламшумул аҳамиятга эга.

Форобий ўз давридаёқ буюк олим сифатида машҳур бўлган. Шарқ халқларида у ҳақца турли ҳикоя, ривоятлар вужудга келган. Ўрта аср олимларидан ибн Халликон, ибн ал-Қифтий, ибн Аби Усабиъа, Байҳақийлар ўз асарларида Форобий ижодини ўрганиб, унинг ғояларини ривожлантирганлар. Хусусан, ибн Рушд Форобий асарларини ўрганибгина қолмай, уларга шарҳлар ҳам (“Силлогизмга нисбатан ал-Форобийнинг фикри”, “Абу Насрнинг мантиққа доир асарида ифодаланган фикрнинг баёни” “Ал-Форобий, хусусан унинг “Органон” изоҳларига турли шарҳлари” ва б.) ёзди. Аверроизм номи билан машҳур бўлган унинг фалсафий таълимотининг шаклланиши дастлаб Форобий ва ибн Сино фаолияти билан боғлиқ. Аверроизм илмий тенденцияларни ифодаловчи илғор йўналиш сифатида кенг ёйилган ва Уйғониш даврининг кўп илғор мутафаккирлари дунёқарашига таъсир кўрсатган.

Тараққийпарвар инсоният Форобий ижодига ҳурмат билан қараб, унинг меросини чуқур ўрганади. Оврўпо олимларидан Б. М. Штреншнейдер, Карра де Во, Т. У. Буур, Р. Хаммонд, Р. де Эрланже, Ф. Детерици, Г. Фармер, Н. Ришар, Г. Лей, Шарқ олимларидан Нафисий, Умар Фаррух, Туркер, М. Маҳди ва бошқалар Форобий меросини ўрганишга муайян ҳисса қўшдилар. Кейинги йилларда унинг ижоди ва таълимотига бағишланган бир қанча тадқиқотлар, асарлар юзага келди.

Ўзбекистон ва Қозоғистонда Форобий номига қўйилган кўча, мактаб ва кутубхоналар мавжуд.

академик М. М. Хайруллаев