“… Салтанати даврон, улуғ ҳақони ҳозиқ Шайбекхон (Шайбонийхон)” ҳазрати олийлари бахтли кунларнинг бирида мен каминаи фақиру ҳақирға … “Ўзбеклар улуси” тарихиндан авлодларға ёдгорлиқ бўлиб қолмоқ истакларинда шундайин бир тарих китобин ёзмоқлиқни ишора этуб эдилар. Ва мен ҳам бундайин шарафли ишни бо вужуди шодлиқ ила бажонидил қабул айлаб, онинг ёзилиш йўлинда ушбу саодатлиқ онларнинг биринчи кунидан бошлаб қаламравида ила саъй ҳаракатға астойдил бел боғладим…”
Бу сўзлар “Меҳмонномаи Бухоро” номли йирик солнома асарининг муаллифи Ибн Рўзбехон қаламига мансубдир.
Ибн Рўзбехон (унинг исми шарифи Афзалиддин Фазлуллоҳ ибн Жамолиддин Рўзбехон Фазлуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳунжийдир.) 1457 йили Эроннинг Лўристонига қарашли Хунжа шаҳрида исфахонлик йирик мулкдор оиласида дунёга келган. Унинг отаси Жамолиддин Рўзбехон ҳам ўз даврининг кўзга кўринган диний уламоларидан бири бўлган. Туркманларнинг Оқ қўйинлилар сулоласидан Узун Ҳасан (1453-1479 йил) ҳукмронлигидан сўнгра мазкур сулоладан Ёқубхон (1489-1490 йил) даврида саройда улкан обрў-эътиборли шахс бўлиб хизмат қилиб келган. Унинг ижтимоий келиб чиқиши ҳам асосан туркий қабилага мансублиги манбаларда қайд этилади. У Шарқнинг кўп ўлкаларига сайёҳат қилган. Ўз замонасининг кўзга кўринган етук илм кишисига айланган. Араб тили, адабиётини чуқур эгаллаган. “Мухлислар йўли”, “Фаннинг уйғониш даври” номли асарлар ёзган. Ибн Рўзбехон қадимий Мисрга қилган сафаридан шайх Суҳравардийнинг (1145-1232 йил) “Боғларнинг инъоми” асарини ўрганади ва унга шарҳ ҳам ёзади. У Миср, Хижозда олимларнинг дунёвий аҳамиятга молик бўлган қимматли маърузаларини тинглаган. Бу ҳол унинг сўзсиз ақлий ва нақлий илмларда замонасининг кўзга кўринган забардаст олимига айлнишида асосий туртки, ижодий бурилиш бўлган деб айтишимиз мумкин.
Ибн Рўзбехон биргина тарих соҳасидагина эмас, балки жуғрофия, фалакиёт, фиқҳ ва бошқа шу каби илм-фаннинг соҳаларида ҳам пешқадамликни қўлга киритган илм фидоийси, заҳматкаш инсон бўлган. У бадиий ижодда наср ва назмда ҳам ўзини кўрсата олган.
Таниқли адабиётшунос олим Жамол Ардистоний Рўзбехон ҳақида: “… У ахлоқ – адаб, хуллас, инсонда бўлиши мумкин жамики улуғвор яхши фазилату сифатларга эга, дилкаш, илмда ҳам ғоят баркамол, ҳақиқатгўй инсон эди”, — деб ёзган экан. У яна Қоҳира, Қуддус, Хеврон, Бағдодда бўлган. Унинг “Тарихи оламирўй Аминий” (“Аминийнинг дунё тарихини безовчи китоби”) номли энг йирик асари ўша вақтларда ёзилган. Бу китобни муаррих орадан кўп ўтмай Мирзо Бойсунқурга тақдим этган экан. Мазкур асарнинг бир нусхаси Истанбулдаги Фатҳ кутубхонасида 4431 рақамида, яна бошқа бир нусхаси Парижнинг миллий кутубхонасида 473 рақамида сақланади. 1953 йили мазкур асарнинг қисқартирилган нусхаси Лондонда инглиз тилида чоп эттирилган. 1504 йил бошларига келиб, минтақадаги тарихий вазият буткул салбий тус ола бошлаган. Бунинг оқибатида Оқ қўйинлилар сулоласи инқирозга юз тутиб, заволга учрайди. Ибн Рўзбехон шиапарастлар етакчиси – шоҳ Исмоил Сафавий таъқибидан қочиб, Шарқий Хуросоннинг пойтахти Ҳиротга бош олиб кетишга мажбур бўлган ва бироз муддат темурийлардан Ҳусайн Бойқаро саройида ҳам турган. 1505 йиллари тўс-тўполонлар бу томонларга ҳам етиб келгач, Исмоил Сафавий таъқибларидан жон сақлаш мақсадида эндиликда кўпгина илм-фан, санъат, адабиёт, тарих, жуғрофия, хуллас маданиятнинг йирик намояндалари кўп машаққатлар билан Шайбонийхон давлати томонга ўта бошлаганлар. Шулардан Камолиддин Биноий Шайбонийхоннинг зўр илтифотига сазовор бўлиб, “Шоирлар подшоси” деган ном ҳам олган (Ибн Рўзбехон. “Меҳмонномаи Бухоро”. 23-б.). Ибн Рўзбехон ҳам Шайбонийлар томонига ўтганлардан бири бўлган.
Хусусан, Рўзбехон кўп ўтмай Шайбонийхоннинг эътиборли кишиси ва давлатининг девоний муншийси ва солномачиларидан бирига айланган. У Мовароуннаҳрга келган дастлабки вақтлардаёқ тарих ва ҳуқуқ йўналишида бир неча асар ёзган. 1509 йили эса Ўзбекистон тарихига оид “Меҳмонномаи Бухоро” номли қимматли асарини яратди. Рўзбехон Шайбонийхон саройида яна подшоҳнинг бош маслаҳатчиси лавозимида ҳам фаолият юритган. Шайбонийхондан кейин эса унинг ўрнига келган амакиваччаси Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида ҳам муаллиф ўша лавозимларда қолганлигини ва унинг энг яқин, ишончли кишисига айланганлигини “Меҳмонномаи Бухоро” асари орқали бевосита биламиз. Хусусан, Шайбонийхон даврида подшоҳ Ибн Рўзбехонга кўпинча мутлақо ортга суриб бўлмайдиган энг долзарб топшириқларини бериб турган. Бу ҳақда Ибн Рўзбехон шундай деб қайд этган: “Кунлардан бир куни азбаройи саломатлигим унча яхши бўлмай турганига қарамай, фармони ҳумоюни олий шон бўлдики, мен фақиру ҳақирга, Самарқанд шаҳри қозиси бирлан биргаликда буюрилган вақф мулкларини ҳамда мадраса мударрислари, илми толибларининг даромадлари тўғрисидаги ҳақиқий аҳволни мукаммал текшириб, сўнг бу борадаги масалани олий мақом мажлисга етказилиши топширилди”.
Муаррих ва олим Ибн Рўзбехон номи зикр этилган машҳур “Меҳмонномаи Бухоро” асарида XVI аср бошларидаги тарихан аҳамиятга молик воқеаларни ҳаққоний тасвирлайди: “…Ўзбеклар давлатининг музофоти — деб ёзади Ибн Рўзбехон, — бир томони океан (Каспий денгизи назарда тутилади — Ҳ.З.) билан, бошқа томони эса — Туркистон билан, учинчи томони — Дарбанд, тўртинчи томони — Хоразм, бешинчи томони — Астрабод билан чегараланди. Бу ерларнинг ҳаммаси кўчманчи ўзбекларнинг доимий ёзги, ҳам қишки қароргоҳлари ҳисобланади. Бу учала хонлик қабилалари доимо бир-бирлари билан низолашиб, бир-бирларининг пайини қирқиб келадилар. Урушларда ғолиб келганларнинг қўлига асир тушганлар, ҳатто ўзларининг энг яқин қариндошлари бўлса ҳам, уларни аямай бир-бирларига қул қилиб сотганлар ёки бўлмаса энг оғир меҳнатларда ишлашга мажбур этганлар. Жангда қўлга киритилган мол-дунё ва асирлар шу тарзда ўлжа саналган ва ҳеч қачон бу одатдан чекинмайдилар…”.
Албатта, солномани чуқур мутолаа этиш давомида доимий равишда бўлиб турадиган қуролли низоларнинг асл моҳияти ойдинлашиб боради, яъни ўша даврдаги марказлашган давлатларнинг қарор топиши билан истеъмолчилар сонининг кўпайиши, биринчи галда тўқимчаликнинг ривожлангани, газмол ишлаб чиқарилиши ва унинг юқори сифатли бўлгани, уларга пардоз бериш ҳам худди шундай ҳам услубий, ҳам бадиий жиҳатдан юксак даражада турганлиги, бу ерларда тўқиладиган газмоллардан бир қисми ҳатто олис хорижларга ҳам мунтазам чиқарилиб турилганлигини, айниқса, бу моллар ичида карбас (бўз) деган газмолга бўлган талаб бениҳоят катта бўлганлигини кўришимиз мумкин.
Ибн Рўзбехоннинг кейинги маълумотлари янада қизиқарли: “Улуғ хоқони хозиқ олиймақом олампаноҳдан (Шайбонийхонни назарда тутади – Ҳ.З.): “Сарҳадлардаги қўшинлари урушга отланганликлари боис ҳар бир жангчи ўзи бирлан хонлик боргоҳи учун зарур бўлган емак-ичмакликлар ҳамда хонликка тегишли от ва бошқалар учун уғруқларга (аравалар) ем-хашаклар ҳам ғамлаб олиб юрмоқликлари даркор. Туркистон бу борада таъминотнинг энг асосий таянч истеҳкоми этиб белгилансин. Яна шу нарса ҳам қатъий этиб белгилаб қўйилсинким, бу ишларнинг рўй-рост ва бекаму кўст амалга оширилиб бажарилмоғини назорат қилиш учун Девондаги алоқадор мансабдор шахслар зудлиқ бирлан Туркистоннинг жанубий сарҳадларинға етиб бормоқлиқлари ва фармонға биноан тўпланган юкларни ҳеч бир зиён-заҳматсиз Сайҳун дарёсидан ўтказиб, тегишли ерларга буюрилган муддатдин кечиктирилмай ўз вақтинда етказилиб турилмоғини кузатиб бормоқликлари шарт” деган ҳумоюн фармон бўлди”, — деб келтиради ўз асарида.
Ибн Рўзбехон Туркистонда ўз кўзи билан кўрган шаҳарлар, туманлар, овуллар ва бошқа жойлар тўғрисида ҳам кенгроқ тўхталиб ўтади, қаср ва нодир обидалар, дарёлар ҳақида ҳам муфассал ёзади. Шунингдек, унда муаллиф яна ўзи гувоҳ бўлган, турли маросимларда иштирок этиб кўрган ғаройиб, ажойиб воқелар, халқларнинг урф-одатлари, маданияти, шаҳарларнинг жойлашиш ўрни, табиий иқлими, тарихи ва адабиёти соҳасига оид муҳим маълумотлар берадики, бу ҳам мазкур асарнинг қимматли томонини белгилайди. Жумладан, Самарқанд ҳақида қалам сурганда Ибн Рўзбехон Конигилга алоҳида эътибор бериб шундай ёзади:
“Мафтункор, сахий табиатли Самарқанд шаҳри ташқарисида Конигил деб аталувчи яйловзорлар бор, бу ер баъзи олимлардан эшитишимча, жуда серманзара ва дилкушо ерларнинг агири ҳисобланаркан. Агир деган туркий ном ҳам шундан олингандир. Дунёдаги бирорта бошқа ўлкада Конигилдагидек яйловзорлар йўқ. Ҳатто Сурия, Миср, Ҳирот Қўҳистони яйловзорлари ҳам Самарқанднинг Конигил яйловзорларига етмайди. Табриз, Исфахон ва Шероз шаҳрига келсак, уларнинг агирлари (адирлари) ҳам шак-шубҳасиз бунга тенг келолмайди. Шу ерга яқин Кўҳак ариғи ёнидаги тепаликда эса уч ошёналик (уч қаватли – Ҳ.З.) расадхона қад кўтариб турибди”.
Асарда келтирилган қуйидаги маълумотлар ҳам диққатга сазовордир. “Туркистон кўпгина халқлар яшайдиган кўп кўҳна, маълум ва машҳур ўлка ҳисобланиши билан бирга, шубҳасиз, ер юзида кам учрайдиган ҳамда ҳарқандай кишини ўзига оҳанрабодек тортадиган жойлардан саналади. Шу боис бу сафоли, чексиз гўзаллик бахш этилган ўлкага олиму донишмандларнинг келишлари бир муддат бўлса-да, тўхтамайди… Туркистон Сайҳун дарёси бўйида жойлашган ўттизта қалъа – шаҳарлардан иборатдир… (Бу ерда Ясси, Сайрам, Сиғноқ, Ўтрор ва бошқа шаҳарлардан тузилиб, ўша вақтларда умумий ном билан “Туркистон” деб аталган вилоят назарда тутилади – Ҳ.З.) Туркистон айни баҳор беҳишт нишонлик манзилгоҳга айланиб, сеҳрли гулу чечакларга тўла бамисоли Боғи Эрам сайилгоҳини эслатишини кўрдим. Бадахшон лаълига ўхшаш ҳамма ердаги ранг-баранг анвойи гуллар базми жамшидидан жаннатосор боғ-роғлар ҳам гўё рашк қилаётгандай туюлади. Чашма ва обизамзам булоқ сувлари, латиф руҳафзо ҳавосини айтмайсизми, буларнинг бари киши дил қулфини очиб, қалбларга мангу ҳаёт завқини бағишлайди…» Бу каби мисоллар шубҳасиз кишида Туркистоннинг жаннат боғларига зеб бўларли фусункор хушманзара чиройини ва унинг битмас-туганмас зумраддай яшил бойликларини тугал тасаввур этишга кўмак берарди. Шу билан бирга кўз ўнгимизда гавдаланадиган бу манзара ўлкамиз тарихи ва иқлимини ўрганувчилар учун ғоят қимматли маълумот вазифасини ҳам ўтайди.
Муаллиф ўз китобида ҳаёт манбаи бўлган дарёларга ҳам алоҳида боб ажратади: “Сайҳун дарёси қадимдан тараннум этиб келинаётгандай дунёнинг тўрт дарёларидан бири ҳисобланади, қайсики, ҳадисларда айтилишича, унинг зилол сувлари мангу жаннатнинг муаттар тупроғидан оқиб келармиш. Бу дарё ерликлар тилида “Хўжанд дарёси” деб ҳам аталади. Ўзбеклар ва мўғуллар уни “Сирдарё” деб атайдилар. Негаки, бу ғаройиб дарё ўз йўналиши манбаини Хўжанддан бошлаб, Шоҳруҳия шаҳар қалъаси ёнидан оқиб ўтган экан…”.
Муаллиф яна Туркистондаги ҳайвонот оламига ҳам тўхталаркан, ёзади: “Туркистоннинг бийдек поёнсиз кенгликлари ёввойи ҳайвонларга, барча турдаги паррандаларга тўладир. Ўт-ўланларга сероб бўлган бу жойларда сайғоқлар шунчалик кўпки, уларнинг катталиги ва асру семизлигидан сигирларга ҳам бемалол ўхшатиш мумкин. Сайғоқлар азбаройи ҳаддан ташқари семириб кетганлигидан ҳатто тез чопа олмасдилар. Уларни ўша вилоят сайёдлари зарур бўлиб қолганда ҳеч бир ортиқча машаққат тортмай, осонликча ушлаб олишлари мумкин эди”.
Ибн Рўзбехон яна: “Бир вақтлари эрта баҳорда мен каминаи фақир зарур хизмат юзасидан Сиғноқдан Сайрамга борар эдим. Ўша вақтда жисму жондаги оғриқ ва ҳолсизликдан азоб чекаётганимга қарамай, қарангки, Туркистон водийсида кўрганларим менинг кўзларимнигина эмас, балки оғриб турган тан саломатлигимни ҳам гўё тиклагандай бўлди. Куч-қувватга киргандай қувонганимдан ўзимни бардам ҳис эта бошладим. Бутазорлардаги юлғунлар, гулу чечаклар оралаб, бамайлихотир эмин-эркин ўтлаб юрган жайронлар уюрларини кўрдим. Улар қаерда мўл-кўл ўтлоқлар бўлса, ўша ерга қараб оқишарди. Мен дастлаб бу жониворларни мутлоқ фарқлай олмай, эҳтимол шаҳар ва овуллардаги аҳолиларнинг қўйлари бўлса керак деб ўйлагандим. Кейинроқ маълум бўлишича, бу уюрлар ёввойи ҳайвонлар бўлиб, водий инъоми бўлган қуюқ ўтлоқларда ўтлашаркан.”
Муаррих ўзининг мазкур китобида яна туркий халқларнинг қадимдан истеъмол қилиб келинаётган севимли ичимликларидан бири ҳисобланган қимиз ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, унга қуйидагича таъриф беради: “… Қимиз от сутидан тайёрланадиган арабча “Лабан аррамақи”, туркий тилда “қимиз” деб аталадиган ўзбекларнинг синалган севимли, энг аъло, жуда фойдали ҳамда шифобахш хуштаъм ичимлиги саналади. Бу шифобахш қимиз гўё жаннат ариғидан сут бўлиб оққан кавсар сувига ўхшаш ичимликдирки, унинг ҳар бир томчисидан киши кўкси ором топади, дилларни яйратиб, танга роҳату, жонга озиқ бўлиб, умрни узайтиради. Ушбу қимиз киши қон томирларини кенгайтириб, мия фаолиятига шунчалар ижобий таъсир кўрсатган ҳолда, уни мустаҳкамлайди. Саломатлик йўлида хизмат қилишда сўзсиз ҳеч қандай дори-дармон ундан (қимиздан) устунлик қила олмайди. Очлик, ташналик ва чанқоқни босиб, бағоят сархушлик беради, қалб дарвозасини очиб юбориб, олийҳимматлик, яхшиликка чорлайди, шодлик ҳамда қувонч бахш этади. Юракдаги безовталик, ҳаяжон ва ғам-ғуссаларни ҳайдайди”.
Шундан кейин, Ибн Рўзбехон ҳар қанча кўп ичилгани билан қимиз одамни ҳеч қачон эс-ҳушини йўқотадиган даражадаги бошқа ўткир ичимликлар каби мастликка олиб бормаслигини, балки киши дил қулфини очиб, уни фақат хурсандчилик, шодлик нури ила чароғон этажагини ёзади. Гўзаллик фасли — баҳор бошланиши билан биялар болалаб, қимизхўрлик вақти ҳам етиб келганда, Ўрта Осиёда туркий элатларнинг қимиз билан боғлиқ бўлган жуда қадимий тарихга эга азалий анъанавий маросимларидан бирида ўзи ҳам иштирок этиб, урф-одатларни, удумларини ўз кўзи билан кўрганлигидан муаллиф улар ҳақида ҳам бадиий тарзда батафсил баён қиладики, бу нарса китобхон эътиборини янада ўзига жалб этмай қолмайди, албатта. Ҳатто бу ҳақда у жўшиб қуйидаги илҳомбахш шеърий мисраларни ҳам битади:
Шуурли кишилар учун самонинг
Хумидан тўкилмас қимиз мисли май.
Дунё кезган тўққизинчи осмон тулпори,
Қимизчалик терни асло тўкмагай.
Жаннатдаги кавсар ҳавзаси бекор,
Токи бу дунёда асл қимиз бор.
Гўёки ҳаётий, ажиб томчилар
Байтал елинидан тинмай томчилар.
Мешда туриб қолиб бир қанча муддат,
Қимиз олгувчидир ўзгача лаззат.
Ёғоч косачага қўйилган жойда,
Унда хуштаъм маза бўлади пайдо.
Косагул узатса қимизни бир бор,
Тўрт хумга мен ўзим бўлгум харидор.
Нафис у, дилларга улашар шодлик,
Хонга хос ичимлик ёқимли, тотли.
Қултумдан улашиб у бора-бора,
“Чанқоқ босилди” деб берди ишора.
То абад яшнасин подшоҳ давлати,
Хонлар ичимлиги – дилнинг лаззати.
Ибн Рўзбехон Ясси шаҳри ҳақида ҳам шундай илҳом билан қалам суради. Бу шаҳар Туркистон вилоятининг ўша вақтлардаги маркази ҳамда бузруквор Хўжа Аҳмад Яссавий ватани бўлганлиги ва унинг қабри устида қад ростлаган ғоят баланд муҳташам ва улуғвор мақбара жойлашганлигини қайд этади. Инсоният қўли билан бунёд этилган мазкур мақбара дунёдаги энг баланд бинолардан бири бўлганлигини кўрсатар экан, Яманга қарашли Сано шаҳрида қад ростлаб турган Гумдон қасрига ўхшашлигини жўшиб тасвирлайди.
Ясси шаҳри яна ўша вақтлардаги ўзбекларнинг шимолий қисмидаги мулклари ва марказий карвон йўли устидаги ободонлашган чекка шаҳри бўлганлиги ва у шаҳар билан боғлиқ тарихий воқеаларни ҳам қолдирмай қаламга олади. Ибн Рўзбехон шахсан Сайрамда бўлган вақтида пири валийи набавия Хўжа Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан бўлган шайхулислом шайх Шамсиддин ибн Муҳаммад Моҳим билан учрашиб суҳбатда бўлганлигини ҳам айнан унинг шу нодир асари бўлмиш “Меҳмонномаи Бухоро”дан биламиз. Шунингдек, яна мазкур асар билан чуқур танишиб борар эканмиз, унда муаллифнинг руҳий олами, дунёқараши шунчалик ойдинлашиб, унинг ўз даврининг ўта ҳақиқатгўй солномачиси бўлганлигини ҳам яққол билишимиз мумкин. У, барча даврларда бўлгандай саройнинг бошқа тарихчилари каби ўзининг асосий эътиборини фақатгина сиёсий воқеаларни, хонларнинг урушда кўрсатган мардлиги, рақиблари устидан қозонган зафарларини бўрттириб, кўкларга кўтариб мадҳ этиш, саройдаги жорий этилган анъаналарнигина тасвирлаш билан чекланиб қолмаганини, хушомад, мадҳу санолардан тамомила мустасно бўлганлигини ҳам кўрамиз. Ибн Рўзбехон асарида халқ аҳволини ҳам диққат-эътибордан четда қолдирмайди. Чунончи, ўша даврдаги авж олиб кетган тинимсиз урушлар туфайли мамлакатнинг хароб бўла бошлаганлиги, айниқса солиқларнинг кўплигидан халқ аҳволининг оғирлашгани сабабли ҳукмдор Шайбонийхон ер-сув ҳамда солиқ масалаларини кўриб чиқиб, уларни тартибга солиш мақсадида дорулсалтанат Самарқанд яқинидаги Конигил мавзеида қонуншунос олимларни тўплаб махсус кенгаш ўтказганлиги, кенгашда бир томондан ана шундай солиқларнинг кўплигидан бўлса, иккинчи томондан, бу борадаги мутасадди амалдорларнинг ўзбошимчалик билан қилган зулм-зўравонлиги, ҳақсизликларидан безиб, ўз уй-жойларини ташлаб, ўзга ерларга бош олиб кетганларнинг ерларини давлат тасарруфига топширилгани, қачон бу жойларнинг ўз эгалари қайтиб келганларида мулкларини қайтиб бериш ва ҳатто улар йўқлигида у ерлардан фойдаланиб турилгани учун давлат хазинасидан ҳақ тўлаш тўғрисида фармон чиқаришга қарор қилгани, фуқарога ноҳақлик ва жабр қилингани учун тегишли амалдор шахсларга нисбатан қаттиқ жазо чораларини кўриш ҳақида батафсил ёзадики, бу ҳол китобхонни асло бефарқ қолдирмайди.
Хуллас, танишиб чиққанимиздай, мозийдан садо берувчи бундай битиклар ҳақиқатни англашда, тарихий жараёнларни ўрганишда қизиқарли манба бўлиши шак-шубҳасиздир.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 12-сон