Ҳаёт турфа жумбоқларга бой. Одамзоднинг тафаккури юксалиб, маданий савияси ошиб борган сари ихтилофлар, зиддиятлар, тўқнашувлар камайиши керак эди. Аммо парадоксни кўрингки, колониализм юзйиллиги саналган XX асрдан – интеллектуал билимлар юзйиллиги саналган XXI асрга ўнлаб қуролли тўқнашув ва ихтилофлар мерос бўлиб ўтди.
“Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил!”
Дунёдаги геосиёсий вазият чиндан-да мураккаб, қалтис. Айрим мамлакатлар улкан денгиздаги ожиз қайиқчадек қалқиб, чайқалиб турибди. Халқлар ўртасида нифоқ уруғини тарқатаётган корчалонлар қанча! Муайян минтақада уруш гулханини ёқиб унинг тафтида исинишга ишқибоз ишбузуқилар сонмингта! Фитна-фасод ёйиб, мамлакатларни парчалаб ташлашга кўз тиккан гардкамчилар саноқсиз!
Хатарли жиҳати, она сайёрамизнинг турли минтақаларида миллий ихтилофлар ҳамон сақланиб қолаётир. Образли қилиб айтганда, Ер юзи миналаштирилган ҳарбий майдонни эслатади. Билиб-билмай қадам ташлаш оқибатида тупроқ остида кўмилган бирор минани лоп этиб босиб олиш ҳеч гап эмас!
Бир вақтлар улкан ҳудудни идора қилган империялар бошқарувни осонлаштириш учун халқлар ва миллатлар орасига низо уруғини сепганди (Машҳур “Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил!” қоидаси ёдингизга тушгандир!). Бугун эса империялар меросхўри бўлган “суперсалтанатлар” – геосиёсатнинг катта ўйинчилари миллий ва этник ихтилофларни кучайтиришга зўр бермоқда. Мақсад эса ўша-ўша: дунёга эгалик ҳирси, гегемонлик кайфияти! 1950-1953 йилларда Корея ярим оролида кечган ва бир миллатни етти ёт бегоналарга айлантириб қўйган урушни эсланг! Вьетнамда салкам йигирма йил (1957-1975) давом этган қирғинбаротни ёдга олинг! “Cовуқ уруш” деган совуқ ном билан тарихга кирган мудҳиш пойга туфайли қанча миллатлар бошига кулфат ёғилди, қанча одам катта салтанатлар қўлида қуролга айланди.
Саноқсиз урушларни кўравериб сочи оқарган мўйсафид дунё бугун ҳам осойишта нафас олиш бахтидан мосуво. Ҳали у-ҳали бу минтақада авж олаётган миллий-этник зиддиятлар кўзда ёшдек қалқиб турган жаҳондаги вазиятни баттар издан чиқараётир.
Ҳарбий аралашув ортидан беқарорлик ўчоғи айланган Ироқда сунний ва шиа ихтилофи авж олган. Европа ва Осиё кесишган стратегик нуқтада жойлашган Туркияда курдлар муаммоси кун тартибида турибди. Иқтисодий етакчилик борасида АҚШ билан дадил рақобатлашаётган Хитойда Тибет ва Шинжон-Уйғур масаласи вақти-вақти билан бўй кўрсатмоқда. Бир пайтлар яхлит мамлакат саналган Судан айнан миллий-этник зиддиятлар сабабли 2011 йилда иккига ажралиб кетди. Салкам уч йилдан буён уруш майдонига айланиб қолган Сурияда келишмовчилик ва зиддиятлар охир-оқибат фуқаролар урушига уланиб кетди; ўзаро қирғинда минглаб одамларнинг ёстиғи қуриди, ака укага, ота ўғилга ғаним бўлиб қолди. Фаластин-Исроил зиддияти ҳақида айтмасак ҳам бўлади. Замонавий тараққиёт ўчоғи деб баҳоланадиган Европанинг ўзида грек-турк (Кипр), серб-албан (Косово) этник зиддиятлари, шунингдек, қатор ҳудудий можаролар (масалан, Венгрия-Словакия) ҳамон сақланиб қолмоқда.
Миллатпарварлик бошқа, миллатчилик бошқа!
Тарихдан маълум, муайян элат вакилларининг ҳақ-ҳуқуқи поймол этилган ҳолатларда миллий-этник зиддиятлар юзага келади. Яъни нотенг муносабат, миллатчилик кайфияти ихтилофлар эшигини ланг очиб юборади. Баъзида эса миллий низо диний-эътиқодий тўқнашувлар билан уйқаш бўлиб кетади. Бунга Фаластин, Панжоб ва Кашмир мисол. Оз сонли миллатларга “иккинчи нав” кишиларидек муносабатда бўлиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар остида қолиши зиддиятни чуқурлаштиради. XX аср охирида инсоният тарихига шармандали воқелик сифатида битилган Болқон можаросининг туғилишига ҳам шу каби омиллар доялик қилганди. Сирасини айтганда, нобоп сиёсат, давлат ҳокимиятининг заифлиги ва нўноқлиги тутаб турган оловга мой сепгандек таъсир кўрсатади. Мьянмадаги хунрезликлар, қатор ривожланган давлатларда меҳнат муҳожирларига беписанд муносабат сабабларини ҳам шу омилдан қидириш тўғрироқ бўлади.
Миллий-этник низоларни фақат иқтисодий-ижтимоий дискриминация билан изоҳлаш ҳам тўғри эмас. Каталония, Квебек ёки Шимолий Ирландияни олинг. Ҳарқалай, басклар ё ирландлар қорни оч қолганидан курашга чиқмагани аниқ.
Бугунги кунда айрим мамлакатларда ксенофобия кайфияти кучаймоқда, хорижликларга, хусусан, меҳнат муҳожирларига тоқатсизлик авж олмоқда (Таҳлилчилар янги давр воқелигини “мигрантофобия” деб атамоқдалар). Бу ҳолат қон тўкилишларига олиб келаётгани чатоқ! Оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб турибмиз, қатор давлатларда (улар орасида ривожланган мамлакатлар ҳам бор!) миллатчилик кайфиятидаги ёш-яланг кўча-кўйда йўқ ердан жанжал уюштириб, меҳнат муҳожирларини калтаклаши, таҳқирлаши кўпайгандан-кўпайди. Баъзида мезбон мамлакат ҳуқуқ идоралари миллатчи гуруҳларнинг “тараллабедод”ларини кўриб кўрмасликка олаётганига нима дейсиз! “Фалон мамлакат – фалон миллатники!” қабилидаги бузғунчи шиорларни байроқ қилиб, миллий, ирқий низо қўзғаётган жиноий тўдаларнинг урчиб кетгани, чиндан ҳам, хавотирли.
Узоққа бориб нима қилдик, жорий йил октябрь ойида Россияда рўй берган “Бирюлево воқеаси”ни эсга олайлик. 2013 йилнинг 10 октябрида Москва области Бирюлево туманида Егор Щербаков исмли йигит чавақлаб кетилди. Оммавий ахборот воситаларидаги нохолис тарғибот ва арбобларнинг ғирром баёнотлари туфайли биргина қотиллик ортидан ўнлаб, юзлаб жиноятлар содир этилди. Рус миллатига мансуб йигитнинг “келгинди” томонидан ўлдирилиши кескин норозиликларга сабаб бўлди (Аслида, жиноятчи ким экани ҳали қонунан исботланмаганди, аммо оммавий ахборот воситалари айбсизлик презумпциясига зид равишда суддан ҳам аввал ўзи жиноятчини топиб, унинг устидан ҳукм чиқариб қўя қолди!). Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади. Миллатчилик кайфиятидаги аҳоли гуруҳи Марказий Осиё ва Кавказдан келган одамларнинг “таъзирини бериб қўйиш учун” уларни калтаклаш, дўппослашга тушди.
Боя айтганимиздек, миллий-этник низолар илдизини биринчи навбатда сиёсий бошқарув ва мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатдан қидирган маъқул. Россия Фанлар академияси Социология институтининг ксенофобияни ўрганиш сектори мудири, социология фанлари доктори Владимир Мукомелнинг фикрича, “Бирюлево воқеаси” меҳнат муҳожирларига норозиликдан эмас, балки қалашиб ётган ва маъмурият ҳал қилиб бермаган ижтимоий муаммолар туфайли юзага келган.
Россиядаги “Сова” ахборот-таҳлил маркази раҳбари Александр Верховскийнинг хавотир билан қайд этишича, охирги 13 йилда ўтказилган ижтимоий сўровлар Россиянинг ярим аҳолиси дискриминация характеридаги шиорларни қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Айниқса, Москвадаги аҳвол хавотирли: ксенофобия кайфияти мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қараганда пойтахтда кучайиб кетган.
Миллатпарварлик ва миллатчилик бошқа-бошқа тушунчалар. Инсон ўз миллатини улуғлаш учун бошқа миллатни оёқости қилиши шарт эмас. Қолаверса, дунёдаги барча миллат ва элатлар бир отанинг пуштикамаридан бўлган қондошлар эканини унутмаслик керак.
Де Клавихонинг эътирофи
Ўзбек халқи зеҳниятида, менталитетида бошқа миллатларга тоқатсизлик йўқ. Шунинг учун ҳам икки дарё оралиғида қадимдан турли халқ ва дин вакиллари ягона оиладек аҳил-иноқ яшаб келган, бир майизни тенг бўлишиб еган, бир булоқдан сув ичган, бир ҳаводан нафас олган. Маданиятлар ва тамаддунлар чорраҳаси саналган Ўзбекистон ҳудудида ислом, насронийлик, яҳудийлик ва буддавийлик цивилизациялари ёнма-ён тараққий этган. Асрлар мобайнида мамлакат ҳудудидаги йирик шаҳарларда масжид, черков ва синагогаларнинг мавжуд бўлгани, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларни эркин адо этиб келгани бунинг тасдиғи.
Толерантлик нима? Ўзлигини, ўз тарихий илдизини англаган миллатнинг бошқа миллат вакилларини камситишга йўл қўймаслиги, улар билан тинч-тотув ҳаёт кечириши! Толерантлик – ўзбек халқига хос, унинг фитратида мавжуд бўлган фазилат. Улуғ давлат арбоби Амир Темур ўз “Тузуклар”ида қўл остидаги барча элатларни тенг кўргани, барлосни татардан, татарни наймандан, найманни юздан устун қўймаганини ёзади. Соҳибқирон ҳузурига Кастилия қироли Дон Энрико IIIдан элчи бўлиб келган Руи Гонсалес де Клавихо ўз хотираларини кейинчалик “Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги” (1403-1406 йиллар) деган ном билан эълон қилган. Мазкур кундалик ўз даврида Соҳибқирон ҳукмронлигига оид қимматли манба сифатида Европада қайта-қайта чоп этилган. Де Клавихонинг гувоҳлик беришича, Амир Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғиб, уларга илтифот ва марҳамат кўрсатган. Масалан, насронийликка эътиқод қилувчи меҳмонларнинг турли эҳтиёжларини адо этиш учун алоҳида масъул шахс тайинлаган, улар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашни уқтирган.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳам ўлмас асарлари орқали миллатлараро тотувликни тараннум этган. Бу ўринда биргина далил – ҳазрат Навоийнинг шоҳ асари саналган “Хамса” достони қаҳрамонлари турли миллат вакиллари экани (форс, хитой, арман, юнон, араб, турк)ни эслаш кифоя.
Ўзбекистон ҳудудида асрлар мобайнида турфа миллат вакиллари тотув ҳаёт кечириб келган. Тарихий маълумотларга қараганда, 1897 йилда бугунги Ўзбекистон ҳудудида 70 га яқин миллат вакили истиқомат қилган. Икки дарё оралиғидаги саховатли замин бошига кулфат ёғилган турфа миллатларга бошпана берган. Тошкент 1921 йилда Волгабўйида очликдан ҳалок бўлаётганларнинг жонига ора кирган. ХХ асрнинг 30-40 йилларида оммавий қатағон пайти Сталин 3 миллиондан ошиқ турли миллат вакилларини (улар сафида ингушлар, чеченлар, немислар, қалмиқлар, болқорлар… бор эди) бошқа ўлкаларга мажбурий кўчирган. Ўша пайтда қрим татарлари, корейслар ва бошқа миллат вакиллари Ўзбекистонга келган.
Иккинчи жаҳон урушида ҳам Ўзбекистон турли миллат вакилларини қучоқ очиб кутиб олган. Урушда ярадор бўлган аскарлар, собиқ иттифоқнинг турли ўлкаларида яшаган зиёлилар, шунингдек, эвакуация қилинган заводлар шу ерга келтирилган. “Меҳмон отангдек улуғ” нақлини дастуриламал деб билган маҳаллий аҳоли сўнгги бурда нонини ўзи емай, меҳмонига едирган. “Тошкент – нон шаҳри”, “Тошкент – дўстлик шаҳри” деган таъриф-тавсифлар ўша даврдан қолган. “Донингни еган чумчуқ қайтиб келар Маккадан, Тошкент!” деган мақтовлар ўша даврдан қолган.
Миллатлараро тотувлик хусусида сўз борар экан, тилларда достон Шомаҳмудовлар хонадонини эсламасликнинг иложи йўқ. Оддий темирчи ва унинг меҳрибон рафиқаси Иккинчи жаҳон уруши даврида турли миллатга мансуб ўн беш нафар етим болани ўз фарзандидек оқ ювиб-оқ тарайди. Шомаҳмудовларнинг юксак инсонийлиги ёзувчи Раҳмат Файзийнинг “Ҳазрати инсон” романида, таниқли режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг “Сен етим эмассан” фильмида маҳорат билан тасвирланган.
Фитначилар чапак чалиб қолди!
Собиқ шўролар давлати 1924 йилда Марказий Осиё давлатларида чегаралаш сиёсати олиб борган. Моҳият эътиборига кўра мустамлакачи давлат саналган шўро империяси Марказий Осиё ҳудудидаги ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик миллатларини миллий-этник асосда республикаларга бўлар экан, ихтилоф ва зиддиятлар чиқаришни ҳам мўлжаллаган эди. Зотан, миллий-этник низолар чиқариш барча мустамлакачи давлатларга хос бўлган “касаллик” – сиёсий усулдир. Лекин Марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбек халқининг оғир-вазминлиги, бағрикенглиги туфайли миллий низолар чиқариш йўлидаги бир қанча уринишлар чиппакка чиқди. Хусусан, 1989 йилда ҳам Ўзбекистон ҳудудида миллий зиддиятлар уюштиришга ҳаракатлар кузатилди. Аммо мамлакат раҳбарияти юзага келиши мумкин бўлган улкан зиддиятнинг олдини олиб қолди. Айрим сиёсий кучлар 2010 йилнинг июнида Ўзбекистонни яна бир миллий-этник зиддиятга тортмоқчи бўлишди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов яна босиқлик, вазминлик билан қирғинни бартараф этди. Ислом Каримовнинг Қирғизистонда бошланган ва ташкилотчилар режасига кўра, Ўзбекистонга ҳам ёйилиши керак бўлган фитнани бартараф этишдаги хизматини дунё ҳамжамияти эътироф этди. Фитначилар яна чапак чалиб қолаверди!
Дунё давлатлари аҳолиси миллий таркибига кўра икки гуруҳга бўлинади: моноэтник (бирмиллатли) ва полиэтник (кўпмиллатли). Ўзбекистон миллий таркибига кўра иккинчи гуруҳга – кўпмиллатли давлатлар қаторига киради. Ҳозир Ўзбекистонда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшаб, меҳнат қилмоқда. Уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши учун барча шароитлар яратилган. 15 диний конфессияга мансуб юзлаб диний ташкилот эркин фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, деб аниқ белгилаб қўйилган. Асосий Қонуннинг 4-моддасида эса “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таьминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, дейилган. Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатнинг доимий эътиборида. Умумий ўрта таълим мактабларида етти тилда (ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман, қозоқ ва тожик тиллари) билим берилаётгани, оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллатларнинг ўнта тилида фаолият олиб бораётгани бунинг амалдаги ёрқин ифодаси.
Барча миллат вакиллари давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий жараёнларда эркин иштирок этмоқда. Сенат аъзолари, Олий Мажлис қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари, ижроия ҳокимияти, йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари орасида турли миллат вакиллари бор.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг оз сонли миллатлар бўйича олий комиссари Кнут Воллебек Ўзбекистонда бир неча марта меҳмон бўлди, турли миллий маданий марказлар фаолияти билан танишди. Хусусан, 2012 йилги ташриф чоғида ЕХҲТ комиссари Ўзбекистонда оз сонли миллат вакилларининг таълим олиши, ўз қадрият ва анъаналарини ривожлантириши учун керакли шароитлар яратилганини ижобий баҳолади.
“…иш эмас душманлиғ”
Ўзбекистондаги турли миллат вакиллари ўз қадриятларини кўз қорачиғидек асраш имконига эга. Бутун мамлакат Наврўзни қанчалик кўтаринкилик билан байрам қилса, славянлар Масленицасини, татарлар Сабантўйини эмин-эркин нишонламоқда. Мусулмонлар Ҳайитни қанчалик уюшқоқлик билан байрам қилса, насронийлар Пасха ва Рождествони, яҳудийлар Пейсах ва Пуримни эмин-эркин нишонламоқда.
Биргина Тошкентда қорақалпоқ халқининг Бердақи, гуржи халқининг Руставелиси, рус халқининг Пушкини, озар халқининг Ганжавийси, қозоқ халқининг Абайи, ҳинд халқининг Шастрийсига қўйилган муаззам ҳайкалларни кўриш мумкин. Азим пойтахтнинг энг гавжум ва гўзал масканларида қад ростлаган ушбу санъат обидалари ҳам миллатлараро дўстлик ва аҳилликни тараннум этаётгандек. Дарҳақиқат, этни тирноқдан ажратиб бўлмаганидек, Ўзбекистондаги бир-бирига дўсту қардош миллатларни ҳам парчалаб бўлмайди!
Жаҳонда миллий-этник муносабатлар мураккаблашиб, энг илғор давлатларда ҳам оз сонли миллат вакилларини камситиш, хўрлаш ва сиқиб чиқариш ҳолатлари кузатилаётган бир пайтда, шукурки, Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари аҳил яшамоқда. Кўзга тўтиё қилса арзийдиган бундай дўстона муҳитни асраб-авайлашга ҳар биримиз масъулмиз. Албатта, халқ анойи эмас, ҳамма нарсага лаққа ишонавермайди, машъал тутган ҳар қандай одамнинг ортидан чароғбон деб эргашиб кетавермайди. Аммо айрим оммавий ахборот воситалари қилдек айбни филдек қилиб кўрсатишга уринаётгани, зўр бериб миллий ихтилофлар чиқаришга ҳаракат қилаётганига хотиржам қараб турмаслик керак.
Бугун одамзоднинг тафаккури тўлишиб, ҳатто коинотни тадқиқ этмоқда. Инсонларни ирқи, миллати ва эътиқодига кўра тоифага ажратиш илғор фикрли XXI аср кишисига ярашмайди. Дунёни қонга ботирган Гитлер, Муссолини каби миллатчи мустабидлар тарихда қолди. XXI аср – соғлом фикрлар, илғор ғоялар ва эзгу амаллар асри! Бир пайтлар улуғ ёзувчи Фёдор Достоевский “Дунёни гўзаллик қутқаради” деган эди. Бугун забардаст романнависнинг фикрини андак ривожлантириб, “Дунёни соғлом фикр ва бағрикенглик қутқаради” дейиш мумкин.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий ўлмас шоҳбайтларидан бирида шундай деганди:
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш.
Ҳазрат Навоий юз карра ҳақ! Дунёнинг турли минтақаларида жазавага тушиб миллатчилик шиорларини кўтариб чиқаётган, барча инсонлар Одам Ато наслидан эканини унутиб, қўлини қонга ботираётган “замона қаҳрамонлари” ҳам буни билса эди!..
Камол Салимов