Фалсафанинг баҳс мавзуси нима, у қандай муаммолар таҳлилини ўз ичига олади, деган саволга олимлар уч минг йилдан кўпроқ вақт давомида жавоб излаб келмоқдалар. Лекин бу саволга барча учун маъқул бўладиган жавоб топилгани йўқ. Ҳар бир тарихий даврда ижод қилган олимлар бу саволга ўзлари яшаган шароитдаги ижтимоий, маънавий имкониятлар чегарасида жавоб излаганлар.
Фалсафа инсон, унинг орзу-умидлари, оламга бўлган муносабати, борлиқнинг умумий моҳияти масалаларини конкрет билимлар, амалий тажриба натижалари билан боғлаб, яхлит таҳлил этувчи, шу асосда уларни теран англашга имкон берадиган умумий методологик хулосалар чиқарувчи фандир. Фалсафа инсон билимларини бир-бири билан боғлабгина қолмай, уларни муайян қадриятларга таяниб умумлаштиради, янги, теран хулосалар чиқаради ва шу асосда борлиқнинг умумий моҳиятини бир-бири билан боғланган, доимо ривожланаётган жараён сифатида яхлит англашга, маънавий, мақсадли таҳлил этишга имкон яратади.
Фалсафанинг баҳс мавзуси борлиқ ва унинг шаклларидир. Вазифаси эса борлиқ ҳақидаги билимларни бир-бири билан боғлаб, муайян ижтимоий, маънавий қадриятлар асосида қиёсий таҳлил этиб, оламни бир бутун ҳолатда тушунишга имкон берадиган умумий хулосалар чиқаришдир. Фалсафий хулосалар фанларни бир-бири билан боғлаб, уларнинг янада кенгроқ, чуқурроқ ривожланишига имкон яратади. Шу сабабли ҳам фанлар ривожлангани сари маънавий асосланган фалсафий умумлашмаларга эҳтиёж ортиб бора беради.
Биз сўз юритаётган асосий мавзу – фалсафий умумлашмаларнинг ўзигина эмас, балки уларга асос бўлган ижтимоий, маънавий қадриятлардир, инсон моҳияти ҳақидаги таълимотлар ва инсонпарварлик ғояларидир. Фалсафий таълимотларнинг асосий аҳамияти ҳам уларда инсон моҳияти, манфаатлари қанчалик тўғри акс этгани, инсонпарварлик ғоялари, қадриятларига қанчалик таянилгани билан белгиланади. Афсуски сўнгги йилларда фалсафанинг сиёсий аҳамияти бўрттирилиб, унинг маънавий асослари таҳлилига етарли эътибор берилмай келмоқда.
Маълумки, инсоннинг моҳияти, манфаатлари, борлиққа муносабатини муайян қадриятларга таяниб, яхлит таҳлил этиш зарурияти барча даврларда ҳам бўлган, бундан кейин ҳам давом этаберади. Мен бу оламга нима учун келдим, яшашимдан мақсад нима, борлиқнинг моҳияти қандай, табиатга, жамиятга, инсонларга муносабатнинг қандай ахлоқий, ҳуқуқий мезонлари бор, деган саволларни ҳеч ким, ҳеч қачон четлаб ўта олмайди. Бу саволларга жавоб топиш жараёнида инсон кўп нарсаларни ўйлайди, фикрлайди, билимлари ва ҳаётий тажрибаси, ўтмиш сабоқлари якунларини бир-бири билан боғлаб, маълум ижтимоий, маънавий қадриятларга таяниб ақлий таҳлил этади, ҳаётий дастур бўладиган хулосалар чиқаришга ҳаракат қилади.
Бир умр бундай саволлар гирдобида яшаб, уларга муайян маънавий қадриятларга таяниб жавоб топишга интилган мутафаккирлар — файласуфлардир. Файласуфлар барча замонларда ҳам ўз даврининг донишмандлари ҳисобланишган.
Етук маънавият соҳиби бўлиш, донолик ва донишмандлик — биринчи навбатда инсон манфаатлари ва инсонпарварлик қадриятларига содиқ бўлишнинг белгисидир. Маънавий баркамол, чуқур билимли бўлмаган одамлардан яхши файласуфлар чиқиши ҳам қийин. Файласуфлар инсон ва олам таҳлили билан боғлиқ бўлган барча умумий хулосаларида ахлоқ, одоб мезонлари инсонпарварлик қадриятларига таянганлар.
Бу муаммо устида тўхтаб, Форобий шундай деган эди: “Фалсафани ўрганишдан аввал ўзингизни ҳирс-ҳаваслардан шундай тозалангки, сизда маишат, шаҳвоният каби туйғулар эмас, балки камолотга бўлган иштиёқ-ҳавас қолсин… Бунга ҳулқ-ахлоқни сўздагина эмас, балки амалда такомиллаштириш орқали эришиш мумкин”.
Фалсафанинг инсонпарварлик билан боғлиқ моҳиятини тушунишда Марказий осиёлик буюк файласуф Розий Абу Бакр Муҳаммад ибн Закарийнинг қуйидаги сўзлари ҳам катта аҳамиятга эга: “Кимки фалсафани ўрганиш билан машғул бўлса ва унга эътибор бераётган бўлса, у ҳақиқат йўлидан боришга лойиқ.
Ҳақиқатан ҳам, кишиларнинг руҳияти дунёнинг зулмат ва қабоҳатларидан халос бўлиши ва инсоннинг роҳат-фароғатда яшаши фақат фалсафани ўрганиш орқали бўлади”.
Фалсафий фикрлаш жараёнида инсон кўплаб муҳим муаммоларни ҳал этишга йўл излабгина қолмай, ўзи ҳам ижтимоий, маънавий камол топади. Инсон маънавий камол топмаса, жамият тараққиёти ҳам тўхтайди. Машҳур файласуф Жан Жак Руссо айтганидек, “фалсафани ўрганиш жараёнида кишиларда адолатлилик, ҳақгўйлик, инсонпарварлик эътиқоди шаклланади, бошқаларга қайғуриш, ачиниш ҳиссиёти кучаяди”. Бу ўринда Жан Жак Руссонинг, “одамни файласуф қилишдан олдин уни инсон сифатида тарбиялаш керак”, деган фикрни ҳам ёдга олиб ўтмоқ керак.
Фалсафий фикрлаш салоҳияти, имконияти, маданияти барча инсонларда бор. Лекин у ҳаммада бир хил бўлмайди. Чуқур билимли, бой тажрибали, маънавий етук одамларгина теран фалсафий хулосалар қилиш имконига эга бўладилар. Халқ бундайларни донолар деб атайди. Донолик – инсонга Аллоҳ бахш этган, ҳаёт сабоқлари билан сержило бўлган ақлий салоҳиятдир, юксак ахлоқий қадриятларга таяниб ўйлаш ва фикрлаш, умумий хулосалар қилиш имкониятидир. Фақат маънавий, ахлоқий, илмий етук кишиларгина фалсафий ғояларнинг моҳияти ва аҳамиятини тўғри тушуниш имконига эга бўладилар. Шу сабабли барча даврларда ҳам фалсафа инсонларнинг доноликни севишини, ҳикматга, ҳақиқатга чексиз интилишини ифодалаган. Фалсафа фикрий теранлик, кенг мулоҳазалик, адолатпарварлик, ҳақиқатга ташналик, илмий холислик, инсон манфаатлари, инсонпарварлик, қадриятларга таянишнинг натижасидир. Буюк инглиз файласуфи Б.Рассел шундай деган эди: “Мен ўз фикрларимни бошқаларга фалсафани билмаган дўстларимдан кўра, менга душман бўлса ҳам фалсафани билган одамлар тушунтиришини хоҳлар эдим”.
Ҳозир баъзи олимлар фалсафа инқирозга учрагани ҳақидаги фикрларни ўртага қўймоқдалар. Тўғрисини айтганда, фалсафа фанида ҳеч қандай инқироз бўлгани йўқ. Инқироз бу фанга муносабатда, унинг моҳияти ва аҳамиятини нотўғри, бирёқлама тушунишда, фалсафий хулосаларда инсон муаммоси, инсонпарварлик қадриятларига етарли эътибор бермасликда намоён бўлмоқда. Сўнгги йилларда сиёсатнинг қули ва сиёсатчиларнинг қуролига айланиб қолган маддоҳлик фалсафаси инқирозга учради ва учрамоқда.
Фалсафанинг моҳияти ва унга асос бўлган инсонпарварлик ғояларига нотўғри ёндошишнинг кўплаб сабаблари бор. Булардан бири – Ғарб мамлакатларида XVII – XVIII асрларда бошланган, XX асрга келиб ниҳоятда чуқурлашган техноген цивилизация ва унинг ижтимоий, сиёсий, маънавий оқибатларидир.
Техноген цивилизацияси натижасида, айниқса, унинг сўнгги даврларида, фалсафий таълимотларнинг моҳияти ва аҳамиятини нотўғри тушуниш, бу борадаги тарихий анъана ва қадриятлардан чекиниш бошланди. Фалсафий муаммолар конкрет инсоннинг моҳияти ва манфаатларидан ажралган назарий қарашлар тизими сифатида талқин этила бошлади. Инсон муаммоси кўплаб янги фалсафий таълимотларда иккинчи ўринга тушиб қолди, инсон руҳини турғунлик ва тушкунликка чорловчи таълимотлар майдонга кела бошлади.
Фалсафага нотўри муносабатнинг шаклланиши, унинг моҳияти ва аҳамиятини сохталаштирилишининг яна бир сабаби – ўта сиёсийлашган, кишиларни кескин инқилобий тўнтаришларга, муросасиз синфий курашларга чорловчи марксча фалсафанинг пайдо бўлиши, XX аср боши ва ўрталарида дунёнинг айрим минтақаларида тарқалиши эди.
Хўш, бу икки омилни фалсафа фанининг инсонпарварлик моҳияти ва аҳамиятини тушунишга кўрсатган салбий таъсири нималарда намоён бўлади?
Маълумки, техноген цивилизация XX асрга келиб жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаётида катта ўзгаришларга олиб келди. Бу даврда фан, техника, технология ниҳоятда тез суръатлар билан ривожланди. Ядро энергиясидан фойдаланиш, коинотни ўзлаштириш ва бошқа илмий кашфиётлар туфайли янги информация асрига қадам ташланди. Жамият ҳаётида ҳам катта иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ўзгаришлар содир бўлди. Лекин техноген цивилизация натижаларини бирёқлама тушуниш ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ривожланиш билан инсон маънавий камолоти ўртасидаги мутаносиблик мезонларини бузиб юборди. Фан, техникадаги катта кашфиётлар ва ўзгаришларнинг ижодкори бўлган инсон ўзининг ижтимоий имкониятлари, маънавий камолоти жиҳатидан давр руҳи ва эҳтиёжларига монанд камол топмади. Жамият ҳаётида сиёсий, диний, миллий адоватлар, зиддиятлар билан боғланган қонли урушлар, тор гуруҳий манфаатлар учун курашнинг оқибати бўлган бўҳронлар, сиёсий тўнтаришлар, шахсий, гуруҳий диктатура ўрнатиш, демократия ва инсон ҳуқуқларини паймол этиш, миллий камситишлар, фуқароларнинг эътиқоди, виждон эркинлигини маъмурий йўллар билан чеклаш ҳоллари, уюшган жиноятчилик, бангилик, фоҳишабозлик авж олди. Жамиятнинг муҳим ижтимоий асоси бўлган оила заифлашди, ёшлар тарихан шаклланган ахлоқий қадриятлардан, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик, меҳр-мурувватлилик, раҳм-шафқатлилик сингари ахлоқий фазилатлардан аста-секин бебаҳра бўла бошладилар. Жамият ҳаётида маънавий бўҳронлар кучайиб борди. Инсоннинг табиатга, жамиятга, бошқа одамларга бўлган муносабати салбий таъсир этган инсонпарварлик қадриятларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти пасайишига олиб келган бу ғоявий омиллар қуйидагилардир:
- Инсон фаолиятини воқеликни ўзгартиришга, уни ўзига бўйсундиришга қаратилган ҳаракат деб баҳолаш;
- Табиатга инсон фаолияти учун заҳира (ресурс) бўлган неорганик олам сифатида ёндошиш;
- Инсон фаолиятини, унинг мақсадларидан қатъи назар, қадрият деб баҳолаш;
- Инсонлар бегоналашувини, тенгсизлик ва адолатсизликни жамият ҳаёти ва тараққиёти учун табиий, зарурий жараён деб билиш;
- Янгилик яратишнинг барча кўринишларини, моҳияти ва оқибатларидан қатъи назар, қадрият деб талқин этиш;
- Индивидуализм, эгоизм, худбинлик кучайиб, одамлар ўртасида раҳм-шафқат, меҳр-мурувват, инсонпарварлик қадриятлари заифлашиши.
Жамиятнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий тараққиётига таъсир этган бу омиллар ҳам фалсафанинг инсонпарварлик моҳияти ва аҳамиятини заифлаштирди. Натижада инсоннинг моҳияти, унинг борлиққа муносабатини тушуниш ижтимоий адолат, инсонпарварлик, ахлоқ ва одоб мезонларига мос келмайдиган тамойиллар билан белгилана бошлади.
XIX асрнинг ўрталарида юзага келган, XX асрда дунёдаги қатор мамлакатларда тарқалган марксча фалсафа ҳам тор синфий, сиёсий мақсадлар билан боғланганлиги сабабли, умуминсоний қадрият даражасига кўтарила олмади. Марксизмни ижтимоий фикрлар тараққиётининг олий босқичи деб қараш ўтмишда мавжуд бўлган фалсафий таълимотларни сохталаштиришга, камситишга олиб келди. Инсон муаммоси сиёсий ақидалар, авторитар кўрсатмалар соясида қолиб кетди.
Натижада техноген цивилизациянинг ижтимоий, сиёсий оқибатлари ҳам, Маркс фалсафаси ҳам инсон моҳияти, манфаатлари, унинг борлиқдаги ўрни масаласини бир томонлама талқин этишга олиб келди. Биринчи ҳолатда инсон илмий-техтика тараққиёти соясида қолиб кетган бўлса, иккинчи ҳолатда у ижтимоий, сиёсий, иқтисодий муносабатлар гирдобидаги иродасиз, ихтиёрсиз, фаолияти мавҳум ақидалар, юқоридан берилган кўрсатмалар асосида бошқариладиган пассив куч сифатида қаралган.
Шундай шароитларда Ғарб мамлакатларида XX аср ўрталарига келиб, инсон моҳияти, манфаатлари таҳлилига, инсонпарварлик ва адолатпарварлик қадриятларига, инсон маънавий камолоти масалаларига устивор аҳамият берувчи Шарқ фалсафасини ўрганишга катта эътибор берила бошлади.
Хўш, Шарқ фалсафасининг ҳозир ҳам катта аҳамият касб этаётган моҳияти, ўрганаётган муаммолари тизими нималардан иборат?
Бу муаммоларнинг айрим томонлари устида тўхтаб ўтамиз.
Аввало шуни айтиш керакки, Шарқ флсафаси фақат ислом фалсафаси деган тушунчани билдирмайди. Шарқ фалсафаси моҳияти ва кўлами жиҳатидан ниҳоятда кенг бўлиб, Ҳиндистон, Эрон, Туркистон, Араб-мусулмон оламида минглаб йиллар давомида шаклланган барча фалсафий, диний-орифий таълимотларни ўз ичига олади. Ислом фалсафаси эса унинг кўринишларидан биридир.
Шарқ фалсафасининг биринчи хусусияти — инсон, унинг моҳияти, манфаатлари, инсонпарварлик қадриятлари муаммоларини тор синфий мафкуралар, авторитар ғоялар, сиёсий кўрсатмалар билан боғламай, холис илмий англашга интилишдир. Шарқ маънавиятининг тарихий анъаналарида фалсафа табиат, жамият, инсон тафаккурининг энг умумий қонунлари тўғрисидаги фан деб қаралмаган. Шу билан бирга Шарқда фалсафа инсонларга табиат устидан, моҳияти ва оқибатини ўйламай, чексиз ҳукмронлик қилиш йўлларини кўрсатиб берувчи ғоя, тор сиёсий мафкура ҳам бўлмаган. Шарқда фалсафа ҳаммавақт ҳикмат, адолат ва инсонпарварлик мезонларига таяниб, ҳақиқатни излаш йўли сифатида қаралган. Тарихий анъаналар, ахлоқий қадриятлар ҳақиқатни билишнинг, борлиқни изоҳлаш, билимларни умумлаштириб, якуний хулосалар чиқаришнинг асосий замини бўлган. Фалсафанинг миллий, минтақавий жиҳатлари ҳам ана шу фалсафий хулосаларга асос бўлган анъана ва қадриятларнинг ўзига хослиги билан белгиланган.
Ахлоқий асослаш мумкин бўлмаган манфаатлар, мақсадлар, фикрлар, хулосалар адолат деб эътироф этилмаган. Фалсафий хулосалар инсон ва унинг моҳияти, инсониятнинг табиат, жамият ҳақидаги билимларини муайян илмий анъаналар, ахлоқий қадриятлар, конкрет заруриятлар, эҳтиёжлар, имкониятларга таяниб умумлаштиришдан келиб чиққан хулосаларнинг мажмуаси сифатида қаралган. Шарқда фалсафа оддий билимгина бўлмай, кишиларнинг қалбига чуқур сингган, уларни эътиқодий бағрикенгликка, мулоҳазаликка, сабр-тоқатлиликка, инсонпарварлик ва адолатпарварликка, ҳар ишда, ўй-фикрда етти ўлчаб бир кесишга, андишалиликка, инсон зотини ҳурмат қилишга ўргатган.
Шарқ файласуфлари барча даврларда ўз таълимотларини, хулосаларини асослашда конкрет тарихий тажрибага, амалиёт якунларига, тараққиёт жараёнида шаклланган илмий ютуқларга, инсониятнинг, халқнинг эътиқоди ва эҳтиёжларига, маънавий камолоти даражасига, диний ва дунёвий қадриятларига таянганлар. Шу сабабли ҳам Шарқда фалсафа билимлар ҳақидаги билим, муайян анъаналар ва қадриятларга таянган тафаккур маданияти сифатида қаралган. Фалсафа барча фанларни бир-бири билан боғлаб, инсон билимларини муайян яхлит тизим сифатида ривожланишга имкон берган. Инсон моҳиятини, манфаатларини билиш, билимларини умумлаштириш, шу асосда борлиқни яхлит англаб, инсониятнинг истиқболини олдиндан кўришга интилиш Шарқ фалсафасининг асосий баҳс мавзуси бўлган. Шарқ фалсафаси инсон маънавиятининг барча томонларини бир-бири билан боғлашга имкон беради.
Форобий, Беруний ва бошқалар ҳам фалсафани инсон билимларини бир-бири билан боғлаб, муайян қадриятларга таяниб, борлиқнинг моҳияти ҳақида умумий хулосалар чиқарувчи фан деб баҳолаганлар. Берунийнинг фикрича, кўп нарса билган одам эмас, балки билган билимларини умумлаштиришга қодир бўлган кишигина ҳақиқий олимдир.
Шарқ фалсафасида инсон билан бутун борлиқ муаммоси биргаликда, узвий боғлиқликда ўрганилган. Лекин борлиқ нима эканини билишдан олдин, инсон ўзи нима эканини билиб олиш масаласи биринчи ўринга қўйилади. Борлиқ абадий, чексиз, унинг ривожланиши узлуксиз. Инсон ҳаёти вақтинча бўлса ҳам у борлиқдаги камолот ва буюкликнинг олий тимсолидир. Инсоннинг моҳияти — тобора такомиллашиб, ривожланиб турадиган маънавияти, у билан тақозо этилган фаолияти бирлигида намоён бўлади. Инсон маънавияти даражаси унинг борлиққа бўлган муносабатини белгилайди ва шу муносабат тадрижи натижасида ривожланади. Шу сабабли ҳам Шарқда инсон нима, деган саволга жавоб бериш учун даставвал унинг қалбига қулоқ солиш керак, деган фикр бўлган. VIII асрда яшаган сўфий аёл Робия Адвиянинг, “Аллоҳни таниш, аввало инсон ўзини танишидир”, деган фикрида ҳам худди шу маъно бор.
Буюк Хитой файласуфи Конфуций ҳам “инсон ўз моҳиятини ахлоқий фазилатлар ва маънавият асосида намоён этадиган жонзотдир”, деган эди. Демак, инсонни билиш, биринчи навбатда, унинг руҳиятини, маънавиятини, фаолиятини, оқилона асосланган манфаатларини билишдир. Инсон маънавиятини билгач, унинг барча хатти-ҳаракатлари сабаблари ва йўналишларини олдиндан айтиб бериш ҳам мумкин.
Машҳур ватандошимиз, файласуф Азизиддин Насафий ҳам инсон моҳиятини англашнинг асосий мезони ҳақида шундай деган эди: “Эй дарвеш, сенда аввал бошдаги ва охирдаги маърифат яширинган, нимаики изласанг ўзингдан изла. Нега ташқаридан қидирасан?” Демак, инсон борлиқни ўз маънавияти, манфаати даражасига таяниб англайди ва у билан муносабатга киришади.
Демак, Шарқ анъаналарига кўра барча фалсафий мулоҳазаларнинг биринчи нуқтаси — инсон нима, у дунёда нима учун яшайди, деган саволга жавоб беришдан бошланади. Бу ўринда буюк мутафаккир Умар Хайёмнинг қуйидаги рубоийсини билиш аҳамиятлидир:
Мен келдим, дунё ҳеч кўрдими фойда,
Кетсам мартабаси ошарми, қайда?
Ҳеч ким тушунтириб бера олмади,
Келишим, кетишим сабаби қайда?
Келмоқ қўлда бўлса, келмасдим бир дам,
Кетмоқ қўлда бўлса кетмас эдим ҳам.
Кўп яхши бўларди шу ғамхонага,
Келмасам, турмасам, келиб кетмасам.
Шарқ файласуфлари барча даврларда ҳам инсон аввал ўз қалбига, руҳига назар ташлаб, кейин бошқаларни, табиат ва жамиятни билишга интилиши лозим эканини кўрсатганлар. Азизиддин Насафий айтганидек, “ўзини англамаган ҳар бир киши ҳеч нарсани англамай дунёдан ўтади”.
Инсон ўз-ўзини англашида ҳам шахсий маҳдудликка берилмай, муайян ахлоқий қадриятларга, ҳуқуқий мезонларга таянмоғи керак.
Ҳаётда ҳар бир шахс ўзининг хатти-ҳаракатларига, қилмишларига ўзи баҳо беришга одатланиб қолган. Бирор ишни қилишни ўз манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда зарур деб топдикми, уни амалга оширишга ҳақлимиз, деб ўйлаймиз. Инсон, баъзан жамиятда яшаётганини, ўзининг ҳаёти, мақсадлари, орзу-умидлари бошқаларнинг ҳам ҳаёти билан, манфаатлари билан боғлиқ эканини унутиб қўяди, хатосидан кўра ютуқларини кўпроқ кўради, ўзи ҳақидаги ҳар бир фикрни “яхши”, “адолатли” деган нуқтадан бошлайди. Ўта ёмон жиноятлар қилган одам ҳам ўз қилмишларини оқлаш учун маънавий асос излайди. Конфуций айтганидек, “камдан-кам одам ўз хатосини виждонан англаб, уларни қоралайди”.
Бу инсон ўзини-ўзи тўла ва тўғри англаши йўлидаги жиддий ғовлардандир. Бошқаларни, уларнинг муштарак манфаат ва мақсадларини англай олмаган шахс ўзининг моҳиятини холис англашга ҳам қодир эмас. Инсон ўзини англаши бошқаларни ҳам холис англашга интилиши билан боғланмоғи керак. Бу ҳам Шарқ фалсафасининг асосий қадриятларидандир.
Жамият тараққиёти деб аталган жараённи ҳар ким ўзича эмас, балки барча бирлашиб олдинга силжитади. Шу сабабли ҳам инсонлар ҳаракати ва манфаатларини бир-бирига боғлаб турувчи муносабатлар одамлар бир-бирининг мақсад ва манфаатларини англаши, шу асосда ҳаракатлари муштараклашиши натижасида юзага келади. Шарқ жамоасидаги аҳиллик, эътиқодий бағрикенглик, муштараклик, уйғунлик, барқарорлик, бирдамлик ҳам маънавий, фалсафий асосланган муносабатлардир.
Инсон ўзини-ўзи англаши — хатти-ҳаракати, мақсад ва манфаатларига бошқаларнинг нуқтаи назарини ҳам ҳисобга олиб баҳо бера билишидир. Юқорида айтилганидек, бошқаларни англамаган шахс ҳеч вақт ўз моҳиятини, манфаатини ҳам тўла била олмайди. Буюк юнон файласуфи Афлотун айтганидек, ҳар бир шахс ўзини-ўзи англаши учун адолатли бўлиши етарли эмас, бунинг учун файласуф бўлиш лозим. Шахсий худбинлик гирдобига ўралиб қолган кишилар адолатни ҳам ўзларича тушунадилар. Кўплаб ҳукмдорлар ҳам адолат мезонларини ўз манфаатларидан келиб чиқиб белгилашга ҳаракат қилган ва қилмоқда. Инсон ўз моҳиятини холис, виждонан таҳлил этиши — барча мақсадларига, улар билан боғлиқ вазифаларга тарих сабоқлари, ҳозирги кун заруриятлари, бошқаларнинг фикр-мулоҳазалари, манфаатларини ҳам ҳисобга олиб баҳо беришидир.
Шарқ фалсафасидаги яна бир муҳим муаммо — инсоний муносабатлар маданиятининг ахлоқий, ҳуқуқий мезонлари таҳлилидир.
Ҳаётда бир одам ўз олдига алоҳида мақсадлар қўйиб, бошқалардан ажралиб, уларни амалга ошира олмайди. Шу сабабли инсоний муносабатларнинг маънавий мезонларини белгилаш ва мустаҳкамлаш Шарқ фалсафасидаги асосий муаммолардан бири бўлган.
Шарқ анъаналарига кўра инсоний муносабатларнинг барчасига замин бўладиган маънавий асос — ахлоқ ва одобдир. Адолат мезонлари ҳам ахлоқ ва одобга таяниб белгиланган. Шарқда одамлар ўртасидаги муносабатларда ахлоқий масъулият ҳуқуқий масъулиятдан ҳам устун турган. Инсоний муносабатлар йўналишлари ахлоқий қадриятларга таяниб англанилгандагина кишилар қўлни қўлга бериб, аҳил ва иттифоқ бўлиб келажак сари борадилар. Бу борадаги умумий фаоллик, муштаракликнинг маънавий заминлари ҳам фалсафий ғоялар асосида белгиланади. Шу сабабли Шарқда ҳалоллик, иймонлилик, меҳр-оқибатлилик, раҳм-шафқатлилик, хайр-эҳсонлилик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, дўстлик, биродарлик, бир-бирини ҳурмат қилиш одамлар ўртасидаги муносабатларга асос бўлган ахлоқий қадриятлар ҳисобланган. Бу муаммолар Шарқ фалсафасининг баҳс мавзусида ҳам асосий ўрин олган. Демак, Шарқ фалсафаси сиёсатга эмас, балки маънавиятга асосланган фалсафадир.
Одамлар ўртасидаги муносабатларнинг ахлоқий асослари заифлашса жамиятда тинчлик, осойишталик йўқолади, адоват, зулм, шафқатсизлик кучаяди. Бу эса тараққиётни издан чиқаради. Муҳаммад Саллоллоҳу Алайҳи Васалламнинг, “мусулмони комил бўлиши учун бир-бирингизга муҳаббат қўйишингиз шарт”, деган фикрларида, имом Исо ат-Термизийнинг, “ҳар бир ширин сўз ҳам бир садақа”, деган сўзларида Шарқ фалсафасининг муҳим маънавий қадриятларидан бири ифодаланган.
Бу қадриятлар Шарқ халқларининг эътиқодига, турмуш тарзига ҳам чуқур сингиб кетган. Алишер Навоийнинг, “Одами эрсанг демагил одами, онингким йўқ халқ ғамидин ғами”, деган фикри ҳам Шарқ фалсафасининг фундаментал асосларидан бирини ифодалайди.
Бундай фикрлар Умар Хайёмнинг қуйидаги рубоийсида ҳам ўз ифодасини топган:
Бир ғариб кўнгилни қила олсанг шод,
Яхшидир ер юзин қилгандан обод.
Лутфинг-ла бир дилни қул қила олсанг,
Афзалдир юз қулни қилгандан озод.
Шарқона маънавият мезонларига кўра ақл ахлоқ била боғлангандагина ҳақиқий аҳамият касб этади. Ахлоқ фақат яхшиликка ундайди, одамларни яқинлаштиради, дўст, биродар қилади. Ақлни ишга солиш — биринчи навбатда, одамларга яхшилик қилиш йўлларини излашдан иборат бўлиши керак. Шайх Нажмиддин Кубро, “ақлни яхшиликка чорлашда кўрдим”, деганида худди шу фикрни эътиборга олган.
Ҳазрати Баҳовуддин Нақшбанд ҳам одамларга меҳр-мурувватли бўлишни тоат-ибодатдан устун қўйган. Бу унинг қуйидаги фикрларида кўринади: “Асосан одамларга хизмат қилмоқ керак. Ундан кейингина зикри-само билан банд бўлмоқ лозим… Худога йўл инсонларнинг қалби орқали боради”.
Алишер Навоийнинг қуйидаги мисраларини ўқиб, Шарқ фалсафасидаги инсонпарварлик ғоялари моҳиятини янада теранроқ англаш мумкин.
Кимки бир кўнгли синиқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Бу фикрлардан кўринадики, эзилган бир одамнинг дардига малҳам бўлиш, унинг кўнглини кўтариш, ёрдам бериш савоблилиги жиҳатидан вайрон бўлган Каъбани тиклаш билан тенгдир.
Одамлар ўртасидаги муносабатларда адолат, иймон, инсоф, меҳр-мурувват, раҳм-шафқат тантана қилишининг жамият ҳаёти ва тараққиёти учун бўлган аҳамияти соҳибқирон Амир Темурнинг қуйидаги сўзларида ҳам ўзининг яққол ифодасини топган: “Адолат ва инсоф билан Тангрининг яратган бандаларини ўзимдан ризо қилдим. Гуноҳкорларга ҳам, бегуноҳларга ҳам раҳм қилиб, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамларнинг кўнглидан жой олдим”. Темур империяси қудратининг сабабларидан бири ҳам шунда эди. Демак, ижтимоий адолат мезонлари ҳам Шарқ фалсафасининг асосий тамойилларидан бирини ташкил этади.
Инсонни табиатга, барча жонзотларга ахлоқий асосланган муносабатининг моҳияти ва мезонларини белгилаш масаласи ҳам Шарқ фалсафасида катта ўрин олган. Шарқ пантеизмидаги табиат ва инсоннинг моҳиятан бирлиги ҳақидаги ғояларда ҳам шу мақсад ётади. Шу сабабли Шарқ халқларининг табиатга бўлган муносабатларида намоён бўлган барча манфаатлар, хатти-ҳаракатлар муайян ахлоқий қадриятлар билан белгиланган. Баҳовуддин Нақшбанд ҳам инсон, инсонлар олдидагина эмас, балки бутун тирик мавжудодлар олдида маънавий масъул эканини кўрсатган.
Инсон муайян манфаатларга асосланиб, қадриятларга, анъаналарга таяниб, фаолиятининг оқибатларини билиб, табиат билан муносабатга киришади. Демак, унинг табиатга муносабати ҳам маънавий асосланган фаолиятдир.
Шарқ фалсафасида инсон ва табиат бир-биридан ажратилмайди, бир-бирига қарама-қарши қўйилмайди ҳам. Табиат фақат инсонни ўраб олган атроф-муҳит сифатида қаралмайди. Шарқ фалсафаси анъаналарига кўра инсон ва табиат бир бутун экосистемадир, биосферадир. Унда ортиқча нарса йўқ. Ҳамма нарсанинг ўз ўрни, аҳамияти бор. Инсон ҳам шу система тизимига киради. Гап бу экосистемани бузиб, уни бутунлай инсон манфаатига бўйсундиришда эмас, балки муҳитга муайян қадриятлар асосида ёндошиб, унга оқилона мослаша билишдадир. Бу борадаги шарқона қадриятлар табиатни чексиз, шафқатсиз эксплуатация қилишга йўл бермайди. Шарқ анъаналарига кўра, сувни ифлос қилиш, ҳайвонларни ўлдириш жиноятгина эмас, балки катта гуноҳдир.
Шарқ файласуфлари таълимотига кўра табиат ўз-ўзича инсон бошига балолар, офатлар ёғдирмайди. Ҳамма гап инсон табиатга қандай ва қай даражада ақл, маънавият мезонларига таяниб муносабатда бўлишидадир. Шу сабабли ҳам ҳозирги барча экологик фожиалар антроген характерга эга бўлиб, улар асосан инсон табиатга ақл ва ахлоқий мезонлар чегарасидан чиқиб муносабатда бўлиши оқибатида юзага келади. Конфуций айтганидек: “Агар ердаги ҳаёт ёмон бўлса инсон осмонга эмас, балки ўз қалбига, виждонига назар ташлаши керак”.
Инсон билан табиат ўртасидаги мувозанат ва мутаносибликнинг муайян мезонлари, чегаралари бўлиб, улар асосан табиат қонунларига ва инсон маънавиятига боғлиқ. Инсонлар ўртасидаги муносабатлар асосида ётган адолат, иймон, инсоф, раҳм-шафқат, маҳр-мурувват, виждон каби тушунчалар табиатга, барча тирик жонзотларга нисбатан ҳам қўлланмоғи лозим.
Шарқ фалсафасида инсон, унинг моҳияти, маънавияти муаммоси асосий ўрин олганлиги сабабли, тарбия фалсафасига ҳам катта эътибор берилган. Тарбия фалсафасининг вазифаси — инсонни юксак ахлоқий-маънавий комилликка кўтаришдир. Маънавий қашшоқлик инсонни разолатга, ваҳшийлик, адолатсизлик ва шафқатсизлик йўлига бошлайди, натижада инсон билан инсон, инсон билан инсонлар, инсон билан табиат ўртасидаги мутаносиблик бузилади. Инсон қалбига шафқатсизлик, ёвузлик уруғлари сингиши эса ҳар қандай табиий офатлардан ҳам хатарлироқдир. Буни Аҳмад Донишнинг қуйидаги фикрларида ҳам кўриш мумкин: “Инсон еру коинот ўртасида ўрин олган ажойиб мавжудотдир. Агар у хаёлга чўмса, етти қават осмонни хаёл қутичасига жойлайди. Агар у фикр қилса, бутун борлиқни фикр токчасига сиғдиради. Агар унинг меҳри товланса, бечора чумолини киприги устида сақлайди. Агар унинг сахийлиги жилва қилса, тўнини бировга бериб, ўзи яланғоч қолади. Агар унинг хасислиги ружу қилса, қумурсқа оғзидаги донни талашади”.
Инсоннинг инсонийлигини белгилайдиган асосий йўл — тарбия ва маърифатдир. Шарқ мутафаккирлари таълим, тарбияга эътибор бермаган жамиятнинг охири фожиа билан тугайди, деган хулосага келганлар. Шу сабабли ҳам маърифатпарварлик ғоялари Шарқ фалсафасида барча даврларда ҳам устивор аҳамият касб этган. Барча Шарқ файласуфлари бир вақтнинг ўзида маърифатпарвар кишилар ҳам бўлган.
Шарқда фалсафий тафаккур тараққиёти эркинлик билан заруриятнинг бирлиги асосида амалга ошгани ҳам маълум. Тафаккур эркинлиги — инсоннинг муайян билимлар, амалий тажриба якунларига таяниб мустақил, ижодий хулоса қилиши, фикрлашидир. Агар тафаккур эркинлиги, фикрлар мустақиллиги бўлмаса билимлар тараққий этмайди, инсон истиқболни олдиндан кўра билишга имкон берадиган янги хулосалар қила олмайди. Зарурият эса инсон фикрлаши жараёнида минглаб йиллар давомида шаклланган, амалий тажрибада ўз исботини топган илмий хулосалар, анъаналар ва қадриятларга таянишдир.
Фалсафий ғоялар бир-бири билан боғлиқ равишда шаклланиши ва ривожланишини эътиборга олсак, заруриятнинг ҳам оламни билиш ва билимларни умумлаштиришда ўзига хос муҳим ўрни борлигини кўрамиз. Лекин фалсафада эркинлик заруриятга нисбатан устивор аҳамиятга эгадир. Эркин фикрламайдиган инсон файласуф бўла олмайди. Эркин фикрлаш имкони бўлмаган жамиятда фалсафа фан сифатида ривожланмайди.
Тафаккур эркинлиги тарихий мерос ва қадриятларга таяниш, билимларни холис умумлаштириш, келажакни чуқурроқ билишнинг воситаси, имкониятидир. Инсон ўз тафаккурида заруриятни қанчалик чуқур ҳис этмасин, у барибир эркинликка таянади. Тафаккур эркин бўлмаса фикрлар ҳам саёз, юзаки бўлиб, давр талаблари, имкониятлари ва эҳтиёжлари даражасидан ортда қолади. Эркинлик инсоннинг кўплаб фикрлар, ғоялардан тўғрисини, жамият тараққиёти ва инсон маънавий камолотига янги йўллар очиб берадиганларини холис, мустақил танлай билиш имкониятидир. Агар инсон ўз тафаккурида фақат эски анъаналар, эътиқодлар доирасида қолиб кетса, бу фундаментализмга, фикр қарамлиги, тафаккур турғунлигига олиб келади.
Тафаккур эркинлиги кучайиши Шарқда инсоннинг маънавий-ижтимоий масъулияти ортиши билан ҳам боғлиқ бўлган.
Демак, Шарқ анъаналарига кўра фалсафий тафаккур тарихий тараққиётнинг турли даврларидаги анъана ва қадриятларни, билимлар ва умумий хулосаларни бир-бири билан боғлаб, мустақил, ижодий қарашдир, уларни шароит ва имкониятлар, муайян анъана ва қадриятларни эътиборга олиб эркин, холис баҳолашдир, умумлаштиришдир, янги ғояларни ҳаётга оқилона татбиқ этиб, истиқболни олдиндан кўриш имкониятларини излашдир.
Умуман, фалсафа XXI асрда соф назарий мулоҳазалар чегарасидагина қолмай, инсон манфаатлари , инсонпарварлик ғоялари билан кенгроқ ва кўпроқ боғланади.
XXI асрда инсоният Шарқ фалсафаси анъаналарига, қадриятларига кўр-кўрона қайтиши шарт эмас. Гап фалсафаси умуминсоний қадрият эканини эътироф этиб, Шарқ фалсафаси анъаналари ва қадриятларидан кенгроқ, оқилона фойдаланиш устида бормоқда.
Юқоридаги фикрлардан, ўтмишдаги фалсафий таълимотлардан воз кечиб, бутунлай янги фалсафани яратиш лозим, деган хулосага ҳам келмаслик керак. Фалсафа барча даврларда ўзининг тарихи, назарияси, муайян қонунлари, категорияларига эга бўлган фан сифатида ривожланиб келган. Лекин давр шароитлари, эҳтиёжлари, имкониятлари таъсирида устувор аҳамият касб этаётган фалсафий муаммолар тизими ўзгариб, янгиланиб туради. Шу сабабли ҳар бир тарихий даврда умуман фалсафани эмас, балки унинг конкрет муаммоларини ўрганиш ва таҳлил этишга асосий эътибор бериб келинган. Капитализм ривожланаётган даврларда прагматизмга, фан ва техника жамият ҳаёти ва тараққиётида катта аҳамият касб этаётган шароитларда позитивизм ва неопозитивизмга, илмий тараққиёт ютуқлари билан боғлашга интилиш кучайганида неотомизмга, иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир тушкунлик йилларида экзистенциализмга эътибор кучайишини шу билан изоҳлаш мумкин.
XXI асрда конкрет инсоннинг моҳиятини билиш, унинг ҳуқуқини, қадр-қимматини, манфаатини ҳимоя қилиш, маънавиятини юксалтириш орқали одамлар жамоаси бирлиги ва бирдамлигини кучайтириш масалалари фалсафий таҳлилининг асосий муаммоси бўлиб келмоқда.
Ҳозир Шарқ фалсафасини ўрганишга катта эътибор берилаётганининг сабаби ҳам шундадир.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 10-сон