Дилфуза Раҳматуллаева. Умр — имтиҳондир

Актёр Хайрулла Саъдиев ҳаёти ва ижодига бир назар

Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асари асосидаги спектаклда яратган «Шум бола» образи Хайрулла Саъдиевни элга танитди, машҳур қилди. Жингалак сочлари ўзига жуда ярашадиган, чаққон, ҳаракатчан бу актёрнинг бугунги кунда етмишдан ошганига кўпчилик ишонмаса ҳам керак…

…Хайрулла Саъдиевнинг санъатга кириб келиши ғалати кечди. 1958 йили мактабни битирдию онасининг муҳандис бўласан, деган истагига кўра, Тўқимачилик ва енгил саноат институтига ҳужжат топширди. Тайёрлов бўлими машғулотларига икки марта бордию, бу унинг жойи эмаслигини тушунди. Ҳатто имтиҳонга боришни ҳам истамади. Ҳужжатларини қайтариб олди. Амакиваччаси Ғайрат Убайдуллаевга эргашиб, авиация заводига дурадгор бўлиб ишга жойлашди. Келгуси йили эса амакисининг мактабни битираётган ўғли Лутфуллага кўнглини ёзди. Қаранг-ки, фикрлари бир ердан чиқди. Улар келишиб, ҳеч кимга билдирмай, санъат институтига ҳужжат топширишга аҳдлашишди.

«Санъатга иштиёқим жудаямбаланд. Лутфулла билан театр институтини уч кун қидирдик, топа олмадик, бировдан сўрашга уяламиз. Ҳар гал турли томондан келиб, озгина масофа қолганда қайтиб кетар эканмиз. Тўртинчи кун деганда институтни топдик, «театр ва кино актёри» бўлимига ҳужжат топширдик. У ерда уч турдан иборат имтиҳонлар топширилар экан. Биз имтиҳонга тайёрланмаганмиз, ҳеч ким бизга ўргатмаган. Мактаб саҳнасида Мўмин Мирзо ролини ўйнаган эдим, унинг монологини ўқиб бердим. Бир томонга қараб ўқиганим боис овозим четга кетибдими, ҳар қалай, овози йўқ экан дея, Иосиф Радун менга паст баҳо қўйган. Шундай қилиб, биринчи турданоқ иккаламиз ҳам йиқилдик.

Лекин ҳеч институтдан кетолмайман. Бошқалар имтиҳонларга кириб кетади, мен уларни кузатиб ўтиравераман. Шундай кунларнинг бирида имтиҳон ўтаётган хонага кириб кетаётган бир ўқитувчи аёл менга қараб тикилиб қолди, салом бердим. Бироз қараб туриб, “Сен Ҳабибнинг ўғлимасмисан?”, деб қолдилар. “Ҳа» жавобини бердим. Юзлари яшнаб кетди, «ойнонай сендан», дея бағирларига босдилар. Ҳаммасини сўраб суриштирдилар-у, хонага кириб кетдилар.

Бу аёл Ўзбекистон халқ артисти Назира Алиева бўлиб, саҳна нутқидан дарс берарканлар. Кейинчалик эшитдимки, айнан Назира опанинг тавсияларига кўра мени резерв гуруҳига қабул қилишибди. Уйга келиб, эшитганимни эшитдим. Отам 36 ёшда гастрол сафарида шамоллаш оқибатида оламдан ўтганлар. Онам “Бир артистдан бўлганимча бўлганман”, —дея роса койидилар”.

У тиришиб ўқий бошлади. Эртадан кечгача институтда қолиб кетади. Тиним билмайди, қиличбозлик, гимнастика, волейбол тўгаракларининг барига боради. Нима қилиб бўлса-да, талабаликка қабул қилиниши лозим.

Биринчи курс тугаб, ҳамма фанларни «аъло»га топширган Хайруллани талабаликка қабул қилишди-ю, у дастлабки стипендиясини олди. Ўша кунги шодлиги… Дўкондан онасига рўмол харид қилди. Она рўмолни титроққўллари ила оларкан, фарзандининг пешонасидан ўпди, ўғли танлаган йўлдан қайтара олмаганига ичидан ўкинса-да, унга оқ фотиҳа беришдан ўзга чораси қолмаганини сезди.

Қудрат Хўжаев, Анатолий Зуҳуров, Марк Аронов, Тошхўжа Хўжаевлар курсидаги таълим беиз кетмади. У талабалик давридаёқҲамза номидаги академик драма театри саҳнасига чиқди. Дастлаб оммавий саҳналарда қатнашди, сўнг режиссёр Анатолий Зуҳуров саҳналаштирган Ф.Хўжаевнинг «Булутлар тарқалса» асарида Бек исмли бола образини яратди. Рихси Иброҳимова, Турғун Хонтўраев, Пўлат Саидқосимовлар билан шерик бўлиб ўйнаш унинг йўналишини белгилаб берди.

“Ўқиш тугади. Ҳаммамизни турли театрларга бўлиб юборишлари лозим. Мен отам ишлаган театрга бораман, у чиққан саҳнада ўйнайман, деб ният қилардим. Лекинустозим Тўла ака курсимиздаги Раъно Мадраҳимова иккимизга “Ёш томошабинлар театрига борасизлар, сизларнинг жойингиз ўша театрда”, — деб қолдилар.

Раъно билан биринчи курсдан бирга ўқиймизу, бироқ “ит-мушукмиз”. Бунга нафақат феълимиз, балки тарбия топган муҳитимиз ҳам сабаб бўлган бўлса керак. Зиёлилар оиласида катта бўлган бўлсам-да, мен эски шаҳарнинг тарбиясини кўрган шўх боламан, Раъно раҳбарлар хонадонида тарбия топиб, рус мактабида таълим олган қиз.

Устознинг сўзларини икки қилмадим-у, лекин нега Ҳамза театрига бормаяпман, деган ўй хаёлимдан ўтди. Чунки дадам чиққан саҳнада ўйнаш менинг бош мақсадим эди… Бизни имтиҳон қилишиб, театрга ишга қабул қилишди. Оммавий саҳналарда чиқа бошладим. Уч-тўрт ой ичида театрга анча киришиб кетдим. «Али бобо ва қирққароқчи» эртагида хизматкор ҳабаш бола ролини ўйнадим.

Бир неча ойдан сўнг армияга чақирув қоғози олдим. У вақтларда олий маълумотлилар бир йил хизмат қиларди. Соддалик экан, мен икки йил хизмат қилдим. Бунга эса…

Бир подполковник ҳужжатларим билан танишиб, овоз чиқариб ўқий бошлади: “Маълумоти ўрта, “Театр ва рассомлик институти”ни битирган”. У “Демак, маълумотингиз ўрта” дея, қоғозга алланималарни ёза бошлади ва мени қурилиш баталонига тақсимлаш ҳақида қарор берди. Мен: «Олиймаълумотлиман, ўзингиз ўқиганингиздек, Театр ва рассомлик институтини тугаллаганман», дейишни билмабман. Шундай қилиб, Навоий шаҳри қурилишларида икки йил ишладим”.

Икки йил ҳам ўтди. Х.Саъдиев армиядан келди-ю, театри бағрига сингиб кетди. Устозлари кўмагида турли характердаги образларни ўйнай бошлади. Афандихон Исмоилов, Карим Хонкелдиев, Иброҳим Аҳмедов, Манзура Ҳамидова, Бадал Нурмуҳамедов, Обид Толипов, Воҳид Қодиров, Муҳаббат Йўлдошева… Уларнинг ҳар бири у учун ибрат. Уларнинг ҳар бир қадамини кузатди, улардан ўрганди. Айниқса, Воҳид Қодировнинг ёш актёрга меҳри бўлакча эди.

Устозларининг меҳри, ўзининг ҳаракатчанлиги сабаб аста-секинбош қаҳрамонлар образларини унга топшира бошлашди. Ёнида дўсти Раъно. Бирга ўқишмаганми, турли вазиятларда иккаласи бир-бирини ёлғизлатиб қўймайди. Мана шу «биргалик» уларни анча яқинлаштирарди. Раънога курсдаги қатор йигитларнинг кўнгли борлигини Хайрулла биларди, лекин қиз…

1966 йил 26 апрел. Эрта тонг. Ернинг кучли силкиниши сабаб, шифтдан тўкилаётган шувоқдан уйғониб кетди. Онаси, ёнида укаси… Ҳаммалари ҳовлига чопиб чиқишди.

Эндигина тонг ёриша бошлаган. Хаёлимга келган биринчи фикр “Раънодан хабар олиш” бўлди. Апил-тапил кийиниб кўчага отландим. Деярли югуриб кетяпман. Ана Раъно турадиган уй. Етиб бордим-у, қўнғироқ босишга ҳам зарурат бўлмади. Эшик очиқ экан. Ҳамма ҳовлида ўтирибди. Мени кўриб Раънонинг кўзлари порлаб кетди. «Ким мендан биринчи бўлиб хабар олса, ўшанга турмушга чиқаман, деб ўтирган эдим», деди. Гапидан биргалашиб кулдик. Билмадим, шу синов сабабми ё тақдирми, шу йил тўйимиз бўлди».

Уларнинг ҳаётларида гўзал ва маҳзун лаҳзалар бошланди. Бахт қўшалоқ келади, деганлари рост экан. Театрда ҳам унга кетма-кет бош ролларни топшира бошлашди: «Қор маликаси»да Кей, «Али-Вали»да Али, «Суқатой-Конфетвой»да Конфетвой, «Қовоқвой ва Чаноқвой»да Қовун… Ёш томошабинлар қалбига жуда яқин ушбу образлар унинг ҳаёти мазмунига айланиб борар, у эртанги кун шавқи ила яшай бошлаганди. Айниқса, яқинлари билан бирга саҳнага чиқиш унга ҳузур бағишларди. Ахир, ёнида укасидай азиз Лутфулла, суюкли ёри Раъно. Хусусан, «Семурғ», «Али-Вали», «Суқатой-Конфетвой»да ҳаммалари бирга саҳнага чиқишади. Улар бир-бирларига меҳр кўрсатишдан уялишмайди.

“Ҳаёт бир маромда давом этарди. Театр бизга уй берди. Чилонзорга кўчиб ўтдик. Қўғирчоқ театрига Раъно иккаламизни бирга чақиришди. У ерда биз асосан қаҳрамонларга овоз берамиз, бизнинг овозимиз ила спектакл ўйналади. Раъно ўзига жуда талабчан, ўз устида кўпроқ ишлагиси келади, ишларидан кўнгли тўлмайди, яна ўқигиси бор. Кўп ўтмай, режиссёрлик курсига кириб ўқишни давом эттиришга қарор қилди”.

Раъно Хайрулла учун биринчи танқидчи ҳам эди. Улар нафақат театрда, шунингдек уйда ҳам баҳсни давом эттиришар, ўғиллари Сардор ҳам уларнинг ҳаракатларини кузатиб завқланарди. «Ревизор»да Хлестаков, «Мушкетёрлар»да Д`Артанян, “Шум бола”да… 1963 йилида Ганжа Ёқубов телевидениеда Ғафур Ғулом асари асосида “Шум бола”ни қўйишга киришди. Бош қаҳрамон образига жуда катта танлов бўлди. Шум бола ролига Хайруллани, Омон ролига Лутфулла Саъдиевни, Бой ролига Воҳид Қодировни тасдиқлашди. Спектакл катта шов-шувга сабаб бўлди. У ижод ила сармаст, янги-янги қаҳрамонлар образи билан ёниб, танилиб,эътибордан кўкси осмон қадар кўтарилиб юрган кезлардаҳаётидаги энг катта йўқотишлардан бири содир бўлди. Оғир касаллик ёнидаги суянчиғи, ягона фарзандининг онасини ҳаётдан жуда эрта олиб кетди.

Раънони бутун оила яхши кўрарди. Унинг ўлими… Мен ҳаёт тугади, деб ўйладим. Ҳамма нарса беҳуда… Кўзимга ҳеч нарса кўринмай қолди. “Жигарлар, қариндош-уруғлар ўз йўлига экан-у, ёнингда дўстинг бўлса… Яхшиям ёнимда Тоҳир бор. Тоҳир Маҳрамов қўғирчоқ театри актёри, республикада хизмат кўрсатган артист эди. «Хайрулла, пешонанг экан, бу бир синов. Яхши кунларинг кўп бўлди”, деб сабрли бўлишга чақирди. Ёнимдан жилгиси келмайди. Энг оғир дамларда ҳам тушкунликка тушмаслигим учун тиришди. Ҳамма вақт кўнглимни сўзсиз тўғри англарди”.

Дўстлари далдаси, кўнглидаги иши уни асради. Роллари билан овунди. Шундай кунларда ҳаётига Малика кириб кела бошлади.

“Малика Раънонинг дугонасига сингил экан. Таъзияда келди. Кейин биздан хабар олиб турди. Унинг Ифтихор исмли ўғли менинг Сардорим билан дўстлашиб кетди. Шу ҳам бир баҳона бўлдими, турмушқурдик. Оилада Эъзоза дунёга келди. Ҳаётим яна ўз ўзанига туша бошлади”.

1986 йили Тошкентда Сатира театрини очишга киришилди. Бу кўп нарсага қизиқувчан Хайрулланинг кўнглидаги орзуларини амалга ошириш учун катта имконият дегани. Зеро, қувноқ, ҳаракатли, куй ва қўшиққа бой ролларни ижро қилгиси, имкониятларини кўпроқ намоён этгиси бор унинг. Шунинг учун уни шу театрга таклиф этишганда ҳеч иккиланиб ўтирмади.

“Театрда Мавлон Хўжаев директор, Носир Отабов режиссёр сифатида иш бошлади. Мени таклиф этишди. Учаламиз актёр танлашдан, оркестрни шакллантиришгача бўлган йўлни биргаликда босиб ўтдик. Ўтган йиллар мобайнида кўплаб спектакллар саҳна юзини кўрди. Дастлаб Шарқ клубида фаолият бошладик. Бироқ, ўз саҳнамиз йўқлиги сабаб кўпинча гастролларда юрамиз”.

Актёр муаммолар ҳақида гапиришни бошлайди-ю, бироқ улардан ўкинмайди. Балки улар жамоани тоблаётгани, бирлаштираётганидан мамнун эканини айтади. Хурсанд бўламан. У кинода, телевидениеда ҳам қатор образлар яратди.

“Кинога 70-йилларда кириб келдим. Учқун Назаровнинг “Шиддат” филмида Мамат, “Акмалнинг саргузашти”да юздан ошган чол, “Арслоннинг саргузаштларида” Оч, “Кулол ва хурмача”да чойхоначи, “Тўйлар муборак”да куёв жўра образларини яратдим. Кино ҳам янгича бир олам.

“Тўйлар муборак” филмини суратга олаяпмиз. Йўқолган куёвни сув остидан қидириш эпизоди бор. Кадр Бешёғочдаги кўлда суратга олиняпти. Октябр ойи, ҳаво совуқ. Куёв жўра ролидаман. Жуда пўрим кийинганман. Оёғимда платформа туфли. Сюжетга кўра қайиқ бирдан қалқиб, мен сувга йиқилишим, ундан чиқиб ўша сиз биладиган машҳур иборани: «Машитдан узу-ун, шалпангқулоқ, овсар ўлик чиқмадими», дейишим лозим. Бу кадр бир неча бор суратга олинди. Режиссёр яна бир дублга кўрсатма берди. Совуқўз кучини кўрсатдими,оёғимдаги платформа туфлининг оғирлиги ошиб кетдими, учинчи дублдан сўнг қани энди сувдан чиқа олсам, чўка бошладим. Ҳайтовур суратга олаётганлар буни ўз вақтида сезиб қолишди…

Бундан бир неча йил илгари «Мунаввар тонг» кўрсатувига таклиф қилишди. Наврўзнинг эртаси. Съёмка бошланди. Биляпман, мазам қочяпти. Телеоператорга қараб, “Ғайбуллажон, мазам қочаяпти, тугатайлик”, дедим. Яна икки дақиқа, шу билан тугатамиз, — деди у. Бирдан йиқилдим. Шу ётганча 3 ой деганда оёққа турдим”.

Тезроқ тургиси, севган касбига қайтгиси келарди унинг. Лекин шифокорлар рол ўйнашга рухсат беришмади. Аммо у нима қилиб бўлса-да, ўз ишига қайтишни истарди. Айнан кўнглини сезгандай уни янги суратга олинаётган «Баландлик» филмига таклиф этишди. Суратга олиш жараёнлари мураккаб шароитда кечганига қарамай, актёр чидам ва бардош билан ишлади, қийинчиликлардан чўчимади.

Актёрдаги бу каби бардош ва чидам унга онасидан ўтган. Жуда эрта бева қолган аёл фарзандларини ҳам меҳнатдан қочмасликка, бировнинг ҳақига хиёнат қилмасликка, муҳими, ҳалолликка ўргатди.

“Луқмани ҳалоллаб ейиш, йиртиқ бўлса-да, озода юриш онамнинг бирдан-бир талаблари эди. Онамнинг ўгитлари нечоғли тўғрилигини ҳаёт ҳам тасдиқлади. Билъакс бировнинг дилини ранжитишдан, ҳақини ейишдан, ҳасадгўйликдан ёмон нарса йўқ экан ҳаётда. Тўғри, ҳаётимда бир неча бор ҳасадгўйлар билан тўқнашдим. Лекин уларга ғаразгўйлик билан жавоб қайтармадим. Дилимни оғритишганда ҳам индамай кетавердим. Шундай ҳолатларда кечаси билан ухламай, ўзим билан ўзим савол-жавоб қилиб чиқардим. Ҳамма нарсани ичимга ютаверибман… Тўғри, атрофимдагилардан кўп нарсани ўргандим. Эргаш Масафоевни ҳамма оғир режиссёр дейди. Мен ундан чидамни ўргандим. Бировнинг кўнглини ранжитишдан осони йўқ, бироқ одамларнинг кўнглини олишдан қийини йўқ экан. Нима учундир сўнгги пайтларда одамларнинг қаҳри қаттиқ бўлиб кетяпти. Меҳр-оқибат сусайгандай. Худога шукур қиламан, мен катта бўлган оилада меҳр-оқибат катта. Ҳеч кимнинг кўнглини, дилини ранжитишганини эслай олмайман.

Актёр ўйга толади. Ундан орзуларини сўрайман.

“Ҳозир Санъат институтида дарс бераман. Қани энди, профессионал режиссёрлар яхши филмларни суратга олиб, менбоп ролларга таклиф этишса, жон деб ўйнардим”.

Дилфуза Раҳматуллаева,

санъатшунослик фанлари доктори

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 6-сонидан олинди.