МАҲКУМЛАР КЎРФАЗИ
«Ана у. Етиб келдик….» Сержант иллюминатор дарчасига ишора қилади. Биздан икки юз метр пастда, чироқнинг акс этган нурлари туташган жойда қуёш куйдирган ернинг жигарранг тасмаси пайдо бўлади. Кумушранг баҳри муҳитга кўмилган орол. Куба. «Йўқ. Гуантанамо», — ишшаяди сержант. Столчани йиғиштириб, у хавфсизлик камарини тақади ва дейди: «Қизиқ-а, шундай эмасми?» Нимаси қизиқ? «Дўзахнинг ҳам шунақа гўзал бўлиши-да».
Боинг бир неча доира ясайди. Ниҳоят, унинг сояси оролнинг энг жанубий чеккаси бўлмиш Ливерднинг энсиз асфальт йўлкасида чўзилади. Чанг устунлари кўтарилади. Динамиклардан енгил қарсиллаган овоз таралади-да, ҳаво кемаси дарғасининг бошқа ҳар қандай шаҳарнинг бошқа ҳар қандай тайёрагоҳида бўлганидек, ўз анъанавий мурожаати янграйди: «АҚШнинг ҳарбий денгиз базаси Гуантанамога, Куба оролига хуш келибсиз. Ҳозир маҳаллий вақт билан соат ўн бир. Саёҳатингиз ёқимли ўтишини истаб қоламиз ва сизни яна компаниямиз лайнерида кўришимизга умид билдирамиз…»
Ҳар чоршанбада барча энг керакли нарсаларни кўрфазга олиб келадиган нақлиётчи тайёра олдида майда хизматчилар саф тортади. Тайёра озиқ-овқат, сув, моллар ва хат-хабарларни олиб келади. Ҳафтасига бир марта фақат тропик довул таъсир қилиши мумкин бўлган аниқ жадвал бўйича тайёра қуйидаги йўллардан парвоз қилади: Жексонвил – Пуэрто-Рико, Пуэрто-Рико – Гуантанамо, Гунтанамо – Пуэрто-Рико, Пуэрто-Рико – Жексонвил. Сумкаларимизни қўниш йўлкаси четидаги юмшоқ тартанга туширишади. Жазирама офтобда қовурғалари бўртиб чиққан немис исковучи сумкалар ичидаги нарсаларни искайди. Трусиклар, фототасма, тиш пастаси, футболка, сарғайиб кетган рўзнома ва жарида қирқимлари. Тердан жиққа ҳўл денгиз пиёда аскари йўриқномани кескин қичқириб таъкидлайди: «Аввал юкларни, сўнгра йўловчиларни…» Сигара чекса бўладими? «Бу ерда эмас. Ҳозир эмас».
2002 йил 11 январдан эркин одамлар Гуантанамога кун ёруғида — эрталаблари учиб келадилар. Занжирбанд маҳбусларни эса — тун қоронғусида. Бу ерда бир неча ой қамоқда ётиб чиққан Муҳаммад Наим Фаруқ уни бу ерга қайси куни олиб келишганини бугун эслай олмаяпти, балки ҳеч қачон билмагандир ҳам. «Мени Афғонистонда қўлга олишди, кейин бизга, сизларни бошқа жойга кўчирмоқчи бўлаяпмиз, деб айтишди, бироқ қаёққа эканлигини биз билмаслигимиз керак экан. Назаримда, бу 2002 йилнинг ўрталарида бўлган гап эди. Бизларни тайёрага ўтқазишди. Менинг бошимга капюшон ташлаб қўйишди ва қўлларимни орқага боғлашди. Кишанлар шу қадар қаттиқ тортилган эдики, бир неча соатдан кейин панжаларим бўғими қонай бошлади. Парвоз вақтида ўртоқларимдан кўпларининг худди телбалардай йиғлаганлари ва қичқирганлари эсимда»[1].
Алиф Хонга ўхшаган айримларнинг енгларини шимарганлар: «Улар менга қанақадир доридан укол қилишди. Томирларимда нимадир оқаётгандек ҳис этдим ўзимни, қолган йўлни ҳушсиз ҳолатда босиб ўтдим»[2].
Олиб келинган ва озод қилинган маҳбуслар ҳақидаги ҳисоботларнинг тўғрилигига ишониб бўлмайди. Америка қўмондонлиги вақти-вақти билан уларни янгилаб, эълон қилиб туради. 2003 йил кузида Гуантанамода ўн тўққиз тилда гапирувчи маҳбус бор эди. Маҳбуслар миқдори ва шунга қараб «Дельта» лагеридаги қафаслар миқдори чекига ортиб бориш ёзилган эди. Булар одамларни шундай олиб келишарди. Маъмуриятда барча маълумотлар муфассал ёритиб қўйиларди: рейс рақами, келган кун, тайёрадаги маҳбуслар миқдори.
Тайёрагоҳ бекатида ҳозиргина бўёқдан чиққан оппоқ автомобиль турарди. Бу эндиликда мавжуд бўлмаган Американинг вакили — думалоқ шаклдаги эски мактаб автобуси эди. Қайсидир чекка музофот маъмурияти терроризм билан урушга садақа қилган ёки, эҳтимол, ҳарбийларнинг ўзлари уни ўз эҳтиёжлари учун ўзлаштириб олган бўлса керак. Автобус танасини қоплаб олган бўртиқ пуфаклар кўрфазни изтиробга солувчи гармсел билан бесамар курашдан гувоҳдир. Ҳар доим. Йил ўн икки ой. Ҳатто ғир этган шабада ҳам бу ерда дўзахи алимга ўхшайди. Ёпишқоқ ҳаво шиллиқликни қуритади, муаттар ҳидни ўлдиради ва гулларнинг рангини ўчириб, песдай қилиб қўяди.
Автобусдан қирқ ёшлардаги барваста зобит тушади. Рангпар қизғиш юзини чўтир қоплаган. Унинг на юриши, на қўл ҳаракатлари ҳарбийга ўхшарди. Шимининг сонлари чоғроқ. Ундан қуёшқайтарғич мойининг ҳиди гупириб туради. Сочи «ноль» урфида олинган, бироқ соч тагининг рангига қараб, унинг ҳақиқий савзи тусида эканлигини аниқлаш мумкин эди. «Майкл Мосс, саккизинчи пиёда дивизия, жуда соз. Америка Қўшма Штатларининг коммунистлар ҳудудидаги сўнгги аванпостига ва бизнинг уйимиз — УТҒ 160 га хуш келибсиз. Сиз бу қисқартма сўзларни тез-тез эшитиб турасиз. Joint Task Force — Бирлашган тезкор гуруҳ Гуантанамо 160 рақам. Сизнинг бу ерга келишингизга сабабчи бўлган террорчилар билан, мана, биз шуғулланамиз. Энди эса, илтимос, ортимдан автобусга юринг. Бу ерда туришимиз тўғри бўлмайди». Афтидан, эшик ёпғичлар соз ишлар эди. Балки, у шамолпарракни ишлатиб юборган бўлиши ҳам мумкин.
«Макдональдс ва кондиционерлар» — Америкадан биз ўзимиз билан олиб келган озгина қақир-қуқурлар шулар, холос», — ҳазиллашади Мосс. Ҳаттоки «Дельта» лагерида-я? «Нега дарров гапни саволдан бошлаб қолдингиз? Ҳовлиқманг, ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Агар мумкин бўлса, мен сизга бир қанча маслаҳатлар бераман. Муттасил ичиб туринг. Яхшиси сув ичинг, агар шундай имконият бўлса. Ҳатто кўнглингиз айниганида ҳам. Қуёшқайтарғич мой суртинг, бошингизга нарса ташлаб олинг ва қора кўзойнакни сира кўзингиздан олманг. Айниқса, «Дельта» лагерида. У бошдан-оёқ пўлатдан ишланган — у ерда ёруғлик қаттиқ акс қайтаради. Ва сўнгги маслаҳатим. Биз икковимиз ҳамма вақт бирга бўлишимиз керак. Энди эса – кетдик». Қаёққа? «Кўрфазнинг нариги томонига. Уиндуордга. Қаерга келиб қолганингизни кўрасиз. Шарқда — Кастро коммунистлари, Ғарбда «Ал-Қоида»нинг бир неча юз террорчилари. Ўртада эса — бизлар…»
Биз кесиб ўтаётган кўрфаздаги сол бортида хомуш экипажи бўлган ҳарбий броненосец эди. Штурвал олдида қуёшда куйган филиппинлик. Панжара билан тўсилган бўлимда қопга ўхшаган кийимда, афтидан осиёликлар бўлса керак, чурқ этмай ўтиришарди. Бу одамлар — аскарлар ҳам эмас, аскарларнинг дўстлари ёки қариндош-уруғлари ҳам эмас. Улар армияга ишлашади. «Дельта» лагерини қуриш пудратини олган америка компанияси ёллаган ғишт терувчилар, бўёқчилар, қора ишчилар эдилар. Улар оролда бир неча ой ишлашади, кейин уйларига қайтишади. Офтобда жизғанаги чиққан ерни кавлашади, ҳудудни тиканли сим билан ўрашади, канализация, электр, телефон ўтказишади. Уларнинг ва бўлажак маҳбусларнинг баданлари ранги бир хил — улар битта яримшарда туғилишган. Бироқ ишчилар учун Уруш юз долларлик қоғоз пулга ўхшаб, яшил рангга бўялган. Бу одамлар туғилиб ўсган ўша жойлар учун бутун бир бойлик.
Солни боғлаб қўйиш учун қирғоққа тортишар, дизел моторлар эса сўнгги бор «кекириб» олгандан кейин овози ўчар экан, энди кўрфаздаги сув яна шишадай тиниқлашади ва ундан майда, турли шаклдаги бенуқсон тошлар тўшалган сув туби йилтираб кўзга ташланади. Қирғоқда икки метрлик игуана — эчкиэмар юкларнинг туширилишини ҳаракатсиз кузатарди. Ўз навбатида фальшбортдан лейтенант Мосс жондорни кузатарди. «Бу лоқайдлик ростанам қизиқ нарсага ўхшайди». Кимнинг лоқайдлиги? «Табиатнинг. Сув, игуана, бизни қуршаб олган минглаб кактуслар — улар гўё атрофда нелар бўлаётганини сезмаётгандек кўринадилар. Улар ҳар доим шундай бўлишган ва ҳар доим шундай бўлиб қолишади. Мана бу уруш тугайди ва улар яна жон сақлаб қолишади». Сиз ҳамма вақт ҳарбий бўлганмисиз? «Мен захирадаман. 11 сентябргача Виржиниядаги бошланғич мактабда ишлар эдим. Хизмат муддатим тугагач, бир неча ойдан кейин қайтиб кетаман. Уйга. Мен болалар билан ишлашни ўлгудай яхши кўраман. Дарс бериш менга ёқади. Дарвоқе, модомики итальян экансиз, қирғоқдаги ҳов анови дарахт олдига бориб, унга сиғинишингизга ижозат бераман. Аслида бу жойни америкаликлар очишмаган…»
Тош ёдгорлик — аксар ҳолларда Тарихнинг жой тақдирини белгилаб беришидан бир нишона. Ҳов анови дарахт олдида 1494 йил 30 апрелда бу сарзаминга Атлантика орқали ўзининг иккинчи сафари вақтида Христофор Колумб оёқ қўйган. Кўнгли бир ёмон нарсани олдиндан сезгандек, Колумб Гуантанамодан жуфтагини ростлаб қолган, шекилли. Бу ердан ҳеч нарса топиб бўлмаслигига тўла амин бўлган ҳолда унинг кемалари эртасигаёқ лангарларини кўтарганлар. На олтин, на озуқа, на сув бор эди бу ерда. У бу ерни Puerto Girande[3] деб атаганди — бу ном кўплаб қароқчилик жанглари, шунингдек, 1848 йилдаги испан-америка урушидан кейин вақт қаърида маҳв бўлиб кетди.
Пирсни ортда қолдириб, мактаб автобуси Киттери-роудга чиқди — бу беш милга чўзилган асфальт йўл бўлиб, «Дельта» лагерининг олдинги чизиғини ҳарбий-денгиз базасидан ажратганча бўйиннинг жанубий қисмини қоқ иккига бўлиб туради. Ортимиздан баҳри муҳит ингичка мовий тасмага ўхшаб кўринар эди. Хир-хир қилган ва йўталган кўйи ғилдиракли ноёб топилдиғимиз тиканли кактуслар қоплаган тепаликлар томон кетиб борарди. Ҳар гал энг тепага кўтарилганимизда уфқдан шу манзара яққол кўзга ташланарди.
Лейтенант Мосс ана шу тиконли деворни имлаб кўрсатади — гўё унинг ортида ҳар доим ҳужумга шай душман яшириниб ётгандай: «Кастро… унинг совғаси». Бу ўлкаларда, айтишларича, (буни бир худо билади, ростми- ёлғонми, балки бу «солдат радиоси» ўйлаб топган навбатдаги афсонадир, холос), қирқ беш квадрат мил америка ерини қоплаб олган бу тиканли гилам Кастро қўли билан «тўқилганмиш». Оролнинг бу қисмини босиб олишга кучи етмагандан кейин у унга кактуслар экиб ташлаганмиш. Афтидан, Моссга бу фикр жуда ёқиб тушди: «Шимоли-шарқдаги анови тизмани кўраяпсизми? Куба чегараси миноралари қўққайиб турган холи ернинг нариги тарафига бир қаранг-а»[4]. Кастро у ерга минг туп кактус экдирган, шамол уни чанглантириб, тепаликнинг бу томонига учириб ўтган. Натижасини кўриб турибсиз. Албатта, бу ер қанча туришини ҳисобга олмаганда…»
Йилига тўрт минг саксон беш доллар. Манхеттендаги уч хонали хонадоннинг ижара ҳақидан ўн беш марта кам. Ўзининг тўрт юз минглик ҳарбий денгиз флотини Флорида штати соҳилларида бевосита аввало Испания ҳудудлари, қолаверса, коммунистлар ҳудудлари яқинида ушлаб тургани учун 1903 йил сентябридан бери Қўшма Штатлар ҳукумати Гаванага шу пулларни тўлаб келади. Бу шартномани (sine die) ҳатто Куба инқилоби ҳам буза олмади (дарвоқе, у ижара ҳақини олишдан бош тортади). Шартнома 1962 йилдаги Кариб можаросини, 1964 йилдаги Сув урушини, 1991 йили Кубани Гаитидан қочоқлар оқиб келиши воқеасини бошидан кечирди.
Айнан шу ерда иккита девор қад кўтариб турибди. Бири — тиконли симли ва пиёда аскарларга қарши эски миноралари бўлган совуқ уруш ва Куба коммунизми даври. Иккинчиси — терроризм билан урушнинг лагер пўлат қафасларини яшириб турувчи девори. 1903 йилги битимни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш учун ҳар иккала томон, Вашингтон ва Гавана ўзаро мажбуриятларини «ихтиёрий равишда» рад этиши керак. Бу энди ҳеч қачон бажариб бўлмайдиган нарсадир.
Киттери-роуд бир томонга қараб бурилади ва кутилмаганда сўнгги довонда кактуслар сафи иккига бўлинади. Ўтиш қисмининг ўнг томонидан денгиз тузи қоплаган «Caribbean circle»[5] темир кўрсаткичи қўққайиб турибди. Ўн беш-йигирматача занг босган яшил қурилиш вагончалари. Эҳтимол, кимдир вагончалар атрофидаги гольфбоп майдонни тозалашга ҳаракат қилган бўлса керак, бироқ қуруқ шох-шаббалар ва кактуслар кўринишидаги тўсиқлар ва тупроқдаги ўйдим-чуқурлардан коптокнинг думалаб ўтишига кишининг кўзи етмайди. Бу ушалмас орзунинг рўёбга чиқишига ўхшарди. Уиндворд базасини «Дельта» лагеридан ажратиб турувчи беш квадрат миллик саҳро ўртасидаги ягона сунъий кўнгилочар ороли. «У ёқдан чиққандан кейин ўз бошингни тартибга келтириб олиш учун аъло жой…» — изоҳ беради Мосс.
Денгиз кўздан йўқолган. Ортимиздаги мовий тасма энди кўринмасди, икки мил юрар-юрмас биз унинг яқинлигини ҳис этмай қўйгандик. Олдимизда ўлик ер ўз жисмини кўрсатади, кўз ўнгимизда жазирама қуёш остида одамлар ва нарсалар сузади. Мактаб автобуси йўл ўртасида чарақлаб турган блок пост олдида тўхтади. Занг босган қоровулхонадан қуролланган уч нафар ҳарбий мўралади ва автобусни текширишга рухсат беришимизни сўради.
Бу озод одамлар ерини «Дельта» лагеридан ажратиб турувчи сўнгги чегара. Киттери-роуд— шарққа, Freedom Heights, Озодлик тепаликларига олиб борадиган ягона йўл. Бу тўсиқ Гуантанамо 2002 йилининг дастлабки тўрт ойида «Дельта» лагери фақат қоғоздагина бор бўлган ва «Х-ray» — «Х-нурлари» лагери билан қаноатланишга тўғри келган вақтда қандай бўлгани борасидаги хотирани сақлаб қолган. Ҳарбийча лаҳжадан юзага келган яна бир лисоний мавҳумлик. Бу ердаги ҳамма нарса каби. Ч — Чарли сифатида, Д — Дельта сифатида, З — Зулу сифатида[6], Х-Х нурлари, шарм паймонаси сифатида. Америка биринчи марта бутун дунёга қасоснинг чеҳраси қанақа бўлиши мумкинлигини кўрсатиб қўйганди. Ўшанда 2002 йил январида объектив нигоҳи қизғиш жомакордаги пўлат қафасларга қамаб қўйилган афт-башаралари буришиқли тутқунларнинг қиёфаларини тасмага абадул-абад муҳрлаб қўйганди[7].
Бугунги кунда мазкур ҳудуд ҳарбий либосни киймайдиганлар нигоҳидан яшириб қўйилган. Бамисоли кириш йўлининг беркитиб қўйилиши хотирадан ўчириб ташлашни англатадигандек. Энди бу яна чанг-тўзонли текисликка айланган, тиконли симлар ва занглаган қурилиш чиқиндиларига тўлиб-тошган. Лейтенант Мосс мароқ билан сўзлашдан ўзини тиёлмайди, балки у ўтмишни кавлаштириш шартмикан деб ичидан иккиланаётгандир ҳам: «Ўшанда сизнинг бу ерда бўлганингизни мен қайдлар дафтарида кўргандим. Лагер энди-энди қурила бошлаганди. Тажриба қизиқарли бўлгандир, балки?» Лагердаги маҳбусларни сақлаш шароити халқаро меъёрларга мос келишини бутун дунёга намойиш қилар экан, Америка ҳукумати вақти-вақти билан халқаро матбуот учун уюштирган сафарларидан бирида 2002 йил мартида менга ўхшаб иштирок этган барча кишиларга бу лагер қизиқ туюлганди.
Айнан шундоқ сафари.
Бизни ойнаси қорайтирилган «форд-транзит»га ўтқазишди. Бундай ойнадан фақат бир томондан туриб кўриш мумкин – ичкаридан туриб. «Форд» одам қадами тезлиги билан тошлоқ лагерни энлаб ва бўйлаб нақ уч марта айланиб чиқди — осмонда вертолётлар айланиб кузатиб юрибди. Сафарини Windschield tour — Шамол ойна халқасини тамбалаб туради. Мен тиконли сим тортилган ва кузатув миноралари бўлган мўъжазгина қафасчаларни кўрдим, уларда жазирама қуёш ва прожекторлар нури остида одамзот етти букилиб ўтирарди. Сувсиз ва канализациясиз қафаслар ёғоч ва темирдан ясалган бўлиб, бир томонидан нова бурмали темир тунукалар билан ёпиб қўйилган. Кўзим қафасларнинг бир бурчагидаги тунги тувакка тушди (уч юз дона — ҳар бир маҳбусга биттадан) туваклар ҳожат вақтида барча маҳбусларга яққол кўриниб турадиган қилиб қўйилган. «Форд» яқинлашиб келиши ҳамон шу пайтгача ҳолсиз кўкракка туширилган бошлар бирдан кўтарилди. Одатда ҳайвонларга овоз ана шундай таъсир қилади. Тўсатдан маҳбуслардан бири ўзини қафасга ура бошлади ва мен ундан кўзимни узолмай қолдим. У бир қўлини оғзига тиқди, иккинчи қўлининг кафти билан «йўқ»ни ифода этишга ҳаракат қилиб, у ёқдан-бу ёққа силкита бошлади. Сўнгра тўхтовсиз ҳаракатлар билан, буни олдиндан ва муфассал ўйлаб олгани яққол кўриниб турарди, у қўлларини елкаси баробар кўтарди. Ёзилган бармоқлари сонни билдирарди. Ўн тўрт, ўн тўрт. Ўн тўртта маҳбус очлик эълон қилган. Бироқ бунақаси бошқа такрорланмайди. «Дельта» лагерида нега бундай бўлишини англаб етдим.
Автобусни текшириш ниҳоясига етади, шлагбаум кўтарилади. Мосс кафтининг орқаси билан пешонасидаги терни сидиради. У менинг нима ҳақдадир қаттиқ ўйга толганимни кўради. «Хўш, сиз тайёрмисиз?» Бизни лагерда кутишяпти…»
ИЧКАРИДА
«Салли» ёки «Салли-8» — пўлат дўзахга олиб борадиган эшик шундай аталарди. Ичкарига кириб, биз қаршимизда шундай эшикли яна бир деворни кўрамиз. Олдинги эшик шарақлаб ёпилмагунча кейинги эшик очилмайди. Шу тариқа тахминан ўн метрлар давомида худди қирчумоли уясидек, кириш бору чиқиш йўқ. Кираверишдаги деворга михланган лавҳачага: «Дельта» лагери — озодликнинг ҳимоя қилиш шарафи деб ёзиб қўйилибди, у «Салли-8» қулфи шарақ этганда ғолиблар каби мағлубларнинг ҳам кўз ўнгидаги манзарага очиқ-ойдин зид келиб турарди. Бу калимани ҳар бир бурчакда ғурур билан замзама қилишади, бу билан бундай жазонинг «зарурийлигини», демакки, «тўғрилигини» эътироф этишга ундовчи сабабларни оқлашга ҳаракат қиладилар. Маҳбусларни сақлаш шарт-шароитлари Учинчи Женева конвенциси тасдиқлагандан узоқ, чунки лагерга тушган одамлар ҳарбий асирлар эмас. Балки enemy combatant — жанг қилувчи мухолифлардир. Уларда айблов ҳукмисиз қамашнинг янги амалиётини алқаб туриш мумкин. Ягона мақсад — бошқа ҳамма учун англаб бўлмас ҳисобланувчи қамоқ назоратчиларининг иродасини мустаҳкамлаш.
«Салли» олдида, яъни лаҳад олдида (унинг чинакам ўлчамлари ва яссисимон ён кўриниши ҳозир кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда эди) қаддини ғоз тутиб, лейтенант Мосс, борди-ю, биз эҳромга кириб қолгудек бўлсак, қандай бўлишини насиҳатомуз шарҳлаб беради: «Биз уни the wire – сим деб атаймиз. Бунинг нима учун бундай дейилишини тушуниш қийин эмас. Тахминан ўн метр баландликдаги деворга маҳкамланган бир неча километрлик тиконли сим лаҳад айланаси бўйлаб чўзилганча бутун атрофни қуёшда чарақлаган сўнгсиз бурамалари билан қуршаб ётарди. Сим кузатув минораларига разм солишга халақит берарди ва лагер ҳудудида бемалол юргани қўймасди. Миноранинг таги қуриб қолган ғовак ўсимлик таналарига ўхшаб кўринарди, тиконли темир ўрам, the wire, улар устида бамисоли кўк қонтомирдек бўртиб турарди. Ҳамма жойга фотоэлементлар суқиб ташланган. Миноралар узра юлдузли йўл-йўл байроқлар ҳилпирайди, миноралардаги қўриқчилар арвоҳдан сира фарқ қилмасди, уларнинг башараларини кўриш амри маҳол, тиккайиб кўриниб турган винтовка уларнинг борлигидан дарак бериб турарди. Сайқалланган м-ль билан хиёл чайқаганча қўриқчилар винтовкаларини гоҳ лагернинг ички ҳовлисига, гоҳ чегара олди ҳудудларга тўғрилар эдилар. Мўлжални бир маромда алмаштириб туриш қанчалик ғайриихтиёрий бўлса, шунчалик сийқаси чиққан, зерикарли ҳам эди.
«Салли»нинг рўпарасида шийпон скамейкага ўхшайди. Атрофи девор билан ўралган лаҳад томонга қараган буни саҳронинг қоқ ўртасига келтириб қўйиш фикри қайси каллаварамдан чиқди экан? Бу бежиз эмас экан, ҳар қалай «Дельта» лагерини фақат шу скамейкадан турибгина фотога олиш мумкин экан. Бу «чекловлар»ни бир амаллаб тушунтириб беришни Мосс ўзи учун жоиз деб билади: «Сиз, албатта, сизга муҳим бўлиб кўринган ҳамма нарсани пайқашда эркинсиз. Бироқ буни фақат кўзингиз билан кўрганингиз бошқа-ю, фотоаппаратда сувратга олганингиз бошқа. Скамейка нега бу ерда турганини биласизми? Махфийлик юзасидан».
Лагерни ташқаридан кузатган одамга кўриш масофаси чекланган, бироқ айни вақтда у кўп нарсани кўра олмайди. Тўрдан қилинган ўн метрлик девор яна зич яшил парда билан тўсилган, ундан кузатув миноралари ва тиконли симлар бўлмаган нариги ёқдан ҳеч нарсани кўриб билишнинг сира имкони йўқ. Ташқарида бўлган одамдан парда ҳамма нарсани тўсиб туради. Ичкари бўлмалардан ҳам.
«Салли» олдида таржимаи ҳоллари турлича ва баданининг ранглари хилма-хил бўлган икки ҳарбий турибди — улар лагернинг тартиби ва хавфсизлиги учун жавоб беришади. Полковник Адольф Маккуин — қора танли, майор Жон ван Натта — оқ танли. Биринчиси кўринишидан қирққа борган: қомати таранг, мўйлови ингичка. Иккинчиси — элликларда: кўзлари чақноқ, гавдаси тўла, ҳаракатлари вазмин. «Натта», деб ўзини таништиради у ва хаёлимиздан бу одам асли италян бўлса керак деган фикр лип этиб ўтади, бироқ саволингизга инкор жавобни оласиз: «Йўғ-е, нималар деяпсиз. Шунчаки «ван» қўшимчаси мени бу ерга кўчирганларида исми шарифимдан тушиб қолган. Уни ҳеч ким тилга олмайди, бинобарин мен ўзимнинг билишимча, қайсидир голланд бобокалонимиздан мерос бўлиб қолган исми шарифимнинг бир бўлагига эга бўлиб турибман».
«Унинг гапига қулоқ солманг, — кулади Маккуин, — бу ерда майорнинг исми шарифини ҳеч ким билмайди, ҳамма уни Доктор деб чақиради, вассалом. Бу изоҳ менда қизиқиш уйғотди. Доктор деб чақиради? Нима учун? «Майор Ван Натта қамоқхона назарияси бўйича диссертация қилган. У ўз ҳаётини тиконли симнинг нариги томонида ўтказган. Полковник Маккуиннинг таъкидида, эҳтимол, ҳазил аломатлари ҳам йўқ эмасди, аммо жуда ҳам енгил ҳазил. Нима бўлганда ҳам ван Натта — диссертация ҳимоя қилган. Уни, захирадаги зобитни, бу ерга, кўрфазга юборишларидан олдин тиконли симнинг нариги томонида – ҳам у фуқаролик хизматида бўлган эди. У Miami Contry Correctional Facility — Индианаполнинг шимолидаги ўта махфий ахлоқ тузатиш колониясида бошлиқ бўлган эди.
Қулф шиқирлайди ва шу заҳоти «Салли» очилади, пошналар тақ-туқ қилади — қоровуллар честь беришади ва икки зобит ҳамда меҳмонга салом беришади. Ван Натта биринчи бўлиб ўтади ва эҳтиёт бўлинг дегандек тиконли симга ишора қилади. Токи борми? «Йўқ, энг оддий сим. Бироқ барибир хавфли. Ҳолбуки шахсан мен, тўғрисини айтсам, Америкадаги уйимда уларни токка улаб қўярдим». Биз кўзни қамаштиргувдек оппоқ, ғоятда майда ва чангли, офтобда обдон қизиган шағал тўшалган катта майдондан чиқамиз. Ван Наттадан шов-шов тер оқади ва нимагадир ўзи ҳақида гапиришда давом этади. Лагердаги хизмати ҳақида, у тўғрисида кўп нарсаларни айтиб берувчи ўз хоббиси ҳақида сўзлайди: «Мен нодир паррандаларга қизиқаман. Иккита катта-катта қафасда эллик жуфтча қушим бор. Ишламаган вақтимда уларни кузатиб, ўзимга дам бераман… Сиз-чи, қушларни севасизми?»
Биз «Салли»дан эллик қадамча узоқлашамиз. Ундан кўп эмас. Бироқ шундай туюлдики, гўё биз вақт оқими тўхтаб қолган қандайдир номаълум сарзамин ичига бир неча километр кириб кетгандаймиз. Лагердан ташқарида ястаниб ётган ҳудудлар ортимизда қолган (бу ҳудудлар аслида қўл узатса етгулик жойда), бироқ нейлондан қилинган залворли яшил парда у ёқдан келаётган товушлар ва ҳидларни ўтказмайди. Парда уларнинг борлигини асло билдирмайди. Пардадан ҳеч нарса, ҳатто шамол ҳам ёриб ўтолмайди, у туфайли бизнинг шундоқ қаршимизда турган денгиз ҳам мутлақо мавҳум нарсага айланган.
Полковник Маккуин тўсатдан тўхтайди. У ўзидан чап томондаги уйларни қўлини чўзиб кўрсатади, сўнгра ўнг томондагиларни кўрсатади. Худди биргина қўл ҳаракати билан биз кўриб турган ҳамма нарсани қучоқлаб олмоқчи бўлгандай. Ўн саккизта пўлат қафас кўриш учун тўрттала томони очиқ, тош ўрнида қалин темир бетон. Ҳар бир блокда йўлакнинг ҳар икки томонидан қирқ саккизта қафас жойлаштирилган. Ҳар бир қафасда биттадан маҳбус. Олтита блок қанот ҳосил қилган. Биринчи, Иккинчи, Учинчи —рақамлар қанотларга айтарли ҳеч бир мулоҳазасиз берилган — уларни тиклаш вақтига қараб қўйилган: 2002 йил 28 апрелда (Биринчи), 2002 йил 28 майда (Иккинчи), 2002 йил 22 октябрда (Учинчи). Қанотлар бир-биридан бутунлай ажратиб қўйилган: битта қанотдан бошқасида нималар бўлаётганини кўришнинг ҳам, эшитишнинг ҳам иложи йўқ. Қоидаларга кўра, ажратиб қўйиш «максимал» даражада бўлиши керак. Биз чапга биринчи қанотга қараб борамиз — у ерда бир қанча бўш қафаслар бор, полковник Маккуиннинг навбатдаги гапининг ҳақиқатлигига кўзимиз билан кўриб ишонч ҳосил қилишимиз учун ван Натта бизни ўша ёққа олиб ўтади: «маҳбусларни сақлаш шарт-шароитлари инсонларга муносабатда бўлиш андозаларига тўла мос келади».
Пўлат блоклар оралиғида йўлакка ўхшаб ётқизилган шағал йўлдан яна бирмунча муддат юриб борамиз. Темирбетондан қилинган ойнасиз тўрт уй ортда қолади. Уларнинг ҳар бири ичига фақатгина кўндаланг йўлак харилар билан маҳкамланган ягона энсиз темир эшикдан кирилади. Омборларми? Ҳарбийлар менинг саволимни соддалик намунаси сифатида (ва мутлақо тўғри) қабул қиладилар. Ҳолбуки, айни ҳолда у қандайдир қутқули эшитилиши ҳам мумкин-да. «Сизнингча, улар омборларга ўхшайдими? Булар сўроқ қилинадиган хоналар». Чироқсиз ва дим ҳолатда-я? «Томга синчиклаб қаранг: хоналар кондиционер билан жиҳозланган. Чироқ ҳам бор, фақат электр чироғи. Кечаю кундуз ёниб туради». Бундай шароитларда маҳбус кундузни тундан ажратолмайди ва сўровда бир соатми, икки соатми, уч соатми ёки гоҳо бўлиб тургандек, тўққиз соатми ўтирганини англолмайди. Ичкарида гаплару қичқириқлардан, сўроқ хонасидан камерани ажратиб турувчи бўшлиқда ҳатто заиф акс садо ҳам қулоққа чалинмайди. Бу ерга ким киради-ю, ким чиқади, буни ҳеч ким кўрмаслиги ва эшитмаслиги учун уларни атайлаб сал нарироққа жойлаштиришган. Қачон кириб-чиқишади, қандай ҳолатда кириб-чиқишади ва неча марта кириб-чиқишади — ҳеч балони билиб бўлмайди.
Бу деворлар ортида содир бўладиган нарсалар — сара одамларнинг иши. Улар «Йўлбарслар» жамоаси деб аталади: булар МРБ ва махфий полиция бошқармаси, ФБР ва Адлия вазирлиги, давлат департаментию Фуқаролик ва муҳожирлик ишлари бўйича идора ходимлари. Худонинг берган куни эрталаб бу одамларнинг ойнаси қорайтирилган автобусдан қўлларида ишга шошаётган бошқа барча йўловчилар фойдаланадиган йўл чипталари билан тушиб келаётганларини кўришингиз мумкин. Уларнинг «Норасмий сўроқлар»ини ҳафтасига уч юз марта — худди улар сўроқ вақтида фойдаланадиган услублар сингари сир пардаси чулғаб олади. Сўроқлар ҳақидаги ғарибона маълумотларни бизга сўроққа тортилганларнинг ўзлари етказадилар. Муҳаммад Наим Фаруқ ҳикоя қилади: «Мени Гуантанамога олиб келишган куни сўроқ қилишди. Сўнг уч ой давомида — жимлик. Сўнг тўсатдан тўртинчи ойда, улар яна гапларимни эшитгилари келиб қолди. Улар мени сўроқ қилиш хоналарига тахминан ойда бир марта олиб кела бошлашди. Ўз-ўзидан маълумки, бизда тақвим йўқ эди. Сўроқлар соатлаб чўзиларди. Нечталигини аниқ билмайман. Менга ҳар доим бир хил саволлар беришарди. Менинг жавобларим ҳам бир хил бўлар эди. Ҳар бир сўроқ охирида менга бундан кейин бўлмайди, деб ваъда беришарди, мени ўзига келиб олсин дейишарди-да. Бу ҳол неча ойлаб давом этарди. Камерага қайтиб келгач, ойлаб мен уларни берган сўзлари устида турмасликларини англардим… Улар асабимга тегиш учун жўрттага шундай қилишади…
Афғон Муҳаммад Тоҳир ҳам Фаруқ сингари эслайди: «Мени сурункасига саккиз, балки ўн ой сўроқ қилишди. Бироқ уйга қайтганимдан буён у ёқда ўтган кунларим ҳақида ҳеч нарсани эслолмайман…»
Биринчи қанотгача бир неча одим қолади, майор Ван Наттанинг биргина — у таъкидлаб гапиради — талаби бор. Энг осони яккаю ягона ва шарт бўлган бир қоидани эсда тутмоқ керак. Шунга риоя қилмасак, мени ўша заҳоти лагердан чиқариб юборишади ва барча аудио, видео ва фотосъёмкаларимни мусодара этишади.
«Сиз ҳеч қандай йўл орқали маҳбуслар билан мулоқотда бўлмайсиз. Ҳар қанча эътиборингизни жалб қилишга ҳаракат қилишмасин, мумкин эмас. Борди-ю, улар эътиборингизни тортмоқчи бўлишса, тескари ўгирилиб олинг. Биласизми, улар жуда айёр. Вақти-вақти билан журналистлар келиб туришини билиб қолишган ва уларга гап тайинлашга интиладилар. Сиз балки гапимга ишонмассиз, аммо уларнинг кўпчилиги инглиз тилида жуда яхши гаплашишади. Энди эса, марҳамат. Хуш келибсиз…»
Биринчи қанотда тириклайин кўмилганлар майорнинг сўзларини эшитган бўлишлари керак. Ёки жуда бўлмаганда қўриқчининг бир маромдаги одимларига ўхшамаган товушни илғаб, унинг келганини англаган бўлишлари керак. Қафасда шакл-шамойили элас-элас кўзга ташланиб тургани шўрликлардан бири бир вақтнинг ўзида ҳазил ва илтижо қоришиб кетган оҳангда оҳ-воҳ қилади: «Eeeeenglish[8]………. Eeeeenglish………. Eeeeenglish……….» Бир оҳангдаги хиргойига бошқа овозлар қўшилади, қисқа-қисқа тўхтаб, «Eeeeenglish………. Eeeeenglish………. Eeeeenglish……….» сўзлари қулоққа чалинади. Қизғиш расмий либосли икки давангидай одам камераларнинг улар мудраб ўтирган бурчакларидан кўтаришади. Уларнинг чеҳралари қорачадан келган ва юзлари кичик-кичик. Хира табассумлари орасидан оппоқ тишлари тиржайиб кўринади. Улар юзларини пўлат тўрга тирайдилар ва пешоналарида тўр излари қолади. Улар жажжи бармоқларини ари уясидек келадиган тор тўр тешигига суқадилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларини болалар «ку-ку» ўйинидагига ўхшатиб қимирлата бошлайдилар, бу саломлашув ёки оддий ҳаёт ҳаракати бўлса, эҳтимол. Майор, ван Натта қадамларини жадаллатади ва қўли билан имлаб томоша кўрсатишларини тўхтатишга ишора қилади. «Қани, илтимос олдинга ўтинглар. Худо хайрингизни берсин, маҳбуслар билан мулоқотга киришманглар…»
Ҳавода дезинфекция дорилари ва уларнинг кўнгилни беҳузур қилувчи бадбўйи димоқни тешгудай бўлади. Лагер шамоллатиш тизими бадбўй ҳаво оқимини тепага ҳайдайди, у ерда улкан парракларнинг катта-катта лаппаклари уни даҳма тошидаги кўплаб тешиклар орқали кўчага қувиб чиқаради. Ван Натта мана шу тешиклар шарофати билан қафасларга салқин ва топ-тоза ажойиб денгиз ҳавоси келиб туришини мақтаниб гапиради. Агар майор лаппаклардан бири остида тик турганида юзидан тер шовиллаб либосига оқиб тушишига амин бўлар эдим. «Дельта» лагерининг қанотлари кўрфаздаги кондиционерлар билан жиҳозланган ягона хоналар эканлигини билмаганимда ҳам бошқа гап эди.
Қулфнинг яна оғир шарақлаган овози эшитилади. Қизиган ҳавонинг яна бир тўлқини келиб урилади. Мени биринчи қанотнинг бўш қафасига киришга таклиф этишади: цемент пол, икки қадам у ёққа, уч қадам бу ёққа. Бир метр саксон сантиметрга икки ярим метр, бир сантиметр ортиқ ё ками билан. Қафасда битта ҳам яхлит девор йўқ — маҳбуснинг мақсад ё ниятини билдирувчи ҳар бир ҳаракати, ҳар бир ишораси қоровулга кўриниб туриши керак. Қафас блокни ажратиб турувчи йўлакка очилади. Худди шундайлардан ўн иккитаси сирасида у биринчиси. Деворга пайвандланган каравот (матрасли темир тўр) баландлиги билан хонанинг чап деворини қоқ иккига бўлиб туради. Каравотнинг узунлиги тўр узунлигига тенг, эни эса етмиш сантиметрни ташкил этади, демак бўш жой шу қадар оз қоладики, камера бўйлаб ҳаракат қилишнинг деярли имкони бўлмайди. Маҳбус барча вақтини ўтириб ёки чалқанча тушиб, ё ёнбошлаб ётган кўйи ўтказишга мажбур. Кечаси ҳам, кундузи ҳам. Шифтга тикилганча каравотнинг бош тарафидаги эллик сантиметрлик бўшлиқдан баҳраманд бўлади, холос. Каравотдан ташқари камерада ҳожатхона ҳам бор — бу полдаги пўлат тирқиш — яна таҳорат учун пўлат чиғаноқ мавжуд, жўмракдан тинимсиз шўр сув ингичка бўлиб жилдираб туради. Қоида ҳар қанақанги паналикни ман этади. Ҳатто ҳожатхона қаршисидаги латта-путталарни тўрга боғлаб қўйиш ҳам мумкин эмас. Қизғиш либосдаги маҳбуслар ҳамманинг кўз ўнгида чўнқайиб ўтирганча ҳожат чиқаришга мажбур. Борди-ю, улар ўзларини танҳо ҳис этмоқчи бўлишса, ҳар доим бошларини тиззалари орасига суқиб, кўзларини юмиб олишлари керак бўларди. Сизга ҳеч ким қарамаётганини тасаввур қилишнинг биргина усули бор эди — ўзингизга қарамаслик, вассалом.
Темир тўрга Қуръон боғлаб қўйилган. Ерда жойнамоз ёзиғлиқ: қора бўёқ билан чизилган ўқ шакли бу ердан 12793 километр масофадаги Маккани кўрсатиб турибди. Ҳар куни беш маҳал маҳбуслар лагер муаззинининг овоз кучайтиргичдан таралувчи азонига мувофиқ юзларини ўша томонга қаратган ҳолда тиз чўкиб ибодат қиладилар.
Қафаснинг бўш бурчагида наридан-бери қуйидаги нарсалар битиб қўйилган: бир жуфт резина бошмоқ, иккита сочиқ, иккита адёл, ёстиқ, бир жуфт сарғиш шорт, иккита оқ футболка, бош кийим, намозда суртиладиган мой, совун, жуда қаттиқ маъдандан думалоқ сопли калта тиш чўткаси (биронта маҳбусда ундан қурол ясаш хоҳиши туғилиб қолмасин учун махсус шундай қилинган). Яна ўйинлар ҳам бор. Ҳа, икки шерик учун ўйинлар. Шашкалар ва шахматлар. Қартада фол очишдан бошқа киши ёлғиз ўзи ўйнайдиган бошқа қандай ўйинлар бор? Бу савол бир лаҳза майорнинг менга бўлган хайрихоҳлигига шубҳа уйғотди. «Ҳа, айтгандай…. Шахматни бир киши ўйнаса ҳам бўлади. Кейин эса, қафасларда уларнинг қўшнилари ҳам бор». Дейлик, тўрнинг майда кўзи орасидан шахмат тахтасини кўриш мумкин. Аммо бутун қўлни қўяверинг-у, кафтни ўтқазишнинг асло имкони йўқ. Энди биргина эрмак қолади — мутолаа. Маҳбусларнинг китоб ўқиши ман этилмаган. Икки резина ғилдиракли аравача блок йўлакларидан ўтиб бораётганида, маҳбуслар тўкиб қўйилган бир уюм китоблардан биттасини кўрсатиб, мутолаага ўзи учун танлаб олади. «Биз олтмиш беш минг янги китобларга буюртма бердик, — дейди ван Натта. — Гарчи араб тилидаги шунча китобни топиш бизга осон бўлмаса-да, китобга талаб ҳаддан ташқари катта». Нима бўлганида ҳам ҳарбий цензура маъқуллаган китоблар. Эртаклар, мўъжизавий муҳаббат ҳақидаги афсоналар, қаҳрамонлик достонлари.
Бундоқ олиб қараганда қафас денгизга қараган. Каравотдан тўрт юз метрлар нарида тўлқинларнинг «Радио Ренж» соҳилидаги оппоқ қумларга келиб урилаётгани кўриниб туриши керак эди. Керак эди. Чунки денгизнинг борлиги бу ерда сира сезилмасди. Яшил нейлон парда ҳаммасини тўсиб қолади. Денгизни ҳам, соҳилни ҳам, осмонни ҳам. Бу иккиёқлама жазо бошқа жойнинг бор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги орзуни ҳам йўққа чиқаради. Ван Натта гўё чет эллик журналист билан суҳбат уюштириш учун бирданига шахсан катта аҳамият касб этиб қолгандек кутилмаганда дангал-дангал изоҳ бера бошлайди: «Бу аслида жазо ҳам эмас. Гапимга ишонаверинг. Бу бор-йўғи маҳбусларни тўсиб қўйишнинг бир усули, холос». Нимадан? «Қизиқувчан кўзлардан. Чунки денгиздан кўрфаз сувларида туриш ҳуқуқига эга бўлмаган кемалар сузиб келиб қолиши мумкин. Кимдир телеобъектив ёрдамида маҳбусларни сувратга олишга ҳаракат қилади. Ўзингиз яхши биласиз-ку, ҳарбий асирларни одамлар кўрадиган жойга қўйиб қўйишмайди».
Маҳбуслар қафасдан ҳафтасига тўқсон дақиқагина чиқадилар. Кунора ўттиз дақиқадан уч марта. Бу энг кичик жисмоний машқлар бўлиб, бусиз маҳбусларда қўл ва оёқларда анилоз ва мушакларда атрофия бошланади. Қизғиш либосдаги маҳбуслар бу дақиқаларни, ҳар ҳолда, бошқа барча вақтлари каби ёлғизликда ўтказадилар. Бироқ сайрга чиқишдан олдин улар «уч нарса»ни кийишлари керак — бу ўзига хос нўхта бўлиб, бироқ одам учун қилинган нўхтадир. Чарм камардаги бақувват ҳалқаларга илмоқлар билан панжаларни тўпиқлар билан туташтириб турувчи икки метрли занжир маҳкамланади. Бу усул чопишга халақит берибгина қолмай, балки тез юргани ҳам, шунингдек, ҳар қанақанги кескин ҳаракат қилгани ва гавдани бургани ҳам қўймайди. «Уч нарса»ни рағбат олганларга кийдирилади — «ҳавода» ўттиз дақиқа бўлади ёки лазаретга ётқизилади. Шунингдек, сўроққа олиб борилганларга ёки қоидабузарлик қилгани учун кичикроқ қафасга кўчирилганларга кийдирилади.
«Ҳаво» — бу оёқлар учун мукофот, бош учун эмас. чунки маҳбусни бир қафасдан бошқасига — худди шунақаю фақат бундан олти марта каттасига олиб ўтадилар. Цемент ер, тўрттала томони пўлат тўр. Дам урилган футбол коптогини ҳисобга олмаганда, қафас ичи бўм-бўш: уни ҳар қанча тепиб думалатса бўлади, бироқ у бамисоли қўрғошиндан қилингандай ердан кўтаришнинг асло иложи йўқ (улар футболни аъло даражада ўйнашади — изоҳ беради ван Натта). Демак, бу ерда фақат юришга ёки югуришгагина изн беришар экан. Бошқа ҳамма вақтда бўлганидек, қафас ичида ва танҳоликда. Ягона қувонч: бу ердан осмон кўриниб туради ва «ҳаво»дан кейин «сув» бўлади.
Айнан шундай: ўттиз дақиқалик «ҳаво» ўн дақиқалик «сув»ни ҳам англатади. Душ суви. Бу ерда ҳар йигирма тўрт қафасга иккитадан душ тўғри келади. Улар қанотнинг охирида, сайр қафасларига кираверишда жойлашган. Душлар ҳам ҳар томондан кўриниб турадиган қилиб қурилган. Уларнинг ёнида деворга иккита умивальник қоқилган, уларнинг устида ўз башарасини таний олиши учун ҳафтасига уч марта қарашни истовчиларга деб махсус кафтдеккина ойна ўрнатилган. Ёки айлана шаклли ва усталик билан ясалган тиғли пластик устарада соқолини қиртишлаб олишга жазм қилганлар (ундайлар яккам-дуккам учрайди) фойдаланадилар. Тиғни устарадан чиқариб олишнинг иложи йўқ.
Ҳаво ва сув — тирикликнинг негизи. «Дельта» лагерида бу яхши хулқ-атвор учун мукофот. Атрофида мукофот ёки жазо тизими айланиб турадиган ўқ —маҳбусларни сақлаш соҳасидаги илмий тадқиқотлар самараси. Ёки яна ҳам жўнроқ қилиб айтадиган бўлсак, бизнинг автосуғурта тизимимиз соҳасида ҳукмронлик қилувчи «bonus malus»нинг[9] бир тури. «Тизим» ҳақида ван Натта фахр билан ҳикоя қилади ва унинг амал қилиш дастурини шундай оҳангда тушунтирадики, гўё биз қизғиш либосда янги келган арвоҳлармиз. «Қамоқнинг тўрт даражаси мавжуд. Биринчиси — қулайликларнинг энг кўп миқдорда бўладигани: ҳафтасига ўттиз дақиқадан уч марта сайр, душ ва соқол олиш учун — қирқ дақиқадан. Иккинчиси — сайр ўн дақиқагача қисқартирилади. Учинчисида — беш дақиқагача. Тўртинчи даражада маҳбус уч сайрдан биттасини йўқотади, демакки душ муддатидан ҳам. Қолган шундай иккитасининг муддати худди учинчи даражадагидек».
Яхши, ҳаммаси тушунарли. Аммо мана бу «bonus malus»: «барча янги келган маҳбуслар учинчи даражага тушадилар. Борди-ю, дастлабки ўттиз кунда улар қоидани бузмасалар, унда навбатдаги — иккинчи даражага кўтариладилар. Яхши хулқ-атвор билан яна бир ойдан сўнг биринчига кўтариладилар. Бироқ борди-ю, маҳбус иккинчи даражада бир ой ичида лоақал биргина қоидани бузса ҳам тўғри тўртинчига тушиб кетади. Аммо тўртинчи даража «Ҳиндистон блоки»даги қоидабузарлар учун якка камерага ўтказишни англатмайди. «Ҳиндистон блоки»да ҳам ҳамма жойдагига ўхшаш қафаслар бор, фақат уларнинг деворлари тўрдан эмас, балки кундузги ёруғни ҳам, тунги қоронғуликни ҳам ўтказмайдиган яхлит пўлат тунукалардан ясалган. Фикрлаш фаолиятига бўлган қобилиятини сўндириш ва қолган-қутган қаршиликни синдириш учун улар махсус шундай ясалган. Ўликхона сингари силлиқ ва муздек қути сурункасига йигирма тўрт соат ёниб турадиган электр чироқ билан жиҳозланган. «Қамоққа тушганнинг биринчи даражасидаги барча қулайликлардан баҳраманд бўлиш ва изоляторга тушмаслик учун қоидаларга риоя қилинса бўлгани. Қоидалар уларга риоя қилувчилар учун жуда осон. Овқат ейишдан бош тортмаслик лозим. Қичқирмаслик керак. Қоровулни ҳақорат қилмаслик керак. Назоратчиларга ҳамла қилишга уринмаслик ва шундай қилиш хоҳиши борлигини намойиш этмаслиги керак. Сув ва бадан чиқиндилари: нажас ва пешобни уларга қараб сепмаслик керак. Тупурмаслик керак».
Агар қафасдаги арвоҳлар ва либосдаги қоровулларнинг исмлари бўлганида, эҳтимол, қоидаларга риоя қилиш осонроқ бўлармиди. Улар ўзаро муомалада бўлишарди. Эрталаблари саломлашишарди, қамоқдаги дилхушликни бирмунча енгиллаштиришарди. Аммо бу ерда бунинг иложи йўқ. Чунки сиз, яъни инсон табиатнинг табиий ифодаси бўлиб, пул майдалаш деган нарса эмас, балки сал бўлмаса қайнаб турган булоқ, назоратчилар фақат буйруқ бериш учунгина унга мурожаат қилишга, маҳбуслар эса бўйсунишларини намойиш этиш ҳуқуқига эга.
Маҳбусларнинг исмлари йўқ. Фақат қафас рақамига тўғри келадиган рақамлари бор, холос. Назоратчиларнинг ҳам исмлари йўқ. Лагерда амал қиладиган хавфсизлик қоидалари исмлар ёзилган тасмачаларини скотч билан кителга ё беретга ёпиштириб қўйиш талаб этилади. Жаҳоннинг бошқа армияларида айнан мана шу тасмачалар либосдаги шахссиз бандага ном беради. Лагернинг қаноти бу Бобил минораси бўлиб, у ерда қирқ икки тил ва ўн етти лаҳжада узуқ-юлуқ ва қўпол нутқлар жаранглаб туради, нотаниш маҳбуслар ана шундай бир-икки оғиз сўз билан ўзаро мулоқотда бўладилар, уларнинг қисматига танишиш битилмаган ва улар вақт ва қўрқувни ана шундай баҳам кўришга мажбурдирлар. «Тўртинчи! Нима қиляпсан?», «Ўн еттинчи! Нега қичқирасан?», «Ўттиз биринчи! Наҳотки нима берса, шуни ейиш кераклигини билмасанг?»
Кўрфаздан узоқда пайдо бўлиб қолгач, туғилган мамлакатларда ёки бирмунча вақт муқаддас туп қўйиб, палак ёзган жойларда маҳбуслар яна исмларга эга бўлишади. Бу мамлакатларнинг ҳукуматлари уларнинг қўлга олинганликлари ҳақида хабар топишади. Италиядан саккиз маҳбус…
«Дельта» лагерида ҳеч қачон қоронғи тушмайди. Кун ботиш чоғида қуёш нури электр нури билан алмашади. Қафасларда маҳбуслар ҳеч қачон ўз сояларидан маҳрум бўлмайдилар: соялари оловли шар оралиғидаги йўлакларнинг шағалларини чўғдай қиздирганча даҳма томи узра ловуллаганда калта ва чаплашган; қоровуллар зангори, асаббузар нур билан камералар ва уларга қамалган маҳбусларни ёритганда эса узун ва қора тусга кирган бўлади. «Дельта» лагерида бир йил ўтириб чиққан Саид Абассим ҳикоя қилади: «Гунтанамода кўзим хиралашиб қолди. Кундузи қуёшнинг ва тунда электр чироқларнинг кўзни олувчи ёруғи туфайли. Ухлаш учун бошимизни буркаб олгани назоратчилар зинҳор рухсат бермасди. Мен ҳамма нарса тақиқланган ҳайвонот боғида яшардим. Биз ҳатто ўз қафасимизда бадантарбия билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмасдик. Бир куни мен шундай қилишга уринган эдим, мени беш кун тешик-туйнуксиз изоляторга ўтқазиб қўйишди…»
Майор ва Натта Учинчи Женева Конвенцияси қанақаю унинг қоидалари қанақалигини жуда яхши биларди. Зеро, қоидани бузиш учун уни яхши билиш керак-да. Агар ҳарбий асирнинг соғлиғи ва хавфсизлигини қўриқлаш учун зарур бўлиб қолгандагина уни изоляция (яккалаб қўйиш) қилишга рухсат бериларди; маҳбусга ўз шахсий буюмларини сақлаш, чекиш ва, агар имкони бўлса, овқатини ўзи пиширишига рухсат берилиши лозим бўлади; унинг спорт ва билим олиш билан шуғулланишига бўлган хоҳиши, шунингдек, муносабат ўрнатишга интилиши жиддий рағбатлантирилиши даркор, зинҳор-базинҳор буларга барҳам бериш мумкин эмас. «Ҳа, мен Учинчи Женева Конвенцияси билан танишман, — тушунтиради ван Натта, — аммо бу менинг ишим эмас. Мен сиёсат билан шуғулланмайман, менинг вазифам шундан иборатки, бу муассаса қандай ўйланган бўлса, шундай ишласин. Борди-ю, буйруқ ўзгартирилса, қоидалар ўзгаради. Ҳар қандай ҳолда ҳам ўзингиз кўриб турибсиз: биз халқаро ҳуқуқ андозаларига риоя қилиш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қилаяпмиз. Мен бизда муаммолар йўқ эмаслигини эътироф этишдан қўрқмайман. Бизнинг муаммомиз — маҳбуслар ўз тақдирларидан бехабар бўлишлари шартлиги. Улар бу ердан қачон чиқишади ёки умуман чиқадиларми — буни билмасликлари керак».
Муаммо чакки эмас. Эҳтимол, ҳаттоки ғоят жиддий ҳамдир. Тед Коновер Нью-Йоркнинг «Синг-Синг» қамоқхонасида бир йил ишлаган. 2003 йил июнида «Нью Йорк таймс» уни «Дельта» лагерига юборган. Сабаби, америкаликларни сақлаш шароитлари билан таниш бўлган америкалик қасос олиш хоҳиши қонли сешанба воқеаларидан даҳшатга тушган мамлакатни нечоғли боши берк кўчага олиб кириб қўйганини ҳикоя қилиб бера олсин. У бундай деб ёзганди: «Синг-Синг қамоқхонасида ишлар эканман, маҳбуслар кўп вақтларини қанча муддат ўтирганларию шартли озодликкача қанча қолганини ҳисоблаш билан ўтказадилар, шунингдек, муддатни қисқартириш учун нима қилиш керагу нима қилмаслик керак — шунга оид қоидаларни қайта-қайта мутолаа қилардилар. Ҳар бир кун — бугуннинг энг майда, аммо қимматли қисми, мақсад сари қўйилган бир қадам. Агар тутқунликнинг узунлигини билсанг, қоронғуликка, масофага ва бадбўйликка бир амаллаб чидайсан. Гуантанамога бунинг дахли йўқ. Маҳбуслар уларни қачон озод қиладилар ва умуман озод қиладиларми ё йўқми — билмайдилар, улар ҳеч нарсага умид боғламайдилар — у ерда терговлар ва суд жараёнлари олиб боришмайди. Расман улар сўроқлар учун «Дельта» лагерида туришади, бироқ уларнинг сақланиш шароитларига қараб фикр юритадиган бўлсак, улар жазони шу ернинг ўзида ўтаётган бўлишади».
ИСТЕЪМОЛГА ТАЙЁР
Қафасларда маҳбусларнинг вазни ортади. Бу далилнинг исботи тариқасида лагер китобларида муттасил янгиланиб турадиган статистик маълумотлар бор. Ўртача маҳбус ўн уч фунтга ёки тахминан олти ярим килограммга тўлишадилар. Халқаро Қизил Хоч вакиллари олдида мана шу билан наҳ уриб мақтанишади: маҳбуслар касаллик келтириб чиқарувчи озғинликдан халос топадиларки, бу «соғлиқ симптоми» ҳисобланади. Гуантанамода каравотда михланиб, ҳаракатсиз ётишга маҳкум этилган маҳбуслар мажбурий равишда бир кунда уч маҳал паққос туширадиган овқат асабий ҳолатга ва инсон вужудида бузилишлар содир бўлишига олиб келиши мумкинлигини кескин рад этадилар.
Боз устига, бу маҳбуслар нариги яримшардаги одамлар учун одатдаги ҳисобланган бунақанги юқори калорияли ва анвою ақсом таомларга ўрганмаган бўлишса.
Овқат мувозанати учун жавоб берувчи зобит — захирадаги капитан Жип Клак. Элликни уриб қўйган ғайратчан одам, юзи дум-думалоқ, тепакал. «Кау Ваn» фирмасининг «Авиатор» кўзойнаги кўзлари остидаги халтачаларини яшириб туради. Гуантанамодаги хизматига қадар у бошқа косаларни тўлдирарди. Мичиган университетидаги бир минг уч юз талаба косачалари. Йигитлар гўшт қовурдоғини, кетчуп мўл қилиб сурилган хот-догларни ва икки қатламли чизбургерларни жонларидан яхши кўрар эдилар.
Клак ҳайҳотдай ошхонада ошпазлар қалпоғи, балиқчилар жомакори ва этиги кийган статистлар қуршовида ўн икки печка орасида меҳнат қиларди: булар филлипинликлар, кубаликлар, ямайкаликлар эдилар. Лагерга кираверишда қурилиш ашёларини ташувчи ишчилардаги ўша-ўша афт-ангорлар. Иш ҳақи ҳам ўша-ўша, фақат иш берувчи бошқа «Pentad Corp» терроризм билан уруш шарофати ила шартномалар олишга мушарраф бўлган яна бир мижоз. Ошхонага «Салли»дан шарқ тарафига кираверишда жой ажратилган бўлиб, бу камералардан унча олис ҳам, унча яқин ҳам эмас, иссиққа чидамли кулранг ашёдан ясалган бостирма тагида жойлашган. Теварак-атрофи қандайдир цирк майдонини эсга соларди. Доимий бадбўй ва ифлосликдан сақланиш учун ерга қалин қилиб қипиқ тўшалган. Бу ердаги бак ва кастрюлларнинг жангир-жунгиридан қулоқ битади, хонанинг қоқ ўртасига сиртини дағал мой қоплаган идишларда овқат қўйиб қўйилган. Уларнинг атрофида музлатилган озиқ-овқатлар ва яримтайёр маҳсулотлар солинган пластик қутичалар ғарами, ёрлиқларида истеъмолга яроқлилик муддатлари кўрсатилган — икки ҳафта, шунингдек, ишлаб чиқарувчининг номи ва унинг манзили ёзилган. «Жексонвил, Флорида, Sysci Food Servise» — Америка Қўшма Штатлари ҳарбий-денгиз кучларининг тўрт йил ичида ўн бир миллион етти юз минг доллар ишлаган пудратчиси. Меваларни эса бу ерга янги ҳолатида келтиришади. Ҳар сешанбада. Норфолкдан. «Бу ерда биз фақат нон пиширамиз, — мамнун жилмаяди Клак, — бу ҳам осонга тушмайди биз учун». Оқ нон, француз багети ва шохсимон булочкалар.
Бугун тушликка (11.30да) маҳбусларга жез косачаларда лўвия ва гуручли, соус солинган тухум карриси тортилади. Қоидага кўра, улар бор улушларини spork — пластикдан қилинган, қошиқ ва санчқининг дурагайи бўлган ғалати буюм ёрдамида йигирма беш дақиқа ичида еб бўлишлари керак. Маҳбус ва атрофдагилар учун spork — камерадан фойдаланиш мумкин бўлган ягона безарар ошхона асбоби. Кечлик (20.00 да) тушликдан фарқ қилади, худди эртанги тушлик бериш кунидаги кечликдан фарқ қилгани каби. Фақат нонуштага (06.30да) ҳар доим бир хил овқат берилади. Лагер таомномасида кўнгил тусаш деган гапни-ку қўяверинг, ҳатто хаёлга келган таомни айтишга ҳам йўл қўйилмайди. Ошхона бурчагидаги токчада яғири чиққан китоб турибди, унга маҳбусларни нима билан ва қанча боқиш кераклиги аниқ ёзиб қўйилади. Идишларнинг бир мартадаги алмашинуви бошқа имкониятлар йўқлигида вақтни ҳисоблашга ёрдам беради. Оғзида товуқ гўшти таъмини қайта сезгунча роса бир ҳафта ўтади. «Китобни варақлаб кўринг, ўтинаман сиздан. Маҳбусларнинг таом хиллари ранг-баранглигига амин бўласиз…» Балиқ филеси, балиқ димламаси, балиқ шўрва, қўй гўшти, тухум, гуруч, картошка, лўвия, дуккаклилар, нўхат, мол гўшти. Айнан шунақа мол гўшти. «Қизил гўштми? Бу ҳақда ўйлаб кўргандик. Ўйлаганда қандоқ. Жексонфилдан бизга мусулмон анъаналари бўйича сўйилган жониворлар гўшти келтиришади. Тағин суяксиз».
Ҳаётнинг бир маромда кечишини акс эттирувчи идиш-товоқларнинг бир хилдаги алмашинуви тамойили — жаҳоннинг ҳар қандай ошхонасига оид зарарли фалсафаси самараси бўлибгина қолмаган, у хоҳ фабриканики бўлсин, хоҳ университетники, хоҳ қамоқхонаники. Бунда бошқача маъно ҳам бор. Белгиланган тартибдан қочиш орзуга, эзгу истакка айланиши мумкин. Қафасда олти, саккиз ёки ўн икки ой давомида лаззатини тотганинг таом таъмини ҳис қилиш имконияти — бу яхши мукофот. Ҳар қандай мукофотга эса хизмат қилиш керак. Клакнинг фикрича, бу лагер бошлиғи қўлидаги анча таъсирли психологик қурол. У сўроқ олиб бориладиган бегона иншоотга ишора қилиб, мийиғида кулади: «У ёқдан назоратчилар юриб чиққанларини ва маҳбус олдига Ливердаги «Макдональдс»нинг Happy meal пакети билан қайтиб келганларини бир неча марта кўрганман мен. Сиз уни кўрдингизми? Тўсиққа яқин жойда. Коммунистик ҳудудда ягона «Макдональдс». Қўшалоқ чизбургерлар, картошка, сут коктейли — ҳаммаси рисоладагидай… Кўплар қурсоғини қандайдир ғайриоддий нарса билан тўлдириш мазаси олдида ўзларини тутиб тура олмайдилар ва шунда улар таваккал қиладилар. Бошқалар уларни кўраётганликларини билган ҳолда атайлаб шундай қилишади». Клак ҳаммасини билади, чунки гоҳо «мукофот зиёфат»ларини унинг ўзи тайёрлашига тўғри келарди. Масалан, асал, долчин ва бодомдан юмшоқ ва нам ширинлик — ҳолвани. Клак ҳаммасини билади, чунки «тўрт» лагерга қанақа озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келишаётганини кўриб туради. «Тўрт» сусайтирилган махфийлик блоки бўлиб, у ерда оқ либосли ёки «тилга кирган» маҳбуслар сақланарди. Уларнинг имтиёзлари бошқаларга ман этилган таъсирга эга. Уларга сариқ пишлоқнинг каллачаларини келтирадилар — агар ҳақиқийси бўлмаса ҳам, лоақал қоришмаси шунга ўхшаб кетадиганидан. Шунингдек, хурмолар, анжир, мева пишириқлари, асал — чойни ширин қиладиган қўшимча ёки юмшоқ қаймоқли пишлоққа қўшимча, бутерброд учун ерёнғоқ мойи, кўкатлар.
Ошпаз Клакнинг анво ва ақсом таомларида биз мукофот зиёфатларининг чегараолди ҳудудлари билан ва қизғиш коржомадаги одатдаги маҳбусларнинг овқатланиш тартиби билан танишдик, бироқ ошхона таомлар рўйхатини тўла ўрганиш учун яна битта соҳани тадқиқ этиш зарур. Уни хайрлашишдан олдин бизга кўрсатишга унинг ўзи жазм этади. Бунинг учун занжирлар билан маҳкамланган темир омборга тушиш керак. Чунки сир шу ерда, қоронғуликда яшириб қўйилганди. «Бу фавқулодда ҳолатлар ва Рамазон учун бизнинг — Эм Ар И (MRE)миз. Ҳатто маҳбуслар овқат ейишдан бўйин товлашларига ҳақли эмаслар… Биз ҳеч нарса пиширмаймиз ва улар мана шуни тановул қилишади: МRE». Эм-Ар-И…MRE… бу қанақа даҳмазагарчилик? Ҳарбийлар маҳбусларни ардоқлаб қолишибди ва бу қуйидагидек шарҳланади: M-meal, R-rendy, E-to eat[10]. Ана Эм-Ар-И нима дегани. Қуритилган таом. Ёпиқ идишда суви қочирилган овқат, истеъмол қилишга тайёр. Ошпаз Клак томонидан қутилардан ичига ғалати калорияли аралашма тўлдирилган жигарранг пластик пакетчаларни олиш билан андармон бўлади. Эм-Ар-Ининг фақат уч хили бўлади, таомномада худди шунча модда бор: «Буррито», «Пишлоқли тортеллини», «Алфредо соусли паста». Ҳар бир пакетда олти унция, ёки 227 грамм овқат мавжуд. Қандайдир ғалатилик ёки Италия таомларига муҳаббат ишлаб чиқарувчиларни бу ғалати маҳсулотга ном қўйишга мажбур этади, ҳозир Клак уни қараб чиқишга ва керак бўлса татиб кўришга обдон даъват этарди. «Сиз, италиялик, албатта, «Алфредо соусли паста» ни биласиз…»
Италияликларнинг кўпчилииги қандайдир (ошпазми, ресторан хўжайиними?) Альфредо деганлари ўз соуси билан Италия таомларида нишона қолдиргани тўғрисида тушунчага эга эмас. Бироқ гоҳо Римдаги аллақайси пучмоқда ҳақиқатан ҳам америка интернет сайтлари Альфредо соусли фетуччини бериладиган траторияга дуч келасан, киши. У ўзи ким бўлди? Анъанадан ўғирланган, Эм-Ар-И пакетига парчинланган ном. Бу пакетларнинг ичида нима бор? Масаллиқлар рўйхатини тузувчилар ўрамнинг орқа томонига батафсил ёзиб қўйишдан оғринмаганлар: «Сув, бойитилган макарон, яримтайёр маҳсулот, манний ёрмаси, оқсил, темир сульфати, сабзи, нўхот, маккажўхори, қаймоқ, сояли протеинлар, суюқ маргарин, уруғларнинг суюлтирилган мойи, соя мойи, соя лецитини, натрий, кальций, сунъий хушбўйлатгичлар, бета-каротин, ёғи олинган сут, ферментлар, натрий фосфати, натрий цитрати, акация, хушбўйлатгичлар — хантал, зираворлар…» Цинциннати, Огайонинг «Wornick Company» компанияси ишлаб чиқарган бу пакетдаги қуруқ аралашманинг яроқлилиги муддати олти ёки ўн йилдан кейин тугайди. Ўттиз олти ойдан сўнг омбордаги иссиқлик бу овқатнинг яроқлилигига таъсир қилган-қилмаганлигини текшириб кўриш зарур. Калорияси-чи? «Нақ уч минг ка-ло-ри-я, — Клакнинг гапларини шу пайтгача жимгина кузатиб турган сержант бизга яқинлашаркан, чертиб-чертиб гапиради. Маълумоти бўйича доришунос бу нью-йорклик қора танли кунларни тун чўккунча, бинобарин, кўрфаз билан ҳамишаликка хайрлашадиган паллагача ҳисоблаб чиқади. У солдатларни тағин шу Эм-Ар-И билан боқадиган Боснияда хизмат қилган: «У пайтдаги хотираларим ушбу аралашмаларнинг бадбўй ҳиди билан қаттиқ боғланган. Биз уни пачкалаб ер эдик. Уйга қайтгач, тортеллини эсладим дегунча кўнглим айнир эди. Ҳалигача бурритога буюртма беришдан ўзимни олиб қочаман. Худди резинага ўхшаб, MRE дан оғизда кучли кекирик қолади ва қоринни дамлатади».
Эҳтимол, «Алфредо соусли паста» Гуантанамода ўз умрини тугатар ва яна ўн йилдан кейин яна қандайдир урушнинг олдинги чизиғи томонга йўл олар. Ўшанда агар сержант тўғри гапираётган бўлса, албатта, ва бу овқатнинг таъми оғизда узоқ вақтгача сақланиб қолса, солдатлар бинойи умр бир саволни беришлари тайин: бу Альфредо дегани ким ўзи? Клак жилмаяди ва кўз қисиб қўяди: «Уйга қайтгач, улардан биронтаси менинг ҳолвамни ҳам эслаб қолса, ажаб эмас. Яъни happy meal имни…».
«АМЕРИКА»
Ушбу лойиҳа яратувчилари эътиборидан нимадир четда қолганди. Ёки тўғри баҳо беришолмаганди. Маҳбуслар ва қоровуллар оралиғидаги чегара ҳар доим ноаниқ ва беқарор. Бироқ у баҳри муҳитдаги ҳеч ким ўзини уйдагидек ҳис этмайдиган оролда кўзга кўринмай кетганида айниқса беқарор бўлиб қолади. Улар ҳам ва булар ҳам бу ерда сургунда: ҳам эркин, ҳам тутқиндирлар. Афғонистонлик Хост каби миннесоталик Фаргонинг тақдири ҳам «Радио ренж» соҳилида худди шундай. «Америка» лагери — назоратчилар қамоқхонаси яшовчиларининг юзларига разм солар ва сўзларини тинглар экансан, буни тушуниб олаверасан, киши. У билан қафаслар оралиғидаги масофа эллик қадам. Бу ерда «Америка душманлари»ни провинциядан келган йигит ва қизлар қўриқлаётганини англайсан. Бир тусдаги фотосувратлари олтмишинчи йиллар откриткаларини безаб турган шаҳарчалардан келишган. Улар сенга унниқиб кетган полороид сувратларини жон-жон деб кўрсатишади, уларни катмонларида ва либосларининг чўнтакларида сақлайдилар. Бутун оила аъзолари ов милтиғининг энг кўринадиган жойига осиб қўйилган юзада бир қатор бўлиб мағрур ва тантанавор саф тортганлар: уларнинг биринчи ўғлонлари 11 сентябр воқеаларидан кейин ўз фуқаролик бурчларини бажара туриб кўнгиллилар сафига қўшилган. Бундай сувратларда ҳар доим объективга кулиб қараб турган болакай бўлади, у бир варақ қоғозга рангли қаламда «Hy Dad» — «Салом, дада» деб наридан-бери ёзиб қўйишга журъат қилган.
«Америка» лагерида хафақонлик ва фахр ҳукм суради. Шунингдек, чуқур изтироб ҳам — одатда ҳеч нарсани тушунмаган ёки ҳаддан ташқари кўп нарсани тушунган одамда шунақа бўлади. Минглаб солдатлар ўзларининг бўш вақтларини кондиционерлари кечаю кундуз ишлаб турадиган, ёғоч ва маъдандан ишланган саксон уч катта йиғма қурилмаларда ўтказадилар. Темир оёқларда қад кўтариб турган иншоотлар ҳашаротлар ёки ҳаддан ташқари қизиқувчан игуанлар — эчкиэмарлар ичкарига ўрмалаб кириб қолмасликлари учун ердан хиёл баланд қилиб тикланган. Бу иншоотлар sea huts — денгиз бараклари деб аталади. Улар тўрт узун-узун перпендикулярни ташкил этади ва ҳудудни кўздан ва «дельта» лагери шовқинидан анча наридаги база қисмида ҳандасавий тўғри шаклларга бўлиб туради. Бу базадаги тинч ҳаёт кечадиган ягона жой. Интернет-қаҳвахона, телевизорли дам олиш хонаси, «Sea side Galley» — «денгиз эшкакли кемаси» деган мағрур жарангловчи ном билан аталган ошхона. Баҳри муҳитнинг шундоқ соҳилида жойлашган тўрт иллюминаторли бостирма.
Лагер нимаси биландир ҳалокатга учраган кема парчалари чиқариб ташланган соҳилни эслатарди. Эҳтимол, ўзининг секин ҳаракат қилувчи мавжудотлар ҳаётий маромлари ёки бу ерда ҳукм сурган жимжитлик биландир. Ёдгорликлар қўққайиб турган харсангзор — бу кўрфазни тарк этаётганлар ёки соҳилга энди қадам қўяётганлар учун шонли жой. Шакли қандайдир ҳарбий анжом: ўқ, штик, М-льни эслатувчи пастак-пастак тош пирамидалар сочилган, ишлов берилган майдон. Колорадо штати Форт Каркон ҳарбий полициясининг 984-бўлими йигитлари тошлардан ўзларининг тимсолларини — чеҳраси тунд солдатни ясаганлар. У қўриқчи кўппакнинг ғазаб билан ириллаб турган ҳолатини эслатади: ўнг қўлида отряд байроғини тутган, чап қўли билан эса: «Hold the Gate — Tenez la port» — «Эшикни ушланг» сўзларини кўрсатиб турибди. Лагерь бошлиғи майор Стив Шот ўз шогирдларининг жўшқин хаёлотидан жилмайиб қўяди. «Бу ҳайкаллар, — изоҳлайди у, — фақат дахлдорлик ғурури ва туйғуси ифодасигина эмас, балки олти ойлик хизмат мобайнида сиз интилиб келган ва ҳар бир отряд кўрфаздан кетиш олдидан адо этиши керак бўлган нарсадир. Акс ҳолда олти ой ўн иккитага айланиши мумкин. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бу бежиз эмас. Мутлақо бежиз эмас… Ҳеч кимга, айниқса, қизларга».
Қизлар лагернинг ўнг қисмида яшашади. Улар баракларининг ташқи қопламаси дурдай оппоқ рангга бўялган, уйлар оралиғидаги шағал йўлкалар унча тўғри бўлмаса-да, кескин акс этади. А — 001 барагидан қаттиқ қичқириқ эшитилади. Эшик очилади ва меҳмон марваридгул ҳиди анқиб турган хонага киради. Барак — алюмин қути. Тор йўлакнинг ҳар икки томонидаги деворлар ёқалаб икки қаватли каравотлар саф тортган. Каравотлар оралиғига болалари, ака-укалари, эрларининг фотосувратлари ва болалар чизган расмлар ёпиштириб ташланган кийим жавончалари суқиб қўйилган. Ҳар бир жавончада ҳарбий ўлжа каби дазмол, фен ва пардоз буюмлари сақланади. Тўшаклардан бири устида оқшом эртаклари — «Каникум» фирмасининг столда ўтириб ўйналадиган «The game for your whole brain» — «Бутун миянгизни чиниқтирадиган ўйин» ётибди. Ўйиннинг мақсади — рангли тахта ўртасига чизилган мия — услублаштирилган сиёҳрангни тасвирни қўлга киритиш. Тўрт даста қарта, тўрт ўйинчи учун тўртта соққа. Ўзини тута оладиган, бир қарорга келадиган, мантиқли фикрлайдиган ва артистлик қобилиятига эга одамгина ютади. Саккиз соатлик навбатчиликдан кейин таҳқирланишнинг сўнгсиз манзаралари бутун борлиқини заҳарлаганда миясини эговлашдан халос қилиб ололган одамгина ютади. Чунки аёлларга жуда қийин бўлади. Кўплаб маҳбуслар уларнинг пайдо бўлишига бардош беролмайдилар. Бу икки ёқлама: ҳам диний, ҳам маданий таҳқирланишнинг сийқаси чиққан шакли. Сонларида калтак осилиб турган мовийкўз, малласоч қизлар кишанга солган эркаклик ғуруридан асар ҳам қолмайди. Бошқалар учун, аксинча, ҳарбий либосдаги қизлар — бу ҳаёт манбаи. Инсонийликдан бутунлай маҳрум оламда гавҳари шамчироқ. Улар ўз ожизликларини ва худди ана шу аёлларга ўхшаб олисларда қолиб кетган оилаларини соғинганларини намойиш қилишдан уялмай ёлборадилар. «Қайси бири ёмонлигини ҳам билмайман, — дейди сержант Жанел Маршалл, — ҳақоратдан фарёд солишми ёки шафқат тилаб аянчли товушда ёлборишларми».
Жанел ўттиз бешга кирган жувон, кўзлари ям-яшил, тишлари садафдай оппоқ, бўғот-бўғот қилиб олинган кулранг сочларида кимёвий гажак аломатлари сақланиб қолган. Иллинойс текисликларидаги уйида уни оиласи ва «Illinois State dental Sosiery»да котибачилик ўрни кутмоқда. Унинг иши — «Дельта» лагери бўйлаб Клакнинг куйдириб-пиширган овқатлари ортилган зил-замбил аравачаларни судраш. Бундан баттар ҳам бўлиши мумкин эди. «Мен математика фалсафаси — логистика бўлимида хизмат қиламан, бизни Ироққа жўнатишлари керак эди. Ойлаб бундан кейинги тақдиримни кўз олдимга келтириб юрдим. Кейин эса кутилмаганда ўзимни Гунатанамога учадиган самолётда кўрдим. Мана, шу ердаман. Ўшандай саҳро. Аммо олдинги чизиқда эмас». Ҳаммасини тўғри қилганига Жанелнинг ишончи комил. Ўзи учун, ўз оиласи ва «Америка» учун. «Бўлмасам-чи, — давом этади у, — гоҳо миямга ҳар хил фикрлар келади ва бу шунақаманмикан деб ўзимга-ўзим савол бераман…» Шунақамикан — нима у?.. Бўпти, кераги йўқ, бу ёғи жуда мураккаб. Кейин, бизнинг юракдаги гапларимизни айтадиган одамимиз бор». Руҳий ва ҳиссий ёрдам бўлинмаси — «Stress Unit».
«Америка» лагерида бундай бўлинма борлиги ҳақида ҳамма билади. Дам олиш хонасида, Интернет-қаҳвахона столларида, ошхонада касаллик аломатлари рўйхати ёритилган лавҳачалар осиб қўйилган. Бундай аломатлар пайдо бўлганида қоровулхона ёнгинасида барак эшигини тақиллатиш тавсия этилади.
«Stress Unit» кечаю кундуз ишлайди. Ҳар бир солдат кун ва туннинг ҳар қандай вақтида мутахассис ҳузурига бориши ва тинмай уйқу босиши, тунлари алаҳсираб чиқиши, ўзини ёмон сезиши, иштаҳаси йўқлиги ёки, аксинча, ўзини тинмай оч сезиши ва тўсатдан ғазабга миниши ҳақида сўзлаши мумкин. Бу салбий ҳолат аломатлари. Бу ерда уни Гитмо аломатлари, ёки Гунтанамо синдроми деб аташади. Ким ўзини эплолмаса, уйга қайтади. «Бундайлар камдан-кам, — дейди майор Шот. — Кейин, йигитлар тишини тишига қўйиб юрадилар. Борига барака, шундай жойда омон қолганимизга шукр деб, тақдирга тан берадилар».
Эҳтимол, улар Интернет-қаҳвахонада худога шукр қилсалар керак: бу ерда олтита компьютер бир-бирига орқама-орқа қилиб қўйилган. Бу ерда ўтириб хат ёзиш ёки дидига ёққан мусиқага сакраб, оёқнинг чигилини ёзиш мумкин — бараклар доим одамлар билан тўла.
Йигитлар кутубхонага киришга ҳам муваффақ бўлишлари эҳтимолдан узоқ эмас. Уйдаги бор-йўқ жиҳоз икки жуфт ўриндиқ, бир жуфт алмисоқдан қолган кўҳна диван ва токчалари намликдан шишиб кетган битта ёғоч шкафдан иборат: бир озгина китобу бир нечта кулгили расмли альбом. Кимдир, эҳтимол, «Тирик қолганлар клуби»да бир қадаҳ отиб олар, аммо бар ҳар кун ишламайди (лавҳада жадвал кўрсатилган).
Телевизор дам олиш хонасида турибди — худди ошхонага ўхшаб, лагер ҳудудида уни кўрсатиб турувчи белгилар ҳар қадамда учрайди. Экран жудаям маҳобатли кўринади ва томоша танобийсининг шалоғи чиққан ёғоч курсилари ва ўтирғичлари билан бутунлай тескари кўринишга эга. Руҳшунос хонаси сингари дам олиш хонаси ҳам кечаю кундуз очиқ. Фақат бу ерда ҳеч кимга ҳеч нарса ҳикоя қилиш мумкин эмас. Баскетбол ёки футбол ўйинларини томоша қилаётиб бу ерда ҳамма нарсани унутиш мумкин. Омад келиб қолса, жилла қурмаганда, мана шунақа хонаки овозлар остида мудраб олиш мумкин. Рожернинг («фақат Виржиниядан келган Рожернинг, илтимос») кўзлари уйқусиз тунлардан шишган ва «ёзилиш учун» телевизор экрани олдида соатлаб ўтирганидан қизариб кетган. У Миллий Гвардияда хизмат қилади ва 2001 йил 11 сентябридан ҳарбий либосда юради. Унинг туғилган кунигача қирқ саккиз соат қолган кундан буён дунё ўзгариб кетди. Базадаги унинг ҳаёти уч қисмга бўлинади: лагер ҳудудини қўриқлаш, овқатни еб олиш ва дам олиш хонасида ҳордиқ чиқариш. «Гапни чўзиб ўтирмайман, ортиқча савол бермайман ва фикр-мушоҳада қилмасдан менга нимани айтишса, шуни қиламан, холос. Жомадонингни йиғиштир дейишса, нарсаларимни апил-тапил тахлайман, жуфтакни ростлайман. Бу иш бошқаларидан ёмон эмас. Заводда ўлиб-қутулиб ишлаган билан баравар. Қафасга кирганда нимани ўйлайманми? Уйни. Яна қанча хизмат муддатим қолганини. Биласанми, шлем ва бронжилет кийиш галим келганида мен бамисоли сув остида сузиш костюмига чирмалиб олаётгандай ҳис қиламан ўзимни. Мен ўзимнинг оламимга тушиб келаман. Аммо чурқ этмайман. Дарвоқе, яна, бу ерда хизмат қилиб, бундан кейин нима иш қилишимни хал этиб қўйдим: яна тубсиз денгиз қаърини ўргана бошлайман…»
«Денгиз эшкакли кемаси» денгизга қараган ошхона — бу суйри шаклидаги иншоот, бир жуфт сутдек оппоқ зўлдир ва таажжубки, шаклан у араб меъморчилигини эслатади. У ерда қовурилган гўшт, бозиллаган печкалар, чўчқа гўшти ва mashed potatoes[11] ҳидлари анқийди. Dinner[12] ҳиди келади, демак — бу уй ҳиди. Бу ерда ҳам Клак хўжайинчилик қилади. Food alleyга[13] кираверишда баркашлар ғарами турибди. «Бу чинакамига кўнгил тусаган нарсани танлайдиган ягона жой», — ҳазиллашади солдат. Дастёр ямайкаликлар ликобчаларга овқат сузиб чиқишади ва жилмайиб сўрашади: «How are you today?» — «Бугун ишларингиз қалай?» Столлардаги лавҳачалар эса ҳар куни, ҳеч бўлмаганда шу ерда курашиш зарур бўладиган асосий ғаним — холестерин ҳақида эслатиб туради. Яна low fot[14] — пишлоғини, low fot қовурилган картошкани, low fot чизкейини реклама қиладилар.
Жанубий Каролинанинг Колумбия шаҳридан келган 24 яшар Дэвид Ромлески бошини чайқайди. «Фойдаси йўқ. Мен кун бўйи навбатчиликда тик оёқда туриб семириб кетяпман». Дэвид — миллий дивизиянинг ҳарбий полициячиси. Уйда хотини ва икки фарзанди унинг йўлига кўз тикиб ўтиришибди. Болалари икки ва тўрт яшар. Одатдаги ҳаётда у электр қисмлари ишлаб чиқарадиган заводда ишлайди. Уни блок бошлиғи қилиб тайинлашган.
Йигирма тўрт қафасли йўлакнинг бошида саккиз соат тик оёқда туради. «Эрталаб бир марталик қўлқопни кияман, либосимга скотч билан исми-шарифимни ёпиштираман, уларни сайрга олиб чиқиш вақти келганда эса, уларга уч нарсани кийдираман…» Уларга? «Ҳа, уларга. Мен уларнинг исми ва таржимаи ҳолларини билмайман. Агар керак бўлса, мен уларни қафасларининг рақами билан чақираман, улар эса менга: «Қоровул» — деб қичқиришади. Улар низомни билишади. Нимани сўраш мумкин-у, нимани мумкин эмаслигини улар жуда яхши билишади. Фавқулодда ҳолларда озгина гапириш мумкинлигини ҳам билишади. Чунки бизларнинг ўртамизда инсоний муносабат юзага келмаслиги керак…
Мичиганлик оддий солдат Лонни Морен суҳбатимизнинг бир четини эшитиб қолди-ю, бир оғизгина гап қотиш учун бетоқат бўла бошлади. Булар ҳаммаси унга жуда бошқача бўлиб кўринса керак-да. Бўлса бордир, чунки йигирма бир ёшида сурбетлик ҳали унинг қалбини бутунлай банд этиб қўйганича йўқ эди. Ёки бошқа сабабдан, яъни одатдаги ҳаётда у ишлаб турган боғ мебелига ихтисослаштирилган устахонадан «Ал-Қоида» таҳдидчилари ва террорчи-жабрдийдалар бўлакча бўлиб кўринса, эҳтимол. «Маҳбуслар бизга кўп нарсаларни сўзлаб берар эдилар. Мени бу ёққа юборишаётганидан дарак топгач: «Зўр! Мен Америка душманларини кўраман», — деб ўйладим. Уларни тажовузкор, ҳар доим ҳужумга шайланиб туришади, деб ўйлардим, бироқ маълум бўлишича, уларнинг кўпчилиги саводхон одамлар экан. Биласизми, улар инглиз тилида гаплашишади ва биз ҳақимизда ҳамма нарсани билишади. Масалан, бизнинг мусиқамизни. Бир куни маҳбус мендан Элвис Преслини қўйиб беришимизни илтимос қилди».
Энди майор Шот билан биргаликда лагер ҳудудини тескари йўналишда кесиб ўтамиз. Гўё биз унинг «Америка»сида ҳамма нарсани кўриб бўлдикми ёки йўқми, у менга бирорта одамни кўрсатишни эсидан чиқармадими, шуни эсламоқчи бўлгандек, зобит сукут сақлайди. «Табиийки, машҳур бир одам билан танишмасдан кетмайсиз. Бу бизнинг капитан Йи бўлади. Жеймс Ж.Йи — олти юз эллик маҳбуснинг мураббийи… У сизга мунтазир. Мана кўрасиз, унинг сизга айтадиган гаплари бор».
Йи — қад-қомати келишган, самимий жилмайиб турадиган, дунёвий расмиятчиликдан холи бир зобит. У ўзининг катталиги бошқа бараклардан қолишмайдиган, эшигига қора ярим ой тасвири туширилган хонасида оёқларини чалиштириб ўтирарди. У ўттиз беш ёшда, армиядаги хизматидан ва ўз мансабидан фахрланиши шундоққина кўриниб турибди. Ҳамма учун у Юсуф. «Ҳа, жўнгина Юсуф», — хотини меҳрибонлик билан шундай атайди ва маҳбуслар учун ҳам шуниси қулай. «Арабчада Жеймсга қараганда Юсуф деб аташ осонроқ». У маҳбуслар ўз фикрларини очиқ-ойдин айтадиган лагердаги ягона солдат. Айнан унинг азони билан кунда беш марта улар итоаткорлик билан тиз чўкадилар. Нозик қиррада мувозанатни сақлаш кераклигини Юсуф билади. У — қўмондоннинг кўзи ва қулоғи, маҳбусларнинг оғзи. Маҳбусларнинг қоровул билан, насронийни мусулмон билан боғлаб турувчи мўрт занжирнинг бир ҳалқаси. Аммо Юсуф ҳаддан ташқари безовта бўлмайди. Ҳатто аксинча, тазйиқ ва жавобгарлик уни кўпроқ руҳлантирадигандек кўринади.
«Мен ислом ва Шарқни англаб бўлмайдиган бир нарсага айлантириб қўйган қолиплар билан курашаман. Бунақа жойда ҳар қанча қийин бўлмасин, мулоқот учун, сулҳ учун замин тайёрлашга тиришаман… Ўз оға-иниларимга бегуноҳ одамларни ўлдириш ҳар қандай дин учун жиноят эканлигини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Қуръон — бу нафрат китоби эмаслигини англатаман». Капитан бошқалар тўғрисида гапиради. Ўзининг диндор тўдаси, кечирган азоб-уқубатлари тўғрисида. Уни ҳарбий либос кийишга ва лагерга келишга мажбур этган сабаблар тўғрисида сўзлайди. Аммо унинг сўзлари замирида кўп миллатли Америкадаги ҳаётга хайрихоҳ бўлишга лойиқ ўз таржимаи ҳоли борасида мушоҳадалар яшириниб ётарди. Келиб чиқиши хитойлик бўлган нью-жерсилик болакай тақдирига хайрихоҳлик. У протестантлик маълумоти олган, сўнг хизмат қилгани Уэст-Пойнтга[15] кетган, ҳарбий ҳаётга бардош қилолмаслигини шу ерда англаб етган. «Академияда мен Қуръон билан танишдим ва ҳарбий либосни ечиб ташлашга қадар қолдим. Мен Сурияга, Дамашққа кетдим, фақат у ерда мадрасада диннинг ҳақиқий маъноси ва аҳамиятини тушуна олишимга ишонч ҳосил қилдим. Сўнг Америкага қайтдим ва Қуролли кучлар яна мени ўз сафига олди. Мен АҚШ армиясида ўн еттинчи уй руҳонийси бўлдим».
Агар Юсуфдан қизғиш коржома тагида қанақа изтироблар, хоҳишлар ва нафрат яшириниб ётганини сўрсангиз, у жилмаяди ва инкор маъносида бошини чайқайди. «Бу ҳақда сўзлаш — демакки, оға-иниларим ишончини сотиш бўлади, шунингдек ҳамма: ўлдирганлар ҳам, ўзининг бегуноҳлигига иймони комил бўлганлар ҳам баравар ҳақи бўлган хайрихоҳлик ва афвни сотиш бўлади. Улар қафас ичида менга айтиб солган ҳамма нарсани мен ўзим билан гўримга олиб кетаман. Бу менинг ва бизнинг умумий сиримиз. Энди эса мени маъзур тутгайсиз, боришим керак — намоз вақти яқинлашиб қолди».
Юсуф ўзининг каттакон доирали ва ола-була цифербатли «Swotch» соатига қараб қўяди — шу соат уни ҳарбийларга ҳечам ўхшатмасди, шунингдек шимидаги ҳарбий кўйлагининг чиқиб тургани ҳам. У яна жилмаяди. Кейин ўзи ҳам шубҳа қилмаган ҳолда пайғамбарона лутф қилади: «Ўйлайманки, биз яна, албатта, суҳбатлашамиз. Истасангиз, менинг ҳаётим ҳақида ҳам. Менинг даъватим хусусида ҳам. Мен доим хизматингизга тайёрман. Мени қаердан топишни биласиз…» Ҳа, капитан Юсуфни топиш қийин эмас. Бу вақт муаммоси. Тезкорлик муаммоси.
Оёғи осмондан бўлган ҳаётлар ва дардли қарама-қаршиликлар муаммоси.
Биз капитанни яна тез орада кўрамиз.
ЖИННИЛАР
Қафасларда баъзилар ҳаётлари билан хайр-маъзур қилиб қўя қоладилар. Ҳамишаликка. Ягона эҳтимол тутилган усул — ўзини осиш. Тўғрироғи, ўзини осишга уриниш. Йигирма етти маҳбус ўттиз беш марта ўзини осишга уринган[16]. Бир хиллар бир неча бор уриниб кўрган. Натижа бўлмаган. Бу маълумотлар тугал эмас, вақт ўтиши ва тушкунлик ортиши билан улар ўзгарадилар. Аммо ўзини осиш йўли ҳар доим бир хил бўлиб қолаверган.
Маҳбус латтани қафас деворларидан биттасидаги тирқишга тортади, бу ерда тўр шифтнинг хилват цементига ўтган бўлади. Сўнг сиртмоқни боғлайди-да, унга бошини суқади. Гавда ва думба вазни уни пастга тортади. Бироқ гавда тик ҳолича қолаверади: тўғри бурчак остида, тиззалари кўтарилган ҳолда, буни «даҳшатли талвасага тушиб қолиш» ҳам дейдилар. Бунақа шифти паст, тор қафасда дурустроқ осилишнинг иложи йўқ. Одам бирданига ўлолмайди, унинг қўл ва оёқлари туғма рефлекслар таъсирида тартибсиз силкина бошлайди. Жонига суиқасд қилганнинг танаси ва юрагида ўчмас излар қолади.
Мен ўзини ўлдиришга ҳаракат қилганлардан бирининг ҳужжатларини ўрганаман, у «Detential Hospital» лазарети лагерининг шарқий томонидаги энг чекка биносида парда ортидаги каравотда ётибди. Кондиционерлари бўлган ва лизоформ ҳиди анқиб турган барак поли ялтираб артилган линолеум билан қопланган, деворлар эса туссиз оч яшил рангга бўялган. Хона ҳар бири йигирма койкали қаторларга бўлинган, тўқсон уч тиббиётчи тиш даволайди, қўл-оёқларни кесади, суякларни тўғрилайди ва аксарият эски (ўз вақтида даволанмай, ўтказиб юборганлар) касалликларни, масалан, силни даволайди[17]. Менгача лазаретни бориб кўрганлар бир одам ҳақида гапириб беришганди, ўша одамнинг ҳаётини реанимацияда фақат ҳаёт билан таъминловчи ускуналар билан сақлаб турганлар. У жарроҳлик йўли билан ошқозонига уланган найчалар орқали овқатланган. Бу одам чуқур кома ҳолатида бўлган. Унинг ҳушига келишига ҳеч қандай умид йўқдай туюлган. «Ҳозир у яхши. Биз бундан ғоят мамнунмиз», — таъкидлайди капитан Келлехер. «У гапира бошлади ва оз-оз қимирлаяпти. Ҳа, ҳозирча пиёла ушлаб туролмаслиги ўз-ўзидан аён…»
Қафасда бўлгани каби лазаретда ҳам шифокор беморларга исми билан мурожаат қилмайдилар — фақат рақами билан. У ўзини осиб қўйган қафас рақами билан. Тунда уни танаси (бошқа ҳар қандай бемор каби) каравотга занжир билан чандиб қўйилади. Ҳар бир тўшакнинг ўз занжири бор. Ҳар бир занжирнинг ўз қоровули бор, у сўзларни ва унга тақлид қилиш ҳеч кимнинг миясига келмаслик учун жисмоний оғриққа таъсирни эслатувчи қўл ҳаракатларига кўз узмай қараб туради. Тунда ҳам, кундузи ҳам. Ҳеч бир қаторда бунга йўл қўйиб бўлмайди. Ҳатто ва айниқса, мияси ҳамишаликка зарарланганларга. Булар: «Ўткирлар» (тўққиз койка), «барқарорлар» (йигирма койка), «тузала бошлаганлар» (тўрт койка), «ажратиб қўйилганлар» (иккита койка), «тузалиб бўлаётганлар» (иккита койка).
Исми билан мурожаат қилиш имкони бўлмаган киши жисмини даволаш шифокор ёки тиббий оғага жуда-жуда қийин бўлса керак. Занжирбанд беморни даволаш. Бемор ҳатто жисмоний оғриқдан азоб чекиб ётганида тасалли ўрнига ўз қафаси рақамини эшитса. «Сиз буни тўғри деб биласизми? — сўради Келлехер. Менга эса бундай туюлмайди.
Менинг одамларим, эҳтимол, бунақа касалхона юзини кўрмаган кимсаларнинг дардини енгиллаштириш учун ишлайдилар. Атиги шунинг учунки, улар сиёсий тартиб ва қашшоқлик тиббий хизматга умид боғлашга имкон бермайдиган мамлакатларда вояга етганлар, у ерда одамлар бекорга ўлиб кетадилар. Бизнинг исми билан айтмай чақиришимиз эса… Биласизларми… Мен, тўғриси, улар учун бу муаммо эканига ишонгим келмайди… Инсоф билан айтганда, ўзим бу тўғрида ҳеч қачон ўйлаб кўрган эмасман, бироқ кейин эсимга тушиб қолади ва улар бу ерга нега келиб қолишди, деб ўйлайман». Ҳатто баданни эмас, бошни даволаш керак бўлган ҳолларда ҳам.
Асабий зўриқиш — бу фақат ўлиш хоҳиши эмас. Шунингдек, маҳбуслар танасини билдирмасдан еб ташлаётган саратон шиши ҳам эмас. Асабий зўриқиш яшаш қобилиятини сусайтиради. Ўз дардига қулоқ солган ҳолда ўз ҳолатига тўғри баҳо беришга йўл қўймайди. Бир неча ой ичида лагер руҳий касаллик врачлари иш ўрни учдан ўттизга кўпайди. Кузатув остида бўлиши лозим бўлган маҳбуслар миқдори эса тўқсонтага етган. Уларнинг ҳолатидаги даволаш сир сақланади. «Транквилизаторлар. Энг оддий транквилизаторлар — мужмал қилиб жавоб беришади лазаретдагилар. Бироқ айнан қанақаси ва қандай дозаларда — номаълум. Касаллик тарихи тўғрисида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ: маълум тил қийинчиликларидаги врач ва бемор ўртасидаги муносабатда маҳбус билан назоратчи ўртасида бўлгани каби ноаниқ тўсиқ ўрнатилган. Психиатрия бўлими бошлиғи Браин Грэйт дейди: ёмон ҳаётий шароитлар аломатлари — «булар барини мерос каби маҳбусларнинг ўзлари олиб келадилар»; дабдаласи чиққан шахслар миқдори Гуантанамода тобора ортиб бормоқда. «Беморларимиздаги руҳий касалланиш сабабларини лагер ҳаёти тартибидан қидириш керак деб айтишга журъат этмайман. Улар тақдирининг бундан кейинги ноаниқлиги сабаб. Дейлик: мазкур ҳолат албатта, охири ўлим билан туговчи касалликка чалинтиради деб ўйлайман».
Йигирма яшарлик покистонлик Шоҳ Муҳаммад «Дельта» лагерида бир йилдан ортиқроқ бўлди ва тўрт марта жонига суиқасд қилди. «Лагерда ўтказган ҳаётимни эсласам, нафратим қўзиб кетади. Биламан, ўз жонига қасд қилиш Қуръон ҳукмларига зид, аммо мен бундай шароитда яшашга асло чидай олмайман. Ўзларининг гуноҳсизлигига иймони комил бўлган кўплаб шерикларим ҳам шундай». Муҳаммадни араблар бўлган блокка ўтказилган. «Мен улар билан бир оғиз ҳам гаплашолмасдим. Қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Биз бир-биримизни тушунмасдик, вассалом. Мен уларнинг тилида гапиролмасдим, улар эса менинг тилимда. Шунда адойи тамом бўла бошладим». Телбалик чоҳига йиқилиш. Йиқилиш ўн бир ой давом этди. Уч юз ўттиз кун икки ёнлама яккаланишда. «То бир куни адёл олиб, уни қафасга боғлаб қўймагунича давом этди бу нарса. Кейин нима бўлганини эслолмайман. Кўзимни очсам, лазаретдаман, укол қилишаётган экан. Бу қанақа дори эканини ҳам билмадим. Охири кўп ҳафталардан кейин зўрға ҳаракатга келдим, гапиролмас ва ўзим овқатлана олмас эди». Муҳаммад соғайганидан кейин уни покистонликлар бўлган блокка кўчиришларини ёлбориб сўраганига қарамай, яна уни араблар бўлган қафасга тиқиб қўйишган. Бу ерда у уч марта жонига қасд қилган. Уч марта уни қутқариб қолишган ва лазаретга олиб келишган. «У ерда улар то озод этилгунимча зўрлаб ҳапдори ичириб туришди».
Бирон-бир одамнинг яшашга ишонч ҳосил қилиши инсон ақл-заковатини руҳий таназзулдан сақлаб қолишга қодир, аммо «Дельта» лагерида бундай ишончга эга бўлиш душвор — махфийлик тартиби туфайлидан. Оила билан алоқа қилиш (ҳатто хат орқали) сонсиз расмиятчилик амаллари билан мушкуллаштириб ташланган. Инглиз тилида гапирмайдиганлар ёки уйида ҳеч ким бу тилни тушунмаслигини билганлар юз фоиз ишонаверсинлар: Қизил Хоч муҳри босилган уларнинг очиқ хатлари (откриткалари)ни юборилган жойга жўнатишдан олдин цензура узоқ вақт қунт билан ҳижжалаб ўқийди. Цензура таржимонлари ўқишади. Халқаро афв умумий таърифидан фойдаланган ҳолда «қўшимча зарар» шундан иборатки, тирик одамлар мурдага айланадилар. Чунки оила ҳақидаги хотира фақат қафасда эмас, балки маҳбусдан икки энлик хатни кутишаётган ва кутишга ортиқ тоқатлари қолмаган уйда ўлади, у вақти келиб мурдага айланади.
ЯХШИ ХУЛҚ
Пуштиранг ва оқ. Ёмон ва яхши. Жомакорининг ранги қамоқ қатъийлиги даражасини акс эттиради. Чунки рангига қараб behavior — хулқ тўғрисида ҳукм чиқариш мумкин. Пуштиранг либосни алоқага киришмайдиганлар кийишади. Ёки кийишадилар-у, бироқ у қадар ёқтирмасдан кийишадилар. Оппоқ либосни эса ўз ўтмишидаги доғларни ювишга ва гапиришга жазм этганлар кийишади. Расман ҳисобланишича, оқлар юз йигирмата[18], улар пуштиранглардан икки юз метр нарида яшашади ва уларнинг қафасларидан туриб қичқиришларини эшитишади (қачонлардир бу қафасларда уларнинг ўзлари ётишган). Улар пуштирангларни кўришмайди, аммо «Дельта» лагери ва «тўрт» лагерини ажратиб турган тиконли сим ва нейлон парданинг нариги томонида уларнинг борлигини сезишади. Дўзахга икки қадам, аммо улар ундан қутулиб чиқишга улгуришган… Ёки қарийб улгуришган. Улар у ерга қайтишадими ёки йўқми, бу фақат уларнинг ўзларига боғлиқ. Чунки либос ранги, у билан боғлиқ имтиёз сингари, беқарор нарсалардир.
Майор ван Натта худди саройга таклиф қилгандек, Рағбатлар салтанатига таклиф этади. Лагер меъморчилиги анча юмшоқ, бу ерда тиконли сим ва қафаслар йўқ. Пўлат блоклар ўрнида баланд тўсиқлар билан ажратилган дортуар[19]ларнинг чарм шаклида қўйиб чиқилган узун сафи. Тартибни кузатиш учун лагер ҳудудининг қоқ марказида яккаю ягона кузатув минораси қад кўтарган. Унинг назорати остида, худди сеҳр қилингандек, «пуштиранглар» даҳшатли исканжага олиб турувчи барча қаттиқ чекловлар ғойиб бўлади.
«Тўрт» лагерида яккалаб қўйиш бекор қилинган, маҳбуслар ҳудуд бўйлаб бемалол жойдан-жойга бориб-келиб юраверадилар. Борди-ю, «Дельта» лагерида эркинларнинг «носоғлом қизиқувчанлиги» ҳукм сургудек бўлса, бу «пуштиранглар»ни денгизни кўришдан маҳрум этиш учун баҳона, холос. Бу ерда эса мана шу қизиқувчанлик яхшигина рағбатлантирилди. «Ҳамма нарсани шошмасдан кўриб чиқишингиз мумкин», — таклиф қилади ван Натта. Бўйсундирилган ва қўлга ўргатилган ҳайвонлари бўлган ҳайвонот боғидаги каби «оқилона қамоққа олиш» ва positive behiviour — яхши хулқ фазилатларини яхшилаб кўриб олиш учун. Бир маҳбус китоб мутолаасига мук тушган, иккинчи маҳбус қуёшдан тутувчи бостирма тагидаги ёғоч ўриндиқ узра энгашганча уйига хат ёзаяпти. Бир гуруҳ одам лагер марказидаги тўрттала томондан билан ўралган майдончада бемалол жисмоний машқлар бажармоқда. Қум билан қопланган бир парча ҳақиқий ер — волейбол ўйини майдончаси. Бир нечта маҳбус сояда оёқларини чалиштириб ўтирганча тушлик қиляпти. Овқатдан баҳра олиш — яна бир «имтиёз» (эсингиздадир?), бу ерга овқатни ранг-баранг ликопларда олиб келишади.
Ҳар бир маҳбус — оқилоналик намунаси. Ҳар бир маҳбус — Пентагон мутахассислари томонидан муҳрланган ва Мудофаа вазирлиги сайтига жойлаштирилган фотосувратли далил[20]. 14-рақамли суврат: «уч нарса»сиз маҳбусни қўриқчилар қўриқлаб боришяпти. 15-рақамли суврат: «оқ» маҳбус жомадонга («оқ»ларга жомадон берилади) маҳбусга рухсат этилган ашёларни жойламоқда: иккита китоб, янги ич кийим, мутлақо яроқли несесер — игна-ипдан тортиб тиш тозалагичгача. 10-рақамли суврат: оқ жомакордаги маҳбуслар лагер девори тўри орасидан кун ботишини томоша қилмоқда. 12-рақамли суврат: «Тўрт» лагерининг дортуари. Ўнта бир кишилик каравот ҳар бири бештадан сафга терилган, қаторлар оралиғи — энг муҳими, эшик билан тугалланадиган йўлак. Айнан шу эшикни майор ван Натта ҳозир мени ҳайратга солганидан наша қилганича ланг очиб юборди.
Каравот, ўз вазифасига кўра, бу ерда дам олиш жойи ҳисобланади, девор ўртасига маҳкамланган пўлат токча эмас. Дортуарлардаги деворлар ҳақиқий. Том — қиялама: қуюқ соя жазирамадан ҳимоя қилиб, бинони тўсиб туради.
Тун яна тунлигини қилади, шахсий гигиена ва зарурат учун бориш — ҳар бир одамнинг ўз иши, уни унитаз ва чиғаноқни хонанинг қолган қисмидан ажратиб турувчи хира парда билан атрофдагиларнинг кўзидан пана қилиб туради. Қўриқчининг зийрак кўзи қуббадан кузатув ускунаси билан алмаштирилган.
Бу лагерда жон ачиши яхшилаб жазоланади. «Тўрт» лагери қамоққа тушиш ва озод этилиш ўртасида қўналға, рафа бўлиб ҳисобланган («Тўрт» лагерига ўтказиш — бу озодлик сари қўйилган қадамлигини ҳамма билади). Бу «рағбатлантириш» сиёсатининг натижасигина бўлиб қолмай, балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Европа жамоатчилиги фикри ва халқаро ташкилотлар тазйиқига мажбуран ён бериш ҳамдир. Бу ягона ён бериш эмаслигини бундан кейин ҳам кўрамиз.
2003 йил апрелида мактаб автобуси «Дельта» лагери даҳмасидан пуштиранг жомакордаги тўртта арвоҳни олиб келди. Ҳали ўн олтига ҳам тўлмаган тўрт нафар ўсмир. Энди покистонликлар ва саудияликлар блокларидан, тер ва пешоблар бадбўйидан, телбаларнинг қичқириқларидан уларни Киттери-клифенинг бир ярим километрлик оппоқ қоядор соҳили ажратиб турарди. Уларнинг янги уйини «Игуана» лагери деб номлашган. Иккита бир хилдаги бетон уй жарликдан унча узоқ бўлмаган текисланган тошлоқ майдонда қад кўтариб турибди. Пастда қояларга урилган тўлқинларнинг шовқини лагергача етиб келади, тошга урилганда тўлқинлар кўпикланади, мовий, яшил ва кумушранг тусларда товланади. Бу ерда ўсмирлар денгиз «имтиёз»ларидан тўла лаззат олишлари мумкин. Лагер атрофидаги деворга тортилган нейлон парда, худди жалюзига ўхшаб, бир томонидан кўтариб қўйилган. Очиқ «ойна»дан жарликнинг чети, шунингдек, шимолда Кариб денгизи, шарқда эса Freedom Heights — Озодлик тепаликлари кўзга ташланади. Уй олдида майсаси қиртишланган унча катта бўлмаган ўтлоқзор ястанган, унда футбол тўпи, бир жуфт кроссовка ва баскетбол қўлқоплари ётарди. Қарийб ҳар бир Америка шаҳарчасидаги ҳар қандай америка хонадонининг backyardu — ҳовли орқаси каби.
Ўтлоқзорда игуанлар пайдо бўлади. Улар бу ернинг тез-тез келиб турадиган меҳмонлари, улар овқат қидириб, шундоқ қўшни майдонда жойлашган қўриқхонадан ташриф буюришади, емаклари: масалан, йигитлар ҳар куни тушликка музқаймоқ билан ейдиган бисквит увоқлари. Ўтлоқзорга кириб, ушбу маҳбус йигитчаларнинг ҳарбий тарбиячиси лейтенант Дэйв Водушек жилмаяди. У йигитчаларни уйлардан бирига қамаб қўйган, чунки вояга етмаганлар қамалган жойларга қилинган «ташриф» маҳбуслар мавжудлигида амалга оширилмаслиги керак. Улардан ҳеч ким гаплаша олмаслиги ёки бошидан ўтганларни қичқириб айтиб юбормаслиги учун. Ҳозир менга, ўзгалар ҳаётининг камгап ўғрисига, шу уйлардан бирини кўрсатишади. Бақувват кондиционерлар билан жиҳозланган тахминан йигирма квадрат метрли икки хонали хонадон. Биринчи хона — пастак мебелли меҳмонхона, тўртта оромкурси ва стол. Столда кулгили сувратли журналнинг бир неча сони, нархи тўққиз доллар олтмиш беш цент турадигн «беш ва ундан катта ёшдаги» болалар учун столда ўйналадиган ўйин, дисней видеотасмалари, шахмат, инглиз тили ва математика дарсликлари ётарди. Катта музлатгич ёнидаги бурчакда ошхона. Деворлари яланг ётоқ хонасида учта каравот бор, эшик йўқ. Ҳожатхона — мўъжазгина хонада, душ ҳам ўша ерда, парда билан тўсиб қўйилган. Полдаги линеолум қандайдир ғалати кўринади. Мана шу уйда ҳар бир хонанинг бутун узунаси бўйлаб сариқ скотч билан, гарчи оралиқда деворлар бўлмаса-да, хоналарни бир-биридан ажратиб турувчи чегарада белгилаб қўйилган.
Бамисоли кўринмас деворлардек, полдаги чизиқлар меҳмонхона ва ошхонани ажратиб турарди. Меҳмонхона ва ётоқхонани. Ётоқхона ва ваннани. Нима учун? «Қоидага риоя қилиш учун», — изоҳ беради Водушек. Машғулотлар чоғида ошхонага кириш мумкин эмас. Дам олиш вақтида — телевизор кўриш ёки овқат ейиш. Кимдир ҳожатхонага бормоқчи бўлса, бошқалар меҳмонхонада кутиб туради. «Игуана» лагери — ҳаддан ташқари кичкина ва маҳбуслар қоидаларни унутмасликлари учун худди ўйинга ўргатилган кучукча ва мушукчаларга ўхшаб, ажратувчи чизиқлар ўйлаб чиқарилган.
Водушекнинг айтишича, йигитчалар қоидаларни тез эсда сақлаб қолишган. Улар уй остонасида ҳарбий одам пайдо бўлганда сапчиб ўринларидан турадилар ва сафга тизилиб, ғоз турадилар. Яна унинг айтишича, лазаретдаги психиатр гуруҳли муолажа ўтказиш учун бу ерга келганда, болалар «жуда қувнаб» кетишади. Бу узоқ муолажа якунлари маҳбусларнинг шахсий ишларида қайд этилади. Мазкур қоидалар нега кераклигини тушуниш қийин: қўлларида қурол ва юракларида нафрат билан ўсган митти маҳбусларнинг болалар жароҳатини аниқлаш ва даволаш учунми ёки бошқа йўллар билан, масалан, сўроқ учун болаларни ҳам олиб киришадиган камераларда олиш қийин бўлган маълумот ва хотираларни улардан билиб олиш учун.
Ёш маҳбуслар ҳақида «ғамхўрлик»да, уларни ўқиш ва спортга жалб қилишда нокерак шафқатсизлик сезилади» — уларнинг бу ерда ноқонуний сақлаб турилганини эсдан чиқариш керак эмас. Бола ҳуқуқи тўғрисидаги тўқсон икки мамлакатда ратификация қилинган, аммо Қўшма Штатларда фақат ратификацияга тавсия этилган халқаро конвенция қамоққа олишга фавқулодда чора белгилайди ва уни «ҳуқуқий ва бошқа тегишли ёрдам олишга зудлик билан эга бўлиш ҳуқуқи билан, шунингдек, суд ёки бошқа ваколатли, мустақил ва холис орган олдида озодликдан маҳрум бўлишнинг қонунийлиги борасида баҳслашиш ҳуқуқи билан имкони борича қисқа вақт» сифатида чеклайди. Игуанлар ўтлаб юрган ўтлоқзорда ёш лейтенант Водушек билан бундай масалаларни муҳокама қилиш мутлақо фойдасиз. «Мен бундай нарсалар ҳақида мушоҳада юритиш ваколатига эга эмасман», — кескин оҳангда қайтариб ташлайди у. Қайсидир маънода у ҳақ ҳам: унинг учун буни бошқалар қилиб бўлишган. Пентагон амалдорлари «Игуан» лагерининг пайдо бўлиши сабаблари ҳақида ошкора гапирадилар. Ҳарбий қароргоҳ бошлиғи генерал Ричард Маера 2003 йил 25 апрелда спортга ўхшатишдан фойдаланган ҳолда ўта самимият билан бу масала бўйича давлат ҳукумати фикрини эълон қилди. «Ёш бўлишларига қарамай бу одамлар ҳаддан ташқари хавфлидир. Улар ҳали ўсмирлар, бироқ мактаб клубида ўйнамайдилар… Балки биринчи лиганинг ҳақиқий устамонлари орасида, террорчилар жамоасида ўйнайдилар».
Умар Хадр бундай жамоада ҳақиқатан ҳам ўйнаган. Ҳозир у ўз ўртоқлари билан қўшни хонада ўтирибди. Уни менинг ташрифим вақтига лейтенант Водушек шу ерга қамаб қўйган. У ҳақдаги менинг саволим унинг қулоғига чалинган бўлса, ажаб эмас. Лейтенант лўнда қилиб жавоб беради: «Биз алоҳида маҳбуслар ҳақида маълумот ёзиш ҳуқуқига эга эмасмиз». Умар ўн олти ёшда. Маҳбус болалар ичида исми, шахси ва келиб чиқишидан маҳрум этилмаган у ягонаси. Унинг учун туғилишига кўра фуқароси ҳисобланган Канада жонини жабборга бериб курашмоқда. Умар учун қилинган фуқаролик ҳаракати Канада ва Қўшма Штатлар ўртасида сиёсий ихтилофлар боиси бўлиб қолган.
Барча бошқалар каби Умар узоқ вақтгача пуштиранг арвоҳ бўлиб қолди. Қўшма Штатлар ҳукумати Канада ҳукуматининг оддийгина сўровини эътиборсиз қолдирди: боланинг шахсини тасдиқлаш. Уни энди яширишнинг ҳеч қандай иложи қолмагунча ва унинг тарихи юзага қалқиб чиқмагунча. Ҳаммаси 2002 йил ёзида, Афғонистондаги Хост шаҳри яқинида бўлган қонли жанг вақтидан бошланди. Ўшанда Умар энди ўн бешга қадам қўйганди. Унинг отаси муҳандис Саид (Мисрда туғилган, олтмишинчи йилларда эса Канадада муҳожир бўлган) болаларини, Умар ва акаси (21 ёш) Абдураҳмонни Афғонистонга олиб келди. Бу ерда ота ва болалар толиблар жиҳоди сафига қўшилдилар. Улар қўнган маҳаллага америка қўшинлари ердан ва ҳаводан ҳужумлар қила бошлади. Умар вайрон бўлган бинога яширинишга уринди, бироқ уни патруллар гуруҳи топиб олди ва шунда ҳимояланган ҳолда у америка солдатларига ўзида қолган сўнгги қурол — қўл гранатасини ирғитди. Граната парчалари 28 яшар биринчи тоифа сержанти Жеймс Стага тегди ва у тил тортмай ўлди. Умарни портлаш тўлқини учириб юборди, у сонидан яраланди. Уни тутиб олишди ва Баграмдаги ҳарбий базага олиб боришди, у ерда бир неча ой бўлди. Сўроқларда Умардан отаси Саид ҳақида маълумотлар олишга уриниб кўришди. Базадагиларнинг тахмин қилишларича, 1996 йилда Миср элчихонасига террорчилик ҳужуми уюштиришга дахлдорликда айблови билан Покистон полицияси томонидан ҳибсга олинган ва ўшандаёқ озодликка чиқариб юборилган Саид Афғонистондаги «Ал-Қоида» армиясининг қолдиқларини ортидан эргаштиришга қодир одам эди.
Отаси ҳақида Умар ҳеч нарса билмайди. У уни Хостдаги жанг вақтида кўздан йўқотган эди. Аммо бу жавоб ҳеч кимни қониқтирмасди ва Умар Гуантанамо базасига бир ёқлама чипта олди, бу ерга 2002 йилнинг охирида етиб келди. Уни акаси Абдул билан битта блокка қўйишди, акаси ҳам Хостда қўлга олинган эди. Бироқ бу ҳақда Умарга ҳеч нарса маълум эмасди. Бироқ Абдул аввалига укасининг қаерда тургани ҳақида маълумот олишга, кейин эса бу ҳақда Канадада қолган бувисига хатда хабар қилишга муваффақ бўлади. У хатда Умарнинг аҳволи ёмонлигини, қафасда яраларидан қон сизиб, ириётганини ёзади. Ўзи ҳам тушкунликдан ақлдан озай дерди: укаси қўл узатса етгулик жойда, атиги бир неча одим нарида бўлса-ю, уни бағрига босиб, таскин-тасалли беролмаса. У ўзини касалга солиб, лазарет йўлида укасининг дийдорини бирров кўришга ҳаракат қилишга ваъда беради. Улар қачон бўлса ҳам яна бир-бирларини бағирларига боса олишадими, йўқми, ҳеч ким билмасди. Табиийки, Абдул яна қариндош-уруғларига ўн олтинчи ёшини қафасда кутиб олган укаси Умарни бирров кўролмаслигини ва онилоз туфайли елкасини қимирлата олмаслигини ҳам хабар қилганди.
2003 йил ёзида Умар балоғат ёшига етади, лагер қоидаларига кўра, бу ўн саккиз эмас, балки ўн етти ёшда содир бўлади. Эҳтимол, гарчи бизда бунга ҳеч қандай исбот бўлмаса-да, маҳбусларнинг ёши лабларидаги муртига қараб эмас, балки рад этиб бўлмайдиган анкета маълумотларига қараб белгиланади. Борди-ю, Канада ҳукумати уни озод эта олмаса, келаси йил Умар даҳмага, «пуштиранг»лар ҳузурига қайтади, ҳолбуки уни ҳимоячилари катта қийинчилик билан у ердан чиқариб олишганди. Ёки, агар гапиришни хоҳлаб қолса, аърофдаги «оқ»лар ҳузурига йўл олади. Нима бўлганда ҳам у энди болага айланмайди. Балки яна enemy batant — ашаддий душманга айланади.
АШАДДИЙ ДУШМАНЛАР
2002 йил декабрида ҳарбий манбалар ва асир-арвоҳларнинг кўрсатмаларига таяниб, «Вашингтон пост» ёзган эдики, Баграм базасида МРБ сўроқ олиб боришнинг ғайриодатий усулларидан фойдаланилмоқда. Жисмоний ва руҳий қийноқлар қуроллари хилма-хил: маҳбусларни бир неча соатлаб тиз чўкиб туришга мажбур қилишади, бошларига қора бўёқ суртилган пайвандчи қалпоғини кийдириб қўядилар, уларни электр чироғи билан қийнаб, асаб тизимларини ишдан чиқаришга ҳаракат қиладилар. Пентагон ва Оқ уй рўзноманинг барча айбловларини қатъиян рад этади, аммо айнан 2002 йил декабрида Баграмда номаълум ҳолатларда икки нафар маҳбус ўлади. Афғонлар Диловар (22 ёш) ва Мулло Ҳабибулло (30 ёш)нинг баданларида зўравонлик натижасида олинган оғир жароҳат излари кўриниб турган. Экспертизанинг ҳарбийлар томонидан 2003 йил мартида тақдим этилган ашёларида ёзиб қўйилган: улар зўравонлик туфайлидан ўлганлар: бу Вермонт штабидан сенатор — демократ Патрик Ж.Лихини ҳарбийлардан маҳбусларнинг ўлими ҳолатлари ҳақида ҳисобот талаб қилишга мажбур этди. Ўша вақтнинг ўзида «Нью-Йорк таймс» шу терговга бағишланган мақоласида таъкидлайдики, Баграмда маҳбусларни куч ишлатиб таҳқирлаш оддий ҳолга айланиб қолган. Рўзнома ёзадики, маҳбусларни музли хоналарга қип-яланғоч қилиб қамаб қўядилар, занжир билан қўлларидан шифтга осадилар ва бўйинларига пўлат ҳалқалар кийдирадилар. 2003 йил 25 июнда Мудофаа вазири оқловчиси генерал Уильям Ж.Хайнс бундай дейди: «Тергов ҳали тўхтагани йўқ».
Генерал Миллернинг[21] қадди таранг тортади: «Баграмда содир бўлаётган ишларга менинг алоқам йўқ. Бироқ мен қатъий қилиб айтаманки, маҳбуслардан кўрсатмалар ундириш учун Гуантанамода куч ишлатилмайди. У ерда нима бўлишидан қатъи назар, ҳар доим нимагадир бегуноҳларни озодликка чиқариб юбораётганимизни унутишади». Бундайи ҳақиқатан ҳам бўлган эди: 2002 йилнинг 5 апрели ва 27 октябрида, 2003 йилнинг 21 марти ва 14 майи ва ноябрида 88 маҳбус қўйиб юборилган[22]. Бошқаларни ҳам озод қилишади. Кам деганда яна 140 маҳбус — 2004 йил январигача, башартики Пентагон 2003 йил декабрида зиммасига олган мажбуриятни бажарса. Аммо қандай асосда озодликка чиқариб юборишади?
Агарки қўлга олинганнинг «ахборот жиҳатидан фойдасизлиги» аниқланган бўлса. Ёки борди-ю, Вашингтонга шундайи манфаатли бўлса: анча узоқ муддатли қамоқ бошқа давлатларга, керак бўлса иттифоқдошларга ҳам нисбатан кескинликка айланиб кетиши мумкин — гоҳо шундай бўладики, маҳбусларнинг чўнтагида айнан уларнинг паспортлари ётган бўлади. Агар далилларга синчковлик билан назар солинса ёки генерал Миллернинг сўзларига қулоқ тутилса, булар ҳаммаси кундай равшан бўлади: «Менинг тафсилотларга берилиб кетишга ҳақим йўқ, аммо айта оламанки, озод бўлиш учун учта шартни бажариш зарур. Маҳбус шахс сифатида энди бошқа таҳдид қилмаслиги керак. У террорчилик ташкилотлари билан барча алоқа ва муносабатларни узиш мажбуриятини олади. У бизнинг ахборот манбаимиз бўлиб қолади». Мана, ниҳоят, асосий сўз — манба. Ҳибсдан сўнг кўп ойлар ёки йиллар сўнгида ахборот манбаи бўлиб қолиш мумкинлигини тасаввур этиш қийин кишига. Ер юзининг нариги чеккасида қафасда ҳаёт кечирувчи одам қандай маълумотларга эга бўлиши мумкин? Кўпинча вақт ўтганини сезмаган бўлса. Агар у ортда қолдирган ҳамма нарса бор ёки йўқлигини билмаса, уларнинг келажакдаги режалари ҳақида ҳикоя қилишга, улар яширинган жойни кўрсатишга, террорчилар раҳбарларининг исмларини айтиб беришга киши наҳотки қодир бўлса? Маълумотлар, барчага маълумки, тез эскирадиган нарса. Улар долзарблигини тез йўқотади, чунки янгиликларнинг умри қисқа бўлади. Генерал Миллер кўпда ўзи бунга иқрор. Бу банд шубҳали эканини у тушунади ва шу боис дангал жавоб беришдан бўйин товлайди: «Саволингиз бежиз эмаслигига иқрорман. Бироқ маълумотларнинг хиллари кўп: тактик маълумотлар, тезкор маълумотлар ва стратегик маълумотлар. Тактик маълумотлар бир лаҳзадаёқ эскиради, қолганлари ўз ахборотлик қийматини тўла сақлаб қолади. Шу боис «Дельта» маҳбуслари энг муҳим манба бўлиб қолаверади». Генерал ҳам, Пентагон ҳам тескари нарсани исботлаш анча мураккаблигини жуда яхши тушунишади. Сўроқлар вақтида маҳбуслардан олинган маълумотлар суд ажримлари мавзуси ҳисобланмайди. Бунда эртами, кечми уларни discovery[23], демакки, текшириш ҳам кутади. Улар каблограммалар[24] шарҳлаб берилган қоғоз варақларидан иборатдир. Манба ҳар доим махфий ҳолда қолдирилгани боис кўрсатмалар тагида имзолар йўқ. Каблограммалар бир ахборот агентлигидан бошқасига кўчиб юради, унинг фойдасиз парчаларини эса альянс мамлакатлари ўзаро баҳам кўрадилар. Мазкур маълумотларнинг аҳамиятини баҳолаш учун бу ҳаддан ташқари камлик қилади. Уларнинг фойдалилигини текширишнинг эса ҳечам имкони йўқ.
Генерал Миллер менга ажратган вақти тугайди. Меҳмонни эшиккача кузатиб қўйиш учун у столдан туради. Йўл-йўлакай охирги икки саволга шоша-пиша жавоб қилади: «Маҳбусларни Гуантанамода суд қилишадими?» — «Атрофдагилардан сўраб кўрайлик-чи… Менда расмий ахборот йўқ».
Унда нима учун айнан шу ерда, оролда, ўлимга маҳкумлар камераси қуришга киришилаётгани ҳақида миш-мишлар кенг тарқалмоқда? Кимни сиртмоққа тортиш лозимлигини ҳал этишга ваколатли суд бўлмаса, дор нимага керак? «Ўлим жазоси учун хона тайёрлаш ҳақида буйруқ олганим йўқ мен. Борди-ю, шундай буйруқ келса, биз тайёр турамиз. Нима бўлганда ҳам, сиздан илтимос қиламан, суд ҳақида менга саволлар беришни бас қилсангиз. Мен судья ҳам эмасман, оқловчи ҳам эмас. Мен бор-йўғи солдатман».
ШУБҲАЛАР
Кеч соат еттида «Жерк-хаус» скамейкаларида бир қадар жонланиш сезиларди. Бу кўрфаз соҳилидаги Винвард томонга кетаверишдаги ямайка фаст-фуди. Унинг сояси ва акс-садоси мижозларни босиб кетмаслиги учун пўлат даҳмадан анча узоқда жойлашган. Солдатлар ва зобитлар оломони бу ерда бошпана қидириб топишлари учун анча яқин. Очиқ ҳавода учта катта-катта оқ пластикдан қилинган думалоқ стол турибди, унинг устида пиво банкалари, очофатлик билан ғажиб-мужиб ташланган маккажўхори сўталарининг ифлос қолдиқлари, take-awayнинг[25] боғламлари ётарди: товуқ гўштли гуруч, чўчқа гўштли гуруч, сабзавотли гуруч. Айтишларича, булар жуда ҳам мазали эмиш. Фақат бир навини бошқасидан ажратиш қийинга ўхшайди. Қалампир ва зираворлар мўл қилиб солинган емак оғизни куйдирармиш. Шунда ичиш осонроқ бўлармиш.
Полковник Жонсон Барри кўпчиган ошхона дарчасидан бугун кечга оз-оздан «комбо» бўлишини айтиб қичқиради. «Чакки эмас, бу матоҳ билан мен яна бирон нарса тортарман. Яна бир неча ойдан кейин янгилар билан алмашаман, шунда Нью-Йоркка ўқишга кетаман…» — «Бу матоҳ «комбо»ми ёки Гуантанамоми?» Жонсон жилмаяди, унинг кўзлари қаттиқ қисилади. Саводли зобит, яхши тарбия кўрган ва шамаларни тушунишда, ноқулай саволларни осон бартараф этишда ёки уларга керакли тарзда жавоб қайтаришда устаси фаранг. Полковник Жонсон — маҳаллий қўмондоннинг жарчиси. Армия ёлғиз пиёда аскарлар билан урушда ютиб бўлмаслигини, уруш ҳақида ҳикоя қилишни уддалайдиган ва қотириб ҳикоя қиладиган одам кераклигини англаганда, у окопни тарк этган. Жонсон Болқонда бўлган, Италияни яхши билади, мутолаани севади. Кўп мутолаа қилади ҳам. Мана, неча ойдирки, унинг тонги Интернетдаги матбуотни кўриб чиқишдан бошланади. «Маълумки, у ерда қаттиқ ва мураккаб амалий ўйин ўйнамоқдалар. Кўрамиз, булар бари нима билан тугаркин. Айни вақтда, илгари «X-ray»да бўлганидек чет эллик журналистлар олдида «Дельта» лагери эшикларини ланг очиб қўйиб, тўғри қилдик, деб ҳисоблайман. Бекинмачоқ ўйнаш хосиятли бўлмайди. Сиз бемалол ҳамма нарсани кузатишингиз мумкин. Мақолаларингизни ёзаверинг ва муҳокамага қўяверинг. Бу демократия йўқ дейдиганларга бопта жавоб бўлишига аминман…»
Тўғри, матбуот эркинлиги бу ерда чикора. Буни Жонсон ҳам билади. Равшанки, айнан шунинг учун у совиб қолган сомвоси билан кўпда иш тутмаётир. «Мана бу Учинчи Женева конвенцияси ҳангомасини олайлик… Маҳбусларимиз қандайдир миллатни ҳимоя қилишяптими? Улар ҳарбий либос кийишаяптими? Уларнинг душманлари ким? Фақат америка қўшинлари ёки барча-барча америкаликларми, бизнинг оилаларимиз ва болаларимизми? Йўқ, бу одатдаги уруш эмас. Бу бошқа уруш. Душманларимиз ҳам одатдаги душманлар эмас. Биз бу ерда уларга ёмон муомалада бўлаяпмизми? Улар-чи, қўлларига тушган америкаликларга қанақа муомала қилишади? Сиз ҳеч уларга шундай саволлар бериб кўрганмисиз? Асир тушган ватандошларимизга овқат беришадими, йўқми, ибодат учун Библия беришадими, йўқми, руҳонийнинг уларни руҳан қўллаб-қувватлашларини сўраганмисиз? Қаёқда! Улар бизни ёмон кўрадилар».
Лейтенант Мосс столнинг нариги чеккасида ўтирар ва нафасини ичига ютиб тинглар эди. Ҳар гал гап қайтармоқчи бўлиб чоғланганида гуруч тўла қошиқни оғзига олиб борар эди. Охири у сўз қотади: «Тўппа-тўғри, нацизмни эсланг! Нацистлар ҳам концентрацион лагерда сақлар эдилар, улар устидан суд жараёнлари олиб бордилар, хўш, борди-ю, Гуантанамо — бу замонавий Нюрнберг бўлса-чи? Ҳеч ким Нюренберг судига қаршилик қилмаганди. У бўлиб ўтганди ҳам. Биз Ёвузликдан халос бўлгандик. Бу бизнинг ҳаммамизга сабоқ бўлган эди, шундай эмасми?» Жонсон энди бутунлай совиб қолган сомвосига тикилганча Мосснинг гапларига қулоқ солиб ўтирарди ва овқатни ёқтирмагандай тамшаниб қўярди. У овқатни нари сурди. «Мен ҳуқуқшунос эмас, балки солдатман. Сиёсат ва ҳуқуқ билан менинг ишим йўқ. Аммо ишончим комилки, озодлик ва озодликни ҳимоя қилиш ўртасида мувозанат шу жойда қарор топган». Буни тўғри деб фараз қилайлик, аммо бундай мувозанат қанча вақтгача барқарор бўлади? «Мутлақ мувозанат» яна қанча вақт замонамиз аломати бўлиб қолади? Ҳеч ўйлаб ўтирмасдан Мосс жавоб беради: «Токи бу уруш давом этгунча. Ҳар доим деган сўз нимани англатиши мумкин?..»
Нацизм. Ёвузлик. Уруш. Нафрат. Террор. Булар барчаси — бош уни англашга қодир бўлгунга қадар инсон қурсоғида юзага келадиган қўрқув иллатларидир. Бугун кечқурун «Жерк-хаус»даги дастурхон устида мен суҳбатдошларимда шубҳа сояларини илғашга ҳам муваффақ бўлдим. Эҳтимол, бу шубҳанинг йўқлиги сабабидандир. Ёки уни ифода этишнинг иложи йўқлиги сабабидандир. Жуда бўлмаганда шу ерда ва ҳозир «Дельта» лагеридан унча узоқ бўлмаган жойда.
Барибир шубҳа мавжуд ва у қўрқув қобиғи остида ўзига йўл солмоқда. Ва кутилмаганда сиёсий мубоҳасалардан олис, аммо либос кийганлар онги қисман шаклланаётган жойда ўзининг мавжудлигини билдириб қўяяпти. Масалан, Виржиния штатидаги Шарлотсвил шаҳарчасида АҚШ ҳарбий адвокатурасининг одатда ҳарбий судларда кимлар, қандай оқловчилару судьялар мажлис қураётганларини жуда яхши билишадиган кабинетларда билдириб қўяяпти. Шарлотсвил АҚШ ҳарбий адвокатураси бундай ишни адо этаётганлари учун ойлик «The Army Lowyer» журналини чиқаради. Мақолалар дадил памфлет усулида ёзилган, фикрлар яхши асосланган, бироқ ҳатто ҳеч қачон жавобгарликка тортилмаган ва суд биносига қадам изи қилмаган фуқароларнинг ҳам миясига етиб бориши учун хийла содда баён этилган. Мақолаларнинг муаллифлари Оқ уй ва Мудофаа вазирлиги айнан Гуантанамода ишга тушириб юборган машинадан жуда ташвишдалар. Соҳил муҳофазасининг истеъфодаги зобити капитан Кевин Ж.Барри (у ҳарбий судларда узоқ йиллар ишлаган) терроризм билан Уруш шароитларида америка ҳарбий судининг янги жорий этилган амалиётидан салобат ниқобини сидириб ташлаб, муаммо илдизини топди: «Ҳозирги вақтда ҳарбий судларда устуворлик қилаётган тамойил ва қоидаларни қойилмақом тарзда акс эттириб турган жиддий ўзгаришлардан ташқари бу суд ишлари америка суд тизимини намоён этиб турувчи адолатли иш кўриш андозасига мос келмайди. Тез орада Қўшма Штатлар жиноий судда енгилмас адолатнинг кафолатлари сифатида жаҳон миқёсида узоқ вақт давомида эгалик қилиб келган ахлоқий устунликни бой беражак».
Капитан Баррининг мулоҳазаларида одоб меъёрлари ва касб масалалари сиртмоққа солиб қўйилган, бу эса янги қоидаларни ўйлаб топган ва қарор топдирганларнинг заиф баҳоналарини бир пулга чиқарган. Ҳарбий ҳайъатлар, дейди у, ҳарбий суд маданиятида эллик йил орқага қўйилган қадам, улар исботларни олиш ва баҳолашни бошқариб турувчи ҳуқуқий меъёрларни беҳаёларча ўзларига мослайдилар, ҳуқуқий давлатнинг одоб тамойилларидан четланадилар, ҳимояни бош айбловчиларга тобе ва қулай, охир-оқибатда эса уларни, айбловчиларни тайинлаган ва ҳузурида ҳисобот беришга мажбур бўладиган ижрочи ҳокимият ролига келтириб қўяди.
Гап биргина нутқ ҳақида эмас, балки қайсидир маънода кенг тарқалган урф ҳақида кетаётир ва Баррининг полковник Борчдан олган жавоби бунга яққол далилдир. Ўз мухолифига ўхшаб, полковник Борч унинг оммавий чиқишларига дахлдор ҳамма нарсани жуда нозиктаъблик билан ҳис этади ва ҳар бир сўзига ўттиз икки нарх қўйиб гапиришга ўрганган. Журнал саволларига жавоб қайтарар экан, Гуантанамо маҳбуслари ишлари бўйича бош давлат айбловчиси, полковник ўзининг ўша журнал саҳифаларида ҳам жавоб қайтариш ҳуқуқидан ўта расмиятларча фойдаланиш ҳуқуқини бой бермади, унинг бевосита иштирокида ва ўзи уни ҳимоя қилиши керак бўлган суд ишларининг фалсафаси ва асосий тамойилларини баён қилиб берди. «Гуантанамодаги суд ишлари full and fair[26] ҳисобланади, — деб ёзади Борч, — ҳимояга қўйилган чекловлар адолатли суднинг самарали ижро этилишини қийинлаштиради, жиддий асослар билан мустаҳкамланмаган. Аксинча, бу чекловлар қанчалик оқилона бўлса, шунчалик зарурий ҳамдир (ҳайъатлар иши уруш вақтида ўтаётганини ҳисобга олганда) ва ҳеч қанақасига синчковлик билан суд ишларини олиб боришга халақит бера олмайди. Бундан ташққари, капитан Барри суд иштирокчиларининг ахлоқий сифатларини ҳисобга олмайди. Улар кимлар, нима билан шуғулланадилар, улар зиммасига юклатилган мажбуриятни нечоғли масъулият билан адо этадилар. На америка, на хорижий, на ҳарбий, на фуқаро — ҳеч бир суд бу суд жараёнларига жалб этилган одамларга эътибор қилмаслиги мумкин эмас. Ҳарбий ҳаъйатларда зобитлар, тажрибали судьялар ва адвокатлар мажлис қиладилар, ўзларининг иштироклари билан суд ишларининг full and fairини кафолатлайдилар. Бошқасида эса кўпроқ fair бўлар эди, башартики ҳаъйатларнинг танқидчилари — капитан Барри ва маслакдошлари — суд жараёнлари натижаларидан ўз норозиликларини ифода этишда таҳаммул қилсалар.
Ишончим комилки, бу жараёнлар full and fair бўлади ва улар билан америкаликлар фахрлана оладилар».
Агар капитан Барри ва унинг нуқтаи назарига ҳамдардлик билдирувчи армиянинг бир қисми сўнгги сўзни айтиш уларнинг зиммасида қолиши кераклигини бир ёқлик қилмаса, ҳамма нарса мана шу жойда ниҳоясига етиши мумкин эди. Яна журнал саҳифаларида айтилади: «Муаммо суд жараёнига жалб этилган зобитларнинг суд ишларини full and fair қилишга бўлган қаҳрамонона интилишларидан иборат эмас. Муаммо, астойдил айтаман, амалларнинг ўзида, полковник Борчнинг бу амалларни ҳимоя этиши тасодифий эмас, у асосли фикрлар сифатида бу амалларни қўллаб-қувватлаш учун Маъмурият тарқатган баёнотлардангина фойдаланади. Энди ўз гўдагини ҳимоя қилиш учун Маъмурият хийла кўпроқ нарсалар қилиши керак бўлади. У жиддий ўзгаришлар киритиши керак. Борди-ю, бундай бўлмаса, унда иштирокчиларнинг саъй-ҳаракатларию яхши ниятларига қарамай, ҳайъатлар на бизда ва на хорижда fair сифатида эътироф этилмайди. Биз — ҳуқуқий давлатмиз ва Терроризм билан уруш мақсадларидан бири — нафақат иттифоқдошларнинг, балки ғанимларнинг ҳам қалби ва онгини забт этишдир. Агар ҳеч нарса ўзгармаса, биз ҳатто дўстларни йўқотамиз… Бундан ташқари эса — қўшимча қилиб айтиш жоиз — ўзларига чурқ этмайдиган статистлар вазифаси ажратилган томошада иштирок этишда бош тортишга қарор қилган ҳарбий оқловчиларнинг бир қисмини ҳам йўқотамиз»[27].
ИНТИҚОМ
Ҳаммаси жуда тез рўй беради, 2003 йил 10 сентябрь, чоршанба. Гуантанамодан келаётган амалиёт тайёраси Флорида штатидаги Жексонфил тайёрагоҳининг қўниш майдонига эниб тушади. Тайёра ичида таътил олган эркаклар ва аёллар бор. Ғилдиракли зинапоядан учувчи бўлмасига ҳарбий полиция ва разведка зобитлари тез кўтарилишади. «Дельта» лагери мусулмон мулласи, йўловчи Йи, капитан Жеймс Ж.Йини тайёранинг бурун қисмига чақиришади. Бу расмиятчилик эмас. АҚШ армияси учун бу ҳибс. У ўз ватанини сотган ва қасамини бузган. Капитан Йи — жосус. «Ал-Қоида»нинг пўлат даҳмадаги кўзи ва қулоғи.
Капитаннинг қўлга олиниши ва қаердалиги ўн кун сир сақланади. 20 ва 21 сентябрда «Вашингтон таймс» иккита мақола билан сир пардасини кўтармагунча. Пентагонга яқин ва консерватив руҳдаги бу рўзномада муаллиф Йига ҳарбий разведка бутунлай фош этишга ваъда берган фитнанинг марказий ролини ажратган муфассал мақола пайдо бўлади. «Таймс»нинг сўзларига қараганда, капитан Жанубий Каролина штати, Чарлстондаги ҳарбий-денгиз базасида қўриқланмоқда. Унинг айблови тўғрисида «муайян» далиллар гувоҳлик беради. Масалан, мана бундай: ҳибсга олиш вақтидаги тинтув чоғида Йида «турли-туман» ҳужжатлар топилган.
Шарикли ручка билан чизилган «Дельта» лагери чизмаларига ўхшаш сувратлар бор, уларда блоклар ва омборхоналар жойлашган жойлар қайд этилган. «Ўхшаш». Яна, деб хабар беради манба, афтидан капитан айрим маҳбуслар билан жоиз бўлмаган муносабатлар ўрнатган. Бу ерда шубҳанинг тергов олиб боришда Терроризм билан уруш шароитларида амал қилинган ва аллақачон маҳбусларда синаб кўрилган, энди эса қамоқхона назоратчиларига нисбатан қўлланилаётган нозик услуби билан йўғрилган мантиғи ишламоқда эди. Бу айбсизлик тахминидан бевосита келиб чиқувчи хулосалар услубидир.
Биринчи хулоса. Йи – унинг қафасдаги биродарлари каби мусулмон кишиси. Бинобарин, у эришган ва улар туфайли шогирдлари уни шунчаки Юсуф деб атаган маҳбусларнинг ўта ишончлилиги ва жойлашуви тасодифий эмас.
Иккинчи хулоса. Уэст-Пойнтдаги ўқишдан кейин капитан қолдирган армия сафларига қайтишдан аввал Йи диний таълим олган Сурияда яшаган. Йи Гуантанамодан «яширилган ҳужжатларни» олиб чиққан. Бинобарин, Йини Сурия жосуси деб тахмин қилиш «оқилона»дир.
Учинчи хулоса. АҚШ армиясида мусулмон сотқинлар олдин ҳам бўлган. Сержант Асан Акбар Ироқ билан уруш арафасида Қувайт ҳудудига келтирилган ҳаво-десант бригадасининг қароргоҳ чодирларига қўл гранатасини ирғитган, ўн беш нафар хизматдошини яралаган ва икки нафарини ўлдирган. Бир неча йил илгари, 1998 йилда сержант Али А.Муҳаммад Африкадаги АҚШ элчихонасига жойлаштирилган террорчилик ҳужумларида иштирок этган. Бинобарин, капитан Йи ҳам сотқин бўлиб қолганига асло таажжубланмаслик керак, боз устига Форт-Льюисдаги ҳарбий база рўзномаси учун ёзилган унинг мақоласи – зийрак терговчилар иш орасида таъкидлаганларидек – «айнан 2001 йилда» одамларни ислом билан қўрқитишни тўхтатишга чақирган.
Бундоқ олиб қараганда, ҳаммаси жўндай. Капитан Йи – душманлар орасида намунали дўст ва дўстлар орасида, душман. Жосусликда айблаш учун аъло номзод.
Наҳотки мен ростаданам жосус билан танишиб қолган бўлсам? Терроризм билан урушнинг биринчи жосуси билан-а? Қуръон ва америка конституцияси нинг уйғун ҳолда яшаш ғоясига соддадиллик билан ишона қолдимми? Мусулмонлар дўзах азоби тортиб турганида Пайғамбарга иймон келтириш ва ҳарбий либосни кийиш билан чиқиша олади деб наҳотки мен бир қарорга келган бўлсам?
2003 йил сентябри охирида оғир кунлар бошланди. Яна шунинг учунки, Йи иши теварагида кўтарилган шовқин тобора даҳшатли тус олмоқда эди. 2003 йил сентябрида капитан Юсуф ҳибсга олингандан кейин камида йигирма тўрт соат ўтгач, Пентагон столга янги қартани ташлайди. Ҳарбий либосдаги яна бир одам. Гуантанамо лагерида хизмат қилган яна бир мусулмон. Унинг исми – Аҳмад И. Ал-Ҳалабий. АҚШ ҲҲК оддий солдати тўққиз ой мобайнида қамалганлар кўрфазида таржимонлик вазифасини бажарди. Жексонвил тайёрагоҳидаги тайёра ичида Йини ҳибсга олганларидек, уни 23 июлда ҳисбга олишди. Уни ҳам Калифорния штатидаги махфий Вайнберг авиабазасига қамаб қўйишди.
Етти ҳафта Пентагон сукут сақлади. Кейин эса, биз барчамиз гувоҳ бўлганимиздек, 23 сентябр discovery куни бўлишига қарор қилади. Шу куннинг танланиши тасодифий эмас, у услубни билади. Ал-Қоидага кўрсатилган айблов мулла Йи қиёфасини яқинда чулғаб ташлаган гумонлар учун мустаҳкам таянч. Ўттиз айбловдан тўрттаси – жосуслик, учтаси – душман билан ҳамфикр бўлиш, ўн биттаси – қўмондонлик буйруғига бўйсунмаслик, тўққизтаси – ёлғон гувоҳлик бериш. ҲҲКдаги расмий манбалар тафсилотларга берилишдан кучларини аямайдилар. Ал- Ҳалабий «Дельта» лагерини сувратга олади, бу эса низомда тақиқланган. У махфий ҳужжатларни давлат компьютеридан ўзининг шахсий компьютерига ўтказиб олган. У маҳбусларга ҳолвани «ноқонуний» ва «зимдан» улашган. Ҳа, айнан ҳолвани – эсингиздадир? – ошпаз Клакнинг мукофот ширинлиги, қафасдаги маҳбуслар тилини сайратиш учун фойдаланиладиган ноанъанавий қурол. Боз устига, ал-Ҳалабий электрон почтадан Сурия разведкасига махфий бўлган маълумотни узатишга ҳаракат қилган: шахсан маҳбуслар қўли билан ёзилган шахсий тусдаги иккита ёзув ва электрон файлларда уларнинг ўзлари терган бир юз эллик дона ўшандай ёзувлар; база ичкарисидаги ҳаракатлар тўғрисида янгиликлар, маҳбусларни элтиш шароитлари ва усуллари.
Бу ахборот Дамашққача етиб борганмикан – давлат айбловчиси буни аниқлашни маъқул кўрмайди. Ал- Ҳалабийнинг оқловчиси майор Ким И Лондон таъкидлайдики, айблов ҳужжатларининг бандларида «айблаш учун зарур далиллар» мавжуд эмас, бироқ ўша заҳоти кескин зарбага учрайди: «Ал-Ҳалабий муайян ахборотни олиш ҳуқуқига эга бўлмаган одам билан муносабатда бўлган. Ўша одам, Ал-Ҳалабий буни биларди, душмандир». Эҳтимол, суриялик билан муносабатда бўлгандир. Ёки сурияликларга ишлайдиган бошқа биттаси билан.
Қолганлари Пентагон учун – ҳеч нарсага арзимайдиган майда-чуйдалар. Бир нарса муҳим – 2003 йил сентябри охирида мантиқий ришта Дамашқда ўқиган мулла Йини Дамашқда электрон хатларни юборган ёки юборишга ҳаракат қилган оддий солдат ал-Ҳалабий билан боғлайди. Буларни иккала дўст билишадими, йўқми, кейин маълум бўлади.
Аммо бу ҳали охири эмас.
29 сентябр душанбада бу томошанинг сўнгги кўриниши бошланади. Жуда бўлмаганда томош кўрсатилган эди. Бостоннинг Лолан тайёрагоҳида бунгача икки йил ичида қора сешанба камикадзелари ўтган ўша йўлакларда давлат хавфсизлиги департаменти ходимлари қамалганлар кўрфазида пишиб етилган фитнанинг учинчи иштирокчисига кишан кийдирадилар. У оддий фуқаро вакили, унинг исми Аҳмад Фати Меҳалба. У ўттиз бир ёшда, у Мисрда туғилган, бироқ АҚШ фуқароси ҳисобланади. У Қоҳирадан қайтаётган бўлади ва уни «оралатиб кўрикдан ўтказиш» учун тўхтатадилар. У Гуантанамо ҳарбий базасига Калифорния компаниясига қарашли Сан-Диегонинг «Калифорния Титан» муҳри бўлган рухсатномани кўрсатади – бу аутсорсингдаги яна бир ўйинчи, «Титан миллий хавфсизликни таъминлаш бўйича ёппасига хизмат»ни тақдим этади. Гуантанамода улар ўз таржимонларини ишга жойлаштирадилар. Меҳалба шулардан биттаси эди.
Беғам таржимондан жомадонини очишни илтимос қиладилар, унда бир юз ўттиз иккита компакт-диск топадилар. «Мусиқа ва фильмлар….» – дейди у. «Гуантанамо маҳбусларига алоқадор бўлган махфий ҳужжатлар ёзилган 368 файл, – аниқлик киритади давлат хавфсизлиги департаменти, – оддий қистирмалар билан нўноқларча ниқоблантирилган ҳужжатлар қутига жойлаштирилган». Масалан, «Back up 3 for M.O?s profile»[28] номи остидаги диск. Меҳалбага пуштиранг либос ва «уч нарса»ни кийдирадилар. Ҳибсга олиш рухсат берилган судья Чарльз Свартвудга у ўзига оқловчи ёллашни лозим топмаслигини тушунтирди.
Меҳалбанинг ҳаёти осон кечмаган. Ҳар доим қийин бўлиб келган. 2000 йилда у армияга кўнгилли бўлиб ёзилди ва Аризон штатидаги Форт Хуачук базасида аксилжосуслик маркази қошида сўроқ қилиш бўйича мутахассислар тайёрлаш ўқишига тайинлаб қўйилганди. Бироқ имтиҳонларда йиқилганди. Ҳаддан ташқари тўла баҳонаси билан уни ҳарбий хизматдан озод қилдилар. У аксилжосуслик марказининг талаба қизи Дебора Жефарт билан дон олишиб қолади. Қизни ҳам ҳайдадилар, аммо ҳаддан ташқари тўлалиги важидан эмас, балки махфий ахборотлари бўлган машина ва ноутбукни ўғирлагани учун.
Аммо Меҳалба тегирмондан бутун чиқадиган одам, у «Титан»да ишга жойлашишга ва охир-оқибатда Терроризм билан урушнинг америка разведкаси ҳаммадан яхши қўриқланадиган чегарасида пайдо бўлишига эришади. Армиядан бўшатиб юборилган бақалоқ шундай қилди. Қўлга тушириш иш баёнида Меҳалбани Федерал Қидирув Бюроси агенти Жон Ф. ван Клиф «сохта» мисрлик деб атайди: Меҳалба кимдир унга айтмасдан унинг компьютеридан эллик олти саҳифалик махфий ҳужжатни сўриб олганини исботлашга тайёр. Лагер разведкасига ишлайдиган қандайдир одам унга амаки бўлишини кескин рад этади. Эҳтимол, агент ван Клиф ҳақдир. Балки Меҳалба бор-йўғи баёв мазахўрак эмас, сўтак, «томи кетган»дир. Унинг содда-баёвлиги шунчаликки, ёпиқ ахборотни хусусий шахсга сотишдан олдин уни ўз ноутбукидан ўчириб ташлашни унутганини ФҚБ (ФБР) га аввал хабар бериб, кейин исботлашга ҳаракат қилади. Натижада Гуантанамо маҳбусларига дахлдор ашёлари бўлган компьютер учинчи қўлга бориб тушади. «Бу ерда ҳеч қанақанги шубҳа бўлиши мумкин эмас», – дейди ушбу ноутбукни топган федерал қидирув агентлари. Компьютернинг қаттиқ дискида махфий маълумотлар бўлган беш файл ва Меҳалбанинг резюмеси бор.
Уч мусулмон одами – бундан чиқди, фитна экан-да? Капитан Йи, оддий солдат ал-Ҳалабий ва таржимон Меҳалба бир-бирларини танийдиларми ўзи? Ҳақиқатан ҳам улар Террорчилар билан урушнинг энг ҳимояланган ва энг узоқдаги фронтига ёриб киришга муваффақ бўлган қалтис «душман разведкаси» агентлари ҳисобланишадими? Ёки бу тафсилот маъноси бутунлай бошқачами? Гуантанамода гумон қўриқчиларнинг ўзларини йўқ қила бошлаганидами ё? Қамалганлар кўрфазида вазият издан чиқа бошлаётганидами?..
Ўзимнинг кўплаб саволларимга лоақал бир оғизгина жавоб топишга ҳаракат қилиб, Вашингтондаги Эл-стрит кўчаси 2001 рақамли ойнаванд ва пўлатдан қурилган осмонўпар бинога яқинлашаман ва «Фельдсман, Такер, Лейфер ва Фиделл» ҳуқуқшунослик идораси офисига кўтариламан. Мен шериклардан бири – Южин Р.Фиделл билан гаплашишим керак. Южин Фиделл суд ишлари соҳасида мўътабар инсон сифатида обрў қозонган одам, Ҳарбий-адлия миллий институти президенти. Унинг диди нозиклигига гап йўқ ва ўз ишининг устаси сифатида у ғоя ва фикрларини аниқ андозага солишни қотиради. Гуантанамо ҳарбий судлари ва ҳарбий ҳаъйатларига тааллуқли масалаларда кўпроқ айнан унинг фикрларига қулоқ соладилар.
Фиделл капитан Йини ҳимоя қилувчи оқловчилар гуруҳига бошчилик қилади. У оғир йўлни ихтиёр этган. «Мен сизни жуда яхши тушуниб турибман. Бу ишни менга таклиф қилишганда, мен дарров рози бўла қолганим йўқ, – дейди у. – Бу ишни қўлга олишга арзийдими, йўқми, шунинг устида ўйлаб-ўйлаб, мен масалага чуқур назар солиб қарадим. Аслида рўзномалар ахборотнинг махфийлаштирилган манбаларга таянган ҳолда Жеймс Йи жосусми, умуман, бу йигит ўзи ким экани ҳақида жар солганлари ҳақиқатми?» Фиделл ўзининг иккинчи ҳимоячиси билан октябрда мулла бу вақтгача якка камерада бир ой ўтириб улгурган Чарлстон ҳарбий-денгиз базасида учрашди. «Бу ўрта асрлар услубидаги манзара эди. Мен сўроқ қилинадиган хонада кутиб ўтирардим ва маҳбус келаётганидан дарак берувчи занжир шарақлашига қараб унинг яқинлашаётганини фаҳмладим. Капитан ўзининг «уч нарса»сида шунақанги виқор билан юриб келардики, буни ҳеч қачон хотирамдан ўчиролмасам керак. У қўғирчоқдек силтаниб-силтаниб ҳаракат қиларди, қўллари, бўйинлари ва белидан занжирбанд қилиб ташланганди…. Мен қаердалигимни тушунолмасдим: буюк демократик мамлакатнинг ҳарбий базасидами ёки Гуантанамодами. Бироқ, сирасини айтганда, айбловчилар учун униси билан бунисининг ўртасида катта фарқ йўқ».
Йи кунларини ўтказаётган Чарлстоннинг бетон қутисида унинг учун ҳар қанақанги ақлий ҳордиқ ман этилган. У фақат Қуръонни ўқиши мумкин эди. Ҳатто кўрфаздаги маҳбусларга мумкин бўлган озгина нарса ҳам бунга мумкин эмасди. Хат ёзиш ва рўза тутиш ҳам. Капитаннинг айбсизлигига ишонмаган унинг собиқ бошлиғига қўлга олинган билан кўришишга рухсат беришмади. Хотини ва унинг ўзига ўхшаб, ҳарбий хизматчи бўлган икки акасига ҳам кўришув ва хат ёзишув рад этилди.
Давлат айблови шу нарсага аминки, эртами, кечми мулланинг мудофааси емирилиши керак. У жосусликда айбланиши аоссизлигини ошкор этиши мумкин бўлган қарталарни очишдан эҳтиёт бўлади. Аслида айбловчилар тайм-аут олишганди. Пентагон командадан чертиб-чертиб танланган уч нафар қораловчини қўйди (одатда уларга мураккаб, сиёсий жиҳатдан нозик ишларни ишониб топширишади). Барча учалови – Майкл Маллиган, Тимоти Макдоннелл ва Пол Ле Блан Йини силсиланинг ўртасига қўйиши ва шу тариқа ал-Ҳалабий ва Меҳалба билан боғлаши мумкин бўлган кемтикни қидирганча тергов ҳужжатлари солинган жилдни кавлашда давом этмоқда. Аммо бу қоғозлар ғарамида ҳеч вақо йўқ. Ёки бундай дейиш дурустроқдир: уларда барибир нимадир бор. Бообрў гувоҳ – Гуантанамо Бирлашган тезкор гуруҳ бош қўмондони, генерал Жеффери Д.Миллернинг кўрсатмалари муҳим. Техаслик генералга ўзини ўзи Юсуф деб атаган бу мусулмон капитан Жеймс Йига ҳеч қачон ёқмаган. Унинг сурбетларча жилмайиши ва қафасларда кутилмаганда пайдо бўлиб қолиши ёқмаган. Маҳбусларнинг руҳоний юкини енгиллатишда жонини жабборга бериб интилишда генерал ҳар доим ҳамдардликни эмас, балки шубҳали ҳамкорликни кўзда тутарди. Йининг туйқусли ташаббусида – жонли овоз билан оҳанрабо ёзувларини алмаштиришни, маҳбусларни кунда беш маҳал намозга чорлашини техаслик шунчаки мурувватдан кўра қандайдир каттароқ нарса деб қарарди. Мулланинг Қуръонни сақловчи жарроҳлик ниқобини ҳар бир қафаснинг шифтига осишни астойдил илтимос қилишини у сурбетларча дўқ деб биларди. Қуръонни чанг босмаслиги ва пешоб тегиб, ифлосланмаслиги керак.
Фиделл жиддий масалаларни кўндаланг қўярди: «Қандай асосда уни жосусликда айблашаяпти? Нима учун уни бу қадар қаттиқ хўрлашяпти? Олиб чиқишга рухсат олинмаган, ўз қўли билан ёзилган ва ўзи билан олиб келган тўртта мақола учунми? Капитан руҳий устози бўлган маҳбуслар билан суҳбатларни ёзиб олгани учунми? Ёки яна бошқа нималардир учунми? Балки унинг ҳарбий таржимон бўлгани учундир?»
Чарлстондаги сўроқ қилинадиган хонада Йи Фиделлга бошидан ўтганларни ҳикоя қилади. Бир неча ой муқаддам, 2003 йил июлида уни менга эшигида қора яримой нишони бўлган баракда учрашувимиз вақтида сўзлаб берганди. Жўшиб ҳикоя қилади. Аммо бу гал кишанбанд этилган одамни ҳимоя қилиши керак бўлган армия ва мамлакатга қонуний ва мағрурлик туйғусидан холи тарзда ҳикоя қиларди. Капитаннинг сўзларига кўра, Гуантанамо асоратлари уни ҳақиқатан ҳам жон талвасасига тушгандек азоб берар эди. Булар учун ўзини жавобгар деб ҳис этарди. Шу боис Муҳаммад Жубан билан суҳбатларда руҳини тетиклаштириб олишга ҳаракат қиларди. Сурияга жосус билан эмас, балки Сиэтл атрофидаги олимпиялик имом билан. Мулла билан бу учрашувларни Муҳаммад унутмаган. «Йи, – деб ҳикоя қилади Жубан «Нью -Йорк таймс» мухбирига, – Гуантанамодаги ярим йиллик хизматидан кейин 2003 йил мартида уйига қайтди. У ёққа яна бир муддатга қайтиши кераклигини биларди. Қайтиб боргач, у муаззин бўлмоқчи ва биродарларини намозга чақирмоқчи… Шубҳалар унинг ич-этини ерди, аммо у кўрфазда маҳбусларни сақлаш шароитлари ҳақида эслашдан ўзини қаттиқ олиб қочар эди. Аксинча, капитан, унинг ягона ташвиши – ўз шогирдларининг маънавий эҳтиёжини қондириш эканини такрорларди. Унинг ватанга хизмати ана шундан иборат эди. У мендан тасалли ва маслаҳат умидвор эди…»
Бир вақтлар уни Саудия саҳросида қидиришганди. 1991 йилнинг августи эди. Йи АҚШнинг Хобардаги ҳарбий базасида яшарди. Уни у ерга кўрфазда биринчи уруш тўхтаганидан кейин қўмондон юборган эди. «Патриот» батареясининг зобити бўш вақтини исломнинг муқаддас матнларини инглиз тилига таржима қилишга бағишларди. Ҳали 1993 йилда Саудия Арабистонининг ҳарбий ҳаво кучлари ва қуролли кучлари оиласи Маккага қилган биринчи зиёрат сафари харжларини тўламаган бўлса-да, Йи 1995 йилда иккинчи марта қайтиб келади. Шундан кейин ҳарбий либосини ечади-да, Дамашққа, олий муфти Аҳмад Куфтаро мактабига кўчиб ўтади, у ерда тўрт йил ўқийди ва ўзининг бўлажак хотини, гўзал Уода исмли суриялик қиз билан танишиб қолади. 1999 йилда Жеймс Йи АҚШга қайтади ва яна ҳарбий либос кияди. Бу гал у мусулмон мулласи бўлади. 11 сентябр воқеаларидан кейин у хусусий ёзишмаларида ҳам, Форт-Льюис ҳарбий базаси рўзномасида ҳам ва кураш бўйича ўзининг собиқ тренери электрон хатларида ҳам, интерактив муносабат форумида ҳам: «Содир бўлган воқеалар важидан мусулмонларни айблаганлар»,- деб ёзишга ўзида журъат топади.
Капитан Жеймс Йи жосус эмас, 2003 йил 26 ноябрида қамалганлар кўрфазидан тўртинчи ҳарбий хизматчи «лавозим вазифасини бажариш чоғида, хусусан ёпиқ ҳужжатларни қўриқлаш чоғида ёлғон гувоҳлик берганликда ва совуққонлик қилганликда айбланганда АҚШ армияси капитан Йидан жосусликдаги барча айбловларни олиб ташлади, айнан шунинг учун у ҳибс этилган ва якка камерада бир неча ой ўтириб чиққан эди. Уни Жоржия штатидаги Форт-Беннинг шаҳрида капеллан (муллалик) лавозимига тикладилар, бироқ айни вақтда унинг обрўйи тушгандан-тушиб кетди. Унга майда айбловлар қўйишда давом этдилар: «ёпиқ ахборотлар билан эҳтиётларча муомалада бўлиш» (у бундай ҳужжатларни элтиш учун осма қулфли темир қутидан фойдаланиш кераклиги унутганди). Ундан ватанга хоинлик қилганликдаги айблов олиб ташланади, аммо хотинига хиёнат қилишдаги айблов қолаверди: «Ҳа, Йи ҳали бунга ҳам жавоб бериши керак. Адюльтерлик учун. Бундан ташқари «Америка» лагерида Интернет-кафенинг ифлос сайтларининг бирида шаҳвоний сувратларни қидиргани учун.
Дастлабки тергов якунлари бўйича Жеймс Йи ҳарбий суд олдида қачон жавоб беради ва жавоб берадими, йўқми, ҳарбий суд ҳал қилиши керак. Айни вақтда ҳарбий суд ва Массачусетс округ суди оддий солдат ал-Ҳалабий ва фуқаро Меҳалбани жосусликда айблашлар бўйича ишни кўриб чиқадилар. Тергов ишларини бир умумий тугунга боғлашга уринишига қарамай, ишни кўриб чиқишлар алоҳида олиб борилади.
Южин Фиделл хайрлашади: «Капитан Йи бошидан кечирганлар ва Гуантанамода бўлаётган ишлар телбаликдан бошқа нарса эмас. Улар ўз хатоларидан сабоқ чиқаришни билмадилар, ўзи сабоқ чиқаришни исташмайди. Аксинча, уларни қайта ва қайта зўр бериб такрорлайверадилар. Хатолар тузатиб бўлмас даражага етади. Эртами, кечми бу ниҳоясига ҳам етиб қолар. Бугун эмас. эҳтимолки, эртага ҳаммас. Ҳозирча бизлар нимага гувоҳ бўлганимизни ҳикоя қилиш ва эслашгагина яраймиз, холос». Балки, у ҳақдир.
“Иностранная литература” журналининг 2006 йил 12-сонидан олинди.
Русчадан Ғолиб Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 5-сон
————————————–
[1] Маълумот 2003 йил 5 августда Зурмат шаҳрида “Халқаро афв умумий” томонидан олинган ва 2003 йил 19 августдаги 51/114/2003 ҳисоботига илова қилинган. (Бу ерда, бундан кейин айрим истиснолардан ташқари, изоҳлар муаллифники).
[2] Маълумот 2003 йил июлида Кобулда “Халқаро афв умумий” томонидан олинган.
[3] Гуантанамо билан Куба ўртасидаги чегара чизиғи кўрфаздан шарқ томонга 17,4 мил чўзилган. Чегарани ҳарбийлар ҳар икки томондан қўриқлаб туришади, Куба томонида эса “холи ер” миналаштириб ҳам қўйилган.
[4] Куба ва АҚШ урушидаги сиёсий муносабатлар 1961 йилда узилган эди. 1962 йил октябрида Кариб можароси вақтида Америка президенти Жон Кеннеди базадан барча фуқароларни олиб чиқиб кетишни буюрганди. 1964 йил 4 февралида Кастро орол ичкарисидан ичимлик сув олиб келишни тўхтатиб қўйганди. Шундан буён Америка томони 14 млн. литр сувни ўзи олиб келади, чучитади ва улашади ва кунига 800 вт электр қуввати сарф қилади. 1991 йили Гуантанамога АҚШга ўтиб олишни мақсад қилган қочоқлар Гаити ва Кубадан яшириниб келади, 1994 йил сентябрида бу рақам 45000 га етди. Кейинги икки йил ичида қочоқлар сони мутассил ўсиб борди, уларнинг энг сўнггиси бу ерни 1996 йил 31 январида тарк этди.
[5] Кариб ҳалқаси (инг.).
[6] Инглизча фонетик алифбо назарда тутилмоқда: Alpha, Brave, Charlie, Delta, Eiho, Foxtrat, Golf, Hotel, Indigo, Juliet, Kilo, Mike, November, Oscar, Quebec, Romeo, Sierra, Tongo, Uniform, Victor, Papa, Whiskey, Xray, Yankee, Zulu. (Муаллиф изоҳи.)
[7] Кубалик қочоқларга вақтинчалик қўналғаси учун 90-йиллар бошида қурилган «Х-rаy» лагери террорчилар қамалган дастлабки жой бўлган ва 2002 йилнинг 6 январидан 29 апрелигача фойдаланилган. Ўшанда сўнгги тутқин «Дельта» лагерига олиб ўтилганди. Бу вақт ичида лагерда 40 маҳбус бўлиб, фақат биттаси озод этилганди.
[8] English – “инглиз” дегани.
[9] Суғуртада қўлланиладиган асосли тариф ставкасига чегирма қўйиш тизими. (Муаллиф изоҳи).
[10] Истеъмол қилишга яримтайёр овқат (Муаллиф.)
[11] Картошка пюреси (ингл.).
[12] Тушлик (ингл.).
[13] Овқат хиёбони (ингл.).
[14] Ёғсиз (ингл.)
[15] Уэст-Пойнтда жойлашган Қуруқликдаги қўшинлар ҳарбий академиясининг оғзаки номи.
[16] 2003 йил кузигача бўлган маълумот.
[17] Биринчи ҳол 2002 8-февралда учраган.
[18] 2003 йил октябригача бўлган маълумот.
[19] Умумий ётоқхона.
[20] www.Defenslink.mil
[21] Генерал Жеффри Миллер — Гуантанамода Тезкор гуруҳнинг бош қўмондони.
[22] 2003 йил кузигача бўлган маълумот.
[23] Бу ерда: ошкор этилган (ингл.).
[24] Сувости кемасидан берилган маълумот.
[25] Олиб кетиладиган емиш (ингл.).
[26] Тўлақонли ва ҳаққоний (ингл.)
[27] 2003 йил баҳорида аввалига ҳарбий ҳайъатнинг юз-кўзича Гуантанамо маҳбуслари ҳимоясида иштирок этиш учун ходимлар танлаш ҳақидаги қўмондон даъватига лаббай деб жавоб берган баъзи ҳарбий оқловчилар улар мақоми ва мажбуриятларини белгилайдиган ҳуқуқий меъёрлар борасида шубҳалар билдириб, тайинланишдан воз кечадилар. The Guardian, 3.12.2003.
[28] М.О. Досьеси. Захира нусха 3 (инг.).