Ҳабибулла Зайниддинов. Самарқанд сайқали (1989)

http://n.ziyouz.com/images/ulugbek-madrasah.jpg…Ким неча нақшбанди ранг омез,
Бўлгай ул қасрларда санъат рез.
Алишер Навоий. “Сабъаи сайёр”дан

Буюк ёдгорлик маскани бўлмиш қадимий Самарқандга келувчиларни ҳайратга соладиган халқ меъморчилиги ансамбли асосан Регистон ва ундаги Улуғбек мадрасаси ҳисобланади.

Маълумки, Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай) даврида, Моварауннаҳрда табиий фанлардан ташқари, адабиёт ва айниқса, меъморчилик тараққий этди. Бу борада ҳам илму фаннинг беназир дарғаси саналган Улуғбекнинг маърифатпарвар, адабиёт, тарих ва санъатга муҳаббати кучли бўлгани муҳим аҳамиятга эга эди. Чунончи, ўша Улуғбек давридаги олиб борилган қатор қурилишлар ҳақида XV асрнинг сайёҳ ва тарихнависи Абдураззоқ Самарқандий Мирзо Улуғбек хайрли жойлару олий иморатлар қуришга майл кўрсатганлигини алоҳида мамнуният билан уқдиради.

Хусусан, бу қурилишлар ичида 1417-1422 йиллари тикланган нафис ва маҳобатли Улуғбек мадрасаси меъморчиликда ана шу сирадаги биноларнинг энг юксак намунаси ҳисобланади.

Регистон майдонининг ғарб томонида тўғри тўртбурчак шаклида жойлашган Улуғбек мадрасасининг ташқи безаклари баланд минора билан боғланган. Ичкарида чорси ҳовли, атрофи икки ошиёнали 48 та ҳужрадан иборат бўлиб, супалар билан ўралган. Мадрасанинг улуғвор бош фасади Регистон майдонига қараган. Ўртадаги баланд пештоқнинг икки ёнида гумбаз ва миноралар бор. Худди шундай гумбаз ва миноралар иморатнинг ғарб томонида ҳам қад ростлаб, улар орасида бир вақтда кўндаланг жойлашган катта хонақоҳ бўлган. Умуман, мадрасанинг ғарб томони ўзаро узвий боғланувчи учта залдан ташкил топган. Мадрасанинг шимолий ва жанубий фасадлари ўртасида ҳам ташқи томондан алоҳида пештоқлар бор.

Мадраса безаклари ниҳоятда гўзал. Деворнинг пастки қисми мармар тош бўлакларидан ясалган. Деворлари асосан мовий, ложувард ва оқ ранг сиркор ғиштчалар билан гиреҳ шаклида гиламдай қилиб терилган. Равоқ ичидаги китобалар устидаги қўшбурчак шаклли қисми ҳам кошин парчаларидан гул қилиб зийнатланган. Ҳовли атрофидаги безаклар ҳам ажиб. Хонақоҳлар ва баъзи ҳужралар ичкариси нақшин безаклар билан пардозланган. Мадраса безакларининг кичик бўлагидан то йирик композициясигача катта маҳорат билан санъаткорона ишланган. Кошинлари ҳам рангларнинг тиниқ ва шаффофлиги билан ажралиб туради.

Умуман олганда, мадраса ҳар жиҳатдан ҳам мукаммал ва беқиёсдир. Шу туфайли ҳам бу ноёб иншоот асрлар оша кўпгина қурилишларга намуна бўлиб хизмат қилган бўлса, ажаб эмас. Бу нарса эса, шубҳасиз, ўз навбатида XV асрдаги юксалишлар, айниқса, Самарқанддаги Улуғбек даврида олиб борилган бунёдкорликнинг нечоғлик гуркираб ўсганлиги — ривожланганлигидан дарак бериб туради.

Қурилишлар ичида мумтози бўлмиш ушбу Улуғбек мадрасаси ҳақида Абдураҳмон Самарқандий (1413—1482 й.) ўзининг «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» («Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки денгизнинг қўшилиш жойи») номли тарихий асаридаги «Дорул-салтана Самарқанд шаҳридаги қурилган иморатлар зикри» бобида ёзади:

«Самарқанд шаҳрининг ичида, шаҳарнинг ўртаси ва (шаҳар) майдонининг марказида, Арки Олийга яқин жойлашган Сардовоят деган мавзеда жувонбахт шаҳзода Мирзо Улуғбек Кўрогон бир-бирига рўбарў ҳолда мадраса ва хонақоҳ бино қилишни буюрди ҳамда бу икки мақомни (яъни икки бинони) қуриб тамомлаш борасида бир неча йил давомида саъй-ҳаракатлар кўрсатди. Уларнинг баландлиги ва безаклари ҳатто баланд осмоннинг ғашини ва Чин суратхонасининг рашкини келтирар, биноларнинг мустаҳкамлиги ва устунларнинг нозиклиги билан Ҳарамон ҳайъати ва тавъамон суратини эслатар эди. Дарҳақиқат ҳам, бу икки иморат латофатини на ёзув қалами ва на баён рақами билан тасвирлаш қийин. Шул жиҳатдан ҳам хайрли ва баракатли ишлар жумласидан кайвон виқор ва муштарий осор шаҳзода кўп даромадли ерлар, экинзорлар ва қудуқлар, ариқларни у жойга вакф қилиб ажратди, уламоларнинг энг билимдонлари ва фозил кишиларнинг тажрибакорларини мадрасада дарс бериш учун тайин этди ҳамда хонақоҳга ҳам билимдон машойихлар ва мубоширларни белгилади. Шунингдек, бу икки олий мақомнинг муҳим ишларини кордон кишиларнинг саъйи-ҳаракати қўлига топширди. Вақфга ажратилган даромадли ерлар ва экинзорлардан ҳар йили шунчалар кўп ҳосил олинар эдики, у икки жойнинг ўз хазинасига йиғиб қўйилар эди; ҳеч бир такаллуфсиз айтиш мумкинки, энг билимдон подшоҳ (оллоҳ) ихтиёр қилган яна бирор бир жой бўлмаса, ислом шаҳарларининг барчасида бу икки бахтли мақомга яқин келадиган бирор жойни кўрсатиб бўлмас эди.

Бу варақларни ёзиб тўпловчи Абдураззоқ Ҳасан, иттифоқо қутли бир муносабат билан бир неча вақт дорулсалтана Самарқандда муқим турганида бу ҳолни ўз кўзи билан кўрди» (Абдураззоқ Самарқандий. «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн». Хуросон қогозига ёзилган форс тилидаги қўлёзма нусхасининг 2-жилди, Ш. И. қўлёзма фонд. инв. № 1825, 103 б-, 104 а-бетлар).

Бу обида аллома шоҳ замонасида қай тарзда кўринишда бўлган бўлса, совет даврига келиб ҳам, давлатимизнинг ёдгорликларга бўлган ғамхўрлиги туфайли деярли тўла ҳолига қайтди. Осмон гумбази билан уйғунлашиб кетган Улуғбек мадрасасининг ички ва ташқи пештоқларига туширилган самовий жисмлар, юлдузларнинг туркум тасвирлари бугунги кунда ҳам равшан порлаб турибдики, шунинг ўзиёқ мазкур бино Улуғбек диди, фикрлаш, ўй-орзуларига хос қурилишлардан эканлигини яққол англатиб туради. Бино деворларига жило берилган кошинли сиркорликлар бадиий баркамоллик рамзидир: мадраса кўркам ва узвий ҳандасавий хамда ислимий нақшлар билан безатилган. Ўз даврида бу ерга илм эгаллаш мақсадида келган талабаларнинг мутолаа қилишлари учун юқорида қайд этганимиздек шинамгина дарсхоналар (ҳужралар) бунёд этилиб, уларнинг ичи ҳам безатилган, ерга гилам, палослар тўшалган бўлган. П. Ш. Зоҳидовнинг ёзишича, ўз замонасида меъморлар султони деб аталган Ғиёсиддин Коший (мавлоно Ғиёсиддин Жамшид ал-Коший, бу олим Улуғбекнинг илм-фан йўлидаги энг яқин сафдошларидан бири бўлган — Ҳ. 3.) бу улкан ноёб ва нодир обида қурилишида ўз фикр-мулоҳазалари билан ёрдамда бўлган. Мадрасага кўп тилларни билувчи, барча дунёвий илмлардан тўла хабардор, замонасининг пешқадам олими бўлган мавлоно Муҳаммад Хавофий шахсан Улуғбекнинг имтиҳонларидан ўтгач, бош мударрисликка тайинланган эди. Шу мадраса бағрида таҳсил кўрган шоир Абдураҳмон Жомийнинг гувоҳлик беришича, толибларга Улуғбек даврида бунда талайгина йирик олимлар дарс берганлар, илмий ишлар билан шуғулланганлар. Ҳатто Улуғбекнинг ўзи ҳам шу улуғ даргоҳда сабоқ берганлиги ҳақида тарихий манбаларда қайд этилади. Олижаноб эзгу ишларга, илму фанга, само тилсимларини ечишга умрини бахшида этган Улуғбекнинг бениҳоя улкан ташкилотчилик ҳаракатлари туфайли мазкур мадраса ўз даврининг нафақат машҳур олий билим ўчоғи, балки марказий илмий муассаса, яъни — академия сифатида ҳам мамлакат ташқарисида кенг шуҳрат қозонган.

Улуғбек атрофида эса бутун бир илмий мактаб (Улуғбек мактаби) пайдо бўлганки, Мавлоно Муҳаммад Ҳавофий, Нуриддин Лутфуллоҳ (Ҳофизи Абру), Али ибн Муҳаммад Журжоний, Мавлоно Нафис, Хаёлий, Бухорий, Абдураҳмон Хоразмий, Сирожиддин Бисотий Самарқандий, Ғиёсиддин Жамшид, Қозизода Румий, Али Қушчи, Муиниддин Коший, Али Муҳаммад Биржондий ва бошқа кўплаб ижодкорлар, илм-фаннинг тенгсиз забардаст арбоблари унинг (Улуғбекнинг) раҳбарлигида бўлганлар» (Т. Н. Қори-Ниёзий. Улуғбек ва унинг мероси. «Ўздавнашр», Тошкент, 1971 йил, 71—73-бетлар).

Илм-фан беқиёс юксалган ўша пайтларда маълумки, кўплаб ижтимоий биноларга, мадрасаларга, қурилишларга эҳтиёж орта борган. Улуғбек эса давр тақозо этган бундай олийҳимматли ишларни ялпи авж олдириб юборган. Натижада шаҳар кўркига кўрк қўшилиб, таровати ортиб борган. Улуғбек мадрасаси каби кўплаб билим масканлари бунёдга келган. Мадрасани таъмирлашда бажарилган энг муҳим ишлардан бири унинг минораларининг сақлаб қолиниши бўлди. Мадрасанинг шимолий-шарқий минораси 1932 йили инженерлар М. Ф. Мауэр ва В. Г. Шухов лойиҳалари асосида қайта таъмирланган. Учи ўқ марказидан икки метр нари қочган ҳамда қулаши мумкин бўлиб қолган пештоқнинг иккинчи — жануби-шарқий минораси муаммосини эса 1965 йилда техника фанлари кандидати Э. М. Гендель ишлаб берган. Мадрасани жамики таъмирлаш ишларига самарқандлик Акром Умаров, Шамсиддин Ғофуров, Қули Жалилов, Иброҳим Шермуҳамедов, Анвар Қулиев, Шамсиддин Сайфиев каби усталар ўз ҳиссаларини қўшганлар.

Бу билим салтанати бўлмиш бинонинг қурилганига мана қарийб салкам олти аср бўлай деб қолди, мазкур иншоот эса, ҳануз мангуга дунёнинг бебақолиги, ўткинчилигини эмас, балки ҳаёт давомийлигини, инсон ақл-идроки, заковати ва меҳнатининг гўзаллиги, абадийлигини оламга кўз-кўз қилганча, салобат билан қад ростлаб турибди.

Илм-фан, маданият беқиёс гуллаб, тараққий этиб кетган бизнинг замонамизда ҳам Улуғбек мадрасаси қурилишидаги техник тафаккур ва математик аниқликни кўрган мутахассислар ҳайратда қолмоқдалар. Бу дурдона бинони яратган ижодкор — халқ даҳосига тасанно айтмоқдалар. Регистон нурли жамоли билан миллионлар қалбига завқ ва шуур бағишлаб, инсон қудрати, истеъдодининг ёрқин намунаси сифатида кўзга ташланиб турибди. Ғафур Ғулом ёзганидек:

Нилий гумбазлари кўк ичида кўк,
Ложувард осмонда чинний кабутар.
Самарқанд сайқали рўйи заминаст,
Шарқнинг кўрки бўлган тарихий шаҳар.

Ансамбль ёнида эса иккита мармар фавворали «Шоирлар боғи»нинг бунёд этилиши ва халқнинг дахлсиз, ажралмас нодир мероросига айланишидек барча эзгу ишларнинг амалга ошишида омилкор халқ усталарининг, олимларнинг олнжаноб меҳнатлари уйғунлашгандир.

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 2-сон