Муҳаммад Тошболтаев. Фарғоний ҳақиқати

Шарқона удумга кўра, устоз ота қаторида туради. Зотан, шаъни, қадри бениҳоя юксак тутиладиган бу зотнинг беназир хизмати, бир қарашда, оддийдек туюлади. Устоз берган таълим шогирдга илм қасрининг эшикларини кўрсатиб туради, холос. Уларни топиш ва очишни, қасрга киришни эплаш эса шогирднинг иқтидори ва заҳматкашлигига боғлиқ. Зеро, ундан ақл, талант, эрудиция каби фазилатлар талаб этилади. Кўпчилик маъқуллайдиган ушбу фикрни инкор этмаган ҳолда, тиришқоқлик билан мақсад сари интилиш ва устозлар тажрибасидан самарали фойдалана олиш ҳам жуда керакли хислатлар эканини таъкидлаш жоиз. Илму фан тарихида бунга мисоллар кўп. Мана, шулардан бири.
Соня исмли рус қизи 15 ёшидан олий математика билан мустақил шуғуллана бошлайди. Мақсади олий ўқув юртига кириб, математик бўлиш. Аммо ўша даврда Россияда қиз бола олий ўқув юртига кириш учун турмушга чиқиши ва эрининг розилигини олиши лозим эди. Ёш Соня ўз мақсадига эришиш йўлида шундай тадбир қўллайди: ёш олим Владимир Ковалевский билан сохта никоҳдан ўтиб, Берлин университетига кириш иштиёқида Германияга жўнаб кетади. Омади чопмаганига қарамай, Соня ўша даврнинг йирик математик олими Карл Вейерштрассдан тўрт йил таълим олишга эришади. Ўзининг ўта тиришқоқлиги ва ноёб истеъдоди туфайли у биринчи рус аёл математиги ва Петербург фанлар академиясининг биринчи аёл мухбир аъзоси Софья Ковалевская бўлиб жаҳонга танилади.
Илмда устозлар ва ўтган авлод вакиллари тажрибасининг беқиёс аҳамиятини улуғ инглиз олими Исаак Ньютоннинг тан олиб айтган қуйидаги сўзлари ҳам тасдиқлайди: “Агар мен бошқалардан узоқроқни кўра олган бўлсам, бунинг сабаби менинг устозларим елкасида турганимдадир”. Унинг устозлари Николай Коперник, Галилео Галилей, Иоганн Кеплер эди. Ньютоннинг даҳоси ўзигача тўпланган билимларни умумлаштириб, механиканинг асосий қонунларини, жумладан, бутун олам тортишиш қонунини кашф қилинишини таъминлади.
Аммо чинакам устознинг зиммасида бир қийин вазифа ҳам туради. Бу — шогирдларини нафақат меҳнат қилишга, балки фикрлашга ҳам ўргатиш.
Ҳикоя қилишларича, радиоактивлик ва атом тузилиши таълимоти асосчиларидан бири, Нобел мукофоти совриндори инглиз физиги Резерфорд илмда ўзининг мустақил фикрига эга бўлишга интиладиган ёш тадқиқотчиларни ғоятда қадрлар ва уларни ўзининг эътиборидан ҳечам соқит қилмас экан. Бир куни кечки пайт лабораторияга кириб келган Резерфорд жиҳозлар олдида ўтирган шогирдларидан бирини кўриб, ундан нима қилаётганини сўрабди. “Тажриба ўтказаяпман”, дебди шогирди. “Эрталаб нима иш қилдингиз?”, сўрабди устоз. “Тажриба ўтказганман”. “Кундузи-чи?” “Кундузи ҳам тажриба ўтказдим”. Шунда олим ажабланиб: “Ахир, туну кун иш билан банд бўлсангиз, қачон сиз фикрлайсиз?”, деган экан.
Нафсиламбирини айтганда, ёшларни мустақил фикрлашга ўргатиш учун Резерфорд бўлиш шарт эмас. Ҳафсалали ота-она бўлишнинг ўзи кифоя.
Айтайлик, сиз вақт топиб ёш болангиз ёки неварангизни музей ёхуд кутубхонага, мажбурлаб бўлса-да, олиб боришни одат қилгансиз. Бола музей ходимининг ҳикоясини ёки кутубхоначининг суҳбатини тўла-тўкис тушунавермайди, албатта. Лекин муқоваси ялтироқ китобларни қўлига олади, варақлаб кўради. Чиройли осори-атиқаларни ҳайратланиб томоша қилади, улардан ўзича завқ олади…
Шу зайл, орадан 15-20 йил ўтиб, музейга, кутубхонага қатнаш болангиз ёки неварангиз ҳаётининг ажралмас қисмига, яъни доимий одатига айланади. Энди уни фикрлашга туртки берадиган бу масканларга мажбурлаб олиб боришга ҳожат йўқ. Энди у фикрни ўзи мустақил излайди.
Ҳа, буюк устозларнинг улуғ хизматларини нафақат уларнинг ҳайратланарли илмий кашфиётларидан, балки қандай шогирдларни тайёрлаганларидан ҳам билса бўлади.
Бобоколонимиз Мирзо Улуғбек улкан салтанатни бошқара туриб, 1018 та юлдуз ғоят аниқлик билан жойлаштирилган “Зижи Кўрагони”дек улкан астрономик кашфиёт қилган, Қуёш системаси жисмлари ҳаракатини илмий асосда тушунтириб берган, “Арифметикага оид рисола”, “Каср сонлар ҳақида рисола” каби математикага оид бир неча бебаҳо асарларни яратган ва айни пайтда, Али Қушчидек забардаст олимни тарбиялашга ҳам вақт топа олган.
Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика соҳасининг йирик олим Всеволод Романовский Тошкент математика мактабига асос солган бўлса, унинг шогирди Саъди Сирожиддинов жаҳон илмий жамоатчилиги томонидан юксак баҳоланган эҳтимолликлар назариясига оид теран тадқиқотлари билан устози яратган мактабнинг довруғини дунёга ёйди. Шу билан бирга, олтмишдан ортиқ фан доктори ва номзодларини тайёрлади.
Ҳақиқий устоз шогирдига билимининг илмий асосини сингдиради, уни рационал тадқиқот усуллари ва изланиш йўналишларини топишга, энг муҳими, илмий фикрлашга ўргатади. Зеро, Нобел мукофоти совриндори Брэгг: “Улуғ устозлар бизларга янгича фикрлаш қобилиятини инъом этганлардир”, деб бекорга айтмаган.
Ҳақиқий шогирд эса, устозининг билим ва тажрибаларини қадрлайди, ишларини давом эттиради, ривожлантиради. Энг муҳими, кейинчалик фанда ўз йўналишини яратади. Шу ўринда шогирднинг асосий вазифаси нимадан иборат, деган саволга машҳур олимлардан бири берган жавобни келтириш жоиздир: “Дастлаб устозга тақлид қилиш, унга эргашиш, кейинчалик унга тақлид қилмаслик ва эргашмаслик, илмий изланишларда ўзини унга қарама-қарши қўйиш ва ундан ўзиб кетиш”.
Устозлари яратиб кетган илмий мактабларни сақлаб қолиш ва ривожлантиришга ҳаракат қилаётган оқил шогирдлар машҳур француз математиги ва файласуфи Анри Паункаренинг: “Фан коллектив ижоддир, бошқа бирон нарса бўлиши мумкин эмас; у асрлар давомида қуриладиган улуғ бир иморатга ўхшайди, бу ерга ҳар бир одам биттадан ғишт олиб келади-ю, аммо шу ғиштни келтиришга кўпинча унинг бутун умри кетади”, деган ҳикматли гапини доимо ёдларида сақласалар нур устига нур бўлур эди.
Албатта, шогирддан билим талаб қилинади. Аммо ортиқча билимларни талаб қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Масалан, юк ташийдиган вагонларнинг деворлари тахтадан ясалгани учунгина бўлажак темирйўл муҳандисидан ботаникани билишни, пассажир вагонларидаги купе ўриндиқларига теридан ғилоф кийгизилгани учунгина ундан зоологияни билишни талаб қилиб бўлмайди.
Айни дамда шогирддан билиши зарур бўлган билимларни талаб қилмаслик ҳам кутилган натижани бермайди. Масалан, бўлажак муҳандис-қурувчи арра ясашни билиши шарт эмас, аммо ёмон аррадан яхшисини ажрата билиши шарт .
Гоҳида муайян фан соҳасида кимни даҳо деса бўлади, каби саволларни эшитамиз. Ўз соҳасининг даҳоси — одамлар тасаввурига ҳам сиғдира олмаган, қачондир юзага чиқишига ишонолмаган нарсаларни ҳақиқатда рўёбга чиқарган фавқулодда истеъдод ва тафаккур соҳиби.
Нил дарёсида оқаётган сув сатҳини ўлчаш фақат хаёлотга, фантастикага доир муаммо бўлган замонларда бу жумбоқ ечимини топиш тугул, балки шундай муаммо борлиги-ю ва уни кашф этиш мумкинлиги тўғрисида эҳтимолий фикр дунёдаги ҳеч бир олимнинг хаёлига келмаган.
Ватандошимиз, улуғ олим Аҳмад ал-Фарғоний бу фантастикани ҳақиқатга айлантирди. Нил дарёси сув сатҳини ўлчаб берадиган “Миқёс ан-Нил” сув иншоотини ўйлаб топди, уни қаерга, қандай қуриш лозимлигини аниқ ҳисоб-китоб қилиб, қуриш учун дарё ўзанининг чуқурлиги бирдай, сув равон оқадиган Равзо оролини танлади. Иншоот ичига қудуқ қазиб, унинг тагини дарё туби билан сув йўли орқали туташтириб қўйди. Буюк кашфиёт — “Миқёс ан-Нил” қарийб 1150 йилдан буён бехато ишлаб, ўз яратувчисининг доҳиёна истеъдод соҳиби бўлганини тасдиқлаб келмоқда.
“Ёш пайтларимдан бошлаб, кейинчалик ўта билағон олим бўлиш ниятида, қўлимга тушган китобларнинг ҳаммасини ўқиб чиқишни одат қилиб олдим, — дейди ўз соҳасида кучли, машҳур олим. — Вақтлар ўтди, “кейинчалик” деган давр ҳам етиб келди. Лекин, афсуски, ўта билағон бўлиб қолмадим. Сабаби мутолаани: “Ҳақиқий олимлар қўлга тушган китобни ўқиб ташлайдиганлар эмас, балки фойдалиларинигина ўқийдиганлардир”, “Барча соҳада чаласавод бўлмаслигинг учун ҳамма нарсани билишга интилма”, “Кўпни билган эмас, керагини билган доно” сингари ҳикматлар йиғилган китобни ўқишдан бошламаганимда экан.”
Бироқ бу олим сарфланган вақтига афсусланмайди. Чунки у юқорида айтган сабабда оқибат мужассам, яъни у шогирдларига: “Кўп ҳам ўқиманг, кам ҳам ўқиманг, керагини ўқинг”, дейди ва ўзи ҳам шунга амал қилади.

Муҳаммад Тошболтаев, техника фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 25-сонидан олинди.