Қадимги Месопотамия афсоналаридан бирида қуёш уйидаги фарзандларини боқолмай кўчага чиқариб юбориши, шўх қуёшчалар ернинг қўлидаги нонини зўравонлик билан тортиб олиши ҳақида ҳикоя қилинган. Бечора ер афсона охирида, иссиқликнинг ҳаддан ортиқлигидан қоп-қора кулга айланади.
Бу афсона учинчи мингйилликнинг бошида инглиз синоптиклари томонидан тез-тез эсланадиган бўлиб қолди. Қуёш фарзандлари ердан нон олаётганини билмадигу аммо сўнгги ўн беш йилда ростдан ҳам ҳаво ҳарорати 5-6,5 даражага кўтарилди. Буни метеорологларнинг кузатишлари ҳам исботлаб турибди. Албатта, ҳаво исишининг инсон организми учун салбий жиҳатлари кўп. Бироқ ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, деганларидек, иссиқ ҳавонинг ҳам одам соғлиғи учун фойдали жиҳатлари бор экан.
Япон ва немис олимларининг биргаликда бир неча йил олиб борган кузатишлари ва тадқиқотларидан келиб чиққан хулоса, бу. Қуёш нури остида кўп юрган одам юрак, ўпка, жигар ва буйрак касаллиги билан оғримайди. Мия фаолиятида чап яримшар муҳим ўрин тутиб, гуманитар ва аниқ фанлар бирдек яхши ўзлаштирилади. Олимлар қарийб 20 йиллик тадқиқотлари ҳали ўта мукаммал эмаслигини тан олишади. Чунки иссиқ иқлим шароитида ирсият тушунчаси қай даражада фаол бўлишини билмасдан туриб, юқорида келтирилган далилларни «ўта аниқ» деб бўлмайди. Бу тушунчани ўрганиш учун тадқиқот икки аср олдин бошланган бўлиши керак эди.
Канадалик табиатшунослар инглиз ҳамкасбларига мутлақо қарама-қарши фикр билдирадилар. Табиатнинг сўнгги йилларда кескин исиб кетиши янги музлик даврининг аломати бўлиши мумкин, дейди улар. Ҳақиқатдан ҳам кетма-кет ёзнинг иссиқ келиши, қаттиқ совуқли қишдан дарак беришини ҳамма билади. Бундай исишлару совушлар инсоният тарихида доим ҳам кузатилганку, дерсиз. Аммо ХХ асрда техникада эришилган ютуқлар, космосни ўрганиш, кимёвий заводлар ва бошқалардан чиқувчи чиқиндилардан табиатдаги муқобиллик кескин ўзгарди. Бу ўзгариш ХХI аср одамлари учун кулфатлар олиб келиши ҳам мумкин. Аммо ҳар қандай масаланинг ечими бор.
Совуқ иқлимда, ҳатто олти ойлаб қуёш чиқмайдиган ерларда инсон яшаши, тирикчилик қилиб, тадқиқотлар ўтказишини ҳам биламиз. Демак, музликлар даври тсивилизатсияга салбий таъсир кўрсатиб, одамни «Қизил китоб» га киритиб қўяди, деган фикр ҳам нотўғри. Вашингтон университети олимлари Аляскада муздан ёнилғи сифатида фойдаланиш мумкинлигини исботлашганига қарийб йигирма йил бўляпти. «Олов билан тирик икки оёқлилар» айсберг устида қўлларини оловда иситишлари келгуси икки юз йилда табиий ҳолга айланиши мумкин. Бундан таш-қари, ҳамма нарсага мослашувчи инсон танаси совуқда ҳам ўзининг янги қирраларини намоён қилади. Буни Шимолий қутбга яқин яшовчи халқ-ларни кузатиб, улар ҳақида етмишга яқин рисолалар чоп этган Корвелл Соунтаг (даниялик этнограф ва биолог олим) қайдларидан ҳам билиш мумкин. Унинг айтишича, инсон совуқ шароитда бир аср ва ундан кўпроқ яшаши, энг муҳими — тетиклигини умрининг охиригача сақлаб қолиши мумкин.
Совқотган мия ўз фаолиятида муқобилликни тутиб, фикрлаш жараёни табиий фанларга уйғунлашган ҳолда юз беради. Яъни, эскимослар айният қонунлари ва Менделеэв даврий жадвалини яхши ўзлаштира оладилар. Юрак ва буйрак совуқ иқлимда доимий хавф остида бўлиши мумкин. Аммо ҳамма нарсанинг ечимини топа олган одамзодга ўз аъзоларини иссиқ сақлаши лозимлигини уқтириш шарт эмас.
Ёдингизда бўлса, америкалик олимлар «инсон танасини музлатиб, келажакдаги ўзгаришларнинг гувоҳи бўлишлари учун шароит яратишлари» ҳақидаги гаплар, ўтган аср-нинг 60-йилларидаёқ пайдо бўлган эди. Нега музлатилган таналар ўз ҳолатини узоқроқ сақлаб қолади? Олимлар буни совуқ шароитда тананинг молекуляр сустлашиши билан изоҳлашади. Узоқ яшаш, секин фикрлашнинг сабаби ҳам шунда.
Келажакда бизни табиатнинг қандай мўъжизалари кутаётгани ҳақида аниқ фикр ҳалигача билдирилмади. Олимларнинг башоратларидан келгусида ҳаво ҳарорати исиб кетади, деган хулосага келиш мумкинми? Бу ҳақида Ломоносов университети олими Александр Буйков шундай дейди: «Глобал муаммоларнинг кўпайиши уларнинг инсоният тараққиётига кўпроқ таъсир қилаётгани, омма ўртасида ваҳима уйғотиши ва ҳар ким ўзича ечим қидириши доим ҳам бўлган. Масалан, Чингизхон ва Усмонли турклар ғарбий Европа учун узоқ вақт охир замон элчилари бўлиб кўринганлар. ХВИИ аср охиридаги 10 йиллик қурғоқчилик австралиялик аборигенларни ваҳимага солиб, ўз жонларига оммавий қасд қилишларига сабаб бўлган. Ядро қуроли ХХ асрнинг 50-йилларида дунё халқлари учун интиҳо нуқтаси бўлиб туюлган. Кўриб турибсиз-ки, муаммолар доимо халқлар осойишталигига соя ташлаб келади. Вақт ўтиши билан бу одатий ҳолга айланди. Менимча, бу тўғри вазият».
Сунами, зилзила, ёнғин, вулқон отилишлари каби табиий офатлар оқибатида дунёда ўрта ҳисобда ҳар ҳафта 14 киши ҳалок бўлади. Табиатнинг бундай шафқатсиз инжиқликларини қўл-қовуштириб, жим кузатиш адолатсизликдек, гўё. Аммо инсон ўз ожизликлари билан ҳам инсон-да! У ақли етмайдиган нарсани сукут сақлаб кузатади. Ҳайратланарлиси, одам иссиқда ҳам, совуқда ҳам ҳаёт кечираверади. Шундай экан, табиатдаги ҳолатлар унинг ҳаётига уюштирилган суиқасд дейиш кулгили бўларди. Барибир «Ўт балосидан, сув балосидан ўзи асрасин».
Шаҳобиддин МУСАЕВ