Фатҳулла Эргашев. Анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлиги

Чор Россиясининг Туркистонда йигирма йилдан кўпроқ вақт (1864-1885) давомида олиб борган босқинчилик юришлари натижасида ўлка халқлари мустабидлик зулми остига тушиб қолди. Лекин шунга қарамай, Туркистон халқларининг мустамлакачиликка қарши миллий-озодлик ҳаракатлари доимий равишда давом этди. Мустабид бошқарув сиёсати маҳаллий халқлар миллий руҳиятини сўндира олмади, аксинча, уларнинг миллий озодлик учун интилишларини кучайтирди.

XIX асрнинг 70-90-йилларидаги чор мустамлака сиёсатига қарши қўзғолонлар, 1916 йилги Ўрта Осиё ва Қозоғистондаги умуммиллий озодлик ҳаракатлари ҳамда 1917 йилдан бошланган мухторият тузиш ва жамиятни демократик асосда қайта қуриш учун олиб борилган курашлар шулар жумласидандир. Мазкур курашларда иштирок этган барча ижтимоий-сиёсий кучлар миллий мустақилликка эришиш мақсадида амирлик, хонлик ва вилоятларга парчалаб ташланган миллий ҳудудларни бирлаштириш асосида давлатчиликни тиклашга интилдилар.

Маълумки, ҳарбий зўравонликка асосланган чор тизимининг ўрнатилиши, биринчидан, маҳаллий халқларнинг маданий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқлари таҳқирланишига, миллий маънавияти топталишига олиб келди ва минтақанинг табиий ривожланишига тўсқинлик қилди. Иккинчидан, бундай ҳолат Туркистон жамияти билан рус мустамлака бошқаруви ўртасида жиддий ижтимоий-сиёсий зиддиятларни вужудга келтирди.

Мустамлака бошқаруви амалдорлари халқнинг ижтимоий-иқтисодий талабларидан кўра сиёсий мақсад ва шиорлар асосида чиқишларидан қаттиқ ташвишга тушган. Шунинг учун ҳам ўлка маъмурияти маҳаллий халқни итоатда ушлаб туришдан бошқа муқобил йўл йўқ, деган фикрда қатъий турган. Шунга қарамасдан, ХХ асрнинг бошларига келиб мустабид тузумга нисбатан сиёсий қаршиликнинг кучайиши натижасида мустамлака маъмурияти амалдорлари жазо ташкилотларига эътибор бериб, ўз каторга қамоқхоналарига ҳам эга бўлиш масаласини илгари сурганлар.

Метрополия Туркистонда ўзининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларидан келиб чиқиб, мустамлака ҳудудини бошқаришда қуйидагиларга эътибор қаратди:

– хонлар ва беклар давридаги давлат бошқарув тизимини бутунлай йўқ қилиш;

– ўлкада Россия давлатчилиги анъаналарини шакллантириш;

– Туркистон халқларининг мустамлака тузумига қарши чиқишларини аёвсиз равишда ҳарбий йўл билан бостириш;

– Туркистоннинг моддий ва инсоний ресурсларини эксплуатация қилишнинг арзон ва самарали тизимини яратиш.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун мустамлака маъмурияти генерал-губернаторлик ҳудудида турли “фавқулодда” қонунларни қабул қилиши ва жорий этишига қарамай, Туркистон кенг жамоатчилиги, аввало, илғор зиёлилар қаршилик ҳаракатини тўхтатмадилар. Натижада, мустамлака бошқарув идоралари ҳужжатларида зикр қилинганидек, “гапга кирмаганлиги”, “бошқарув тартибига қарши чиққанлиги”, “ҳукумат вакилларига қўполлик қилганлиги”, “тинчлик ва тартибни бузганлиги” учун каби айбловлар билан халқнинг асл фарзандлари турли жазоларга тортилдилар.

Лекин шунга қарамай, XIX аср охирига келиб, қаршилик ҳаракати кучайиб борди. Масалан 1887-1889 йилларда Туркистон вилоятларида рус бошқарув тизимига қарши 668 марта маҳаллий халқ ҳаракатларининг рўй берганлиги қайд этилган. Жумладан, улардан 429 таси Фарғона вилоятида, 182 таси Самарқанд вилоятида, 57 таси эса Сирдарё вилоятида содир бўлган[1] 1911 йилга келиб эса биргина Фарғона вилоятида 833 маротаба ҳукуматга бўйсунмаслик ҳолатлари қайд этилган. Яна икки йил ўтганидан сўнг эса бу кўрсаткич 1120 тага етган. “Нисбатан тинч йиллар”, деб ҳисобланган 1911-1914 йилларда бутун Туркистон бўйлаб мустамлака бошқарувига қарши очиқдан-очиқ 1136 марта чиқишлар рўй берган[2]. Бу ҳаракатлар таҳлили чор тизимининг беқарорлигидан ва унинг жамиятда ижтимоий пойдевори йўқлигидан далолат берган.

Табиийки, қарши чиқиш ва курашлар изсиз қолмади. XIX аср охиридаёқ ижтимоий-маданий ҳаётни янгилаш учун миллатнинг зиёли қатлами, тараққийпарварлар маорифни ислоҳ қилиш, янгиликка қарши турувчи эскилик сарқитларини чиқариб ташлаш, тараққий этган мамлакатларнинг ютуқларини миллий қадриятлар ва анъаналар билан уйғунлаштирувчи дастур билан чиқдилар.

Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, Туркистоннинг ижтиомий ҳаётига ва маданий тафаккурига қўшни Шарқ мамлакатларида рўй бераётган миллий давлатчилик масалалари билан боғлиқ воқеалар – Туркиядаги 1908 йил инқилоби, Ҳиндистонда инглиз мустамлакачиларига қарши (1905-1908 йиллар) ҳаракатлар ва Эрондаги конституциявий ҳаракатлар (1905-1911) йиллар кучли таъсир этган. Айни пайтда, қўшни мамлакатлар ва Россиядаги мусулмонлар яшайдиган ҳудудлардан Туркистонга турли нашрлар – Бохчасаройдан “Таржимон”, Қозондан “Вақт” ва “Юлдуз”, Астрахандан “Идил”, Бокудан “Хўжа Насриддин”, “Тараққий”, Оренбургдан “Шўро” каби газета ва журналлар мунтазам равишда келиб турган. Мазкур нашрларда чоп этилган мақолаларда мусулмон дунёсидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий вазиятга доир маълумотлардан ташқари, бир вақтлар қудратли бўлган Шарқ давлатлари тарихи, Шарқ мамлакатларининг ғарб давлатлари томонидан мустамлака қилиниши каби масалалар ҳам таҳлил қилинган. Шунингдек, миллий таълимни ислоҳ қилиш, Россиянинг барча мусулмон мактабларида таълимни ягона адабий тилга ўтказиш, она тилининг обрўсини кўтариш, миллий маънавий қадриятларни сақлаш ва бойитишга доир даъватлар бериб борилган.

Албатта, бу ҳодисаларнинг барчаси Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг юзага келиши ва ривожланишига кучли таъсир кўрсатган эди. Жадидлар нафақат маорифни ислоҳ қилиш, балки шу тариқа миллатни маърифатли миллатлар қаторига қўшиш, мустамлакачиликка қарши миллий-озодлик ҳаракатини яна бир поғона юқорига кўтаришга интилганлар. Улар маърифатли жамият шакллантирилганда мустақилликка эришиш анча енгил кечишини чуқур англаб етганлар. Шунинг учун ҳам жадид маърифатпарварлари раҳбарлигида Тошкентда “Тараққий”, “Шуҳрат”, “Осиё”, “Хуршид”, “Садои Туркистон”, Самарқандда “Самарқанд”, Бухорода “Турон”, “Бухорои Шариф”, Қўқонда “Садои Фарғона” каби ўнлаб газета ва журналлар нашр этилган. Бу нашрларда миллат онгини уйғотадиган, ижтимоий фикрни жонлантирадиган, жаҳон илм-фан ютуқларини тарғиб этадиган кўплаб мақолалар мунтазам чоп этиб борилди.

Туркистондаги жадид матбуоти фақат дунёда рўй бераётган воқеалар ҳақидагина маълумот бериб қолмай, балки уларга ўз муносабатларини ҳам билдириб борган. Таъкидлаш керакки, маърифатпарварлар ўз мақолаларида Россиядаги 1905-1907 йиллар воқеалари, Россия думаси ва ундаги Туркистон вакиллари фаолияти, маҳаллий жамият ҳаётидаги эски одатлар, ёш авлод тарбияси ва бошқа кўплаб масалаларга ўқувчи диққат-эътиборини қаратганлар. Умуман, тарихий-давлатчилик, миллий ўзликни англаш, таълим-тарбия, тил масалала- рига доир мақолалар Туркистон матбуотининг асосий мавзуларига айланди. Бу мавзуларда Беҳбудий, Фитрат, Ҳожи Муин, Аҳмад Заки Валидий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Н.Ражабзода ва бошқаларнинг қатор қизиқарли мақолалари эълон қилинган. Жумладан, Н.Ражабзоданинг “Ибтидоий мактабларимизнинг тартибсизлиги ёхуд тараққиётининг йўли”, Беҳбудийнинг “Ўқувчиларга ёрдам керак”, “Туркистон тарихи керак”, “Тарих ва жўғрофия”, “Муҳтарам ёшларга мурожаат”, А.Азимийнинг “Таълим ва тарбия”, Фитратнинг “Бухоро ҳукуматининг ислоҳкорона қадамлари”, Ҳожи Муиннинг “Миллий тарих ҳақинда”, М.Шермуҳаммедовнинг “Аҳволи зоримиз”, П.Шамсийнинг “Улум ва маориф” каби мақолаларида маорифни ислоҳ қилиш, маҳаллий ёшлардан шифокор, муҳандис, ҳуқуқшунос, тадбиркор, молия-банк мутахассисларини тайёрлаш масаласи кўтарилади. Шунингдек, мақолаларда миллат фарзандлари замонавий билим олишлари учун, уларни моддий қўллаб-қувватлайдиган алоҳида жамғармалар тузиш орқали ёшларни хорижий мамлакатларга таълим олишга жўнатиш масалалари ҳам кўтарилган.

Юқорида таъкидланганидек, тараққийпарварлар она тилида ёзилган миллий тарихни ўрганиш ва ўқитишнинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратганлар. Мақолаларда “Биз киммиз, кимнинг фарзандларимиз?”, “Кўҳна Туронда қандай давлатлар бўлган?”, “Уларнинг тиллари, урф-одатлари ҳақида қандай маълумотлар бор?” каби саволлар берилиб, “бу саволларга жавоб олмоқ учун тарихни билмоқ зарур” деган фикр илгари сурилган.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг таъкидлашича, Туркистон тарихи туркий, форсий ва арабий тилларда ёзилган қадимий китобларда мавжуд. Мазкур китобларни руслар ва европаликлар аллақачон ўқиб ўрганганлар ва ўрганмоқдалар. Лекин туркистонликларга бу китобларни ўқиб ўрганиш анча мушкул бўлган. Бунинг асосий сабаби китобларнинг турли хорижий тилларда ёзилганлиги эди. Шунинг учун мутафаккир она тилида ёзилган яхлит Туркистон тарихини яратмоқ лозим, деган фикрни ўртага ташлайди. У “Тарих ва жўғрофия” номли мақоласида ушбу фанларни ўрганишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, инсон дунёга келгандан кейин онгли, диёнатли, «комил ва одил бўлмоғи учун тарихни ўқиши ва билиши керак. Подшоҳ, вазир, ҳукумат одамлари ва сиёсий кишилар учун тарих ўқимоқ керак… Дин ва дунёдан бохабар бўлмоқни хоҳлайдурган ҳар ким учун тарих ўқимоқ керак. Чунки ҳар нимарса ва ишнинг асли ва фасли тарихдан билинур. Катта киши бўлмоқ учун тарих билмоқ лозимдур, дейди.

Шу билан бирга, жадидлар давлат бошқаруви масалаларига ҳам эътибор қаратганлар. Б. Қосимов “Миллий уйғониш” китобида бу ҳақда шундай деб ёзади: “Беҳбудий замонасидаги мавжуд идора усуллари ҳақида фикр юритиб, уларни учга бўлади: 1) Идораи мустақалла (идораи мутлақа – монархия); 2) Идораи машрута (конституциявий парламентли ҳокимият); 3) Идораи жумҳурият (республика). Лекин миллат озод бўлиб, ўзининг мустақил давлатини ўрнатмагунча, ижтимоий адолатни тиклаб бўлмайди. Бу Беҳбудий келган биринчи хулоса эди… Унинг “Дума ва Туркистон мусулмонлари” мақоласида эса чор мустамлакачилик сиёсати, хусусан, ўлкадан етмиш минг русдан олти депутат бўлгани ҳолда етти миллион мусулмонга беш ўрин ажратилгани ошкора танқид қилинади… Умуман жадидлар келажак ҳақида фикр юритар эканлар, истиқлолга эришиш борасида бир-биридан фарқ қилувчи уч йўлдан бордилар:

– Русияга тобеликдан зўрлик йўли билан қутулиш, истиқлолни куч билан олиш;

– муроса йўли. Руслар ёрдамида маърифатга эришиш. Маърифат масалаларида ҳақ-ҳуқуқ олиш, миллий хусусиятларни тиклаш;

– ҳамкорлик йўли. Чор маъмурлари, сўнг эса Шўро ҳукумати билан бирга уларнинг программаларида қатнашиш ва имкон бўлиши билан мустақилликни қўлга олиш”.

Кўриниб турибдики, маърифатпарварлар ўз мақолаларида таълим, давлат бошқаруви, ижтимоий-сиёсий соҳага доир долзарб масалаларни илгари сурганлар ҳамда бу йўлда тараққийпарвар кучларни бирлаштиришга интилганлар. Ана шу ҳаракат ва ташаббус натижасида “Турон”, “Тарбияйи атфол”, “Умид”, “Падаркуш”, “Нашри-Маориф”, “Баракат”, “Ғайрат”, “Тараққийпарвар” каби ижтимоий-сиёсий ташкилотлар ташкил этилган. Бу муассасаларнинг фаолияти асосан Туркистон халқининг сиёсий онгини оширишга, уларни фаоллаштиришга ва мустамлакачиликка қарши кайфиятини кучайтиришга қаратилган.

1917 йилнинг кўкламига келиб Туркистонда миллий-демократик кучларнинг фаоллиги ва сиёсий сафарбарлик даражасининг ошиши ўзининг юқори чўққисига етди. Чунки айнан шу вақтда улар демократик Россия таркибида кенг суверенитет асосида ўз мустақил миллий давлатчилигини миллий-ҳудудий мухториятни ташкил этиш дастури билан чиқдилар. Бунинг учун эса улар мусулмон аҳолининг бирлигини мустаҳкамлаш зарурлигини чуқур ҳис қилдилар ва шу мақсадда қатор ташкилий ишларни амалга оширдилар. Жумладан, 1917 йилнинг 14 мартида Тошкент шаҳрида халқ вакилларининг мажлиси чақирилди ва унда “Шўрои Ислом” ташкилоти тузилди. Мазкур ташкилотнинг ташаббуси билан 1917 йил 16-23 апрель кунлари Тошкентда мусулмонларнинг бутун Туркистон қурултойи бўлиб ўтди. Унда Туркистонга мухторият берилиши масаласи кун тартибига қўйилди. Лекин орадан кўп вақт ўтмай, либерал қарашдаги зиёлилар ва кескин қарашдаги мусулмон руҳонийлари (“қадимчилар”) ўртасида жамиятда демократик ислоҳотлар ўтказиш масаласида ихтилофлар пайдо бўлиши натижасида бир гуруҳ диндор зиёлилар 1917 йилнинг июнь ойида “Шўрои Ислом”дан ажралиб чиқиб “Шўрои Уламо” жамиятини туздилар.

Туркистон ўлкасида якка ҳукмронликка даъвогарлик қилаётган Туркистон ишчи-солдат депутатлари кенгаши ҳамда Муваққат ҳукуматнинг Турк қўмитаси ўртасидаги навбатдаги сиёсий таназзул ва зиддиятли ҳолат вужудга келган бир пайтда, яъни 1917 йилнинг 10 сентябрида Тошкентда II ўлка мусулмонлари қурултойи чақирилди. Унда Туркистон тараққийпарвар кучларининг миллий-либерал ҳаракати вакиллари – жадидлар ҳамда диний уламоларнинг “Шўрои Уламо” ташкилоти вакиллари ягона куч сифатида фаолият юритиш вақти келганини алоҳида таъкидладилар.

Шу тариқа, уламолар ўзларининг консерватив қарашларидан воз кечиб ғолиб чиққан февраль инқилоби эълон қилган озодлик ва эркинлик, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш имкониятидан фойдаланишга тайёр эканликларини билдирганлар. Бошқача айтганда, вужудга келган вазиятда қарашлари турлича бўлган бу икки кучни мустабид тузумга нисбатан чуқур нафрат туйғуси ҳамда миллий маданиятнинг пойдевори саналмиш маънавий қадриятлар бирлаштирган. Қурултойда қабул қилинган дастурий ҳужжатларда қуйидагиларни шакллантириш мақсад қилиб қўйилди:

– тузиладиган миллий давлат “Туркистон федератив республикаси” деб номланиб, ундаги қонун чиқарувчи ҳокимият Туркистон ўлкасида яшовчи барча халқларнинг вакиллари кирган ва умумий, тенг, тўғридан-тўғри овоз бериш орқали сайланадиган парламентдан иборат бўлиши белгиланди;

– Туркистон парламентининг қонунчилик фаолияти Россия демократик республикасининг асосий қонунлари билан мувофиқлаштирилиши ва айни вақтда, мусулмон ҳуқуқи талабларига ҳам мос бўлиши таъкидланди;

– Шайхул ислом бошчилигида Сенат ёки Қонунчилик палатасига ўхшаш “Маҳкамаи-шаръийа”ни ташкил этиш, унинг зиммасига фақат мусулмон аҳоли учун шариат қонунлари ва талабларини изоҳлаб, уларни нашр этиш, шунингдек, барча суд қарорларининг тўғри бажарилиши, ҳукумат ташкилотлари ва масъуллари устидан назоратни амалга ошириш каби вазифаларни юкланиши мўлжалланган. Айни пайтда, бу ташкилот Туркистон федерациясининг Олий суди экани таъкидланди;

– ижроия ҳокимият Туркистон парламенти томонидан сайланиши ва республика ҳукумати тарафидан тасдиқланиши ҳамда ўзининг барча ишлари бўйича маҳаллий парламентга ҳисобот бериб бориши лозим бўлган Секретариатга топширилиши қайд этилди;

– “Шўрои Ислом” Туркистон федерацияси Сенатига, Муваққат ҳукумат Туркқўмитасининг маслаҳат ташкилотларига кириши алоҳида таъкидланди; Большевикларнинг ҳокимиятни тўлалигича Советларга берилиши ҳақидаги талабини қурултой қаттиқ қоралади ва ҳокимият коалицион, яъни умумхалқ ҳокимияти бўлиши кераклигига эътирофни қаратди;

– жамоатчилик асосида фаолият юритадиган барча мусулмон ташкилотларини бирлаштириш орқали Туркистон мусулмонларининг “Иттифақ ул-муслимин” сиёсий партиясини ташкил этиш ҳақида таклиф киритилди;

– Туркистон федерацияси ўз пулини муомалага чиқариш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланди ҳамда ички тартибни сақлаш учун ўз милициясига эга бўлиши ва давлат чегараларини қўриқлаш учун қўшин сақлаши лозимлиги ҳам белгилаб қўйилди.

Шундай қилиб, 1917 йилда миллий тараққийпарвар кучлар бошқарувда мусулмон ҳуқуқларига амал қилувчи, икки палата асосида фаолият юритадиган парламент республикаси тузишни таклиф қилди ва унинг амалиёти учун курашди. Бошқарувнинг мазкур муқобил дастури инқилобларсиз, фуқаролар урушисиз ва аста-секинлик билан ўзгаришларга эришиш йўли эди. Аммо, бахтга қарши, ўша даврда бу дастур амалга ошмай қолди. Ҳокимиятни террор, алдов ва турли найранглар воситасида большевиклар эгаллаб олди.

Қўлга киритилган мустақиллик сиртдан қараганда бир-бирига қарама-қаршидек туюлган, аслида эса моҳиятан бир бўлган чор ва шўро бошқарув тизимларининг ўрнатилиши билан боғлиқ жараёнларнинг ўхшашлигини илмий жиҳатдан англаш, уларнинг мақсад ва вазифаларининг ўзаро боғлиқлиги ҳамда амалга ошириш усуллари ва йўналишларининг бир эканлиги ҳақида аниқ хулосаларга келишга имкон беради. Яъни:

– Туркистонда чоризм бошқарувининг ҳарбий-маъмурий тизими қандай ўрнатилган бўлса, большевикларнинг “пролетар диктатураси” шаклидаги бошқарув тизими ҳам худди шундай ташкил қилинган;

– ҳар икки бошқарув тизимида ҳам Туркистон Россия давлатчилигининг “ажралмас ва таркибий қисми” сифатида қаралган;

– давлат қурилишининг бу тамойили шўро тузуми даврида баландпарвоз “қонун” ва шиорлар билан ниқобланган;

– октябр тўнтаришидан сўнг Туркистонда ҳокимият аҳолининг ғарбдан келган қисмига мансуб қуролланган ишчи ва аскарлари қўлига ўтган. Шу тариқа миллий-ҳудудий эмас, балки маъмурий-ҳудудий чегараланган Туркистон мухторияти вужудга келган;

– 1920 йилда Туркистон халқларини мустақиллик ва эркинликдан тўлиқ маҳрум қилинишини тасдиқловчи ТАССР Конститутцияси қабул қилинган;

– Россия Федерацияси мухтор республикаларни “ягона ва бўлинмас Россия”нинг маъмурий қисмлари даражасигача тушириши, шўро давлатчилигининг тоталитар хусусиятини белгилади.

Кўрамизки, шўролар даврида Туркистонга бўлган муносабатнинг моҳияти ўзгармади, фақат унинг ғоявий ва сиёсий ниқоби ўзгарди, холос.

Бугунги мустақил Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш, бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтишга доир ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнларида ХХ аср биринчи чорагида яшаган тараққийпарварларнинг миллий давлатчиликка доир ғоялари Ўзбекистоннинг ўзига хос миллий хусусиятлари сифатида намоён бўлмоқда. Президент И.Каримов таъкидлаганидек, «Бугун янги Ўзбек давлатини барпо этар эканмиз, биз тарихдан, аждодлар меросидан, уларнинг руҳи покидан, Туркистон халқларининг қадриятларидан, маънавий меросидан, … баҳраманд бўлишимиз табиийдир»[3].

Истиқлол туфайли юз бераётган ўзгаришлар, мустақил миллий сиёсатни амалга оширилиши, юртимизда кўппартиявийлик тизимининг жорий этилиши, партияларнинг демократик қадриятлар асосида фаолият юритиши, 2009 йил декабрда мамлакат парламенти ва маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловларда уларнинг бу муҳим сиёсий жараёнда етакчи институтга айланиши Туркистон маърифатпарварлари бир умр орзу қилган сиёсий қадриятлар эди.

Хуллас, маърифатпарварларнинг илғор фикрлари, дастурларида ифодаланган қарашлари бугунги кунда мамлакат тараққиёт концепцияси – озод ва обод Ватан, фаровон ҳаёт, эркин демократик жамият барпо этишда ўз ифодасини топмоқда. Жамиятимизда турли қатлам, миллат ва дин вакиллари ўртасида уйғунликни таъминлайдиган механизмнинг шаклланиши эса сиёсий ҳаётда кўппартиявийлик тамойилини янада мустаҳкамламоқда.

Маърифатпарварларнинг миллий қадрият, анъаналар, миллий ўзликни англаш борасидаги илғор фикрлари партиялар дастуридаги миллатнинг маънавий бирлиги, миллий қадриятлар, илмий-техникавий тараққиёт ва интеграция, замон кишиси каби ҳаракат йўналишларида мужассамлашган.

Шунингдек, маърифатпарварларнинг жамиятда мулкдорлар қатламининг имконият ва салоҳиятларидан оқилона фойдаланиб, уларни миллатнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий тараққиётига жалб қилиш борасидаги илғор фикрлари ҳам партиялар дастурида ўз аксини топган. Булар тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун барча шарт-шароитларни яратиш, мақсадларини амалга оширишга қаратилган дастурлар тузиш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш кабилардир.

Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, ижтимоий адолат, миллатга муносабат, маърифатпарларининг асосий ғояларидан бири эди. Бугунги кунда партиялар жамиятда тенглик, бирдамлик ва ижтимоий адолат каби демократик тамойилларининг устувор бўлишига ҳаракат қилмоқдалар. Чунки булар ўз мазмун-моҳияти билан миллий тараққиётимиз ва миллий ғоямиз мақсад ва манфаатларига ҳамоҳангдир. Бундай ғоялар бугунги жамиятимиз барқарорлиги ва тараққиётига хизмат қилаётган миллий ғоянинг ажралмас қисми сифатида ёки кўплаб демократик институтлар, жамоат бирлашмаларининг маслаги сифатида ҳам кўзга ташланмоқда ҳамда ижтимоий-сиёсий жараёнларда ўз ифодасини топмоқда.

Шундай қилиб жамиятда ижтимоий адолат ўрнатиш, инсон ҳуқуқлари ва эркини таъминлаш, маънавият ва маърифат қарор топган жамиятни яратишдек мақсад маърифатпарвар аждодларимизнинг қарашлари билан ҳамоҳангдир.

Буларнинг ҳаммаси миллий тараққийпарвар кучларнинг озодлик, мустақиллик учун олиб борган саъй-ҳаракатлари изсиз кетмаганидан, ҳозирги кунда улар халқимиз учун ўз аҳамиятини йўқотмаганидан мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-маърифий тараққиётига хизмат қилаётганидан далолат беради. Шу боис буюк аждодларимизнинг илмий, маданий-маърифий ҳамда маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, уларни бугунги илғор тажрибалар билан уйғунлаштирган ҳолда амалда татбиқ ва тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этади.

Фатҳулла Эргашев, тарих фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 4-сон.

———————-

[1] Галузо П.Г. Туркестан-колония. Москва,1929. С. 66.

[2] Турсунов Х.Т. Восстание 1916 г. В Средней Азии и Казахстане. Ташкент, 1962. С.143.

[3] Каримов И.А. Биздан озод ва обод Ватан қолсин. Т.: «Ўзбекистон» – 1996,37-б.