Устоз режиссёр (Тошхўжа Хўжаев)

Театр… Саҳна… Режиссура… Бир-бирини тақозо этувчи бу тушунчалар кимлар учун оддий сўзлар, яна кимларга маълум соҳа, яъни санъатга дахлдор атамалар шодаси, холос. Бироқ яна бир қатлам кишилар борки, улар учун театр, саҳна, режиссура ҳаёт мазмуни, бахту армони, маскани, тақдири азал битигидир. Бундай инсонларни режиссёрлар, деймиз биз. Режиссура – катта ва машаққатли бир йўлки, ундан кимдир от чоптириб ўтади, кимдир пойи-пиёда. Ўзбек театр санъати бу йўллардан “от чоптириб” ўтган, номи абадиятга арзирли, меҳнати дунёларга татигувчи забардаст режиссёрларни кўп кўрган ва кўриб келмоқда. Маннон Уйғурдан бошлаб то бугунги кунда театрларда ижод ғилдирагини юргизиб келаётган режиссёрларгача бўлган узоқ муддатда Етим Бобожонов, Александр Гинзбург, Жавод Обидов, Тошхўжа Хўжаев, Эргаш Масафоев, Баҳодир Йўлдошев, Рустам Ҳамидов каби режиссёрлар фаолияти театр санъатимизнинг асрлик тадрижида ғоят муҳим босқичлар ҳисобланади. Одатда, муайян даврнинг ижодий муҳитини белгилашда ўша даврнинг илғорлари номи, улар қилган ишлар асосий мезон ҳисобланади. Худди шу маънода режиссура ва театр санъатимиз тарихида Камол I, Маннон Уйғур ижодининг ўзи бир босқични, Гинзбургу Етим Бобожоновларнинг ҳар бири алоҳида даврни белгилаганидек театр санъатимизнинг 1950-70 йиллардаги умумий қиёфаси, шубҳасиз, Ўзбекистон халқ артисти Тошхўжа Хўжаев номи билан боғлиқликда тарих саҳифаларига муҳрланган.Санъаткор шахсияти ва ижод йўли чиндан ҳам ҳавас қилгулик, шу билан бирга муттасил тадқиқ қилишга муносиб. Йиллар ўтган бўлишига қарамай, Т.Хўжаев саҳналаштирган аксарият спектакллар томошабинлар хотираси ва қалбидан ўчган эмас. Қандай мавзуда бўлмасин, спектакллари моҳиятида ва саҳнавий талқинида доим ўзига хослик ҳамда актёрлар учун ижодий имкониятлар майдонини пайдо қила билган Тошхўжа Хўжаевнинг теран, индивидуал режиссёрлик позицияси янги авлод учун мазкур соҳанинг объектив тамойилларини топиш ва ўрнак олишда муносиб манба бўлиб қолмоқда. Режиссёр ижодининг бундай қадр топишидаги асосий омил, ҳеч шубҳасиз, унинг санъат кишиси бўлиб туғилганида ва яшаганидадир.

Режиссёр, актёр, педагог Тошхўжа Хўжаев 1922 йилнинг 1 сентябрида Тошкент шаҳрида дунёга келди. Санъаткор Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтида таҳсил олаётган кезларидаёқ соҳа билан жиддий шуғуллана бошлади. Ундаги режиссёрларга хос тафаккур, тасаввур, туғма иқтидор ва ташкилотчилик ўз соҳибини ўзгалардан кўпроқ ҳаракат қилишга, изланишга, яхшироқ натижалар кўрсатишга чорлайди. У ўқиш асносида театрда меҳнат қилар, шу сабабдан соҳани бошқаларга нисбатан эртароқ ва чуқурроқ англаган эди. Мутахассислик дипломини олиб улгурмасданоқ, 1950 йил (28 ёш)дан Ҳамза номидаги Академик театрда режиссёр сифатида мустақил иш бошлайди. Илк бор Жан Мольернинг “Скапеннинг найранглари” комедиясини саҳналаштириб, ўзини режиссёр сифатида намоён қилади. Шундан сўнг “Оила”, “Ҳикмат”, “Шоҳи сўзана”, “Юрак сирлари”, “Чин муҳаббат” каби спектакллари кетма-кет саҳна юзини кўради. Айниқса, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романини ўзи инценировка қилиб, саҳнавий талқинини яратгани театр ҳаётида муҳим ҳодисага айланади. Етти йил давомида шундай спектакллар қўйиб, халқ ва театр жамоаси ишончини қозонгач, 1957 йилда театрга бош режиссёр этиб тайинланади. Ўттиз беш ёшида шундай масъулиятли лавозимнинг шарафу залворини зиммасига олиш ҳар кимнинг ҳам пешонасига битилавермайдиган бахт эди. Тошхўжа Хўжаев мазкур лавозимда 1966 йилга қадар сидқидилдан хизмат қилди. Ижоди билан санъатимизни янгилашга имкон қидирди, интилди, эришди. У раҳбарлик қилган даврда ўзи саҳналаштирган “Йўлчи юлдуз”(1958), “Ҳуррият”(1958), “Фурқат” (1959), “Макр ва муҳаббат”(1959), “Сарвиқомат дилбарим”(1964), “Ўғирланган умр” (1965), “Монсерра”(1967), “Бой ила хизматчи” (1968) каби спектаклларидан ташқари, Александр Гинзбургнинг “Ҳамза” (1960), “Мирзо Улуғбек” (1961), Шариф Қаюмовнинг “Хатарли йўл”(1964), “Парвона”(1966) ва Ладигиннинг “Ҳамлет” (1964), “Қирол Лир”(1966) каби қатор спектакллари дунёга келади ва театр репертуарининг сифат даражаси ва таркиби бойиди.

Тошхўжа Хўжаев саҳналаштирган асарлар орасидаги “Алишер Навоий”(1968) , “Олтин девор”(1970) спектакллари ўз даврида ҳам, бугун ҳам шоҳ асарлар сифатида эътироф этилади. Эркин Воҳидов, Иззат Султон ҳамда Уйғун асарлари асосида саҳналаштирилган мазкур спектакллар Тошхўжа Хўжаевнинг режиссёрлик дастхати сабаб актёрлар учун илҳомбахш ишга, томошабин учун завқли, ифтихор уйғотувчи спектаклларга айланди. Бу спектаклларда режиссёрнинг деталлар ва образларни моҳирона ишлагани, актёрларга “қанотларини баралла ёзиб” ижро қилишга имконият пайдо қилгани сезилиб туради. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Тошхўжа Хўжаев чинакам драматурглар билан ҳамкорликда ишлаган. Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов асарларини театрнинг бебаҳо мулкига айлантирган. У режиссёр сифатида фақат замон талабига мос, маҳаллий драматурглар ижодигагина эмас, жаҳон драматургияси классикасидаги ранг-баранг асарларга ҳам кўп бор мурожаат қилган. Трагедия, драма ва комедия жанрларидаги спектаклларни қиёмига етказиб саҳналаштира олганлигининг ўзи режиссёрнинг қолип билмас тафаккур ва тасаввур эгаси эканлигидан далолат беради.

Режиссёр Тошхўжа Хўжаев йиллар давомида тўплаган тажрибалари, ижодий салоҳиятини 1970 йилдан эътиборан Театр ва рассомчилик институтида, театрда шогирдлар етиштиришга сарфлайди. Унинг қўл остида юзлаб актёр, режиссёрлар тарбияланади: Тўлқин Тожиев, Турғун Азизов, Толиб Каримов, Баҳодир Йўлдошев, Мансур Равшанов, Турғун Хонтўраев, Римма Аҳмедова, Тўти Юсупова… Бу сафни яна қанча-қанча эл севган санъаткорлар номи билан давом эттириш мумкин. Дарвоқе, педагог режиссёр сифатида Жавод Обидов К.С. Станиславскийнинг “Санъатдаги ҳаётим” асарини, Тошхўжа Хўжаев эса “Актёрнинг ўз устида ишлаши” китобини таржима қилиб, чоп эттирдилар. Мазкур китоблар санъаткорлар учун сув ва ҳаво ўрнида. Ваҳоланки, буюк рус театр ислоҳчиси яратган саккиз жилдлик асарларнинг бошқа китобларини ҳалигача бирон санъаткор, педагог ёки таржимон ўзбек тилига ўгириш масъулиятини зиммасига ололган эмас. Демак, Тошхўжа Хўжаевни бу борада ҳам ўрнак сифатида ёд этиш мумкин.

Актёр Тошхўжа Хўжаевнинг кинофильмлардаги оз ва соз роллари ҳам ижодкорнинг актёрлик фаолияти ҳақида сўз юритишга асос бера олади. Тошхўжа Хўжаев “Абу Райҳон Беруний”, “Ойгул”, “Одамлар орасида ёлғиз” ва бошқа фильмларда яратган образлари билан ўзининг киноактёр сифатида имкониятларини намойиш этиб улгурган. 1970 йилдан то умрининг сўнгги йилларига қадар “Ўзбекфильм” актёрлар студиясида раҳбарлик вазифасида ишлаб, кино санъатимиз ривожи йўлида жонбозлик кўрсатди. Санъат учун туғилган бу инсон ярим асрдан ортиқ умрини асосан севган касбига бағишлаб, 1975 йилнинг 22 майида оламдан кўз юмди.

Буюк санъаткорнинг ижоди, меҳнати ва ноёб истеъдоди ўз қадрини топмай қолмади. У 1959 йилда “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони, 1970 йилда эса Республика Давлат мукофоти билан тақдирланди ва энг муҳими, халқнинг, келгуси авлоднинг чексиз ҳурмати, эътирофига сазовор бўлди. Айтиш мумкинки, бугун Тошхўжа Хўжаев сингари ёниб ижод қилиш, у эришган чўққиларга етишиш, у каби халқ юрагида, тарих зарварақларида қолиш “Режиссёрман”,–дея меҳнат қилаётган ҳар битта ижодкор хаёлининг бир четини доим банд қилувчи эзгу орзуларидандир.

Мафтуна Махматназар қизи  тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон