Ҳаётнинг сермавж тўлқинлари аро ўзанини излаб кезаётган кўнгил ҳамиша саволларга, қийноқларга дуч келиб, топилган жавоблардан тиниқлашиб бораверади. Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов тийнатида ҳам таржима қилинмаган қалб садоси – ички монологига эга бўлган актёр яширинлигини сезиш мумкин.
Ўзни англамоқ мақсуди
Кўпинча бирор киши ҳақида сўз юритсак, гапни унинг қаерда ва қачон туғилганидан бошлаймиз. Анъаналарга содиқ қолиб сўз бошласак, қаҳрамонимизнинг ҳам 1948 йил 21 августда Тошкент шаҳрида наслу насабли оилада таваллуд топгани, Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатиб, 1973–1987 йилларда Ҳамза номидаги Академик театр (ҳозирги Миллий театр)да, 1987 йилдан ҳозирга қадар Ўзбек давлат драма театрида ишлаб келаётганини қайд этмоқ лозим, албатта. Аслида эса бундай битикларда қаҳрамоннинг умр мазмунини, ўзлигини англаши муҳим. Афзал Рафиқов ҳам босиб ўтган йўлига назар ташлаганда бахтиёр болалик, ёшлик хотиралари эмас, ички ғалаёнлару тизгинсиз туғёнлари қалбини орзиқтиради.
Ўтган асрда юзаси тиниқ кўринган, аммо чок-чокидан сўкилаётган ягона мафкура ҳукм сураётган бир даврда ёш Афзалнинг тафаккурида недир ўзгаришлар сезила бошлайди. Ҳам инсон, ҳам актёр сифатида дунёқарашида қарама-қарши саволлар пайдо бўлади. “Нимадир ўзгариши керак…” деган ўй бот-бот хаёлида айланади. Бахтга қарши, саҳнада яратган ролларида буни акс эттириб бўлмасди. Қиёфаси миллий қаҳрамон образини яратишга унчалик тўғри келмаслигидан, ўша давр мафкурасига мос қаҳрамонлар ролларини (Стариков – “Уйланиш”, Плужников – “Рўйхатларда йўқ”, Александров – “Тирик мурда”, Волков – “Афғон репортажи”) ўйнаган кезлари миллий қаҳрамонни яратиш орзуси ичига тошдек чўкиб борарди. Алалоқибат ўзи севган, таскин излаган саҳнани, театрни тарк этишни тўғри йўл, деган аҳдга келади. Аммо атрофидагиларга, ҳамкасбларига, дўстларига бу тутумнинг сабабини изоҳлай олмай қийналади. Устози Баҳодир Йўлдошев ёнига кириб театрдан кетишини айтганида, кўпни кўрган режиссёр актёрдаги ички ғалаённи сезиб, бир оз шошмай туришга ундайди. Орадан икки ҳафта ўтиб, театр янги мавсумни бошлаши арафасида ушбу масала яна жамоа муҳокамасига ташланади. Зайнаб Садриева, Пўлат Саидқосимов, Тўйчи Орипов, Обид Юнусов, Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев каби устозлари, дўстларининг аҳдидан қайтаришига жавобан рози бўлгандек кўринса-да, ич-ичидан кетиш тараддудини кўра бошлайди.
1989 йил охирида актёрнинг онаси 63 ёшида вафот этади. Бу жудоликдан янада оғир аҳволга тушган актёр учун малҳам топилмайди. Гўёки, тақдирнинг мураккаб ролини ўйнаш чекига тушган эди. Энг яқин суянчи тарк этган, яна бир ҳамдами бўлган театрдан ҳам ҳаловат тополмаётган бир пайтда ўзини қайта идрок этиш зарурати туғилади. Бунинг бирдан-бир йўлини ўзбек томошабини қалбига кириш, аниқроғи, миллий қаҳрамон тимсолини яратишда, деб билади. Қаерда бўлмасин – кинодами, телевидениедами – ортидан эргашиб юрган муаммо – оврупоча қиёфаси иккинчи даражали қаҳрамонлар ролларигагина (адабиётда ҳам, санъатда ҳам миллий қаҳрамон ёнида албатта рус миллатига мансуб дўсти бўлиши талаб этиларди) тўғри келишидан қийналарди. Театрдан кетишга чоғланган актёрни эса фақат бир роль қайтариб қолади. Бу драматург Шуҳрат Ризаевнинг “Искандар” пьесаси асосида Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган спектаклдаги Навоий роли эди.
Ҳазрат Навоий образини яратиш жуда мушкул вазифа бўлиб кўринса-да, рус маданияти, рус тилини пухта эгаллаган, ҳатто русча тафаккур билан яшаётган инсон учун ўзига яқину лекин бегонадай туюлган она тилидаги сеҳрли оҳангни ҳис этиш ўзлигига қайтишнинг ягона имкони бўлиб кўринади. “Искандар” пьесасида улуғ шоирнинг “Ихтилофим боиси улки, ўзни англамоқ мақсудима етишмадим, билъакс ўзгани билмоқ тараддудини қиламенми?!” деган изтиробида актёрнинг ҳам ҳаётий мақсади мужассам эди. У ўзни англамоқни Навоийдан излайди. Гарчи уни ҳеч ким Навоий тимсолида кўрмаса ҳам, уни талқин этишига шубҳа билан қарасалар ҳам, ўз йўлида давом этади ва у зотнинг маънавий кўмагига таянади. Аруз қонуниятларини ўрганишга, ғазалларни тушунишга жазм қилади. “Хамса” достонини мутолаа қилиб, ундаги маънолар махзанини кашф этади. Пушкин, Лермонтов ижодига таҳсин ўқиб юрган актёр дунёқарашида туб бурилиш рўй бериб, қалбини ўртаётган азобларга малҳам топилгандек бўлади.
1991 йил 21 март куни премьераси бўлиб ўтган спектаклни томошабин олқиш билан қарши олади. Бу ҳам актёр, ҳам инсон сифатида ўзини намоён этиш учун бир имтиҳон эди. Ана шу синовдан ўтсагина ижодий парвоздан умид қилса бўларди. У бу вазифанинг уддасидан чиқади.
Эътироф
Бирин-кетин ўзи орзу қилгандек роллар берила бошлаган, яна саҳна дарди билан яшаётган актёр яратган қаҳрамонлари орқали қайтадан томошабин кўзгусига ўзини тутади. “Келинлар кўзғолони”, “Фармонбиби аразлади” спектаклларида Ҳаким, “Фаридун”да Фаридун, “Аршин мол олон”да Султонбек, “Тоға ва жиянлар”да Фозил ота, “Қирол Лир”да Лир, “Ассалому алайкум, қизлар”да Аслзода, “Ёзилмаган мактуб”да Полковник, “Чингизхоннинг оқ булути”да Чингизхон каби роллари билан эл назарига тушади.
Театр 1989 йили “Шарқ алломалари” спектакли билан Оврупо сафарига, 1993 йили француз адибаси Фотима Галер қаламига мансуб “Малика” пьесаси асосида саҳналаштирилган спектакль билан Францияга – Авиньон фестивалига меҳмонга йўл олади. Бу намойишлар Афзал Рафиқов учун ҳам ўзини кашф этиш имкони бўлди. 1996 йилда актёр ЮНЕСКО томонидан Парижда ўтказилган “Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги”га бағишланган тадбирда қатнашиб, машҳур “Одеон” театри саҳнасида Атоий ролини ижро этади ва томошабинлар олқишига сазовор бўлади.
Мезон
Афзал Рафиқовнинг актёрлик маҳорати қирраларини яққол акс эттирган яна бир ролни алоҳида таъкидлаш керак. Бу – Шекспирнинг “Отелло” трагедиясидаги Яго образи. Актёр таъбири билан айтганда, мазкур мумтоз асар актёр учун юксак мезон вазифасини ўтайди. Зеро, ушбу мураккаб образни очиш учун улкан истеъдод талаб этилади. Актёр талқинидаги Яго оддий инсон, содиқ дўст, тадбиркор саркарда сифатида намоён бўлади. Дездемонага ошиқ бўлиб бутун борлиқни, ҳатто содиқ дўстини ҳам унутиб қўйган Отелло аслида Ягога хиёнат қилганлиги – лейтенант унвонига ҳам раво кўрмагани дўстининг қалбига оғриқ солади. Шунинг баробарида Яго ҳам Дездемонага бефарқ эмасдек. Яго ўзининг ҳийлалари билан дўстликка хиёнат қилган кимсага сабоқ бериб қўймоқчи бўлади. Актёр ижросида қаҳрамон шу қадар нозик талқин этилади. Натижада Ягога кишининг раҳми келади. Томошабин уни тушунади, хайрихоҳлик туяди. Унинг асар сўнгида чекадиган фиғонидан кўзига ёш олади. Актёр таъбири билан айтганда, “Санъатнинг шираси ана шунда эди”.
Қалб овози
Инсон қалбига йўл сўз орқали топилади. Айниқса, ҳар бир каломда маъно акс этса. Афзал Рафиқов ҳам истеъдодли актёр, айни чоғда бугунги ўзбек дубляжининг етакчи вакилларидан биридир. Актёрнинг ўзи ҳам ўзбек дубляжи мактаби, унинг сабоқларини олганини ифтихор билан таъкидлайди. Бугун бу мезонлар ўзгариб, сийқалашаётганидан афсус чекади. Унинг наздида, экрандаги актёр кечинмаларига, унинг дардига овоз берувчининг қалби қўшилмаса, улар орасида уйғунлик сезилмаса,
томошабиннинг қалб торларини чертиш амримаҳол.
Театр санъати фидойиларидан бири К.С.Станиславский умри шомида шогирдларига санъатга ҳаётнинг икир-чикирларидан холи бўлиб киришиш лозимлигини уқтиргани тарихий манбаларда муҳрланган. Мазкур фикрга Афзал Рафиқовнинг “Қанийди, борлиқда сени ҳеч ким кўрмаса, одамларни кузатсанг, ҳаёт мазмунини ўткинчи суҳбатлардан эмас, қалбингдан изласанг”, деган сўзлари ҳам ҳамоҳанг. Зотан, актёр ҳамон ҳаёт мазмунини камолот сари интилишда деб билади.
Дилшод Шукуров
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 8-сон