Арнольд Жозеф Тойнби. Цивилизациялар инқирози

Буюк британиялик машҳур тарихчи олим, файласуф, социолог ва сиёсатшунос Арнольд Жозеф Тойнби (1889-1975)нинг ўн икки жилдли “Тарих тадқиқоти” асари жаҳоннинг ўнлаб тилларига таржима қилинган. Муаллиф мазкур асарни 1927 йил ёза бошлаган ва 1966 йил якунлаган.

А.Тойнбининг тадқиқот усули ўзига хос. Олим инсоният тарихини цивилизациялар тарихи сифатида ўрганади ва талқин қилади. Муайян бир давлат ёки халқ тарихини ўша мамлакат ёки миллатнинг қайси цивилизацияга мансублиги нуқтаи назаридан тадқиқ этади. Цивилизациянинг пайдо бўлиши, ривожланиши, инқирозини ички ва ташқи таъсирлар асосида таҳлил қилар экан, бу жараёнларга файласуф дунёқараши билан ёндошади. Воқеалар ривожи кўплаб тарихий ҳодисалар, давлатлар, сулолалар ва шахслар фаолияти мисолида ўрганилар экан, жараён силсиласи тадрижийлик, даврийлик, кетма-кетлик унсурларидан холи бўлганлиги боис ҳам асар тили, баёни ўқувчида дастлаб бироз мураккабдек таассурот уйғотади. Бироқ асарнинг ичи ва руҳига кириб борганингиз сайин, гўё китоб қулфига калит топгандек бўласиз. Шу боис, кўплаб тарихчи ва файласуфлар А.Тойнби тарих тадқиқида ўзига хос концепция ва усул яратганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишади.

Олим кескин иқлим, қўшни жамиятларнинг ҳамласи, ташқи кучларнинг босими ва жамият ичида яратувчилик, ижодкорлик, аниқ мақсад сари интилишга қаратилган ҳаётий қувватнинг йўқолишини цивилизацияларга таҳдид деб ҳисоблайди.

А.Тойнби, ўн икки жилдли китобининг қисқача мазмуни, асосий ғоя ва хулосалари асосида бир жилдли вариантини ҳам тайёрлаган. Қуйида ана шу китобнинг 2009 йилги нашри асосида айрим бобларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Таржимондан

 

ТАРИХ ТАДҚИҚОТИ

ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАР ИНҚИРОЗИ

Мухтасар кузатиш

Цивилизациялар синиши муаммоларидан уларнинг инқирози муаммоларига ўтар эканмиз, худди цивилизациялар пайдо бўлишидан ривожланишига ўтиши муаммоларига ўхшаш ҳолатга дуч келамиз. Инқироз янги, мустақил аҳамиятга эга ҳодисами ёки уни синишнинг табиий ва шак-шубҳасиз оқибати деб ҳисоблаймизми? Бу саволга, яъни юксалиш, ривожланиш муаммоси пайдо бўлиш, вужудга келиш масаласидан фарқли, янги ҳодиса эканига шаклланган, лекин ривожланмай “тўхтаб қолган” ёки “кечиккан” цивилизациялар мавжудлигини кашф қилиб ижобий жавоб топдик.

Айрим цивилизациялар синишдан кейин худди шунга ўхшаш “тўхтаб қолиш”ни бошдан кечириб, узоқ давом этадиган “тошқотиш” даврига қадам қўйишади.

Бундай тамаддунларга ёрқин мисол сифатида Миср жамиятининг баъзи бир даврларини келтириш мумкин. Миср жамияти эҳром бунёдкорларининг оғир юки остида илк бор синган бўлса, кейинчалик “ноиттифоқлик даври”, универсал давлат ва подшоҳликлар оралиғида инқирозга юз тутди.

Бу тарихдаги ягона мисол эмас. Узоқ Шарқ жамиятининг асосий ўзаги бўлган Хитой тарихида, инқироз жараёни “ноиттифоқлик даври”дан универсал давлат сари табиий ўзанда IX асрнинг охирги чорагида Тан империяси парчаланиши оқибатида кечганди. Мўғулларнинг Узоқ Шарқдаги универсал давлатига қарши Мин Хун-ву сулоласи асосчиси бошчилигидаги жанубий Хитой қўзғолони Миср универсал давлати қолдиқлари устида гиксослар барпо этган “ворис давлат”га қарши Яхмоснинг XVIII сулоласи асосчиси раҳбарлигидаги Фиван исёнини эслатади.

“Антик даврнинг жуда машҳур икки миллати руҳи олий даражада мумтозлиги ва алоҳидалиги билан ажралиб туради. Гап шундаки, юнонлар фақат ўзларига тан беришган бўлса, римликлар ўзлари ва юнонларга ишонарди. Бунинг натижасида фикр торайди ва бир-бирига ўхшаб қолди. Бу икки миллатнинг ақл-тафаккури, образли қилиб айтганда, “қариндош-уруғ ўртасида тузилган никоҳ”дек бир-бири билан чатишиб кетди. Оқибатда эса, фикр пуштсизлиги ва насл бузилиши вужудга келди. Цезарларнинг мустабидлиги, империянинг бошқа халқларига нисбатан беписанд муносабати зулм ва ёмонликларни кучайтириб юборди. Исо Масиҳ туғилгандан кейинги III аср охирида инсоният келажаги жуда нурсиз кўриниш олди.

Жамият узоқ давом этадиган емирилиш, куч-қувватдан қолиш, маънавий тубанлик, фалажлик хавфи остида қолганди. Узоқ асрлар давомида ҳеч нарса, яъни зарур нарсаларни ўрганмаган ва ҳеч нарса, яъни кераксиз нарсаларни эсдан чиқармаган Диоклетиан ва Хитой фуқаролари ўртасида кўплаб ўхшаш хусусиятларни топиш унчалик мушкул эмасди. Бу ерларда бошқарув шакли, таълим ва бутун ҳаёт тарзи маросим монанд эди. Худди ерга кўмилган танга кўпаймагандек, билим ўсишдан тўхтаб қолди. Ҳайкалдек қотиб қолиш турғунлик даврига бири ичкарида, бошқаси ташқарида ҳосил бўлган – маънавий ва сиёсий – буюк икки инқилоб барҳам берди” (Macaulau T.B. Essau on “Historu”).

Рим империяси турғунлик давридан халос бўлганлиги учун, Маколейнинг фикрича, икки куч – черков ва варварлардан миннатдор бўлиши керак. “Бизга анархия эмас, мустабидлик, маънавий эркинликни йўқотиш, тоталитар давлат, янада очиқроқ айтганда, умумжаҳон тоталитар давлати хавф солмоқда, деб ўйлайман. Миллатлар ва синфлар ўртасидаги кураш натижасида ўтиш даври сифатида вақтинчалик, ички анархия бошланиши мумкин. Анархия моҳият эътибори билан ниҳоятда мўрт бўлганлиги учун ҳам қадимги дунёда илмий билимларга, рационал ташкилотга эга ҳар қандай пухта уюшган гуруҳ бошқалар устидан ўз ҳукмронлигини ўрната билган. Дунё анархияга муқобил сифатида мустабид давлатни маъқул кўриши мумкин. Бундай шароитда дунё маънавий “тошқотиш” даврига кириши эҳтимолдан холи эмас, бу ҳолат инсон руҳининг олий фаолияти учун ўлим билан баробар.

Бундай тоталитар давлатда фалсафа ва поэзиянинг овози бўғилса-да, мудом янги кашфиётларга йўл очадиган илмий тадқиқотлар давом этади, деб ўйлайман. Юнон фани учун Птоломей подшолиги бегона эмас эди. Табиий фанлар мустабид тузумда ҳам гуллаб-яшнаши мумкин. Ҳукмрон гуруҳлар манфаати йўлида уларнинг ҳокимиятини кучайтирувчи воситалар ривожига кенг йўл берилади. Назаримда, ҳозирги биродаркушлик остонамизда турган кулфатдир” (Доктор Эдвин Бивеннинг муаллифга ёзган хатидан).

Юқоридаги мулоҳазалардан кўриниб турибдики, цивилизациялар инқирози анчайин муаммоли масала ва шу боис мазкур мавзуни тадқиқ қилиш зарурати мавжуд.

Цивилизация тараққиётини тадқиқ қилиш давомида “таҳдид ва жавоб”дан иборат изчил намойиш қилинган драмага дуч келдик. Бир намойиш ортидан иккинчисининг келиши сабаби шундаки, ҳар бир жавоб нафақат тез-тез такрорланадиган таҳдидни муваффақиятли бартараф қилди, шу билан бирга янги таҳдид юзага келишига ҳам кўмаклашиб юборди. Бу эса охир-оқибат яна муаммонинг ижобий ечим топишига олиб келарди.

Биз цивилизациялар ривожи жараёнини тадқиқ қилишни ривожланиш мезонини излашдан бошладик. Шу боис, инқироз жараёнини тадқиқ қилишда ҳам шу йўлдан борамиз. Инсон ва табиат муҳити устидан ҳукмронликни кучайтириш ривожланиш мезони эмас, деган тўхтамга келар эканмиз, энди адолат юзасидан айтишимиз лозимки, бундай ҳукмронликни йўқотиш инқироз сабаби ҳам бўлолмайди. Тўпланган маълумотлар муҳит устидан ҳукмронликнинг ошиб бориши ривожланишга эмас, аксинча, инқирозга олиб келишидан дарак бермоқда. Милитаризм – синиш ва инқирознинг умумий хусусияти – жамият хукмронлигининг ошишида кўпинча самарали восита бўлади. Синган цивилизацияларнинг таназзул йўлига нисбатан файласуф Гераклитнинг “Уруш – ҳамма нарсанинг отаси” деган фикри узукка кўз қўйгандек ярашиб тушиши мумкин. Масалан, Александр Македонскийнинг босқинчилик урушлари давомида қўлга киритган ҳамма нарсаси ворислари томонидан фуқаролар урушига ишлатилди, эрамизга қадар II асрда Рим босқинчилари тўплаган бойлик ҳам охирги юз йилликда содир бўлган ички урушларга сарфланди.

Демак, инқироз жараёнининг биз илгари сураётган мезонларини бошқа жойдан излаш зарур. Инқирозга олиб келадиган синишнинг ўзак сабаби ва шаксиз мезони ички келишмовчиликлар бўлиб, ана шу туфайли жамият ўз тақдирини ўзи белгилаш лаёқатини йўқотади.

Ноиттифоқлик қисман намоён бўладиган ижтимоий ихтилофлар синаётган жамиятни бир вақтнинг ўзида икки йўналишда ичидан емиради. Биринчиси – ҳудуд жиҳатидан жамоаларга бўлинганлар ўртасида “вертикал” ихтилофлар, иккинчиси – ҳудуд ичида бир-бири билан қўшилиб кетган, лекин ижтимоий синфларга ажралган “горизонтал” бўлиниш ва ихтилофлар.

“Вертикал” ихтилофда ўзаро ички урушлардаги жиноятларга нисбатан кўнгилчанлик қилиш ўз-ўзини маҳв этишга кенг йўл очганлигини кўрамиз. Бироқ бу ихтилоф цивилизацияларни синишга олиб келган энг характерли келишмовчилик эмас. Чунки жамиятнинг маҳаллий жамоаларга бўлиниши, истаймизми-йўқми, барча халқлар – ривожланганига ҳам, тараққиётдан орқада қолганига ҳам хос хусусиятдир. Ўзаро уруш эса ҳар қандай вақтда ҳар қандай жамият осон уддасидан чиқадиган ўз-ўзини вайрон қилишни суиистеъмол қилишдир. Бошқа томондан, “горизонтал” ихтилоф фақат цивилизацияларгагина хос хусусият эмас. Бу ҳодиса цивилизациялар синиши ва инқирози пайтида ҳам содир бўлиб туради. Ихтилофнинг мазкур типи хусусида гап кетганда, Рим империясининг шимолий чегаларида Ғарбий Европадаги черков ва варварларнинг кўплаб қуролли отрядлари ўртасидаги тўқнашувларни эсга оламиз. Бу икки қутб – қуролли отрядлар ҳам, черков ҳам ғарб ижтимоий тизимини ўзида мужассам этмаган ижтимоий гуруҳлар томонидан вужудга келтирилган. Биз черковга эллин жамиятининг ички пролетариати, варварларнинг қуролли отрядларига эса ташқи пролетариати, деб таъриф бердик. Бу икки пролетариат эллин жамияти яратиш қобилиятини йўқотган, тараққиёт орқага кетган, “ноиттифоқлик даври” ҳукм сураётган, ихтилофлар авжига чиққан бир шароитда пайдо бўлди. Масала моҳиятига чуқурроқ кирсак, эллин ижтимоий тизими ҳукмрон табақаси характерида содир бўлган ўзгариш ихтилофга олиб келганига гувоҳ бўламиз. Зўравонликка асосланган универсал давлатнинг камчиликни ташкил қилувчи ҳукмрон табақаси ўз-ўзини гўё улкан тошбақа косаси тагига ҳибс этди. Бу улкан коса тагида черков ўсиб, кучайиб борар экан, варварларнинг қуролли отрядлари “коса”нинг ташида тирноқларини чархлаб, ҳарбий машқларга зўр беради (Муаллиф Рим империясининг охирги даврини ана шу тошбақа косасига ўхшатиб, уни ичидан черков, ташқаридан варварлар емирган деган хулосага келади – тарж.).

Энди эллин жамияти мисолида мавжудлигига ишонч ҳосил қилганимиз – ҳукмрон озчилик, ички ва ташқи пролетариат – уч гуруҳни чуқур умумлаштириб таҳлил қилиш биринчи қадамимиз бўлади. Юқоридаги мисоллардан синган жамият парчаланишига унинг тўқимаси “горизонтал” ихтилофлар туфайли узилиб кетиши сабаб бўлгани кўриниб турибди. Ажабланарлиси шундаки, инқироз, синиш, ихтилофларни ўрганиб, бир қарашда соғлом ақл ва мантиққа тўғри келмайдиган хулосага келдик. Яъни, ана шу мураккаб жараёнлар туфайли “янгидан туғилиш, тикланиш, ҳаёт” ёки “Палингез” бўй кўрсатади.

 

ИЖТИМОИЙ ТИЗИМДАГИ ИХТИЛОФ

Ҳукмрон озчилик

Ихтилоф ёмон ҳис-ҳаяжондан илҳомланган икки салбий ҳаракатнинг маҳсули экани ўз-ўзидан аён. Биринчидан, гарчанд лойиқ бўлмаса-да, ҳукмрон озчилик кучга таяниб, ўз имтиёзларини сақлаб қолишга уринади. Бундай ҳолатда пролетариат адолатсизликка қаҳр-ғазаб билан, қўрқитишга нафрат билан, зўравонликка зўравонлик билан жавоб қайтаради. Бироқ барча ҳаракатлар ижобий ва ижодий ҳодиса билан: универсал давлат, бутун жаҳон черкови ва варварларнинг жанговар отрядлари вужудга келиши билан якунланди.

Шундай қилиб, ижтимоий ихтилоф шунчаки келишмовчилик ва бундан ортиқ ҳам эмас. Ҳаракатни кенг кўламда кузатар эканмиз, унинг бағрида ихтилофлардан кейин “палингез” бошланишини кўрамиз.

Бир жойда қотиб қолганлик, бир хиллик ҳукмрон озчиликка хос хусусият бўлгани боис, унинг ичидан ижодий ёндошув, турли-туманликни излаш бефойда. Бу табақа ўзининг бепушт сафига янги маслакдошларни жалб қилар экан, корпоратив бирлик руҳини намойиш этар ва айнан ўз-ўзини маҳв этишни қойил қилганлиги боис ўз-ўзидан кўпаймасди. Лекин бу нарса ҳукмрон озчиликнинг универсал давлат тузишдаги ижодий кучига тўсқинлик қила олмасди. Бу қавм ичида корпоратив бирлик қобиғига маҳкам ёпишиб қолганлардан алоҳида ажралиб чиққанлар ҳам бор эди.

Бундайлар сафига милитарист ва унинг издоши – майда эксплуататорни киритиш мумкин. Эллинлар тарихидан мисол келтирсак. Александр Македонский милитаристнинг ижобий намояндаси бўлса, Цицерон нутқ ва памфлетларида Сицилияни аҳмоқона бошқарганлиги алоҳида таъкидланган Веррес (Гай Лициний Веррес, Рим сиёсий арбоби, мил. авв. 73-71 йиллар Сицилия провинциясини бошқарган. Ўз мансабини суиистеъмол қилиб, порахўрликка берилгани учун судга тортилган. Судда уни қораловчи сифатида Цицерон иштирок этган. Суд жараёни тугамасдан ўз ихтиёри билан қувғинга кетган ва 43 йили Марк Антоний томонидан қатл қилинган – тарж.) эксплуататорларнинг ёмон вакили сифатида майдонга чиқади. Бироқ Рим универсал давлати ўзининг узоқ умри учун милитарист ва эксплуататорлар изидан келган ва уларнинг хато-камчиликларини тузатиб, ўлаётган жамиятга қисқа муддат бўлса-да умр бағишлаган аскар ва амалдорлардан миннатдор бўлмоғи лозим.

Бундан ташқари, эллинлар ҳукмрон озчилиги ичида Рим амалдорлари “ўзим бўлай” демасдан, бошқаларга ғамхўрлик қилувчиларнинг биринчиси ва ягонаси эмасди. Северлар сулоласи даврида стоик (Стоицизм фалсафий таълимоти тарафдори. Матонат ва бардошни тарғиб қилади – тарж.) Марк Аврелийнинг императорлиги тарих саҳифасидан жой олиб бўлганда ва стоик ҳуқуқшунослар стоицизм асарларини Рим Ҳуқуқ фани тилига таржима қилиб тугатганларида Рим бўриларининг Платон соқчи итларига айланишидек мўъжиза юнон фалсафаси туфайли содир бўлган эди. Эллин ҳукмрон озчилигида Рим маъмури (амалдори) бошқаларга ғамхўрлик қилувчиларнинг амалий ишлардаги намояндаси бўлса, юнон файласуфи бу табақанинг мурувватли интеллектуал салоҳияти эди. Рим давлат тизими емирилишига гувоҳ бўлган авлод вакили Платон (203-262)га келиб юнон файласуфлари олтин ҳалқаси узилди. Аслида бу узилиш Суқрот (мил. авв. 470-399 йиллар) замонида эллин цивилизацияси синиши даврида вояга етган авлод ҳаётида бошланган эди. Бу синишнинг фожиали оқибатларини камайтириш юнон файласуфлари ва Рим маьмурлари зиммасига тушди. Файласуфларнинг саъй-ҳаракати маьмурларникига қараганда анча қимматли ва самарали натижага олиб келди. Чунки парчаланиб, инқирозга юз тутаётган жамият ҳаёт тўқимаси билан файласуфлар қалин алоқага эга эдилар. Рим маъмурлари эллин универсал давлати барпо этиш ҳаракатида юрганларида файласуфлар бўлғуси авлодлар учун академия кўринишидаги “Мангу хазина” бино қилишди.

Бошқа синган цивилизацияларда ҳам милитарист ва эксплуататорларнинг шафқатсиз изларидан келган альтурист (бошқаларга ғамхўрлик қилувчи – тарж.)ларнинг олийҳимматлигини кўрамиз. Мисол учун, Хан (мил. авв. 202 – милодий 221 йиллар) сулоласи даврида қадимги Хитой универсал давлатини бошқарган Конфуциан китобсеварлари ўз хизмат фаолиятларида шундай юксак чўққиларга эришдики, улар дунёнинг бошқа бурчагидаги римлик замондошлари билан бир хил маънавий даражада турар эди.

Анд универсал давлатини бошқарган инклар ва “шоҳлар шоҳи” Аҳамонийлар ноиблари томонидан идора қилинган Сурия универсал давлати ҳукмрон озчилигига ҳам алтуристларнинг олийҳиммат кайфияти юққан эди. Буни инклар ва Аҳамонийлар душманлари ҳам тасдиқлашган. Хусусан, испан конкистадорлари инкларга тан беришган бўлса, Геродот асарлари орқали тасвирланган форслар портретида ҳам ижобий бўёқлар жуда қуюқ. Тарихчининг ёзишича, форслар болаларини беш ёшидан йигирма ёшгача уч нарсага: чавандозлик, камондан ўқ отиш ва рост гапиришга ўргатишган. Бироқ юнонлар нуқтаи назаридан форс саховатпешалигига энг юксак баҳони буюк Александр берган. Минглаб македон аскарлари қони ва жасорати эвазига қўлга киритилган ҳукмронликни – форсларни давлат бошқарувига жалб қилиш орқали Александр яна уларнинг ўзига қайтариб берди. Албатта, бу тутум македонияликларнинг ғолиблик туйғуларини ҳақорат қиларди. Лекин шунга қарамасдан бу сиёсатни Александр ўзигагина хос пухталик билан амалга оширди. У форс амалдорларининг қизини хотинликка олди. Жаҳонгир македониялик зобитларни форс аёлларига уйланишга мажбурлаб, бу йўлда ҳам қўрқитиш, ҳам сотиб олиш усулини қўлларди. У форс йигитларини ўз армияси сафига сафарбар ҳам қилди.

Хуллас, ҳукмрон озчилик ўзлари барпо этган универсал давлатларда жуда ижобий из қолдирган. Синиш фаслига кирган йигирмата цивилизациядан ўн бештаси инқироз сари борар экан, бу даврни четлаб ўтолмади. Биз эллинлар универсал давлатини Рим империяси, андларнинг универсал давлатини инклар империяси, қадимги Хитой универсал давлатини Цин ва Хан сулолалари империяси, Шумерлар универсал давлатини Шумер империяси, Вавилон универсал давлатини Янги Вавилон подшоҳлиги, Миной универсал давлатини “Минос талассократияси”, майялар универсал давлатини майя “қадимги империяси”, Сурия универсал давлатини Аҳамонийлар империяси, ҳинд универсал давлатини буюк Мўғуллар империяси (ғарб илмида ёйилган одатга кўра, бобурийлар сулоласини муаллиф шундай номлайди – тарж.), рус-православ универсал давлатини Москва давлати, православ универсал давлати танасини Усмонли турклар империяси, Узоқ Шарқ дунёси универсал давлатини Хитойдаги Мўғуллар империяси ва Япониядаги Токугава сёгунати билан тенглаштиришимиз мумкин.

Яна шуни эътироф этиш керакки, сиёсий фаолиятга лаёқат ҳукмрон озчиликнинг ягона қобилияти эмасди. Эллин ҳукмрон озчилиги нафақат Рим маъмурий тизимини, шу билан бирга юнон фалсафасини ҳам дунёга келтирди. Инқирозга юз тутаётган қадимги Хитой жамиятининг ҳукмрон озчилиги Лао-цзига нисбат берилган Конфуций таълимотини дунёга келтирди.

 

ИЧКИ ПРОЛЕТАРИАТ

Эллин тимсоли

Эллин ички пролетариати пайдо бўлишини муртак давридан кузатишни хоҳласак, тарихчи Фукидид асарларидан яхшироқ манба тополмаймиз. Тарихчи ижтимоий инқирознинг дастлабки даври Керкирда қандай намоён бўлганини қуйидагича тасвирлайди: “Ўзаро кураш шундай ёвуз ва шафқатсиз кўриниш олдики, у барчада даҳшатли таассурот қолдирди. Бундай шафқатсизлик илк бора рўй бераётган эди. Ҳақиқатан, кейинчалик бутун эллин олами партиялар ўртасидаги курашдан жуда чуқур руҳий изтиробга тушди. Ҳар бир шаҳарда халқ партиялари йўлбошчилари афиналикларни, олигархлар бошлиқлари эса лакмидонияликларни ёрдамга чақиришди. Партиялар арбобларининг тинч замонда кимнидир ёрдамга чорлашга эҳтиёжи ҳам, мойиллиги ҳам йўқ эди.

Афина ва Лакмедон бир-бири билан ёвлашиб қолганидан сўнг, икки партия доҳийлари рақибларини мағлуб этиш ва ўз кучини мустаҳкамлаш учун осонгина иттифоқчи топа билишарди. Шаҳардаги бундай вазиятдан норозилар ҳам сиёсий янгиланишга интилиб, чет элликларни иштиёқ билан ёрдамга чақиришарди. Оқибатда ички курашлар натижасида шаҳар бошига кўп кулфатлар ёғиларди. Инсон табиати ўзгармас экан, бундай кулфатлар аввал ҳам, кейин ҳам содир бўлаверади. Тинч ва ривожланиш замонида давлат ҳам, алоҳида шахслар ҳам ўз хатти-ҳаракатларида эзгу ният ва мақсаддан келиб чиқишади. Чунки улар эркин ҳаракат қилишдан маҳрум этадиган шароитга тобе эмас. Уруш эса одамлар турмуши, фикрини ўзгартириб юборади, уларни осуда ҳаётдан айиради. Уруш зўравонликни ўргатади. Худди шундай – ички урушлар ўшанда бутун Эллада шаҳарларини қамраб олди. Айрим шаҳарлар бундай биродаркушлик урушларига бошқаларига қараганда кечроқ дуч келган бўлса-да, қўшни шаҳарларда бўлиб ўтган хунрезликларни эшитгани боис олдингиларидан ўн баробар ўтиб тушди. (Фукидид. Тарих, III, 82).

Уй-жойсиз қочоқлар сони кўпайиб бориши бундай низонинг биринчи ижтимоий оқибати бўлди. Бу ёвузликни Александр Македонский қочоқларни ўз уйларига тинч қайтариш учун шаҳар-давлатлар ҳукмрон доираларини мажбур қилиши ҳам наф бермади. Ўзаро урушлар алангаси кучайгандан-кучайиб борар, қочоқлар фақат аскар сифатида ёлланишдан ўзга чора топа билмасди. Бундай ортиқча ҳарбий куч эса уруш тегирмонига сув қуяр ва яна янги қочоқлар пайдо бўлишига олиб келарди…

Урушлар туфайли Эллада фарзандлари маънавий оламига берилган зарба ёнига, айнан яна шу уруш орқасидан ипи ечилиб кетган иқтисодий вайронкор кучлар ҳамласи ҳам қўшилди. Мисол учун Александр ва унинг меросхўрлари Жануби-ғарбий Осиёда олиб борган урушларда минг-минглаб уй-жойсиз юнон ўзларига ўхшаш одамларни қириб ташлаб насиба топди. Аҳамонийлар хазинасида икки юз йил мобайнида тўпланган қуйма олтинлар билан ёлланма аскарларга маош тўланарди. Бу олтин пуллар муомалага кириб, айланма маблағ миқдорини кўпайтириб юборди. Бу эса деҳқонлар ва ҳунармандларнинг хонавайрон бўлишига олиб келди.

Ана шундай шафқатсиз “таг-томири билан барҳам бериш” жараёнида эллин ички пролетариати пайдо бўлганлиги ҳеч бир шубҳа уйғотмайди.

Пролетариат сафини илк бор тўлдирганлар, аввало, маънавий жиҳатдан, сўнг эса иқтисодий жиҳатдан қашшоқлашган эди. Македониянинг босқинчилик урушлари орқасидан эллин ички пролетариати сафлари тез кўпайиб борди. Уруш туфайли Миср, Вавилон, Сурия жамиятлари эллин ҳукмрон озчилиги тузоғига тушиб қолди.

 

 ҲУКМДОР ТАНЛАГАН ДИНГА СИҒИНАСАН[1]

Юлианнинг император сифатида мажусийликни жонкуярлик билан фуқаролари онгига сингдириш ҳаракати унинг ўлими тўғрисидаги хабар тарқалиши билан барҳам топган. Тарихдаги шунга ўхшаш воқеалар ҳукмдор ва ҳукмрон озчилик сиёсий босим орқали фуқароларга дин ёки қандайдир фалсафани зўрлик билан сингдира оладими, деган саволни юзага келтиради.

Ҳукмдор дин ниқоби остида ўзининг қандайдир сиёсий кайфияти ва мақсадларини сиғиниш воситасига айлантирар экан, айрим вақтлардагина муваффақиятга эришган. Масалан, “ноиттифоқлик даври” (қадимги Рим) сиёсий бирликка эришиш мақсадида сохта диний одатларни одамларга сингдиришга астойдил ҳаракат қилинган. Бундай шароитда халқ халоскори сифатида фуқаролар қалбига йўл топган ҳукмдор ўзининг ҳокимияти, шахси ва сулоласини сиғиниш объектига айлантиришда ҳам муваффақият қозониши мумкин бўлган.

Рим императорларини илоҳийлаштириш бунга мумтоз мисолдир. Бироқ цезарларга сиғиниш мўрт сиғиниш бўлиб чиқди. Цезарларга сажда қилиш иккинчи ва учинчи юз йиллик бўсағасидаги Рим империясининг биринчи ҳалокатигача ҳам етиб боролмади. Аврелиан (214-275) ва Констанций Хлор (250-306) мавҳум Енгилмас Қуёшга сиғиниш орқали халқни бирлаштиришга ҳаракат қилган бўлса, Буюк Константин (306-337) авлодлари қуёш ёки Цезардан кўра қудратлироқ бўлган ички пролетариат Худосига (христиан дини назарда тутилмоқда – тарж.) юз буришди.

Бошқа универсал давлатлар (Анд, Миср ва қадимги Хитой)дан ҳам изини топса бўладиган “цезарларга сиғиниш” амалиёти сиёсий ҳукмдор томонидан юқоридан туриб тарқатилган, сингдирилган эътиқод ниҳоятда омонат ва мўрт бўлиб чиқишини тасдиқлайди. Халқнинг ҳақиқий туйғуларига мос келганда ҳам, борингки, шаклан диний кўриниш касб этганда ҳам – бундай эътиқод сиёсий характерга эга эканлиги учун вақтнинг бўрон-довулларига дош бера олмайди.

Энди ҳозирги Европанинг диний харитасига диққат қаратсак, бу ўринда ўрта асрлар ворис-давлатларида қурол кучи ва дипломатия билан ўрнатилган католицизм ва протестантизмни ҳозирги ҳудудларини тадқиқ қилишимизга тўғри келади. Шубҳасиз, XVI-XVII юз йилликлардаги диний можароларга ташқи ҳарбий ва сиёсий таъсир омилларини жудаям кўпиртириб юбормаслик лозим. Шу билан бирга ҳарбий ва сиёсий куч катта таъсир кўрсатган баҳсли ҳудуд ҳам мавжуд. Бу Германия, Нидерландия, Франция ва Англияни ўз бағрига олган. Айниқса, Германияда “ҳукмдор танлаган динга сиғинасан” формуласи ишлаб чиқилган ва қўлланилганди. Ҳеч бўлмаганда Марказий Европанинг дунёвий ҳукмдорлари Ғарб христианлигининг ўзаро рақобатлашаётган оқимларидан бирини мажбуран сингдириш учун ихтиёрларидаги ҳокимият кучидан фойдаланишгани бор гап.

Давлат манфаатлари заруратига хизмат қилишга қаттиқ киришиб кетган католик ва протестант черковлари биринчи бўлиб Японияда миссионерлик фаолият майдонини бой бериш билан йўқотишларга дучор бўла бошлади. XVI асрда иезуит миссионерлари томонидан католик христианликнинг япон заминига сочган уруғлари ниш олиб энди томир отаман деб турганда, XVIII юз йилликда ҳали вужудга келганига кўп бўлмаган япон универсал давлати ҳукмдорлари томонидан таг-томири билан суғуриб ташланди. Чунки католик черкови Испания қиролининг сиёсий иродаси ифодасига айланган эди. Миссионерлик фаолияти учун истиқболи порлоқ бундай йўқотиш христианликнинг ўз ватанида “ҳукмдор танлаган динга сиғинасан” формуласи туфайли дучор бўлинган маънавий-руҳий қашшоқланиш олдида ҳеч нарсага арзимасди. Диний урушлар даврида католикларга протестанликни ёки протестанларга католик эътиқодини сиёсий куч билан сингдиришни талаб қилган ва бунинг оқибатида содир бўлаётган фожиаларга панжа орасидан қараган ва урушни диний эътиқодни жорий қилишнинг энг қисқа йўли деб билган черков амалда одамлар қалбида ҳар қандай эътиқоднинг дарз кетишига сабаб бўлди. Хусусан, Людовик XIVнинг Франция маънавий ҳаётидан протестантизмни таг-томири билан қуритиш йўлидаги жоҳилона усули ҳеч бир динга ва ҳеч нарсага ишонмасликка кенг йўл очди.

Ана шу даврда пайдо бўлган янги Маърифатчилик ҳаракати динни масхара предмети сифатида талқин қила бошлади. Маърифатчиларнинг бундай ақл тузилиши эътиқодни ўлдириш эвазига ўз фанатизмларидан халос бўлишди. Дин ва инсон руҳоний дунёси устидан кулишга асосланган ақл тузилиши XVII асрдан бошлаб XX асрга қадар Ғарб “буюк жамияти”нинг барча бурчакларида сақланиб қолди ва ниҳоят бундай ёндашув қандай маънавий тубанлик олиб келгани энди-энди англана бошланди. Яъни бу ақл тузилиши Ғарб ижтимоий тизимининг соғлом маънавий-руҳоний ва ҳатто моддий жиҳатдан яшаб қолишига беқиёс даражада хавф солаётганлиги идрок этилди. Бу маънавий офат шунчалик каттаки, уни кўрмаслик ва сезмасликнинг иложи йўқ.

Ғарб кишисининг қалбида икки юз эллик йилга яқин давом этаётган диний эътиқод таназзули туфайли пайдо бўлган ва кучайиб бораётган маънавий-руҳоний бўшлиқни қайтадан тўлдириш жуда қийин. Биз ҳамон XVI-XVII асрларда аждодлар томонидан содир этилган динни сиёсатга бўйсундириш жиноятини ўз ҳаётимизда сезиб турибмиз.

Ислом дини халифаликнинг араб бўлмаган аҳолиси ўртасида дин сифатидаги қадр-қиммати, фазилати орқали ўзига йўл очиб борди. Исломнинг тарқалиши секин, лекин тўғри йўл орқали амалга оширилди.

Уммавийлар сулоласидан бўлган Муовия биринчи сиёсий ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг юз йил давомида халифаликнинг араб бўлмаган мусулмон аҳолиси эътиқодда анчайин лоқайд уммавийларни тахтдан тушириб, художўйликда ўзларига яқин бўлган янги сулолани ҳокимият тепасига олиб келишдек куч-қудратга эга бўлишди. 750 йили Аббосийлар сулоласининг Уммавийлар устидан қозонган ғалабасини таъминлаган ажамлик мусулмонлар сони бутун Араб империяси аҳолиси сонининг жуда оз қисмини ташкил қилган бўлиши мумкин. Халифалик аҳолисини оммавий равишда исломга ўтказиш IX асрда бошланиб, Аббосийлар империяси парчаланиб кетган XIII асрга қадар давом этгани эҳтимолдан холи эмас. Исломнинг оммавий ёйилиши сиёсий босим таъсири остида эмас – халқнинг ўз изми-ихтиёри натижаси эди. Беш юз йилга чўзилиб кетган Аббосий халифалар ичида ўз дини манфаати йўлида сиёсий ҳокимиятини ишга солган Феодисия ва Юстианга ўхшаганлар сони ниҳоятда кам эди.

Турли динлар моҳият-мазмунини бирлаштириш иштиёқи Темурийлар авлодидан бўлган Акбар (1554-1605)ни Бобурийлар империяси ҳудудида миллий бирликни сақлаш мақсадида “тўқиб-чатилган” – “илоҳий дин”ни жорий қилиш ҳаракатига олиб келди. Бу истеъдодли инсон, бир вақтнинг ўзида ҳам улуғ сиёсий-амалиётчи арбоб, ҳам ҳодисаларни тажриба билан эмас, балки ақл-идрок орқали тасаввур этиш мумкин деб ўйлаган зоҳид бўлган, чамамда. Ҳарқалай, у ўйлаб топган дин илдиз отмади, муаллиф ўлими билан дарҳол барҳам топди. Орадан уч юз йил ўтиб, Акбар жазм қилган ҳиндлар ва мусулмонлар бошини бириктирадиган ягона дин яратишдек ўйламасдан қилинган ишга XIV аср бошида Аловуддин Хилжий (1296-1316 йиллар Деҳли султони бўлган. Амакиси султон Жалолиддинни ўлдириб тахтга келган. Ўзбошимча амирларни жиловлаш, мамлакатни марказлаштириш ва армияни кучайтиришга ҳаракат қилган. Кўп миллатли мамлакатда диний ва миллий бўлинишларга чек қўйиш мақсадида мусулмонлар ва ҳиндлар учун ягона дин жорий қилишга уринган ва пайғамбарликка даъво қилган. Мустабид ҳукмдорнинг ўтакетган шафқатсизлиги, пайғамбарлик даъвоси барчада нафрат уйғотиб, қўзғолонларга сабаб бўлган. Тахтга келган ўғли ишни отасининг барча соҳалардаги ислоҳотларини бекор қилишдан бошлаган – тарж.) ҳам уринганида маслаҳатчиларидан бири шундай маслаҳат берган: “Дин, шариат қонунлари ва ақидалари ҳеч қачон сиз, жаноби олийларининг баҳс-мунозара юритадиган нарсангиз бўлмаслиги керак. Чунки бу иш подшоларнинг эмас, пайғамбарларнинг иши. Дин ва қонун ваҳийга бориб тақалади. У ҳеч қачон инсон режа ва мақсадлари билан белгиланмаган, ўрнатилмаган. Одам Ато замонидан буён ҳокимият ва бошқарув подшолар вазифаси бўлганидек, дин ҳам пайғамбарларнинг олий бурчи ҳисобланади. Дунё ҳодис экан, пайғамбарлик бурчи ҳеч қачон подшолар зиммасига тушмаган. Сиз, жаноби олийларига бу тўғрида бошқа сўз очмасликни маслаҳат бераман”.

Ғарб жамияти Янги даври тарихида сиёсий ҳукмдорлар томонидан “тўқиб-чатилган” динни жорий қилишдек бесамар ҳаракатга дуч келмадик. Бироқ Буюк француз инқилоби бир қатор сабоқ бўладиган воқеаларни келтириб чиқарди. XVIII аср охиридаги инқилобий ва саросимали ўн йилликда инқилобчилар фикрича эскириб қолган католик черкови ўрнига бир қатор демократлаштирилган христиан лойиҳалари илгари сурилади. Янги диний тизим ифода этилган узундан-узоқ ана шундай лойиҳалардан бирини директор Ла-Ревелер Лепо (инқилобдан кейинги ҳукумат бошлиқларидан бири) ҳукумат аъзолари эътиборига тақдим қилади. Маърузадан сўнг кўплаб вазирлар лойиҳа муаллифини табриклаб турганларида ташқи ишлар вазири Талейран шундай дейди: “Мен бир кичик эътирозимни айтсам. Исо Масиҳ ўз динига асос солиш учун чормихга тортилган. Сиз ҳам шунга ўхшаш бир иш қилишингиз керак”.

 

УНИВЕРСАЛ ДАВЛАТЛАР

Универсал давлатлар бутун дунё черкови ва қаҳрамонликларга бой асрлар, ҳам замонавий, ҳам замонавий бўлмаган цивилизациялар билан боғлиқ. Биринчидан, универсал давлатлар цивилизациялар сингунга қадар эмас, улар сингандан кейин вужудга келади. Образли қилиб айтганда, бу ёз фасли эмас, ёз фасли тўнига ўраниб олган ва қаҳратон қиш келишидан дарак бериб турган кузнинг илиқ кунидир. Иккинчидан, универсал давлат бир пайтлар яратувчилик қудратига эга бўлиб, сўнг бу қудратдан айрилган ҳукмрон озчилик фаолияти маҳсулидир. Универсал давлатлар “ноиттифоқлик даври” ва унинг салбий оқибатларига чек қўйгани туфайли авлодлар бундай давлатдан миннатдор бўлишади.

Универсал давлатларга чет кузатувчи эмас, шу давлатлар фуқаролари кўзи билан назар солар эканмиз, бундай давлатнинг умри абадий бўлишини исташ ва инсон томонидан вужудга келтирилган бу институт ер юзида мангу туришига ишончни кўрамиз.

Эллин цивилизациясининг универсал давлати бўлган Рим империяси тарихида шундай авлод бўлганки, Империя ва унга асос солган Шаҳар – ҳар иккиси – мангулик хусусиятига эга деб, бир овоздан тасдиқлашган. Тибулл (таҳм. мил. авв. 54-18 йиллар) “мангу шаҳар деворлари”ни куйлаган бўлса, Вергилий (мил. авв. 70-19 йиллар) ўзининг Юпитери тилидан римликларнинг бўлғуси авлоди ҳақида шундай дейди: “Мен уларга мангу ҳукмронлик ато этаман”. Тит Ливий ҳам худди шундай ишонч билан “Боқийлик учун бунёд этилган Шаҳар” деб ёзган.

Дунёда мангу туради деб хомхаёл қилинган Рим империясининг 410 йилда қулаши мамлакат фуқароларини шундай ларзага солдики, буни фақат 1258 йил мўғуллар ҳужуми натижасида Боғдоднинг қулаши араб халифалиги фуқароларини чуқур руҳий изтиробга туширганига қиёс қилиш мумкин. Бу ларза Рим оламида Фаластиндан бошлаб Галлиягача сезилган бўлса, мусулмон дунёсида – Фарғонадан то Андалусиягача акс садо берди. Ўлаётган универсал давлатлар атрофини ўраб олган хаёлий боқийлик гардиши, ушбу давлатлар мулкларини босиб олган ва ўзаро тақсимлаб олаётган варварларнинг анча ақлли сардорларини ҳам эндиликда мазкур мамлакатлар тақдири бизнинг қўлимизда, деган хомхаёлга берилмасликка даъват этарди. Амалунглар сулоласидан бўлган осгот-арианлар йўлбошчилари ва Буидлар сулоласидан шимолий эронликлар сардорлари босиб олган ҳудудларини бошқариш учун, аввало, бири Константинопол императори, иккинчиси Бағдод халифаси ноиби деган расмий унвон олиши керак бўлган. Византия цивилизациясида универсал давлат сифатида пайдо бўлган Усмонлилар империяси ҳатто “Европанинг касалманд кишиси” (XIX асрга келиб Ғарбий Европада Усмонли турк империясини “Европанинг бош оғриғи” ва айниқса, “Европанинг касалманд кишиси” деб атай бошлашди. Кўпгина манбаларда бу ибора муаллифи сифатида рус императори Николай I (1796-1855) келтирилса-да, аслида уни биринчи бўлиб Ш.Л. Монтескье (1689-1755) қўллаган) деб ном олган даврида ҳам ўша хомхаёлдан иборат боқийликнинг характерли хусусиятларини ўзида намоён этарди.

Ҳинд цивилизациясидаги Мўғуллар универсал давлатида ҳам бошқа универсал давлатларга хос хусусиятлар мавжуд эди. Бир пайтлар Ҳиндистон ярим оролининг жуда катта қисмини ўз ичига олган империя Аврангзеб ўлимидан ярим аср ўтиб, 1707 йил узунлиги 250 миль, кенглиги 100 милдан иборат ҳудудгача торайганди. Орадан яна эллик йил ўтгандан сўнг империя ҳудуди Деҳлидаги “Қизил порт” атрофи билан чекланганди. Бироқ 1707 йилдан кейин орадан 150 йил вақт ўтганидан сўнг ҳам Акбар ва Аврангзеб авлодлари ҳамон тахтда ўтирарди.

Тугаб, барҳам топиб кетганлиги аниқ бўлганлигига қарамасдан ўлиб кетган универсал давлатларнинг арвоҳини чорлаш амалиёти бундай давлатларнинг боқийлигига ҳайрон қоларли ишончнинг ўлмаслигидан гувоҳ беради. Худди шу тарзда Аббосийларнинг Бағдод халифалиги Қоҳира халифалиги кўринишида тирилтирилган бўлса, ўз умрини яшаб бўлган Рим империяси – Ғарбнинг Муқаддас Рим империяси ва православ-христиан дунёсининг Шарқий Рим империяси шаклида бўй кўрсатиб қолди. Узоқ Шарқ цивилизациясининг Цин ва Хан сулолалари империяси Суй ва Тан сулолалари империяси кўринишида қайта тирилди.

Универсал давлатларнинг боқийлиги рад қилиб бўлмас далиллар билан инкор қилингандан сўнг ҳам юз йиллаб яшаганлиги ҳақидаги юқорида келтирилган мисоллар кўплаб тарихий мисолларнинг айримларигина холос. Бундай ғайритабиий ҳолнинг сабаблари нимада?

Универсал давлатларнинг асосчилари ва буюк ҳукмдорлари туғдирадиган таассурот кучининг катталиги бундай ҳолнинг илк изоҳидир. Бу таассурот авлодларга шундай куч билан таъсир кўрсатадики – буюк ҳақиқат ақл бовар қилмас афсонага айланади. Универсал давлатлар жозибаси инсон ақли ва юрагини асир этади. Чунки у узоқ давом этадиган “ноиттифоқлик даври”дан кейин юксалиш, ривожланишга йўл очади. Шу боис, Рим империясига дастлаб душманлик билан қараган юнон адиблари Антонийлар асрида тараққиёт ва юксалишни кўриб унга тан беришган. Айнан шу даврни кейинчалик Гиббон инсон зоти ўзининг энг олий фаровонлигига эришган замон, деб эълон қилади.

Универсал давлатларнинг тарихдаги ўрни ва ҳолатини соғлом мантиққа тўғри келмайдиган “Хўш, асаларилар, ўзингиз баҳраманд бўлмайдиган асални ким учун йиғаяпсиз?” деган, кўп ишлатилган иқтибос билан ифода этиш мумкин. Чунки ўлаётган цивилизациянинг инқирозга учраётган ижтимоий тизимидаги универсал давлат ҳукмрон озчилик яратувчилик қобилиятининг охирги маҳсулидир. Бу ижтимоий қатламнинг асосий мақсади – ҳам ўзини асраб қолиш, ҳам ўз тақдирларини боғлаган жамиятнинг куч-қудратини исроф қилмасликдан иборат бўлган. Бироқ улар бу мақсадларига ҳеч қачон ета олишмаган. Шу билан бирга ушбу ҳолат яратувчиликнинг янги босқичида муҳим роль ўйнаб, бошқалар манфаатига хизмат қилади. Хўш, универсал давлатларнинг ҳаёт мазмуни ўзидан кейин тарих саҳнасига чиқадиган бошқалар манфаатига хизмат қилишдан, яъни “бошқаларга асал йиғиш”дан иборат экан – бу “асал”дан ким баҳраманд бўлади? “Асалхўрлик”ка уч номзод мавжуд – ўлаётган жамиятнинг ички ёки ташқи пролетариати ёхуд бу жамиятга қараганда замонавийлик касб этган бошқа бир бегона цивилизация.

 

ЧЕРКОВ ВА ЦИВИЛИЗАЦИЯ

Рим империяси ҳукумати ва унинг тарафдорлари империянинг таназзулида христианлик черковини айбдор билди. Империя инқирози зўрайиши билан айблов ҳам кучайиб борди. Айниқса, ўлим тўшагида ётган империяда 176 йил Целс, 416 йил мажусийпараст Рутилий Намациан томонидан христианликка қарши ёзилган асарлар туфайли христианликни маънавий ва интеллектуал айнишга сабаб қилиб кўрсатиш янада авж олди. Тарихчи Гиббон етмиш бир бобдан иборат асари якунида “Мен дин ва варварлар ғалабасини қоғозга туширдим”, деб ёзар экан, у Целс ва Рутилий тарафдори сифатида майдонга чиқди.

XX аср антропологи Жеймс Жорж Фрэзер (1854-1941, британиялик диншунос, антрополог, этнолог олим. 1930 йил кўр бўлиб қолган – тарж.) асарида эса Гиббоннинг фикрлари янада очиқ ва кескин баён қилинган: “Юнон ва Рим жамиятлари шахснинг жамият, фуқаронинг давлат манфаатларига бўйсуниши шаклида вужудга келган эди. Жамиятда индивиднинг нариги дунёдаги роҳат-фароғати эмас, давлат хавфсизлиги ва гуллаб-яшнаши асосий мезон қилиб белгиланганди. Ана шу руҳда тарбия топган фуқаролар ўз ҳаётларини жамиятга беминнат хизмат қилишга тиккан эдилар ва керак бўлса, умумравнақ йўлида жонларини беришга ҳам тайёр туришарди. Ўз шахсий ҳаётларини жамият манфаатларидан устун қўйиш уларнинг хаёлига ҳам келмасди.

Инсоннинг ҳаётдаги асосий мақсади Худо билан боғланиш ва шахсини қутқариш, бу йўлда давлат равнақи, наинки равнақи, ҳатто давлатнинг ўзи ҳам ҳеч нарсага арзимаслиги ғояларини ёйган Шарқ динлари тарқалиши билан вазият кескин ўзгарди. Бундай эгоистик таълимот қабул қилинишининг шаксиз оқибати шу бўлдики, диндорлар жамиятга хизмат қилишдан узоқлашиб, бутун ўй-хаёлларини шахсий маънавий эҳтиёжларини қондиришга қаратдилар ва улар ҳаётдан жирканиб, уни абадий ҳаёт олдидан синов макони сифатида кўра бошлашди. Тахайюл оламига чекинган, дунёвий ишларни рад этиб, ундан бутунлай қўлини ювган зоҳид халқ тасаввурида идеал инсонга айланди. Зоҳид идеали қадимги Ватан манфаати йўлида жонини ҳам берадиган қаҳрамон-ватанпарвар идеали ўрнига келди. Инсон ҳаётининг бутун мақсад-муддаолари, саъй-ҳаракатлари нариги дунёда жаннатга тушишга қаратилди. У дунё деб, бу дунё ишлари унутилди. Жамият ҳаёти бутунлай издан чиқа бошлади: давлат ва оила алоқаларига путур етди, жамият қисмларга бўлина бошлади, жамият боши узра варварликка қайтиш хавф туғилди. Инсон ўз шахсий манфаатларини мамлакат равнақига қаратса, фуқаролар жамият билан фаол ҳамкорлик қилсагина тараққиётга йўл очилади. Одамлар эса ўз юртларини ҳимоя қилишдан бош тортиб ва ҳатто инсон наслини давом эттиришдан воз кеча бошлашди… Бундай васваса минг йиллар давом этди. Ўрта асрлар охирида европаликларнинг ҳаётий мақсад-маслакда азалий тамойилларга қайтиши ва ҳаётга мардона, соғлом қарашлари антик адабиёт ва санъат, Арасту фалсафаси ва Рим ҳуқуқининг тикланиши билан бошланди. Цивилизация ривожининг узоқ давом этган турғунлиги барҳам топди”.

Кишининг ғашини келтирадиган “европаликларни ҳаётий мақсад-маслакда азалий тамойилларга қайтиш”га Фрэзер даъвати Алфред Розенберг (1893-1946, немис сиёсатчиси ва ёзувчиси. Нацизмнинг ирқий мафкурасини ишлаб чиқиш билан шуғулланган. 1941 йилдан босиб олинган шарқий ерлар вазири. Нюрнберг халқаро трибунали ҳукми билан осиб ўлдирилган) тилидан ҳам янграган.

Ҳақиқатда эса эллин жамияти христиан ёки бошқа динлар кириб келмасдан аввалроқ инқирозга юз тутаётган эди. Тадқиқотимиз давомида бирор-бир олий дин ҳеч қачон цивилизациянинг ўлимига сабаб бўлмаган, деган хулосага келдик.

Фрэзер олий динни моҳиятан жамият манфаатларига зид деб билади. Цивилизация тимсолига айланишга даъвогар бўлган ижтимоий қадриятлар цивилизациянинг инсон манфаатлари доирасидаги идеалларидан олий дин идеалларига айланганда уларга шак-шубҳасиз зиён етадими? Маънавий-руҳий ва ижтимоий қадриятлар бир-бирига қарама-қарши ва душманми? Якка инсон руҳини гуноҳлардан қутқариш ҳаётнинг олий мақсади қилиб белгиланганда цивилизация тизими пароканда бўладими? Фрэзер бу саволларга “ҳа” деб жавоб беради. Бундай жавоб тўғри бўлганда эди, инсон ҳаёти маънавий покланишдан холи бўлган фожиани англатарди. Бинобарин, Фрэзер қарашлари олий динлар табиати ва инсон табиатини нотўғри тушунишга асосланмоқда.

Инсон ўзлигини йўқотган ва маънавий покланишдан холи қумурсқа ёки пешонасида битта кўзи бор афсонавий махлуқ эмас-ку! Аксинча, инсон ўз шахсини бошқа шахслар билан мулоқот воситасида намоён қиладиган ва ривожлантирадиган “ижтимоий мавжудот”дир. Жамият бир индивиднинг бошқаси билан муносабатда шохобчалари кесишган нуқтасидир. Бу жараён фақат инсон фаолияти билан яшайди ва ўз навбатида, жамиятсиз ҳаёт кечира олмайди. Шахс (индивид)нинг бошқа одамлар ва Худо билан муносабатида ҳеч қандай носозлик (ноуйғунлик) мавжуд эмас. Инсоннинг Худо олдидаги бурчи ва бошқа одамлар, жамият олдидаги бурчи ўртасидаги уйғунликка эришувини Фрэзер ўта жўн талқин қилган.

 

ЗАМОНАВИЙ ҒАРБ ВА ИСЛОМ ОЛАМИ

XV аср охирларида араб мусулмон цивилизацияси Гибралтар бўғозидан Сенегалгача Африканинг Атлантика океани қирғоқларини ўз назоратида ушлаб турарди. Умуман олганда, бир-бирига орқа ўгириб олган икки (араб ва Эрон ислом жамиятлари кўзда тутилмоқда – тарж.) қон-қардош ислом жамияти Ғарб ва рус дунёси учун Кўҳна Олам (Евроосиё)нинг бошқа томонларига олиб борадиган йўлларни ёпиб қўйганди. Ғарбий христиан дунёсини тропик Африканинг ички ўлкаларига элтадиган йўлларга тўсиқ эди бу. Шу билан бирга араблар нафақат “қора қитъа”нинг Саҳрои Кабир ва Судан орқали шимолини, шунингдек, Ҳинд океани ювиб турган – Суахил халқлари (ҳозирги Танзания, Кения, Мозамбик давлатлари ҳудудида яшовчи халқ – тарж.) макони – шарқий қирғоқларини ҳам ўз назоратлари остига олишганди. Мисрлик воситачиларнинг ҳамкори бўлган Венеция савдогарлари учун ёпиқ бўлган Ҳинд океани ҳақиқатда араб кўлига айланганди. Араб флоти Африка қитьасининг Ғарбида ҳам, Шарқида ҳам эркин сузиб юрарди. Бундан ташқари, улар Индонезия оролларига сузиб бориб, бу ўлкалар халқларини ҳиндуизмдан исломга ўтказишди ва Тинч океанининг ғарбий қирғоқларида, Филиппин жанубида ўзларининг авапостларини (қўшиндан илгарироқ қўйилган соқчи пост – тарж.) ташкил этишди.

Шу вақтда, бир қарашда Эрон мусулмон цивилизацияси бундан-да кучли стратегик мавқега эга эди. Усмонийлар империяси асосчилари Конс­тантинопол, Караман ва Транпезундни эгаллаб олишди. Улар Қримни фатҳ этиб, Қора денгизни Усмонийлар кўлига айлантиришди. Бошқа турк тилли мусулмонлар ислом салтанати чегараларини Қора денгиздан Волга дарёсининг ўрта оқимигача ёйиб юборишди. Ғарбий фронтнинг қарама-қарши томонида эса, Эрон дунёси ўз чегараларини Хитой, Бенгалия ва Жанубий Ҳиндистонгача бўлган ҳудудлар ҳисобига кенгайтирди.

Исломнинг бу улкан йўл дарвозаси Ғарб олами учун таҳдид эди ва кучли қарши ҳаракатни вужудга келтирди. Атлантика океани қирғоқларида яшовчи ғарбий христиан дунёси халқлари ХV асрда тўғри елканли, учмачтали океан кемасини ихтиро қилишди. Бундай кема ойлаб портга кирмасдан сузиб юриши мумкин эди. Ана шундай кемаларда португалиялик денгизчилар 1420 йил Мадейра, 1432 йил Азор оролларини кашф қилишди. 1445 йил араб денгиз фронтини айланиб ўтиб, 1498 йил Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрига қадам қўйишди. 1511 йил Тинч океанига чиқиб, Кантонда ўз байроқларини кўтаришди, 1542-1543 йилларда эса уларнинг кўз олдида Япония қирғоқлари намоён бўлди. Кўз очиб-юмгунча португаллар Ҳинд океанини араблар қўлидан тортиб олишди.

Португал денгизчилари ўзларининг Шарқ томон кутилмаган ҳаракатлари билан Ғарб дунёсининг денгиз чегараларини кенгайтираётган ва араб-мусулмон оламини қанотдан айланиб ўтаётган бир пайтда, дарё қайиқларида Шарқ томон йўлга чиққан рус казаклари кутилмаганда ва шиддат билан шимол томондан Эрон-мусулмон дунёсини айланиб ўтиб, рус олами ҳудудларини кенгайтира бошладилар. Москва подшоси Иван IV 1552 йил Қозонни босиб олиб, казакларга Шарқ томон йўл очиб берди. Эрон-мусулмон оламининг Шимоли-шарқий қалъаси бўлган Қозон қўлдан кетгандан кейин, рус-православ христиан дунёсининг Шарқ томон йўлини кўчманчи казаклар учун табиий йўлдошга айланган совуқ иқлим ва ўрмонларгина тўсиши мумкин эди. Улар Урал тоғидан ошиб ўтиб, Сибирь сув йўллари орқали 1638 йил Тинч океанига, 1652 йил 24 март куни Манжурия империясининг Шимоли-шарқий сарҳадларига етиб келишди. Бу янги чегараларни забт этган, кенгайгандан-кенгайиб бораётган рус дунёси нафақат Эрон оламини, шу билан бирга, бутун Евроосиё даштини қанотдан айланиб ўтган эди.

Шундай қилиб бор-йўғи юз йилга яқин вақт ичида Эрон ва араб жамиятларини ўз ичига олган ислом дунёси нафақат қанотлардан айланиб ўтилди, шу билан бирга тўла қуршаб олинди. XVI-XVII асрлар бўсағасида сиртмоқ қурбоннинг бўйнига тушди.

Ислом дунёсини жонсиз кураш домига тортган бу кутилмаган ҳолат фавқулодда ҳодиса бўлмаса-да, ҳар икки томон талаби ва мақсади нуқтаи назаридан қатъий ҳаракат қилиш – яъни Ғарб ва рус томони ҳимоясиздек туюлган ўлжага ташланиши, ислом олами томони эса иложсиз кўринган вазиятдан чиқиш учун чора излаши зарур ва табиийдек туюларди. Аммо ҳар икки томон юзага келган ҳолатни тўла англаб улгурмасиданоқ бу жараён ўз ниҳоясига етади. 1952 йил бир неча олис ҳудудларинигина йўқотган ислом олами моҳиятан ҳали қўл урилмаган макон эди. Мисрдан Афғонистонгача, Туркиядан Ямангача – исломнинг марказий ядроси хорижий сиёсий бошқарувдан, ҳеч бўлмаганда назоратидан холи эди. 1882 йилдан бошлаб, 1914-1918 йилларда бўлиб ўтган Биринчи жаҳон уруши даврида инглиз ва француз имперализмининг мустамлакачилик тўлқини остида қолиб кетган Миср, Иордания, Сурия ва Ироқ бу даврга келиб оқим тубидан мустақил давлат сифатида юзага чиқди. Энди бу давлатларга Ғарб мамлакатлари эмас, араб дунёсининг юрагида пайдо бўлиб қолган сионистлар хавф соларди.

Мусулмон халқларининг “Ғарб масаласи”га ёндошувининг тушуниш калитини уч ҳолатдан топиш мумкин. Замонавий Ғарб маданиятининг таъсири уларнинг ҳаётида бош муаммога айланган чоғда, мусулмон халқлари худди руслардек сиёсий жиҳатдан ҳали ўзларига хон, кўланкалари майдон эди. Шу билан бирга улар буюк ҳарбий анъаналар меросхўри эдилар ва бу нарса мусулмон фарзандларининг кўзига ислом цивилизациясининг қадриятларига кафолат бўлиб кўринди. Ва урушларда Ғарб дунёсидан мағлубиятга учраш ҳарбий соҳа бўйича уларнинг бугунги қолоқликларини яққол намойиш қилди ва бу зарба мусулмонлар учун кутилмаган бўлди.

Ўз-ўзидан мамнун юрган мусулмонларнинг тарихдаги ҳарбий қаҳрамонликлари уларнинг қон-қонига шу қадар чуқур сингиб кетган эдики, 1683 йил Вена остонасидаги мағлубиятдан керакли хулоса чиқарилмаган эди. 1768 йил Усмонлилар империяси ва Россия ўртасида уруш бошланганда Болтиқ денгизида қурилган флот туркларга қарши юборилаётгани ҳақида уларни огоҳлантиришганда, то бу флот Ўрта Ер денгизига етиб келмагунча, Болтиқ денгизи билан Ўрта Ер денгизи ўртасида сув йўли борлигига турклар ўжарлик билан ишонишмаганди. Худди шундай, орадан ўттиз йил ўтиб, венециялик савдогарлар Наполеоннинг Малтани босиб олиши Мисрга қарши ҳужумга тайёргарлик эканлигидан мамлуклар қўмондони Муродбейни огоҳлантиришганда, у бу ғоянинг бемаънилигидан кулган эди. Ғарб ҳарбий машинасидан мағлубиятга учрашнинг оқибати сифатида XVII-XIX асрлар бўсағасида Усмонлилар дунёси, шунингдек, бундан бир аср аввалроқ рус оламида юқоридан, яъни олий ҳукмдор ташаббуси билан бошланган ғарблаштириш ҳаракати қуролли кучларни қайта ташкил қилишдан бошланди. Бироқ Усмонлилар ва Пётр I нинг бу борадаги сиёсатини бир-биридан фарқловчи муҳим бир жиҳат бор эди. Буюк Пётр ғарблаштириш “ё барча соҳада ёки ҳеч нарсада” бўлиши керак, деб воқеалар ривожини олдиндан кўра билди. У ғарблаштириш сиёсати нафақат ҳарбий, шу билан бирга жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилсагина муваффақият қозонишини тушуниб турарди. Усмонлиларнинг ғарблаштиришга мойил бўлмаган кучлари мамлакатга азоб-уқубат, қолоқлик, мағлубиятлар келтирган хатолари муқаррар бўлиб қолганига қарамасдан, 1768 йил рус-турк уруши ниҳоясига етгандан то 1918 йил Биринчи жаҳон муҳорабаси охиригача ёт маданият элементларини танлаб қабул қилиш мумкин, деган хом хаёл билан умр ўтказишди. Ана шу даврда усмонлилар томонидан Ғарб тараққиётидан ўзларига қабул қилган миқдорга нисбатан: “ҳар сафар жуда оз ва жуда кеч” деган ҳукм чиқариш мумкин. 1919 йилгача Мустафо Камол ва унинг салафлари худди Пётр Биринчидек ғарблаштиришни жамият ҳаётининг барча соҳаларига олиб кира олмадилар.

Мустафо Камол томонидан жамият ҳаётига ғарб тараққиётини олиб кириш асосида ташкил қилинган янги турк миллий давлати ҳозирда анчайин муваффақият қозонмоқда. Шу билан бирга, ислом оламининг бошқа жойларида бундай ҳаракат (яъни ушбу китоб ёзиш бошланганида – 1920 йилларнинг охири –тарж.) сезилмаяпти.

Кўҳна дунё (Евроосиё)даги тўртта цивилизациянинг учтаси ислом дунёсида юзага келган эди. Бугун йўқолиб кетган жамиятлар қачонлардир Нил, Дажла, Фрот ва Ҳинд дарёси водийларида қишлоқ хўжалиги бойликларини заҳматли меҳнат орқали етиштирган эдилар. Бунга улар сув оқими ва сатҳини назорат қилиш орқали эришишганди. Бироқ ислом олами бой хўжалик ресурсларига қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз ерлардан топилган ер ости бойликларини аниқлашгандан сўнг эришишди. Нефть қудуқларидан чиқаётган оловни исломга қадар зардуштийлар ўз диний маросимларини ўтказишдагина қўллашарди холос. 1723 йил Пётр Биринчининг жосуси бу “олов”нинг иқтисодиёт учун ҳақиқий қимматини сезиб қолди. Фақат орадан яна 150 йил ўтгандан кейингина Боку нефти иқтисодий фойда бера бошлади. Бокудан топилган нефть кони Ироқ Курдистони, Форс кўрфази ва бир пайтлар мутлақо яроқсиз ҳисобланган Арабистон ярим ороли ҳудудларигача чўзилиб кетган “ёнилғи белбоғи”нинг бир учи эканлиги маълум бўлди. Нефть учун бошланган кураш кескин сиёсий вазиятни туғдирди. Чунки Кавказдаги нефть луқмаси руслар, Форс кўрфази, Арабистондагилари эса Ғарб давлатлари назоратидан ўтган ҳамда улар бир-бирига ниҳоятда яқин жойлашганди.

Ислом оламининг яхлитлиги, бирлиги алоқаларини тиклашнинг аҳамияти ошгани сари бу кескинлик янада кучайиб борди. Бир томондан Россиянинг, иккинчи томондан Ҳиндистон, Жануби-шарқий Осиё, Хитой ва Япониянинг Атлантика қирғоқларида жойлашган Ғарб давлатлари билан қуруқлик, сув ва ҳаво орқали яқин алоқалари йўли Ислом дунёси ҳудудларидан ўтарди. Алоқа йўллари харитасида ҳам, нефть конлари харитасида ҳам Совет Иттифоқи ва Ғарб бир-бирига хавфли яқинликда турарди.

 

ЯНГИ ДАВР ҒАРБИ ВА ЗАМОНАВИЙ ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАР ТЎҚНАШУВИ

“Ҳозирги замон Ғарб цивилизацияси” тушунчасидаги “ҳозирги замон” ёки “замондош” сўзини “ўрта синф (“буржуа”)га тегишли” деб билсаккина, у аниқ маъно касб этади. Ғарб жамиятлари таъсирчан кучга эга буржуазияни дунёга келтирибгина “замонавийлик” касб этди. XV аср охирида бошланган Ғарб тарихининг янги саҳифасини биз “замонавий” деб ҳисоблаймиз. Чунки худди шу даврдан бошлаб ривожланган Ғарб жамиятларида ўрта синф бошқарувни ўз қўлига ола бошлади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ғарб тарихининг ана шу замонавий даврида чет элликларнинг ғарблашиш иқтидори уларнинг ўрта синф турмуш тарзига мослашишига боғлиқ бўлиб қолди. Ғарблашиш пастдан бошланган юнон-православ, Хитой ва япон ижтимоий тизимида аввалдан ўрта синф элементлари мавжуд эди ва айнан шу қатлам таъсири орқали ғарблашиш жараёни кечди. Бошқа томондан эса, ғарблаштириш юқоридан, яъни ҳукмдор томонидан фармонлар орқали амалга оширилганда тадрижий йўл орқали ҳақиқий ўрта синфнинг вужудга келишига умид йўқ эди. Чунки бундай сиёсат туфайли табиий равишда ўрта синф шаклланмади ва шу боис унинг ўрнини сунъий равишда зиёлилар қатлами билан алмаштиришга мажбур бўлишди.

Россия, ислом ва ҳинд дунёсида ана шу йўл билан вужудга келтирилган зиёлилар қатлами характерига Ғарб ўрта синфи хусусиятларини муваффақият билан сингдиришди. Россия зиёлилари руҳига олиб кирилган бу хусусиятлар анчайин мўрт бўлиб чиқди. Чунки Россия жамиятини Ғарб ўрта синфи даражасига кўтариш учун Пётр томонидан вужудга келтирилган зиёлилар қатлами 1917 йилги инқилобий портлашдан олдинроқ, яъни аввалбошданоқ ҳам подшо ҳукмронлигига, ҳам Ғарб буржуа идеалларига қалбан қарши эдилар.

Ғарб ўрта синфи ва ҳозирги замон зиёлилар учун умумий бўлган яна бир тажриба шундан иборатки, улар ҳам, булар ҳам ўзларининг биринчи иш берувчиларига қарши қўзғолон кўтариб, узил-кесил ҳукмронликларини ўрнатишди. Буюк Британия, Голландия, Франция ва бошқа Ғарб мамлакатларида ўрта синф монархлар жойини эгаллаб ҳокимият тепасига келди. Ҳолбуки, айнан монархлар томонидан ўз вақтида ўрта синфнинг қўллаб-қувватланиши уларнинг тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнаган эди. Европага тааллуқли бўлмаган давлатларда эса зиёлилар мустабид ҳукмдорларга қарши қўзғолон кўтариб ҳокимиятни эгаллашди. Пётр Россияси, Усмонлилар империяси ва Ҳиндистондаги Британия империяси тарихидаги умумий эпизодга бир қур назар ташласак, зиёлилар қўзғолони нафақат учала муҳитга ҳам хослиги, шу билан бирга улар қарийб бир хил вақт ўтгандан сўнг содир бўлганлигини ҳам кўрамиз. Пётр I яратган давлат тизимига қарши уруш эълон қилиш сифатида намоён бўлган декабристларнинг 1825 йилдаги бевақт қўзғолони Пётр тахтга келган 1689 йилдан 136 йил ўтгандан кейин содир бўлди. Ҳиндистонда XIX асрнинг охирида – Бенгалияда Британия ҳукмронлиги ўрнатилгандан 140 йилдан кейин биринчи сиёсий “тартибсизликлар” келиб чиқа бошлади. Усмонлилар империясида эса, 1768-1774 йиллардаги рус-турк урушидаги мағлубиятдан сўнг мусулмонларнинг каттагина қисми замонавий Ғарб ҳарбий санъатини ўргана бошлаганидан 134 йил ўтиб – 1908 йил Бирлик ва тараққиёт қўмитаси Абдул Ҳамид II тахтда мусово қилди.

Бироқ бу ўхшашликларни бир-биридан фарқловчи муҳим жиҳат бор. Ҳукмронга айланган замонавий ўрта синф жамиятнинг автохтон (маҳаллий аҳоли) қисми эди. Яъни, Ғарб ўрта синфи психологик жиҳатдан “ўз уйида” яшарди. Зиёлилар эса аксинча жамиятнинг “янги одамлари” ва ғайриунсурлари эди. Зиёлилар табиий ривожланиш маҳсули ва кўриниши эмас, ўз жамиятларининг замонавий Ғарб билан тўқнашувидаги мағлубияти эди. Улар куч-қудрат эмас, заифликнинг тимсолига айланишганди.

Зиёлиларнинг ижтимоий аҳволи чекланганлиги, зиммаларига юкланган вазифалари раҳмат эмас, лаънат олиб келишини ички сезги билан ҳис қилишлари – уларнинг ҳам отаси, ҳам тавқи лаънати, ҳам йўлчи юлдузи, ҳам қўрқувга солувчиси бўлган Ғарб ўрта синфига нисбатан нафрат уйғотарди.

Бунга ёрқин мисол сифатида 1917 йил икки рус инқилобидан кейин Пётр подшоҳлиги харобаларида ғарбона усулдаги парламент республикасини вужудга келтириш мағлубиятга учраганини келтириш мумкин. Тажрибали, ҳар ишда малака ва ваколатга эга, гуллаб-яшнаётган ва обрўли ўрта синфга эга бўлмасдан туриб Керенскийнинг демократик парламент ҳукумат тузиш ҳаракати тўла муваффақиятсизликка учради.

 

МУВАФФАҚИЯТЛИ БОСИМНИНГ ИЖТИМОИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Пролетариат жамиятнинг ичидан униб-ўсиб чиққан вақтида ҳам, барибир у жамиятнинг ноқулай қисми бўлиб қолаверади. Пролетариатнинг сони кўпайиб, хориждан келувчи муҳожирлар ҳисобига унинг маданий модели ўзгаргани сайин бу ноқулайлик кучайиб боради. Чет эллардан ижтимоий муҳофаза истаб кириб келаётган иммигрант-пролетариат туфайли империялар муаммолари кўпайишини тарих ўзининг буюк мисоллари билан намоён қилган. Рим императори Август чуқур мулоҳаза билан ўз қўшинларига империя чегараларини Фрот дарёсининг нариги соҳили томон кенгайтиришга рухсат бермаган. Габсбургларнинг Австрия империя­си ҳам XVIII асрда ва Биринчи жаҳон урушининг дастлабки йилларида Германия қўшинлари қўлга киритган ғалабалар ортидан жануби-шарқ томон ўз ҳудудларини атайлаб кенгайтирмади. Чунки империя ҳудуди шусиз ҳам турли-туман халқлар билан тўлиб-тошган эди ва яна славян халқлари ҳисобига аҳолини кўпайтириш кескин ижтимоий муаммоларни туғдирарди.

Америка Қўшма Штатлари Биринчи жаҳон урушидан сўнг океан ортидан келаётган иммигрантлари сонини қисқартириш мақсадида махсус қонунлар қабул қилди. Ҳолбуки, XIX асрда Америкада муҳожирлар масаласида мутлақо бошқача кайфият ҳукм сурарди. Бу жараённи яҳудий романнависи Зангвил Исраэл (1865-1926, англиялик ёзувчи ва драматург) “тигел” (турли металларни эритишда ишлатиладиган кўзасимон идиш. Турли халқларни бир-бири билан қўшиб ягона Америка халқини вужудга келтириш учун образ сифатида тигел сўзини ишлатган – тарж.) деб атаганди. Яъни, барча иммигрантлар, ҳеч бўлмаганда Европадан келаётган муҳожирлар тез орада “ашаддий америкапараст ватанпарварлар”га айланиб, федерациянинг аҳоли кам ҳудудларини ўзлаштиради ва мамлакат равнақига ҳисса қўшади, деган ишонч мужассам эди. “Қанча кўп одам бўлса, ҳаёт шунчалик қувноқ” деган принцип амал қиларди. Биринчи жаҳон урушидан кейин тушкун, ёқимсиз кайфият юзага келди. Барча халқларни бир жойга жамлаб, уни америкача қозон (“тигел”)да тоблаб, ундан “ватанпарвар” янги миллат яратиш ғояси амалда иш бермай қўйди.

Хорижий пролетариатнинг мамлакат ичкарисига кириш йўлларини ёпиш орқали пролетариатнинг, японлар тили билан айтганда, “хавфли фикрлари”дан жамиятни кафолатли халос қилишга эришилдими? Бу саволга ижобий жавоб бериш мушкул.

Ўз муҳитида ижобий таъсирга эга ва зарарсиз бўлган маданият элементлари бошқа муҳитга бостириб кирар экан, шу жойнинг ижтимоий тизимига ҳалокатли таъсир кўрсатади. Бу қонунни мақол шаклида қисқача шундай ифода этиш мумкин: “Ким учундир овқат ҳисобланган нарса, бошқа учун заҳардир”.

 

ТАРИХДА ҚОНУН ВА ЭРКИНЛИК

Ҳозир ўрганиладиган муаммо 1914 йилгача Ғарб одамини жуда оз бе­зовта қилган. Бунинг сабаби – муаммо ечимлари бирортаси бошқасига қараганда қониқарли эмас. Инсон тақдири инсондан юқори турувчи қонун билан бошқарилади деган тушунчага йўл қўйилганида бу қонунни “тараққиёт қонуни” деб аташган. Бошқа томондан эса, бундай қарашга йўл қўйилмаган чоғда эркин ва ақл-идрокка таянган инсон фаолияти ҳам тараққиётда худди шундай натижага эришади, деб ишонишган. XX аср ўртасига келиб вазият тубдан ўзгарди. Ўтмишда цивилизациялар ҳалокатга учрагани ва ҳозирги Ғарб кишиси бунёд этган даъвогарлик даражасидаги осмонўпар бино ҳам дарз кетаётганлиги маълум бўлди. 1919 йил нашр қилинган Освалд Шпенглер (1880-1936, немис файласуфи. Икки жилдли “Европанинг сўниши” (1918-1922) асаридан кейин машҳур бўлган. У ягона инсоний маданият мавжуд эмас ва маданият ўла туриб цивилизацияга айланади деган назирияни илгари сурган)нинг дабдабали номланган “Европанинг сўниши” асарида илгари сурилган қонунга ўхшаш қонун ҳақиқатан ҳам мавжудми? Бу қонунга кўра ҳозирги цивилизацияни ҳам авваллари бўлганидек ҳалокат кутмоқдами? Биз ўтмишдошларимиз хатоларини тузатиб, ўз тақдиримизни ўзимиз ярата оламизми?

Бу ўринда биринчи навбатда “қонун” сўзини қай маънода қўллаётганимизни аниқлаб олишимиз зарур. Яъни инсон томонидан ҳамма кўриб, билиб юрган одатдаги қонунчиликни назарда тутаётганимиз йўқ, балки биз таҳлил қилаётган “қонун” инсон фаолиятини бошқарадиган ва инсон томонидан ёзилган одатий қонунга ўхшаб кетса-да, бироқ у инсон томонидан яратилмагани ва инсон томонидан ўзгартирилмаслиги билан ажралиб туради.

 

Ҳозирги Ғарб жамиятининг ишлаб чиқариш фаолияти

Маҳсулот етказиб берувчи ва уни сотиб олувчи ўртасидаги талаб ва таклифнинг фарқли ва ўзгарувчан статистик модели “кўтарилиш” ва “пасайиш”нинг тўхтовсиз занжирида ўзини ажойиб тарзда намоён этди. Суғурта компаниялари даҳшатли таваккалларга мукофот суғуртасини белгилаш билан боғлиқ ўз бизнесининг янги соҳаларини очишга рағбатлантиришга қаратилган фаол ишбилармонлик цикллари модели бу китоб ёзилаётган пайтда ҳали ишлаб чиқилмаганди. Шундай бўлса-да, тадқиқотчи-олимлар ушбу соҳа предмети ҳақида кўп нарсани билиб олишди.

Бундай тадқиқотга биринчи бўлиб 1837 йил британиялик олим С.Ж.Ллойд (кейинчалик лорд Оверстон) қўл урди. Циклларнинг америкалик тадқиқотчиси У.К.Митчелл 1927 йил нашр қилинган китобида шундай деб ёзади: “Фаол ишбилармонлик циклларининг характерли хусусиятлари иқтисодий ташкилот қандай ривожланишига қараб ўзгаришини кутиш мумкин”. Бошқа бир америкалик олим У.Д.Торпнинг статистикага алоқаси йўқ материаллари асосида, учинчи бир америкалик олим Ф.СМиллс индустрияллаштиришнинг дастлабки бочқичида “қисқа” иқтисодий цикл тўлқинининг узунлиги ўртача 5,86 йил, тез ўтишнинг кейинги босқичи 4,09 йил ва қиёсий барқарорликнинг охирги даври 6,39 йил бўлишини ҳисоблаб чиқди.

Бошқа иқтисодчилар ўзгача циклларни таклиф қилишар эканлар, юқоридаги жараёнлар муддати узоқроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган. Умуман олганда циклларнинг муддатлари бўйича олимлар бир тўхтамга келиша олишмаган ва у бу борадаги тадқиқотлар ҳали ўзининг дастлабки босқичида турибди. Шу боис бу мавзуни давом эттиришга ҳожат йўқ. Буюк Британиядаги саноат инқилобидан кейин ўтган икки юз йил мобайнида Ғарб иқтисодий фанлари оталари иқтисодиёт тарихи бағридан инсоннинг иқтисодий фаолиятини бошқарган ва инсон характери сифатлари акс этган чалкаш маълумотлар, қонунлар тўпламини олиш билан машғул бўлишди.

 

Миллий давлатларнинг рақобати: сиёсий мувозанат

Иқтисодчилар иқтисодиёт тарихига татбиқ этиладиган қонунларни аниқлаш учун ўз тадқиқотлари натижаларини қўллашларни кўриб, биз худди шу усулни сиёсий соҳа фаолиятига нисбатан ҳам ишлатса бўладими, деган масалага эътибор қаратдик. Ғарб дунёсининг Янги давр миллий давлатларидаги рақобат ва урушларни сиёсий соҳадаги фаолият майдони сифатида танладик. Ғарб тарихининг ушбу даври бошланиши деб XV аср охирида трансалп Европа давлат тизимининг италянлаштирилишини олишимиз мумкин.

Англия (ёки Британия) халқи оролда жойлашганлиги боис устунлик ва нисбатан дахлсизлик берадиган аҳволидан фойдаланиб, бир-биридан юз йилга яқин вақт ажратиб турган тўрт воқеа ичида Ғарб-христиан дунёсида универсал давлат ташкил қилиш, ҳеч бўлмаганда, анъанавий ифода усули билан айтганда, “сиёсий мувозанатни бузишга” ҳаракат қилган континентал державаларни емиришдан дастлаб тийилгани ва сўнг уларни тор-мор қилганлигини “ҳар бир мактаб ўқувчиси билади”.

Биринчи воқеада сиёсий мувозанатни бузувчи – 1588 йил Испания, яъни испан армадаси эди; иккинчи воқеада – 1704 йил Людовик XIV Францияси Бленхейм жангида; учинчи воқеада – Франция инқилоби – Наполеон – Ватерлоо, 1915 йил; тўртинчи воқеада – Вилгелм II Германияси – 1918 йилги Ярашув куни, кейинчалик Гитлер даврида қайта оёққа турган Германия ва Нормандия, 1944 йил. Ушбу воқеаларда цикл моделини аниқ кўриб турибмиз. Ҳар бир “уруш” аввалгисига қараганда узоқ муддатга чўзилган ва олдингисига нисбатан кўпроқ давлатларни ўз домига тортган.

Замонавий Ғарб универсал давлати барпо этилишининг олдини олишга қаратилган ана шу тўрт уруш оралиғи тахминан юз йил эди. Дастлабки уч юз йилни алоҳида таҳлил қиладиган бўлсак, урушлар ўртасидаги вақт навбатдаги урушга ҳозирлик кўриш ёки қўшимча уруш эканлиги ва бундан мақсад Марказий Европа ва Германияда устунликка эришиш учун кураш эканлигига гувоҳ бўламиз. Бу урушлар Марказий Европада кечганлиги боис, Англия уларнинг бирортасида охиригача, айрим ҳолларда эса умуман иштирок этмаган. Бу оралиқ урушларнинг биринчиси Ўттиз йиллик уруш (1618-1648), иккинчиси пруссиялик “Буюк” Фридрих урушларини (1740-1763) ўз ичига олган, учинчиси эса 1848-1871 йиллар ичидаги узоқ вақт давом этган ва Бисмарк билан боғлиқ урушлардир.

Ва ниҳоят тўрт пардали бу драмани Испаниянинг Филипп IIси эмас, Габсбургларнинг икки авлод олдинги “Италия урушлари” увертюраси очиб берган, деб айтишимиз мумкин. Бу урушлар Франция қироли Карл VIIIнинг Италияга ёвузона бостириб кириши билан бошланганди ва у ҳайрон қоларли даражада натижасиз тугади. Ушбу тажовуз малакали мутахассислар кеч Ўрта асрлар ва илк Янги давр деб кескин ажратган 1494 йил содир бўлганди. Бу воқеа христианлар томонидан мусулмонларнинг Испаниядаги охирги ҳудуди босиб олингандан, Колумбнинг эса Вест-Ҳиндистонга биринчи қадамини қўйганидан сўнг икки йил ўтиб рўй берди.

Бу воқеаларнинг барчасини жадвалда ифода этиш мумкин. Александрдан кейин эллин ва Конфуцийдан сўнг Хитой тарихидаги тинчлик ва уруш циклларини тадқиқ қилиш Ғарб тарихининг Янги даврига хос бўлган ҳамда ўзининг структураси ва давомийлиги билан жудаям ўхшаб кетадиган тарихий “модел”ни юзага чиқарди.

 

Цивилизациялар инқирози

Ғарб жамиятининг Янги давридаги юқорида кўриб ўтилган урушларнинг циклли моделига назар ташлайдиган бўлсак, “ғилдирак” тўрт маротаба ҳам ҳар сафар “старт” олган жойига қайтиб келгани ва йўқлик қаъри, беҳудалик томон айланганлигидан даҳшатга тушамиз. Бу “ғилдирак” мудом хавф-хатар мавжуд томон юрган. Ана шу тўрт воқеа ўта кучли ва ўзига ортиқча баҳо бериб юборган давлатдан ўзларини ҳимоя қилиш учун қўшни мамлакатлар қандай бирлашгани ва охир-оқибат манманлик, ўз куч-қудратига ортиқча ишонч мағлубиятга олиб келишини кўрсатди.

Миллий давлатлар ўртасида устунликка эришиш учун ўз-ўзини маҳв этувчи бундай такрорланувчи цикллар цивилизациялар инқирози муаммосини тадқиқ этаётганимизда ҳам диққатимизни тортган эди. Цивилизацияларнинг инқирози ва урушлар цикли ўртасида ўхшашлик борлиги ажаблантирмайди. Жамиятдаги синиш орқасидан келадиган инқироз маҳаллий давлатлар ўртасидаги шиддатли урушлар оқибати эканлигини тадқиқотимиз кўрсатиб турибди. Курашаётган давлатлардаги зўравонлик алангаси бирдан сўнмайди ва у янги ижтимоий тўнтариш ва фуқаролар уруши шаклида пайдо бўлади. Шундай қилиб, инқироз жараёни урушлар оралиғида вақтинча тўхтаса-да, кейинчалик барибир давом этади.

Инқирозлар ҳам миллий давлатлар урушлари сингари турли тусланишлар билан ўз йўналиши бўйича боришини аниқладик. Кўплаб тарихий мисолларни тадқиқ қилиб “мағлубият ва жонланиш” цикли ритми, одатда, уч ярим тактдан иборат бўлишини аниқладик – мағлубият, жонланиш, пасайиш, жонланиш, пасайиш, жонланиш, пасайиш. Бу цикл худди ана тариқада цивилизациянинг синишидан то бутунлай барҳам топишига қадар ўзининг тарихий саёҳатини амалга оширади. Биринчи мағлубият синган жамиятни “ноиттифоқлик даври”га улоқтириб ташлайди. Бу давр эса кейинчалик иккинчи ва янада кучлироқ ҳамлага дучор бўлиш учун илк жонланиш билан ўрин алмашади. Бундай пасайиш ортидан анча узоқ давом этадиган иккинчи жонланиш бошланади ва мазкур жараён универсал давлат пайдо бўлишига олиб келади. Бу ҳам ўз навбатида пасайиш ва жонланишни бошидан кечириб, охирги жонланиш ортидан якунловчи инқироз етиб келади.

“Ижтимоий инқироз” драмаси “сиёсий мувозанат” драмасига қараганда анча аниқ ва доимий мазмунга эга. Универсал давлатлар жадвалига назар солсак, воқеалар силсиласи бегона ижтимоий тизимлар таъсири остида издан чиқмаса, тахминан тўрт юз йил давомида, яъни илк синишдан универсал давлат қарор топгунга қадар жамият мағлубият, жонланиш, пасайиш ва янада самаралироқ жонланиш ҳаракатида бўлган. Универсал давлат вужудга келиб унинг ҳалокатигача ҳам тахминан шунча вақт ўтади. Бироқ универсал давлат ҳалокатга қарши охиригача курашади. Бу курашларга мисол сифатида 378 йилда Адрианопол (Август томонидан асос солинганидан тўрт юз йил ўтиб)даги ҳалокатдан сўнг Рим империясининг ижтимоий жиҳатдан қолоқ бўлган ғарбий вилоятларидаги инқироз 565 йил Юстианнинг ўлимига қадар марказий ва шарқий вилоятларга кўпам таъсир кўрсатмади. Худди шундай, 184 йил иккинчи марта ҳамлага дуч келган ва оқибатда уч подшоҳликка бўлиниб кетган Хан империяси бутунлай ҳалокатга учрашидан олдин Цзин империяси (280-317) даврида яна қайта бирлашиб, тикланишга юз тутган.

 

Цивилизациялар тараққиёти

Ижтимоий инқироздан ижтимоий тараққиётга диққат қаратар эканмиз, бу жараён ҳам худди инқироз сингари циклли ҳаракатга эга эканлигини кўрамиз. Юзага келган муаммо-таҳдидга муваффақиятли ечим-жавоб топилганда ривожланишга эришилган ва бу нарсани ҳам ўз навбатида яна бир янги муаммо-таҳдидни юзага келтирган. Чексиз такрорланадиган ушбу жараён йўлига ғов бўладиган бирор-бир асосли сабаб топа олмадик. Ҳеч бир цивилизация тараққиёт жараёнини ушлаб қола олмаган. (Бу тарихий факт!) Улар муаммо-таҳдидга бир марталик ечим-жавоб топишган. Бу жавоб ортидан келадиган янги муаммо-таҳдидга талаб қилинган изчил ўзгача жавоб топишни уддалай олишмаган.

Эллин цивилизациясига таҳдид солган дастлабки бебош варварлик шаҳар-давлатларнинг юзага келишидек янги институт шаклида самарали жавоб қайтарган. Бу муваффақият эса аҳоли сонининг ўсишидек иқтисодий йўналишдаги янги муаммони келтириб чиқарган. Ушбу иккинчи муаммо-таҳдид ҳар хил амалиётга эга кўплаб муқобил жавобларни туғдирди. Мазкур жавоб ичида спарталикларнинг қўшни унумдор ва серҳосил ерларни босиб олишдек ҳалокатли жавоблари ҳам бор. Эллинлар томонидан Ўрта Ер денгизининг ғарбий соҳилларидаги қолоқ халқларнинг ерларини мустамлакага айлатиришдек маълум муддат самара берган жавоб ҳам мавжуд. Эллин дунёсининг бундай кенгайиши (финк ва тирренслар сингари рақобатчилар эллинларнинг географик кенгайиши йўлига ғов бўлгунларига қадар) натижасида иқтисодда инқилоб рўй берди ва натурал хўжалик ўрнига саноат ишлаб чиқариши товарларини экспорт қилиш ва хомашёни импорт қилишни кириб келишидек афиналикларнинг узоқ вақт самарали бўлган жавоблари ҳам ўрин олди.

Иқтисодиёт соҳасидаги муаммо-таҳдидга топилган ва берилган муваффақиятли ечим-жавоб кейинчалик сиёсий йўналишдаги муаммо-таҳдидни туғдирди. Иқтисодий жиҳатдан оёққа туриб олган ва ўзига мустақил бўлган эллин дунёси сиёсий режимдан қонунийлик ва ягона тартибни талаб қила бошлади. Ташқи дунёдан узилиб қолган ва мустақил қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ривожини рағбатлантирувчи шаҳар-давлатларни бошқарадиган режим иқтисодий структураси яхлитлашган эллин жамиятини худди шундай ягона сиёсий структура билан таъминлашга қодир эмасди. Эллин цивилизациясини синишдан асраб қолиши мумкин бўлган ана шу учинчи муаммо-таҳдидга ўз вақтида ечим-жавоб топилмади. Учинчи муаммо-таҳдидга эллин цивилизацияси топа олмаган жавобни Ғарб цивилизацияси ўзининг ривожланиш жараёнида муваффақиятли топди.

Эллинлар ҳам дуч келган ва оралиқ подшоликлар даврида варварлик дастлабки муаммо-таҳдид эди. Бу таҳдидга папа бошчилигидаги ягона черков институти ташкил этилиб ўзгача жавоб қайтарилди. Бу нарса иккинчи муаммо-таҳдидни туғдирди. Чунки ягона черков атрофида бирлашган Ғарб-христиан дунёси ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан самарали бўлган локал давлатлар тизимига зарурат сеза бошлади. Бу муаммога жавоб – Италия ва Фландрияда эллинларнинг шаҳар-давлатлари қайта тикланиши бўлди. Бироқ шаҳар-давлатлар баъзи соҳаларда ижобий роль ўйнаган бўлса-да, лекин ҳудудий жиҳатдан кенгайиб бораётган феодал монархларнинг талабларига жавоб бермас эди. Италия ва Фландриядаги шаҳар-давлат тизими Ғарб дунёсининг бошқа йирик кўламдаги миллатларининг сиёсий ва иқтисодий соҳада самарали маҳаллий бошқарувни юзага келтириш муаммосини ҳал қила олармиди?

Бу муаммо Англияда дастлаб сиёсий соҳада парламент институти орқали, кейинчалик саноат инқилоби орқали иқтисодий соҳада ҳал қилинди. Аммо Ғарб саноат инқилоби, худди эллин тарихидаги Афина саноат инқилоби сингари маҳаллий иқтисодий мустақиллик ўрнига бутун дунё иқтисодиётига боғлиқликни олиб келди. Шундай қилиб, Ғарб цивилизацияси учинчи муаммога муваффақиятли жавоби орқали ўз вақтида эллин цивилизацияси иккинчи муаммога муваффақиятли жавобидан кейин дуч келган янги муаммо билан юзма-юз келди. Ушбу китоб ёзилаётган XX аср ўрталарида Ғарб одами бундай сиёсий муаммо-таҳдидга муваффақиятли жавоб топа олмаган бўлса-да, лекин унинг хавфини ўз ҳаётида яққол сеза бошлади.

Ана шу икки цивилизация тараққиётига бир қур назар солишнинг ўзи ҳам ижтимоий ривожга эришишнинг муаммо ва жавоб доираси занжири тугунларида бир хиллик йўқлигини кўрсатиб турибди. Етарли даражада ҳужжатлаштирилган бошқа цивилизациялар тарихи тадқиқи ҳам бу хулосани тасдиқлаб турибди. Цивилизациялар тараққиётида ҳам, уларнинг инқирози тарихида ҳам “Табиат қонунлари” ҳаракати бир хилда сезиларли даражада эмаслигини, назаримда, тадқиқотимиз натижаси десак бўлади.

 

БУ НИМА ТУФАЙЛИ ВА ҚАНДАЙ СОДИР БЎЛДИ

Одамлар нега тарихни ўрганади? Бу саволга тарихчи ҳаётда мақсад билан яшашдек бахт топган ҳар қандай инсон сингари Парвардигори оламнинг “Яратганни ҳис қилиш ва Уни излаш” даъватида ўз қисматини топган инсон деб, жавоб берган бўлур эдим. Тарихчининг нуқтаи назари – ҳисобсиз нуқтаи назарлардан биридир. Худонинг ҳаракатдаги яратувчилик қудратини бизнинг инсоний тажрибамиз олти ўлчовида кўрсатиб бериш тарихчининг алоҳида хизматидир. Тарих фанига оид нуқтаи назар – тўртўлчовли фазода доира бўйлаб ҳаракат қилаётган физик космосни, Ҳаёт-вақт-макон бешўлчовли тизими доирасида тадрижийлик касб этаётган сайёрамиздаги Борлиқни, шунингдек, муқаррар тақдир орқали Яратгувчи томон маънавий юксакликни амалга ошираётган ёки Тангрини рад этаётган инсон қалбини Руҳ воситасида олтинчи ўлчовга кўтарилишини намоён қилади.

Биз Тарих моҳиятида Илоҳий яратувчилик қудратнинг ҳаракатдаги томошасини билишга ўзимизни ҳақли деб билсак, инсон ақл-идроки тарих таассуротларини қалбан қабул қилиши доимо тахминан бир хил даражада қолаётганлиги бизни ҳайрон қолдирмаслиги керак. Тарихчида ижодий тўлқинланиш бўлмаса, тарихнинг улуғвор, зўр таассурот қолдирадиган ёдгорликлари ҳам ҳеч қачон тилга кирмайди. Чунки тарихчи олим тарихий ашё ва ёдгорликлар тадқиқотига ижодий иштиёқ ва ҳаяжонсиз киришса, бамисоли басирдек ҳеч нарсани кўра олмайди. Қалб амри ва даъватисиз тарихчи кўзида ижод олови ёнмаслиги ҳақиқатини ғарблик файласуф-саёҳатчи Вольней (Константин Франсуа Волней, 1757-1820 Француз маърифатчиси, файласуфи) фаолияти тасдиқлайди. У 1783-1785 йиллар ислом дунёси мамлакатларига (Усмонли турк империяси, Миср, Сурия) саёҳат қилди. Олим Ганнибал урушлари давридагина цивилизация тарихига тортилган мамлакатдан уч-тўрт минг йилдан буён тарих ҳаракатининг саҳнаси бўлиб келаётган, Галлияга қараганда ўтмиш ёдгорликларига ниҳоятда бой ўлкаларга келиб қолган эди. XVIII асрнинг охирги чорагида Ўрта Шарқда йўқолиб кетган цивилизацияларнинг ҳайратга соладиган харобалари ичида бу монументларни тадқиқ қилишга ҳаракат қилмаётган авлод яшарди. Айнан тадқиқ қилиш масаласи Волнейни Франциядан Мисрга етаклаб келди. Ўн беш йилдан кейин эса Бонапарт ҳарбий экспедицияси ортидан француз олимларининг каттагина гуруҳи ҳам кириб келди. Наполеон Имбаба остонасидаги ҳал қилувчи жангдан олдин эҳромлар тепасидан сизга қирқ асрлик тарих назар солиб турибди деб армиясига мурожаат қилар экан, бу даъват саводсиз оддий аскарлар қалбида ҳам маълум бир таассурот уйғотишига ишонарди. Мамлуклар қуролли кучлари қўмондони Муродбей тарихга бефарқ аскарларига худди ана шу тарзда мурожаат қилишни хаёлига ҳам келтирмаганлигига ишончимиз комил.

Наполеон араваларида Мисрга кириб келган француз олимлари Ғарб жамиятининг ўтакетган қизиқувчанлигини қондирадиган тарихнинг янги ўлчовига дуч келишди. Худди ана шу вақтдан бошлаб унутилган ва йўқолган – Қўҳна дунёдаги Миср, Вавилон, Шумер цивилизациялари, Ҳинд дарёси ҳавзаси, Шан маданияти, Янги дунёдаги Мая, Юкатан, Мексика ва Анд цивилизацияларига яна қайта ҳаёт бағишланди.

Руҳлантирадиган қизиқувчанликсиз ҳеч ким тарихчи бўла олмайди. Бироқ бу хусусият камлик қилади. Мабодо қизиқувчанлик аниқ мақсадга йўналтирилмаган бўлса, у мақсадсиз маҳмадоналик, ўзини билармон ҳисоблашга олиб келади. Ҳар қандай буюк тарихчининг қизиқувчанлиги унинг авлоди учун амалий аҳамиятга эга бўлган маълум бир саволга, муаммога жавоб беришга йўналтирилган. Бу саволни умумлаштириб қуйидагича ифода этишимиз мумкин: “Бу нима туфайли ва қандай содир бўлди?”.

Машҳур тарихчилар томонидан яратилган интеллектуал тарихни кўздан кечирсак, ҳайратда қолдирадиган жуда муҳим воқеалар даъвати уларни тарихий ташхис қўйиш шаклидаги жавоб топишга илҳомлантирган. Бу тарихчи ўзи гувоҳ бўлган ёки Фукидид (мил. авв. 460-400 йиллар, қадимги Юнонистоннинг йирик тарихчи олими)га ўхшаб ўзи фаол иштирок этган Пелопоннес уруши, Кларедон (Кларедон Эдуард Хайд (1609-1674) – граф, 1660-1667 йиллар Англиянинг лорд-канцлери. XVII асрдаги Англия буржуа инқилобида фаол иштирок этган ва унинг тарихини биринчи бўлиб ёзган) қатнашган Англиядаги фуқаролар уруши бўлиши мумкин. Ёинки, орадан юз йиллар ўтиб Капитолия харобаларига ўйчан тикилиб турган Гиббоннинг (Гиббон Эдвард (1737-1794) – инглиз тарихчиси) қалбини Рим империясининг таназзули ва емирилишидек воқеа жунбушга келтиргандир. Форс уруши Геродотга ижодий рағбат олиб келган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ нима бўлганда ҳам, кўпинча инсоннинг келажакка ишонч ва умид билан қарашдек табиий туйғусига таҳдид солувчи улкан тарихий эврилишлар, фалокат ва фожиалардан тарихчининг энг яхши асарлари дунёга келади.

Рус тилидан Жалолиддин Сафоев таржимаси

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 10-сон

[1] “Ҳукмдор танлаган динга сиғинасан” ақидаси 1555 йилда имзоланган Аугсбургс шартномасининг асосий мазмунини ифода этган. Бу шартномага кўра, ҳар бир немис давлати ҳукмдори ўз мамлакати фуқаролари учун – католик ёки лютеранлик черковини мустақил равишда танлаган. Ҳукмдор танлаган динга эътиқод қилиш қатъиян талаб қилинган ва бу кўплаб фожиали оқибатларга олиб келган. Ушбу шартномадан кейин Германияда диний урушлар бўлиб ўтган.