Таниқли қадимшунос олим Амриддин Бердимуродовнинг газетамизнинг 2006 йил 12 май сонида босилган “Cпитамен қизининг қисмати ёхуд маъбудага айланган асира” саралавҳали тадқиқот мақоласи: “Эрамиздан олдинги 329-йили юнон фотиҳи Искандар Мақдуний Туронга қўшин тортиб келганда унга қарши мардонавор жанг қилган сўғд баҳодири Спитамен жасоратини билмаганлар кам”, деган жумла билан бошланган эди. Мақолада Спитаменнинг юнонлар қўлига асира бўлиб тушган гўзал қизи Апамоҳнинг лашкарбоши Селевкка узатилиши, улар никоҳидан туғилган Антиох I Сотер иқтидорли лашкарбоши ва тадбиркор ҳукмдор бўлиб етишгани, эрадан олдинги 281-йили отаси ҳалок бўлгач, тахтга чиққани, унинг фармони билан Туронда катта шаҳар қурилиб, Антиох номи берилгани ҳақида сўз борганди.
Малика Апамоҳ Селевк ва Антиохлар салтанатида кўплаб маданий тадбирларга бошчилик қилган. Евфрат дарёсининг ўнг ва чап қирғоқларида қад кўтарган Селевкия ва Апама шаҳарлари театр ва саройлари, ибодатхона ва ҳунармандлик устахоналари билан машҳур бўлган. Бир пайтлар Рим империяси ва Парфия давлатларига бўйсунган бу шаҳарлар ўрни қадимшунослар томонидан ўрганилаётир. Муаллиф бу ҳақдаги мақоласини “Сўғдиёнада туғилиб, тақдир шамоли мусофир юртларга учириб кетган гўзал Апаманинг қисмати ҳақида биз билган тарих ҳозирча шундан иборат”, дея якунлаган эди.
Сўнгги йилларда Амриддин Бердимуродов Италиянинг Болонья ҳамда Япониянинг Киото шаҳарларида бўлиб, бу ҳақдаги изланишларини давом эттирди. Қуйида сўғд баҳодири Спитамен қизининг сўнгги авлодларига доир воқеалар талқини билан танишасиз.
Сўғдиёнада Искандарни энг сара лашкарларидан жудо этган баҳодир Спитамен қадимги дунёнинг машҳур қаҳрамонларидан бири сифатида маълум. Эрамиздан олдинги 329 йили Эронни тор-мор қилиб, Доро III ни қочишга мажбур қилган юнон фотиҳи Туронда қаттиқ зарбага дуч келишни хаёлига келтирмаганди. Бақтрияликлар ва сўғдлар янги пайдо бўлган ёвга қарши қаттиқ жанглар олиб боришиб, кўп сонли қўшинларни қириб ташлайдилар. Босқинчилик юришларида бирор бир талофат кўрмай келаётган юнонлар энг сара жангчиларидан жудо бўлади. Бир жангда Искандарнинг ўзи ҳам қаттиқ яраланиб, ўлишига оз қолган. Спитамен зарбаларидан юрак олдириб қўйган Искандар унга сулҳ таклиф қилади ва Сўғдиёнага ҳокимликни ваъда қилади. Аммо Спитамен Ватанининг бир қисмини ёв қўлида қолдириб, қолган қисмида давр суришни хоҳламайди. Курашни давом эттиради.
Спитамен хоинлар фитнаси билан ўлдирилгач, Искандар енгил тин олади. Сўғдиёнага Оролий исмли кишини ноиб тайинлаб, Ҳиндистонни забт этишга отланади. Ҳиндистон истило қилингач, Искандар Эронга қайтиб келиб, кўпдан буён ўйлаб юрган режасини амалга оширади. Тарихчиларнинг ёзишича, Искандар Шарқ ва Ғарб халқларини қориштириб, юнон-македон маданиятини бутун дунёга ёйиш, сўнгра барча халқлар устидан мутлақ ҳукмдор бўлишни орзу қилган экан. Бу орзуни рўёбга чиқариш учун кўплаб тадбирларни амалга оширади. Истило қилинган халқларнинг ибодатхоналарига кириб, уларнинг худоларига сиғинади. Маҳаллий халқлар либосини кийиб, айрим урф-одатларни жорий қилади. Бу билан сафдошлари таъна-дашномига ҳам қолади. Аммо фикридан қайтмайди. Сўза шаҳрида ўтказилган улкан тўй маросимида тўқсонта сафдошини туронлик ва эронлик аслзода қизларга уйлантиради. Барча келинлар сепи учун хазинадан катта бойлик ажратади.
Никоҳ тадбирини Искандарнинг ўзи бошлаб, Эрон подшолари Доро ва Артаксерис III нинг қизларига уйланади. Тўққиз минг меҳмон қатнашган тўйда ҳар бир иштирокчига олтин қадаҳ улашилади. Спитаменнинг асира қизи Апамоҳ ва лашкарбоши Селевкларнинг никоҳи ҳам шу тўйда бўлган.
Орадан йиллар ўтиб, аксарият келин-куёвлар ажрашиб кетишган. Аммо лашкарбоши Селевк гўзал Апамоҳни чинакамига севиб қолган. Улар узоқ яшаб, фарзандларини камолга етказганлар.
Искандар вафот этгач, империянинг катта бўлаги моҳир лашкарбоши Птоломейга, Шарқда жойлашган қисми эса унинг сафдоши Селевкка тегади. Тигр дарёсидан Сирдарёгача бўлган бепоён ўлкалар, шунингдек, Апамамоҳнинг юрти Сўғдиёна ҳам Селевк ихтиёрига ўтган эди. У асос солган селевкийлар сулоласи эрамиздан олдинги 64-йилгача давом этади ва бу сулола вакиллари 248 йил тожу тахтда бўладилар.
Селевк I Парфия, Бақтрия ва Сўғдиёнанинг ҳудудида етмишдан ортиқ шаҳарлар қуриб, уларга отаси, онаси, хотини Апамоҳ, ўғли Антиох ва ўз номини берган. Селевк I армия ва маҳаллий зодагонларнинг кўмагига суяниб давлатни бошқарган. Бақтрия ва Сўғдиёнада Селевк I зарб қилдирган тангалар эркин муомалада бўлган. Афросиёб, Варахша, кўҳна Термиз ва Дарбанд қишлоғидан топилган тангалар бу фикрни исботлаб турибди. Машҳур Амударё хазинасидаги Селевк I тангалари сони 47 та. Бундан ташқари, унинг даврида Бақтрияда зарбхоналар ҳам фаолият кўрсатган.
Селевкийлар сулоласида ота-она, бобо ёки момо исмини ўғил-қизларга қўйиш одати кенг расм бўлган. Шу сабабли бу сулолада ўнлаб Селевклар, Апамалар, Антиохлар, Лаодикалар учрайди. Тарихчилар бу чалкашликни бартараф этиш учун уларни биринчи, иккинчи ва ҳоказо деб атайдилар. Италиянинг Неапол шаҳридаги музейда Селевк I нинг тошдан ясалган бюсти сақланган.
* * *
Манбаларда ёзилишича, юксак ақл-идрокли Апамоҳ эрининг ишларига яқиндан кўмак берган, Осиёда юзага келган айрим низоларни бартараф этишда ҳукмдорга тўғри йўл кўрсатган. Шу боис Селевк I осиёликларга хайрихоҳлик билан қараган. Милетликлар ибодатхоналарига Апамоҳнинг улкан ҳайкалини ўрнатишиб, илоҳага сиғингандек сиғинганлар. Ибодатхоналарда подшо Селевк I шарафига айтиладиган мадҳияларга Апамоҳнинг номи ҳам қўшиб айтилган. Селевк I Апамоҳ шарафига тўққизта шаҳар барпо қилган. Бу шаҳарлар ном-нишонсиз йўқолиб кетмаган. Уларнинг айримлари ҳозир Туркияда – Евфрат дарёси қирғоқларида сақланиб қолган.
Жўғрофий жойланишига кўра, бу шаҳарлар Шарқ ва Ғарбни боғлаб турувчи Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган. Уларни археологик қазиш ишларида ЎзФА Археология институти етакчи илмий ходими Козим Абдуллаев қатнашган эди.
Антик давр манбаларида ёзилишича, Апамоҳ эрамиздан олдинги 300-йили тахминан эллик ёшида Сурияда вафот этган. Селевк I ўлдирилгач, Антиох I отаси тахтига ўтиради. Ёшлигиданоқ яхши тарбия олган Антиох I онаси Апамоҳнинг Ватани Туронда бўладиган савдо муносабатларига катта эътибор берган. Кўҳна Турон ҳудудидаги ёдгорликлардан 130 дан зиёд Антиох I тангалари топилган. Жом қишлоғидан топилган кумуш тангада унинг расми бор. У вафот этгач, Антиох II тахтга ўтиради. У малика Апамоҳга набира бўлади. Тарихий манбаларда, Антиох II нинг ҳукмронлик даври унчалик осойишта бўлмагани ҳақида ёзилган. У Кичик Осиёдаги низоларни бартараф этиш учун бу ҳудудда катта мавқега эга бўлган Акайнинг қизи Лаодинага уйланади. Миср билан келишмовчиликларни тинчитиш эса учун унинг ҳукмдори Птоломейнинг қизи Береникани ўз никоҳига олишга мажбур бўлади.
Антиох II нинг Селевк II ва Антиох номли икки ўғли бўлган. Унинг қўққисдан содир бўлган ўлимидан сўнг тахтга катта ўғли Селевк II ўтиради. У тахтни эгаллагач, отаси заҳарланишида ўгай онаси Берениканинг қўли бор, деган гумон билан Береника ва унинг ўғлини ўлдиртиради. Бу хабарни эшитган Миср ҳукмдори Птоломей Селевк II га қарши уруш бошлайди… Селевк II нинг вафотидан сўнг ўрнига эрамиздан олдинги 243-йили туғилган Антиох III тахтга ўтиради.
* * *
Антиох III нинг ҳукмронлиги селевкийлар давлатининг турли ҳудудларида бошланиб кетган озодлик курашларига тўғри келган. Унинг даврида арман подшолиги мағлуб этилган бўлса-да, Парфия, Бақтрия, Сўғдиёна ва Ҳиндистонда мустақиллик учун курашлар авж олади. Бу курашни бостириш учун ҳукмдор катта қўшин билан Осиё марказига юриш қилишга мажбур бўлади. Бу вақтда Бақтрияда маҳаллий аҳолидан чиққан ҳукмдорлар оёққа тура бошлайди. Антиох III нинг тангалари Бақтрия ва Сўғдиёнадаги ёдгорликлардан топилишига қараганда, унинг даврида Сурия билан Бақтрия савдо алоқаси ҳали барҳам топмаганлигини кўрсатади. Аммо ундан кейинги селевкийларнинг тангалари Бақтрия ва Сўғдиёнада деярли учрамаслиги савдо муносабатлари анча сусайганини кўрсатади.
Антиох III ҳукмронлиги даврида Сурия билан Миср муносабати анча ёмонлашгани маълум. Икки ўртадаги низо битим тузиш билан бартараф этилади. Бу битимга асосан Антиох III ўз қизи Клеопатрани гаров сифатида Миср ҳукмдори Птоломей V га хотинликка беришга мажбур бўлади. Бу воқеа эрамиздан олдинги 194-йили содир бўлган. Миср тарихида чуқур из қолдирган Клеопатра исмли маликалар сулоласи айнан шу қиздан бошланган.
Клеопатра ва Клеопатралар
Юнонистон, Сурия ва Мисрнинг антик даврига назар соладиган бўлсак, бу давлатларда Клеопатра исмли бир қанча малика яшаб ўтганига гувоҳ бўламиз. Уларнинг айримлари ўз фаолиятлари билан тарихда ёрқин из қолдирганлар.
Антик даврда Юнонистонда Клеопатра исмли икки малика яшаб ўтган. Уларнинг биринчиси шоҳ Файлақус (Филипп) ва малика Олимпиадалар оиласида туғилган, Искандарнинг синглиси малика Клеопатра бўлса, иккинчиси Искандарнинг ўгай онаси кенжа малика Клеопатрадир.
Шоҳ Файлақус ўн олти ёшли гўзал Клеопатрага ошиқ бўлганида, Искандар бунга унчалик аҳамият бермаган. Бу воқеага қирқ етти ёшли отасининг навбатдаги ишқий саргузаштларидан бири сифатида қараган. Аммо мамлакатда катта мавқега эга бўлган Клеопатранинг қариндошлари Файлақусдан бу никоҳ қонуний бўлишини, туғилажак фарзанд бевосита тахт вориси, деб эълон қилинишини шарт қилиб қўйганларидан сўнг воқеа жиддий тус олади. Файлақуснинг боши қотади, негаки, у аввалданоқ ўғли Искандарни тахт вориси, деб эълон қилган эди. Клеопатрага ошиқлиги устун келиб, подшо бу шартга рози бўлади. Искандар эса отасининг қилиғидан қаттиқ ранжийди. Аммо аламини ичига ютади. Дабдабали тўй чоғи кайфи ошиб қолган Клеопатранинг амакиси Аттал барчанинг кўз олдида юнон худоларига қурбонлик қилиб, подшо Файлақус ва малика Клеопатрага қонуний фарзанд ато этишларини сўрайди. Атталнинг бу тилаги Искандарнинг тўлиб турган сабр косасини тоширади. Ғазабланган Искандар қўлига илинган қадаҳни олиб, Атталга отади. Буни кўрган Файлақус ўғли Искандарга қилич ўқталади, аммо кайфи ошганидан унга етолмай гурсиллаб йиқилади. Искандар ҳаммага эшиттириб: “Мана, Осиё устига юриш қилмоқчи бўлган одамнинг аҳволи, бир тўшакдан иккинчисига ўтишга ҳам ярамайди”, дея бақириб тўйхонадан чиқиб кетади. Шу кетишда Искандар нафақат тўйхонани, балки мамлакатни ҳам тарк этади. Дастлаб онаси Олимпиада билан тоғаси ҳукмронлик қилаётган Эпирга келади. Сўнгра онасини бу ерда қолдириб, Илларияга боради. Она ва ўғил подшо Файлақусга қарши урушга тайёргарлик кўра бошлайдилар. Аммо уларни ҳеч ким қўлламайди, чунки Файлақуснинг қудратидан кўпчилик чўчир эди. Аммо эҳтиёткор Файлақус ҳам Эпир подшоси билан орани совутишни хоҳламайди ва унга ўз қизи Клеопатрани хотинликка бериб, алоқани мустаҳкамлайди. Ўртага одам қўйиб ўғли Искандар билан ярашади. У отаси ёнига қайтиб келади.
Аммо подшо Файлақус ва унинг ёш хотини Клеопатра тақдири фожиа билан якунланади. Файлақус ўлдирилгач, Искандар тахтга ўтиради. У отасининг ушалмаган орзусини амалга оширишга киришиб, Осиё устига юриш бошлайди. Искандар юришга кетганидан фойдаланган Олимпиада кундоши Клеопатрадан даҳшатли тарзда ўч олади. Дастлаб онаси тиззасида ўтирган Европани ўтирган жойида ўлдиртиради, сўнгра Клеопатрани ўзини ўлдиришга мажбур қилади.
Мисрлик Клеопатра
Орадан бир аср ўтгач, эллинлар даврининг тарихий саҳнасига яна Клеопатра исмли малика кириб келади. Айнан шу маликадан сўнг Мисрда ҳукмдорлик қилаётган Птоломейлар сулоласига ҳамоҳанг фаолият олиб борган Клеопатралар сулоласи бошланган, десак муболаға бўлмайди. Бу малика биз юқорида айтиб ўтганимиз, селевкийлар ҳукмдори Антиох III нинг қизи Антиох Клеопатрадир.
Миср тарихида Клеопатра исмли маликалар кўп бўлганидан тарихчилар уларни “биринчи, иккинчи” ва ҳоказо дея номлаганлар. Антиох III нинг қизи Клеопатра I номи билан тарихда қолган… Айниқса, Клеопатра VII нинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида жуда кўп маълумотлар сақланган. Чунки унинг фаолияти Миср ва Сурия чегарасидан чиқиб, ўша даврнинг қудратли давлати — Рим империяси билан алоқадор ҳолда антик даврнинг машҳур шахслари Юлий Цезар, Марк Антоний ва Октавиан Августлар билан боғланиб кетган эди.
У эрамиздан олдинги 69-йили Мисрнинг Искандария шаҳрида подшо Птоломей Авлет оиласида туғилган. Птоломей ўлими олдида тахтини қизи Клеопатра ва ўғли Птоломей XII га васият қилган эди. Мисрнинг ўша даврдаги урф-одатига кўра, у укасига турмушга чиқиши, сўнгра опа-укалар ҳамкорликда давлатни бошқариши лозим эди. Аммо саройдаги ҳар хил низо ва фитналар туфайли Клеопатрани 21 ёшида Сурияга сургун қиладилар. Отасининг васияти бажарилмай, сургун қилиниши Клеопатрага жуда қаттиқ таъсир қилади. У қандай бўлмасин, рақибларини мағлуб қилиш йўлини ахтаради. Унинг бахтига тез орада нажот ўз оёғи билан келади. Юлий Цезар Мисрга келганини эшитган малика Суриядан келиб, яширинча Цезар билан учрашади ва ёрдам сўрайди. Цезар подшо Птоломейнинг васияти амалга ошмагани учун адолатни қарор топтиришга киришади. Бундан хабардор бўлган Клеопатранинг рақиблари яна бош кўтарадилар. Цезар ва Клеопатра узоқ вақт сарой ичида қамалда қолишади. Цезар қўшимча куч чақириб, Клеопатра душманларини мағлуб қилишга эришади. Бу жангларда Птоломей XII ҳалок бўлгач, Клеопатра якка ўзи тахтни эгаллайди.
Клеопатранинг гўзаллигига асир бўлган Цезар анча вақт Искандарияда қолиб кетади. Эрамиздан олдинги 47-йили Клеопатра Цезардан ўғил кўради ва унга Цезарион деб исм қўядилар. Цезар Римга қайтиб келгач, Клеопатра ва ўғлини Римга таклиф қилади. Клеопатра ўз канизлари ва сарой аёнлари ҳамроҳлигида Римга келади. Цезар унинг шарафига ҳашаматли кутиб олиш маросимини ўтказади. Майдонга Римнинг барча аслзодалари, давлат арбоблари йиғилади.
Клеопатра гўзаллиги ва улуғворлиги билан барчани лол қолдиради. У Цезарнинг баҳаво боғига жойлашади, Клеопатрани Римнинг дўсти ва иттифоқчиси, деб эълон қиладилар. Бироқ Клеопатранинг Рим сафари фожиа билан тугайди. Гай Юлий Цезар 44-йилнинг 15 мартида сенатда уюштирилган фитна оқибатида ўлдирилади. Клеопатра эса ўғли билан Римни тарк этади.
Римда бошланиб кетган ҳокимият учун курашларда Цезарнинг яқин сафдошларидан қўмондон Марк Антоний ҳам иштирок этиб, империянинг шарқий ўлкаларини эгаллайди. Эрамиздан олдинги 42-йили Антоний билан Клеопатранинг йўллари Кичик Осиёда туташади. Бу давр Клеопатранинг энг гўзал даври эди. Антоний Миср маликасига ошиқ бўлиб қолади. Бу учрашув ҳар иккиси учун фожиа келтиришини улар ҳали билишмас эди. Антоний Антиохия шаҳрида катта тўй қилиб, Клеопатрага уйланади. Антоний тўйдан сўнг Рим империясининг Шарқий ўлкаларидаги катта ерларни Клеопатра ва унинг ўғлига ҳадя қилиб юборади.
Антонийнинг Шарқдаги барча қадамларини Рим сенати диққат билан кузатиб турар эди. Империя ерларининг Клеопатрага совға қилиниши сенатнинг ғазабини қўзғайди ва Антонийни хоинликда айблаб, унга қарши уруш эълон қилади. Антонийга қарши қўшин тортишни Октавиан ўз бўйнига олади. Чунки унинг Антоний билан алоҳида ҳисоб-китоби бўлган. Антоний Октавианнинг синглиси Октавияга уйланган бўлиб, Клеопатрани севиб қолганидан сўнг бир томонлама Октавиядан ажралган эди. Октавиянинг Римда обрўси баланд бўлганидан барча Антонийнинг ишини қоралаб, унинг ақлу ҳушини ўғирлаган Клеопатрани ёмонлаган эди. Икки ўртада уруш бошланиши муқаррар бўлганда ҳам Антоний бунга жиддий эътибор бермади. Октавиан эса аксинча, бу урушга қаттиқ тайёргарлик кўрди. Унинг орқасида нафақат Рим сенати, балки қудратли Рим армияси ҳам турарди.
Октавиан Антонийга қарши кучли тарғибот бошлайди. Унинг даъвати билан Рим шоирлари Антонийни қоралаб, уни хоинликда айблаб шеърлар ёзишади. Антонийнинг кўпгина тарафдорлари ундан юз ўгириб, Октавиан томонга ўта бошладилар. Рим сенати Антонийнинг барча унвонларини бекор қилади. Аммо Антоний буларнинг барчасига қўл силтайди, чунки уни Клеопатрага бўлган муҳаббати, гўзал маликанинг сеҳри батамом ўз измига олган эди. Аёвсиз вақт Октавиан фойдасига ишламоқда эди. Ниҳоят кутилган жанг содир бўлади. 31-йили Акций яқинидаги денгиз жангида Антоний ва Клеопатра флоти мағлуб бўлади. Бу жангдан сўнг тушкунликка тушган Клеопатра Искандарияга қайтиб келади. Унинг орқасидан Антоний ҳам боради. У яна ўзини қўлга олиб, Ливияга келади. Сўнгги умиди бу ердаги сараланган қўшинларида эди. Аммо Октавианнинг ташвиқотлари иш бериб, қўшин ундан юз ўгиради. Батамом умидсизликка тушган Антоний ўз жонига қасд қилмоқчи бўлади, аммо атрофдагилар бунга йўл бермайдилар. Сўнгра у Мисрга қайтиб келади ва ҳеч ким билан кўришишни истамайди. Бир оз вақт ўтгач, барча кулфатларни унутиб базмга берилади. Октавиан қўшинлари эса Искандарияга яқинлашиб келарди. Антоний куч тўплаб, Октавиан қўшинларига қаттиқ зарба беради. Аммо яна хоинлик юз беради. Унинг отлиқ қўшинлари ҳам рақиб томонга ўтиб кетади.
Шундан сўнг Антоний энди барчаси бой берилганини англайди. У рақибига асир тушишни хоҳламай, жонига қасд қилади. Бу орада Октавиан Миср ҳукмдори Клеопатрани асир олади ва унинг атрофига юзлаб соқчи қўяди. Унинг мақсади, малика Клеопатрани Римга олиб бориб, Антоний ва Миср устидан эришилган ғалаба шарафига ўтказиладиган тантанада мағлуб асира сифатида олиб ўтиш эди. У Клеопатранинг ғурурини топтаб ҳузур-ҳаловат олмоқчи эди. Аммо гўзал Клеопатра Октавианни бундай ҳузурдан маҳрум қилади. У канизларига яширин равишда заҳарли илон келтиришларини буюради. Канизаклар анжир солинган саватни малика олдига киритмоқчи бўлганларида соқчилар қаршилик қилишмайди. Малика Клеопатра хаёлан барча яқинлари билан видолашади, ўзи учун кўз ёш тўкаётган канизларини яхши сўзлар билан юпатади. Саватдаги заҳарли илонни олиб кўкрагига қўяди. Шу тариқа Мисрнинг сўнгги ҳукмдори малика Клеопатра дунё ва тожу тахтни тарк этади.
Бу воқеа эрамиздан олдинги 30-йилда содир бўлган. Октавиан қаттиқ ғазабланади, чунки у Клеопатрани урушда енгган эса-да, маънан енголмаганди. Унинг буйруғи билан Юлий Цезар ва Клеопатрадан туғилган Цезарионни қатл қиладилар. Антоний ва Клеопатрадан туғилган болаларни эса Антонийнинг собиқ хотини, Клеопатранинг кундоши Октавия ўз тарбиясига олади. У шу тариқа ўз улуғворлигини намойиш этади. Миср эса мустақиллигини йўқотиб, Рим империясига бўйсинади.
Малика Клеопатра ҳаёти кўп ижодкорларни илҳомлантирган. Улар маликанинг ҳаёти ва фожиасини турфа кўринишларда акс эттирганлар. Машҳур Рим шоири Гораций биринчи китобидаги 37-одасида илиқ сўзларни ёзган. Мисрлик ҳайкалтарошлар мармардан Антоний ва Клеопатранинг биргаликдаги ҳайкалларини яратишган. Унинг қолдиқлари 1892 йили Искандариядаги археологик қазишмалар пайти топилган.
Шекспир “Антоний ва Клеопатра” трагедиясини яратган. Маликанинг гўзал чеҳрасини машҳур мусаввирлар кўп марталаб тасвирлаганлари ҳам маълум. Ҳозир Клеопатра ва Антонийларнинг мумиёланган жасадлари Британия музейида сақланмоқда.
* * *
Искандар Мақдуний Осиёнинг катта қисмини истило қилиб, юнонлар ҳукмронлигини ўрнатган бўлса-да, маҳаллий халқлар ўртасида мустақилликка эришиш истаги кучайиб борган. Сўғдиёна ва Бақтрия эрамиздан олдинги III асрнинг иккинчи ярмидаёқ ўз мустақиллигига эришган. Эллинлар маданиятининг маҳаллий халқларга таъсири сезиларли бўлган эса-да, у изчил ва узоқ давом этмаган. Эллин худоларининг маҳаллий маъбудлар билан қоришиб кетган ҳоллари ҳам маълум. Шу боис бу маданият Осиёнинг ўзига хос маданиятини янги ўзанга солиб юбора олмаган. Орадан уч аср ҳам ўтмай Ўрта Осиёда бир пайтлар барқ урган эллин маданиятидан узуқ-юлуқ хотиралар қолган, холос. Бунга эллинлар маданиятининг Осиё маданиятидан анча заиф бўлгани сабабдир.
Шарқ маданияти юнон фалсафаси ва адабиётига катта таъсир кўрсатганини эса Европа тан олган. Машҳур олим. В.Тарн бежиз: «Искандар Шарқни жанг билан истило қилган бўлса, Шарқ ўз ғолибини маданияти билар асир олган», дея ёзмаганди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 26-сонидан олинди.