Нодир Норматов. Хаёл чечакларидан таралган бўйлар

Тарихий илдизлари асрларга тенг Ўзбекистон тасвирий санъатининг равнақига муносиб ҳисса қўшиб, дунёга танилишида беназир хизмат қилган кўплаб мусаввирларимизнинг номи ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинади. Шулардан бири, Ўзбекистон халқ рассоми, миллий анъаналар ва замонавий тасвирий санъатнинг энг ноёб хусусиятларини ўз ижодида мужассам қилиб, ўзига хос нафосат мактабини яратган машҳур рассом Чингиз Аҳмаровдир. Рассом ижоди ва унинг бой маданий мероси ҳақида турли йилларда қатор мақола, китоб-альбомлар нашр қилинган, ҳужжатли фильм суратга олинган, илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган, кўргазмалар ташкил қилинган. Уларнинг ҳар бирида рассом ижодининг турли қирралари намоён бўлади. Хусусан, санъатшунос Абдулҳай Умаров муаллиф бўлган “Чингиз Аҳмаров” альбоми (1974) ва китоби (1982)да рассомнинг 1964–1980 йиллар оралиғида яратган бир қатор деворий суратлари репродукциялари берилган. Алишер Навоий номидаги Адабиёт ва санъат музейидаги панно (1967), Беруний номидаги Шарқшунослик институтидаги деворий сурат (1965–1968), Самарқанддаги “Юлдуз” ресторани безаги (1970), Ангрендаги “Сўғд тўйи” (1975), Санъатшунослик институти деворидаги тасвирлар (1978) шулар жумласидандир. Улардаги бадиий тасвир маданияти, миниатюра анъаналари, Шарқ фалсафаси ва шеъриятидаги нафис романтик оҳанглар кишини ўзига мафтун этади.

Хусусан, Шарқ лирикаси-ю фалсафасидан озроқ хабардор бўлмаган киши унинг ижодини англаши душвор. Бунинг устига рассом асарларининг чинакам мафтункорлиги, жозибаси улар билан юзма-юз туриб, томоша қилганингизда кўринади. Менда бундай имконият илк маротаба 1968 йили – талабалик пайтларимда пайдо бўлди. Ўша йили ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг олтмиш йиллиги тантанаси ўтказилиши муносабати билан Алишер Навоий театрига биринчи марта боришим эди. Унинг фойеси ва заллари деворларида ишланган соҳибжамолларнинг суратларини кўриб, энтикиб кетганман. “Саодат” журналида ишлаб юрган кезларим, 1975 йил эди, шекилли, кўринишидан камсуқум, ёқимтой бир инсон биз билан сўрашиб, Зулфия опа олдига кирганида, фотограф Борис Мизрохин менга: “Ана, Чингиз Аҳмаров! Навоий театри деворларига ишланган гўзалларнинг муаллифи”, – деб шивирлаб қолди.

Кейинроқ театр деворларидаги Аҳмаров гўзаллари билан спектакллар кўриш баҳонасида астойдил таниша бордим. Суратларнинг чизилиши тарихи билан қизиқдим.

1941 йили Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллик юбилейи муносабати билан, Тошкентда унинг номи билан аталувчи Катта театр бунёд этишга қарор қилинади. Театр меъмори академик А.Шчусев, А.Грабарь тавсиясига кўра, унинг аспиранти Ч.Аҳмаровни деворий суратлар чизиш учун ишга қабул қилади. Одатдаги чизмаларни такрорламаслик учун Ч.Аҳмаров фақат ўзигагина хос бўлган услуб ва миниатюра табиатидаги поэтик талқинга эътибор қаратди. Унинг нозик, афсонавий романтизми айримларга ёқмаса-да, Шчусев, И.Грабарь ва Л.Ремпель сингари забардаст шахслар қўллаб-қувватлагани боис, эскизлари қабул қилинди. Л.Ремпель ёш рассомни ҳимоя қилиб шундай деган эди: “Аҳмаровни Навоий театридаги тасвирларни оч рангда, ясси, безакдор қилиб ишлаганлиги учун кескин танқид қилдилар. Аммо бир тасаввур қилиб кўринг, Аҳмаров ўзининг деворий суратларини дастгоҳли реалистик картиналар услубида ишлаганда нима бўларди? Аслида академик Шчусев Аҳмаровдан тасвирларни ганч ўймакорлиги безакларига яқин, ясси шакл­да, оч рангда, безакдор қилиб ишлашини талаб қилганида ҳақ эди, деб ҳисоблайман. Рассомнинг театрдаги ишлари Ўзбекистоннинг маҳобатли санъати ўтмиши, бугуни ва келажагини белгилаб берди”.

Театрнинг тўрт деворини тўлдириб турган “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” достонларининг воқеаларига бағишланган саккиз композициянинг тўрттаси биринчи қаватда. Булар: “Тасвирий санъат рамзи”, “Рақс рамзи”, “Шеърият рамзи” ва “Мусиқа рамзи” бўлиб, улар турфа либосдаги тўртта гўзал қиз тимсолида ифода этилган. Композициянинг теран маъноларида гўзаллик, бун­ёдкорлик, ҳаётга муҳаббат чорловлари бор. Иккинчи қаватда яна тўртта композиция – “Садди Искандарий” достонидан бунёдкорлик, қурилиш лавҳаси, “Фарҳод ва Ширин” достонига ишланган Фарҳод ва Шириннинг тоғ канали ёнидаги учрашуви, “Сабъаи сайёр” достонидан Шоҳ Баҳром ва Дилором учрашуви, “Лайли ва Мажнун” достонидан Лайли ва Мажнун висол онлари лавҳалари бизни эртаклар оламига бошлайди. Ёш рассом Шамсирўй Ҳасанова прототип қилиб олинган Ширин образи эстетик гўзалликнинг жонли ифодаси, ёшлик тимсоли бўлиб жаранглади. Самарқанднинг сирли, мовий-кўк кошинлари фонида унинг ўйга чўмган, мулойим юзи, бодомқовоқ кўзлари, рангларнинг ўта софлиги, темпера техникасининг ниҳоятда енгиллиги билан эътиборни тортади. Аҳмаров “Ширин” асарини яратишда реалликдан идеалликни қидириб, танлаб олди ва уни рангтасвир романтикасига сингдириб юборди. Ушбу картина нафақат санъатдаги энг мафтункор аёл образи, балки Ўзбекистон рангтасвирида янги йўналиш тимсоли яратилганлигидан дарак берди.

Чингиз Аҳмаров ўз ижодида Навоий ҳаёти ва шеъриятига, умуман, ўрта аср Шарқ халқлари тарихи, санъати ва ҳаётига кўп маротаба мурожаат қилган. Бунинг сабаби балки унинг ёшлигида Самарқандда, Навоий қадами теккан шаҳарда яшаб, унинг қадриятларига бир умр мафтун бўлганлигидадир. Кўҳна шаҳарнинг мўъжизавий таровати, самарқандликларнинг турмуш тарзи, маросим ва урф-одатларига сингиб кетган меъморчилик, кулолчилик, каштачилик, гиламдўзлик, ёғоч ўймакорлиги уни мутлақо янги оламга олиб кирди. Соф, жарангдор бўёқлар, ажойиб безаклар гўзаллиги унинг тафаккурини чархлади, рангин оламни янгича ҳис қилишга ундади. ХХ асрнинг 20–30-йилларида тақдир тақозоси билан Самарқандга келиб қолган Л.Бурэ, Д.Савин, Д.Степанов, О.Татевосян, Г.Никитин, В.Еремян, Р.Акбальян, А.Николаев (Усто Мўмин), Ф.Уфимцев, П.Беньков, Н.Кашина, З.Ковалёвская, Е.Коровой сингари рассомлар ижоди бадиий ҳаётга катта таъсир кўрсатди. Ёш рассомлар меъморий ёдгорликлардан эскизлар чизишар, безаклардан нусхалар олишар, хуллас, Шарқни англашга интилишар эди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда тасвирий санъатнинг янги, европача шакли шакллана борди. Гарчи ёш Чингиз уларнинг таъсирига тушиб қолмаса-да, бу жараён унинг ижодий тафаккури бойишига рағбат берди.

Ёш рассом 1935 йили Москва шаҳридаги В.Суриков номидаги рассомлик институтининг графика факультетида В.Фаворский устахонасида таҳсил олди, сўнгра И.Грабарь устахонасига қабул қилинди. 1942 йили ушбу институт Самарқандга кўчириб келтирилди. Ўша йили Ч.Аҳмаров “Ўзбекистон қиличи” номли диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. И.Грабарь ўз шогирдининг ишига баҳо бериб, “У Навоий каби нозикдид рассом, нозикдид композитор ва шоирдир”, деган эди.

Рассом ижодига Самарқанднинг қадимий, улуғвор бинолари – мадраса-ю мачитлар, мақбара, миноралар манзаралари руҳияти кўчиб кирган эди. Улар орасида Улуғбек расадхонаси алоҳида ўринга эга, шунинг учун ҳам рассом унинг этагида жойлашган мемориал музей деворларига расмлар ишлаган. Уларда Мирзо Улуғбекнинг муҳандис-мунажжимлар билан лойиҳа устидаги мунозаралари, мубоҳаса ва бошқа лавҳалар тасвирланган. Бу лавҳалар чарақлаган юлдуз тўла Самарқанд осмони фонида янада улуғвор ва маҳобатли кўринади.

“Юлдуз” чойхона-ресторани биноси деворларига ҳам Улуғбек фаолиятига оид катта панно чизилган. Унда Улуғбек саройидаги қабул маросими тасвирланган. Композиция марказида Мирзо Улуғбек, атрофида олимлар, зодагонлар, сарбозлар, санъаткорлар, тижоратчилар, болалар, аёллар, узоқдан келаётган меҳмонлар – бари ўша давр Самарқанд табиати манзаралари фонида жуда ҳам жонли, рангин бўёқларда берилган.

Беруний номидаги Шарқшунослик илмий-тадқиқот институтининг фойеси деворларида Чингиз Аҳмаров чизган узун, маҳобатли сурат бор. У ерга ҳар гал борганимда, гўё тасвирдаги Буюк ипак йўли бўйлаб кетаётган карвон аҳлидан бирига айланиб қоламан. Девор саҳнига чизилган бу йирик фрескалар асосан Шарқ қўлёзмалари ва миниатюралар жойлашган бинодаги китоблар дунёсига қаратилганлиги бежиз эмас. Композиция лавҳалари чап томондан йўлга чиққан карвон билан бошланади. Карвон қадимий, гўзал шаҳардан олис манзилларга томон йўл олмоқда. Ўғлининг китоб мутолаа қилаётганидан қувонган ёш она, мударрис ва талабалар, рассом ва унинг ишини томоша қилаётган мухлислар, доира садоси остида рақсга тушаётган раққосалар, севгилисига илк девонини тақдим этаётган ёш шоир, дориламон, тинчлик замони тасвири.

Энди деворий сурат давомида бутунлай зид манзарага дуч келамиз. Кўзлари қонга тўлган ёвузлар босиб келмоқда, ҳаммаёқ вайрона, кутубхоналар, гўзал масканларга ўт қўйилган, қабрлар топталган, ҳаммаёқда тиланчи, гадолар. Бу– қирғинбарот урушнинг совуқ шарпаси эди.

Кейинги лавҳалар ҳаётнинг янги саҳифаларини намоён этади. Ҳаёт ўз оқимига туша бошлаган, боғбон чол неваралари билан ниҳол экмоқда. Меъморлар янги бинолар устида ишлашмоқда, оилада янги фарзанд. Яна тинчлик, бунёдкорлик замони бошланмоқда. Асарнинг бошидан-охиригача ўтган ариқ тасвири композиция яхлитлигини таъминлайди. Бу обиҳаёт рамзи, тинчлик тириклик фалсафасининг энг улуғ шиори эканлигига ишора. Бу лавҳаларни инсоният умр йўлининг турли босқичларини акс эттирувчи улкан кўзгу дейиш мумкин. Алишер Навоий Адабиёт музейи деворларида ҳам ана шу ғоянинг давомини кўриш мумкин. Навоий лирикасига бағишланган кўплаб деворий суратларда шоир даврига хос табиат манзаралари, замондошларининг ҳаёт тарзи, ҳодисотлари янгича тафаккур оламига бошлайди. Деворий суратлар нимзумрад рангда ишланган. Баҳорни эслатувчи манзара-майсазорлар, гуллаган дарахтлар, мажнунтоллар, сархил гуллар. Бу гулшан бағрида гўзал қизлар, хушқомат йигитлар, ўз ҳуснини томоша қилаётган сулув қиз. Хуллас, боғда созандалар, раққосалар, шоирлар, олиму мусаввирлар анжумани. Навоий лирикасига бағишланган ушбу туркум деворий суратлар замирида табиатнинг уйғониши манзаралари, осойишталик, шодлик, байрамона кайфиятни ҳис этиш мумкин. Андижон адабиёт музейи деворларидаги расмларни ҳам Навоий лирикасининг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Ангрендаги Кабель заводи қошидаги дам олиш уйининг “Суғдиёна” қаҳвахонаси деворлари қадимги суғд никоҳ тўйи маросимларига бағишланган гўзал лавҳалар билан безатилган. Чингиз Аҳмаровнинг ушбу асарларини ҳар гал томоша қилганимда, нима учундир “Шашмақом” туркумидаги мўъжизакор куйлар беихтиёр ёдимга тушаверади. Айниқса, буюк санъаткор Турғун Алиматовнинг танбур ёки дуторда ижро этган “Насри Сегоҳ” куйи (Фарғона-Тошкент йўллари), “Мухаммаси баёт” мусиқаси шу асарлар ичидан садо бера бошлайди. Бу куйларда руҳий кўтаринкилик, шодлик оҳанглари устувор. Бундай кайфият Аҳмаровнинг нозик, нурли ранг замзамаларига мос келади.

Санъатшунослик институтининг учинчи қавати фойеси деворларига ишланган Навоий даври тимсоллари бўлган гўзаллар тасвирини томоша қилган америкалик рассом Антуан Рефрежье Чингиз Аҳмаров ижоди ҳақида шундай деган эди: “Аҳмаровнинг бу ишларида мулойим ва латиф рангларнинг кўплиги инсон руҳиятига яхши таъсир кўрсатади, айниқса, шиддатли ва тезкор XX аср учун, асаблари қақшаган одамлар учун бу жуда зарурдир”. Гап орасида у ҳозирда Америка шифохоналарида асабни тинчлантирувчи ранглар билан вазмин суратлар ишлаётганлигини айтиб ўтди.

Чингиз ака яратган ижод намуналари билан ҳар куни учрашиш мумкин бўлган яна бир маскан бу – Тошкент метросининг Алишер Навоий бекати “Сабъаи сайёр” достонининг сопол ва кошиндан ишланган лавҳаларини ишлашда рассомга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Ахмад Шоймуродов ёрдам берган.

“Киши қалбини соф қиладиган, сувдек бебақо танани ювиб тозалайдиган санъат ярата олдимми?” – деб ёзган эди Чингиз Аҳмаров ўз эсдаликларида. Аслида, совет мафкураси ақидаларини писанд қилмай, мардонавор ижод қилган бу ижодкорнинг ҳаёт йўли жуда мураккаб кечган.

Бўлажак рассом 1912 йил 18 август куни Троицк шаҳрида, маърифатли ва бадавлат инсон – Абдураҳмон ҳожи Аҳмаров оиласида туғилди. Рассом болалик чоғларидаёқ кўплаб расмлар ишлагани, журнал ва китоблардаги суратлардан нусхалар кўчирганлигини ўз эсдаликларида ёзиб қолдирган. “Нафосат йўлларида” деб номланган ушбу китобда қайд этилишича, у Перм Рассомлик техникумида ўқиган. Отаси касал бўлиб қолгач, 1927 йили оила Уралдан Ўзбекистонга, Қарши шаҳридаги қариндошлариникига кўчиб келган.

Ижоди графикадан бошланган рассом чизиқлар, шакллар, ранг, сурт­малар ёрдамида ритмик услубни ифодаловчи пластик ғоялар, уларга уйғун бўлувчи усулни излай бошлади. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти хилма-хил, мураккаб кечди, турли шаҳарларда яшади, қатор маҳобатли санъат объектларида ишлади. Реалистик образ муаммоси биринчи ўринга чиққанида, у ҳам барча қатори реалистик портретлар туркумини яратди. Стахановчи Ёқубова (1949), аълочи ўқувчи Р.У.Гуфранова (1950), аълочи Зотова (1951), машҳур раққоса М.Турғунбоева (1951) портретлари дунёга келди. Образни натурадан шундайгина кўчириб яратиш унинг бадиий маконига мос эмас эди. У самарқандлик кулол Уста Жўрақулов портретини (1953) халқ эстетикаси хусусиятларидан келиб чиқиб талқин этди. Ана шу усул унинг рангтасвир асарларида бош мезон бўлиб қолди.

Ч.Аҳмаров Ўзбекистондан ташқари 1953 йили Москва метросининг “Киев” ҳалқа йўли бекатидаги “Дўстлик” мозаика панносини ишлади, 1954 йили Қозондаги М.Жалил номидаги опера ва балет театрини, 1956 йили Днепропетровск маданият саройини, 1979 йили “Украина” меҳмонхонасини безади.

Санъаткор 60-йилларда “Раҳима”, “Мевалар билан қиз”, “Пешонабандли қиз”, шунингдек, рассом Р.Тимуров ҳамда шоира Зулфия порт­ретларини ишлади.

Чингиз Аҳмаров комил инсон ҳақида мушоҳада қилар экан, кўп маротаба Навоий сиймосига (“Навоийнинг болалиги”, 1965; “Навоий Самарқандда”, 1970; “Навоий шогирдлари билан”, 1968; “Навоий лирикаси”, 1968) мурожаат қилади. “Мен ўзимнинг бу оламдаги ўрнимни англаган пайтимдан бошлаб, – деб ёзади рассом ўз хотираларида, – ва бутун умрим давомида ҳаётда нимаики кўрган бўлсам, ўша тасаввурларимни ижодий лабораториямга олиб киришга, англашга ҳаракат қилдим”.

Чингиз Аҳмаров Навоий ижодиётига нима учун бу қадар кўп мурожаат қилганлигининг сабаби, аввало, унинг Навоий даҳосидан руҳий қувват олганида бўлса, иккинчидан, унда ўз тақдирига ўхшаш томонлар борлигини кўрганлигида эмасмикан, деб ўйлаб қоламан. Аҳмаров Шамсирўй вафотидан (1956) кейин бошқа уйланмади, унинг тимсолини ўз асарларига кўчирди. Шамсирўй гўё Навоий куйлаган париваш янглиғ бир умр рассом ижодида кўриниб турди. Навоийдаги ёлғизлик ҳисси, тасаввуфга ҳамоҳанг дунёни англаш тамойиллари ҳам рассомга бегона эмас эди.

Бундай ғояларни ифода этишда мовий, кўк, пушти ва нимяшил ранг­ларнинг уйғунлиги рассомга қўл келди. Бу латиф ранглар Шарқ фалсафасида чексизлик, туғилиш, макон ва ломаконни, сокинликни, ботиний ҳисларнинг зоҳиран тажассумини англатган.

Рассом очиқ, кескин, ёрқин ранглардан кўра, ана шу совуқ рангларнинг назокатли вазминлигини афзал кўрди, бир хилдаги кўк-яшил рангда ҳам асл гўзаллик моҳиятини намоён эта олди.

Дастгоҳли рангтасвирда ҳам рассом ўзининг деворий суратлар анъанасидан келиб чиқиб, қатор янги изланишлар олиб борди. Бу ўзига хос услуб ҳам барибир маҳобатли рангтасвир унсурларини эслатиб туради. Чунки рассом том маънода буюк маҳобатли санъат устаси эди. Унинг деворий суратларига хос шаффоф ранглар жилваси, енгил чизиқлар ҳаракати, меъёрий ритм, композиция усуллари, пластик ечим хусусиятлари маълум даражада дастгоҳли ишларида ҳам балқиб туради. Л. Ремпель рассом ҳақида шундай ёзади: “Аҳмаров учун Ғарб ва Шарқ тажрибалари орасида тўсиқ бўлмаган. У уларнинг талқинига янги маъно берди”. Рассомнинг 1970–1980 йиллардаги графикасида иқтидорининг янги қирралари кўринди. У айни пайтда китоблар, театрларни безаш, кинофильмларга эскизлар тайёрлаш, ўзига хос кулолчилик ва паннолар устида ишлади. Пикассо сингари турли изланишларида гўзаллик қонунини асос деб билди. Рассом ўз фалсафасини ўзининг дизайн, мато, кулолчилик, чинни, лок миниатюраси ишларига ҳам сингдирди, ҳунармандчиликда ҳам шуни ташвиқ қилди.

Гўзаллар ва гуллар куйчиси сифатида машҳур Чингиз Аҳмаров, аслида кўнгилда ёруғ таассуротлар уйғотувчи, хаёл чечакларидан таралган муаттар бўйларни сеҳрли рангларида маҳорат билан сақлай олган санъаткор сифатида ёдимизда қолди. Мустақиллик йилларида рассом Амир Темур сиймосига бағишлаб туркум асарлар (“Амир Темур ва Йилдирим Боязид”, “Амир Темур ва Бибихоним”, “Амир Темур ва дарвеш”, 1992–95 йиллар) яратди. Рассом ижодига хорижда ҳам қизиқиш катта бўлганлиги боис уни турли мамлакатларга таклиф қилишади. Лекин Ч.Аҳмаров Ватани – Ўзбекистонни тарк этмади. Рассом 1995 йил 13 май куни Тошкентда вафот этди ва эҳтиром билан Чиғатой қабристонига, умр йўлдоши, рассом Шамсирўй Ҳасанова ёнига дафн этилди.

Бугун устоз санъаткорнинг бетакрор, ўлмас асарлари юртимиз кошоналарига зеб бериб турибди. Садоқатли шогирд ва издошлари Жавлон Умарбеков, Содиқ Раҳмонов, Темур Саъдуллаев сингари қатор таниқли рассомлар Устознинг чироғини ёқиб, сермаҳсул ижодлари билан халқимизни хушнуд қилиб келмоқдалар.

 “Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 9-сон