Бетховен: Турфа зарбаларга муносиб жавоб

Тўлқинлари сабрсизлик билан жўш ураётган Рейн дарёсининг соҳилларида қад ростлаган кичкинагина Бонн шаҳри. Чекка ҳудудларда ҳар қандай ранг-барангликларсиз ўтган оддий болалик. Людвиг ва унинг укалари онасидан анча эрта айрилдилар. Ота ўғиллари учун меъёридан ортиқ даражада қаттиққўл, бунинг устига шаробга муккасидан кетган, шу боис оилани тебратишга қодир эмасди.

Ёш Людвигни келажакда нималар кутаётганди? Маҳаллий қўшиқчи иқтидорли болакайни камар ва тарсакилар ёрдамида мусиқа билан шуғулланишга мажбурлар, бечора Людвиг эса оғриқлар ва жароҳатлар дастидан кунлаб ўзига келолмасди. Бундай кескинликнинг нима кераги бор?

«Эти сизга, суяги бизга» дея фарзандини устозга топширган ота ёш жигарбанди орқасидан пул топа бошлади. Бироқ, одатдагидек, топилган пулларни ичкиликка сарфларди. Кунлар шу ҳолда давом этди.

Калтаклар, ҳақоратлардан юраги зада бўлган тўнғич фарзанд бир куни Европанинг мусиқа маркази – Венага келди. Бу ерда у ўзининг пианиночилик ва бастакорлик бобидаги фавқулодда маҳоратини намойиш этишга эришиб, омманинг олқишига сазовор бўлди. Шундай бўлса-да, катта ғалабаларга ҳали бор эди. Людвиг сабр қилар, веналик бирор-бир бой шинаванда уни овлоқдаги Бонн шаҳридан келган ёш қобилият эгасининг санъатидан баҳраманд бўлиш учун ўз қасрига таклиф қилишини кутарди. Бесўнақай ва ғалати кўринишдаги нозик қалб эгаси пойтахтдаги зах ярим ертўлада турар, у ер совуқ ва нам эди. Исиниб олиш, Бонн­даги бўғиқ ва оғриқли хотираларни эсдан чиқариш учун рақсга тушишни ўрганарди. Албатта, гавда ҳаракатларига нафислик етишмасди. Бунинг сабаби паканалик ва семизлик бўлса керак. Характери ҳам ёқимли эмасди. Шу боис дўстлардан кўра кўпроқ душман орттирди.

Бетховенга жисмонан азоб, аммо бошқа тарафдан катта шуҳрат келтирган ҳолат – қулоғи яхши эшитмас эди. Унинг ҳаёти ҳақидаги айрим маълумотларнинг бўрттириб юборилганига ишонгинг келади. Ёки немис бастакори, ҳақиқатан ҳам, фавқулодда иқтидорли ва буюк бўлгандир, боиси ҳатто эшитиш қобилиятининг йўқолиши ҳам унинг ҳаёти ва ижодига деярли таъсир этолмаган…

Қачон унинг қулоғи оғирлашди?

Людвигнинг ўзи ҳам бу ҳақда аниқ бирор нарса дейиши қийин эди. Карлик қоронғу тун каби аста-секин ёйилади, бирданига эмас. Веналик шифокорлар узоқ вақт ташхис қўя олмай, ёш мижознинг асаблари чарчаганини таъкидладилар, холос. Тақдир унга нав­батдаги хавфли ҳазилни тақдим этди – касаллик ўтказиб юборилганди.

Вақт ўтиб, Людвиг юқори тондаги (пардалардаги) овозларни яхши эшитмаётганини сезди. Бундан ташқари, қулоқларидаги қандайдир шовқин куну тун асабига тегишни бошлади. Бетховен мазкур қийноқли шовқинни «қулоқларига ин қурган иблис» дея шоирона номлади.

Асабий ғашлик мусиқашуносни Венани тарк этиб, пойтахтдан унчалик узоқ бўлмаган кичик Гелингенштадт қишлоғига йўл олишга мажбур қилди. У ўзи ташриф буюрган маконнинг ажойиб гўзалликларини илк кундаёқ ҳис этди. Тоза сувли дарёлар, ям-яшил ўтлоқ, сермаъно сокинлик ва кенг водийда ўтлаб юрган қўй-қўзиларни най чалиб, кузатиб юрган чўпонлар Шарл Перро ва ака-ука Гримларнинг эртакларидаги манзаралар ва қаҳрамонларни эсга соларди. «Бундай жаннатмакон ўлкадан-да яхшироғини топиш мумкинмикан», дея савол берди Людвиг ўз-ўзига.

Тез орада Бетховенга шогирд ҳам топилди. Бир куни ўқувчиси чўпонлардан бирининг моҳирлик билан найда куй ижро этаётганини завққа тўлиб айтиб, балога қолди, устозини ҳам хафа қилиб қўйди. Аслида айб унда эмасди, чунки шундан сўнг шаробхўрнинг ўғли ҳаётидаги энг ёқимсиз ҳақиқатни тан олишга мажбур бўлди. Унинг эшитиш қобилияти сусайиб борарди.

– Қанақа най? – дея кутилмаганда ва беўхшов тарзда бошини қимирлатди бастакор. – Тўхта-чи, ўзи уни ким ижро этаяпти?

– Наҳотки, эшитмаётган бўлсангиз?! У шундоққина яқинимизда-ку, ахир!

Людвигнинг қорачадан келган юзлари оқариб кетди. Ҳаттоки, Гейлингенштадтдаги шовқинсиз муҳит, ҳордиқ пайти, жимжитлик ва тинчлик ҳукмронлик қилганда ҳам унинг эшитиш қобилияти янада ёмонлашибди. Демак, касаллик авж олаяпти. Бегуноҳ шогирдига жаҳл билан қараган мусиқачи шу ондаёқ боши оққан томонга, тўғрироғи, бутазор оралаб телбаларча югуриб кетди.

У ўз камчилиги ҳақида фақат энг яқин ва ишонган кишиларигагина сир сақлаш шарти билан айтди. Бечора санъаткор бу воқеликдан ўзи шундоқ ҳам Венада кам бўлмаган душманлари ва ҳасадгўйлар хабар топишини истамасди.

Маэстронинг шуҳрати ва ижоди шиддат билан ўсиб борар, аммо эшитиш қобилияти шундай тезликда ёмонлашарди. Пойтахт уни олқишлар, австрияликлар, ҳатто буюк Мотсарт ҳам фортепянони Бетховендек усталик билан чала олмайди, дея ҳисоблардилар.

Довруғ – оддий овунчоқ эмас, уни асраш қийин. Энди оқсуяклар ва нозиктаъб шахслар Людвиг ван Бетховенни Мотсарт, Гайдн, Глюк каби машҳур композиторлар билан бир қаторга, баъзан юқорироқ ўринларга ҳам қўя бошлашди. Веналик фан ва санъатга ҳомийлик қилувчи давлатманд кишилар уни ўз уйларида ташкил этиладиган ижодий кечаларга таклиф этишни одатга айлантиришди. Оқсуяклар Людвигнинг оғир ва чидаб бўлмайдиган характерига эътибор бермасликка ҳам тайёр эдилар. Катта обрўли бастакорнинг маҳоратига бағишланган мақолаларни шаҳар газеталари биринчи саҳифасида берар, мақтовларнинг чек-чегараси йўқ эди.

Бетховен шоҳсупага тобора юқорироқ кўтарилаётганди.

Бундан ортиқ яна нима керак инсонга? Шунга қарамай, карликнинг кучайи­ши бастакорнинг хавотирини оширарди. Яқин орада марказий нашрлардан бирида унинг карлиги ҳақида чиқадиган мақолаю фелетонлардан хавфсирар, камчилиги бутун оламга ошкор бўлиб, кулги бўлишидан ҳайиқарди. Веналикларнинг идеали кулгу остида қолиб кетса, натижада кинояли нигоҳлар кўпайса, унинг учун бундан ёмони йўқ эди. «Овозни эшитмайдиган мусиқа хизматчиси» – қандай масхараомуз лақаб”, – дея ўйларди у. Бундай лақаб чиндан ҳам пайдо бўлса, афсуски, бу англашилмовчилик натижаси эмаслиги Людвигга яхши маълум эди. У шу пайтда Испанияда буюк рассом, аммо кар Гойя ўз санъат дурдоналарини яратаётгандан хабарсиз эди. Бахнинг ҳам қулоқларида муаммо бўлган. Тўғри, Бах мусиқа басталаб, уни органда ижро этган, аммо бу каби кучли мусиқа асбоби одатда дафн маросимида чалинар, европаликлар ҳазил аралаш унинг мухлислари тириклар орасида йўқ, дейишарди.

Агар Людвиг эшитиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлса-чи? Унда нима билан шуғулланади? Поябзал тозалайдими? Ғишт қуядими? Қувурларни ямаб, кун кўрадими? Ёки далада пода боқадими?

Мана, у тушкунликка тушиб, ўзи билан ўзи ёлғиз қолган дамлар. Айрим ғаразгўйлар унинг узлатга берилишини ўта машҳурликдан боши айланиб қолгани, дея қабул қилишди. Людвиг жамиятдан бегоналашиб, ўзини азоблар тиканзорига отди. Ижодда эса муҳим ўзгаришлар мавсуми кутиб турарди. Дастлаб Венадаги қаҳвахоналар учун енгил мусиқалар басталади, аммо кўнгли тўлмади. Бироз вақт ўтиб, ижодга жиддийроқ киришди. Ёзган соната ва симфонияларида пуфлаб чалинадиган мусиқа асбобларининг шовқини, роялда ижро этиладиган пассаж (мусиқа асарларининг жуда мураккаб ва усталик билан ижро этилишини талаб қиладиган куй қисми)даги момақалдироқ шиддати, камонча билан чалинадиган товуш воситалари имкониятларини меъёридан ортиқ ишга солиш яққол сезиларди.

Оқибатда оқсуяклар уйида чалинган куйлар овози дераза тўсиқларини ёриб, ташқарига, кўча-кўйга тарқалди. Оддий халқ ҳам унинг мухлисига айланди. Шундан бошлаб Бетховеннинг мусиқалари жамиятдаги қарашларни иккига бўлиб юборди. Консерватория профессорлари «Патетик (жўшқин) соната»ни тинглашни тақиқлаб, композиторни мусиқанинг мумтоз қонунларига хиёнат қилганликда айблади. Ёшлар эса ҳар доимгидек замонавий ижод маҳсулларини севишарди. Кичик мухлисларнинг композитор ижодининг нозик томонидан хабари бормиди ёки соната ва симфониялардаги шовқиндан ташқари уларда ифода этилган тақдирга нисбатан қаҳр-ғазабини ҳам сезишдимикан?

Нима бўлганда ҳам боннлик мусиқачи касаллик қачондир чекинишига ишонди, веналик шифокорлардан кўра умидни ўз иродасидан қидирди. Ижод пайтларида эса ҳамма муаммоларни эсдан чиқарди. «Гендел, Бах, Глюк ва Мотсартнинг портретлари, – деб ёзади бастакор ўз кундаликларида. – Менга кўпроқ ишонч бағишлаб, бардошимни мустаҳкамлайди».

У кетма-кет бир-биридан савияли ижод намуналарини ярата бошлади. Контсертларда қатнашишлар, оркестрни бошқариш ҳам шулар жумласидан эди. Ҳеч ким унга қараб кундан-кунга эшитиш қобилиятини йўқотиб бораётганига ишонмасди.

Людвиг Бетховеннинг шахсий ҳаёти-чи?

Аёллар билан муносабати чигал эди. Фортепянода дарс берувчи театрнинг ёш қўшиқчиси, гўзал графиня Жулетта Гвиччарди билан алоқалари дастлаб кўнгилдагидек кечди. Унинг тим қора кўзлари, Жанубий италияликларга хос бўлган ҳусни немис композиторини ром этганди. Людвиг ўз дўстига ажойиб ва ёқимли бир қизни севиб қолгани тўғрисида хат йўллаганида, Жулеттани назарда тутганди. Шундай бўлса-да, юқори табақадаги қўшиқчига тўй таклифи билан мурожаат этишга нима учундир шошилмасди. Орада жанжаллашиб қолишди, аммо Гейлингенштадтга бош олиб кетган бўлса-да, Бетховен унга уйланишига ишонарди. Бироқ графиня­ яна бир машҳур мусиқа мутахассиси, оқсуяк граф Гелленберг билан никоҳдан ўтди. Жулетта бу ҳақда хабар берганида, композитор тақдирнинг яна бир кутилмаган зарбасига дош беришга ўзида базўр куч топа олди. Ёш хоним эса вақт ўтиб, кимни йўқотгани, Бетховенни кимга алмаштирганини анг­лаб етганда, кеч бўлганди. Жули бой турмуш ўртоғи билан ажрашиб, остонасига бош уриб келганда ҳам Людвиг узрни қабул қилмади. Бетховен хиёнаткор Гвиччардини йўқотгач, совуқ ғам-андуҳ, ошиқнинг омадсиз севги кечинмалари ҳақида нола қилувчи «Ой сонатаси»ни яратган дейишади.

Мана шундай ҳайратланарли дамларга бой ўтган ҳаётининг қирқ бешинчи йилида бастакор бутунлай эшитишдан қолди. У янада ёлғизланиб, хонасига хизматкорлардан бўлак ҳеч кимнинг киришига рухсат бермай қўйди. Фақат тонготарда сайрга чиқарди.

Ниҳоят, бундай сохта ёлғизликдан ҳам воз кечиб, тақдирга тан берди. Камчилигини оммага ошкор этишга қарор қилди. «Менинг карлигим ҳаётимда ҳам, ижодимда ҳам энди сирлик мақомини йўқотди», дея ҳайқирди у. Ҳатто эшитиш трубкаси ёрдамидан фойдалана бошлади. «Қаттиқроқ гапиринг! Мен карман!» – дерди у суҳбатдошига. Ўзига хос ноқулайликдан халос бўлиб, енгил тортган Людвиг қандайдир кундаликларни ёзишни тўхтатиб, мусиқанинг гўзал оламига янада чуқурроқ шўнғиб кетди. У янада қатъийлашди, аммо характери тийиқсиз ва бетакаллуфлигича қолди. Хўмрайиш ҳам эсидан чиқмади. Шу билан бирга у ҳамон самимий, олижаноб ва маъюс эди. Людвигнинг сўнгги илҳом париси Тереза Брунсвик бўлди. Тереза саводли ва чиройли, қолаверса, иқтидорли пианиночи эди. Венада ажойиб кунлар, турмуш қуришга аҳдлашувлар, хуллас, ҳаммаси кутилгандек кетаётган бир паллада нима учундир Брунсвик Швейтсарияга кетиб қолди. Сабаби номаълум эди. Нима бўлганда ҳам Бетховенга бу борада яна омад кулиб боқмади. Лекин ижодий жиҳатдан бундай дейиш умуман нотўғри бўларди. Битта эпизодни келтиришнинг ўзи кифоя – композиторнинг ижодий ютуқлари юксак бўлган. Кар бўлишига қарамасдан, «Тўққизинчи симфония»ни қиёмига етказиб ижро этди. Ана шу ажойиб кунда мухлислар уни гулдурос қарсаклар билан олқишлашди, гулдасталарга кўмиб ташладилар. Ўшанда театр тарихида биринчи марта контсерт залида тартиб ўрнатиш, мухлисларни тинчитиш учун веналик полициячиларни чақиришга тўғри келганди. Бундай катта натижага эришганидан Бетховеннинг ўзи ҳам чексиз бахтиёр эди. Балки улкан муваффақиятларига гувоҳ бўлиш учун ҳам у яшашда давом этгандир. Людвиг ван Бетховен тақдирнинг турфа зарбаларига ўз иқтидори билан муносиб жавоб қайтара олди. Карликни енгиб, барча куюнчак қалб эгаларини ўз шайдосига айлантиришдан ортиқ бахт йўқ эди унинг учун.

Саид Махсумов, “Маърифат” мухбири