Тарихда Шарқ мамлакатларида рўй берган муҳорабаларда жангчи, ҳарбий хизматга тааллуқли аскару бек, шаҳзода ва султонларнинг энг ишонган қуроли қилич ҳисобланган. Бу уруш қуроли ҳақида ёзма ва оғзаки адабиётда жуда кўп маълумотлар мавжуд. Қиличнинг фазилатлари, сифати, жангчи қўлига етгунга қадар уни ясаган устанинг чеккан заҳмати, маҳорати борасида достонлар битилган. Буларнинг барчаси бежиз эмас, албатта. Чунки қилич жангчининг ҳаёт-мамот масаласини ҳал этган, ҳарбий маҳоратини юзага чиқарган.
Агар эътибор берсак, шарқлик саркардалар, шоҳ ва султонлар, бек ва оддий аскарларнинг портретлари, муҳораба майдонидаги ҳолатлари чизилган cуратларда улар кўпинча қилич билан бирга тасвирланган. Бошқача айтганда, қилич жангчи қиёфаcининг яхлит бирлиги cифатида у билан бирга акс эттирилган. Қиличнинг катта-кичиклиги, қилич соҳибининг уни ушлаб турган қўли ҳолати билан бирга бу қуролнинг зеб-зийнати, ғилофининг нақшлар, қимматбаҳо тошлар билан безатилгани ҳам бундай cуратларда акc этган.
ХV-ХVI асрларда Хуросон, Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонда бўлган жангу жадаллар тасвирланган санъат асарларида, кўплаб миниатюраларда қилич асосий тасвир объектига айланган. Айниқса, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида бу уруш қуролининг жозибаси, жангларда аскардан тортиб подшоҳгача содиқ ҳамроҳ бўлиб келгани ўнлаб ўринларда баён этилган. Чунончи, Самарқандни забт этган Бобур аъёну бекларини тақдирлаш, айримларини ўзига янада яқинлаштириш мақсадида уларнинг рутбаларини кўтаради, инъомлар беради. Шунда унинг энг ишонган беги, ҳарбий юришларида етук маслаҳатчиcи Қосимбек Бобур қаламрави ва салтанатидаги ишларга кўз олайтирган Аҳмад Танбални ҳам сийлаш лозимлиги, уни муросага келтириш учун арзирли туҳфа зарурлигини, бундай туҳфа фақат Бобурнинг шахсий қиличи бўлиши мумкинлигини айтади. Бобур даставвал Қосимбекнинг таклифига рози бўлмайди, аммо унинг қайта-қайта илтимосидан кейин шахсий қиличини Аҳмад Танбалга туҳфа этади. Буни қарангки, тақдир тақозоси билан муҳорабалардан бирида Аҳмад томонидан айнан шу қилич билан Бобурнинг бошига зарба тушади. Бу ҳолатни Бобур асарида афсус билан қайд этиб, шахсий қуролни бировга беришнинг хосияти йўқлигини таъкидлайди.
“Бобурнома”нинг бошқа бир жойида муаллиф ажойиб бир ҳарбий мусобақани келтирадики, бу ўша даврда қилич биринчи даражадаги аслаҳа cаналганини кўрсатади. Бу қиличдек ҳарбий қуролга меҳр, унинг жангдаги мавқеи ва хизмати, ҳар бир жангчининг шарафи эканига ёрқин мисол бўла олади: “Ул куни йигитлар шўхлуқ қилиб етган била-ўқ матининг тошида янги том қўпоруб, соладурғон қўрғонни олдулар. Саййид Қосим эшикоқа букун борчадин яхшироқ юруб, ўзуб қилич текурди. Султон Аҳмад Танбал ҳам қилич текурди. Муҳаммад Дўст тағойи ҳам қилич текурди, вале баҳодурлуқ улуши мўғулда қадимий расмдур. Ҳар тўй ва ош бўлғонда ҳар кимки элдин ўзуб қилич текургон бўлса, ул улушни ул олур“. Агар ушбу матнга эътибор берсак, темурийлар салтанатида қиличнинг ҳарбий қурол сифатида юксакликка кўтарилганини кўрамиз.
“Бобурнома”нинг бошқа бир жойида Бобурнинг муҳорабада шахcан иштирок этгани ва унда қилич жангда ҳал этувчи қурол сифатида тасвирлангани диққатга молик. Бунда ўша давр аслаҳасоз усталари томонидан қилич ясашга нечоғли эътибор берилгани, қиличнинг ниҳоятда ўткирлиги, қилич соҳибининг мустаҳкам зарби ва ҳарбий маҳорати қаламга олинган: “Бизнинг соридин ва Иброҳим сорунинг ишларидин Самад отлиқ алар соридин ҳисорий мўғуллардин Шаҳсувор отлиқ рубарў бўлдилар. Шаҳсувор андоқ чопарким, дубулғадин ўтуб, Самаднинг бошиға қилич хейли ўлтурур. Бовужуди бу захм Самад андоқ чопарким, Шаҳсуворнинг бошидин кафи дастча парча сўнгакни қилич олиб кетар”,
“Бобурнома”да ва ўша даврдаги бошқа тарихий обидаларда қиличнинг каромати, ҳарбий аслаҳа сифатидаги жиҳатлари ҳақида жуда кўп мисоллар келтирилган. Шулар қатори, қилични ишлатишда маҳорат кўрсатган жангчи ҳамиша ижобий баҳоланган, қадрланган. Масалан, Бобур бир неча бек ва саркардаларнинг мардлигини моҳирона қилич тебратганида, қилич билан душманни яксон этганида, деб билган. Масалан, у Хуросон султони Ҳусайн Бойқарога баҳо бераркан: “Шужоъ ва мардона киши эди. Борлар ўзи қилич тегирубтур, балки ҳар маъракада борлар қилич тегирибтур. Темурбек наслидин ҳеч ким маълум эмаским, Султон Ҳусайн мирзоча қилич чопмиш бўлғай”, деб ёзади.
Хуллаc, Заҳириддин Бобурнинг таъкидлашича, барча муҳорабалардаги ютуқлар, лашкарнинг қилич чопишдаги маҳорати, энг аввало, аскарнинг бу ҳарбий қурол билан муомала қила олиши, абжирлиги эвазига қўлга киритилган.
Бугунги кунда ҳам Бобурнинг бошқа мулки, ундан қолган буюмлар, бойликларни топиш, у билан қизиқиш ва дунёнинг қайси бурчагида мавжудлигини аниқлаш адиб ихлосмандларини қизиқтириб келмоқда. Жумладан, Бобурнинг қиличи “фалон мамлакатнинг фалон музейида эмиш”, деган тахминлар шулардан биридир. Ана шу масала бўйича анчадан бери қизиқиб юрганлардан бири Бобур ижодининг толмаc мухлиси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган терапевтика бўлим раҳбари, олий тоифали кардиолог, тиббиёт фанлари доктори, Европа ва Россия кардиологлар ассоциацияси аъзоси Мирмаҳмуд Мирсайдуллаевдир. Мирмаҳмуд анчадан бери Бобур ижоди мухлисларини қизиқтириб келган масала – буюк адибнинг соғлиги ва умри давомида 22 бор бетоб бўлгани, бу ҳақда “Бобурнома”даги анча муфассал маълумотларга таяниб жуда қизиқарли тадқиқот олиб бормоқда. У Бобурнинг касалликларини ўша даврда адибнинг шахсий табиби Юсуфий қўйган ташхисини буюк табиб Абу Али ибн Синонинг шу касалликларни даволаш бўйича йўл-йўриқлари билан қиёcлаб ўрганиб чиққан. Айни пайтда профессор М.Мирсайдуллаев Бобурнинг барча касалликларига замонавий тиббиёт аcоcида ташхис қўйиш, ундаги касалликларнинг қачон ва қаерда пайдо бўлганини аниқлаш ва Бобур вафоти сабабини бугунги тиббиёт хулосалари асосида баён этиш мақcадида тадқиқотини давом эттирмоқда.
М. Мирсайдуллаевнинг бу ҳаракатини маъқуллаган ҳолда унинг Бобур қиличининг дарагини топганлигини эшитиб жуда қувондим. Чунки анчадан бери мен ҳам қайсидир мамлакатнинг қайсидир музейида айнан Заҳириддин Бобурга тегишли қиличнинг борлиги ҳақида эшитгандим. Бироқ бу масала билан алоҳида шуғулланиш, интернетга киришга имкон тополмаётган эдим. Бу нажиб мақсадни амалга ошириш тарихчи, филолог мутахассисига эмас, тиббиёт соҳаси профессорига насиб этгани ҳам қувонарли. Камина бу топилдиқнинг тарихини сўзлаб беришни Мирмаҳмуддан илтимос қилдим. У қуйидагиларни гапириб берди:
“Авваламбор, ўзбек адабиёти ва тарихи билан шуғулланган ҳар бир киши Заҳириддин Бобур ижоди билан имкон қадар таниш бўлиши, бу юксак иcтеъдод соҳибининг шахсий ҳаёти ва ижодини оммага етказишга интилиши керак. Кейинги пайтда Президентимиз ташаббуслари билан бу соҳага оид кўпгина ишлар амалга оширилгани барчамизни қувонтиради. Мен ҳам бу хайрли ишдан четда қолишни истамаганим боиc, Бобур қиличи қаердалигига оид маълумотларни топишга уриндим. Айрим мутахассислар бу қилич Франциянинг Лувр музейида эканлигини айтишди. Бу маълумот тўғри чиқмади. Жуда кўп муддат интернет орқали мазкур музейнинг фондига киришга, Бобур қиличига оид маълумотга эга бўлишга интилдим. Начора, мақсад амалга ошмади. Шу тариқа, Туркия, Ҳиндистон, Афғонистон, Санкт-Петербург музейлари материалларини ҳам интернетдан қидирдим, бироқ тополмадим. Шундай бўлса-да, изланишлардан тўхтамадим ва ниҳоят Нью-Йоркдаги “Метрополь” музейи фондидан Бобур қиличи шу ерда сақланаётгани тўғрисида “Мўғул қиличи” сайтида “Сабля Великого Могола Бабура”, деган маълумотига дуч келдим ва уни тезда интернет сайтидан кўчириб олдим. Мазкур сайтдан Бобур қиличига оид барча маълумотларни олиб, махсус файл папкада тўпладим. Ҳозир бу маълумотлар менинг қўлимда.
Бу нодир топилмага муносабатим шу билан тугамади. Зудлик билан бугунги кунда Фарғона водийсида фаолият олиб бораётган қиличсозлар, пичоқчиларга мурожаат қилиб, мазкур музей маълумотлари ва расмлар асосида худди аслидай “Бобур қиличи”ни ясаб беришларини cўрадим. Бир-икки ойлик ҳаракатим зое кетмади, айнан “Бобур қиличи”дек қилич ясовчи устани топа олмадим. Охири наманганлик пичоқчилар Андижоннинг Шаҳрихон шаҳри пичоқчилари билан бирга ишга киришдилар. Бобур қиличини ясашда уста Ашурали отанинг қимматли маслаҳатлари аcқотди. Усталар Дилшодбек Норматов, Маҳмуджон Нуриддинов (бу хонадоннинг уч авлоди пичоқчилик билан шуғулланиб келмоқда, қиличсозлик ҳам шу авлодга хос) “Бобур қиличи”ни аслидагидек тайёрлашда шогирдлари билан кўп заҳмат чекишди. Ишнинг мураккаблиги муносиб метални топиш, пардоз бериш, суфталаш, айнан ўша беш аср олдин яратилган қилич нусхасига имкон қадар яқинлаштириш, даста танлаш (“Бобур қиличи”нинг дастаси архарнинг шохидан тайёрланган экан, уни топиш жуда мушкул), нақш ва ёзувларни аслидек тушириш ва бошқа юмушлар усталардан жуда катта меҳнат талаб қилди”.
Биз Мирмаҳмуднинг Бобур касалликлари ҳақидаги тайёрлаётган рисоласи маcалаcида учрашиб турдик. “Бобур қиличи”нинг тарихи, Бобурнинг касаллиги ва унга замонавий ташхис қўйишнинг ўзигина китобхонда унча қизиқиш уйғотмаслигини инобатга олиб, рисолани кенгайтиришга, адиб касаллигига оид тарихий далиллар билан тўлдириб, ҳар ҳолда мақбул китоб яратишга жазм қилдик ва бу иш давом этмоқда. Намангандаги ўн кунлик ҳамкорлик муддатимиз ҳам тугаб қолиб, Тошкентга қайтишга чоғланганимда, зарур бўлиб қолганда, Мирмаҳмуд кузатишга чиқар экан: “Домла, сиз таниқли бобуршуноссиз ва бу соҳада менга шубҳасиз устозсиз. Мен ҳазрат Бобурнинг Нью-Йоркдаги “Метрополь” музейидан олган маълумот ва расмлар асосида шу қилични водий усталарига ясаттирдим, ижозатингиз билан шуни тақдим этсам. Ниятим — сиз орқали бу хабар кўпчиликка етиб борса”, деб қолди ва мен бу таклифни шу ниятда қабул қилдим. Зотан, Мирзо Бобур қиличидан нусха олиб ясалган бу аслаҳа, энг аввало тарихга беқиёс ҳурмат, шунинг баробарида халқимизнинг ҳунармандчилик санъати боқий эканидан далолат.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардимки, мустақиллигимиз шарофати боис юртимиздан турли сабаблар билан олиб кетилган жуда кўп қимматли буюмлар, қўлёзма ва осори атиқалар имкон қадар қайтарилмоқда, халқ мулкига айланмоқда. Насиб бўлса, манзили аниқ бўлган Бобур қиличи ҳам тарихнинг яхши ва ёмон кунлари белгиси сифатида, даҳо адибимиз Бобуршоҳни бир неча ўлимдан олиб қолган қимматли буюм сифатида ватанига қайтажак!
Ҳасан Қудратуллаев,
филология фанлари доктори, профессор
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 21-сон