Ҳаким Сатторий. Чақинли лаҳзалар (2007)

Соҳибқирон Амир Темурнинг инсоният тарихидаги ўрни аллақачон эътироф этилган. Ул зоти шарифнинг одамзот силсиласида такрорланмас ҳодиса экани бор гап.
Айнан мустақил Ўзбекистон давлатининг бўй кўрсатиши билан ҳазратнинг таржимаи ҳолини ўрганиш учун, биринчидан, имконият юзага келди, иккинчидан, бу юмушга зарурат пайдо бўлди (ахир афкор омма фиръавн Тахмосп ёки ҳукмдор Калигулани бенуқсон билиши керагу, нега тарих саҳифаларида қарийб олти аср зикр этилган улуғ сулола асосчиси билан ҳеч ким қизиқмайди?). Ҳар ҳолда, ана шу оламшумул саволга амалий жавоб бериш учун саъй-ҳаракатлар жадал бошланиб кетди.
Соҳибқироннинг мукаммал таржимаи ҳолини ўрганишга доир тадқиқотларни ўзида жамлаган асарларнинг юзага келиши мозийнинг чанг ғуборлари остида унутилган кўплаб ҳақиқатларнинг юзага чиқишини таъминлаган бўларди. Ҳолбуки, руҳий ва моддий оламлар аро боғланиш бўлганидек, дунёда кечган ва кечаётган жами ўзгаришларда ички мантиқий боғланиш мавжудлиги ҳақида аниқ далил билан гапирадиган бўлсак, 1360 йилда Туниснинг Фас шаҳридаги Каравиййин масжидида мунажжим Абу Али Бадис шимолий шарқ тарафдаги мамлакатлардан бирида Соҳибқирон туғилгани ва у ҳақда 1380 йиллардан сўнг ер юзида хабарлар тарқалишини айтган эди! Ҳа, Амир Темур ҳаётини тўла ўрганиш кўп синоатларга ойдинлик киритади.
Бу даъвонинг тош босадиган томони эса Шахснинг беназирлигидир. Замондошлар, жами алломаларнинг эътироф этишича ҳам, бугунги интеллектуал салоҳият даражасидан тафтиш этишлар ҳам шуни тасдиқлайдики, ҳазратнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ишораси теран мантиққа асосланган, истиқболга йўл очган. Бир мисол.
Анқара жангидан сўнг мағлуб Боязидни Амир Темур ҳузурига олиб кирадилар. Ҳазрат бўлиб ўтган нохуш воқеага ўз муносабатини изҳор этгач, Боязидга шундай дейди:
— Агар мен сенинг қўлингга тушганимда, нима қилишинг аниқ эди, лекин мен сенга ва сенга яқин кишиларга ёмонлик қилмайман.
Бу гаплар шунчаки илтифотми ёки унинг замирида бошқа маъно борми? Қолаверса, бу танбеҳнамо лутфларда сўзловчининг кайфияти акс этганми? Муқояса учун келтирамиз.
Қуръони каримнинг “Тавба” сурасида кўпроқ уруш, жанг, қатл ҳақида сўз бориб, Табук жанги тўғрисида эслатилади. Суранинг 8-оятида шундай дейилади: “(Мушриклар) агар сизларни енгсалар, сизлар учун на аҳдни ва на шартни риоя қиладилар. Оғизларида сизларни рози қиладилар-у, диллари инкор этиб (жирканиб) туради…”
Агар бу муборак каломни Амир Темур сўзлари билан таққосласак, Соҳибқирон оятлардан ўзига олган панд-насиҳат асосида гапирмаяптими, яъни “Мен рақибларимга жабр қилмайман — мушрик эмасман” демаяптими? Албатта, бу менинг талқиним, саҳв бўлса узр, бироқ бир гап аниқки, бобомиз, аввало, Қуръони каримни дастуриламал сифатида қабул қилганлар ва Қуръони карим лафзида сўзлаганлар. (Бунинг учун муқаддас китобни бошидан охир ёд билиш ҳамда тафаккурда бошдан охир ўзлаштириш талаб этилиши сир эмас).
Мен бу далилни буюк аждодимиз сиймосини яна бир бор тасаввур этиш учун келтирдим. Аслида ҳазратнинг таржимаи ҳоллари ҳақида фикр юритаётган эдик. Шу хусусда баъзи мулоҳазалар.
Маълумки, 1361 йилда Амир Темур Мовароуннаҳрни истило қилиб турган Илёсхўжа ҳокимиятида сипоҳсолор (қўшин бошлиғи) этиб тайинланади. 25 ёшли йигит учун бу яхшигина мавқе эди ва у мўғулларнинг хизматини қилиб, айшини суриб яшайвериши мумкин эди. Бироқ босқинчиларнинг маҳаллий аҳолига нисбатан зуғуми тўхтамайди, аксинча, авж олади. Бу ҳолдан азият чеккан Самарқанднинг ашрафу арконлари, уламолари Амир Темурга фатво ёзиб бериб, мўғулларга қарши жиҳодга чорлайдилар. Темурбекда айни пайтда ёв билан юзма-юз жанг қиладиган қўшин йўқ эди ва куч тўплаш мақсадида мўғуллар ихтиёридан чиқиб, Амударё ортига, Бадахшон тарафларга кетишни мўлжаллайди. Тузукларда: “Отланиб, Амир Кулолнинг ҳузурига бордим”, дейилган.
Табиий савол туғилади: “Хўш, Амир Кулол ким? Нега икки ўт орасида қоврилиб юрган йигит ул зотнинг ҳузурига борди?” Таассуфки, “Зафарнома”ларда бу ҳақда маълумот учрамайди. “Тузуклар”да берилган изоҳга кўра, Саййид Амир Кулол Нақшбандия — Хожагон тариқатининг йирик намояндаларидан бўлиб, Бухоро вилоятининг Сухори қишлоғида туғилган. Кўплаб оммавий истилоҳларда эса бу зотни Шамсиддин Мир Кулол билан чалкаштириш ҳоллари ҳам учрайди.
Агар катта йўл бошида турган, юрт тақдири учун фатво олган Темурбекнинг нажот истаб, юкиниб бир киши ҳузурига келишини мулоҳаза қилиб кўрсак, бу зотнинг даргоҳи нажотбахш бўлганини, унинг ўзи ҳам мавқе жиҳатдан теварак-атрофга донг таратган киши эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Маълумотлар тасдиқлайдики, бу гап тўғри, пайғамбаримиз авлодидан бўлган бу зот ўз даврининг пешқадам машойихи бўлган. Бу ҳақда “Хожагон — Нақшбандия машойихлари” рисоласи (“Янги аср авлоди”, 2003 й.)да эътиборли маълумотлар келтирилган.
Саййид Амир Кулол тахминан 1281 йилда Сухори ёки Афшона қишлоғида туғилиб, 1370 йилда Сухорида вафот этганлар, қабрлари ҳозирги “Янги ҳаёт” қишлоғида. Умрлари давомида кулолчилик билан шуғулланганлар. Кураш тушганлар. Бобо Саммосийга мурид бўлиб, саййидлиги билан бир қаторда шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат даражаларига юксалган.
Албатта, Темурбекнинг айнан бу даргоҳга келиши сабаблари ҳақида тўхталадиган бўлсак, бир далилни четлаб ўтиш мумкин эмас. Соҳибқироннинг она томонидан бобоси Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд ал-Маҳбубий Бухорода яшаган, шариат қозиси бўлиб турган. Демак, бобонинг Нақшбандия — Хожагон шайхлари билан ўзаро яқинлиги бўлгани шубҳасиз. Балки қозининг ўзи илк дафъа ёш неварасининг қўлидан тутиб шайхлар ҳузурига олиб боргандир.
Хожа Саййид Амир Кулол ўзларидан кейин тариқат ижозатини топширган халифалар сафида кешлик Шамсиддин Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳам бор эдики, бу зотлар қайсидир жиҳатлари билан Соҳибқирон таржимаи ҳолига дахлдордирлар.
Бу жиҳатдан Шамсиддин Кулолнинг ўрни аниқ: оиланинг пири, ёш гўдакка “Темур” деб исм қўйган, ёрқин истиқболини башорат қилган мўътабар зот. Рости, Мовароуннаҳр тарихидаги икки буюк зот — Баҳоуддин Нақшбанд ва Амир Темур муносабатлари ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Инсоф билан айтганда эса бир замонда яшаган бу икки йирик шахс бир-бирини билмаслиги мумкин эмас. Агар ташқи далилларни муқояса қиладиган бўлсак, Амир Темур туғилганида Баҳоуддин жаноблари 18 ёшда бўлган. Улуғ зот вафот этганида (1389 йил) эса Соҳибқирон ўз давлатини мустаҳкамлаш учун олов кечиб юрган, шу йили шимолдан Тўхтамишнинг таҳдидлари кучайган, шарқда эса Мўғулистон тан беришни хоҳламай, интиқом учун қўзғалаётган эди.
Бу икки зотнинг юзма-юз келганини тахминлайдиган шундай далил ҳам борки, Баҳоуддин Нақшбанд айнан Насафда яшаётган Саййид Амир Кулолга бориб, мурид тушади. Ёш Темурнинг эса ўша пайтда Мовароуннаҳрда мавқеи анча баланд бўлган Насафда таълим олгани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд.
Афсуски, ҳозир истифодада бўлган адабиётларда машойих ва соҳибқирон мулоқотлари, муносабатлари ҳақида ёрқин далиллар учрамайди, аммо бундай дийдорлашувлар рўй бергани эҳтимолдан узоқ эмас.
Биз 1991 йил августда экспедиция билан Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари зиёратгоҳида бўлганимизда ўша пайтда мажмуадаги масжиднинг имом хатиби Мухтор ҳожи Абдулло (бу киши кейинчалик Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раҳбари ҳам бўлиб ишладилар. Худо раҳмат қилган бўлсин) билан узоқ суҳбатлашган, ул зот кўплаб ибратли воқеалар, жумладан, бир ривоят ҳам айтиб берган эди. Эмишки, Амир Темурнинг элчилари келиб, шайхга хазина тугаб қолганини арз қилишибди. Шунда машойих келганларга мачит деворининг тубидан бир қоп тупроқ олиб кетишни буюрибдилар. Хулоса шуки, ихлос қилсанг, тупроқ ҳам олтинга айланади. Ривоят замиридан шундай маъно балқиб турибдики, ҳукмдор ва шайх муносабатлари сарой хазинасининг аҳволи ҳақида маълум қиладиган ва кўмак сўрайдиган даражада яқин бўлган.
Шубҳасиз, буюк зотлар ўртасидаги муносабатларни тахмин қилишнинг маълум мезон ва меъёрлари мавжуд. Бу борада олимлар ва ижодкорларнинг илмий ва бадиий салоҳияти ҳали асқотади. Агар маслаҳат илинжида пирнинг ҳузурига келган юрт халоскорининг кейинги тақдирини эсга оладиган бўлсак, бу ҳақда “Тузуклар”да шундай ёзилган: “Улар менга Хоразмга боришга маслаҳат бердилар. Агар ғалаба қозонсам, Самарқанднинг бир йиллик хирожини уларга назр қилишга қарор қилдим. Улар менга зафар тилаб фотиҳа ўқигач, кетишимга ижозат бердилар. Саййид Амир Кулол хизматларидан чиққанимда, менга ҳаммаси бўлиб олтмиш отлиқ ҳамроҳлик қиларди”.
Эътибор берган бўлсангиз, пир Темурбекнинг йўлини бутунлай бошқа тарафга буриб юборди. Амир Темур Бадахшонга кетмоқчи эди, пир уни Хоразмга даъват этди. Бу йўл эрк ва озодлик йўли эди, Туронзаминни 110 йиллик истилодан озод қилиш соати бошланган, буюк муҳорабанинг илк қадами шундай қўйилган эди. Бу шонли кураш қарийб ўн йил — Соҳибқироннинг 1370 йилда Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эътироф этилишига қадар давом этди.
Олтмиш отлиқ… Кейинчалик Самарқанд қўшини бундан юз минг бора улкан кўлам касб этгани ҳақида муаррихлар ёзиб қолдирган. Ўша кунлардаги ҳар бир кичик унсур ҳам Соҳибқироннинг таржимаи ҳолини мукаммал ўрганишимизда катта аҳамият касб этиши шубҳасиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 14-сонидан олинди.