Блез Паскал. Муҳаббат – олий саодат

ИШҚ-МУҲАББАТГА ОИД МУЛОҲАЗАЛАР

Инсон тафаккур учун яралган. У узлуксиз, ҳар лаҳза-сония тафаккур юритади, мулоҳаза қилади. Бироқ бахтиёр қила оладиган бокира фикр-мулоҳазалар билан хаёли ҳамиша банд бўлса, толиқади ва ҳолдан тояди. Инсон якранг турмуш тарзига мослашмаган, унга хатти-ҳаракат ва фаолият зарур. Бошқача айтганда, хотиржамлигини эҳтирослар туғёни ўқтин-ўқтин безовта қилиши зарур. Уларни жўшқин ва теран эҳтирослар манбаи — қалбидан топади.

Муҳаббат ва иззатталаблик — бошқа кўплаб ҳис-туйғулар тажассуми ҳисобланувчи икки асосий инсоний ҳис-туйғу. Бу туйғулар хилма-хил эканидан қатъи назар. кўпчиликнинг эътирофича, уларни боғловчи-туташтирувчи хоссалар мавжуд. Аслида эса, улар, аксинча, ўзаро кушанда, ёв бўлмаган тақдирда ҳам бир-бирини заифлаштиради.

Қанчалар теран, қамровдор ақл-идрок, тафаккурга эга бўлмайлик, фақат ягона кучли туйғуни ҳис эта оламиз. Шу боис ҳам муҳаббат, ҳам иззатталаблик дардига мубтало эканмиз, бу туйғу-хислатларнинг ҳар бири ўз куч-қудратининг атиги ярмини намоён этади, башарти бири иккинчисига монелик қилмаганида, дейлик, улардан биттасининг қудрати тўлалигича намоён бўларди.

Бу икки туйғунинг юзага келиши ҳам, сўниши ҳам ёшга боғлиқ эмас. Улар ҳаётнинг дастлабки лаҳзаларидаёқ пайдо бўлиб, инсон қалбига умрбод ҳамроҳлик қилади. Бироқ оташталаб-ёлқинталаб бўлгани учун одамлар ёшлик-навқиронлик йилларида уларга кўпроқ мойил бўладилар ва шу боис умр ўтгани сайин ҳис-туйғулар ўтмаслашиб борадигандай таассурот пайдо бўлади, ҳолбуки, бу камдан-кам рўй беради.

Инсон ҳаёти ачинарли даражада қисқа. Дунёга келган лаҳзадан ҳаёт ҳисоб-китоби бошланади. Менга қолса, инсон ҳаётини ақл-идрок, тафаккур қилиш қобилияти шаклланган – фаҳм-фаросат, ақл-идрок билан иш тутадиган палладан, одатда камида йигирма ёшдан ҳисоблаган бўлардим. Бу ёшгача боладан фарқимиз йўқ, бола-болакай эса ҳали тўла-тўкис инсон дегани эмас.

Дастлаб меҳр-муҳаббат, кейинчалик эса иззатталаблик ҳукмронлик қиладиган ҳаёт қанчалар бахтли-я! Танлаш имконияти бўлганида, бошқача ҳаётни хаёлимга ҳам келтирмаган бўлардим. Қалбимизда токи оташ-аланга гуриллар экан, ишқ-муҳаббат исканжасида бўламиз, бироқ эртами-кечми аланга сўнади — ўшанда иззатталаблик учун тасаввурга сиғмайдиган уфқлар очилади! Жўшқин ҳаёт фавқулодда тафаккур соҳибларига насиб этади, оралиқ-аросатдагиларга бундай ҳаётнинг қизиғи йўқ; жамики саъй-ҳаракатларни содир этишда машина сингари иш тутишади. Шу боис ҳаётининг аввалида ишқ-муҳаббатга мубтало бўлиб, ёши ўтинқирагач, иззатталаблик домига тушадиган инсон ҳис қилиши мумкин олий бахт-саодатга эришадилар.

Инсоннинг ақл-идроки, тафаккури қанчалар кучли бўлса, ҳис-туйғулари ҳам мутаносиб равишда кучли, ўткир бўлади. Ахир эҳтирослар – гарчи ташқи сабаби тана билан боғлиқ бўлса ҳам, аслида тўла-тўкис ақл-идрок тафаккурга мансуб туйғулар ва фикр-мулоҳазалар; демак, уларда ақл-идрокка ёт-бегона ҳеч вақо йўқ, бинобарин, улар тафаккурга мутаносиб. Бу ўринда фақат жўшқин эҳтиросларни назарда тутяпман. Бошқа ҳис-туйғулар эса изтиробли мавҳумликни юзага келтириб, аксарият қоришиқ бўладилар; бироқ кучли ақл-идрок соҳиблари ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмайдилар.

Қалбан буюклик — улуғвор қалб барча жиҳатларда ўзлигини намоён этади.

Баъзан севишнинг ҳожати борми, дея сўрайдилар. Бу ҳақда савол-сўроққа ҳеч ўрин йўқ, буни ҳис этиш, бошдан кечириш лозим. Одамлар севиш-севмаслик ҳақида мулоҳаза қилмайдилар — истак-хоҳиш, майлларига амал қилиб, бирон шубҳа-гумон туғилиши ҳамоно лаққа тушадилар.

Ақл-идрок, тафаккурнинг равшанлиги-тиниқлиги эҳтирослар бокиралигига замин ҳозирлайди, шу боис теран ва равшан ақл-идрок соҳиби қизғин, жўшқин дили билан сева олади ва муҳаббатига ҳамиша имони комил.

Икки хил ақл-идрок мавжуд: биринчиси геометрик ақл-идрок, иккинчисини эса назокатли хафиф ақл-идрок дейиш мумкин.

Дастлабки ақл-идрок соҳиби нарса – ашё-предметни турли томонлардан синчиклаб кўздан кечиради. Иккинчи хил ақл-идрок соҳиби эса шундай оқилона мулоҳаза соҳибики, севадиган одамининг кўплаб жозибадор хислат-фазилатларини бир қарашдаёқ илғайди. Унинг ўткир нигоҳи қалбгача етиб боради, натижада лаҳзалик имо-ишоралар воситасида қалбдаги кечинмаларни пайқайди.

Ҳар икки хил ақл-идрокни умумлаштира олган шахс ишқ-муҳаббатдан нақадар лаззатланишини тасаввур қилиш қийин! Ахир у наинки ақлий куч-қувват, балки ошиқ-маъшуқ бир-бирига муҳаббатини ғоят нафосат билан изҳор эта олиши учун зарур оқилона ақл-идрок соҳиби.

Биз қалбимизда муҳаббат билан дунёга келамиз. Ақл-идрокимиз такомиллашгани сайин меҳр-муҳаббатимиз шаклланиб, жозибадор гўзаллик – нафосат асли қандай эканини ҳеч қачон уқтирмаганларидан қатъи назар, ўзимиз жозибадор — гўзаллик ҳисобловчи сиймони севишга ундайди, даъват этади. Бинобарин, ёлғиз муҳаббат учун дунёга келганимизга ким ҳам шубҳа қиларди? Ўзимиздан яшириш бемаънилик: биз ҳамиша севамиз, ҳатто ишқ-муҳаббатдан нафратлангандай бўлсак ҳам, аслида муҳаббат қалбимизнинг қаърида юзага чиқиш учун пайт пойлайди. Илло, муҳаббатсиз бир лаҳза ҳам яшай олмаймиз.

Инсон ёлғизлик юкини кўтара олмайди; бинобарин у севади,– демак, меҳр-муҳаббатини бахшида этадиган манба-сиймо топиши зарур. Фақат жозибадор гўзаллик соҳиб-соҳибаси шундай манба бўла олади; унинг ўзи — барча илоҳий нарса-ашё — мавжудотларнинг гултожи бўлгани боис ён-атрофда қидираётган жозибадор — гўзаллик намунасини ўз қалбидан топиши керак. Унинг нишоналарини, хоҳиш-истак бўлса бас, ҳар ким ўз қалбидан топади. Ташқи нарса – ашёлар бу намунага мос келиш-келмаслигига биноан одамлар ўзлари учун ҳар бир нарса – ашёга нисбатан гўзал ва хунук тушунчасини ҳосил қиладилар. Лекин гарчи инсон ўз “Мен”ининг сарҳадларидан ёриб чиққани ҳамоно юзага келувчи чексиз бўшлиқни тўлдириш учун восита қидирганидан қатъи назар исталган нарса – ашё билан қаноатлана олмайди. Унинг қалби уфқлари жуда кенг; шу боис ахтараётган алланарса лоақал унга ўхшаш ёки яқин бўлиши талаб этилади. Шунинг учун у танлайдиган жозибадор гўзаллик наинки уйғун, балки ўхшаш бўлади. Бу уни турли жинслар доирасига дохил-ошна этади.

Бу ҳақиқатни она табиат қалбимизга шу қадар аниқ – қатъий муҳрлаганки, бундай гўзалликни қабул қилиш, англаш, идрок этиш учун на санъат, на бирон-бир билим-малака талаб қилинади; афтидан, қалбимизда унинг учун алоҳида махсус жой меҳроб – тахт ажратилган-у, у бўш қолмаслиги керак. Буни ифодалаш-таърифлашдан ҳис этиш осон. Табиий тушунча, фаҳм-фаросатининг нигоҳини хиралаштириб, уларни назар-писанд қилмайдиган кимсаларгина буни пайқамайдилар.

Умумий жозибадор гўзаллик ғоя тушунчаси қалбимизга теран муҳрланганидан қатъи назар гўзаллик – нафосатга оид тасаввурлармиз афсуски, бир хил эмас, лекин бунинг ёлғиз сабаби майл-иштиёқларимизга бориб тақалади.
Илло, бизга шунчаки гўзалликнинг кераги йўқ — биз учун яна қатор жиҳатлар муҳим бўлиб, улар биз кўпроқ нималарга мойил эканимизга боғлиқ ва шунинг учун айтиш мумкинки, ҳар бир инсон ўзига хос ва мос, алоҳида гўзаллик
тимсолини яратиб, унинг тажассуми бўлган сиймони тўрт томондан ахтаради. Бундай гўзаллик тимсоли аксарият аёллар бўлади. Эркакларнинг эс-ҳушига ёлғиз ҳукмронлик қилган ҳолда ўзларига хос ёҳуд ўзлари қимматли билган гўзаллик белгилари – нишоналари-хоссалари билан гўзалликка оид эркаклар тасаввурини тўлдиради; бошланғич гўзаллик ғояси-тушунчасига кўнгиллари тусаган хоссалар билан қўшимчалар киритади. Шу боис оч малла ранглилар давру даврони ва қорамтир жононлар асри бўлади, ва шунга мос равишда, аёлларнинг ундай ёки бундай кўриниш касб этишни афзал билишларига биноан эркакларнинг ҳам диди ўзгаради.

Гўзалликка оид тушунча-тасаввуримиз ҳатто биз яшайдиган мамлакатдаги расм-русумлар ва урфга ҳам боғлиқ. Расм-русум, урф-одатлар эҳтиросларимиз устидан ҳукмронлик қилиши кишини ҳайратлантиради. Бундан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг гўзалликка оид шахсий тушунча-тасаввури бўлиб, шундан келиб чиққан ҳолда бошқалар ҳақида фикрлайди. Ошиқнинг наздида маъшуқа бошқа барча қиз-жувонлардан афзал гўзаллик – нафосат намунаси.

Гўзаллик ғоят ранг-баранг. Унинг энг нафис тимсоли — аёл. Аёл оқила бўлса, гўзалликка ҳайратланарли руҳ бахш этиб, яна ҳам юксалтиради.

Агар аёл манзур бўлишни истаса ва бу борада барча гўзал сифат-фазилатлар соҳиби бўлса ёки лоақал уларнинг айримларига эга бўлса, ниятига, албатта, етади. Устига-устак эркаклар унга салгина эътибор берсалар бас, ҳеч бир саъй-ҳаракат қилмаса ҳам уни, албатта, кимдир севиб қолади. У бирон ташна қалбдаги бўш муҳаббат тахти соҳибаси — маликага айланади.

Инсон ҳузур-ҳаловат, роҳат-фароғат учун яралган. Буни ҳис этади, бошқа далил-исботларга ҳожат йўқ. Бинобарин, роҳат-фароғатга берилар экан, инсон ақлан иш тутади. Лекин кўпинча шундай ҳол рўй берадики, қалбида эҳтирос туғёнини ҳис этгани ҳолда бунинг сабаб – илдизини била олмайди.

Сохта роҳат-фароғат ҳам чинакам роҳат-фароғат каби ақл-идрокни эгаллаши ҳеч гап эмас. Биз эса унинг сохта эканини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз, чунки чинакам, ҳаққоний лаззат деб ўйлаймиз!

Муҳаббат ҳақида баҳс юритиш асносида айни дардга мубтало бўламиз: ахир бу инсонга хос ғоят табиий эҳтиросли туйғу!

Муҳаббат ёшга қарамайди, қайта-қайта туғилаверади. Буни шеърий асарлар исботлайди, шоирлар муҳаббатни фарзанддек тасвирлашлари бежиз эмас. Бироқ аслида ҳам шундай эканини шеъру ашъорсиз ҳам ҳис қила оламиз.

Муҳаббат ақлга ақл қўшади ва айни пайтда ақл-тафаккурга таянади. Севги-муҳаббат – санъат, санъаткорлик, ижодкорликни тақозо этади. Дейлик, ошиқ-маъшуқага манзур бўлиш учун ишга соладиган воситалар кун сайин камая боради, бироқ аҳди қатъий бўлгани боис — унинг меҳрини қозонади.

Иззатталаб, шахсиятпараст бўлганимиз боис кўпчилик меҳрига лойиқмиз деб ҳисоблаймиз; шунинг учун ҳам севимли бўлиш хуш ёқади. Муҳаббатга ташналигимиз туфайли бизни севадиган ошиқ-маъшуқнинг нигоҳида тез-тез муҳаббат ёлқинларига кўзимиз тушади. Ахир кўзлар – нигоҳимиз – қалбдаги кечинмалар кўзгуси, бу кўзгудаги битикларни фақат ҳушёр ошиқ ё маъшуқа ўқий олади.

Ёлғиз кимса — ярим бағир, ярим кўнгилдай гап. Бахтли-саодатли бўлиш учун ўз тенгини топиши зарур. Аксарият умр йўлдошимизни ёру биродарларимиз доирасидан ахтарамиз: уларнинг даврасида ўзимизни бемалол тутамиз ва ўзлигимизни намоён этиш имкониятлари кўп. Бироқ баъзида юқорироқ доираларга назар ташлаймиз-у муайян нигоҳдаги ёлқинга кўзимиз тушганидан қатъи назар бунинг сир-асрорини кашф этишга журъатимиз етмайди.

Танлаган маъшуқангиз аввалига яқинига йўлатмагани боис дастлаб муҳаббатга иззатталаблик ҳамроҳ бўлиши мумкин, лекин ҳеч қанча фурсат ўтмай, ишқ-муҳаббат якка-ёлғиз ҳукмронга айланади. Бу шундай ҳукмфармо туйғуки, тахтида ёлғиз ҳукмронлик қилиш мақсадида ён-атрофида баслашишга даъвогар ҳис-туйғулар билан мутлақо чиқиша олмайди. Бўлак ҳис-туйғулар барчаси унга йўл бериши ва итоат қилиши шарт.

Одатий тенг мойилликка нисбатан улуғвор дўстлик-қадрдонлик кучлироқ жалб этади. Енгил-елпи ҳеч қандай кечинма инсон қалбининг теранликларини бўйлай олмайди; фақат олижаноб, улуғвор туйғулар қалбимизга доимий ҳамроҳ – ҳукмрон бўла олади.

Китобларда аксарият шундай фикр-мулоҳазалар билдириладики, уларнинг ҳаққонийлигини фақат ҳар бир инсонни ўзи устида мулоҳаза юритишга мажбурлаш ва бевосита ишонч ҳосил қилиш асносида асослаш мумкин. Каминанинг барча фикр-мулоҳазалари ҳам айни шу асно тасдиқланади.

Бироз фаҳм-фаросатга эга, назокатли одам муҳаббатнинг нозиклиги, нафосатини ҳам ҳис этади. Ахир бирон-бир ташқи нарса – ашё ҳаяжонга солгани каби тушунча-тасаввурига зид нарса-ашёлардан йироқлашишга уринади. Назокатлилик мезонини равшан, олижаноб ва улуғвор ақл-идрок, тафаккур белгилайди. Биз назокатли бўлмаган ҳолда ўзимизни шундай хислатга эга деб ҳисоблашимиз ҳеч гап эмас ва бунинг учун ён-атрофимиздагилар таъна қилишга, қоралашга ҳақли. Аксинча, гўзаллик борасида ҳар кимнинг шахсий мезон-андоза-ўлчови мавжуд бўлиб, бошқаларнинг дидига боғлиқ эмас. Бироқ назокатлилик билан ундан батамом маҳрумлик ўртасида оралиқ нуқта борлигини ҳамда назокатли бўлишни истаган одам кўзлаган мақсадидан унча узоқ масофада эмаслигини эътироф этишимиз зарур. Назокатли эркаклар аёлларга хуш ёқади ва менимча, айни шу хислат воситасида уларнинг меҳр-муҳаббатини қозонишдан осони йўқ. Минглаб кишилар орасидан айнан сизни танлагани кимга ҳам хуш ёқмайди дейсиз.

Ақл-идрок, тафаккур қобилият-хислатларини машқлар воситасида ҳосил қилиб бўлмайди, уларни фақат такомиллаштириш, баркамоллаштириш мумкин. Шунинг натижасида ойдинлашадики, назокатлилик, нуктадонлик — санъат самара-натижаси эмас, балки табиий, туғма хислат.

Инсон қанча ақлли бўлса, унинг наздида гўзаллик шакл-шамойиллари шунча кўп, бироқ бу борада севги дардига чалинмаган бўлиши керак, чунки ошиқнинг наздида бутун гўзаллик маъшуқанинг ягона-яхлит тимсолида мужассамлашади.

Жувон-аёл ўзгалар қалбини забт этиши натижасида ҳар гал ўз қалбида бошқалар учун жой ҳозирлаётгандай туюлмайдими? Буни рад этувчи аёллар борлигини, ҳақиқатдан ҳам, биламан. Бироқ ким буни нотўғри дейди? Олишнинг бериши бор.

Башарти фикр-мулоҳазалар муттасил ёлғиз мавзу билан банд бўлса, толиқади ва ғариблашиб-қашшоқлашади. Шу боис муҳаббатдан имкон қадар кўпроқ баҳра олиш – лаззатланиш учун севгимиз, муҳаббат дардимизни ўқтин-ўқтин ёдимиздан чиқаришимиз, хаёлдан фаромуш қилишимиз керак. Бунда ҳеч қандай хиёнат йўқ: ахир бошқаларни севаётганимиз йўқ, фақат севгимиз оташи сўниб қолмаслиги учун куч-қувват тўплаяпмиз, холос. Бу ўз-ўзидан рўй беради; ақл-идрок, фаҳм-фаросатимиз ҳисоботсиз ундов-даъватга биноан, ўзига дам беради — бу табиат ҳукми, табиий ҳолат.

Бироқ шу асно инсон феъл-атворига хос заифликка йўл бераётганимизни ҳам эътироф этмасликнинг имкони йўқ ва биз фикр-мулоҳазаларда ўзгаришлар қилишга эҳтиёж сезмаганимизда яна ҳам бахтлироқ бўлар эдик. Афсуски, бу борада инон-ихтиёримиз ўз қўлимизда эмас.

Изҳор қилинмаган севгининг нашъаси изтиробли ўй-хаёллар билан йўғрилади, бироқ бундай муҳаббатнинг ўзига хос завқ-шавқи бор. Қалбимиз тўридан жой олган сиймога манзур бўлиш билан боғлиқ барча ишларга сидқидилдан киришамиз. Кун сайин ўзлигимизни кашф этишнинг янгидан-янги усулларини ўйлаб топамиз. Бу юмушлар учун меҳримиз тушган сиймо билан суҳбатлашишга кетадиган вақтга тенг фурсат сарфлаймиз. Маъшуқа кўнглимизда, рафторимизда кечаётган туғёнларни билиш-билмаслигидан қатъи назар нигоҳимиз гоҳ алангаланиб, гоҳ сўнади; бу ҳаяжон-туғёнларнинг барчаси улар учун ғоят мос сиймо туфайли эканини ҳис қилиш ҳам мамнун этади. Ҳис-туйғуларимизни баён этиш учун булбулдай сайрагимиз келади; ҳолбуки муҳаббатимизни сўзлар билан ифодалашга журъат қила олмай, теран маъно-мазмунга эга имо-ишоралар, саъй-ҳаракатлар билан чекланишга, қаноатланишга мажбурмиз.

Муҳаббат қалбни шоду хуррамлик – завқ-шавқ билан лиммо-лим этиб, бутун фикру зикримизни эгаллаб олади. Бу бахтиёрлигимиз аломат-нишонаси, чунки эҳтиросни бир маромда сақлаб туришнинг бутун сир-асрори ақл-идрок, тафаккурда бир пайса ҳам бўшлиқ-холи жойни қолдирмасликдан, уни бор бўйича муҳаббатимизга оид мастона хаёлларга ғарқ қилувчи нарса-ашёларга муттасил йўналтиришдан иборат. Лекин агар биз томошабиндай четда тураверадиган бўлсак, бундай маҳлиёлик кайфиятини узоқ сақлай олмаймиз. Чунки икки шахс — ошиқ-маъшуқ учун хос эҳтирослар гирдобида ёлғизланиб қолганимиз боис ҳис-туйғуларимиз тезда барҳам топади.

Эҳтирослар, ҳис-ҳаяжонлар янгилашга муҳтож. Инсон ақл-идроки хилма-хилликни тусайди ва кимки шундай янгиланиш, хилма-хилликка мойил бўлса, ундай ошиқ-маъшуқнинг баҳридан кечиш қийин.

Эҳтирослар ўта таранглашгач, баъзан жўшқинлигини йуқотади. Ҳаётбахш манбадан маҳрум бўлгач, сўниб-сўламиз ва бағримизни нимталовчи изтиробли хаёллар исканжасига тушиб қоламиз. Бироқ заифона умид шуъласи милтиллагани ҳамоно қалбимиз қуш каби қанот боғлайди. Аёллар – қиз-жувонлар учун бу анчайин ўйиндай гап, лекин баъзида бефарқ эмаслигини изҳор этиб, чинакамига ҳамдардлик билдирадилар — ўшанда яна ўзимизни бахтиёр сезамиз.

Кучли ва собитқадам муҳаббат ҳамиша инжа саъй-ҳаракатлар, аъмоллар билан бошланади. Бу борада асосий вазифа кўзлар зиммасига тушади. Лекин нигоҳлар ифодаси – сир-асрорини уқиб-илғай билиш зарур.

Икки шахс — ошиқ-маъшуқ ягона ишқ-муҳаббат алангаси ичра ёнар экан, нигоҳлар ифодасини уқишлари шарт эмас. Чунки улардан лоақал бири иккинчиси нима демоқчи эканини, ҳатто уни тушунмаган ёхуд тушуна олмаган тақдирда ҳам шубҳасиз англайди.

Ошиқ-маҳлиё бўлганимизда, яъни севиш асносида бутунлай бошқа инсонга айланганимизни пайқаймиз. Қанчалик ўзгарганимизни ён-атрофдагиларнинг барчаси пайқагандай туюлади. Бу ўта хато тасаввур, лекин ақлу ҳушимизни жўшқин эҳтиросларимиз хиралаштириб, ўтмаслаштириб қўйгани боис ўзимизни ҳаммаси аксинча эканига ишонтира олмаймиз ва ён-атрофдагиларга ишонқирамай муносабатда бўламиз.

Ўзгалар кўнглида кечаётган эҳтиросли туйғуларни пайқашига ошиқнинг ишончи комил. Бу унинг кўнглига ғулғула солади.

Муҳаббат йўли, солномаси, қисса-достони қанчалик узун-давомли бўлса, назокатли қалб соҳиби шунча кўп завқу шавқ оғушида яшайди.

Шундай одамлар борки, улар узоқ муддат умидворлик билан яшайдилар,– булар назокатли ақл-идрок соҳиблари. Бошқалар эса тўсиқ ғов-монеликларга астойдил қарши тура олмайдилар — булар ўта заиф-дағал фаҳм-фаросат эгалари. Дастлабки ақл-идрок соҳиблари феъл-атворида барқарорлик бор; улар ишқ-муҳаббатдан чексиз завқланади. Навбатдаги фаросат эгалари эса жуда тез севиб қолишига қарамай, муҳаббатининг умри қисқа бўлади.

Эъзоз-эҳтиром — муҳаббатнинг дастлабки нишона-аломати. Севган ошиқ-маъшуқимизни ғоят эъзозлаймиз ва бу табиий, чунки меҳр-муҳаббатимизга сазовор сиймонинг тенги бўлиши мумкин эмас.

Шоир-адиблар ошиқ-маъшуқлар ҳис-туйғуларини бутун ранг-баранглиги ила акс эттиришлари жуда мушкул. Бунинг учун уларнинг ўзлари бу дардни — муҳаббат изтироблари ва қувончларини бошдан кечиришлари зарур.

Ақлнинг айниши сингари ахлоқсизлик ҳам ўта даҳшатли.

Ишқ-муҳаббатда сукут — ҳар қандай таъриф-тавсифдан қиммат. Тортинчоқлик тилимизни боғлаб ташлагани маъқул: сукут сақлашда шу қадар теран маъно-мазмун мужассамки, у ҳар қандай изҳори дилдан кўра қалбга яхширок етиб боради. Ошиқ тортинчоқлик-саросима ичра сукут сақлаш асносида қалби маъшуқасига айтадиган муҳаббат изҳорлари билан лиммо-лим бўлади ва бу борада қанчалар зукко ақл-идрок, тафаккур соҳибига айланади! Ҳар қанча сўзамол бўлмайлик, аксарият бутун сўз бойлигимиз тугаб-соб бўлгани афзалдай туюлади. Бу борада ҳеч қандай ҳисоб-китоб ва ҳеч қандай қонун-қоида йўқ. Ҳаммаси қандай бўлиши керак бўлса, айни шу тартибда содир бўлади.

Кўпинча шундай бўладики, кўнгил қўйганини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган маъшуқасига ошиқ узоқ муддат содиқ бўлади. Бироқ бунинг учун ғоят бокира ва оташин муҳаббат билан севиш зарур.

Одамларнинг ақл-идроки, бинобарин, эҳтирослари қандайлиги эканини ўзимизга қиёсан билиб оламиз.

Ошиқ ёру биродарларини ҳам унутиб, қадр-қиммати ҳақида ўйламайди, деган фикрни мен ҳам маъқуллайман. Жиддий, садоқатли, меҳр-оқибатли дўстона муносабатлар ҳам шунга олиб келади. Ошиқларнинг бу қадар бепарволиги бежиз эмас, чунки маъшуқасидан бўлак яна бирон-бир кимсага муҳтожлик уларнинг ҳатто хаёлига ҳам келмайди. Ишқ-муҳаббат исканжасидаги ошиқ ўзи ҳақида қайғурмайди ҳам, хавотирга ҳам тушмайди. Бусиз муҳаббат том маънодаги жўшқинлик-оташинлик-нафосат касб этмайди; шу боис ошиқ одамларнинг фикр-мулоҳазаларига заррача қизиқмайди, билгани шуки, ён-атрофдагилар саъй-ҳаракатларига маломат тошларини ёғдирмасликлари зарур, чунки ошиқона саъй-ҳаракатлар соғлом ақл-идрок билан йўғрилган. Эҳтирослар домига тушиб қолган, муҳаббат дардига тамомила мубтало ошиқ-маъшуқ фикрлаш-мулоҳаза юритиш қобилиятини йўқотади ҳисоби.

Аёл-жувоннинг хайрихоҳлиги, меҳр-муҳаббатини қозониш умиди билан йигит-эркак дастлабки қадамни ташлайди — бу шунчаки урф-одат, расм-русум эмас, балки табиат зиммасига юклаган бурч-мажбурият.

Муҳаббат мубтало қилувчи девоналик ва маъшуқага маҳлиёлик ошиқ феъл-атворида илгари бўлмаган хусусиятларни пайдо қилади. Муҳаббат одамларни олижаноб, бағри кенг, ҳотамтой қилади. Ҳатто хасис кимса ҳам ҳам ҳотамтойга айланиб, аввалги хислат-одатини ҳатто хаёлига келтирмайди. Булар бежиз эмас. Чунки кўнгилни торайтирадиган ва азоблайдиган ҳис-туйғулар билан бирга шундай жўшқин эҳтирослар ҳам мавжудки, улар қалбга чексиз куч ­қуввват, қанот бахш этади.

Меҳр-муҳаббатни ақл-идрокдан айрича тасаввур қилишга беҳуда уринадилар. Уларни зидлаштириш, қарама-қарши қўйиш учун асослар йўқ, чунки ақл-идрок ва меҳр-муҳаббат айни бир, яхлит-ягона хислат, хусусиятга эга. Биз яхши билиб улгурмасдан муайян инсонига қизиқа бошлаймиз, – бу ақл-идрокнинг ўзига хос шошма-шошарлиги, бироқ бундай иш тутиш оқилликка бегона эмас, ва биз бошқа бўлмаслигимиз, бу ҳақда ўйламаслигимиз ҳам керак: аксинча, ҳис-туйғудан маҳрум машинага айланиб қолган бўлардик. Башарти шундай экан, ишқ-муҳаббатдан ақл-идрокни айирмайлик, ажратмайлик, чунки улар ажралмас, бир бутун, яхлит.

Бундан келиб чиқадики, шоирлар даъво қилганидек, муҳаббатнинг кўзи кўр эмас. Ёруғ дунёни беркитиб турган боғични муҳаббат кўзлари нигоҳидан юлқиб олиш зарур.

Ишқ-муҳаббат учун яралган қалб фаол, жўшқин воқеаларга бой ҳаётга муштоқ. Қалбга ором бегона, ҳамиша беором, безовта, шу боис ён-атрофда ҳамма-ҳаммаси унга мос равишда қайнаб тошиши керак. Шундай жўшқин ҳаёт тарзи қайноқ эҳтирослар учун кенг уфқлар очади. Саройга қадам ранжида қилмайдиган шаҳарликларга нисбатан сарой аҳли осонлик билан маҳлиё қилишлари бежиз эмас: аҳли саройнинг қалбида ҳамиша аланга ёлқинланади, остона ҳатлаб ташқарига чиқмайдиган шаҳарликлар эса қалбга туғён соладиган жиддий бирон воқеа рўй бермайдиган якранг, туссиз турмуш тарзига кўникиб қолган. Жўшқин турмуш тарзи кутилмаган воқеа-ҳодисалар ато этади, ақл-идрокни чархлаб, ёрқин таассурот-хотиралар қолдиради.

Менимча, муҳаббат қалбни ўзгартиради, янгилайди. Ишқ-муҳаббат одамларни юксалтиради ва олижаноблик бахш этади. Инсоннинг феъл-атвори, рафтори, аъмоллари — барча-барчаси муҳаббатга мос бўлиши зарур, аксинча залворли муҳаббат юкини кўтара олмайди.

Гўзаллик ва ёқимлилик — айнан бир хил экани барчага аён. Бу борада сўз-иборалар ва саъй-ҳаракатлардаги ахлоқий нафосат-гўзалликни назарда тутяпман. Ҳа, ёқимтой, хушрўй бўлишнинг, албатта, муайян қонун-қоидалари мавжуд, бироқ яна жисмоний мойиллик-хайрихоҳлик ҳам борки, бу сиз билан бизнинг ихтиёримизга боғлиқ эмас.

Ёқимтойлик, жозибадорликка оид шу қадар идеал тасаввурни ҳосил қилдикки, гўё бутун дунёда унга мос-муносиб сиймо йўқ. Фикримизни жамлаб астойдил мулоҳаза юритайлик ва одамлар феъл-атворидаги самимият ва ақлий тийрак-зийраклик мафтун-маҳлиё қилишини эътироф этайлик. Бу икки хислат-фазилат ишқ-муҳаббат учун жуда зарур: ошиқ шошиши ҳам, сусткашлик қилиши ҳам керак эмас. Қолган барчасини тажриба ихтиёрига қўйиб бераверинг.

Муҳаббат — бамисоли оқилона мазмун-моҳият. Бошқаларнинг ақли қанча бўлса, шунча ақл-идрокка эга эканига, бинобарин бошқалар қандай севса, ўзлари ҳам айни шу асно севишига ҳар бир инсоннинг ишончи комил. Бироқ, жиддий мулоҳаза юритгудай бўлсак, ошиқ-маъшуқда ҳар бир инсон учун шундай хусусият-фазилатлар қимматлики, уларга бошқалар эътибор бермайди. (Бу фарқни илғаш учун жиддий синчковлик, нуктадонлик зарур.)

Кимки ўзини севиб қолгандай тутадиган бўлса, росмана муҳаббат дардига мубтало бўлиши ҳеч гап эмас; нима бўлмасин, бу борада енгил қизиқувчанликсиз, ишқибозликсиз иш битмайди. Ахир Мажнун қиёфасига киришга уринаётган ишқибоз бошқаларни ишонтиришга астойдил уринади, аксинча унинг даъвосига ким ҳам ишонарди? Ҳис-туйғулар, эҳтирослар туғёнини пинҳон тутиш бошқа муҳимроқ туйғуларни яширишдан кўра мураккаб. Ҳиссиётларни пинҳон сақлаш учун даставвал ҳайрат, топқирлик, енгил ва оний ақлий зукколик зарур, бошқа туйғуларни сир сақлаш учун фақат зийраклик қилиш ва вақтни чўзиш кифоя, бу, албатта, нисбатан осон.

Меҳримиз тушган ошиқ-маъшуқдан токи олис эканмиз, ўзимизни ҳар ишга қодир ва севгимизни шоирона теша тегмаган ибора-ифодалар билан изҳор этишга қодирдай сезамиз, бироқ рўбарў келганимиз ҳамоно гўё оёқ-қўлимиз тушовланиб, тил-забонимиз калима келтиришга ҳам айланмайди. Бундай заифона сусткашликнинг боиси не? Гап шундаки, меҳримиз тушган сиймодан токи маълум масофада эканмиз, руҳий мувозанатни сақлашимиз осон, айни пайтда ошиқ-маъшуқ ёнида қатъиятдан тамомила маҳрум қилувчи аллақандай ҳаяжон гирдобига тушиб қоламиз.

Барчасини бой беришдан чўчиганимиз боис муҳаббат масаласида таваккал қилишга журъатимиз етмайди. Албатта, илгарилаш зарур, бироқ айнан қайси нуқтада тўхташ кераклигини ким билади? Токи шу нуқтани топмас эканмиз, ўзимизни қўйгани жой тополмаймиз, лекин топгач, ундан ҳатлаб ўтиш осон. Бу борада оқилона иш тутиш наф бермайди.

Сидқидилдан севганимизда меҳримиз тушган ошиқ-маъшуққа ҳар гал илк бора кўраётгандай суқланиб назар ташлаймиз. Ғойиб бўлгани ҳамоно орадан бирон дақиқа ўтар-ўтмас рухсорини қўмсай бошлаймиз. Сиймоси қаршимизда пайдо бўлиши билан қалбимиз нурга тўлиб, ёришгандай бўлади! Ғулғула, саросима кўнглимизни шу заҳоти тарк этади.

Бироқ бунинг учун муҳаббат етарли даражада етук, баркамол бўлиши талаб қилинади. Башарти эндигина туғилиб келаётган бўлса ва ҳали ошиқ-маъшуқнинг меҳрини қозониб улгурмаган бўлсак, хавотирлар барҳам топади, лекин уларнинг ўрнини бошқалари эгаллайди.

Қанчалар мушкуллигидан қатъи назар изтироблардан нажот топиш илинжида севганимиз ёнида бўлишга интиламиз. Бироқ унинг чеҳрасига кўзимиз тушгани ҳамоно яна ҳам кучли изтироблар гирдобига тушиб қоламиз. Аввалги азоб-уқубатлар айни пайтдаги изтироблар сингари қийнамайди, бизлар айни паллада кўнглимиздан кечаётган ҳис-туйғуларга биноан хулоса чиқарамиз.

Русчадан Абдуҳамид Пардаев таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 10-сон