Жоржо Моранди: оддийликдан буюкликкача

Санъатга ошуфта кўнгилдан ёмонлик чиқмайди, дейди доно халқимиз. Хоҳ куйга йўғрилган гўзаллик бўлсин, хоҳ бўёқларда акс этган чиройми, инсон неданки, кўнгли таскин, дили ором топса, завқу шавқи ошса, бу – санъатнинг сеҳрию жозибаси сабабидандир. Гўзалликни бир бора кўрган, ҳис қилган инсоннинг қанчалар баҳри-дили очилади?! Уни яратган инсоннинг-чи? Гўзаллик яратиш учун ўша бунёдкор инсон гўзалликни бошқалардан кўра кўпроқ ҳис қилмоғи, ундан таъсирланмоғи керак. Зеро, кўнгилдан ўтгани кўнгилларга етиб боради.

Ана шундай барчани ўз яратган гўзалликлари билан ҳайратга солган, бутун умрини ранг-тасвир санъатига бағишлаган италиялик таниқли мусаввир Жоржо Моранди (Giorgio Morandi)нинг асарлари ҳали ҳануз катта қизиқиш билан қарши олинади. У ҳеч бир санъат турини ўзига бегона билмайди, ҳайкалтарошликми, наққошликми, графиками ёки мусиқами – барчасида ўз имкониятларини синовдан ўтказади.

Бўлажак рассом 1890 йил 20 июлда Италиянинг сўлим Болонья шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. Отаси вафотидан кейин оила бошига оғир кунлар тушди, Морандининг деярли бутун ёшлик ҳаёти қийинчиликлар билан кечди. У кичкинагина хонасига қамалиб олиб, ҳар хил расмлар чизар, лойдан турли-туман шакллар ясарди. Бутун куни шу машғулотлар билан ўтарди. Ҳар йили ёзда оиласи билан Аппенин тоғларига чиқишар, келгусида у буюк асарлари учун ўша ердан илҳом олгандек эди. Жоржо санъатга жуда эрта кўнгил қўйди. Илк сабоқни отасидан олган Моранди унинг, яқинларининг рағбати ва кўмагида 1907 йилда Болонья Нафис санъат академиясига ўқишга қабул қилинади. Ижодий фаолиятини ҳайкалтарошликдан бошлаган бўлғуси мусаввир илк ранг-тасвир асарини 1911 йилда яратади. Илк суратларини ўша давр кубизм оқими[1] намояндаси П.Сезанн асарларидан илҳомланиб чизган бўлса, кейинчалик А.Руссо ижоди уни кўпроқ қизиқтира бошлайди. Унинг ишлари футуристлар кўргазмасида ҳам қўйилади, бироқ улар билан алоқаси узоққа чўзилмайди.

Кўп ўтмай Биринчи Жаҳон уруши бошланди, 1915 йили Моранди ҳарбий хизматга чақирув хати олди. Бироқ асаб толаларининг шамоллаши ташхиси билан у ердан қайтиб келди. Уруш йилларидаги қаҳатчилик унинг оиласини ҳам четлаб ўтмади, рўзғорини тебратиш учун бир муддат бошланғич мактабларда тасвирий санъатдан дарс берди. Шу билан бирга у вақтини метафизик рассомлар Де Кирико ва К.Карра ижодини ўрганишга бағишлади. Аммо бу ўрганишлар натижаси шуни кўрсатдики, Жоржо умри давомида метафизик йўналишда бирорта асар яратмади. Дастлабки асарларида оддийликни акс эттиришга интилса-да, уларда хилма-хиллик, жимжимадорлик кўзга яққол ташланиб турди. Унинг асарларини тушуниш учун Италия илк Уйғониш давридаги Жотто фрескалари, Ф.Сурбарана натюрмортлари ёки Шарден этюдларига назар ташлаш кифоя.

Италияда Муссолини бошлиқ фашистлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши Моранди ҳаётига таъсир кўрсатмай қолмади. Аммо у бошқа модернист-рассомлар каби ўз йўлидан қайтмади, ишини давом эттираверди. Босқин пайтида халқининг миллий қадриятлари ҳамда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилувчи гуруҳга аъзо бўлди. 1930 йилларга келиб у Нафис санъат Академиясининг гравюра бўйича профессори унвонига сазовор бўлди. Бу вақтга келиб унинг асарлари нафақат мамлакатда, балки хорижда ҳам намойиш этила бошлади. 1930-1956 йилларда Болонья Академиясида наққош-ўймакорлик санъати бўйича дарс берди.

Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг эса унинг номи халқаро миқёсда эътироф этила бошланди. Жоржо Моранди 1948 йилда Венециядаги ўтказилган кўргазмада дастлабки муваффақиятга эришди ва Италиянинг машҳур рассомлари рўйхатидан жой олди. 1958 йили илк бор она ватани – Италиядан ташқарига чиқиб, асарлари сабаб чет мамлакатларда ҳам бўлди. Энди унинг асарларидан киночилар ҳам фойдаланишар, омад, муваффақият уни ҳар томондан қуршаб олмоқда эди.

Бу вақтда унинг танқидчилари ҳам енг шимариб ишга тушиб кетишди. Айримлар уни Шарден мукофотини ўзлаштириб олганликда, буржуазия талабини моҳирона бажо келтирганликда айблашса, бошқалар Италиянинг фахри бўлган замонавий санъатнинг барча ютуқларини инкор этаётганликда айблашди. Бироқ, Италияда Моранди суратлари илин­маган на бой-бадавлат хонадон, на оддий хизматчининг уйи қолганини ҳатто мунаққидлар ҳам тан оларди.

Охир-оқибат шундай бўл­ди­­­ки, мусаввир барчасидан – танқидчиларнинг айбловларию мухлислар олқишларидан тўйиб кетди. Ёшлик кезлари оиласи билан ҳар йили ёзда дам оладиган Аппенин тоғи яқинидаги Грицциана қишлоғига кўчиб кетди. Умрининг охиригача у ерда ортиқча гап-сўзлардан қулоғи тинч, ҳоли яшади. 1964 йилнинг 18 июнида у туғилган шаҳри – Болоньяда ёруғ дунёни тарк этди.

Бир қарашда Жоржо Моранди ижоди жўндек гўё. Кўзалару шишалар тасвири ҳатто зерикарли туюлиши ҳам мумкин, бироқ оддий маиший буюмлардан контраст усулида бутун бир санъат асарининг яралганлиги, унинг ҳайратомуз кайфияти ва ижодкор маҳорати сизни-да ўзига ром этади, хаёлот оламига чорлайди. Жоржо Моранди асарларининг сири шунда: оддийлик – ўзига хослик – ҳаётийлик.

Ҳозирда Болонья шаҳрида Морандининг уй-музейи сайёҳлар, санъат ихлосмандлари учун туну кун очиқ. Йўлингиз тушса, албатта, Моранди уй-музейига ташриф буюринг – самимий, муболағадан ҳоли ноёб гўзалликларга гувоҳ бўласиз….

Севара Алижонова тайёрлади.

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон

______________

[1] Кубизм – тасвирий санъатда XX асрнинг I чорагида вужудга келган ва реализмга қарама- қарши ўлароқ борлиқни геометрик шаклларда тасвирлашга интилган оқим.