Ўзбек Миллий академик драма театрининг бир асрлик ижодий йўлига назар ташланса, нафақат театр, балки миллий маданиятимиз тарихи зарварақларидан муносиб ўрин олган қатор спектакллар, забардаст режиссёр ва актёрлар кўз олдимизга келади.
Шундай ижодкорлардан бири Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева устозлардан таълим олган ва бугунги кунда ўзи ҳам мураббий даражасига етиб, кейинги авлод актёрларига намуна бўлиб келаётган санъаткорлардан биридир.
У 1930 йил 14 августда Тошкент шаҳрида туғилган. Актриса ҳаёти давомида юздан ортиқ турли-туман роль ижро этиб, ўз устида тинмай ишлаган забардаст актриса сифатида халқ меҳрига сазовор бўлди. Миллий драматургиямиз етук намуналаридан Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана”сида Ҳафиза, “Оғриқ тишлар”да Хуморахон, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”сида Гулбаҳор, Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” спектаклида Гавҳаршодбегим, Иззат Султоннинг “Номаълум киши”сида Турғуной, Ойбекнинг “Қутлуғ қон”ида Гулнор каби ранг-баранг образлар актриса маҳоратидан далолатдир.
Яйра Абдуллаева А.Гинзбург ва О.Хўжаевлар томонидан саҳналаштирилган “Номаълум киши” спектаклида Турғуной ва ўғил бола либосида Кичкинтой номи билан одамлардан яширин равишда кўзи ожиз Нурбобо бахшини етаклаб юрувчи набира ролини ижро этган. У асар бош қаҳрамони Ниёзнинг жасоратини эшитиб, уни ғойибона севиб қолади. Ниёз у билан Турғуной сифатида бир неча бор учрашган бўлса-да, аммо “Кичкинтой” Турғуной эканлигини билмаган. Спектакль охирида Ниёзга отилган ўққа кўксини қалқон қилган Кичкинтой йиқилганда бош кийими тушиб кетиб, Турғуной эканлиги билингач, Ниёз (О.Хўжаев) лол бўлиб қолади… Актриса бу образда, гоҳ “ўғил бола”, гоҳида қалбида муҳаббат уйғонган қиз тимсолида гавдаланиб, ўз маҳоратини намоён этади.
Тошхўжа Хўжаев, Александр Гинзбург, Шариф Қаюмов, Баҳодир Йўлдошев каби етук режиссёрлар билан ишлашга мушарраф бўлганлиги актрисанинг бахти дейиш мумкин. Чунки бу режиссёрлар саҳналаштирган бадиий юксак спектаклларда образ устида ишлаш, қаҳрамонининг ички дунёсига кириб бориш, инсоннинг нозик туйғуларини тараннум этиш, образ ҳаёти билан яшаш каби хислатларни чуқур ўрганади.
Яйра Абдуллаеванинг мураккаб характерларни жонлантира олиш қобилиятини сезган режиссёрлар унга йирик образларни ишониб топшира бошлайди. У хорижий драматургия намуналарида ҳам тўлақонли характерлар яратиб, режиссёрлар ишончини қозонади. “Юлий Цезар”да Перция, “Антигона”да Антигона, “Ғариблар”да Анита, “Ҳар тўкисда бир айб”да Мамаева, “Жонимни ол, жонгинам”да Сийенхоним, “Ўғирланган умр”да Кей каби образлари шулар жумласидандир.
Ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталарида таниқли режиссёр Тошхўжа Хўжаев томонидан япон драматурги Моримото Каорунинг “Ўғирланган умр” (А.Абдуллаев таржимаси, рассом – Г.Визель) асари асосида саҳналаштирилган спектакль бадиий-ғоявий теранлиги билан театр тарихида улкан воқеа сифатида эътироф этилди.
Спектаклда бош қаҳрамон – Кей образини яратишга Яйра Абдуллаева бутун қалб қўрини бағишлади. Бу образ нафақат актриса таржимаи ҳолида, балки театр тарихидаги ёрқин образлардан бири сифатида солномаларга киради.
Ўн олти ёшли маъсума қизча қиёфасидаги актриса ёш қизалоққа хос гап-сўзлар, хатти-ҳаракат, самимийлик, ўзига хосликни усталик билан топадики, томошабин уни ўттиз беш-қирқ ёшлардаги аёл ўйнаганини сезмайди.
Спектакль давомида ёш ва гўзал Кейнинг қийинчиликда ўтган болалиги, бадавлат Цуцуми хонадонига жойлашиб олгач, ғайрат ва тадбиркорлик билан меҳнат қилиб, хонадон соҳиблари ишончини қозониши, айни чоғда қалбида бойликка интилишнинг кучайиб бориши ва пировардида маънавий олами тобора кемтиклашиб, таназзулга юз тутиши ғоят ишонарли талқин этилади. Актриса шахсий ҳаёти бесаранжом, ҳатто бойлик илинжида севган йигитидан воз кечиб, бадавлат одамга турмушга чиққан, алалоқибат ёлғизлик фожиасига учраган аёл образини бениҳоя маҳорат билан талқин қилади.
Ўша давр матбуотида Яйра Абдуллаева ижодига баҳо берилиб, “…актриса Кей образи мисолида бутун умри давомида барча ёшга мансуб тимсолларни қандай талқин қилишни орзу қилган бўлса, ҳаммасига бирдан эришди”, деб эътироф этилади.
Режиссёр Тошхўжа Хўжаев С.Азимовнинг “Аср драмаси” (Рассом– Г.Брим) пьесасини публицистик жанрда саҳналаштирган бўлиб, унда Шарқ мамлакатларининг бирида юзага келган ўткир муаммолар ифодаланган. Спектаклдаги муваффақиятли образлардан бири – Ойишани Яйра Абдуллаева ижро этган. Пьесадаги бу образ етакчи бўлмаса-да, режиссёр талқини ва актриса ижроси орқали мазкур роль образ даражасига кўтарилади. Актриса ижтимоий ва шахсий зиддиятлар гирдобида қолган, севги ва бурч ўртасида ўртанаётган инсон руҳиятининг эврилишларини нозик ифодалашга эришади.
Ўтган асрнинг 80-йилларида, тарихий мавзудаги қатор муваффақиятли спектакллар саҳна юзини кўради. Таниқли шоир ва драматург Туроб Тўланинг “Нодирабегим” (“Қувваи қаҳқаҳа”) пьесаси Баҳодир Йўлдошев (рассом – Г.Брим) томонидан саҳналаштирилади. Спектаклда ҳассос шоира, давлат арбоби, Қўқон адабий муҳитининг етук вакили Нодирабегим ҳаётининг сўнгги дамлари тасвирланган. Бу образни яратишда Яйра Абдуллаева Нодирабегимнинг шоиралигидан кўра ҳукмдорлик хислатига кўпроқ урғу беради. У Амир Насрулло ва унинг гумашталари билан бўлган тўқнашувларда адолат ва маърифат ҳомийси, қатъиятли аёл сиймосида намоён бўлади.
Яйра Абдуллаева Мустақиллик йилларида ҳам самарали ижод қилиб, саҳна ва фильмларда роллар ижро этиб келмоқда. Кейинги йилларда яратилган роллари орасида испан драматурги Алехандро Кассонанинг “Дарахтлар тик туриб жон беради” пьесаси асосида режиссёр Валижон Умаров томонидан саҳналаштирилган спектаклдаги Буви образини алоҳида эътироф этиш мумкин.
Актриса талқинидаги Буви ўзининг ўй-хаёллари билан яшаётган бўлса-да, лекин ундаги ички тетиклик, кибор кўриниш, юриш-туришида бир олам маъно акс этади. Тақдирнинг кутилмаган зарбаси туфайли ўғлидан жудо бўлган бахтсиз онанинг шафқатсиз синовларга бўйин эгмай, қаддини дарахтдай тик тутиб яшаши, сўнгги умиди бўлган набираси ташлаб кетиб, барча умидлари пучга чиққан бўлса-да, мустаҳкам иродаси, пок виждони билан мардонавор жон таслим қилиши Я. Абдуллаева ижросида мукаммал ифода топди.
Актриса саҳнадаги фаолияти билан бир қаторда кино, телевидение ва радиода ҳам бетакрор роллар ижро этди. Жумладан, “Бой ила хизматчи”да Гулбаҳор, “Стадионда учрашамиз”да Раъно, “Опа-сингил Раҳмоновалар”да Дилдор, “Ҳамза”да Саодат ҳамда биринчи ўзбек телефильми “Азизахон”да Азизахон, “Зайнаб ва Омон”да Зайнаб, “Еттинчи ўқ”да Хоним каби роллари кино санъатимиз ютуқларидан бўлди.
Республика радиосидаги “Театр микрофон олдида”, “Бир актёр театри” каби эшиттиришларда фаол қатнашган актриса қатор радиоспектаклларда ҳам роллар ижро этган. Хусусан, “Медея”, “Кашмир қўшиғи”, “Дубровский” каби классик асарлар асосида тайёрланган радиопостановкалар ижрочиси, шунингдек, норвег драматурги Г.Ибсеннинг “Нора” радиоспектаклининг режиссёри ва бош роль ижрочиси ҳамдир.
Яйра Абдуллаеванинг сермазмун ва самарали ижодий фаолияти давлатимиз томонидан “Ўзбекистон халқ артисти” (1964) унвони, Давлат мукофоти, “Дўстлик”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан муносиб тақдирланган.
Бугунги кунда Яйра Абдуллаева табаррук ёшда қадрдон театр жамоаси орасида неча-неча ёш ижодкорларга устозлик қилиб, том маънода театрнинг Онахони бўлиб келмоқда.
Эсонбой Ўринов, театршунос
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 8-сон