Яхши инсондан яхши хотиралар қолади. Фидойи олимнинг илм-фанда янгилик бўлиб кирган илмий-изланишлари эса унинг сермазмун умр йўлидаги шамчироқ мисол порлаб туради.
Машҳур физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби Убай Орифов ҳам ана шундай заҳматкаш инсонлардан бири эди. У Қўқон пахтачилик институти ассистентлигидан фанимизнинг сардори, нафақат ўз юртимиз, балки жаҳонга танилган академик олим даражасигача бўлган машаққатли ва фахрли ҳаёт йўлини босиб ўтди.
Олимнинг илмий фаолияти 1932 йилда Самарқанд Педакадемияси(ҳозирги Самарқанд давлат университети)ни тугатганидан кейин бошланди. Аммо иккинчи жаҳон уруши уни ўз фаолиятини бир муддат тўхтатиб туришга мажбур қилди. Чунки олимнинг 1941 йилдан то 1945 йилнинг бошигача бўлган ҳаёти уруш майдонларида ўтди. Уруш якунланганидан сўнг у ҳали ҳарбий шинелини ечмасидан туриб, “Хлорли литийнинг вольфрам юзасида ионланиши” мавзусида номзодлик диссертатсиясини муваффақиятли ёқлайди. Яна шу йилнинг ўзида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг физика йўналишидаги биринчи илмий муассасаси — Физика-техника институтига директор этиб тайинланади.
Голландиялик йирик олим А. Бурс “Тошкент электроника мактабининг, У. Орифов бошлиқ олимларнинг илмий ишлари бизнинг ишларимизга асос бўлди, шу сабабли биз уни фанимизнинг устуни деб атаймиз” деганида ҳақ эди. Чунки юртимизда физика фанининг тараққиёти ва илмий тадқиқот марказлари — Физика-техника, Ядро физикаси ҳамда Электроника институтларининг ташкил этилиши ва уларнинг истиқболи бевосита ана шу инсон номи билан боғлиқ.
Домла пахта саноати, қуёш энергиясидан халқ хўжалигида фойдаланиш масалаларига ҳам катта эътибор берган. Чунончи олим бошчилигида унинг шогирдлари ва сафдошлари томонидан пахтанинг физик-механик хоссалари кенг ўрганилиб, натижада пахта тозалаш саноатида муҳим техникавий янгиликлар жорий қилинган. Бунинг самараси ўлароқ уруғлик учун ва мой саноатига сарфланадиган чигитдан момуғи(линт)ни тўлиқ ажратиб олиш ва уларни саралаш имконияти юзага келди. Шу тариқа Электроника институти олимлари ишлаб чиққан технология асосида юқори сифатли уруғлик чигит тайёрлайдиган система лойиҳаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Бундан ташқари, У.Орифов кучли ёруғлик нури дастаси ва лазер нурларининг жисмлар хоссаларига таъсири, қуёш энергиясини электр энергиясига айлантириш, бир қатор гелиотехник қурилмаларни яратиш ва уларни халқ хўжалигига тадбиқ қилиш каби масалаларга бағишланган кўплаб бетакрор рисолалар муаллифи эканини ҳам таъкидлаш жоиз. Қолаверса, қуёш энергиясидан фойдаланиш масаласи Ўзбекистон Республикаси учун ғоят муҳим аҳамиятга молик эканини яхши тушунган бу фидойи академикнинг ташаббуси билан 1965 йилдан бошлаб “Гелиотехника” журнали нашр қилина бошланди. Журнал ўз даврида бутун собиқ иттифоқ гелиотехникларини бирлаштиришда, илмий-техникавий янгиликларни оммалаштиришда муҳим воситага айланди.
Eътироф этиш лозимки, У. Орифов серқирра олим бўлиши билан бирга фаннинг йирик ташкилотчиси ва ёш авлоднинг жонкуяр мураббийси эди. Унинг ташкилотчилик фазилати, хусусан, Шарқда атомни тадқиқ қилиш маркази — Ўзбекистон Фанлар Академияси Ядро физикаси институтини ташкил этишдан тортиб, уни етарли мутахассислар билан таъминлаш, илмий ишлар савиясини замон талаби даражасида амалга ошириш, фан-техника соҳасида мамлакатимиз учун ҳали янги бўлган муаммоларни юқори даражада ҳал қилиш каби ҳаракатларида янада ёрқинроқ намоён бўлади.
Одатда кўпчилигимиз ўзимизга тегишли бўлган тор доиралардаги соҳаларда фаолият юритиб, ҳаётдаги бошқа муаммоларга “Бу менинг соҳам эмас” деб эътибор бермаймиз. Ваҳоланки, бу ҳамма вақт ҳам тўғри бўлиб чиқмайди. Устоз эса ҳақиқий физик олим бўлишига қарамай, ўз соҳасидан узоқ бўлган бошқа тармоқларга алоқадор баъзи муаммоларнинг ечимини топишни ҳам ўзи учун шараф деб биларди. Жумладан, тиббиётдаги совуқ кислородлар муаммоси, қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини ошириш учун лазер, реактор ва қуёш нурларидан, магнит майдонидан фойдаланиш, тупроқда кўзга кўринмас қурт-ҳашаротларни қуёш нури таъсири билан йўқотиш, даладаги тупроқ таркибида азот ва бошқа ўғитларнинг қанча муддат сақланишини масс-спектрометр қурилмада аниқлаш каби кўплаб муаммолар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас.
Дарҳақиқат, бу етук олим Ўзбекистон Фанлар Академияси президентидек ўта масъулиятли раҳбарлик вазифасида фаолият юритаётганида ҳам ҳар доимгидек вақт ва имконият топиб, бевосита илмий тадқиқотлар ўтказар ва катта иштиёқ билан тажрибалар учун янги экспериментал қурилмалар яратишга киришар эди. У бир гуруҳ шогирдлари билан ядро парчаланиш зарраларининг массалари, энергиялари, ионли зарядларини анализ қиладиган ноёб масс-спектрометр яратди. Бу қурилма ёрдамида зарурий параметрларга эга бўлган парчаланиш зарралари оқимларини шакллантириш имконияти вужудга келди.
Шу ўринда эслаш жоизки, фидойи устозимиз ўзбек илм-фанини юқори поғоналарга кўтариш учун энг аввало, малакали кадрлар тайёрлаш зарурлигини яхши биларди. Бугунги кунда унинг ёрдами ва ғамхўрлигида кўплаб физик, химик, биолог олимлар, муҳандис кадрлар етишиб чиқди. Улар физикавий электроника, ядро физикаси, атом ва қуёш энергиясидан фойдаланишнинг фундаментал муаммоларини тадқиқ қилишда домла асос солган институтлар ва лабораторияларда, олий ўқув юртларида фаолият юритишмоқда.
Чиндан ҳам бу маҳоратли физик олим яратган илмий янгиликлар, қилган эзгу амаллар биз учун дастуруламалдир. Агар устоз ҳозир ҳаёт бўлганида бу йил юз ёшни қаршилаган бўларди… Аммо фидойи олимнинг умри у яратган кашфиётлар тимсолида, кўплаб шогирдлари изланишлари мисолида давом этмоқда десак, хато бўлмас. Аминмизки, вақт илмий-техникаларга қанчалик ўзгаришлар киритмасин бутун борлиғи билан ўзини фанга бағишлаган, юксак инсоний фазилатлар эгаси, академик Убай Орифов номи ҳамиша ўзининг нурли саҳифасига эга эканлиги қалбга таскин ва ғурур бахш этади.
Назар Тўраев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).