Борлиқдаги барча мавжудот, жонзот, воқеа, жараённи Куч ҳаракатга келтиради. Усиз Борлиқ тўхтаб, қуёш музга айланарди. Усиз Борлиқнинг қиёфаси йўқ, миллат, давлат, жамият, шахс, оила, юрт, муҳаббат каби муқаддас тушунчалар ҳам дунёга келмасди. Аждодларимиз илм орқали қачонлардир бу Кучнинг нималиги, қандайлиги, қаердалиги, у ҳосил бўладиган Ўзакни яхши билган. Улар шундай ютуққа етишган. Бугун бизнинг жамият шу Кучга эҳтиёжманд, қалбимиз эса ҳаётбахш илмга ташнадир.
Асрлар давомида асраб келинган, долғали фаросат тўлқинлари мавж урган улкан Илм денгизи мавжудлигини ҳозиргача кўпчилик билмайди. Аммо, биламиз, деб ўйлашади. Билган… у, ҳақиқатан ҳам Тириклик Ёмбиси эканини англаган заҳоти сакраб кураш майдонига тушади. Ундан баҳра олиш учун бор қурбини ишга солади. Кўҳна ёпиқ саҳифаларда оламга чиқишни кутиб ётган ҳадсиз-ҳисобсиз қутлуғ Зиё юртга тарқалишига кўмаклашади. У англанса, шундай… бор мавжудот, жонзот, воқеа, жараён, ўтмиш ҳаракатга келади.
Унинг кўз илғар-илғамас оний бир қатими ҳам руҳга қувват беради. Одамга дунёни танишга кўмаклашади. Жуғрофий ўрнига кўра, бу денгиз Тошкентда жойлашган. Уни ҳозир Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинаси, дейишади. Мазкур даргоҳда сақланаётган қадимий шарқ қўлёзма асарлари тўплами дунёнинг беқиёс илмий аҳамиятга эга бўлган йирик жамғармаларидан биридир. У ушбу турдаги хазиналар орасида бойлиги ва илмий тарихий аҳамияти жиҳатидан Россиядаги Москва, Қозон, Санкт-Петербург, Оврупонинг Англия, Германия, Франция каби мамлакатларидаги қўлёзмалар сақланадиган кутубхоналардан афзалроқ жиҳатларга ҳам эгадир. Дунёнинг исталган энг нуфузли қўлёзмалар хазиналаридан унинг залвори ортиқ бўлса ортиқдир, асло кам эмас.
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти 1943 йили Республика Давлат Бош кутубхонасининг (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона) Шарқ бўлими асосида ташкил қилиниб, 1950 йилгача Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институти номи билан аталади. Илмий соҳалар ва вазифалар кўлами кенгайиб бориши туфайли, кейинчалик Шарқшунослик институти деб ўзгартирилади. 1957 йили унга ўрта асрларнинг буюк қомусий олими Абу Райҳон Беруний (973–1048) номи берилди.
Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинаси:
- Қўлёзма асарларнинг асосий кутубхонаси.
- Иккинчи (дубликат) кутубхона.
- Тошбосма асарлар кутубхонаси.
- Ҳамид Сулаймон номидаги қўлёзма асарлар кутубхонаси.
- Ҳамид Сулаймон номидаги тошбосма асарлар кутубхоналаридан ташкил топган.
Улардан ташқари, хориждан суратли тасмаларда келтирилган, чет элларда нашр этилган мамлакатимиз маданияти ва тарихини ўрганишда муҳим асарлар алоҳида бўлимларда сақланади.
Қўлёзмалар хазинасидаги энг қадимий асарларнинг ёзилган вақти қарийб бир ярим минг йилга етади. Жамғармада бир қанча шарқ халқлари тилларида ёзилган асарлар йиғилган. Улар тарих, адабиётшунослик, санъатшунослик, рассомчилик, фалсафа, исломшунослик, кимё, ҳандаса, тиббиёт, тилшунослик, доришунослик, маъданшунослик, фалакиёт, жуғрофия, мусиқашунослик, деҳқончилик, чорвачилик, овчилик каби илм-фаннинг барча соҳаларини қамраб олади.
Институт қўлёзмалар хазинасида Юсуф Хос Ҳожиб Болосағуний, Маҳмуд Кошғарий, Рабғузий, Рудакий, Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Саъдий, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Ҳофиз, Умар Ҳайём, Фузулий, Мирзо Абдуқодир Бедил каби мумтоз адабиётнинг яна кўплаб вакиллари адабий-бадиий асарлари ва Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Умар ан-Насафий, Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Қутбиддин Шерозий сингари алломаларнинг табиий ва аниқ фанларнинг турли йўналишларига доир китоблари сақланади.
Асосий кутубхонада VIII–XIX асрларда туркий, арабий ва форсий тилларда ёзилган ислом тарихи, тасаввуф, исломий фанларга оид қўлёзмалар мавжуддир. Улар қаторида Қуръоннинг VIII асрда ҳижози-куфийда ёзилган ноёб нусхаси ҳамда кейинги асрларда турли моҳир хаттотлар томонидан насх ва бошқа хатларда кўчирилган ажойиб нусхалари ҳам бор.
Ҳозирга қадар фақат шарқ қўлёзмалари асосий кутубхонасининг ўзида 25621 дона асар сақланиши айтилар эди. Бироқ кейинги йилларда Германиянинг Герда Ҳенкел жамғармаси кўмаги билан асосий кутубхонада сақланаётган асарларнинг электрон рўйхатини (каталог) тузиш ишлари амалга оширилиши натижасида асарлар сони яна ортди.
Институт илмий ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан ўн бир жилддан иборат “Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси шарқ қўлёзмалари тўплами” каталоги чоп қилинган. Уларда ҳар хил мавзу ва турли шарқ тилларида ёзилган 7574 асар қисқача илмий тавсифланган, Абу Наср ал-Форобий, Абу Али ибн Сино, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий каби илм-фан ва адабиётнинг айрим машҳур вакиллари асарлари каталоглари ҳам нашр этилган. “ЎзР ФА Шарқшунослик институти жамғармасида сақланаётган шарқ миниатюралари” безакли каталоги чоп қилинди. Ибн Сино таваллуди 1000 йиллиги муносабати билан “Тиб қонунлари” асарининг ўзбек ва рус тилларидаги нашри амалга оширилди.
Энди Борлиқни қаергадир олиб кетаётган ўша Тириклик Ёмбиси пайдо бўладиган, фаросат тўлқинлари азалий мавж ургувчи қутлуғ Илм денгизига элтадиган сўқмоқдан юриб, унинг ҳаётбахш қатраларидан баҳраманд бўлиш учун йўлга тушсак бўлади. Дуч келадиганларимиз Улуғ Ёғдунинг кичик зарраларидир. Мана, биринчи учрагани…
Тарихи Йаминий
Ушбу асар ўтмишда ўқувчилар орасида “Тарихи Йаминий”, “Ал-китаб ал-Йаминий”, “Тарихи Утбий” каби номлар билан машҳур бўлган. Араб тилида ёзилган. Қимматли ва қизиқарли тарихий маълумотларга эгалиги сабабли дунё кутубхоналарида кўплаб нусхалари учрайди. Жаҳоннинг бир қанча тилларига таржима қилиниб, Деҳли, Лаҳўр, Теҳрон, Лондон шаҳарлари ва бошқа жойларда бир неча мартадан нашр этилган. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида ушбу асарнинг араб тилидаги №3252-IV (177 варақ) ва форсийга қисқартириб таржима қилинган №3144 (72 варақ, охири йўқ), 5828 (85 варақ) нусхалари сақланади. №3252 нусха маҳаллий дағал қалин қоғозга насх-сулс хатида кўчирилган, чарм муқовали.
Асар муаллифи: Абу Наср Муҳаммад ибн Aбдужаббор ал-Утбий, 962 йили Рай вилоятида зодагон оилада туғилади. Абу Али Симжурий, Қобус ибн Вушмагир саройида хизмат қилган. Сабуктегин, Маҳмуд ва Масъуд Ғазнавийларнинг олий даргоҳида нуфузли амалдорлардан бўлган. Айрим тарихий манбаларга кўра, 1036 йили Ғазнада вафот этади.
Мазмуни ва аҳамияти: Асар анънавий ҳамду санолар ҳамда кириш қисмидан кейин сомонийлар давлатидаги ҳижрий 365 йили (м. 975) содир бўлган воқеалар билан бошланади. Асарда ғазнавийлар давлати ташкил топиши, Амир Носириддин Сабуктегин, Йаминаддавла Маҳмуд Ғазнавий, Султон Масъуд каби машҳур ҳукмдорлар ҳаёти, сиёсий фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
Унда шўролар даврида жоҳил, зиқна, босқинчи, қонхўр шахс сифатида талқин қилинган Маҳмудни эмас, Абу Райҳон Беруний шеъридаги илм ва адаб аҳлининг саховатли ҳомийси, салжуқийларнинг буюк ва машҳур вазири Низомулмулкнинг ҳукмдорига: “Агар адолат нималигини билмоқчи бўлсанг, Маҳмуднинг сиёсатига назар сол”, деб қилган насиҳатидаги шахсни учратасиз.
Асарда Амир Исмоил Сомоний, Амир Абул Қосим Нуҳ, Абул Ҳасан Симжур, Қорахоний Буғрахон, Абул Қосим Симжур, Сайфуддавла сингари яна кўплаб машҳур ҳукмдорлар ҳақида қимматли маълумотлар берилган.
Ўқувчи ушбу асардаги маълумотлар орқали Мовароуннаҳр, Хуросон, Кашмир ҳудудларида X ва XI асрнинг биринчи чорагида кечган ижтимоий жараёнлар, қавмлар маданияти, ушбу ўлкалардаги халқаро алоқалар билан яқиндан танишади. Асар “Табарий тарихи”дан кейин содир бўлган воқеаларни давом эттиради. Наршахий, Абу Райҳон Беруний, Саолибий асарларидаги шу даврларга оид ахборотларни тўлдиради.
Ундаги маълумотлар Хоразм минтақаси, Бухоро, Самарқанд, Термиз, Насаф, Шош каби шаҳарларнинг тарихий ривожланиши, X–XI асрларда мамлакатимизда мавжуд бўлган давлатчилик асосларини илмий ўрганишда бебаҳо бирламчи манбалардан бўлиб хизмат қилади. “Тарихи Йаминий” асари шу пайтгача етарлича тадқиқ этилмаган ва ўзбек тилига таржима қилинмаган.
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 1-сон