Италиялик буюк рассом ва ҳайкалтарош Леонардо да Винчига дунёни ҳайратда қолдириш учун биргина “Мона Лиза”нинг ўзи кифоя қилган эди. Лекин Леонардонинг оламни англашга бўлган қизиқиши унинг ўз давридан анча илгарилаб кетишига сабаб бўлди. Унинг механика ва бошқа бир қатор соҳаларда амалга оширган кашфиётлари худди бетакрор асарлари каби юксак эътирофга лойиқдир. Қизиғи шундаки, унинг фақат бир кашфиётигина ҳаётлик чоғида тўла маънода тан олинган ва амалиётга татбиқ этилган экан.
Леонардонинг ҳаёт йўли қийинчиликлар, инқирозларга тўлиқ. Унинг ўнлаб кашфиётларидан олимнинг таваллуд санасидан 555 йил ўтиб ҳам фойдаланиб келинаётгани эса ана шу заҳматларнинг мевасидир.
Тан олинган ягона кашфиёт
Юқорида айтилганидек, олимнинг фақат биргина кашфиёти унинг ҳаётлик чоғида тан олинган. Бу – тўппонча учун чақмоқ затвор. Аввалига бу механизмнинг қўлланиш доираси жуда тор эди, лекин ХВИ аср ўрталарига келиб, у зодагонлар, айниқса, суворийлар орасида жуда оммалашиб кетди. Тўппонча учун мўлжалланган чақмоқ затвор шу даражада мукаммал эдики, ҳатто уни ХИХ асрда ҳам учратиш мумкин бўлган.
Лекин улуғларнинг буюк ишлари баъзан улар вафотидан сўнг ўз эътирофини топади. Да Винчининг кўплаб кашфиётларига қўшимчалар киритилиб, такомиллаштирилди. Ҳозир эса уларнинг аксариятидан кундалик ҳаётимизда, бунга Леонардо да Винчи чизмалари асос бўлганлигини хаёлимизга ҳам келтирмай, фойдаланамиз.
Кондиционер беш асрлик тарихга эга
Масалан, Леонардо да Винчи ҳавони сиқиб, уни қувурларга ҳайдовчи қурилма яратган. Мазкур кашфиётнинг қўлланиш доираси жуда катта: печларни қиздиришдан тортиб, хона вентилятсиясигача.
Ғаввослар кийимининг биринчи кўриниши
Леонардо – инсоннинг сув остида узоқ муддат қолиши имкониятларини ўрганган биринчи олим эмасди. Масалан, Леон Баттиста Алберти Неми кўли тубидаги айрим Рим кемаларини юзага олиб чиқишни режалаштирган. Леонардо эса қуруқ режалардан анча ўзиб кетди. У сув ўтмайдиган теридан тайёрланувчи ғаввослик кийими лойиҳасини яратган. Мазкур кийимда ғаввоснинг сув юзасига чиқишини осонлаштирадиган, ичи ҳаво билан тўлдирилган катта кўкрак чўнтаги бўлиши керак эди. Леонардонинг ғаввоси нафас олиш учун эгилувчан найча билан таъминланганди. Мазкур найча унинг шлемини сув юзасидаги сузувчи қубба билан боғлаб турган.
Вертолётнинг “бобокалон”и
Маълумки, Леонардо да Винчи, шунингдек, ҳозирги вертолётларнинг “бобокалон”и чизмаларини ҳам ишлаб чиққан. Унинг лойиҳасига кўра, паррак радиуси 4,8 метрни ташкил этиши керак эди. У металл ҳошия ва каноп сурпдан қилинган қопламага эга бўлади. Паррак ўқ атрофида айланган ва одамлар томонидан ҳаракатга келтирилади. «Ўйлашимча, агар бу парракли механизм пухта тайёрланса, яъни мато крахмалланган (йиртилиб кетмаслиги учун) бўлса ва тез айлантирилса, у ҳолда машина ҳавода бемалол туриб, баландликка учиб чиқа олади», – деб ёзади да Винчи.
Ўзи ҳаракатланадиган арава
Леонардонинг машҳур суратларидан бирида автомобилнинг қадимги ишланмалари акс этган. Ўзи ҳаракатланадиган арава мураккаб арбалет механизми ёрдамида олдинга силжиши лозим бўлган. Бу механизм рулга бирлаштирилган қурилмаларга энергия етказиб бериши кўзда тутилган. Орқа ғилдираклар дифферентсияланган узатмаларга эга бўлиб, улар мустақил равишда ҳаракатлана олган. Тўртинчи ғилдирак рул билан бирлаштирилган бўлиб, унинг ёрдамида аравани бошқариш мумкин эди. Дастлаб мазкур транспорт воситаси қироллик саройи аҳлининг вақти чоғлиги учун мўлжалланган ва ўрта асрлар ҳамда Уйғониш даври муҳандислари томонидан яратилган ўзи ҳаракатланувчи бошқа машиналар жумласига киритилган.
500 йил аввал ўйланган кўприк
Олимнинг айрим кашфиётларини инсоният энди-энди синаб кўришга киришди: масалан, Норвегиянинг Ас шаҳарчасида 2001 йилда Леонардо да Винчи лойиҳаси бўйича 100 метрли пиёдалар кўприги бунёд этилди. Бу олим томонидан яратилган сўнгги беш юз йил ичида амалга оширилган биринчи архитектура лойиҳаси бўлди.
Леонардо да Винчи бу иншоотни турк султони учун лойиҳалаштирган эди. Кўприк Истанбулдаги Олтин Шох қўлтиғидан ўтиши кўзда тутилган. Агар мазкур лойиҳа амалга ошганда у ўз даврининг энг узун кўприги бўларди. Бироқ Леонардо ўз лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш имкониятига эга бўлмади. Султон Боязид ИИ флорентсиялик рассомнинг таклифидан воз кечди.
Бу кўприк 8 метр баландликда “Е-18” автотрассаси устидан ўтказилган бўлиб, пиёдалар ўтиш жойи сифатида хизмат қилади. Унинг қурилишида Леонардонинг фақат бир талаби бузилди – кўприк 500 йил аввалги лойиҳада кўрсатилганидек, тошдан эмас, ёғочдан бунёд этилди.
12 қўл узунлигига тенг парашют
Леонардо да Винчининг фикрича, «агар одамда пишиқ матодан тайёрланган, ҳар бир томони 12 қўл узунлигига тенг, баландлиги ҳам худди шундай соябон бўлса, у ҳар қандай баландликдан сакраши ва соғ-омон қолиши мумкин». Унинг ўзи мазкур қурилмани синовдан ўтказишга улгурмади. Лекин 2000 йил декабр ойида Буюк британиялик парашютчи Адриан Николас Жанубий Африкада Леонардо да Винчи чизмалари асосида тайёрланган худди ўша парашют билан ҳаво шаридан сакраб кўрди. 3 минг метр баландликдан сакраган шоввоз барчасини муваффақиятли амалга ошира олди.
Қутқарув чамбараги
Сузишни ўрганишда энг муҳим нарса – қутқарув чамбарагидир. Леонардонинг бу кашфиёти деярли ўзгаришсиз қўлланилмоқда.
Сузишни тезлаштирувчи пардали қўлқоплар лойиҳаси олимнинг яна бир ажойиб топилмаларидан биридир. Улар бугунги кунда ҳаммага маълум ластларга айланган.
Эксковаторни ҳам-а?
Ишониш қийин, бироқ ишчилар меҳнатини енгиллаштириш учун Леонардо эксковаторни ўйлаб топган. Улар қазиб олинган материални тепага кўтариш ва ташиш вазифасини бажарган. Олимларнинг фикрича, эксковаторлар Арно дарёсини ажратиш лойиҳаси учун керак бўлган.
Ўшанда кенглиги 18 метр, узунлиги 6 метр бўлган ҳандақ қазилиши керак эди. Кашфиётчининг шу иш учун ишлаган расмларидан кўриш мумкинки, кўтарма кран ўқлари 180 даражага айлана олган ва каналнинг бутун кенглигини эгаллаган. Эксковатор релсларга ўрнатилган бўлиб, вақти-вақти билан олдинга суриб турилган.
Бошқариш мумкин бўлмаган кашфиёт
2002 йилда Буюк Британияда буюк Леонардо да Винчининг яна бир кашфиёти амалга оширилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, рассомнинг асл чизмаларига мувофиқ яратилган делтапланнинг синовлари амалга оширилди.
Делтапланеризм бўйича жаҳон чемпиони Жуди Лиден синовларда да Винчининг «протоделтаплан»ини 10 метр баландликка кўтаришга ва бу баландликни 17 сония ушлаб туришга муваффақ бўлди. Аппаратнинг чиндан ҳам ишлаётганини кўрсатиш учун шунинг ўзи кифоя эди.
Ўрта аср делтаплани юқоридан қуш скелетини эслатади. Аммо тан олиш керак, у ҳали мукаммалликдан йироқ. «Уни бошқаришнинг деярли иложи йўқ эди. Мен шамол қайси томонга эсса, ўша томонга учардим ва уни умуман бошқаролмасдим. Эҳтимол, тарихда биринчи автомобил синовчиси ҳам ўзини шундай ҳис қилгандир», – дейди Жуди.
Инсоният бугунги билимларини асрлар давомида қудуқни игна билан қазигандек тўплаган. Ҳар бир тсивилизатсия биносининг ўз бунёдкорлари бўлиши, табиий. Агар худди киноларда бўлганидек, замонлараро ҳаракатланишнинг имкони бўлганда, Леонардо да Винчи ҳаётидаги ҳар бир кузатиш, у амалга ошириш учун машаққат чеккан ҳар бир кашфиёт, лойиҳа бугун инсонлар ҳаётини қай даражада енгиллаштирганини кўриб, бизга ўша таниш ним табассумни ҳадя этган бўларди, балки.
Наргиза Тўхлиева тайёрлади.
“Маърифат” газетасидан олинди.