“Маҳаллада дув-дув гап” фильмини кўрмаган ўзбек томошабини бўлмаса керак. Лутфихон Саримсоқова, Марям Ёқубова, Раҳим Пирмуҳамедов каби буюк актёрларнинг маҳоратига “офарин” дея тан бермаган, олқишламаган одам ҳам бўлмаса керак. Бироқ фильмдаги ушоққина ролларга эътибор берганмисиз? “Иссиқ-совуқ” қиладиган азайимхон Саъдихон Табибуллаев, Москвадаги ўғилдан хат келтирадиган почтачи Сайфи Олимов ёки меҳмонхонада алам билан Умархоннинг суратини йиртиб, йўлакка ташлаб юборилганида, жаҳл билан сурат парчаларини хонага қайтариб супуриб юборадиган фаррош аёл ёдингиздами? Ана шу бир икки лавҳада кўринадиган ушоқ роллар бўлмаса, фильмдан олинадиган таасурот кутилгандай бўлармиди? Йўқ, албатта. Сабаби шу кичкина лавҳаларни катта актёрлар ижро этиб, оддийгина персонажларни ўзига хос характер хусусиятига эга образлар даражасига кўтара олганлар, десак муболаға бўлмаса керак. Биргина ўша фаррош аёлни ёдга олайлик. Унинг ўз хизматига беписандликни сезиб, жаҳл билан сурат парчаларини хонага қайтариб супуриб ташлаши, бу аёлнинг бўш-баёв хотин эмаслигини кўрсатади. Унга эътибор беришга мажбур қилади. Ана шу ушоққина лавҳа ва персонажни салмоқли ва эсда қоладиган даражада кўрсата билган актриса – Ўзбекистон халқ артисти Тошхон Султонова бўлади. Тошхон Султонова кинода кўп ва катта роллар ўйнамаган. Унинг бари ҳаёти театр билан, отахон санъат даргоҳи – Миллий театр билан чамбарчас ўтган.
Актриса 1909 йилнинг 7 январида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигида санъатга меҳри бўлакча Тошхон тақдирини театр ва кино санъати билан боғлайди. ХХ аср бошларида “Колезей” Тошкентдаги театрида иқтидорли ёш актёрларга, айниқса, маҳаллий хотин-қизлардан чиққан актрисаларга эҳтиёж ниҳоятда катта бўлган. Шундай шароитда Республика ҳукуматининг қарори билан 1924 йилда Москвага ва 1925 йили Боку шаҳрига бир қатор иқтидорли ёшлар ўқишга юборилади. Лекин ўша йили хотин-қизларни студияга жалб қилиб бўлмайди. Келгуси йили Москва студияси учун Тошкентдаги ўқув юртлари, санои нафиса тўгараклари кўриб чиқилиб, Турсуной Сайдазимова, Замира Ҳидоятова, Тошхон Султонова, В.Эрматовалар танлаб олинади. Бу навниҳол қизлар – беш қалдирғоч орасида Тошхон эндигина ўн беш баҳорни қаршилаган қизалоқ эди.
Студияга раҳбар этиб Маннон Уйғур, адабий эмакдош ва таржимон сифатида Чўлпон тайинланади. Бошқалар қатори Тошхон ҳам рус театрининг етук режиссёр ва актёрлари В.С.Канцель, Л.Свердлин, Р.Н.Симонов, И.М.Толчанов, О.Н.Басов бошчилигида саҳна санъатининг сир-асрорларини қунт билан ўрганиб қайтади. Бу студияда таълим олган ижодкорларнинг аксарияти кейинчалик Миллий театримизнинг етук намояндалари бўлиб етишади ва ўзбек театри санъатини дунёга танитади.
Студияни 1928 йили тамомлаб келган ёш малакали актёрлар билан труппа тўлдирилгач, театр ҳаётида катта ўзгаришлар юз бера бошлайди. Шу йилларда фаолият кўрсатаётган “Намуна” труппаси қайта тузилиб, унинг негизида Ўзбек давлат драма театри ташкил этилади. Театр репертуари мумтоз ва замонавий мавзулардаги асарлар билан бойитиб борилади. Тошхон Султонова ҳам спектаклларда ранг-баранг роллар ижро этиб, томошабинлар эътиборига туша бошлайди.
Дастлаб, Маннон Уйғур 1927 йили саҳналаштирган Чўлпон ва В.Янлар қаламига мансуб “Ҳужум” спектаклида Гулжаҳон ролини муваффақиятли ижро этади. Шундан кейин турли мавзу ва жанрлардаги қатор спектаклларда ўз маҳоратини намоён эта бошлайди.
У.Шекспирнинг “Ҳамлет”ида Гертруда, “Отелло”сида Эмилия, К.Гольдоннинг “Икки бойга бир малай”ида Смеральдина, Н.Гоголнинг “Ревизор”ида Анна Андреевна, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”сида Раҳима хола каби роллари билан назарга туша бошлайди. Т.Султонова ижоди ўзбек аёллари, айниқса, оналар образлари моҳирона талқин этилгани билан эътиборга молик. У Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” фожеасидаги Гавҳаршодбегим, Умаржон Исмоиловнинг “Пахта шумғиялари”да Ойбуви, Баҳром Раҳмоновнинг “Юрак сирлари”да Ризвон, Абдулла Қаҳҳорнинг “Оғриқ тишлари”да Раҳима, “Шоҳи сўзана”да Ҳамробиби, Уйғуннинг “Ҳуррият” драмасида Хосият, “Парвона”, “Аяжонларим” комедияларида Адолат ва Бўстон, Ўлмас Умарбековнинг “Комиссия” драмасида Туҳфа каби турфа қиёфали аёллар образлари галереясини яратиб, томошабинлар ёдида қолди. Масалан, “Пахта шумғиялари” асаридаги Ойбуви образида Тошхон Султонова маҳорати яққол кўринади. У акаси Омон кабилар тоифасидан бўлиб, ўзгалар ҳисобига яшашга ўрганган, маънавий чекланган, ижтимоий ҳаёт билан мутлақо қизиқмайдиган, саводсиз, текинхўр, тубанликка юз тутган аёл образини ўзига хос талқин қилгани туфайли ўша даврдаги матбуотда “Тошхоннинг бу ўйинига қойил қолдилар” – деб алоҳида эътироф этилади.
Баҳром Раҳмоновнинг “Юрак сирлари” асари режиссёр Тошхўжа Хўжаев томонидан 1953 йили саҳналаштирилади. Спектаклдаги кўпгина етук актёрлар қатори Тошхон Султонова Ризвон ролини ижро этади. Сурмахоннинг онаси Ризвон худбин, бемаъни аёл бўлгани учун қизини ҳам шу аснода тарбиялаган. Ролнинг моҳиятини тўғри англаган актриса Ризвонни очкўз, қўпол, дағал, ҳатто ўз қизининг бахтли бўлишидан кўра, уни бойиш манбаи деб биладиган худбин аёл сифатида талқин қиладики, томошабин бу аёлдан ҳам, Сурмахон тарбияланган оиладан ҳам нафратланади.
Спектаклнинг сатирик кучи бошқа ижрочилар қатори шу образ ижросида ҳам намоён бўлади. Ризвонни актриса Замира Ҳидоятова ҳам ижро этган бўлиб, у ҳам ўзига хос талқини билан ажралиб турган.
Эллигинчи йилларнинг бошларида Абдулла Қаҳҳорнинг “Оғриқ тишлар” сатирик комедияси режиссёр А.Гинзбург томонидан саҳналаштирилади. Спектаклда актёрлар ҳар бир персонажни ўзига хос характерли томонларини очиб беришга ҳаракат қилиб, яхши натижаларга эришади. Унда бош қаҳрамон – тиш доктори Мамарасул Ҳузуржонов томонидан алданган мактаб ўқувчиси Насибанинг онаси Раҳима хола ролини Тошхон Султонова Ризвонга нисбатан тамомила ўзгача ижро этади. Раҳима хола ҳарактеридаги соддалик, фарзандига беқиёс муҳаббат қирралари, самимийлиги, ўғил кўрмадим деб ҳасрат чекишларини ишонарли тарзда очиб бериб, томошабин меҳрини қозонади. Машҳур комедиялар “Парвона” спектаклидаги Адолат, “Келинлар қўзғолони”даги меҳмон аёл каби қатор роллари эпизодик бўлса-да, эсда қоларли ижро этилган.
Актриса ўзига берилган ҳар қандай ролнинг моҳиятини тушуниб етиб, ички дунёсини чуқур англаб ижро этиши орқали устозлари ўгитларига содиқ ҳолда миллий театр анъанасини давом эттириб келган ижодкордир. Тошхон Султонованинг ўзбек миллий театр санъати равнақига қўшган кўп йиллик самарали ижодий меҳнати муносиб тақдирланиб, унга Ўзбекистон халқ артисти (1955 йил) унвони берилади. Аёллар, оналар образларининг моҳир ижрочилари Зайнаб Садриева, Ҳолида Хўжаева, Замира Ҳидоятова, Икрома Болтаевалар билан биргаликда Тошхон Султонова ҳам Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлади ва беш етук ижодкорларнинг бири сифатида эътироф этилади.
Актриса 1989 йили 80 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этган.
Эсонбой Ўринов, театршунос
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 1-сон