Аср сири: Ойнинг иккинчи томони

Инсоният тамаддунида фазони забт этиш тарихи сиру синоатларга шунчалик тўлаки, ҳалигача бу билан боғлиқ маълумотлар ва ҳужжатларнинг юқори қисмидан «Махфий» деган ёзув тушмайди. Мана, яқинда ўтган аср­нинг 50-йилларида орбитага чиқарилган итлар у ерда узоқ азобли ўлим топганлиги маълум бўлди. Ўтмишнинг яна бир фош этилган сирларидан бири бу Юрий Гагариннинг фазога парвозини махсус тушиш аппаратида эмас, балки оддий парашютда якунлаганидир.

Бу каби мунозараларга сабаб бўлувчи, ўтмишда кескин бурилиш ясаган кўплаб воқеалар қаторида сайёрамизнинг йўлдошига уюштирилган ўша машҳур «Армстронгнинг Ойга оёқ қўйиши» ҳам тилга олинади. Негаки, чиндан ҳам сунъий йўлдошга парвоз уюштирилганми, мабодо шундай бўлса, у ҳолда Ойга қадами етган илк инсон аслида ким, деган савол ҳали-ҳануз кўплаб баҳс­ларга олиб келмоқда. Хўш, ким ўша инсоният ва бутун бир тамаддун тарихида ўчмас из қолдирган шахс? Расман тасдиқланган маълумотларга кўра, бу – америкалик астронавт Нил Армстронг. Шунга қарамай, инсон қадами ҳали Ойга етмаган, деган қарашлар ҳам йўқ эмас.

Ҳар нарсага шубҳа билан қарайдиган мазкур фикр эгаларининг бундай хулосага келишларига асос борми? Ўтган асрнинг энг оламшумул воқеаларидан бирига гумон билан қараш тўғримикан? Бир боқишда шак-шубҳага қандай ҳам асос бор, дейиш мумкин. Чунки америкаликларнинг Ойни забт этиш лойиҳасига жуда катта маблағ сарфланганлиги барчага маълум. Наҳотки, улар гарчи даставвал жуда катта таваккалчилик асосида бошлаган саъй-ҳаракатларидан ортга чекинишга жазм этишган бўлса? Қолаверса, Нил Армстронгнинг Ойга қадам қўйганлиги бутун Ер юзида турли каналлар орқали намойиш этилган-ку! Шундай экан, бутун инсониятни чалғитишнинг қандай қилиб уддасидан чиқилган (мабодо, шубҳалар ҳақиқат деб тан олинадиган бўлса)?

Кучлилар беллашуви

Ўтган асрнинг 60-йилларида икки йирик мамлакат – АҚШ ва собиқ иттифоқ ўртасидаги совуқ уруш айни алангалаган, бу давлатлар иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришдан тортиб, то спорт соҳасигача бўлган барча йўналишларда рақобат қилаётган давр эди. Ана шундай зиддиятлардан бири космосни забт этиш соҳасида ҳам юзага келди. Бошида собиқ иттифоқ бу борада яққол устунлик билан илгарилаб борди. Ернинг илк сунъий йўлдоши, фазодаги илк одам (1961 йилда Юрий Гагарин), илк марта бирданига иккита космик кемалар парвози (1962 йил), самога илк аёлнинг парвози (В. Терешкова, 1963 йили), инсоннинг очиқ космосга дастлабки чиқиши (1965 йил) – буларнинг барчаси мамлакат эришган ютуқлар бўлган. Шундай бўлса-да, мутлақ устунлик ҳақида гапиришга ҳали эрта эди.

Сабаби, Қўшма Штатлар ҳам бу борада қатор салмоқли ишларни амалга оширишга улгурганди. Масалан, орбитадаги илк мослашув ҳаракатлари, фазодаги космик кемаларнинг дастлабки туташуви, «Аполлон-Жемини» дастури доирасидаги узоқ муддатли парвозлар, Ойга учувчисиз парвозларни амалга ошириш, «Сатурн-5» оғир ракета элтувчи самолётни яратиш шулар жумласидан. Бу каби ютуқлар АҚШнинг ортда қолмаётганидан далолат эди. Аммо устунликни намойиш этиш учун АҚШга ундан-да юксак муваффақият зарур эдики, натижада рақиб мамлакатнинг бунгача эришган барча ютуқлари соя­да қолиб кетмоғи даркор эди. Шунда масаланинг идеал ечими Ойга амалга ошириладиган парвозда, деб белгиланди.

Ўз навбатида НАСА (Аэронавтика ва космик маконни ўрганиш Миллий Ассотсиатсияси) бор эътибори, кучини олдинга қўйилган мазкур мақсадга қаратди. Оқибатда, «Ойга парвоз» дас­турига 150 миллиардга тенг маблағ сарфланди. Натижа кутилганидек оламшумул бўлди. 1969 йил 20 июл эса тарих зарварақларига ёзилди – шу куни инсон қадами илк маротаба Ойга етган сана сифатида ўтмишнинг унутилмас воқеасига айланди.

Бир қарашда, ниҳоят, америкаликлар бутун дунёга космик маконни забт этишда устунлигини намойиш эта олгандай туюлди. Лекин…

Ҳеч қанча вақт ўтмай, одамзоднинг Ойга парвозини шубҳа остига қўядиганлар топилди. Асоссиз қуруқ гапларга ҳар ким қулоқ солмайди, албатта, аммо бу одамлар (медем.луна.уа сайтида) ўз нуқтаи назарини исботлаб бериш учун жиддий далилларни келтиришмоқда.

Далилларга қарши далиллар билан

Америкаликларнинг Ойга қўнишида энг кўп мунозара туғдирадиган ҳолатлардан бири сайёрамиз йўлдошига АҚШ мамлакат байроғини ўрнатиш пайтидир. Унда «юлдузли ва йўл-йўлли мато»нинг озгина ҳилпираб турганлиги кўзга яққол ташланади.

Мазкур ҳолатнинг ғайритабиийлигини пайқаш учун физика фани мактаб курсидан бироз хабардор бўлишнинг ўзи кифоя. Негаки, Ойда атмосфера мавжуд эмас, бу йўлдошда шамол ҳам бўлмайди дегани. Демакки, мато ҳеч қанақасига ҳаракатланиши мумкин эмас. Айнан шу жиҳат ҳар нарсага шуб­ҳа билан қаровчи ва Ойга парвоз амалга оширилганини рад этувчилар тақдим этаётган биринчи далилдир. Бу борада уларнинг хулосаси ҳам аниқ: юқоридаги ҳолат шабада эсиши мумкин бўлган жойда суратга олинган. Бундан, мазкур тасвирлар Ерда олинган деган фикр келиб чиқади.

Ўз навбатида бу қарашларини рад этаётган уларнинг рақиблари ҳам сукут сақлашгани йўқ. Одамзоднинг улкан муваффақиятига гумон қилаётганларнинг адашаётганини кўрсатмоқчи бўлган томон вакиллари далилга қарши далил келтиришмоқда. Иккинчи тарафнинг таъкидлашича, байроқ ҳилпирашининг сабаби «Аполлон» қўниш модули билан Ой ҳароратининг турлича эканлигидадир.

Нима бўлганида ҳам, муҳими, байроқ космонавтлар томонидан мустаҳкам ўрнатилганидан сўнг қилт ҳам этмаган. Шу ўринда мия­га бир фикр келади, агар ростдан ҳам тасвирлар Ерда олинган бўлса, космо­навт­лар давлат рамзини ушлаб турганида унинг ҳилпираши, ўрнатилганидан кейин эса шамолнинг эсмаслиги бироз ғалатироқ, тўғрими?

«Гумонсирашга уста бўлганлар» эътибор қаратаётган яна бир жиҳат – бу америкалик аст­ронавт қолдирган излар сурати. Уларнинг фикрича, Ой юзасида излар бу даражада аниқ акс этмаслиги керак. Боиси, йўлдошда сув йўқ, сочилувчан моддаларнинг майда заррачалари бирлашуви учун эса айнан шу ҳаёт манбаининг бўлиши талаб этилади.

Лекин Ой тупроғидаги зарраларнинг ўзаро тортишиш кучи сезиларли нишона қолдириш учун етарли, дейди бу борада қарама-қарши томон вакиллари. Очиғи, мазкур қарши фикр ҳақиқатга яқинроқ. Ахир, собиқ иттифоқнинг «Луноход» аппарати Ой юзасида излар қолдирганига гувоҳлик берувчи суратлар бор-ку! Уларда ғилдиракларнинг излари етарли даражада аниқлик билан акс этган.

Яна бир ҳолат диққатни тортади. Одатда космик кеманинг қўниш модули ажралиб, Ойнинг юзасига биринчи бўлиб тушади, сўнгра эса кема модулнинг устига «қўнади». Тасвирларда АҚШ космик кемасининг қўниш модуллари тагида ҳеч қандай кратер кузатилмайди. Бу ҳам мунозарага сабаб бўлаётган масалалардан бири. Чунки мунтазам равишда ишлаб турадиган двигател қўниш ва учишда юза сиртига жиддий таъсир кўрсатган бўлиши керак. Аммо бунга ҳам изоҳ топилди: биринчидан, қўниш модулининг двигатели Ой базасидан бироз юқорироқда бўлган, иккинчидан, учиш ва қўнишда у тўлиқ қуввати билан ишламаган. Кема ҳаракатланганда чанг кўтарилган (дарвоқе, кейинчалик астронавтлар айнан тўзон жиддий тўсиқлардан бири бўлганлигини кўп бора таъкидлашган), лекин Ой тупроғида чуқурлик ҳосил бўлмаган.

Қизиқарли далилларнинг рўйхатидан ўрин олган яна бир жиҳат борки, уни айтмай бўлмайди. 1994 йили АҚШнинг учувчисиз ҳаракатланаётган «Клементина» аппарати томонидан Ой юзаси суратга олинади. Расмларнинг бирида қўниш модулидан қоладиган из каби бир белги бор. Бугунги кунда олимлар уни «Аполлон» кемасининг парвозидан қолган «нишона» дея таърифлашмоқда. Қизиқ, демак, барибир модуллар Ер йўлдоши сиртида из қолдириши рост экан-да?

Кўзбўямачиликми ёки қаҳрамонлик?

Америкаликларнинг Ойга парвозини шубҳа остига қўйишга асос бўлувчи асосий масалалар экспедиция жараёнида суратга олинган ҳар хил тасвирларда нур ва сояларнинг турлича эканлиги билан ҳам боғлиқ. Биринчидан, бўйи бир хил бўлган астронавтларнинг соялари турли-туманлиги суратга олиш жараёнида махсус ёритувчи ускуналардан фойдаланилган, деган фикр­ларни уйғотади. Балки, учувчилар бўй-бас­тидаги ушбу номутаносиблик Ой юзасининг нотекислиги сабабидандир. Аммо мазкур қарашни исботловчи бирорта далил йўқ.

Шунингдек, баъзи суратларда қўниш модулининг соясида турган астронавт яхши ёритилганлиги яққол кўринади. Соядан Қуёш астронавтнинг орқа томонида эканлигини билиш мумкин бўлса-да, айни пайтда унинг скафандридаги энг майда қисм­ларни ҳам аниқ пай­қаш осон. Бу яқиндан олинган тасвирлармикан? Балки…

Айни пайтда астронавтларнинг тасвирларда яхши ёритилганлиги Ой ёки ялтироқ скафандрлар нуридан эканлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Киноматериалларнинг жуда яхши сифати ҳам гумонга асос бўляпти, бунинг устига астронавтлар ўта мураккаб шароитда ишлашган. Улар скафандр ки­йишган, демак, эркин ҳаракат қилишга имкон бўлмаган. Қолаверса, камера тасвирга олиш пайтида учувчиларнинг кўксига маҳкамлаб қўйилган эди, бошқача қилиб айтганда, тасвирга олиш учун ноқулай вазиятда бўлишган. Шунга қарамай, фотосуратлар шу даражада тиниқ олинганки, уларнинг бирортасида ҳам камчилик йўқ. Иккинчи томондан, балки яхши олинмаган расмлар талабга жавоб бермагани учун кенг оммага тақдим этилмагандир.

Ойга одам қадами етганлигини инкор этишда яна бир жиҳат асосли далилдек кўринади. Гап шундаки, астронавтлар сакрашидаги узунлик ва баландлик кўрсаткичлари Ой гравитатсияси (тортишиш кучи)га, уларнинг йўлдош юзасида ҳаракатланиш усулига мос келмайди.

– Ҳа, ҳақиқатан ҳам, мушоҳадаталаб масала бу. Боиси, Ойда скафандрдаги астронавтнинг оғирлиги Ердаги вазнидан тахминан 5 баробар кам бўлади. Лекин видеотасвирлардан сайёрамизнинг «кумушранг йўлдоши»га хос вазндаги енгиллик ҳолати учувчиларга нисбатан осон ҳаракатланишига имкон туғдиргани сезилмайди, – дейди тасвирлардаги номутаносибликларга эътибор берган биринчи мутахассислардан бири Ралф Рене. Мамлакатнинг энг салоҳиятли инсонлари сирасига киритилган ушбу америкалик муҳандис ўз асарида «Аполлон» лойиҳасини таҳлил қилиб, барча фотосуратлар ва видеотасвирлардан Ойга ҳеч қандай парвоз бўлмаганлигини таъкидлайди.

– Шунингдек, уларнинг сакрашдаги баландлик ва узунлик кўрсаткичлари Ердагига қараганда бир неча баробар катта бўлиши керак эди. Бироқ астронавтлар билан бундай ҳолат кузатилмаган шекилли, ҳар ҳолда тарихий кадрларда мазкур ўзига хосликларни пайқамайди киши. Чунки уларнинг сакраш узунлиги ўзимизнинг жонажон Еримизда жисмоний тайёргарлик ўтаган инсон кўрсатиши мумкин бўлган ўртача меъёрий кўрсаткич билан деярли тенг.

Қолаверса, тадқиқотчилар биз, кенг омма вакилларига тақдим этган бу борадаги маълумотлар билан Нил Армстронг гувоҳлик берган чамалашлари тўғри келади. Унинг таъкидлашича: «Шубҳасиз, Ойнинг тортишиш кучи шароитида юқорига сакрагиси келаверади одамнинг. Тана ҳаракатини бош­қара оладиган даражада тепага эркин сакралганда, 1 метргача юқорига кўтарилиш мумкин. Ундан-да баланроқ сапчиш ҳаракатлари аксарият ҳолларда ойга қулаб тушиш билан якунланган. Бунда эришиш мумкин бўлган энг катта баландлик 2 метрга тенг эди…».

Хўш, агар чиндан ҳам шундай бўлса, унда нега юқорида тилга олинган ҳолатлар тасвирга олинган бирорта ҳам видеоматериалда йўқ? Астронавтларнинг сўзларига ҳеч иккиланмай, шунчаки ишониб қўйиш тўғримикан?

Бунинг устига яна «кашшоф» учувчиларнинг Ой юзасида ҳаракатланиши уларнинг ростдан ҳам сайёрамиз йўлдошида бўлганлиги борасида иккиланишга туртки бўлади. Қатор мутахассислар,хусусан, британиялик тадқиқотчилар Девид Перси ва Мери Беннет, худди ўша видеотасмани бироз тезлаштирган ҳолда кўрилса, океан орти вакилларининг қадам ташлаши одамларнинг Ер юзидаги юришидан ҳеч қандай фарқ қилмайди, дейишади. Бу эса ўз навбатида то бугунги кунгача инсонлар онгида шубҳали фикр­ларнинг уйғонишига олиб келмоқда.

Аслида имкони борми?

Бир неча йил олдин афсонавий режиссёр Стенли Кубрикнинг беваси 1969 йили унинг умр йўлдоши ва қатор бошқа Ҳолливуддаги профессионал мутахассислар ўша пайт­да шахсан АҚШ президенти Ричард Никсоннинг буйруғини олганлигини маълум қилди. Унга кўра, режиссёрлардан ўз ватандошларининг Ойга парвози ҳақида кинематографик материал тайёрлаб бериши талаб этилади (дарвоқе, бундан бироз олдин эса Стенли Кубрик бутун дунёга машҳур «2001: самовий Одиссея» номли филмини суратга олган эди).

Марҳум кинорежиссёр бевасининг таъкидлашича, бу фақатгина битта сабаб туфайли юзага келганди: Ойдан олиб келинган асл тасвирлар сифати талабга жавоб бермаган. Бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин – аниқ айтиш мушкул. Аммо вақти-вақти билан ошкор этилаётган бу каби ҳодисалар тарихимизнинг энг донгдор воқеаларидан бири борасида инсонлар қалбига яна гумон уруғларини экиши табиий.

Space-invention.org сайти форумида олиб борилган мунозараларнинг биридан кўпчилик барибир инсоннинг Ойга парвози ростдан ҳам амалга оширилган, деган фикрга қатъий ишонч билдирмаётганлиги маълум бўлди. Уларнинг фикрича, ўтган асрнинг 60-йилларида фойдаланилган технологиялар ёрдамида бунинг иложи йўқ эди. Баъзи бир ҳисоб-китобларга кўра, Ер йўлдошига муваффақиятли парвоз уюштириб қайтишнинг реал имконияти 0,001 фоизга тенг бўлган (мирф.ру). Шу билан бирга, Ойда астронавтларни Қуёш радиатсиясидан ҳимоя қиладиган атмосферанинг йўқлиги ҳам бот-бот кенг жамоатчилик ёдига солинаверади. Негаки, учувчилар «самовий саёҳат» пайтида Ернинг радиатсион майдони таъсирига тушиб қолиши ҳеч гап эмас эди (у сайёрамиз юзасидан 200 км. дан 1500 км. гача баландликда кузатилиши мумкин).

Яна қўниш модулларининг юқори деб бўлмайдиган хавфсизлиги ҳам тилга олинади. Маълумотларга кўра, парвозга старт берилишидан бир-икки ой олдин Ойнинг тортишиш кучи ҳолати сунъий яратилган шароитда (бу илмий тилда имитатсия деб аталади) синов машғулотлари ўтказилаётган модулнинг бўлмаси бошқарувдан чиқиб, парчаланиб кетади. Аппаратни бош­қараётган Армстронг бахтли тасодиф туфайлигина омон қолади.

Аслида модулларни бошқариш ҳам жуда мураккаб иш бўлган: озгина нотўғри ҳаракат фалокатга олиб келиши муқаррар эди. Ҳаётда эса барча билганидек, парвоз идеал даражада муваффақиятли амалга оширилган. Тан олинг, бироз ғалати ҳолат, шундай эмасми?

Қатор тадқиқотчилар эса яна ўша америкаликлар кенг оммага Ойдаги парвозни тўғридан-тўғри узатиш пайтида ёлғон ишлатиш даражасидаги таваккалчиликка қўл уришлари мумкин эмас эди, деган фикрни қайта-қайта такрорлайверишади. Биринчидан, уларнинг ёлғонлари дарҳол ошкор бўларди, чунки «Аполлон»нинг космосга парвозини собиқ иттифоқ тадқиқот марказлари ҳам кузатиб туришган. Иккинчидан, океан орти фарзандлари Ой тупроғи намунасини олиб келишга муваффақ бўлишган-ку, унинг таркиби эса иттифоқнинг автоматик стантсияси ёрдамида олинган Ой тупроғи таркиби билан бир хил эди. Шунингдек, америкалик астронавт­лар Ер йўлдошида лазерли қайтаргич ускунасини ўрнатишган, ке­йинчалик ундан жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари олимлари фойдаланишгани ҳам маълум.

Ҳақиқатга яқин нуқтаи назар

Юқоридаги – «улар Ойда бўлган» ва «америкаликлар у ерда бўлмаган» деган бир-бирига зид қарашлардан ташқари яна бир у даражада радикал бўлмаган тахмин ҳам мавжуд. Уни ўртага ташлаган шахс космонавт Георгий Гречкодир.

– Гап шундаки, баъзида космосда олинган суратлар сифати яхши бўлмайди. Шу сабаб америкаликлар тасвирларни янада таъсирчан кўрсатиш мақсадида Ойда байроқни ўрнатиш воқеасини Ерда суратга олишган бўлиши ҳам мумкин. Уларнинг космосга парвоз уюштириб, Ойнинг асл суратларини олиб келишгани эса мутлақ ҳақиқат, – дейди бу астронавт.

Ҳозиргача ўртага ташланган тахминлар ва келтирилган далиллар асосида битта хулосага келиш мумкин: океан орти вакиллари бир пайтнинг ўзида икки лойиҳа устида иш олиб боришган. Биринчисига кўра, Ойга ростдан ҳам парвоз уюштириш, иккинчиси бўйича эса «сохта самовий саёҳат» режалаштирилган. Хўш, унда охир-оқибат улардан қай бири кенг жамоатчиликка тақдим этилган экан? Тўла ишонч билан бирор нарса дейиш қийин. Эҳтимол, мамлакат обрў-эътиборини сақлаб қолиш мақсадида, қолаверса, астронавтлар ҳаётига хавф даражаси юқори бўлганлиги сабаб тарихий фактларни оммага эълон қилишда ёлғон аралаштирилгандир. Яна ким билсин? Лекин барча шубҳаю гумонларга қарамай, Ойга парвоз уюштирилганлиги тўғрисидаги ўша расмий нуқтаи назар ҳозирча ҳақиқат. Унинг қанчалик ростлигини Ойга навбатдаги қилинажак парвозлар кўрсатиши мумкин, холос.

Наргиза Иброҳимова,
«Маърифат» газетасидан олинди.