(Бобурнинг темурийлар салтанати инқирозига муносабати )
Темурийлар даври тарихи ва маданиятини ўрганган ҳар бир кишида, албатта, буюк Амир Темур салтанати унинг вафотидан кейин таназзулга юз тутганлиги сабабларини билишга қизиқиш ҳисси пайдо бўлади. Кўпинча шу саволга ҳаққоний жавоб қидирамиз, айрим жавоблардан қониқамиз, айримлари бизни бу даврнинг мураккаб сиёсий кўчаларига, ҳисобсиз жумбоқларига олиб кириб, янгидан-янги саволларнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Ана шундай ҳолатда кўпинча жиддий сабоқлар чиқаришимизга Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари қўл келади. Айниқса, асарда ХV асрнинг охири ва ХVI асрнинг бошидаги Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистон тарихи, маданияти, адабиёти, санъатига оид бой илмий маълумотлар, далилларнинг борлиги бу муаммоларни ечишда қўл келади.
“Бобурнома”нинг сўзбошисида қуйидагиларни ўқиймиз: “ Бу асарда темурий ҳукмдорларнинг ўзаро уруш-талашлар оқибатида бирин-кетин мағлубиятга учраши, жумладан, Абусаид мирзо вафотидан кейин унинг ўғиллари (Умаршайх, Султон Аҳмад, Султон Маҳмуд ва бошқалар) ўртасида чиққан жанжаллар, Бобур ва унинг амакиваччалари, беклар ўртасидаги курашлар, Ҳусайн Бойқаро билан ўғиллари орасидаги низолар, темурийлар билан Шайбонийхон ўртасида Мовароуннаҳр учун олиб борилган қонли курашлар, айрим ноқобил ҳукмдорлар саройидаги айш-ишрат, фитналар… ўша замонга хос жимжимадор ва баландпарвоз тасвир услубидан фарқли ўлароқ, ғоят гўзал, жонли ва мароқли йўсинда ҳикоя қилинади” (Заҳириддин Муҳаммад Бобур, “Бобурнома”, Тошкент “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, 2002 йил, 21-бет).
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳали тахтга ўтирганига 2-3 йил бўлмасдан бобоси Амир Темур салтанатини аввалги тарзидек тиклаш ва сақлаш бобида жиддий ўйлай бошлаган. Унинг кўз ўнгидан темурийзодаларнинг фақат ўзларига мансуб бўлган ҳудудларни ҳимоя этиш, салтанат бирлиги ҳақида умуман қайғурмаслик, узоқни кўролмаслик каби иллатлар ўтар экан, чуқур ички изтиробга тушади. Уч марта Самарқанд тахтига эришган, уч марта яна уни қўлдан бой берган ёш шаҳзода тож-тахт учун курашлардан чарчаган, ўзининг туғишганлари, хон бувалари ва тағойилари Мир Ғиёс, катта энаси Шоҳбегимларнинг унга қарши қилган хиёнатларидан кейин тушкун аҳволга тушиб қолган эди. Буни ўзи шундай таъкидлайди: “ … хейли қаллошлиқ ва хорлиқ тортилди, вилоят йўқ, вилоят умидворлиғи йўқ, навкар аксар тарқади: маъдудиким, қолиб эди, қаллошлиқтин менинг била юрий олмас эдилар”.
Заҳириддин Бобур темурийзодаларнинг хатти-ҳаракатлари, давлат юритиш сиёсати, ўзаро тахт талашишлари ва ўша даврдаги дипломатик маросимларда ўзларини тутишларини “Бобурнома”да келтирар экан, беихтиёр майда-майда бўлакчаларга бўлиниб кетган давлатчалардаги айрим ҳукмдорларнинг мавқеи, ютуқ ва камчиликлари, маҳорати ёки уқувсизлигини таҳлил қилишга катта эътибор беради. Бобурга маъқул бўлмаган энг ёмон жиҳат – темурий шаҳзодаларнинг салтанатни биргалашиб ҳимоя этишга рағбатсизлиги, ташқи душман билан курашишдан кўра ўзаро тортишув ва муҳорабалар билан овора бўлиб қолишлари бўлган. Масалан, у Мовароуннаҳрни тарк этиб, Ҳисор томон бориш олдидан барча шаҳзодалар, султонларни анча қувват олиб келаётган Шайбонийхонга қарши бирлашиб курашиш лозимлигини айтади, аммо уларнинг ҳеч бири бу таклифни қўллаб-қувватламайди. Бобур ёзади: “Хожа Абулмакоримнинг тавассути била бу сўзни ораға солдимким, Шайбоқхондек ғаним пайдо бўлибтур, мунинг зарари туркка ва мўғулга мусовидур. Мунинг фикрини ҳололиқтаким, улусни ҳануз яхши босмайдур ва кўп улғаймайдур, қилмоқлик вожибдур”.
Заҳириддин Бобурнинг бу валиёна фикри ҳаял ўтмасдан ўз исботини топди. Шайбонийхоннинг темурийларнинг Мовароуннаҳрдаги ерларини, кейинроқ Ҳирот султонлигини босиб олиб, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган даҳшатларни солганлигини ҳурматли ўқувчиларимиз биладилар, албатта. “Бобурнома”да бунга ўхшаш мисоллар, далиллар жуда кўп. Биз ана шулардан бирига эътиборни қаратиб, Бобурнинг юксак тарихнависгина эмас, тарихий воқеаларнинг моҳир тадқиқотчиси сифатида ҳам намоён бўлганлигини қисқа кўриб чиқамиз.
“Бобурнома”да келтирилган далилларнинг бири – Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро салтанатидаги инқирознинг асл сабаби ва Бобурнинг бунга муносабати, сиёсий баҳоси диққатни тортади. Бу маълумотлар кўз ўнгимизда тарихчи, сиёсатдон, шоҳ ва салтанат соҳиби Бобурнинг дунёқараши, ўша даврнинг чигал сиёсий аҳволини объектив, аниқ далиллар билан таҳлил эта олган моҳир дипломат адибнинг нигоҳидир.
Мазкур воқеалар “Бобурнома”нинг дастлабки саҳифаларидан жой олган бўлиб, 1495-1496 йиллар воқеалари билан боғлиқ. Бу Султон Ҳусайн мирзонинг энг яшнаган, Хуросон салтанатида мустаҳкам ўрнашиб олган даврига тўғри келади. Бу йилларда у бирин-кетин ички рақиблари — жангари темурий шаҳзодаларни ҳамда ташқи душманларини енгиб, катта шуҳрат топган ва ўзига нисбатан ишончи ниҳоятда ортиб кетган эди. Бобур бу ҳақда шундай ёзади: “Султон Ҳусайн мирзо кордон ва соҳиб тажриба подшоҳ эди. Қундуз сари сув юққори боқа кўчти”. Бобурнинг бу фикри Султон Ҳусайннинг “Хуросондан Ҳисор устига черик тортиб” келаётгани боисида айтилган.
Хуллас, Султон Ҳусайн мирзо Хуросон давлати ҳудудларини кенгайтириш учун Ҳисорга қараб қўшин тортади. Унинг ёнида тўнғич ўғли Бадиуззамон мирзо, Иброҳим Ҳусайн мирзо, Муҳаммад Валибек, Зуннун Арғунлар бор эди. Улар ўша даврда сиёсий доираларда лашкарбоши сифатида танилиб келаётган, Султон Маҳмуд мирзонинг таниқли беки Хисравшоҳга қарши курашга отланган эдилар. Хуллас, Султон Ҳусайн Ҳисор қўрғонини муҳосара этиб, ўзининг аскарлари ва ҳарбий воситалари билан қўрғонни забт этиш, Ҳисор ичкарисига киришга интилади. Ана шу ҳолат Бобур томонидан қандай тасвирланганлигига эътибор берайлик. Бобур бу ўринда юксак ҳарбий маҳорат эгаси сифатида кўринади. У ҳар бир муҳорабани ипидан-игнасигача таҳлил этиб, хулоса чиқариш, жанг жараёнида энг аввало ҳимоя эмас, ҳужумни ташкил этиш асосий вазифа эканлигига урғу беради. Душманнинг ҳийла ва найранглари, муҳораба “ўйинлари”ни олдиндан англаш, лашкар бошлиғи кези келганда зобит ва аскарларнинг фикри билан ҳам ҳисоблашиши лозимлиги таъкидланади.
Бу мулоҳазаларни нима учун айтиляпти? Гап шундаки, Бобур бу ўринда катта муҳорабаларда маҳорат кўрсатган Хуросон султони Султон Маҳмуднинг бир бекига қарши курашда уқувсизлик кўрсатганлиги, ҳарбий тактикаси ўзини оқламаганлигидан афсусланмоқда. Бу тасвир Бобурнинг юксак бадиий маҳорати, баён услубидаги гўзал жилолар, воқеа-ҳодисани жонли, реалистик ифодалаши билан ҳам муҳим: “Султон Ҳусайн мирзо келиб Ҳисор қўрғонини қабаб тушти. Нақб солмоқ ва қўрғон олмоқ ва тош урмоқ ва қозон қурмоқнинг иш-кучида кеча ва кундуз ором ва қарори йўқ эди. Тўрт-беш ерда нақб солди. Шаҳр сари дарвозада солғон нақб хейли илгари келиб эди. Қўрғон эли дағи нақб солиб, бу нақбини топдилар. Қўрғон эли юққоридин буларға дуд қилдилар. Алар тўшукни беркитган била тутун юққори қўрғон элига ўқ ёниб, қўрғон эли ўлум ичи бўлуб, қочиб чиқтилар. Охир кўза-кўза сув келтириб қуйиб, ташқи элни нақбдин қочирдилар. Яна мирзо тушган шимол тарафидин қозон қуруб, қалин тош уруб, бир буржни ковок қилиб эдилар. Намози хуфтан бурж учти. Баъзи йигитлар тезлик қилиб урушға рухсат тиладилар. “Кечдур” деб мирзо рухсат бермади. Тонг откунча худ қўрғон эли буржни тамом қўпариб эдилар. Тонгласи уруш ҳам солмадилар. Бу икки-икки ярим ойда қайр ва сиёсат ва нақб солмоқ, саркўб қўпармоқ ва тош отмоқдин ўзга яхши уруш солмади.”
Охирги жумлада Бобур “Ўзга яхши уруш солмади” деб очиқ айтиб, Ҳусайн Бойқаро қўллаган жанг услубини қаттиқ танқид қилади. Ана шу муҳораба жараёнини изчил таҳлил қилиб, Хуросон салтанати таназзулига шу муҳораба сабаб бўлган деб хулоса чиқаради?
Султон Ҳусайннинг ҳарбий тактикаси Бобурга тубдан маъқул келмайди. У “яхши уруш” деганда ғанимга қараб қўққисдан ҳужум қилишни, шиддат билан урушга киришиб, аскарлар руҳини кўтариш ва уларни олға боришга ундашни назарда тутади. Ҳусайн Бойқаро агарчи “иш кучида кеча ва кундуз ором ва қарори” бўлмай ҳаракатда бўлган бўлса ҳам, хандақлар кавлаш, оташотар тўпларни жойлаштириш, муҳофаза чораларини кўриш каби ҳаракатлар билан овора бўлиб, фурсатни бой беради. Бу рақиб қўрғонига ҳужумга келган саркарданинг кураши эмас, гўё шу қўрғонни ҳимоя этаётган муҳораба сардорининг иш тутишига ўхшайди деб куюниб ёзади Бобур. Бу фикрларни парча охирида билдирилган якуний хулосага дебоча сифатида қабул қилиш мумкин. У секин-асталик билан воқеа ривожига кўчади, муҳораба майдонидаги ҳаракат жараёни жонланиб боради. Ҳисор қўрғонидаги ҳужум натижасиз қолгандан сўнг Ҳусайн Бойқаро тарафдорлари, жумладан, Бадиуззамон мирзо лашкарлари устига Хисравшоҳ ҳужум уюштиради. Дастлаб мағлубиятдан саросимага тушган Ҳусайн лашкарлари ўзларини йўқотадилар, лашкар орасида паришонлик содир бўлади. Бобур фикрича, юқорида уруш тактикаси тўғри ташкил этилмаганлиги боис, аскарлар орасида қўрқув ва ҳадиксираш вужудга келади.
“Бобурнома”ни синчиклаб мутолаа қилганимиз сари муаллифнинг муҳораба, жанг-жадалларда кўрсатган мардлиги, ўлимга тикка қараганлиги ва лашкарларини ҳам шу руҳда тарбиялаганлигига гувоҳ бўламиз. Ҳусайн Бойқаронинг юқоридаги бесамар муҳорабада мағлубиятга учрашига биринчи галда аскарларнинг ваҳимага тушишлари, рақибларидан кўра икки ҳисса кўп бўлишига қарамай, шижоат билан урушга киришиш ўрнига хандақлар ичида писиб ётишлари сабаб бўлган, деб ҳисоблайди Бобур.
Ушбу муҳорабада Ҳусайн Бойқаро енгилган бўлса ҳам, Заҳириддин Бобур худди ўзи мағлубиятга учрагандек изтироб чекади. Тажрибали кучли ёв — Шайбонийхон босиб келаётган бир пайтда унга қарши бирлашиб курашиш тадбирларини кўриш ўрнига ўзаро қирғинлар билан овора бўлиб ётган ҳукмдорлар ўртасидаги низо-адоватлар Бобурни кўп қийнаганга ўхшайди. У нима қилсинки, темурийларнинг энг номдор ҳукмдори ҳатто кичик бир бекни тийиб қўйишдан ожиз. Бу ҳам етмагандек, арзимаган муҳорабада мағлубиятга учраб ўтирибди. Маҳмуд Султонга ўхшаган темурий шаҳзодаларнинг ўзаро низолари буюк Амир Темур салтанати душманнинг қувватига қувват қўшмоқда. Бобурнинг ана шу аламли сатрларини шунчаки маълумот сифатида ўқиш мумкин эмас. Аксинча, унинг буюк салтанатни аввалгидек асрашга интилиши, куюниши деб қабул қилиш лозим: “Булар бунча мирзолар ва мунча сардор беклар, бовужудким, кишилари икки Хисравшоҳнинг кишисича бўлмаса, бир ярим ончада худ не сўз, жазм риоят қилиб, хандақдин чиқмадилар. Хисравшоҳнинг яхши-ёмон, улуғ-кичик навкари тўрт-беш минг бўлар эди.”
Ана шу парчадан кейин Бобур Хисравшоҳ фаолиятига жиддий баҳо беради. “Хисравшоҳ бу ўтар дунёи бебақо учун ва бу кетар навкари бевафо учун мунча ёмонлиқ ва бадномлиқни ихтиёр қилиб ва мунча зулм ва бедод қилмоқни ўзига шиор қилиб, мунча улуғ вилоятлар олиб, мунча қалин навкар ва савдар сахламоқ тарҳин солиб, балки сўнгралар навкар ва чокари йигирма-ўттиз мингга тортиб, вилоёт ва парганотни ўз подшоҳи ва мирзоларидин ортиб, умрида қилғон иши ушбу бўлди. Ушмунча била Хисравшоҳ ва тавобиининг оти сардорлиққа чиқиб, мардона бўлдилар”.
Заҳириддин Бобурнинг Хисравшоҳнинг ушбу муҳораба ва кейин яна бир марта Султон Ҳусайн Бойқаро устидан ғолиб келганлигига баҳо берар экан, бугунги тил билан айтсак, ҳарбий эксперт мақомида фикр юритади. Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлигининг охирги йилларида атрофидаги айрим беклари, фарзандлари, айниқса, тўнғич ўғли Бадиуззамон билан келишмовчиликлар, маишатга берилиб кетиш каби иллатлар туфайли салтанат таназзулга учраган эди. Темурийлар давлатига анчадан бери кўз тикиб, зимдан пайт пойлаб юрган Шайбонийхон ҳам айнан Хуросон ҳукмдорининг ана шу хато ва камчиликлари, чигал сиёсий ҳолатга тушиб қолганлигидан яхши хабардор эди. У кейинроқ жиддий ҳарбий юришларни амалга ошириб темурийларни мағлуб этгани маълум.
Ушбу мураккаб сиёсий-ҳарбий вазиятни Бобур ёш бўлишига қарамай, тажрибали давлат арбоби даражасида таҳлил қилиб беради. Унинг ҳаёт мантиғи ва тарихий далилларга асосланган башоратлари қарийб тўла ўз тасдиғини топади. Темурийлар салтанатини сақлаб қолишга жиддий уринган Бобур ўз мақсади йўлида учраган барча ғояларни, қийинчиликларни қаттиқ курашлар ва муҳорабалар, дипломатик музокаралар ва ақл-заковати боис ҳал қилади. Бобурнинг юқоридаги умумлашма, тарихий баҳосида юқоридаги масалалардан ташқари Ҳусайн Бойқаро хонадонидаги можаролар, фожиавий ҳолатларга ҳам холис баҳо берилгани, ниҳоятда диққатга сазовор: “Хисравшоҳнинг мунча улғаймоғиға ва мунча ҳадди етмас ишларни қилмоғиға Султон Ҳусайн мирзонинг икки қатла келиб ола олмай ёнмоғи сабаб бўлди. Султон Ҳусайн мирзо Балхға етганда Мовароуннаҳр вилояти маслаҳати учун Балхни Бадиуззамон мирзоға бериб, анинг вилоятиниким, Астробод бўлғай, Музаффар Ҳусайн мирзоға берди. Ҳар иккаласини Балхға ва Астрободқа бир мажлиста юкундирди. Бу жиҳатдин Бадиуззамон мирзо тар бўлди. Мунча йил ёғийлиқлар ва фитналарнинг сабаби бу бўлди”.
Хисравшоҳнинг мулкгирлиги, дағдағалари узоққа бормайди. Бобур унинг лашкарлари орасида обрў-эътибори унчалик эмаслиги, “мунча зулм ва бедод қилмоқни ўзига шиор қилиб” умргузаронлик қилганлигини ҳам алоҳида таъкидлайди. Тарих ғилдираги бир айлангач, у Бобур оёғи остига тиз чўкиб келади. “Бобурнома”да Хуросон салтанати тахтини қулашига ҳисса қўшган, Амир Темур салтанати бирлигига хиёнат қилиб, уни заифлаштирган Хисравшоҳга нисбатан шиддаткор аламли сўзлар кўп бора айтилади. Айни шу ўринларда тўғрилик ва адолат шиорини тутгани учун ғолиблик нашидасини тотган саркарданинг руҳий кайфияти ҳам яхши очилганига қойил қоламиз: “Хисравшоҳ ҳашамат ва тажаммули била келди. Қоида ва дастур била йироқтин тушуб келди. Кўрушурда уч қатла юкунуб, ёнғонда ҳам уч қатла, сўрғонда ва тортуқ тортқонда бирар юкунди… Хисравшоҳни бир ярим кунда уруш йўқ, талош йўқ, бизнингдек қаллош ва мафлук икки юз-икки юз эллик кишининг қошида андоқ хору зор ва забун ва ожиз қилдиким, не навкариға ихтиёри қолди, не молиға, не жониға”.
Диққатингизга ҳавола қилинган парчаларда ҳам темурийлар салтанатининг биргина мухолифини мағлуб этган Бобурнинг сўзларида ўз валинеъматларига хиёнат қилган Хисравшоҳнинг ҳаракатларидан қасос олиш нашидаси ҳам, ёмоннинг тақдирини Оллоҳнинг ўзи белгилайди, деган улуғ ақида ҳам мавжуд.
Шундай қилиб, ХV асрнинг охирида темурийлар салтанатида бўлган биргина муҳораба таҳлили заминида Амир Темур империяси таназзулига маълум даражада асос бўлган тарихий ҳақиқат билан юзма-юз келдик. Заҳириддин Бобурнинг бу тарихий, илмий, юксак ҳарбий таҳлилга асосланган хулосалари кейинроқ, минг афсуслар бўлсинки, тарихда ўз исботини топди. Шайбонийхон давлати мустаҳкамланиб, Мовароуннаҳр ва Хуросондаги барча ерларни кўчманчи ўзбеклар эгаллаб олдилар. Улар пойтахт Ҳиротни ҳам қўлга киритиб, темурийлар хонадонига нисбатан кўз кўриб қулоқ эшитмаган ваҳший ишларни амалга оширдилар. Қанчалик аччиқ бўлмасин, бу ҳам тарих ҳақиқатидир. Умумий душман, ғанимларга нисбатан бир ёқадан бош кўтариб аҳиллик билан иш кўриш, Ватанни ҳимоя этишда якдиллик бўлишида катта ҳикмат бор. Тарихнинг бу дарсидан ҳамиша ибратли сабоқ олмоғимиз лозим. Бобур мирзонинг Ватанга содиқлик, ички, ташқи душманларга эрк бермаслик каби жиддий ўгитлари бугунги кунда ҳам ўз мазмунини йўқотгани йўқ.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 2-сон