Патрик Жозеф Бьюкенен. Ғарбнинг ҳалокати: Ўлимга маҳкум миллат

— Пат, биз ўзимиз туғилиб ўсган мамлакатимиздан жудо бўлиб қолаётганимизни пайқаяпсанми? — Бу аянчли саволни 2000 йилдаги сайлов кампанияси даврида Американинг турли бурчакларида яшаётган кўплаб юртдошларимиздан эшитганман. Хўш, улар нимани назарда тутган эди?

Бир қарашда, биз “Иккинчи Америка асри” бўсағасида турган бўлсак-да, гўёки отасидан айрилиб қолган фарзанднинг қайғуга ботгани сингари, ватандошларим қалбини бундай тушкун ҳолат эгаллаётгани ғалати туюлар экан одамга. Ахир жаноб Клинтон қулоғимизга тинимсиз қуйиб келганидек, мамлақатда ишсизликнинг энг паст даражаси кузатилаётгани, инфляциянинг ҳатто микроскоп воситасида ҳам кузатиш имкони йўқлиги, жиноятлар камайиб даромадлар осмон қадар ортиб бораётгани наҳотки ёлғон бўлса?! Наҳотки Мадлен Олбрайт хоним узлуксиз тарғиб этганидек, америкаликларсиз дунёни тасаввур этиб бўлмаслиги ҳам уйдирма бўлса?! Ёхуд жаноб Буш бот-бот таъкидлаганидек, ҳарбий куч-қудрати, иқтисодий салоҳияти ва маданий таъсири жиҳатидан бизга тенг рақиб қолдимикан бу дунёда?!

11 сентябрда рўй берган фожиа Перл-Харбордан кейин илк бор миллатни жипслаштирди; бу қайғули, таҳтикали вазиятда ҳар бир америкалик беш минг АҚШ фуқароси хуни учун қасд олишга онт ичган президент Бушни қўллаб-қувватлашни ўз бурчи деб билди. Аммо айнан шу фожиа туфайли мамлакатимизда кишиларни бир-биридан фарқлайдиган мезон фақат даромад, мафкура ёки эътиқод эмаслиги, балки муайян миллат, этник гуруҳга мансублик ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани аён бўлди.

Аниқланишича, туб америка аҳолисига мансуб бўлмаган миллион-миллион кишилардан учдан бир қисми — ноқонуний эммигрантлар, ўн минглаб фуқароларимиз Қўшма Штатлар уруш ҳолатида бўлган диктаторлик тузумлари тарафдорлари, айрим ватандошларимиз эса — америкаликларни ўлдириш учун махсус тайёргарликдан ўтган террорист бўлиб чиқди. Эндрю Жсксон етакчилигида инглизларнинг Луизианадан қувғин этилган даврдан илк бор душман ҳудудимизга кириб келди, америкаликлар ўз юрагида таҳлика ва таҳдид остида қолди. Аксарият кишилар 11 сентябр фожиасидан кейингина мамлакат қай даражада ўзгарганига эътибор бера бошлади.

1969 йили Ричард Никсон қасамёд қилган пайтда Қўшма Штатларда туб аҳолига мансуб бўлмаганлар 9 миллион кишини ташкил этган эди. Кичик Бушнинг президентлик фаолиятининг дастлабки даврида бундай кишилар миқдори 3,3 баробар кўпайиб, 30 миллионга етади. Ҳар йили мамлакатга расман бир миллион, яна 500 минг киши ноқонуний равишда кириб келади. Шимоли-Шарқий университетнинг маълумотларига кўра, агарда мамлакатда ноқонуний иммигрантларнинг ўртача миқдори 9 миллионни ташкил этса, Шимоли-Шарқий штатларда бу кўрсаткич 11 миллионга етади. Худди шундай вазиятни Алабама, Миссисипи ва Луизиана каби штатларда ҳам кузатиш мумкин. Биргина Калифорния штатидаги иммигрантларнинг миқдори (8,4 миллион) бутун бошли Жанубий Калифорния штати аҳолисидан кўп экани аниқланган. Ҳозирги вақтда вужудга келган вазиятни ҳатто 1890-1920 йиллардаги оммавий иммиграция тўлқини билан ҳам қиёслаб бўлмайди. Ишончим комилки, дунёдаги бирор-бир миллат бу қадар қисқа вақт мобайнида ана шундай улкан тўлқинга дуч келмаган. Жаноб Клинтон 1998 йили Портленд университетидаги нутқида талабаларга мурожаат этиб, туб америкаликлар аҳоли таркибида камчиликни ташкил этадиган давр яқинлашиб қолгани ҳақида тўхталиб, бундай деган эди: “Бугунги кунда, аввало, иммиграция туфайли на Гавайя оролларида, на Хьюстонда, на Нью-Йоркда сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил этадиган халқни топиш амри маҳол. Ўйлайманки, беш йил ўтар-ўтмас, дастлаб энг йирик штат — Калифорнияда, сўнгра бутун Қўшма Штатларда шундай вазият вужудга келади. Дунёдаги бирорта миллат бу қадар қисқа давр мобайнида ана шундай глобал демографик ўзгаришни бошдан кечирмаган”.

Жаноб Клинтондан фарқли ўлароқ, бошқарилмайдиган иммиграция биз туғилиб ўсган мамлакатни ҳалокат ёқасига олиб келади ва охир-оқибат Америка тарихи, қадриятлари, тили, маданияти, эътиқоди, аждодлари билан тубдан фарқланадиган халқларнинг тартибсиз уюшмасига айланиб қолади, деб ҳисоблайман. Ғарб тарихига бағишланган “Ибтидодан интиҳо сари” асарининг муаллифи Жак Барзум бу ҳақда шундай деб ёзади: “Ўтган асрнинг асосий тенденцияси — ижтимоий ҳаёт ва фаолиятнинг барча соҳаларига таъсир этган айирмачилиқда (сепаратизм) яққол намоён бўлади. Вазиятни диққат билан таҳлил қилган ҳар қандай одам Ғарбнинг буюк сиёсий тузилмаси — миллий давлат ҳалокат ёқасига келиб қолганига ишонч ҳосил қилади. Буюк Британияда Шотландия ва Уэльс каби собиқ қиролликлар ўз парламентларига эга; Францияда бретонликлар, басклар, эльзасликлар, корсикаликлар мустақил давлат тузиш ҳуқуқини кўп йиллардан буён талаб этиб келмоқда; Италияда Шимолни Жанубдан ажратиб олишни мўлжаллаган Лига фаолият юритмоқда, Венецияда эса ушбу шаҳарни мамлакатдан ажратиб, алоҳида давлат тузишни мақсад қилган партия ташкил этилган…”

Ҳозирги вақтда миллий давлатларнинг ўз ўрнини дунё ҳукуматига бўшатиб бериш масаласи Уолтер Кронкайтдан тортиб Строуб Тэлботт сингари сиёсатдонларгача, Федералистларнинг жаҳон ассоциациясидан тортиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотигача очиқ-ошкора муҳокама этилмоқда.

1991 йили Европанинг ўн беш давлати эркин савдо ҳудудини сиёсий иттифоққа айлантириб, умумий бошқарувни ушбу иттифоқнинг ҳукуматига юклашга келишиб олди. 2000 йили Мексика президенти лавозимига номзодлардан бири Фисенте Фоке Қўшма Штатлар ҳукуматага мурожаат этиб, Канада, Мексика ва АҚШни бирлаштирадиган Шимолий Америка иттифоқини тузишни таклиф этади. Айрим кишилар чегараларнинг йўқ бўлиши миллат йўқолишига олиб келади деб билдирган эътирозига қарамай, Висенте Фоке америка оммавий ахборот воситаларида “келажак бунёдкори” дея эътироф этилади, президент Клинтон эса бу воқеанинг гувоҳи бўлиш унга насиб қилмаслигидан ачинаётганини ошкора маълум қилган эди.

Америка ҳам сепаратизм касалига гирифтор бўлган. Кўплаб ватандошларим назарида, мамлакат этник гуруҳларга бўлиниб кетмоқда. Бундан ташқари, яқинда биз бошимиздан кечирган маданий инқилоб оқибатида мамлакатда янги элитанинг ҳукмронлиги ўрнатилди. Телевидение, санъат, томошалар индустрияси, таълим тизими воситасида у кишилар онгига муайян ғоялар, тимсоллар, қарашлар ва қадриятларни сингдириб, тамоман янги миллатни шакллантиришга интилмоқда. Бунинг оқибатида миллионлаб одамлар ўз юртида ўзини бегонадек ҳис этмоқда. Улар ҳайвоний майл ва гедонистик (ҳаётнинг мазмун-моҳияти айш-ишрат ва лаззатланишдан иборат, деб ҳисоблайдиган қарашлар тизими — тарж.) қадриятларни тўхтовсиз тарғиб этаётган оммавий маданиятдан юз ўгирмоқда. Уларнинг кўз-ўнгида қадимий байрамлар йўқолиб бормоқда, илгариги қаҳрамонлар тимсоли сўниб, маданий майдонни куч, зўравонлик, беҳаёликни тарғиб этаётган суперқаҳрамонлар эгалламоқда. Америкаликлар музейларда шонли тарихни акс эттирган ашёлар ўта мавҳум, бадбашара, ғайриамерикона тимсоллар билан алмаштирилаётгани; мактаб дастурларидан барчамизга ёшлигимиздан таниш бўлган китоблар чиқариб ташланаётгани ва кўпчиликка нотаниш бўлган муаллифларнинг китоблари киритилаётгани; аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган азалий маънавий қадриятлар таг томири билан юлиб олинаётгани; уларни тарбиялаган маданият ҳамда ўсиб-ўлғайган мамлакат нобуд бўлаётганини кузатиб турибди. Атиги бир авлод ҳаёти мобайнида улар сиғинган худонинг обрўсизлантирилгани, қаҳрамонларининг сохталаштирилгани, маданиятининг илдизларига болта урилгани, маънавий-ахлоқий қадриятларнинг атайлаб бузилаётгани, ўзларига эса аждодлар қадриятларига садоқати туфайли “экстремист” “мунофиқ” тамғаси босилаётганига гувоҳ бўлди. Беркнинг фикрича, “Ватанни севиш учун, бунга ундайдиган нимадир бўлиши керак”. Бугун Американи ўз ватани сифатида ҳис этмаётганлар юртдошларим орасида кўплаб топилади. Улар биз Американи эмас, аксинча, Америка бизни тарк этаётир, деб ўйлайди. Шу ўринда Еврипиднинг “Дунёда Ватандан жудо бўлишдан кўра каттароқ мусибат бўлмаса керак” деган сўзлари эсга тушади.

Корнуоллис қўшини Йорктаунни тарк этаётганда оркестр “Дунё остин-устин бўлиб кетди” деган куйни чалган экан. Нима ҳам дердик, бугун бу куй воқеликка айланди: кечаги ҳақиқат бугунги ёлғон билан ўрин алмашди. Илгари шарм-ҳаё, уят деб ҳисобланган иллатлар: зино, аборт, эвтаназия, суиқасд бутун инсоният эришган ютуқ сифатида баҳоланмоқда. Бир вақтлар Нитше қадриятларнинг қадрсизланиши ҳақида фикр юритган эди, дарҳақиқат, илгариги фазилатлар бугун гуноҳ, гуноҳлар эса фазилатга айланмоқда.

Хар гал сиёсий саҳнага кириб келган янги жамоат арбобининг “Америкаликлар — насронийлар миллати” дея таъкидлаши мамлакатни остин-устин қилиб юборади. Чиндан ҳам, бир вақтлар америкаликлар насроний бўлганига шубҳа йўқ; ҳозирги вақтда ҳам АҚШ фуқароларининг аксарияти ўзини насронийларга мансуб деб билади. Аслида бугунги кунда ҳукмронлик қилаётган маданият томонидан илгари сурилаётган қадриятлар кўҳна насроний таълимотига тамоман зид бўлгани боис, улар постнасроний, ҳатто ғайринасроний деб аталса айни ҳақиқат бўлур эди. Зеро бугунги маданият Таврот каби илоҳий китобларда улуғланган худони инкор этади ва глобал иқтисодиёт меҳробига сиғинади. Бир сўз билан айтганда, Киплинг тасвирлаган “бозор худолари” Библия худосини тахтдан ағдарди. Бугун жинсий майл, шуҳрат, бойлик, ҳокимият янги Американинг янги худоларига айланди.

11 сентябр куни юз берган кутилмаган фожиадан даҳшатга тушган, минглаб қурбонлар учун кўз ёши тўккан, тўсатдан нураб кетиши мумкин булган бинолар томон югуриб бораётган ўт ўчирувчиларнинг қаҳрамонлигига тасаннолар айтган, юртдошларининг ўлими учун қасд олиш ўтида ёнган америкаликлар бир тан-бир жон бўлиб президент Буш атрофида жипслашган эди. Бироқ, орадан бир ой ўтар-ўтмас бу якдиллик ва жипсликдан асар ҳам қолмади. Бир вақтлар Президент катта Бушга “Саҳродаги бўрон” операцияси чоғида 90 фоиз аҳолининг қўллаб-қувватлаши ёрдам бермаганидек, кичик Буш томонидан терроризмга қарши эълон қилинган уруш ҳам обрў-эътиборининг ошишига олиб келмаслиги аниқ. Чунки ўртамиздаги фарқ шу қадар чуқурки, уни бартараф этиш амримаҳол. Аксинча, биз борган сари ҳам жисмонан, ҳам маънан бир-биримиздан узоқлашиб бораётирмиз.

1917 йили большевикларнинг Қишки саройга ҳужумидан бошланган инқилоб, 1989 йили Берлин деворининг қулаши билан якун топди. Унинг ижодкорлари келажак кишисини шакллантиришни орзу қилган эди. Аммо даҳшатли қатағонлар ва ГУЛАГ ҳам, етмиш йил мобаинида Маркс ва Ленинга кўр-кўрона сиғиниш ҳам, болаларнинг ёшлигиданоқ Ғарбга нисбатан нафрат руҳида тарбияланиши ҳам ушбу орзунинг рўёбга чиқишига имкон бермади. Коммунизмнинг сароб экани аён бўлди. Ёлғоннинг заиф асосига қурилган улкан устун ағдарилиши билан Шарқий Европа мамлакатлари ва Россияда Ленин ва Сталин ҳайкаллари бузиб ташланди, Маркс ва Энгельс асарлари тарих ахлатхонасига улоқтирилди. Хуллас, большевиклар инқилоби ҳалокатга юз тутди, аммо олтмишинчи йилларда Америка университетларида бошланган инқилоб муваффақиятлироқ бўлиб чиқди. У жаҳон ҳамжамиятида туб бурилиш ясаб, янги Американинг пайдо бўлишига асос солди. 2000 йилга келиб, мамлакатда ноформал, оммавий маданиятнинг ҳукмронлиги ўрнатилди. Республикачи-сиёсатчилар ахлоқ ва ижтимоий ҳаёт борасида, чунончи, инсоннинг қард-қиммати, кишиларни динга қайтариш масаласида ночорлигини тан олиб, оқ байроқ кўтаришга мажбур бўлди. Ушбу китобда ана шу инқилобнинг мақсадлари, у қаердан ва қачон пайдо бўлгани, қай йўсинда бизни динимиздан маҳрум этгани, эътиқодимиздан қайтаргани, ёшларимизни ўзига бўйсиндиргани, қисқаси, унинг ҳукмронлиги қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги хусусида фикр-мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

Аввало, мазкур инқилобнинг нафақат Америкада, балки бутун Ғарб дунёсида ғалаба қилганини таъкидламоқчиман. Эътиқод, маданият ва ахлоққа таянган тамаддун ўрнини янги эътиқод, ахлоқ, маданиятга асосланган тамаддун эгалламоқда.

Китобнинг “Ғарбнинг ҳалокати” деб номланиши Америкага таҳдид солаётган маданиятлараро тафовут ва оммавий иммиграциядан жиддийроқ хавф-хатар тобора яққол намоён бўлаётганини англатади.

Гап шундаки, Ғарб том маънода “Ҳалокатга юз тутмоқда”: деярли барча Ғарб мамлакатлари аҳолиси ақл бовар қилмас даражада камайиб бормоқда. Ўн тўртинчи асрда Европа аҳолисининг учдан бир қисмини қириб юборган “Қора ўлат” эпидемиясидан буён биз ҳали бу қадар хатарли таҳдидга дуч келмаганмиз. У бутун Ғарб тамадунини қириб юбориши ҳеч гап эмас. Ҳозирги вақтда Европа мамлакатларидан ўн еттитасида (Бельгия, Болгария, Венгрия, Германия, Дания, Испания, Италия, Латвия, Литва, Португалия, Россия, Руминия, Словакия, Словения, Хорватия, Чехия, Эстония) ўлим кўрсаткичи туғилишдан кўра анча юқорилаб кетган, яъни бу давлатларда беланчакдан кўра тобутга эҳтиёж кўпроқ. Католиклар, протестантлар, православлар — барча-барчаси Ғарб тамаддунининг кўмиш маросимида иштирок эгмоқда. Назаримда, янги гедонизм таълимоти нима учун яшаш керак, деган саволга тайинли жавоб бера олмайди. Ҳар ҳолда унинг илк меваси заҳарланган кўринади. Наҳотки, ёшларимизга бу қадар жозибали кўринган янги маданият ва эркинлик аслида оғу бўлиб чиқса?! Рим Папаси Иоанн Павел Иккинчи таъкидлаганидек, “Ғарб маданий ўлим” талвасасига тушиб қолган экан, наҳотки, бу тамаддун Ленин империяси ортидан бориб, ҳалокатга учраса?!

Бундан юз йил илгари Гюстав Лебон “Оломон психологияси” мумтоз асарида шундай деб ёзган эди: “Тамаддунлар алмашинуви, масалан, Рим империясининг таназзули ва араб тамаддунининг уйғонишига олиб келадиган буюк инқирозларнинг асл сабаби — фикрлаш тарзининг тубдан ўзгариши билан изоҳланади… Рўй бераётган ҳар қандай тарихий воқеа-ҳодисалар — инсон онгидаги кўз илғамас ўзгаришларнинг ҳосиласидир… Ҳозирги вақтда биз инсон тафаккури тубдан ўзгараётган ана шундай кескин даврни бошдан кечирмоқдамиз”.

Лебон ўзи яшаган давр — ўн тўққизинчи асрнинг охири ҳақида сўз юритган бўлса-да, бугунги кунда ҳам унинг хулосаси ўз қимматини йўқотмаган. Айнан маданий инқилоб ҳозирги даврдаги тафаккур тарзининг тубдан янгиланишига замин ҳозирлади. Аянчлиси шундаки, бу ҳолат Ғарб элитаси, ҳукмрон доираларини асло ташвишга солаётгани йўқ. Аҳолининг камайиб бориши ҳам, давлатчилик асосларига путур етказилаётгани ҳам, “Учинчи дунё” мамлакатларидан иммиграция оқими борган сари кучайиб бораётгани ҳам уларни зиғирча ўйлантираётгани йўқ. Эндиликда, барча Ғарб империялари ҳалокатга юз тутган бир паллада, тамаддуний ва насроний қадриятлардан халос бўлган, ҳаётга иштиёқи сўнган, ўлимни назар-писанд қилмаган Homo Occidetalis (Ғарб кишиси — тарж.) айш-ишратдан ҳаловат изламоқда. Хуллас, Ғарб “чироғи” сўниб бормоқда… Хўш, бундай вазиятдан чиқишнинг чораси бормикан? Келинг, патологоанатомнинг ҳисоботига назар ташлайлик.

ЎЛИМГА МАҲКУМ МИЛЛАТ

Ахолининг кўпайиши азалдан миллат ва цивилизациянинг куч-қудрати ва соғломлигидан дарак берса унинг камайиб бориши халқ ва жамият хасталигининг ёрқин белгисидир. Ҳозирги вақтда бу борадаги вазиятни назарда тутиб айтиш мумкинки, бутун куч-қудрати ва бойлигига қарамай, Ғарб тамаддуни таназзулга юз тутган. 1960 йилда европаликлар, америкаликлар, австралияликлар ва канадаликлар 750 миллион нафар бўлгани ҳолда, дунёдаги уч миллиард аҳолининг тўртдан бир қисмини ташкил этган. Ўша даврларда империялар юкидан халос бўлган, уруш оқибатларини бартараф этган, куч-қудратга, тўлган Ғарб мамлакатларида туғилиш даражаси энг юқори нуқтага кўтарилган эди. Аҳоли ўсиш суратининг юқори даражасидан хавфсираган янги мальтусчилар тез орада сайёрамиз захиралари тугаб қолишини башорат қила бошлашди. Ўшанда улар устидан кулганлар 2000 йилга келиб хомуш тортиб қолди. Қирқ йил мобайнида Ер шари аҳолиси икки баравар кўпайиб, уч миллиарддан олти миллиардга етган бўлса-да, кенг маънода Европа халқлари орасида туғилиш кескин камайиб кетди. Бугунги кунда аксарият Ғарб мамлакатларида ўлим кўрсаткичи туғилиш даражасига мос ёки ундан баландроқдир. 2000 йилда 47 та Европа мамлакатидан биргина мусулмон Албаниядагина халқни сақлаб қолиш учун етарли бўлган туғилиш даражаси кузатилган.

Хуллас, Европа том маънода қирилиб бораётир. Маълум статистик маълумот ва башоратлар келгусида вазияг янада кескин тус олишини кўрсатмоқда. Хусусан, 2050 йилга бориб сайёрамиз аҳолиси уч миллиардга кўпайиб, 9 миллиардни ташкил этади. Бу кўпайиш фақат Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари улушига тўғри келади. Худди шу давр мобайнида европаликлар уч юз миллион нафар кишига камайиб кетар экан. Эътибор беринг, агар 1960 йилда келиб чиқиши европалик бўлтан кишилар дунё аҳолисининг йигирма беш фоизини, 2000 йилда ўн олти ярим фоизини ташкил этган бўлса, 2050 йилга бориб бу кўрсаткич ўн фоизга тушиб қолади. Бу маълумотлар йўқолиб бораётган бутун бошли ирқнинг аянчли қисматидан далолатдир. Табиийки, бундай маълумотларнинг кенг аҳоли ўртасида оммавий тарзда тарқатилиши европаликлар кўнглида ўта тушкун кайфиятлар кучайишига сабаб булмоқда.

ЕВРОПА

2000 йилда Европа аҳолиси, Исландиядан Россиягача бўлган ҳудудда 728 миллион кишини ташкил этган. БМТ демография бўлимининг “Дунё аҳолиси истиқболлари: 2000 йилдаги вазият” маърузасида таъкидланганидек, иммиграцияни ҳисобга олмаганда туғилиш ҳолатининг ҳозирги даражаси сақланиб қоладига бўлса, 2050 йилга бориб аҳоли миқдори 128 миллионга камайиб, 600 миллион кишини ташкил этиши мумкин экан. Бошқа бир тадқиқот натижаларига кўра, шу давр мобайнида Европа аҳолиси 172 миллионга камайиши мумкинлиги тахмин қилинган. Сўнгги бор аҳолининг бу қадар камайиб кетиши 1347-1352 йилдаги “Қора ўлат” эпидемияси давридагина кузатилган. Гумбольт номидаги Калифорния университетининг иқтисодиёт бўйича профессори, “Аҳолига қарши уруш” китобининг муаллифи Жаклин Касун ҳозирги вазиятда янада даҳшатлироқ таҳдид хавф солаётганига эътибор қаратади: “Ўн тўртинчи асрда рўй берган вабо эпидемияси Европа аҳолисининг учдан бир қисмини қириб юборган, ёшга ҳам, қари-кексаларга ҳам қирон келтирган эди. Туғилишнинг камайиши эса фақат ёшларга тегишлидир. Ёш эр хотин ота-онаси, айрим ҳолларда бува ва бувисини боқишга мажбур. Аксарият ҳолларда уларнинг на ака-укаси, на опа-синглиси бўлмагани боис, оилани боқиш асосан уларнинг зиммасига тушади. Шу боис улар учун фарзанд мутлақо кераксиз, ортиқча юк. Ўз-ўзидан савол туғилади: бундай нохуш вазиятдан чиқиб кетиш имконияти бормикан?”

Агарда яқин келажакда Европа ана шу ўта кескин масаланинг ечимини топа олмаса, у ҳалокатга маҳкумдир. Хўш, чиндан ҳам вазият шу қадар аянчлими?

Келинг, яна маълумотларга мурожаат этайлик. Туғилиш даражаси энг паст йигирма миллатдан ўн саккизтаси европа миллатларига мансуб. Ўртача туғилиш даражаси бу минтақада 1,4 гача тушиб кетган. Ваҳоланки, аҳолининг ҳозирги миқдорини сақлаб қолиш учун бу кўрсаткич камида 2,1 коэфициентга тенг бўлиши шарт. Акс ҳолда, орадан ҳеч қанча вақт ўгмай, НАТО зиммасида кексалар ва нафақахўрларнигина ҳимоя қилиш вазифаси қолади, холос.

Мавжуд маълумотларга кўра, туғилишнинг ҳозирги даражаси сақланиб қоладиган бўлса, йигирма биринчи асрнинг охирига бориб Европа аҳолиси 30 фоизга камайиб, 207 миллион нафар кишини ташкил этади, Хуллас, Ғарб тамаддунининг бешиги унинг мозорига айланади.

Хўш, бундай аянчли вазият вужудга келишининг сабаблари нимада? Улардан бири — Европа интеллектуалларининг бир неча авлоди учун гўзал ва жозибали идеал бўлиб келган социализм ғоясидир. “Ўзингиз ўйлаб кўринг, — деб ёзади Жон Хопкинс университети ходими доктор Жон Уоллес, — агар ҳар бир одамга давлат нафақаси кафолатланадиган бўлса, қартайганда ўзига хос суянч бўлган фарзандларга ҳожат қоладими? Ёхуд иқтисодий жиҳатдан ўзини эркин ҳис қилиши учун етарли миқдорда даромад топадиган аёл учун турмуш қуриш чинакам ҳаётий мақсадга айланиши мумкинми? Ва ниҳоят, бутун католик Италияда ҳам, дунёвий Британияда ҳам оммалашганидек, ҳомиладор бўлмасдан секс билан шуғулланиш имконията бўлса, турмуш қуриш ёки уйланишга не ҳожат?” Бир сўз билан айттанда, европа социалистлари эр, хотин ва болаларни оилавий вазифалар, бурч ва масъулиятдан озод этиб, оилага бўлган ижтимоий эҳтиёжни йўққа чиқарди. Натижада, оила институти емирила бошлади. Бу ҳол Европанинг емирилишига сабаб бўлаётир. Ваҳоланки, “Учинчи дунё” мамлакатлари аҳолиси ҳар ўн беш ойда 100 миллион нафар кишига кўпайиб бормоқда. Европа эса 2050 йилга бориб, ҳозирги вақтда Бельгия, Голландия, Дания, Швеция, Норвегия ва Германияда истиқомат қилаётган аҳоли миқдорига тенг келадиган аҳолидан маҳрум бўлади. Албатта, қандайдир илоҳий куч аралашуви ёхуд бехосдан европалик аёллар кўнглида момолари сингари кўпболали оила қуриш истаги пайдо бўлиши билан вазият ўзгариб қолмаса. Аммо вазиятнинг бу тарзда ўзгаришига ишониш қийин. Т.С. Элиотт “Заиф одамлар” китобида таъкидлаганидек, “Олам шу тарзда топади якун, Қулоққа чалинади фақат йиғи, изтироб”.

ГЕРМАНИЯ

Германиянинг барча колониялари, ўн фоиз ҳудуди ва саккиздан бир қисм аҳолисидан маҳрум қилган Версаль шартномаси ташаббускорларидан бири Франция Йўлбарси, йирик давлат арбоби Жорж Клемансо бир вақтлар “Немисларда 20 миллион аҳоли ортиқча” деган эди. Унинг немисларга нисбатан нафратини тушунса бўлади. Алистер Хорн Учинчи республика тарихига бағишланган китобида уқтирганидек, “Клемансо 1871 йили Эльзас-Лотарингияни Германияга беришга қаршилик қилган депутатлардан бири бўлган; тасодиф туфайлигина фуқаролик уруши ва Коммунанинг бостирилиши пайтида жони омон қолган”. Клемансо француз императорининг тахтдан ағдарилиши ва Германия кайзерининг бошига тож кийдириш маросимига гувоҳ бўлган. Биринчи жаҳон уруши даврида Гинденбург ваҳшийлари жонажон Франциясини қонга ботираётгани, немис лашкарлари ортида бир ярим миллион француз жасадини қолдириб, ватанига қайтиб кетаётганини кузатишдан ўзга чораси йўқ эди. Орадан анча йил ўтаб, Клемансо Германиядан ўзига хос тарзда “қасд” олди. Гап шундаки, ҳозирга вақтда немис аёллари туғишдан бош тортмоқда. Кейинги ўн йил мобайнида туғилиш даражаси 1,3 коэфициентга тушиб қолгани шундан далолат беради. Бу ҳол немис миллатининг келажагига жиддий таҳдид солмоқда. Чунончи, 2005 йилга бориб 23 миллион кишининг ўлиши оқибатида Германия аҳолиси 82 миллиондан 59 миллион кишига тушиб қолади; 15 ёшдан кичикроқ бўлган болалар сони 7.3 миллионгача камаяди; мамлакат аҳолисининг учдан бир қисмини 65 ёшдан каттароқ кишилар ташкил этади; немислар жаҳондаги энг қари миллатлар қаторидан ўрин олади.

Менинг илтимосимга кўра, БМТнинг демография бўлими директори Жозеф Чами Европа мамлакатлари аҳолисининг 2100 йилги прогнозини ишлаб чиқди. Унинг маълумотларига биноан, Германияда иммиграцияни назарда тутмаган ҳолда, аҳоли ўсишининг бугунги суръатлари сақланиб қоладиган булса, белгиланган даврга бориб, аҳоли миқдори 53 фоизга камайиб, 38,5 миллион кишини ташкил этар экан. Бавариялик консерватор, канцлер лавозимига даъвогарлардан бири Эдмунд Штойбер мамлакатдага демографик вазиятни аета-секин портлайдиган бомбага қиёслайди. У 3 ёшгача болаларни тарбиялаш учун бериладиган нафафалар миқдорини уч баравар кўпайтиришни талаб этмоқда. Ҳозирги вақтда 2 ёшгача болаларни тарбиялаш учун бериладиган нафақа миқдори ойига 140 долларни ташкил этади. Ҳозирча Штойбернинг таклифи қанчалик радикал, экстремистик дея баҳоланмасин, яқин орада унинг амалиётга жорий этилишига шубҳа қилмайман.

“Нима учун мен фарзандли бўлишни истамайман, — дейди 34 ёшли оила қурган берлинлик тадбиркор Габриэла Тангейзер. — Чунки тўйиб-тўйиб ухламоқчиман. Мен кўп китоб ўқийман, шунинг учун уйқуга тўймасам бўлмайди”. Унинг бошқа бир ватандоши, 37 ёшли Андреас Херманн даромадини икки баробар кўпайтариш ва фадзандли бўлишдан воз кечиш ақидасига таяниб яшайди. Узоқ истиқбол нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, Тангейзер ва Херманн сингари кишиларнинг ўз шахсий манфаати учунгина яшаш мақсади немислар ўртасида оммавий тус олиши ҳеч гап эмас. Берлин деворининг қулаши билан Ғарбий Германия канцлери Гельмут Коль 45 йиллик совуқ урушдан кейин немис халқини бирлаштиришга ҳаракат қилди. Аммо дунёнинг кўпгина мамлакатлари, хусусан, Россия, Франция, ҳатто АҚШда дунё жамоатчилига бирлашган Германияга ишониб бўлмаслига ҳақида анча-мунча мулоҳазалар билдиришди. Чиндан ҳам Германия икки бор Европани забт этишга уриниб кўрди. Унинг яна бир бор уриниб кўрмаслигига ким ҳам кафолат бериши мумкин? Ҳар ҳолда бундай тахмин ҳозирча тахминлигича қолмоқда. Мамлакат аҳолиси қарийб, йилдан-йилга камайиб бормоқла, 2050 йилга бориб немис болаларининг сони 2000 йилга нисбатан 5 миллионга камаяди. Шу боис Германия, генерал Макартур ҳақидаги балладада тасвирланган кекса аскар сингари “сўниб”, ҳеч нарсага ярамай қолиши эҳтимоли ҳам йуқ эмас.

ИТАЛИЯ

Буюк Рим Авлиё Пётр ибодатхонаси ва Секстин калелласини бунёд этган, Данте ва Микеланжело, Колумб ва Галилейни вояга етказган Италия халқининг истиқболи янада аянчлироқ бўлиб кўринади. Ушбу мамлакатда туғилиш даражаси қарийб йигирма беш йилдан буён камайиб келмоқда ва ҳозирги вақтда бир аёлга ўртача 1.2 та бола тўғри келади. Бу ҳолат сақланиб қоладиган бўлса 2050 йилда мамлакат аҳолиси 16 миллионга камайиши мумкин. Америка тадбиркорлик институти тадқиқотчиси Николас Эберштадтнинг таъкидлашича, “2050 йилда беш ёшгача бўлган болалар аҳолининг атиги 2 фоизини, 65 ёшдан каттароқ кишилар эса 40 фоизни ташкил этади”. “Нью Рипаблик” газетасининг шарҳловчиси Грег Истербрук эса чинакам католик ва романтикага мойил кишилар юртидаги туғилиш даражасининг пастлиги унинг бир неча авлодлар ҳаёти мобайнида шунчаки дам олиш масканига айланиб қолишига олиб келади” деб ҳисоблайди. Мамлакатда машҳур булган “Нои Донне” хотин-қизлар журнали томонидан яқинда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 16-24 ёшдаги аёлларнинг 52 фоизи бола туғиш ниятида эмаслигини маълум қилган. Асосий сабаб сифатида иш билан бандлигини кўрсатишган. Рим университетининг демография бўйича мутахассиси Антонио Голини бир томондан, Италия нафақа тизими иммигрантларга боғланиб қолгани, иккинчи томондан, иммигрантлар оқимининг кучайиши итальян маданиятига салбий таъсир этаётганини таъкидлайди. “Бугунги Италия, — дейди у, аввалгисидан тубдан фарқ қилади. Биз билган, яшаётган жамият кўз ўнгимизда ҳалокатга юз тутмоқда”. Йигирма йил илгари Голини келгусида мамлакатни кутаётган демографик инқироз ҳақидаги материалини чоп этганда, унга “демография террористи” деган тамға босилган эди. Ҳамон доктор Голини ўз фикрида қолган бўлса-да, бироқ бугун ҳеч ким бояги лақабни ҳатто эсга ҳам олаётгани йўқ. “Италия меҳнат бозорининг тобора глобаллашиб бораётган бир паллада, — деб ёзади олим, — биз Франция, Қўшма Штатлар, Ҳиндистон … билан рақобатга киришмоғимиз талаб эталади. Аммо қариб-қартайган чол-кампирлар ва тобора камайиб бораётган ёшларимиз билан бундай кескин рақобат курашида муваффақиятга эришиб бўлармикан?” Болоньялик кардинал Жакомо Биффи ҳукуматга мурожаат этаб, мамлакатга кириб келаётган бошқа миллат вакилларининг, хусусан, мусулмон-иммигранларнинг урф-одат, анъана, оилавий қадриятлари ўзгача бўлгани боис, миллат яхлитлигини таъминлаш учун, Италия ҳудудига фақат католикларни киритиш лозимлишни таклиф этади. Қизиқ, бундай католикларни у қаердан топа оларкин? Дейлик, Испаниядан топа олиши даргумон. Чунки бир вақтлар, хусусан, каудильо Франциско Франко даврида кўп болали оилалар ўрнак қилиб кўрсатилган, турли совға ва медаллар билан сийланган бу мамлакат бугунги кунда туғилиш даражаси бўйича Европада энг қуйи поғонани эгаллаган. “Атиги бир авлод ҳаёти давомида, — деб ёзади мадридлик социолог Виктор Перес Диас, — биз саккиз, ҳатто ўн икки болали оилалардан иборат бўлган жамиятдан, бефарзанд ёки бир болали оилалардан иборат жамият вужудга келди”.

2050 йилда италияликларнинг ўртача ёши 54, испанияликларники — 55 ёшни ташкил этади. Бу Ер юзидаги энг кекса миллат ҳисобланган — японлардаги кўрсаткичдан 14 ёш кўп демақдир. Болонья университетининг профессори доктор Пьер Паоло Донатининг фикрича, “Бундай вазиятни вужудга келишига фаровонлик айбдор. Чунки бугунги авлодларни қулай-шинам уй-жой, беҳаловат турмушдан бошқа ҳеч нима қизиқтирмайди. Кишилик жамиятининг асоси бўлган оилавий қадриятлар эса, кераксиз матоҳдек, улоқтириб ташланган”.

1950 йилда Испания аҳолиси Гибралтар орқали у билан чегарадош бўлган Мароккога нисбатан уч баробар кўп бўлган. 2050 йилга бориб, вазият буткул ўзгача тус олади: бу даврда Марокашнинг аҳолиси миқдори Испанияникига нисбатан икки баробарга кўпаяди. Социологларнинг илмий тахминларига кўра, ҳозирги вақтда турмуш қураётган ёки уйланаётган ҳар юзта ёш испанларга 58 та бола, 33 та невара ҳамда атиги 19 та эвара тўғри келади.

РОССИЯ

Сўнгги етмиш йил мобайнида дунёни титратган империянинг меросхўри — Россиядаги бу борадаги вазият қандай?

Агарда ҳозирги вақтдаги 1,3 туғилиш коэфициети сақланиб қоладиган бўлса, 2050 йилга бориб бу мамлакат 33 миллион аҳолисидан маҳрум бўлади. Бу Сталин даврида қириб юборилган аҳоли сонидан (30 миллион) ҳам кўпроқ дегани. Шу давр мобайнида 15 ёшгача бўлган болалар миқдори 26 миллиондан 16 миллионгача камаяди ва аксинча, кексалар сони ҳозирги вақтдаги 18 миллиондан 28 миллионга етади.

2000 йилда Россиядаги демографик вазият янада хатарли тус олгани ҳақидаги маълумотлар эълон қилинди. Шу йили туғилиш коэфициенти ҳатто Италиядаги кўрсаткичдан ҳам паст даражага тушиб кетгани аён бўлди. 2016 йилга бориб, аҳоли сони кескин камайиб, 123 миллион кишини ташкил этиши тахмин қилинмоқда. “Бутун умрини шу соҳага бағишлаган мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган илмий башоратларга ишонадиган бўлсак, — дея таъкидлайди президент Путин, — 15 йилдан кейин биз 22 миллион аҳолидан маҳрум бўламиз. Бир ўйлаб кўринг, бу Россия аҳосининг ўндан бири дегани, ахир”. Мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳолининг бу қадар кескин камайиб кетиши собиқ Иттифоқ давридаги талафотлардан ҳам ортиб кетишини англатади. “Ҳозирги тамойил сақланиб қоладиган бўлса, — деб давом этади Путин, — биз миллатимизнинг мавжудлигига тўғридан-тўғри хавф соладиган таҳдидга рўбарў келамиз”.

Ҳозирга вақтда Россияда эркакларнинг ўртача умри 59 ёшни ташкил этади; ҳар учта ҳомиладорликдан иккитаси аборт билан тугалланади. Рус аёли ўртача олганда 2,5дан 4тагача оборт қилдиргани ҳолда мамакатдаги ўлиш даражаси туғилиш даражасидан 70 фоиздан ортиқроқдир. Ҳатто собиқ Иттифоқ республикаларидан миллионлаб рус миллатига мансуб кишиларнинг қайтиб келиши ҳам вазиятни ўнглай олмайди. Вазиятнинг яна бир хатарли жиҳати Сибир ахолисининг кескин камайиб бориши ва аксинча, қўшни Хитойда аҳолининг юқори суръатлар билан ўсиб бораётганида намоён бўлади. Бир вақтлар Давлат Думаси раисининг ўринбосари, ашаддий миллатчи Владимир Жириновский ҳар бир рус эркагига бешта хотин олишга рухсат бериш, ўн йилга абортларни ҳамда рус аёлларининг чел элларга боришини тақиқлаш ғоясини илгари сурганда, роса кулгуга қолган эди. Ҳар ҳолда Россияда вужудга келган демографик вазият зудлик билан изчил чора-тадбирлар ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Акс ҳолда бу Америка учун ҳам ўта жиддий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Менинг илтимосимга кўра, Россиядаги вазиятга оид мистер Чами томонидан тайёрлаган прогнозга биноан, 2010 йилга бориб рус аҳолиси миқдори 80 миллионга ҳам етмайди. Бу Теодор Рузвелът истеъфога чиққан йилда (1909) АҚШ аҳолисининг сонига тахминан тўғри келади.

БУЮК БРИТАНИЯ

Хўш, Британия оролларвдаги қондошларимизни қандай келажак кутаётган экан? Шарҳловчи Пол Крейг Робертс бу ҳақда шундай деб ёзади: “Социологларнинг ҳисоб-китобига кўра, шу асрнинг охирига бориб, инглизлар ўз мамлакатида камчиликни ташкил этаркан. Чунки инглизлар оиласида миллат сонининг кўпайиши учун етарли бўлган болалар туғилмаётир . Тарихда илк бор — деб таъкидланади “Лондон Обсервер” газетасида, — мамлакатда кўпчиликни ташкил этган миллат уруш, очлик ёки эпидемия оқибатида эмас, ўз хоҳиши билан камчиликка айланиб бормоқда. Газетачилар адашаётган кўринади. Чунки тарихда илк бор ўз хоҳиши билан етакчилик мавқеидан воз кечган миллат америкаликлар бўлади. Президент Клинтон башорат қилганидек, бу воқеа Британиядан 50 йил илгари, 2050 йилда юз беради. Аммо, инглизлар шу йўлдан бораётгани шубҳасиздир. Ҳозирга вақтнинг ўзидаёқ турли миллатларга мансуб этник жамоалар Лондон аҳолисининг 40 фоизини ташкил этади; Лондон мэрининг миллий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ли Жаспер, социологларнинг маълумотларига таяниб, “2010 йилга бориб оқ танлилар аҳолининг камчилик қисмини ташкил этади”, деб ҳисоблайди.

Воқеаларнинг бундай тарзда ривожланиши сабабларидан бири — туб британияликлар ўртасида туғилиш даражаси йилдан-йилга пасайиб бораётгани билан изоҳланади. Масалан, 2000 йилда Англия ва Уэльсда 1999 йилга нисбатан 17400 бола кам туғилган, яъни атиги бир йил мобайнида туғилиш 5 фоизга пасайган ҳамда мазкур кўрсаткич қўллана бошлаган 1924 йилдан буён энг паст даража — 1,66 коэфициентга тушиб қолган.

ЯПОНИЯ

Энг паст туғилиш кўрсаткичларига эга 22 миллатдан фақат иккитасигина — америкаликлар ва японлар Европа ҳудудидан ташқарида истиқомат қилади.

Японлар Осиё халқлари орасида биринчи бўлиб замонавий даврга қадам қўйган миллат ҳисобланади. Маълумки, 1868 йилгача японлар бутун дунёдан ажралган маҳдуд ҳолда бўлиб келган. Аммо орадан ўттиз-қирқ йил ўтар-ўтмас жадал ривожланаётган мамлакат Ғарбнинг мутараққий давлатлари қаторидан ўрин олади. Японлар Тайванни эгаллайди, 1900 йилда эса машҳур боксерлар қўзғолонини бостириш мақсадида Хитойга бостириб киради. 1904-1905 йилларда илк бор Ғарб тамаддунига мансуб халқ, Ғарб тамаддунига мансуб миллат устидан ғалаба қозонади. Уруш русларнинг Порт-Артурдаги эскадрасига ҳужум билан бошланиб, тарих саҳифаларидан ўрин олган денгиз жанги — Цусима буғозида рус флотининг чўктирилиши билан якун топади. Биринчи жаҳон урушида Япония Антанта томонида туриб, Германиянинг Хитой ва Тинч уммонидаги колонияларини тортиб олади; у Европа мамлакатларининг Осиёдаги ҳудудларини ҳимоя қилади; Австралия ва Янги Зеландия қўшинларининг Галлиполи томон юришига ҳамроҳлик қилади; япон эскадраси Ўрта ер денгизигача етиб келади. Бироқ АҚШ президенти Хардинг ва давлат котиби Чарлз Эванс Хьюз Вашингтонда бўлиб ўтган денгиз конференциясида Буюк Британия маъмуриятидан японлар бйлан тузилган иттифоқни узишни талаб этганда, ғишт қолипдан кўчади. Орадан йигирма йил ўтиб, юз берган Перл-Харбор фожеасидан сўнг япон империяси батамом яксон этилади.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Американинг бевосита ёрдами, америкалик маслаҳатчиларнинг ғоя ва усулларига таянган Япония жаҳондаги энг жадал ривожланаётган давлатлардан бирига айланади, Япон оролларининг майдони Қўшма Штатларнинг биргина Монтана штати ҳудудидан ҳам кичикроқ бўлсада, 1990 йилда у иқтисодий куч-қудрати ва салоҳияти бўйича АҚШдан кейинги ўринга чиқиб олди. Дарҳақиқат, “япон мўъжизаси” буюк халқнинг буюк ютуғи эди. Лекин Японияга кўз тегдими ёки бошқа омиллар таъсир этдими, ўтган асрнинг 80-90-йилларидан бошлаб аҳоли сони кескин камая бошлади. Ҳозирги вақтда туғилиш даражаси 50-йиллардаги кўрсаткичнинг ярмини ташкил этади. 2050 йилга бориб Япония аҳолиси миқдори 127 миллиондан 107 миллионга тушиб қолади, болалар сони 1950 йилдагидан камроқ, кексалар сони эса саккиз баробар кўп бўлиши тахмин қилинмоқда. Натижада, жадал ривожланишдан асар ҳам қолмайди, Япония ўзининг бугунги мавқеидан маҳрум бўлади. 2050 йилда ҳар бир японга ўн беш хитойлик тўғри келади. Ҳатто 1950 йилда Япония аҳолисининг атиги тўртдан бирини ташкил этган Филиппин аҳолиси ҳам 2050 йилга бориб, японлардан 25 миллион нафар кишига ортиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Хўш, бундай хатарли вазият вужудга келишининг боиси нимада? Эътибор қилинг, япон аёлларининг ярмидан кўпи ўттиз ёшгача турмуш қуриш ва фарзандли бўлишни хоҳламас экан. “Қари қиз” дея ном олган бу аёллар ота-онаси билан яшар, иш билан машғул бўлар, аммо “эр”, “бола” деган ижтимоий тушунчаларни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Улар “Ўзинг учунгина яша ва ҳаётдан лаззатлан” деган ақидага эътиқод қилиб яшайди.

2000 йилда япон ҳукумати олти ёшгача бўлган болаларни тарбиялаш учун субсидия миқдорини 2400 долларгача оширганига (айрим радикал сиёсатчилар уни ўн баробар кўпайтиришни таклиф этмоқда) қарамай, худди шу йили мактабларга мамлакат тарихида энг кам бола келгани ачинарлидир. Япон журналистларининг катта авлодига мансуб ижодкорлардан бири Мицуко Шимомуранинг “Нью-Йорк таймс” газетаси мухбири Пегги Оренстайн билан суҳбатда таъкидлашича, ўз вақтида аёлларга тенг ҳуқуқ беришни истамаган Япония бугун “нимани эккан бўлса, шуни ўриб олмоқда”. “Туғилиш даражасининг пасайиши, — деб давом этади Шимомура хоним, — мени у қадар ташвишлантирмайди. Ҳатто бу ҳол қайсидир маънода фойдали ҳам деб ўйлайман. “Қари қиз’’лар ўзлари сезмаган ҳолда ажойиб ижхимоий ҳаракатнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлди. Эндиликда сиёсатчилар аёлларни туғишга даъват этмоқда. Дарҳақиқат, агарда фарзандли аёл ишлаш имкониятига эга бўлиб, ўзини яхши ҳис этадиган жамият бунёд этилмас экан, Япония эллик, нари борса, юз йилдан кейин ҳалокатга юз тутиши шубҳасиздир. Болалар тарбияси учун бериладиган нафақалар фойда бермайди. Аёлларнинг эркаклар билан ҳуқуқларини амалда таъминлаш зарур”.

Нима сабабдан ҳозирги вақтда Ғарб аёллари, она ва бувиларидан фарқли ўлароқ, камроқ туғишни, ҳатто умуман туғмасликни афзал кўрмоқда? Тереза она таъкидлаганидек, нима учун кўпчилик “болаларга қарши уруш”ни қўллаб-қувватламоқда? Ғарб аёлларига туғилишни назорат қилиш воситалари маълум бўлганига анча бўлди, бироқ ҳеч қачон улар бугунгидек, фаол қўлланмаган. Америкада ўттиз ёшгача аборт қилишга монелик қиладиган қонун йўқ, лекин, Хитойдан фарқли ўлароқ, аёлнинг ўзи хоҳламаса, бирорта федерал судья бунга уни мажбур эта олмайди. Шунга қарамай, Ғарб аёллари томонидан абортнинг бу қадар кўп қўлланаётгани Европа халқларининг атайлаб қирғин этилаётганини эслатади. Зеро Жоан Ганц Кунининг таъкидлашича, “болалар суйиб эркаланадиган жамиятгина тараққийпарвардир”. Ғарб эркак ва аёллари қалби ва онгида қандай ўзгаришлар рўй берганки, болалар борган сари меҳр ва эркалашдан маҳрум бўлмоқда? Бундай вазиятни ўнглаш чораси борми? Мабодо, шундай чора топа олмасак, тамаддунимиз тарихининг сунгги бобини битиб, васиятнома ёзишимизга тўғри келадими, деб қўрқаман.

“БОЛАЛАР ҚАЁҚҚА ҒОЙИБ БЎЛДИ ЭКАН?”

Нима сабабдан европалик аёллар худди Ер юзидан қирилиб кетишини кандайдир тушуниб бўлмас итоаткорлик билан тан олгандек, бола туғишдан воз кечмоқда? Наҳотки, илгари юз берган урушлар талафоти ва империялар ҳалокати улардаги яшаш иштиёқини сўндирган бўлса..

Масалага жиддий ёндошилса, бунинг сабаби буткул бошқа нарсада экани аён бўлади.

Маълумки, Биринчи жаҳон уруши Германиянинг мағлубияти ва бўлиб юборилиши билан якун топади; уруш талафоти даҳшатли эди: икки миллион немис ҳалок бўлган, ўн мшлиондан зиёд жароҳатланган. Шунга қарамай, 1919 йилдан кейин мамлакат аҳолиси шу қадар тез ўса бошлайдики, бу ҳол ғолиблардан бири, немисларнинг яқин қўшниси французларни анча ташвишга солиб қўяди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда мағлуб бўлган Германия ва Японияда ҳам, ғолиб келган АҚШда ҳам туғилиш суръатлари ғоят юқори бўлган. Аҳоли ўсишига оид маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, ёвропаликлар дунёқараши ва хатти-ҳаракатидаги ўзгаришлар 60-йилларнинг ўрталарида яққол намоён бўлади; айнан шу кезларда немис аёллари она ва бувиларининг турмуш тарзидан воз кеча бошлайди. Бундай кескин ўзгаришларнинг асл сабаблари ҳамон бизга қоронғи. Аммо қўлланган усулларга келсак, ҳаммаси аён бўлади-қолади: контрацепция Ғарб аҳолисининг икки баробар камайишига олиб келган бўлса, абортлар кутилмаган болаларга қарши ўзига хос “иккинчи ҳимоя чегараси”га айланиб қолди. Бу ўринда тарихга мурожаат этишга зарурат туғилади. Маълумки, илгари Буюк Инқироз давридагина, иқтисодий ўсиш суръатлари икки баробар камайгани, аҳолининг тўртдан бир қисми ишсиз бўлиб қолгани оқибатида АҚШ туғилиш кўрсаткичлари мислсиз даражада пасайиб кетган эди. Аксарият одамлар кўнглини “энг яхши кунлар ортда қолиб кетган бўлса, болаларга ҳожат борми” деган тушкун ҳолат эгаллаган эди. Шу тариқа, 1930 йилларда АҚШдаги авлодлар орасида ўз президентига эга бўлмаган ягона авлод — “индамаслар авлоди” пайдо бўлади.

Урушдан кейин — 1946 йилдан туғилиш суръатлари ўса бошлайди (бэби-буммер авлоди) ва 1957 йилга бориб, энг юқори нуқтасига етади ва яна етти йил ўтиб, кескин пасая бошлайди. Айнан шу, таъбир жоиз бўлса, ҳаетий кучлар” сўна бошдаган кезларда яширинча амалга ошириладиган абортлардан ҳам ваҳшийроқ бўлган янги усул — ҳомиладорликка қарши препарат кашф этилади. Кейинчалик у тарихчилар томонидан Американи ҳалокат ёқасига олиб келган оғу деб баҳоланади. Бу препаратлар 1960 йили сотувга чиқарилган. Орадан уч йил ўтар-ўтмас америка аёлларининг 6 фоизи доктор Рок кашф этган доридан фойдаланган, 1970 йилда эса уларнинг сони 43 фоизга етган. Католик черкови бу дорининг қўлланишига кескин қарши чиққан, чунончи, папа Павел Олтинчининг махсус фатвоси билан туғишни сунъий равишда тўхтатиш орқали назорат этиш, айниқса, ҳомиладорликка қарши дориларни қўллаш катта гуноҳ экани эълон қилинади. “Дорилар уруши” кетаётган бир паллада янада жиддийроқ хавф намоён бўлиб қолади. Аризона телевидениеси ходими тўрт боланинг онаси, бир неча йилдан буён талидомид (ўша даврда бу дори болаларнинг ногирон туғилиши ва бошқа туғма хасталикларга сабаб бўлиши аниқланган эди) дорисидан фойдаланиб келаётган Шерри Финкбайннинг яна ҳомиладор эканини билиб қолган. У дугоналарига ногирон бола туғишни истамаслиги ва аборт йўли билан ҳомилани олиб ташлашга қарор қилганини маълум қилади. Газеталардан бирида ёритилган бу воқеа ғоят кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Чунки ўша даврда аборт қилиш қонун билан тақиқланган эди. Аммо Финкбайн хоним масалани осонликча ҳал этиш йўлини топди: мазкур муолажа расман рухсат этилган Швецияга бориб, аборт қилдириб қайтди. Аммо 1966 йилда бу воқеа ҳамманинг хотирасидан ўчиб кетган эди, чунки бу, вақтга келиб мамлакатда йилига 6000 та аборт қилинар эди. 1970 йилда Нью-Йорк ва Калифорния штатлари губернаторлари Жон Рокфеллер ва Рональд Рейган абортни енгиллашшрадиган қонунлар қабул қилиши оқибатида унинг миқдори 200 мингга етади; 1973 йилда эса мамлакатда 600 мингдан ортиқ аборт қилинган. Ўша йили Никсоннинг тўрт рақибидан учтаси Олий судга мурожаат этганидан кейин, судья Блэкман аёлларнинг аборт қилиш ҳуқуқи мамлакат Конституциясида кафолатланганини эълон қилади. Табиийки, кейинги 10 йил мобайнида абортлар сони 1,5 миллиондан ошиб кетгани ҳеч кимни ҳайрон қолдиргани йўқ. Судъя Блэкман эълон қилган қарордан кейин ҳозирги вақтгача АҚШда ҳаммаси бўлиб 40 миллион аборт қилинган. Бугун 30 фоиз ҳомиладор аёллар шундай йўл тутмоқда. 2000 йили Озиқ-овқат ва дори-дармонлар бўйича Комиссия ҳомиладорликнинг дастлабки етти ҳафтасида мустақил равишда ҳомилани тушириш имконини берадиган КИ-486 препаратини маъқуллаб, ишлаб чиқаришга тавсия этади. Аммо Америка фармацевтика компанияларининг барчаси бу ишдан бош тортгани сабабли, мазкур препаратни ишлаб чиқаришга хитойликлар жалб этилади. Эҳтимол, баъзи кишилар хитойликлар шу йул билан ўзининг Осиёда иқтисодий ва сиёсий ҳукмронлигани ўрнатишга тўсқинлик қилаётган Америкадан ўч олмоқда, деб ўйлаши ҳам мумкин.

Гап хитойликларда ҳам, абортнинг қонунийлигиии тасдиқдаган Олий судда ҳам эмас. Дейлик, Олий суднинг боя тилга олинган қарорининг ўзигина америкалик ва европалик аёллар онги ва руҳиятида бу қадар кескин ўзгариш қила олишига ишониш қийин. Хўш, унда замонавий аёлларнинг бувилари Худо ва инсон олдида ақл бовар қилмас жиноят деб ҳисоблаши тайин бўлган бундай хатти-ҳаракатини нима билан изоҳлаш мумкин? Зеро, 1950 йилларда аборт жиноятгина эмас, ўта шармандали, уятли ҳолат ҳисобланган, бинобарин, ҳеч ким уни бекор қилиш учун ортиқча шов-шув ҳам кўтармаган. Лекин орадан 15 йил ўтиб, аборт Олий суд томонидан ҳар бир аёлнинг конституцион ҳуқуқи ва ривожланган жамиятнинг ажралмас белгиси, деб эълон қилиниши билан, оммавий онгда туб ўзгаришлар юз беради. Қолаверса, баъзилар бу ҳолатни 60-йиллар мобайнида жамият ҳаётида юз берган парокандалик билан боғласа, бошқалар фикрича, у кўпчилик эътиборидан тушиб қолган ўтиш даври қийинчиликлари билан белгиланади. Назаримда, биринчи ёндашув ҳақиқатга яқиндек. Чунки америка ёшларининг аксарияти ўша “пароканда ўн йиллик” даврида фикрлаш тарзини ўзгартирган, янгича қарашлар ва ҳаёт андазаларига эътиқод қўйган эди.

Америкадаги 1945-1965 йиллар оралиғидаги даврни социологлар “оилавий ҳаётнинг олтин даври” деб атайди. Бу даврда турмуш қурган ва уйланган кишиларнинг ўртача ёши қонунларда белгиланган ёшга яқинлашган, оилалилар миқдори эса жами аҳоли сонига нисбатан мислсиз кўрсаткич — 95 фоизни ташкил этганди. Бир сўз билан айтганда, Эйзенхауэр ва Жон Кеннеди давридаги Америка жадал ривожланаётган давлатлар қаторидан ўрин олган эди. Аммо оила, дин ва жамиятлар Говард маркази президенти Алан Карлсоннинг таъкидлашича, “оила фаровонлига билан боғлиқ барча кўрсаткичлар 1963-1965 йиллардан салбий томонга ўзгара бошлаган. Айнан шу даврда туғилишнинг аста-секин пасайиши ва ажралишлар сонининг кескин ошиши кузатилади. Кўпчиликка Ғарб миллатлари аждодларидан мерос бўлиб қолган оилавий қадриятлардан бир лаҳзада ажралиб қолгандек бўлиб туюлади”.

Голлавдиялик социолог Дирк ван де Каа ушбу жараён ўзгаришини тўрт босқичга ажратади: а) оилавий ҳаётнинг олтин давридан биргаликда тинч-тотув яшаш даврига ўтилиши; б) боланинг оила бошлига мавқеидан ота-онанинг оила бошлиғи мавқеига ўтилиши; в) биринчи бола туғилгандан кейин ҳомиладорлиқцан сақланиш ҳолатидан тўлиқ контрацепция (умуман ҳомиладор бўлмаслик) ҳолатига ўтилиши; г) оиланинг ягона анъанавий шаклидан плюралистик, жумладан, ота-онанинг биридан иборат оила шаклларига ўтилиши.

Туғилиш айнан 1960 йилларнинг ўрталарида пасая бошлаган экан, демак, америкалик ва европалик аёлларни фарзандли бўлишдан воз кечишга мажбур этган сабабларни ҳам худди шу даврдан изламоқ лозим.

Бэби-буммерлар Америка университетларида 1964 йилнинг кузида пайдо бўлган ва ҳаёт йўлини танлашда тўлиқ эркинлик ҳуқуқини қулга киритган биринчи авлод эди. 1930 йилларда ҳамма ҳам коллежда уқий олмас, зодагонлар оилаларигина тегишли имтиёзга эга эди. Ишсизлар ўғил-қизлари ўқишни ҳатто орзу қила олмас, аксарияти оила аъзоларини боқиш учун мактабни ташлаб иш қидиришга мажбур эди. Фермаларда истиқомат қилаётган миллион-миллион ёшлар ҳали Уолл-Стритдаги фалокат юз бермасиданоқ, Буюк Инқирознинг дастлабки таъсирини сеза бошлайди. Перл-Харбор фожиасидан сўнг эса аксарият ёшлар коллежларни буткул унутган ва кўплари қуролли кучлар сафига сафарбар этилган эди.

Эътиборли жиҳати шундаки, 1950 йиллардаги “индамаслар авлоди”нинг ота-оналари муаллимлар ва руҳонийларга ҳурмати баланд бўлган. 1957 йили профессор Гэлбрайт америкаликлар фаровонлик жамиятида яшаётганини аниқлагандан кейин авлодлар ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўла бошлайди. Бинобарин, бэби-буммерлар тамоман ўзгача мезонлар асосида тарбияланган: эндиликда улар умрининг ярмини телевизор рўпарасида ўтказадиган бўлади. 1950-йилларда телевидение авлодларнинг асрий низоси кетаётганида болалар томонида туриб, ота-оналарга қарши курашга астойдил киришади. Болалар ҳам оинаи жаҳон орқали маътумотлар ва айниқса, рекламани бутун вужуди билан сингдира бошлайди. 1964 йилда минглаб бэби-буммерлар коллежларни ишғол этади. Айни шу кезларда Берклида Марио Савионинг “Эркин сўз” деб номланган ҳаракати ташкил этилади. Талабалар намойишлари ва тартибсизликлар оммавий тус олади. Бу тартибсизликларда кимлар айбланмади дейсиз — Линдон Жонсон, Ричард Никсон, Агню, Вьетнам… Аммо айб фақат шуларда бўлганда эди, оммавий тартибсизликлар нафақат Америкада, балки Европадан Япониягача ёйилмаган бўларди. Келинг, ўша даврда юз берган воқеа-ҳодасаларга бир назар ташлайлик. 1968 йили Чикагода кузатилган “нафрат куни” Демократик партиянинг бўлиниб кетишига сабаб бўлади; “Бахмал инқилоб”ни нишонлаётган чехиялик талабалар Прага кўчаларида рус танкларига рўбарў келади; мексикалик талабалар Мехико кўчаларида отиб ташланади; француз талабалари томонидан Парижнинг тўлиқ ишғол этилишига бир баҳя қолади. Турли қитъа бэби-буммерларига хос умумий хусусият — телевидение воситасида сингдириладиган чексиз эркинлик ғоясидир. Уларнинг ҳар бири болалик чоғлариданоқ ота-онасидан кўра, электрон “тарбиячи”дан сабоқ олишни афзал билган. Телеускуна қаърида яширинган бу “тарбиячи”нинг эса барча саволларга жавоби битта: “Хоҳлайсанми — марҳамат. Нимани истасанг, барчаси муҳайё бўлади”.

Шу тариқа, миллионлаб ёш аёллар ота-она, муаллимлар ва руҳонийларнинг ижтимоий назоратидан, уларнинг назарида, “даҳмаза”дан қутулди; коллеж ва университетлардаги инқилобий кайфият туфайли ўқитувчиларнинг обрў-эътибори пасайиб кетади; дастлаб урушга қарши ҳаракатлар пайдо бўлади (“Жонсон, сен бугун нечта болани ўлдирдинг?”), сўнг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш оммалашади (“Татиб кўр ва лаззатлан”), ниҳоят, жинсий инқилоб юз беради (“урушни қўй, секс билан шуғуллан”). Бир оздан сўнг Американинг ҳатто энг узоқ ҳудудларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи турли хотин-қизлар ҳаракатлари пайдо бўлади. Қора танли кишилар оқ танлилар билан, аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлишни талаб қила бошлайди. Аёллар томонидан эркаклар қимор ва айшу ишрат билан шуғулланиши мумкин бўлса бизнинг улардан кам жойимиз борми, деган масалалар ўртага ташланади. Табиат эркак ва аёлларнинг тўлиқ тенглигини назарда тутмаган, хусусан, фарзанд тарбияси асосан хотин-қизлар зиммасига юкланган экан, вужудга келган вазият масаланинг муроса йўли билан ҳал этилишини талаб этарди. Бу борада бозор иқтисодиёти жуда қўл келади. Туғишга қарши дори ичиш хотирангдан кўтарилган бўлса, хавотирга ўрин йўқ: ён атрофдаги гинекологлардан бири доимо хизматингга тайёр. Бир сўз билан айтганда туғишга қарши препаратлар, ҳамиша хизматга тайёр гинекологлар ҳамда мўзжизавий дори-дармонлар ҳомиладан халос бўлиш, турли жинсий касалликларни даволаш масаласини зиммасига олиб, аёллар жонига ора киради. Бинобарин, бундай вазиятда “никоҳ” деган матоҳга ўрин қолмайди. Репродуктив марказга ташриф буюрсангиз — олам гулистон. Шундай қилиб, жинсий инқилобнинг оммалашувига хизмат қилган, эркин қизлар ҳаётини жозибали қилиб тасвирлаган оммавий маданият таъсирида аёлларда жамоатчилик назаридан қолиш, Худонинг нафратига учраш, обрў-эътибордан жудо бўлиш ва гуноҳдан қўрқиш туйғуси сўна бошлади.

Жамиятда мафкуравий бўшлиқ бўлмаганидек, тез орада азалий қадриятлар ўрнини “ўзи учун яшаш” тамойилини оқлайдиган янги ахлоқ пайдо бўлади. Эндиликда одамларни ким-ким билан айш-ишратга берилгани, нимани ичиб-чеккани каби майда-чуйда нарсалар эмас, Фуқаролик ҳуқуқлари учун курашчилар юришида иштирок этгани, апартеид ҳамда Вьетнамдаги “ифлос ва ноқонуний урушга қарши” чиққани қизиқтирарди. Тарихда кўп бора кузатилгани сингари янги ахлоқ янги турмуш тарзига мос равшишда яратилган эди. Бу ўринда катта ёшдаги кишиларнииг жинсий бузғунчилик, гиёҳвандлик ботқоғига ботиб, исёнкорлик ғоялари ва рок-н-роллга сиғинадиган “янги якобинчи”ларга ҳайрихоҳлик билдириши ва уларни қўллаб-қувватлаши (“бутун тарихимиз мобайнида бундан зўр авлод бўлмаган” қабилида) ажабланарлидир. Бир вақтлар буюк Вордсворт ҳам ўз даврида юз берган инқилобни назарда тутиб, “О, нақадар бахтлидирлар. Шу онда ҳаёт ва навқирон зотлар!” деб ёзган эди.

Албатта, исёнчиларнинг аксарияти ўқишни битириши, ишга жойлашиб, оила қуриши билан бошқа одам бўлди-қолди, аммо баъзилари учун, тарки одат амри маҳол деганларидек, ёшлик “исёнкорлиги”дан қутулиш осон кечмаган. Шуниси ҳам борки, 60-йиллар исёнчилари чинакам инқилобчи бўлмаган. Коллежга кираётганида улар бир нарсага, уни битириб чиқаётганда эса буткул бошқа нарсага эътиқод қўйган ёшлар эди.

Аммо 60-йилларда юз берган маданий ўзгаришларда ҳақиқий инқилобий руҳ мавжуд эди. Унинг таъсирида ёшлар мамлакат ҳудудининг учдан бир қисмида яҳудйй-насроний ахлоқдан воз кечади. Сирасини айтганда, сиёсий элита ҳам ёшларнинг “ота-боболари америкасига” нафрат билан қарашини ҳамиша маъқуллаб келди; телевидение, кино, театр, журналлар ва мусиқа орқали жамоатчилик фикрини шакллантириб, янги эътиқод ва ахлоқ тарғиботчилари уни бутун дунё бўйлаб тарқатишга, миллион-миллион ёшларни шу йўлга сафарбар этишга муваффақ бўлди.

Ҳукмронликни қўлга олган оммавий маданият кечаю кундуз азалий қадриятларни камситиб, ҳатто аёлнинг эри ва болалари бўлиши ҳаётий зарурат экани ҳақидаги тасаввурлар устидан кулиб келди. Бугунги кунга келиб жамиятимизда аёлни оналик вазифасидан бутунлай маҳрум этишга интилаётган кучлар пайдо бўлди.

Кишлоқ хўжалик иқтисодиётида эр-хотин биргаликда меҳнат қиладиган ва яшайдиган уй иш ўрни вазифасини ўтаб келган. Саноатда ишлаш учун эркак уйдан ташқарига чиқиши, хотин эса уйда қолиб, рўзғор ва болалар тарбияси билан шуғулланиши керак эди. Қишлоқ хўжалик иқтисодиёти катта оилага асос солган бўлса, индустриал иқтисодиёт шароитида кичик нуклеар (эр-хотин ва болалардан иборат) оила вужудга келди. Постиндустриал иқтисодиёт даврига келиб эр-хотин офисда ишлашга мажбур бўлгани боис, болалар қаровсиз қолиб кетар ва шу сабабли уларга бўлган эҳгаёж борган сари камайиб борар эди. Бу ҳақда Суортмор университети ходими, сиёсатшунос Жеймс Курц шундай дейди: “Эркакларнинг далани тарк этиб, фабрикаларга ишга кириши ўн тўққизинчи асрда юз берган энг жиддий ўзгариш бўлган эди. Йигирманчи асрга хос энг туб ўзгариш эса аёлларнинг уйдан чиқиб, кун бўйи офисда ўтиришида намоён бўлди. Бу ўзгаришлар ота-онани болалардан, аёлнинг эридан узоқлашувига сабаб бўлди”.

Эркакларнинг ишчи, шахтёр, балиқчи каби азалий касб-ҳунарига эндиликда эҳтиёж қолмади, чунки “оғир” ишларни бизнинг ўрнимизга ривожланаётган мамлакатлардан келганлар бажараётир. Шу боис ҳозирги вақтда айнан аёлларга хос истеъдод ва кўникмаларга эътибор кучайиб бормоқда. Бугун улар учун бошқарув, таълим, молия каби соҳаларда оналари ва бувиларининг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган имкониятлар туғилмоқда. Айниқса, йирик ва кичик бизнес истеъдодли аёлларни уй-рўзғор ташвишларидан қутқариш, оналикдан “муҳофаза” этиш учун барча шарт-шароитларни яратишга интилмоқда. Бинобарин, бу саъй-ҳаракатлар таъсирида ўн миллионлаб аёллар офисларда эркаклар билан ёнма-ён меҳнат қилмоқда, аксарияти ишда бирон-бир жўяли натажага эришмагунча турмуш қуришни четга суриб қўймоқда, анча-мунчаси оилани хаёлига ҳам келтираётгани йўқ.

Тарғибот машинаси эса аёлга “Сен ҳамма нарсага қодирсан” дея уларга ҳам болали бўлиши, ҳам ишлаши мумкинлигини тинимсиз уқтириб келмоқда. Дарҳақиқат, минглаб ёлланма тарбиячилар, мамлакатлар ўртасидаги чегараларнинг очиқлиги, меҳнатга яраша муносиб иш ҳақи, болага қараш учун бериладиган, таътил, ҳукумат нафақалари ва ҳоказолар чиндан ҳам аёлга бола туғиши ва ишлаши учун имкон яратади. Лекин, замонавий аёл бор-йўғи битта, нари борса икки бола туғиши мумкин. Акс ҳолда офисда унинг зиммасига юклатилган вазифаларни тўла-тўкис бажаришга етарли вақт топа олмайди. Шу тариқа, аёл икки йўлдан бирини — ўзини фақат ишга бағишлаши ёки ишлаб, бир мартагина она бўлиш бахтига муяссар бўлиш имкониятини танлашига тўғри келади.

Бу ўринда ўзига хос психологак ҳолатни ҳам эътиборга олиш зарур. Гап америка жамиятининг барча соҳаларида кескин рақобат, мусабақалашув муҳити ҳукмрон экани ҳақида бораётир. Бугун америкалик аёлларнинг жон-жаҳди билан ишлашида ана шу муҳитнинг ҳам таъсири йўқ эмас. Худо кўрсатмасин, қўшни Жонслардан ортда қолиб кетсак-а… деган андиша кўпгана америкалик аёлларнинг кўнглидан ўтади. Бундай ҳолларда болаларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилиши, ҳатто бутунлай унутилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. 1950 йилда 6 ёшли боласи бор аёлларнинг 84 фоизи уй-рўзғор билан шуғулланган ва яна ҳомиладор бўлишга ҳам имкон топган. Бугун эса, аксинча, бундай аёлларнинг 64 фоизи офисларда тўлиқ иш куни тартибида ишламоқда.

Масалан, Элинор Миллс “Спектейтора” газетасида чоп этилган мақоласида ўз тенгдош дугоналари фикр-ўйларини шундай ифодалаган: “Масала шундаки, менга ўхшаш соғлом ва қувноқ тенгдошларим туғиш ва кўпайишни хаёлига ҳам келтирмайди. Чунки, бахтга қарши, бизнинг авлодимизни ташқи кўриниш ва пулдан бошқа ҳеч нима қизиқтирмайди”. Мулоҳазаларини давом этгариб, Миллс бошқа бир замондоши, реклама агентлиганинг ходими Жейннинг фикрини мисол тариқасида келтиради: “Мабодо болам бўлганда эди, — дейди Жейн — зиммамдаги вазифаларнинг ярмини ҳам уддалай олмасдим. Ҳар гал шанба куни 10:30 да ҳали уйқу аралаш эрим билан бир-биримизга термулиб, хар иккимиз “Худога шукр, болани эмиздириш учун саҳарлаб туришнинг кераги йўқ” деганимизни билмай қоламиз. Бу тенгламага учинчи унсур киритилса, муносабатларимиз қай тарзда ўзгариб кетиши мумкинлигини ким ҳам биларди дейсиз”.

Кунлардан бирида Ф.Скотт Фицжеральд Хемингуэйга қарата: “Бой-бадавлат кишилар сену мендан фарқ қилади” деганда, у “Албатта, уларнинг пули бор-да”, деб жавоб қилган экан. Аммо пули, мол-дунёси бўлса-да, нима сабабдандир бойлар хонадонида камбағалларга нисбатан бола сони камроқ бўлади. Келинг, Уильям Оккамнинг (инглиз файласуфи, номинализм оқимининг йирик вакилларидан бири. — тарж.) энг оддий изоҳ кўпинча тўғри чиқади, деган тамойилига таяниб, мулоҳаза юритиб кўрайлик. Дейлик, америкалик қашшоқлар ўртаҳоллар, ўртаҳоллар — бойлар, улар эса ўта бойлар табақаси даражасига етганда, ҳар бири тегишли табақага хос бўлган яшаш тарзини қабул қилиши лозим бўлади. Бу ўринда қуйидаги зиддият намоён бўлади: мамлакат бойиб борган сари унда болалар сони камайиб, аҳолиси қирилиб боради. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, ўз аъзоларининг яшаши учун чексиз шарт-шароит, эркинлик ва бахтли ҳаётни таъминлаш учун барпо этиладиган жамият, бир вақтнинг ўзида, бу инсонларнинг жанозасига ҳозирлик кўради.

Оилавий “нафақа”нинг тугатилиши

1830 йилларда америка саноат инқилоби арафасида Филадельфия касаба уюшмалари ўз аъзоларига мурожаат этиб, “капиталистларнинг очкўзлиги”ни қоралайди ва ҳаракат қилишга даъват этади: “Аёлларимизни меҳнатга жалб этилишига қарши бор куч-имкониятингизни ишга солинг. Хотинларимиз, қизларимиз ва оила аъзоларимизни боқиш учун меҳнатимизга муносиб ҳақ олишимиз керак. Капиталистлар ҳар бир эркак, аёл ва болани ишлашга мажбур қилмоқчи; уларнинг бу нағмасига учмайлик, оиламизни биздан олиб қўйишларига йўл қўймайлик”.

1848 йили Маркснинг “Коммунистик манифест”и чоп этилганда “Ўн соатлик адвокат” газетасида шундай сатрлар босилади: “Эркаклар аёлларимизни газлама тўқиш фабрикасида ғайриинсоний шароитда меҳнат қилишдан халос этиш учун етарли даражада таъминланадиган кун узоқ эмас, деб умид қиламиз”. Қизиғи шундаки, касаба уюшмаларининг бу борадаги тасаввурлари Маркс ва унинг сафдоши Энгельснинг қарашларига тамоман зид эканини пайқаш қийин эмас. Чунончи, Энгельс “Оила, хусусий мулк ва давлатнинг келиб чиқиши” асарида бу ҳақда шундай деб ёзади: “Аёлни озод этишнинг биринчи шарти — барча хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш… жамиятнинг иқтисодий унсури бўлган бир никоҳли оилани тугатишдир”. Ажабо, глобал иқтисодиётнинг эркакдан, уй-рўзғордан ва оиладан озод этилган аёл — меҳнат қуроли деган тамойили коммунизм асосчиларининг қарашлари билан муштараклига ҳайратланарли ва ғайритабиий эмасми?

“Америкада оила” тадқиқотининг муаллифи Алан Карлсоннинг таъкидлашича, АҚШда ишлаётган эркакларга маълум муддат хотини ва бола-чақасини боқиш учун норасмий тарзда ўзига хос “нафақа” тўлаб келинган экан. Оила фаровонлигининг асосларидан бири сифатида тан олинган ушбу амалиёт папа Лев Ўнучинчи томонидан ҳам маъқулланган эди.

Аммо, барибир, Иккинчи жаҳон урушидан кейин эркаклар ва аёллар ўртасидаги ижтимоий тафовут кескинлаша бошлаган. Масалан, 1939 йилда аёлларнинг ойлик маоши эркаклар маошининг 59,3 фоизини ташкил этган; 1966 йилга келиб бу кўрсаткич 53,6 фоизгача пасаяди.

1964 йили мазкур амалиётга чек қўйилади. Феминист аёллар афроамерикаликлар ҳуқуқлари, эркак ва аёлларнинг тенглигини таъминловчи Фуқаролик ҳуқуқларига оид актга жинсий белгиларга кўра таҳқирланишга йўл кўйилмаслиги ҳақидаги қоидани киритишга муваффақ бўлади. Ушбу қоиданинг жорий этилиши шахс, индивидиум манфаатларининг оила манфаатларидан устуворлигини таъминлади. Бунинг таъсирида аёллар ойлик маоши сезиларли даражада ошади; энг ёмони, эндиликда аёллар илгарилари асосан эркаклар машғул бўлган тиббиёт, ҳуқуқшунослик, журналистика, илм-фан, бошқарув, бизнес каби соҳаларни эгаллай бошлаши билан оилалар бузилиб кета бошлайди. Доктор Карлеоннинг маълумотларига кўра, “1973-1996 йиллар оралиғида кун бўйи ишлайдиган 15 ёшдан юқори бўлган эркакларнинг ўртача йиллик даромади 24 фоизга пасайиб, 37200 доллардан 30000 долларгача тушиб кетади”. Шу тариқа, феминизм байроқлари остида аёллар эркаклар билан очиқ-ошкора мусобақага киришади. Миллион-миллион аёллар бу борада эркаклар устидан ғолиб келиб, уларнинг ўрнини эгаллайди. Шунга яраша уларнинг даромадлари ҳам узлуксиз ошиб борган бўлса, оилали эркакларнинг даромади йилдан-йилга пасайиб бораверган. Бу ҳол оилавий муҳита таъсир этмасдан қолмасди, албатта. Хусусан, кўпгина эркаклар яна ишга қайтишни истаётган аёлларининг талабларига дош беролмай қолади. Ёш эркаклар, қанчалик ҳаракат қилмасин, топаётган даромади билан оиласини боқолмаслигини англаб етади. Эркакларнинг бу ҳолатдан фойдаланган ёш америкалик аёллар эса мустақиллик, ҳеч кимга қарам бўлмасдан яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш мумкинлигини, турмуш қуришга шошилмаслик лозимлигини англаб етади. Уларнинг кўпчилиги ана шу мақсадга эришиш учун ишга киришади. Натижада, 1970 йилда 24-28 ёшдаги аёлларнинг 36 фоизи турмуш қурмаган бўлса, 1993 йилда бу кўрсаткич худци шу ёшдагилар орасида 68 фоизга етади. Шу давр мобайнида 25-29 ёш оралиғидага аёллар орасида умуман турмушга чиқишни хоҳламайдиганлар уч баробардан зиёд кўпайиб, 10 фоиздан 35 фоизга етган…

Бир вақтлар ўта радикал кайфиятда бўлган, кейинчилик эса насронийликни қабул қилган Орестес Бронсон мамлакатда вужудга келган маънавий-руҳий муҳит хусусида тўхталиб, Маммонага сиғиниш (Маммона — пул, бойлик маъбудаси — тарж.) ўн тўққизинчи асрдаёқ яққол намоён бўла бошлаганини уқтирган эди. “Маммонизм, — деб ёзади у, — англосаксон дунёсининг динига айланди. Худони эса умуман ёдимиздан чиқардик. Биз эзгулик, гўзаллик ва адолатга бўлган ишонч-эътиқодимиздан буткул маҳрум бўлдик”. Орадан бир аср ўтиб, материалистик дунёқарашдан воз кечиб, диний эътиқодга қайтган Уиттакер Чамберс “Давримизга хос асосий муаммо иқтисодиёт билан эмас, иймон-эътиқод билан боғлиқдир” дея, маммонизм бугунги кунда кишилар дунёқарашини белгиловчи етакчи омилга айланиб қолганига эътибор қаратади.

Жазава

1960-1970 йилларда ўша даврга тўғри келган туғилиш даражасининг бир оз ошишига ҳукмрон элитанинг ўзига хос, акс жавоби сифатида янги “ғайриижтимоий” ҳаракат вужудга келади. Унга Стэнфорд университетининг профессори, биолог Пол Эрдих асос солади; бир вақтлар Ричард Карсоннинг “Осуда баҳор” китоби атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ҳаракати учун қандай аҳамият касб эттан бўлса, Эрлихнинг “Популяция бомбаси” асари ҳам туғилишни назорат қилиш борасида шунчалик муҳим ўрин тутиб келган. Эрлих бир вақтлар инсониятнинг очликдан муқаррар қирилиб кетиши ҳақидаги башоратлари ўн тўққизинчи асрга келиб чиппакка чиққан британиялик файласуф Томас Роберт Мальтуснинг замонавий издоши сифатида намоён бўлади. Мальтуснинг ёзишича, “Аҳоли туғилиши чекланмас экан, у геометрик прогрессия тарзида кўпайиб боради, яъни ҳар 25 йилда икки баробарга ошади”. Озиқ-овқат ишлаб чиқаришни ҳам худди шундай суръатларда кўпайтириш имкони йўқ экан, — дея башорат қилади бу валломат, — демак, келажакда инсоният очлик ва ўлимга маҳкумдир. Аммо Мальтуснинг озиқ-овқат шилаб чиқарши борасидаги хулосалари ҳам, Эрлихнинг жаҳон захираларининг тугаб бораётгани ҳақидаги башоратлари ҳам хато эканини вақт кўрсатди. Ҳозирги вақтда сайёрамизда истиқомат қилаётган олти миллиард аҳоли 1960 йилдаги уч миллиард ёки 1830 йилдаги бир миллиард аҳолидан яхшироқ яшаёттанини ҳеч ким инкор этмаса керак. Назаримда, очлик ва турли бало-қазолар сабабларини Ер шари аҳолисининг ўсишидан эмас, сиёсатчиларнинг уқувсизлиги, жиноятчиликнинг ошиши, бемаъни ғоя ва мафкуралардан изламоқ лозим. Шунга қарамай, Эрлихнинг “Сьерра” клуби томонидан нашр этилган ушбу китоби барча олий ўқув юртларига тарқатилади ва тез орада машҳур бўлиб кетади. Ҳатто айрим давлат арбоблари ва сиёсатчилар, чунончи, собиқ мудофаа вазири ва Жаҳон банкининг президенти Роберт Макнамара ҳам унинг ғояларига маҳлиё бўлиб қолади. “Аҳолининг кўпайиши, — дейди Макнамара 1977 йилдаги нутқларининг бирида, — қашшоқлик, очлик, низо ва асабий ҳолатларни вужудга келтириб, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорликни издан чиқариши шубҳасиздир”. 1978 йили эса аҳоли муаммолари бўйича АҚШ Конгресси комиссияси томонидан эълон қилинган баёнотда шундай дейилади: “Сайёрамиз аҳолисининг тез суръатлар билан кўпайиб бораётгани ва айрим ҳолларда ишлаб чиқариш унумдорлигининг пасайиши туфайли инсоният мавжуддигини белгилаб берадиган ўта муҳим биологик тизим хавф остида қолмоқда”. Худди ўша кезларда “Аҳолига қарши уруш” китобининг муалллифи Жаклин Касуннинг ёзишича, Смитсон институти томонидан ташкил этилган “Бизнинг муаммомиз бу — аҳоли” деб номланган болалар кўзгазмасида келажакдаги озиқ-овқат захираси тимсолини акс этгирувчи — ўлиб ётган каламуш тасвири намойиш этилган экан. Хуллас, Американинг илмий ва сиёсий уюштирган оммавий тарғибот компанияси таъсирида туғилишни назорат этиш ғоясини жамоатчилик фикри томонидан қўллаб-қувватланишига, қисман булса-да, эришилади. Чунки Эрлих назарияси асосан ривожланган мамлакатларнинг юқори ва ўрта табақа вакиллари томонидан қўллаб-қувватланган бўлса, Учинчи дунё мамлакатлари аҳолисига олимнинг мулоҳазалари заррача таъсир этгани йўқ. Натижа эса барчага аён: бир томонда, “фаровонлик жамиятида” туғилишнинг кескин камайиши, иккинчи томонда, учинчи дунё мамлакатларида унинг мислсиз даражада ўсиши яққол намоён бўлди.

Феминизм

Ҳозирги вақтда “замонавий аёлларнинг” аксарияти абортни қўллаб-қувватлайди. “Аёлни озод этиш” ибораси, уларнинг фикрича, унинг хотин, она ва уй бекаси каби анъанавий вазифаларидан воз кечишини англатади. Шу билан бирга, феминизм ҳаракатининг асосчилари орасида ўзгача фикрда булган аёллар ҳам йўқ эмас. “Нью Оксфорд Ревью” шарҳловчиси Жозеф Кодлисон Олий суднинг “Роу Уэйдга қарши” иши бўйича қарори ҳақида тўхталиб, шундай деб ёзади: “Илгари феминист аёллар абортга қарши кескин курашиб келган. Масалан, 1848 йилда феминист аёлларнинг биринчи йиғилишини ташкил этган Элизабет Гэди Стэнтон абортни “ғайридиний, жиноий иш” деб ҳисоблаган”. Аёлларнинг сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини ёқлаб чиққан Сьюзен Б.Энтони эса “қандай сабаб бўлишидан қатъи назар, бу ишни содир этган аёл — жиноятчидир. Бу қилмиши учун у умр бўйи виждони олдида, ҳаттоки ўлим тўшагида азоб чекади” деб таъкидлаган. Дарҳақиқат, айнан ўн тўққизинчи аср феминист аёлларининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан абортни жиноят дея эълон қилган қонунлар қабул қилннған эди”.

Колисоннинг таъкидлашича, Бетти Фриданнинг асосий асари — “Аёл сири” китоби дастлабки нашрларида аборт масаласи ҳатто тилга ҳам олинмаган экан. Бу ибора 1960 йилларда пайдо бўлади.     

Иккинчи жаҳон урушидан олдин “Оилани режалаштириш” жамиятининг асосчиси Маргарет Санжер “кўп болали оилада чақалоқнинг ўлдирилиши унга нисбатан раҳмдиллик бўларди” деб ёзганида, бу сўзлар воқелиқдан йироқ радикал социалистнинг даъвати сифатида талқин этилган эди. Аммо 60-70-йиллар феминист аёллари Санжернинг оила ва никоҳ кераксиз юк деган қарашларини байроқ қилиб олади. “Никоҳ, — деб ёзади, “Порнография: аёлларнинг эркаклар томонидан бўйсундирилиши” китоби муаллифи Андреа Дворкин, — зўравонлик негизида вужудга келган институт. У дастлаб ўғирлаш, сўнгра асир олиш орқали никоҳга айланган. Гап шунчаки фойдаланиш тўғрисида эмас, балки уни тўлиқ бўйсундириш ҳақида бораётир”. Кўриб турганингиздек, марксизмнинг айнан ўзгинаси. “Ҳозирга кўринишдаги оила йўқ қилиниши лозим, — дейди яна бир ашаддий феминист Ливда Гордон. — Оила кишиларга зулм ўтказишни, уларни бирлашиб, умумий манфаатларини ҳимоя этишга қодир бўлмаган кичик-кичик гуруҳларга бўлиб ташлашни қўллаб-қувватлайди”. 1970 йилда “Мс.” журналининг асосчиси Робин Морган никоҳни қулдорликка қиёслаб, шундай дейди: “никоҳ йўқ қилинмас экан, эркак ва аёллар ўртасидаги тенгсизликка ҳеч қачон барҳам берилмайди”. Ўша йили мисс Морган таҳрири остида нашр этилган “Аёллар — опа-сингаллар” тўпламида эркаклардан воз кечиш жамияти президенти Валери Соланиснинг мақоласида шундай гапларни ўқиш мумкин эди: “Бугунги илм-фан тараққиёти даврида эркаксиз ҳомиладор бўлиш… ва фақатгина қиз бола туғиш имконияти туғилди. Биз зудлик билан ишга киришишимиз лозим. Эркак бу — табиатнинг хатоси, майнавозчилиги. У бутун дунёни ахлат уюмига айлантираётир”. Мисс Соланиснинг бу гапларидан унинг аёлга хос бўлмаган шафқатсизлиги, кўзлаган ишига қанчалик жиддий ёндашганини тасаввур этиш қийин эмас.

1973 йили Нэнси Леманн ва Хелен Саллингерлар томонидан феминистлар ҳаракатининг “Феминизм декларацияси” деб ном олган янги манифести эълон қилинади. Кенг тарғиб этилган ва анча-мунча ижобий тақризлар олган мазкур ҳужжатда, жумладан, шундай дейилади: “Эркаклар никоҳни ўз манфаати учунгина ўйлаб топган; у қонун билан кафолатланган аёлларни бошқариш усулидир… Биз уни йўқ қилиб юборишимиз даркор. Аёлни озод этишнинг асосий шарти — никоҳ институтининг емирилишидир. Шундай экан, биз аёлларни эрларидан ажралишга, эркаклар билан ҳар қандай муносабатларни узишга даъват этамиз…”

Аксарият ашаддий феминист аёллар никоҳни — фоҳишабозлик, оилани эса ўз аҳамиятини йўқотган институт, деб ҳисоблайди; улар орасида оила-никоҳ муносабатларини қамоққа олиш ёки сургун қилиш билан ҳам қиёслайдиганлар оз эмас. Шейла Кронин “Жуиш Уорлд Ревью” журналининг 2000 йил феврал сонида босилган “Аёллар қадр-қимматини ҳимоя қилиш йўлида” мақоласида ёзишича, “Никоҳ — бу қулликнинг бир шакли экан, демак, аёллар ҳаракати ана шу институтга қарши қаратилиши зарур. Чунки никоҳ бор экан, аёлларнинг озод этилишига умид қилиш хомхаёликдир”. Албатта, ҳозирги вақтда америкалик аёлларнинг ҳаммаси ҳам бу ғояларни маъқуллайди, деб бўлмайди. Акс ҳолда бизда туғилиш кўрсаткичлари бундан-да аянчлироқ ва ҳозирнинг ўзидаёқ ҳалокат эшик қоқиб турган бўларди.

Шунга қарамай, бу ғоялар таъсирида миллион-миллион америкалик аёллар оила қуриш ва бола туғишдан воз кечмоқда, оиланинг анъанага зид шакллари пайдо бўлмоқда. Масалан, 1970 йилдан ҳозирги вақтгача никоҳсиз яшаётганлар сони 523 мингдан 6,5 миллионгача, яъни 1000 (!!!) фоизга ошгани, фақат тўрт хонадондан биттасида тўлиқ (эр-хотин ва уларнинг болаларидан иборат) оила истиқомат қилаётгани, якка ўзи яшаётган америкаликлар мамлакат аҳолисининг 26 фоизини ташкил этгани фикримизни тасдиқлайди. Бошқача айтганда, никоҳ “модадан қолди”. 1990 йили Катарина Рунске Буюк Британияда чоп эттирган “Кимсасиз қалблар ва уйлар” китобида никоҳ ва эркак зотига қарши қаратилган феминистик тажовуз оқибатларини зўр маҳорат билан тасвирлаган. Унинг назарида, феминизм бу — “Дарвин тараққиёт назарияси сингари боши берк кўча. Шу боис феминист аёлларни қўллаб-қувватлаётган сиёсатчилар ўз халқларини улкан хавф-хатар, жарликка етакламоқда”.

Оммавий маданият

Оммавий маданият тарғиб этаётган қадриятлар қаторида жинсий майл оналик бахтидан анча юқори ўрин эгаллаган. Ҳозирги вақтда қаёққа қараманг — аёллар журналлари бўладими, бўлмағур сериал, эротик роман ёхуд телевидение кўрсатувлари бўладими барча-барчасида аёлларнинг мустақиллиги (ва ёлғизлиги), ишдаги ютуқлари ва секснинг ошкора тарғиб этилаётганига гувоҳ бўласиз. “Ҳар қандай кишилик жамияти икки йўлдан бирини танлаши лозим: бор куч-имконият ва салоҳиятни ижод ва меҳнатга сафарбар этиш ёхуд жинсий эркинлик нашидасини суриш. Тарихнинг гувоҳлик беришича, ҳар иккисини уйғунлаштириш камдан-кам авлодларга насиб этар экан”. Тарихимиздаги энг буюк, дея эътироф этилаётган бугунги авлоднинг онгли ҳаёти Буюк Инқироз ҳамда Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошлангани барчага маълум. Айнан ана шу авлоднинг куч-қуввати ва салоҳияти туфайли Америка дунёдаги етакчи мамлакатга айланди. Бэби-буммер ва “next”лар авлоди вакилларининг аксарияти эса жинсий эркинлик йўлини танлади. Бир оз вақт ўтиб, биз Ахвиннинг “Ғарб жинсий эркинлик борасида амалга оширган экспериментининг қурбонига айланади” деган башорати тўғри эканига ишонч ҳосил қилсак ажаб эмас. Зеро, шарҳловчи Женкин Ллойц Жонс таъкидлаганидек, “буюк тамаддунлар ва ҳайвонларга хос яшаш андазаларининг умри қисқа бўлади”.

Русчадан Баҳодир Зокир таржимаси

“Жаҳон” адабиёти журналининг 2007 йил, 1-сонидан олинди.

_____________

Патрик Жозеф Бьюкенен — америкалик таниқли журналист ва сиёсий шарҳловчи. 1938 йилнинг 2 ноябрида Вашингтон шаҳрида таваллуд топган. Католик мактабни тугатгач, Жоржтаун университетида таҳсил олган. 1961 йилда у мазкур университетни инглиз тили ва фалсафа мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1962 йилда у Нью-Йоркдаги Колумбия университетининг Журналистика Олий мактабини битирган.

1966-1974 йилларда у президент Никсоннинг маслаҳатчиси, 1985-87 йилларда эса президент Рейган маъмуриятида жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари лавозимида хизмат қилган. У “Янги кўпчилик: президент Никсон икки йўл ўртасида” (1973), “Ўнг бўлиб тугилган”(1988), “Ўнгларнинг сўлларга айланиши” (2004) каби ўнга яқин китоб муаллифи.

Айниқса, Бьюкененнинг “Ғарбнинг ҳалокати: аҳолининг камайиши ва иммиграциянинг кучайиши мамлакатимиз ва тамаддунимизга қандай таҳдид солмоқда?” (2001) асари анчагина жиддий баҳс-мунозарага сабаб бўлиб келмоқда. Унда муаллиф мавжуд мамлакатига таҳдид солаётган хавф-хатарлар манбаи ва омиллари ҳамда улар келтириб чиқараётган оқибатлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини баён этган.