Абдулла Улуғов. Арасту англатган адабиёт

Инсоният тарихидаги машҳур мутафаккирлардан бири Арасту ҳам барча номдор ақл-идрок соҳиблари сингари нафақат фавқулодда ўткир зеҳни, балки ўзининг ташқи кўриниши билан ҳам атрофдагиларнинг эътиборини тортган. Милоддан аввалги 384–322  йилларда яшаб ўтган бу юнон донишманди, манбаларда маълум қилинишича, “калта соқол қўйиб, доим сочини пешонасига тушириб юрган”. Тасаввуримизда унинг соғломлик барқ уриб турган вужудидан, баланд қадди-қоматидан, ўтдай ёниб турадиган чиройли очиқ чеҳрасидан, чақнаган кўкиш кўзларидан, узун қилиб ўстирилган майин, жингалак сочларидан, пайдор билакларидан, узун бармоқларидан, умуман, бақувват жисмининг ҳар бир узвидан унга рўпара келган ҳар қандай кишига ҳам жисман, ҳам руҳан таъсир қиладиган аллақандай салобат ёғилиб турган. Чунки номи асрлар оша ўчмасдан келаётган алломанинг сурати – ташқи кўриниши ҳам унинг сийрати – ички дунёси, ақл-тафаккури сингари улуғвор, салобатли бўлган. Борлиқдаги барча нарсага мушоҳада юритиш манбаси сифатида қараган бу юнон донишмандининг кишига синчковлик билан тикиладиган ўткир нигоҳларида кишилар билан суҳбатлашаётган пайтида, шогирдларига ниманидир уқтираётган чоғида билинар-билинмас завқ ўйнаган. У мунозаралар чоғида қувноқ тийрак кўзларини суҳбатдошига тикканча, сўзлари унга қандай таъсир қилаётганини кузатганча жилмайиб турган. Баҳслашувчиларнинг бемаъни фикрларидан жаҳли чиққанида ёки бўлак бир сабабдан асабийлашганида эса шошиб, тез-тез гапира бошлаган. Ўшанда унинг овози дағал, ҳам бир оз баландроқ чиққан.

Истеъдодли кишилар ҳам ҳаммага ўхшаган бир одам бўлади-ю, лекин улар қайсидир жиҳатлари билан бошқалардан бироз ажралиб ҳам туради. Бу тафовут уларнинг бўй-басти, юз-кўзи, хатти-ҳаракати, сўзлаш тарзи, ҳодисаларга ёндашиши ва яна бошқа жиҳатларида сезилади.

Истеъдодли инсонларнинг қадри, кўпинча, улар дунёдан ўтганидан кейин билинади. Улар ҳаётлик чоғида кўрмаган ҳурмат-эътиборга вафот этганидан кейин эришади. Тўғрироғи, кишилар уларнинг истеъдоди, қобилиятини ҳаётлигида эмас, бу дунёдан ўтганидан кейин тан олишади. Инсониятнинг кўҳна тарихи ҳам, яқин ўтган давр ҳам, ҳозирги замон ҳам истеъдодли кишиларга ҳасад “ўқ”ига нишон бўлиб қийналиш, машаққатли меҳнат билан изланиб яшаш, сарсон-саргардон кун кечириб, бошқалар муяссар бўлмаган муваффақиятларга эришиш қисмат қилиб белгиланганидан далолат беради. Истеъдодли инсонларга Яратгувчи атрофдагиларнинг диққатини тортадиган қиёфа, нозик феъл-атвор, юксак дид, фавқулодда ўткир зеҳн, талай замонлар одамлар учун жумбоқ бўлиб қоладиган ғаройиб қисмат ва яна кўп ажойиб хусусияту хислатлар ато этади…

Ўзини Аристокль (эрамиздан аввалги 428–347 йиллар)нинг шогирди санаган, дунёнинг кўп мамлакатларини забт этган машҳур саркарда Александр Македонский (эрамиздан аввалги 356–323 йиллар)га устозлик қилган Аристотель Шарқда “Арасту” номи билан шуҳрат қозонган. Унинг устози Аристокль эса “Афлотун” деб улуғланган. Афлотун ҳам, Арасту ҳам улардан кейинги алломалар ҳам “устоз” деб эъзозлаган Сократ (эрамиздан аввалги 470 – 399 йиллар) бўлса, “Суқрот” деб шарафланган. Ғарбликлар ҳам Шарқ алломалари исмига худди шу тарзда “таҳрир” киритиб, уларни ўзиники қилиб олишган. Европада Ибн Сино (980–1037 йиллар) “Авиценна”, Ибн Рушд (1126–1198) “Аверроэс”, Абу Аббос Аҳмад Фарғоний (вафоти 860 йил)  “Алфраганус” ва ҳ.к. Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий (780–850)  “Алгорезмус” деб улуғланган. Ибн Сино асарлари ўқув юртларида тиббиёт бўйича таянч манба сифатида ўқитилган бўлса, Ибн Рушднинг диний ва фалсафий қарашлари асосида Ғарбий Европада “аверроизм” деган фалсафий-эстетик таълимот вужудга келган.

Арасту салкам икки юзта асар ёзгани, улардан ўттиз биттасигина бизгача етиб келгани қайд этилади (“Тафаккур” журнали, 2016 йил, 2-сон. Б.27-28-бетлар). Мана шу далилнинг ўзиёқ  “мантиқ илми асосчиси”, “этика илмининг бошловчиси” дея улуғланадиган Арасту буюк қомусий олим, улуғ мутафаккир эканидан далолат беради. Борлиқни кузатиб, унинг ҳодисалари ҳақида мушоҳада юритишдан завқланган ва уни эзгуликка эришиш манбаи деб қараган бу юнон донишманди адабиётшунослик фанининг ҳам тамал тошини қўйган. У ўзининг “Поэтика” асарида биринчи бўлиб адабиётшунослик негизида бадиий асарларни таҳлил қилиш туришини, бу фан тилшунослик ва мантиқ, тарих ва санъатшунослик, эстетика ва этика, фалсафа ва сиёсат каби ижтимоий фанлар билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатиб берган. Теран илмий-назарий таҳлилга асосланган “Поэтика” ҳам, олимнинг бошқа асарлари ҳам шу боис алоҳида таълимот сифатида эътибор қозонган. Арасту таълимоти, унинг асарларида илгари сурилган ғоя ва қарашлар хусусида баҳслар Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам асрлар бўйи тўхтамасдан давом этган. Жумладан, Ибн Сино Арастунинг “Осмон ҳақида” ва “Физика” асарлари хусусида мулоҳаза юритиб, шогирди Бахманёр билан шу хусусда ёзишмалар қилгани манбаларда кўрсатилади.

“Поэтика”, “Ахлоқи кабир” асарларининг эътиборли жиҳати шундаки, Арасту ҳеч бир ўринда ўқувчига ўзининг фикр ва хулосаларини ўтказишга уринмайди. Аллома бошқа асарларида ҳам кишиларга бирор бир масала хусусида сабоқ беришга киришиб кетмайди. Аммо у табиат ва жамият ҳодисалари, инсон дунёси мураккабликлари хусусида шундай теран мушоҳада юритадики, ҳар қандай ўқувчи беихтиёр унинг фикрига қўшилади.

Арасту: “Тарихчи ва шоир бир-биридан шу жиҳатдан фарқ қиладики, улардан бири ҳақиқатда бўлган, иккинчиси эса бўлиши мумкин бўлган воқеа ҳақида сўзлайди. Шунинг учун поэзия тарихга қараганда фалсафийроқ ва жиддийроқ; поэзия кўпроқ умумий, тарих эса алоҳида воқеаларни тасвирлайди” дейди. Бу фикр дарслик, қўлланмаларда кўп такрорланганидан уни ҳамма билади. Аммо ҳозир барчага аён ана шу фикрни дастлаб Арасту айтганини ҳамма ҳам хаёлига келтирмайди. Янги техника воситалари, дори-дармон ва ҳоказоларни ўйлаб топиш “ихтиро” дейилади-ю,  кимдир биринчи бўлиб айтган юқоридагига ўхшаш фикрлар хусусида бундай дейилмайди. Аслида айни хилдаги мулоҳазалар ҳам кашфдир. Чунки Арас­тудан аввал шу фикрни ҳеч ким айтмаган. Ваҳолонки, ҳар қандай одам янги ускуна, асбоб ишлаб чиқаролмагани сингари янги фикр, янги ғояни ҳам ҳамма айтолмайди.

Янги фикр, янги ғоя кўнгилда кутилмаганда, тўсатдан пайдо бўлади. Тўғрироғи, Худо уни кимнингдир кўнглига солади. У узоқ вақт кузатиш, ўйлаш, таққослаш, таҳлил қилиш, изланишнинг “мева”си сифатида ўсиб чиқади. Шу боис “Инсоний комедия” муаллифи Оноре де Бальзак “ХIХ аср француз ёзувчиларига мактуб”ида: “Фикрни Худо беради ва у Худога қайтади, фикр қуроллардан юқорироқ туради, фикр уларнинг бошига тож бўлиб қўнмоғи ва уларни тождан маҳрум этмоғи мумкин” дейди (Жаҳон адиблари адабиёти ҳақида. – Тошкент, Маънавият, 2010. – Б.216.). Ҳозир адабиёт ва санъат ҳақида кўпчилик биладиган, барчага аён, ҳамманинг мулкига айланган талай фикрлар аслида дастлаб Арасту асарларида баён қилинган. Аллома “Поэтика”, “Ахлоқи кабир” ва бошқа асарларида илгари сурган, аниқроғи, унга Худо берган қарашларини шогирдлари билан муҳокама қилган. Улар эса устозларининг мулоҳазаларини ёзиб олиб, бошқаларга етказган.

Милоддан аввалги замонда яшаган бу донишманднинг: “Ҳақиқатни излаш ҳам осон, ҳам мушкул. Чунки ҳеч ким унга тўлиқ эришолмайди. Шунинг баробарида, ҳеч ким уни умуман пайқамаслиги ҳам мумкин эмас. Аммо ҳар бир одам табиатни англашимиз учун озгина бўлса-да, ўз ҳиссасини қўшади. Ушбу улушлар йиғилиб эса улуғвор манзарани ҳосил қилади”, деган сўзлари Вашингтондаги Миллий фанлар академияси биноси пештоқига ёзиб қўйилган (Ҳақиқат манзаралари. 96 мумтоз файласуф. – Тошкент, Янги аср авлоди, 2002. Б.98.).

Арасту Фракиядаги Стагира шаҳрида туғилган. Унинг отаси Никомах Македония ҳукмдори Аминт II нинг шахсий табиби бўлган. Шу боис Арас­ту болалигида Македониянинг бўлғуси ҳукмдори Филипп билан бирга улғайган. Арасту 17 ёшидан 37 ёшигача (367–347 йиллар) – йигирма йил Афлотуннинг Академиясида таҳсил олган. Афлотунни устози Суқрот “Платон” деб чақирган. “Платон” сўзи “кенг елкали, гавдали” маъносини билдиради. Аристокль – Афлотуннинг кўриниши, қадди-қомати ҳақиқатан шундай бўлган. Унинг мунозаралар пайтида давра ўртасига чиқиб келиши яғриндор елкалари билан илмнинг оғир юкини кўтариш учун дунёга келган паҳлавон эканини билдириб турган. Донишмандлик рамзи саналган Афлотун жуда кўп асарлар битган бўлса-да, бизгача унинг шеърий йўлда битилган 25 тача миниатюра-эпиграммаси етиб келган. Шунингдек, 23 та асл нусхадаги ва 11 та унинг қаламига мансуб деб тахмин қилинадиган суҳбати, “Суқрот мадҳи” деб номланган нутқи ҳамда 13 та мактуби маълум.

Ўзини Афлотуннинг шогирди санаган Арасту Шарқда “Искандар Мақдунли” номи машҳур Александр Македонскийга мураббийлик қилиб, унга фалсафа, математика, тарих каби фанлардан ва ўша замонда ғоят қадрланган жисмоний тарбия, камондан отиш, кураш каби жанг санъатларидан сабоқ берган. Арасту ҳам худди устози Афлотун сингари тиришқоқ, интилувчан шогирдларига меҳр ва хайрихоҳлик билан қараб, уларнинг фикрларини қадрлаган ҳамда бошқаларнинг ўз қарашини эркин, бемалол айтишига йўл берган. Александр Македонский ҳукмдор бўлгач, устозининг ҳайкалини ясаттириб, унинг пойига: “Александр Македонский ушбу ёдгорликни Никомахнинг ўғли, улуғ донишманд ва авлиё Аристу хотирасига ўрнатди” деб ёздирган.

Суқрот, Афлотун, Арасту яшаган даврда Юнонистонда маданият юксак даражада ривожланган ва санъатнинг кўпгина турлари: театр, мусиқа, ҳайкалтарошлик, меъморчилик, шеърият, драматургия равнақ топган. Ўша замонда одамларни ҳаётдаги турли фожиалардан, инсон тақдири жумбоқларидан огоҳлантирувчи трагедия, жамиятдаги ижтимоий иллатларни, кишиларнинг ахлоқсизликларини фош этувчи комедия, адолатли давлат тузумини, инсонпарварлик қонунларини ҳимоя қилувчи воизлик санъати (риторика) жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган. Юнон донишмандлари ўз замонасининг ижтимоий-сиёсий муаммолари, инсон табиати мураккабликлари, унинг феъл-атворидаги жумбоқ жиҳатлар, кишилараро муносабатлардаги мантиқ қолипларига сиғмайдиган чигалликлар, борлиқ, табиат ҳодисалари, давлатни бошқариш, таълим ва тарбия масалалари, руҳ ва тана, адолат, ҳалоллик хусусида мулоҳаза юритиб, мунозара қилишган ва бунда ҳамиша Ҳомернинг “Илиада”, “Одиссея” достонларига, Софокл, Эврипид ва бошқа улуғ шоирларнинг асарларига мурожаат этишган. Улар инсон руҳи, дин аҳкомлари, давлат қонунлари, ҳукмдор ва тобе одам муносабати, бу дунё ва нариги дунё ҳамда бошқалар хусусида баҳслашиш асносида ҳақиқатни аниқламоқчи бўлишган. Масалан, Афлотуннинг “Давлат” асари иккинчи китобида қайд қилинишича, суҳбатларнинг бирида Главкон Суқротга: “Адолатсиз ишлар қилишни ҳамма яхши кўради. Одамлар фақат давлат қонунларидан ва жамоатчилик фикридан қўрққани учун ўзларини ноҳақ ишлардан тийиб туришади. Инсон қулай имконият топиши билан ноҳақ ишлар ёрдамида мол-дунё, мансаб, обрў топишга киришади” дея эътироз билдирган ва бу фикрини асослаш учун Эсхилнинг “Фивага қарши еттовлон” драмасидан: “Одамзот ўзини адолатли қилиб кўрсатиши керак эмас, балки чиндан ҳам одил бўлиши керак” деган фикрини келтирган. Шунда донишманд Суқрот Главконнинг бу мулоҳазаларини мақтаган (Болтабоев Ҳ., Маҳкамов М. Адабий-эстетик тафаккур тарихи. 1-жилд. – Тошкент, Мумтоз сўз, 2013. – Б.146.).

Арасту инсоният ҳанузгача улуғ донишманд сифатида шарафлаб келаётган Суқрот, Афлотун сингари мутафаккирларнинг теран, пурмаъно мулоҳазаларидан таъсирланиб, ақлий, маънавий камолотга интилган. У шу тариқа ўзигача бўлган даврда юнон илм-фани эришган билимларни ўзлаштирган ҳамда “Поэтика”, “Риторика”, “Физика”, “Методика”, “Метафизика”, “Жон ҳақида”, “Осмон ҳақида”, “Севги ҳақида”, “Уйқу ва бедорлик ҳақида” сингари асарлар ёзган. Арасту ҳаёт воқелигини қиёслашга асосланган теран мантиқий мулоҳазалари, кенг қамровли, чуқур умумлашмага эга хулосалари билан табиат, жамият ва инсон тўғрисидаги мавжуд билимларни ривожлантирган. Жумладан, “Поэтика”, “Ахлоқи кабир”, “Риторика” асарларида Суқрот, Афлотуннинг қарашларини баъзан маъқуллаб, баъзан инкор қилиб, кенгайтириб чуқурлаштирган.

Арастунинг “Поэтика” асари эрамиздан аввалги 336–332 йилларда ёзилган. Мутафаккирнинг ҳаёт тажрибаси ортиб, ақл-тафаккури камолга етган бир пайтда – тахминан эллик ёшга яқинлашган чоғида битган бу китоби то ҳозиргача мўътабар манба сифатида қадрланади ва у кўпгина тилларга таржима қилиниб, унга неча замонлардан бери шарҳлар битилади. Жумладан, ушбу асар IХ асрда сурёний тилига, тахминан 930 йилда эса сурёний тилидан араб тилига ўгирилган. Шарқ мутафаккири Абу Наср Форобий (873–950) Арастунинг ана шу асари таъсирида “Шеър санъати қонунлари ҳақида рисола”сини ёзган ҳамда “Поэтика”га шарҳ битиб, бу асарнинг мазмуни ва моҳиятини изоҳлаган. Ибн Сино (980–1037), Ибн Рўшд (1126–1198) каби олимлар ҳам Арастуни ардоқлаб, унинг “Поэтика”си хусусида эҳтиром билан мулоҳаза билдирган. Шарқда Арастунинг бошқа асарларига ҳам катта қизиқиш билан қаралган. Абу Наср Форобий Шарқда “устози аввал” дея таърифланган Арастунинг асарларига шарҳлар битиб, уларни кенг оммага тушунарли тарзда баён қилгани боис “муаллими соний” – “иккинчи муаллим” деб улуғланган.

Ал Форобий ат-Туркий юнон мутафаккири илмий меросига бениҳоя меҳр қўйиб, унинг барча асарларини чексиз қизиқиш ва иштиёқ билан мутолаа қилган. Бу хусусдаги маълумотлар эса, рости кишини ҳайратга солади. Манбаларда қайд қилинишича, бу улуғ аждодимиз Арастунинг “Жон ҳақида” асарининг четига ўз қўли билан “Мен бу асарни 200 марта ўқидим” деб ёзиб қўйган экан. Форобий юнон донишмандининг “Риторика” асарини 200 марта, “Табиий уйғунлик” асарини эса 40 бор ўқигани қайд қилинади.

Арастунинг асарлари эса ўқувчисига завқ-шавқ берадиган, унинг туйғуларини тўлқинлантириб, ҳиссиётларини жўштирадиган ўткир сюжетли асар эмас. Суқрот, Афлотун, Арасту асарларини мутолаа қилиш учун чидам, қунтдан ташқари, кишида илмга бўлган ихлос талаб этилади.

Нақл қилинишича, Ибн Сино ҳам юнон мутафаккирининг “Метафизика”сини қирқ марта ўқиган, аммо унчалик тушунолмаган, орадан анча вақт ўтиб, Форобийнинг шарҳи билан танишганидан кейингина ушбу асар мазмун-моҳиятини англаган экан (Арасту. Поэтика (Поэзия санъати ҳақида). Ахлоқи кабир. –Тошкент, Янги аср авлоди, 2004. –Б.81.). Бизга ривоят, муболаға бўлиб туюладиган ушбу далил ҳам аждодларимизнинг илмга иштиёқи баланд бўлганини билдиради.

Арастунинг “адабиётшуносликка оид дастлабки тадқиқот” дея эътироф этиладиган “Поэтика” асари, афсуски, бизгача тўлиқ етиб келмаган. Унинг сақланиб қолган айрим қисмларигина шунчалик эътибор қозониб, минг йиллардан бери адабиётшунослик, санъатшунослик ва бошқа соҳалар учун мўътабар манба бўлиб келаётгани даҳоларнинг мулоҳазалари барча замонларга бирдай дахлдорлиги, уларнинг қарашлари, асрлар ошса-да, эскирмаслигидан далолат беради. “Поэтика” тўғрисида Форобий, Ибн Сино сингари қадимги замон мутафаккирларигина эмас, ХХ–XXI аср файласуфлари, адабиётшунослари ҳам мароқ билан мулоҳаза юритишаётгани бу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди. Арастунинг илмий меросига бағишланган тадқиқотлар орасида А.Ф.Лосев, Ф.А.Петровский, А.С.Ахманов сингари рус олимларининг асарлари алоҳида ажралиб туради. “Поэтика”ни ўзбекчага ўгирилган нашрига уларнинг айрим мақолалари таржима қилиниб киритилган. Улар Арасту асари мазмунини яхшироқ тушуниб, унинг илмий-эстетик тафаккур тарихидаги беқиёс ўрнини англашда ўқувчига яқиндан кўмаклашади. Арасту “Поэтика”си бизда дастлаб 1980 йилда Маҳкам Маҳмудов ва Уммат Тўйчиев таржимасида, тузатилган иккинчи нашри эса 2004 йилда чоп қилинган. Заҳматкаш адабиётшунос, таржимон, адиб Маҳкам Маҳмудов ана шу нашрга юнон алломасининг “Ахлоқи кабир” асари ва унга шарҳларни ҳам таржима қилиб киритган.

Арасту замонида, ундан аввалги ва кейинги даврда Ғарбда бадиий адабиёт “поэзия” дейилган. Ҳозирги тушунчадаги бадиий адабиётни “поэзия” деб аташ Пушкин яшаган пайтдан бошлаб таомилга кирган. Шунинг учун В.Г.Белинский (1811–1848) адабиёт ва унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, рус ва жаҳон адабиёти тарихининг ёрқин саҳифаларига бағишланган салмоқли тадқиқотини “Поэзиянинг хил ва турларга бўлиниши” (1841) деб номлаган. (улуғ рус танқидчисининг ушбу асарини Ойбек ўзбек тилига таржима қилган).

“Поэтика”га қавс ичида “поэзия санъати ҳақида” деб изоҳ берилган ва бу асарга бағишланган тадқиқотларда Арасту бадиий адабиётни “поэзия” деб атагани таъкидланган. Юнон мутафаккирининг неча замонлардан буён адабиётни англаш алифбоси бўлиб келаётган ушбу асари ҳажман кичкина бўлиб, яхлит ҳолда бўлган. Мазкур асарни юнончадан русчага ўгирган М.Л.Гаспаров уни кичик сарлавҳали қисмларга бўлиб чиққан. Арастунинг ушбу асари ўзбекчага В.Г.Аппельрот ҳамда М.Л.Гаспаровнинг русча таржимаси асосида ўгирилган. Маҳкам Маҳмудовнинг қайд этишича, “Поэтика”ни XII асрда Ибн Рушд араб тилига таржима қилган. 1256 йилда Г.Аллеман ана шу таржима асосида уни лотин тилига ўгирган. 1508 йилда венециялик Г.Валла “Поэтика”ни юнончадан лотин тилига ўтказган. Рус тилига эса уни турли вақтларда В.К.Тредиаковский, С.П.Шевирев, Б.И.Ординский, В.Г.Аппельрот, М.Л.Гаспаров ва бошқалар ҳам таржима қилишган. “Поэтика”нинг рус тилидаги таржималари орасида В.Г.Аппельротнинг 1893 йилда амалга оширган ўгирмаси ва М.Л.Гаспаровнинг 1978 йилда Москвадаги “Наука” нашриётида босилиб чиққан таржимаси ўзининг аниқлиги билан алоҳида ажралиб туриши таъкидланади. Эрамиздан аввал битилган ушбу асарни ўқувчилар тушунишини осонлаштириш мақсадида М.Л.Гаспаров матнга юқоридаги шартли сарлавҳаларни киритган.

“Жаҳондаги биринчи адабиёт назарияси” дея эътироф қилинадиган мазкур тадқиқот соф илмий академик услубда ёзилган ва унда поэзия, яъни бадиий адабиётнинг асосида ҳаёт туриши, шоир ундаги ҳодисаларнинг ўхшашини ижод қилиши ёки уларни қайтадан гавдалантириши уқтирилган. Арастунинг ушбу асари: “Биз умуман, поэтик санъат тўғрисида, шунингдек, унинг алоҳида кўринишлари ва улардан ҳар бирининг имкониятлари, поэтик асарнинг яхши чиқиши учун ривоят (мифос) қандай тузилмоғи лозимлиги тўғрисида сўзлаймиз. Бундан ташқари, асарнинг нечта ва қандай қисмлардан иборат бўлиши, шу билан бирга, бу тадқиқотга тегишли бўлган ҳамма бошқа масалаларга тўхталиб ўтамиз”, деб бошланган. Асар билан танишиб чиқилгач эса юнон донишмандининг “бу тадқиқотга тегишли бўлган ҳамма бошқа масалалар” хусусидаги мулоҳазалари бизгача етиб келмагани аниқ аён бўлади. Лекин замонлар оша адабиётнинг моҳиятини англашда муҳим манба бўлиб келаётган “Поэтика”нинг сақланиб қолган қисми ҳам Арасту имкон борича унга қалб қўрини тўкканини билдиради.

Арасту мазкур асарида “поэзия – ўхшатиш санъати” деган қарашни илгари сурган ва унинг пайдо бўлиши хусусида фикр билдириб, поэтик санъат иккита сабабга кўра: гавдалантириш ҳамда ўхшатиш хусусияти асосида юзага келишини қайд этган. У ўзининг ушбу мулоҳазаларини асослаш учун: “Ўхшатиш – инсонга болаликдан хос хусусият. Инсон бошқа мавжудотлардан ўхшатиш қобилиятига эга эканлиги билан ҳам фарқланади, ҳатто, дастлабки билимларини у ўхшатишдан олади ва бу жараён самаралари барчага ҳузур бағишлайди… Биз ҳақиқатда ёқимсиз кўринган нарсаларга, масалан, жирканч жонивор ва мурдалар тасвирига завқ билан боқамиз. Бунинг сабаби шундаки, билим олиш фақат файласуфларга эмас, балки бошқа кишиларга ҳам жуда ёқади. Фарқ шундаки, оддий одамлар билиш учун томоша қилмайдилар. Улар тасвирга завқланиб қарайдилар. Чунки унга боқиб, “мана бу нарса бундай экан” деб мулоҳаза юритишни ўрганадилар. Агар ўхшаши тасвирланган нарсани аввал кўрмаган бўлса, ўхшатишдан эмас, балки бичим, бўёқ ёки шунга ўхшаш бошқа нарсадан завқ туядилар” деган (Арасту. Поэтика (Поэзия санъати ҳақида). Ахлоқи кабир. –Тошкент, Янги аср авлоди, 2004. – Б.23-24.). Арастунинг эндиликда барчаники бўлиб қолган бу фикри мантиқан асосли эканлиги боис минг йиллар ўтса-да, эскирмасдан келади.  “Адабиёт – ҳаёт воқелигининг бадиий акси” деган кенг тарқалган қараш заминида Арастунинг ана шу мулоҳазаси туради. Унинг айни фикри “адабиёт қандай пайдо  бўлган?” деган саволга энг асосли жавоб бўла олади. Адабиётнинг моҳиятини англаш эса у қандай пайдо бўлганини билишдан бошланади. Бундан Арасту инсониятга адабиёт аслида нима эканлигини биринчи бўлиб тушунтирган, башариятга сўз санъати моҳиятини англатган даҳо экани аёнлашади.

Ҳаётнинг сирли, жумбоқ бўлиб келаётган жаҳатларидан бири шундаки, Худо неъматларининг қадрини барча бандаларига бирданига билдирмайди. У ҳамиша айрим бандаларигагина неъматларининг қадри, аҳамиятини анг­лайдиган ўткир ақл-тафаккур беради ҳамда улар орқали ўзининг чексиз мўъжизаларини маълум қилади. Арастунинг адабиёт моҳиятини аён этувчи мулоҳазалари ҳам Оллоҳ уни бошқалардан зукко қилиб яратганидан далолат  баради. Шу боис қанча замон ўтса-да, унинг қарашлари санъатнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, адабиётнинг ўзига хос хусусиятларини англашда таянч асос бўлиб келади. Адабиётни европача андозада англаш Арастунинг “Поэтика”сидан бошланади. Форобийнинг ушбу асарга ёзган шарҳидан, Ибн Синонинг “Ёруғланиш” асаридаги Арасту қарашларига муносабатидан эса юнон донишмандининг “Поэтика”си ва бошқа асарлари Шарқда ҳам ҳаёт ва унинг сўздаги акси – адабиётнинг моҳиятини англаш, инсон жумбоғини тушунишда ўзига хос эътиборли манба бўлганини билдиради.

Арастунинг шеър навлари, шоирларнинг бир-биридан фарқи, ўхшатиш, трагедия, комедия, драманинг пайдо бўлиши ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги мулоҳазалари ҳозир ҳам эскирмаган. Унинг трагедия, комедия, драманинг хусусиятлари тўғрисидаги фикрлари адабиётшуносликда аллақачон ўзлашиб, дарслик, қўлланма, луғатлардан мустаҳкам ўрин олган. Арасту, жумладан, трагедияни: “У шеърнинг маълум бир нави бўлиб, унинг ўқилаётганини эшитган ёки ўзи овозини чиқариб ўқиган киши ҳузур қилади. Трагедияларда бировларга мисол (ўрнак) бўла оладиган яхшилик­лар ва мақтаниладиган феъл-атворлар зикр қилинади; бу вазнда шаҳарни бошқарувчи ҳукмдорлар мадҳ этилади”, деб изоҳлайди. Арасту трагедия ва комедиянинг пайдо бўлишини қўшиқ билан боғлайди. Қўшиқларнинг ўзи эса бадиҳагўйлик – импровизациядан келиб чиққанини таъкидлайди. У трагедия, комедия, драма адабий жанр сифатида шаклланиши жараёнида кўп ўзгаришларга учраганига эътибор қаратади ва бу ўзгаришлар уларнинг театр томошаси сифатида намойиш қилиниши билан боғлиқлигини қайд этади. Арасту адабий жанрлар манзарасидаги ўзгаришларни, биринчи нав­батда, унда инсон образини гавдалантиришда кўради. “Эсхил битта актёр ўрнига иккита киритди, хор қисмини озайтирди ва диалогни биринчи ўринга қўйди. Софокл эса актёрларни учтага етказди ва декорациялар киритди” дейди. Бундан трагедиялар театр томошаси сифатида намойиш қилинган илк даврларда саҳнада, асосан, битта актёр ҳаракат қилгани ва у кўпроқ монолог ўқигани аёнлашади. Арастунинг адабиёт манзарасини, жанрдаги ўзгаришлар даражасини белгилашда адабий қаҳрамон образини таянч мезон қилиб олгани адабиётшунослик учун кейинчалик ҳам муҳим асос бўлиб қолди. Чунки ҳар қандай асардан асосий мақсад инсон образини – унинг ҳаётдаги қиёфаси, ҳолатини кўрсатишдир. Саҳнада бир ярим-икки соат намойиш қилинадиган, китобда етмиш-юз саҳифани ташкил этадиган трагедияда ҳам, икки мисра – саноқли сўзлардан иборат фардда ҳам инсоннинг муайян ҳолати, кайфияти ифодаланади. Шунинг учун адабиёт тарихига баҳо берилганида, жорий адабий жараён хусусида сўз юритилганида, албатта, асосий эътибор аввало адабий қаҳрамон образига қаратилади. “Поэтика”да Эсхил ва Софоклнинг трагедия жанри камолотига қўшган ҳиссаси, сўз санъатига киритган янгилиги, юқоридаги иқтибосдан кўринадики, аниқ айтилади. Бундан адабиёт тарихи ва адабий жараёнга баҳо беришда, биринчи навбатда, адабий қаҳрамон образини эътиборга олиш зарурлиги англашилади. Аёнки, “Поэтика”да асосий объект қилиб олинган трагедия, комедия, драма жанрига мансуб асарларда эмас, ҳикоя, қисса, роман, достонларда ҳам феъл-атвори, дунёқараши бир-биридан тамоман фарқ қиладиган қаҳрамонлар образи гавдалантирилади. Уларда ҳукмдорлар, савдогарлар, зодагонлар, чўпонлар, деҳқонлар, косиблар, қароқчилар ва бошқаларнинг портрети чизилиб, уларнинг ҳаёт тарзи кўрсатилади. Муаллиф асарида турли табақа кишиларининг образини гавдалантиради. Ёзувчи, шоир, драматург бир-бири билан муросасиз кураш олиб бораётган персонажларнинг ўй-кечинмаларини ўзининг ички дунёси асосида очиб беради.

Форобий “Поэтика”ни шарҳлар экан: “Айрим шоирлар туғма қобилиятли ва шеър битишга тайёр табиатли кишилар бўлади ва улар ташбеҳ ва тамсилга лаёқатли бўладилар… Бир хил шоирлар шеър санъатидан етарлича хабардор бўлишавермайди, балки улар туғма қобилиятларининг яхшилиги билангина қаноат ҳосил қиладилар. Улар ўзларининг истеъдод даражаларига кўра иш тутадилар. Бундай шоирлар чинакам мусалжис – мулоҳазакор шоирлардан саналмайдилар. Чунки уларда шеър санъатини ўзлаштириб олиш учун камолот етишмайди ва бу санъатда турғунлик бўлмайди. Кимки ундай одамнинг шеърини кўриб, у қобилиятли одам экан, деб ўйлаган бўлса, бу шунинг учунки, унинг феъл-атворида шоирларга хос бўлган турқ-кўриниш мавжудлигидангина шундай мулоҳазага келинган. Ё бўлмаса, бу хил одамлар чинакамига шоирлар санъатини эгаллаган бўлишади, ҳатто, шеър ижодига хос бўлган хусусиятлардан бирортаси ҳам, у қайси шеър турига алоқадор бўлмасин, барибир, бу қонун-қоидалар ундан қочиб қутулолмайди. Улар шеърият санъатида қўлланадиган ташбеҳ ва тамсилларни жуда ҳам маҳорат билан ишлатадилар. Бу хил шоирлар чиндан ҳам “қобилиятли шоирлар” дейишга сазовордирлар. Ана шу икки табақа шоирлар (туғма қобилиятли шоир ҳамда шеър ёзиш қонун-қоидаларини ўрганиб, ўзлаштиришда уқувли шоир – А.У.) га ва уларнинг феълларига тақлид қилувчилар бўлади. Булар ўша икки табақа шоирлар йўли – ижодини ёдлайдилар. Улар ўзларида туғма шоирлик табиати бўлмагани ҳолда, шеърий санъат қонун-қоидаларидан хабардор бўлиб туриб, ташбеҳ – ўхшатиш ва тамсил – метафораларнинг кетидан юрадилар. Йўлдан адашадиган ва тоядиган шоирларнинг кўпчилиги худди мана шу табақа шоирлар ичидан чиқади”, дейди.

Арастунинг бошқа фикрлари, хусусан, адабиётнинг пайдо бўлиши ва унинг аҳамияти, адабий турлар ва жанрлар ҳақидаги фикрлари ҳам қанча асрлар ўтса-да, жиддий тарзда ўзгармасдан, адабиётнинг моҳиятини анг­лашнинг алифбоси бўлиб, кишиларнинг фикрини ёриштириб келади. Шу боис Михаил Бахтин: “Жанрларнинг назарияси бизнинг замонимизгача ҳам Аристотель қолдириб кетган назарияга ҳеч қандай муҳим янгилик қўшолган эмас. Унинг “Поэтика”си жанрлар назариясининг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолаверади. Фақат бу пойдевор гоҳида шу қадар чуқурликка ўрнашадики, уни кўришнинг ўзи амри маҳол бўлиб қолади” дейди (Бахтин М.М. Литературно-критические статьи. – М., Худож. лит., 1986. – С.396.). Бу улуғ рус адабиётшуноси “Эпос ва роман” тадқиқотида роман жанрининг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида мулоҳаза юритиш асносида адабиётшуносликнинг назарий муаммоларига ҳам эътибор қаратиб: “Ўтмишнинг йирик ва тугал поэтикалари – Аристотель, Гораций ва Буало поэтикалари адабиётнинг яхлитлигини ва бу яхлитлик ичида барча жанрларнинг мукаммал уйғунлик ҳосил қилишини чуқур ҳис этиш руҳи билан суғорилган. Улар мазкур жанрлар уйғунлигини гўё аён эшитиб турадилар. Бу поэтикаларнинг кучи, бетакрор яхлитлик сифатидаги мукаммаллиги ва тугаллиги шунда”, деб таъкидлайди.

“Поэтика”да, асосан, трагедия, комедия, драманинг ўзига хос хусусиятлари тавсифланган ва улар ҳақида баён қилинган мулоҳазалар замонавий адабиётшуносликда ҳам деярли ўзгаришсиз такрорланади. Чунки Арасту ушбу жанрларга мансуб асарларнинг моҳиятини аниқ баён қилган. Масалан: “Трагедия муайян ҳажмли, турли қисмлари турлича сайқалланган тил ёрдамида, баён воситасида эмас, балки хатти-ҳаракат орқали кўрсатиладиган ва изтироб билан инсон руҳини покловчи ва тугал воқеа тасвиридир”, деган ҳамда ушбу таърифдаги “сайқалланган тил” ҳамда “турли қисмлари турлича сайқалланган” деган ўринларни: “Сайқалланган тил” деганда мен ритм, гармония ва мусиқийликка эга бўлган тилни назарда тутаман. “Турли қисмлари турлича сайқалланган” деганда эса баъзи қисмлари фақат вазн билан, бошқа қисмлари ҳам вазн, ҳам мусиқийлик билан безалган нутқ анг­лашилади” деб изоҳлаган. Мазкур рисолада “Трагедия хатти-ҳаракат тасвири бўлиб, ундаги хатти-ҳаракатлар муайян характер ва фикрлаш тарзига эга қаҳрамонлар томонидан амалга оширилади” дейилган ҳамда трагедия олтита унсур: ҳаракат ва манзара, мусиқа, нутқ, характер, фикр ва ғоя ҳамда томошадан таркиб топиши таъкидланган. Энг муҳими, “Поэтика”да “Трагедиянинг қаҳрамони ким?”  деган саволга: “Трагедия биздан кўра яхшироқ одамларни гавдалантиради”; “Трагедияларда бировга мисол (ўрнак) бўла оладиган яхшиликлар ва мақтаниладиган феъл-атворлар зикр қилинади; бу вазнда шаҳарни бошқарувчи ҳукмдорлар мадҳ этилади”, деб аниқ жавоб берилган. Арасту “биздан кўра яхшироқ одамлар” деганда ҳукмрон табақа вакиллари – шоҳлар, вазирлар ва уларнинг атрофидагиларни назарда тутган. Чунки одамлар ўтмишда ҳукмрон табақа вакилларини ўзидан устун, деб қарашган ва худо бу бандаларига бўлакча марҳамат кўрсатиб, уларни ҳар жиҳатдан бошқалардан баланд қилиб қўйган, деб ўйлашган. Бундай қараш Софокл, Арасту замонида ҳозирги даврдагига қиёслаганда анча мустаҳкам ва кенг ёйилган. Чунончи одамлар шоҳнинг олдида тиз чўкиб, таъзим қилишни ўзлари учун юксак шараф деб билишган. Бундай эҳтиром заминида эса ҳукмдорни улуғлаш, уни ҳаммадан устун, ҳаммадан кўра яхши, деб тан олиш туради. Нафақат қадимги юнон драматурглари асарлари ёки Шекспир трагедияларида, балки бошқа халқлар жумладан, Шарқ халқлари фольклори ва ёзма адабиётида ҳам қадимдан ҳукмдорлар асосий қаҳрамон сифатида гавдалантирилган ва улар, албатта, қайсидир жиҳатлари билан атрофдагилардан устун экани кўрсатилган. Ҳозир ҳам мушоҳада юритадиган ўқувчи, томошабин ўзини шоҳ Эдип, Абулфайзхон, Мирзо Улуғбекдан ақлли, афзал деб ҳисобламайди. Қолаверса, ўзини бундай баланд тутишга кишининг ички маданияти йўл бермайди. Ушбу трагедияларнинг бошқа асарлардан афзал, фарқли жиҳати шундаки, улардаги қаҳрамонлар тақдири кишиларда турли зиддиятли ҳиссиётлар уйғотади. Мазкур асарларни ўқиш, саҳнада томоша қилиш чоғида кишида бир вақтнинг ўзида турли қарама-қарши фикрлар, бир-бирига зид ҳиссиётлар, кимгадир нисбатан ачиниш, кимгадир нисбатан нафрат ҳислари пайдо бўлади. Эътибор қилинса, трагедиялардаги асосий қаҳрамонларнинг ҳеч бири лоқайд, бефарқ одамлар эмас. Уларнинг барчаси эҳтироси баланд, шиддаткор, жўшқин табиатли кишилардир. Софокл, Шекспир трагедияларида ҳам, “Абулфайзхон”, “Мирзо Улуғбек”да ҳам бу аниқ сезилади.

“Поэтика”да илгари сурилган мулоҳазалардан аён бўлишича, бадиий асарда, у қайси жанрга мунсублигидан қатъи назар, кишиларнинг муайян воқеа-ҳодисалар таъсирида туғиладиган турли кечинма ва ҳолатлари маълум бир ғоя асосида умумлаштириб ифодаланади. Арасту шеър, трагедия, комедия, драма жанрига хос хусусиятлар, улардаги қаҳрамонлар ҳақида сўз юритганида аввало шунга алоҳида урғу беради. Юнон мутафаккири адабий-бадиий асарларнинг умумий ва фарқли хусусиятларини кўрсатишда, жанрини белгилашда уларда инсон образи қайси жиҳатдан гавдалантирилганига алоҳида диққат қилади. У трагедия, комедия ва драмага таъриф берганида айни асарда инсон фаолиятининг қайси жиҳати тасвири етакчилик қилади, деган саволни кўндаланг қўяди ва улар худди хусусиятларига кўра трагедия, комедия ёки драма саналади, деб таъкидлайди. Арасту бадиий асарларининг санъат ҳодисаси сифатидаги хусусияти, аввало, уларда инсон руҳиятининг акс эттирилишида намоён бўлишини қайд қилади. Ҳақиқатан, мусаввирнинг маҳорати табиат манзараси, одамларнинг қиёфасини чизишида кўринса, шоир, адибнинг ижодкорлиг унинг инсон образини гавдалантириши, персонажлар руҳий дунёсини ёритишида намоён бўлади. Адабиётнинг инсоншунослик моҳияти ҳам, муаллифнинг инсон дунёси жумбоқларини англашдаги изланишлари самараси ҳам қаҳрамонлар ички кечинмасини очиб беришда кўринади. Арастунинг адабиёт ва тарих ўртасидаги тафовут, ижодкорларнинг истеъдоди даражаси ҳақидаги фикрлари асл адабиёт қандай бўлиши ҳақида аниқ тасаввур уйғотади. Улар Форобийдан аввалги ва кейинги давр кишилари учун адабиёт моҳиятини англашда дастуруламал бўлганидек, бизнинг замондошларимиз ва келгуси авлодлар учун ҳам бу борада мустаҳкам таянч бўла олади…

Арасту “Поэтика”да асарларни трагедия, комедия, драмага таснифлар экан, “кишилар ҳамиша адабиётдан таъсирланиб, унга эҳтиёжманд бўлиб яшайди, чунки улар ҳаётни адабиёт орқали янада яхшироқ англаб олади”, деган  қарашни илгари суради. Бу эса тақдир унга ҳаётнинг жуда кўп неъматларидан баҳраманд бўлиш баробарида, инсониятга адабиётнинг моҳиятини англатиш бахтини ҳам ато этганидан далолат беради. Асарларда ҳаёт воқелигининг ифодаланиши тўғрисида, айниқса, трагедия, комедия ва драма жанри хусусиятлари ҳақида неча асрлардан бери билдириб келинаётган аксарият мулоҳазаларнинг Арасту қарашлари доирасида айланиши  шундай хулосага келиш учун етарли асос бўлади. Адабиётшунослар аввалги замонларда бўлгани сингари ҳозир ҳам Арастунинг шарофатидан адабиётнинг моҳияти, унинг сўз санъати сифатидаги хусусиятларини кашф этишади. Чунки Арастунинг “Шоҳ Эдип” ва бошқа трагедиялар тўғрисидаги мулоҳазалари бадиий асарларни эрмак учун ўқиш, зерикмаслик мақсадида томоша қилиш эмас, балки уларни дилдан, ихлос билан мутолаа қилиш, берилиб томоша этишга ўргатади.

Адабиётни европача тушунадиган ва уни шу андозада талқин қиладиганлар ўз-ўзидан Арастунинг издошларидир. Француз мутафаккирлари Буало (1636–1711) ва Сент-Бёв (1804–1869), инглиз файласуфи, шоир Перси Шелли (1792 – 1822), немис донишманди Гегель (1770–1831), рус танқидчилари Белинский (1811–1848) ва Добролюбовлар (1836–1861) ҳам шу қаторга киради.

“Поэтика”даги  мулоҳазалар адабиётни англашга  кўмаклашиш баробарида, ҳар бир кишининг  ижтимоий тафаккурини ҳам ўстиради. Ижодкорларнинг ўзига хос услубини билиб олиш, асарларни бир-биридан фарқлаш лаёқатини шакллантиради. Ундаги: “Софокл акс эттиришда, бир жиҳатдан, Гомерга ўхшаш бўлса (чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам яхши кишиларни тасвирлайди), бошқа жиҳатдан эса Аристофанга яқин. Зеро, уларнинг иккови ҳам кишиларни ҳаракатда, яъни драматик ҳаракатда кўрсатади. Шунинг учун ҳам баъзилар драманинг ўзи ҳаракат, у ҳаракат қилувчи шахсларни акс эттиради, дейишади”  каби мулоҳазалар “инсоният адабиётни англашда айнан Арасту сингари  мутафаккирларнинг шарофати билан илгарига қараб дадил одимлаган” деган фикрни кўнгилга солади. Барча замонларда ўзини зиёли санаган кишилар Арасту асарларини мутолаа қилгани, ўқимишли одамларнинг ақл савияси эса юнон мутафаккирлари асарларини қай даражада билишига кўра белгилангани бежиз эмас. Бунинг сабаби, Арасту каби донишмандлар ҳаётнинг теран қатламларига бошқалардан кўра чуқур кириб бориши билан белгиланади. Жумладан, адабиётшуносликда кенг тарқалган “Шоирнинг вазифаси ҳақиқатан бўлиб ўтган воқеа ҳақида эмас, балки содир бўлиши мумкин бўлган воқеа ҳақида сўзлашдир. Зеро, тарихчи ва шоир бир-биридан бири назмда, бошқаси эса насрда ёзиши билан фарқланмайди (ахир Геродот асарларини ҳам шеърга солиш мумкин. Бироқ унинг асарлари хоҳ назмда, хоҳ насрда бўлсин, барибир тарихлигича қолаверади). Поэзияда қандайдир характер эҳтимол ёки зарурият туфайли бундай ёки ундай сўзлаши, ҳаракат қилиши керак. Мана шу умумийлик дейилади. “Поэзия қаҳрамонларга исм қўйиш орқали умумийликка интилади” сингари мулоҳазалар дастлаб “Поэтика”да  баён этилган. Чунончи “Поэтика”да “Поэзия қандай пайдо бўлган?” деган саволга: “…одамлар қадимданоқ табиатан ўхшатишга қобилиятлидирлар, улар буни оз-оздан тараққий эттира бориб, бадиҳа шеърлар (импровизация)дан ҳақиқий поэзияни юзага келтирганлар” деб аниқ жавоб берилади. Бундан адабиёт ибтидосида  шеърият туриши, сўз санъати шеърият заминида пайдо бўлгани англашилади.

Арастунинг характер, ғоя, гўзаллик тўғрисидаги фикрлари ҳозирги пайтда ҳам айни ҳодисаларга берилган энг асосли, мазмундор таъриф эканини ҳеч ким инкор қилолмайди. Жумладан: “Поэтика”да бу хусусда: “Инсон майлининг нимададир намоён бўлиши, кимнинг ниманидир афзал деб ҳисоблагани ё ниманидир ёқтирмагани характердир; гапирувчининг нимани маъқуллагани ёки ёқтирмагани аниқ ифодаланмаган нутқда характер гавдаланмайди. Ғоя эса ниманингдир борлиги ёки йўқлиги ёхуд умуман ниманингдир ифодаланишидир”, дейилади. Қадимги юнон мутафаккири ўзининг бу каби фалсафий мулоҳазаларини шунчаки баён қилмайди, балки уларни изчиллик билан ривожлантириб, айни тушунчаларнинг моҳиятини кенг ёритади. Масалан, трагедияда характерлардан тўрт мақсад (характер яхши, ўзига хос, ҳаётий (ҳаққоний) ҳамда изчил бўлиши керак) кўзда тутилишини қайд қилиб: “Шахс агар ўзининг гаплари ва ишларида қандайдир мақсадга амал қилса, у характерга эга бўлади” дейди. Бундан эса ҳамма эмас, балки ўз мақсадига эришиш учун интиладиган, йўлидаги тўсиқлардан ошиб ўтадиган, фаол, ҳаракатчан, курашчан одамгина характер соҳиби эканлиги тушунилади. Софокл, Шекспир трагедиялари, Фитратнинг “Абулфайзхон”, Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” асарларидаги асосий қаҳрамонлар мақсади йўлида дадил курашади. Шу боис улар бошқалардан алоҳида ажралиб туради ва ўзига хос характерга эга киши сифатида тасаввур ҳосил қилади.

Арасту трагедияга хос хусусиятлар, ундаги зарурий унсурларни бирма-бир шарҳлар экан, унинг ҳажми ҳақида сўз юритиб: “Муайян бўлаклардан таркиб топган, тартибли ва айни чоғда ҳар қандай ҳажмга эмас, балки муайян ҳажмга эга бўлган мавжудот, ҳар қандай нарса гўзалдир. Гўзаллик ҳажм ва тартибдан келиб чиқади”, дейди. Юнон донишманди ҳаддан ташқари кичкина нарса ҳам, ҳаддан ташқари катта нарса ҳам гўзал саналмаслигини алоҳида таъкидлайди. Ростдан ҳам ҳеч ким турли микроб­ларни, бит, кана сингари майда ҳашаротларни ёки фил, жирафа, бегемот, кит, туя, тимсоҳ каби катта, баҳайбат ҳайвонларни гўзал, чиройли демайди. Чунки уларнинг кўриниши кишига капалак, каклик, булбул, оҳу, канарейка ёки гуллаган ўрик, оппоқ очилган бодом дарахти сингари завқ бермайди. Арастунинг уқтиришича, кишиларга завқ берадиган нарсаларда қисмлар ўзаро мутаносиб жойлашади ҳамда улар муайян ҳажмга эга бўлади. Шунинг учун олим нарса-ҳодисалардаги барча аъзо, унсур бир-бирига мос, мутаносиб бўлганида улар чиройли кўриниб, эътиборни тортишини таъкидлайди ҳамда: “Жонли ва жонсиз гўзал нарсалар бир қарашда сезиб олинадиган ҳажмга эга бўлиши лозим”, дейди.

“Поэтика”даги “Ҳажм асарнинг моҳиятидан келиб чиқади. Ҳар доим яхшироқ тушуниладиган нарса ҳажман гўзалроқ бўлади” каби ҳикматомуз мулоҳазалар Арасту худди устозлари Суқрот ва Афлотун сингари улуғ файласуф эканидан далолат беради. Инсоннинг дили эса ҳикматга интилади. Чунки қалб бошқа барча нарсалардан кўра ҳикматомуз сўзлардан кўпроқ озиқланади.

Арасту трагедияга хос хусусиятлар, комедия, драма, эпосга хос сифатлар тўғрисида сўз юритганда, уларнинг келиб чиқиш сабабларига эътибор қаратиб, ҳаётдаги барча ҳодисалар бир-бири билан бевосита ёки бавосита боғлиқлигини алоҳида қайд этади. “Поэтика” бошқа жиҳатларига кўра ҳам мантиқий мушоҳада юритишнинг мумтоз намунаси бўла олади. Ундаги: “Трагедия хатти-ҳаракат тасвири бўлиб, муайян характер ва фикрлаш тарзига эга бўлган қаҳрамонлар томонидан амалга оширилади (худди шунга мувофиқ биз уларни қандайдир хатти-ҳаракатлар деб атаймиз). Табиийки, бундан хатти-ҳаракатнинг икки сабаби – характер (трагедиянинг тўртинчи унсури) ва фикр – ғоя (бешинчи унсури) келиб чиқади. Ана шу фикр ва характерга мувофиқ фаол шахслар муваффақиятга ёки муваффақиятсизликка учрайди” каби ўринлар шундай дейиш учун тўла асос беради.

Арасту поэзиянинг моҳияти, трагедия, комедия, драманинг ўзига хос хусусиятлари, фарқли жиҳатларини кўрсатиб бермаганида, аниқки, инсониятнинг улар тўғрисидаги тасаввури, тушунчаси ҳозиргичалик ойдин, равшан бўлмасди. “Поэтика”да баён қилинган мулоҳазалардан Арасту сингари донишмандлар нарса-ҳодисаларнинг ҳамма ҳам эътибор қилавермайдиган муҳим жиҳатларини фавқулодда зукколик билан топиб, уларга хос умумий ва фарқли хусусиятларни аниқ ажратиб кўрсатиши аён бўлади.

Бизгача тўлиқ ҳолда етиб келмаган “Поэтика”да бошқа жанрларга қараганда, трагедия хусусида кўпроқ мулоҳаза юритилган. Бунинг сабаби шундаки, инсоннинг ҳаёти ҳеч қачон бир текис, сип-силлиқ кечмайди. Ҳамманинг бир-бирига боғлиқлиги ва ҳар бир одамнинг ижтимоий аҳволи, ёшидан қатъи назар, ўз олами, интилиши мавжудлиги кўпинча ўзаро муносабатларни кескинлаштириб, манфаатлар тўқнашувини – турли даражадаги можаро, фожиаларни келтириб чиқаради. Одамларни эса ҳамиша атрофидагиларнинг бир меъёрда, мўътадил кечаётган ҳаёти эмас, балки ўзаро тўқнашуви, бир-бири билан олишуви кўпроқ қизиқтиради. Трагедия жанрига мансуб асарларда эса ижтимоий мавқеи, мансаб даражаси, бойлиги, ақл-идроки жиҳатидан бошқалардан устун турадиган ҳукмдорлар ҳаётидаги фожеликлар гавдалантирилади. Одамлар имконияти кенг, қўли узун ҳукмдорларнинг аянчли аҳволи, чорасиз қолганини кўрганида ўзининг бошига тушган мушкулликлар хусусида ўйлай бошлайди ва муаммолари шоҳ Эдип ёки Мирзо Улуғбекники каби даҳшатли эмаслигини англаб етади. Трагедияларнинг биргина мана шу таъсири, яъни кишиларга таскин-тасалли бериши, ҳаётда ўзидан баттарроқ, қисмати аянчлироқ кишилар борлиги ҳақида мушоҳада юритишга ундашининг ўзи уларнинг беқиёс амалий аҳамияти борлигини билдиради. Трагедия таъсир кучи жиҳатидан комедия, драмадан, умуман, барча жанрлардан устун туради. Айтиш мумкинки, трагедия сўз санъатининг барча жанрларига хос энг яхши жиҳатларни ўзида мужассамлаштиради. У инсон ҳаётидаги зиддиятлар ва улар оқибатида туғиладиган фожиаларни бошқа жанрлардан кўра теранроқ қамраб олади ва томошабинлар кўз олдида гавдалантириб беради. Шу боис қадимда Юнонистонда трагедия жанридаги асарлар адабиёт ва санъатнинг даражасини кўрсатадиган, ижодкорларнинг маҳоратини ўлчайдиган асосий мезон қилиб олинган ва улар асосида кўрсатиладиган томошалар энг юксак маданий-маърифий маросим, оммавий тадбир сифатида қадрланган.

Юнон алломасининг бадиий асар аҳамияти, унинг таъсирчанлик хусусиятлари, шоирларнинг қобилияти, истеъдоди даражаси тўғрисидаги фикр­лари ҳам ўзининг кенг қамровлилиги ҳамда ҳозирги замонга бевосита тааллуқли эканлиги билан диққатни жалб этади. Масалан, унинг: “Асар шундай ёзилиши керакки, у саҳнада кўрилмаганида ҳам, бўлиб ўтган воқеани тингловчи ҳар бир киши, худди Эдип ҳақидаги ривоятни тинглагандай, ҳодисаларнинг кескинлашиб боришидан ғам чекувчига нисбатан ўзида ҳамдардлик сезсин ва вужуди жимирлаб сескансин”, деган фикри XXI асрда ҳам кино, театр, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик сингари замонавий санъатнинг барча турлари учун энг мақбул мезон бўла олади. Арасту санъат асарининг аҳамиятини кишиларнинг ҳиссиёти ва онгига таъсир кўрсатиши, қаҳрамонларига нисбатан ҳамдардлик ёки аксинча ҳисни уйғотишида кўради. Бунинг учун эса асар, аввало, ҳаёт воқелиги билан бевосита боғланиши, ундаги энг муҳим муаммоларни ўзида акс эттириши керак, дейди. Ҳақиқатан ҳар бир асар айнан мана шу хусусияти билан руҳимизга таъсир ўтказиб, маънавий фаолиятимизнинг таркибий қисмига айланади. Бадиий асарларнинг, умуман, санъатнинг кишилар онги, дунёқарашига, ижтимоий ҳаётга таъсири эса туз ёки шакарнинг ош-овқат таркибига қўшилиб кетишига ўхшайди. Аёнки, ноннинг, ошнинг таркибидаги тузни, шакарни кўз кўрмайди. Чунки туз, шакар нон, ош, пишириқларнинг ич-ичига сингиб, кўринмайдиган даражада йўқ бўлиб кетади. Аммо унинг оз-кўплиги ёки меъёрдалиги ўша нарсаларни истеъмол қилганда, албатта, билинади. Биз шу пайтгача ўқиган, томоша қилган асарлар, жумладан, “Шоҳ Эдип”, “Мирзо Улуғбек” трагедияларининг қалбимизга, онгимизга таъсирини ҳам бирор бир микроскоп ёки бошқа замонавий техника воситалари ҳам кўрсатиб беролмайди. Аммо санъат ва адабиётнинг онг-тафаккуримиз, дунёқарашимизга ҳаётбахш самараси одамлар билан ўзаро муносабатларимизда, ҳаётдаги муаммоларга ёндашишимизда, уларга баҳо беришимизда сезилади.

Трагедияларнинг сюжети кескин, шиддатли воқеаларга асосланади. Уларнинг ушбу хусусияти комедия, драма, ҳикоя, қисса жанридаги асарлар билан қиёслаганда янада яққол билинади. Софоклнинг “Шоҳ Эдип” трагедияси жаҳон адабиётидаги энг кескин, энг драматик, энг фожитий сюжетли асар эканлиги эътироф этилади. Жаҳон адабиётидаги ҳеч бир асар сюжетининг ўткирлиги жиҳатидан “Шоҳ Эдип” билан тенглашолмайди. Номлари “Поэтика”да қайд этилган трагедиялар каби Шекспир, Пушкин, Фитрат, Шайхзоданинг асарларида ҳам шоҳлар, вазирлар, маликалар, шаҳзодалар, саркардалар, яъни ҳукмрон табақа намояндалари асосий қаҳрамон сифатида гавдалантирилади ҳамда уларнинг ён-атрофидаги яқин кишилар, ташқи кучлар билан тўқнашуви ҳамда шу билан бевосита боғлиқ ҳолда, ўз-ўзи билан олишуви кўрсатилади. Улар мана шу муросасиз кураш жараёнида чуқур маънавий изтироб ва руҳий қийноқларга тушади.

Шоҳ Эдип, қирол Лир, Мирзо Улуғбек сингари ҳукмдорлар ақл-идроки, ҳаётга қараши жиҳатидан бошқа одамлардан анча устун туради. Трагедияларда ҳукмдорларнинг аянчли қисмати мисолида дунё ажойиботу ғаройиботларга тўлалиги, ўзини ҳамманинг ҳукмдори деб билган раҳнамолар ҳам тақдир олдида ожиз бўлиб қолиши, инсон ким эканлигидан қатъи назар, бу дунёда ғам-ғусса чекиб, ранж-алам тортиб яшашга маҳкум эканлиги ва шу тарзда маънавий улғайиш, ўзини англаш, Оллоҳнинг чексиз қудратини ҳис қилиш йўлини босиб ўтиши бошқа жанрдаги асарлардан кўра ёрқинроқ ва таъсирчанроқ акс эттирилади.

Арасту трагедиянинг комедия, драма ва эпосдан фарқли жиҳатлари хусусида сўз юритганда, биринчи навбатда, у кишиларда ҳамдардлик ҳиссини уйғотиши ва изтироб билан руҳни поклашига алоҳида урғу берган. “Трагедия. Унинг моҳияти” деб номланган 6-бобда: “Трагедия муайян ҳажмли, турли қисмлари турлича сайқалланган тил ёрдамида, баён воситасида эмас, балки хатти-ҳаракат орқали кўрсатиладиган ва изтироб билан инсон руҳини покловчи муҳим ва тугал воқеа тасвиридир”, дейилган бўлса, “Трагедиянинг таркиби” деган 13-бобда эса: “Энг яхши трагедиянинг таркиби оддий эмас, балки мураккаб бўлиши лозим. Шу билан бирга, у қўрқинч ва ҳамдардлик уйғотувчи воқеани акс эттириши керак (чунки бу хусусият бадиий тасвирлашнинг ўзига хос қонуниятидир)… Биз бегуноҳ изтироб чеккан одам учун қайғурамиз, ўзимизга ўхшаш бахтсиз инсон тақдири учун эса қўрқамиз”, деб таъкидланган. Аммо ҳар қандай можаро эмас, балки ота-бола, эр-хотин, ака-ука, қадрдон дўстлар ўртасидаги тўқнашув, зиддият диққатни кўпроқ жалб этиши қайд қилинади.“Шоҳ Эдип”да, Шекспир трагедияларида “Мирзо Улуғбек”да ҳам муросасиз тўқнашувлар бир-бирига бегона, нотаниш кишилар орасида эмас, балки оила аъзолари ва уларнинг яқинлари ўртасида кечади ҳамда айни келишмовчиликдан барча бирдай азобланади. Бир-бирига қадрдон кишиларнинг азобланиши бизда уларга нисбатан ҳамдардлик ва ачиниш ҳиссини уйғотади. Айни чоғда ўзимизнинг аҳволимиз, ҳаётимиз ҳақида ўйлаб кўришга ундайди. Чунки шоҳ Эдип, қирол Лир, Мирзо Улуғбекни ҳам, уларни мушкул аҳволга солган одамларни ҳам буткул айблаб, қоралаб бўлмайди. Уларнинг ачинарли қисмати қалбга ваҳима, қўрқув ҳиссини солади. “Поэтика”да: “Трагедияда шоир бадиий тасвир ёрдамида бериши лозим бўлган завқ раҳмдиллик ва қўрқувдан келиб чиқади”, дейилади. Бу ўринда “завқ” деганда “таъсирланиш” назарда тутилади.

Бир қараганда, “Шоҳ Эдип”, “Мирзо Улуғбек” трагедияларида: “Одам – мураккаб мавжудот. У комилликдан йироқ. Унга ишониб бўлмайди”, деган ғоя илгари сурилгандай туюлади. Ҳаётнинг ўзида ҳам ушбу асарларда қаламга олинган воқеалардан кўра мудҳиш ҳодисалар ҳамиша юз беради. Муаллифлар ҳаётдаги фожеликларга эътибор қаратиш орқали инсонга нафратини ифодалагандай кўринади. Стендаль, Бальзак, Гюго асарларида француз, Достоевский, Лев Толстой романларида рус жамиятига очиқдан-очиқ ҳақоратлар ёғдирилади. Масалан, Стендалнинг “Қизил ва қора” романида: “Сизларнинг мункиллаб қолган жамиятингиз учун энг муҳими одоб сақлаш… Сизлар ҳеч қачон ҳарбий жасоратдан нарига ўтолмайсизлар: сизларда мюратлар топилади, лекин вашингтонлар пайдо бўлмайди. Мен Францияда қуруқ шуҳратпарастликдан бўлак ҳеч нимани кўрмаётирман” (Стендаль. “Қизил ва қора”. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979. – 285-бет)” дейилса, Гюгонинг “Париж Биби Марям ибодатхонаси” романида: “Бу парижликлар бир тўда эшакмия, жоҳил кишилар экан-ку! Мистерияни тинглаш учун тўпланишса-ю, бошланганда эшитишмаса! Улар учун Биби Марямдан бошқа ҳамма – Клопен Труйльфу, кардинал, Копеноль, Квазимодо ва иблиснинг ўзи ҳам қизиқ, мароқли!” (“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 1-сон. – 44-бет)” деб айтилади. Бу вазиятда, аслида муаллифлар ҳаётдаги мавжуд ҳолатни ҳаққоний гавдалантириш орқали ўз миллатдошларининг аянчли аҳволи учун қайғуради. Ватани учун ачинаётгани, изтироб чекаётганини маълум қилади. Ёзувчи, шоирларнинг ўз миллати, халқига ачиниши заминида эса уларнинг инсонга меҳри, башариятга муҳаббати туради. Арасту сингари мутафаккирлар асарларининг аҳамияти ҳам адабиётшунослар, файласуфлар ёки сиёсатшуносларнинг билими, тушунчасини теранлаштириши билангина белгиланмайди. “Поэтика” сингари асарлар, уларда баён қилинган мулоҳазалар, илгари сурилган қарашлар ҳар бир кишининг ўз ҳаётига маъно бахш этишига кўмаклашиб, уларнинг ўтмишни идрок этиши, ҳозирги пайтни қадрлаши ва келажакка ишонч, умид билан қарашига бевосита таъсир кўрсатиши боис қадрланади. Аждодлар тажрибаси, ота-боболар англаган ҳаёт ҳикматлари, арастулар мероси кишиларнинг маънавий-руҳий баркамолликка интилишида мустаҳкам зинапоя вазифасини бажаради. Одамлар ана шу зинапояларни босиб, аста-секин юксакликка кўтарилиб, ўзлигини англайди. Умр бўйи давом этадиган бу жараёнда ҳар бир киши ўзининг ақли, истак ва интилишига мувофиқ ҳаёт ҳақиқатини идрок этади. Чексизлик сари йўналтирилган бу саёҳатда кишилар борлиқдаги энг кичик зарра ҳам мислсиз мўъжиза қилиб яратилгани, ҳар бир ҳодисанинг бағрида туганмас сир, жумбоқ яширингани, ҳеч бир воқеа ўз-ўзидан юз бермаслиги, улар ўртасида кўзга кўринмас мустаҳкам ички боғлиқлик борлигини билиб олишади.

Трагедияларда оиладаги бахтсизлик, фожиани кўрсатиш орқали жамиятдаги, бутун мамлакатдаги мавжуд вазиятга ишора қилинади. Чунки оила барча замонларда жамиятнинг ажралмас таркибий қисми саналади. Хонадонлардаги аҳвол, ундаги одамларнинг ўзаро муносабатлари жамиятнинг маънавий-ахлоқий ҳолати, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий даражасини кўрсатиб беради. Трагедиялар ана шундай амалий аҳамиятга эга бўлгани боис Суқрот, Афлотун, Арасту сингари қадимги замон мутафаккирлари бу жанрни санъатнинг юксак намунаси, дея эътироф этишган.

“Поэтика”да адабиётшуносликнинг қатор масалалари, хусусан, ҳозир ҳам долзарб муаммолардан бири бўлиб келаётган “жанр” тушунчасининг моҳияти ёритилади. Арастунинг: “Санъаткорлар муайян шахсларни тасвирлайдилар. Улар эса яхши ёки ёмон бўлиши мумкин (негаки шахсларнинг қандайлиги шу билан белгиланади. Зеро, ҳамма одамлар характерларидаги иллати ёки фазилати жиҳатидан фарқланадилар). Улар биздан яхшироқ ёки биздан ёмонроқ ёки ҳатто, биздек бўладилар”, деган фикри бадиий асарнинг жанрини белгилашда ундаги қаҳрамонлар образи тасвири муҳим асос бўлишини билдиради. Арасту характерлар ҳаётий бўлиши зарурлиги ҳақида фикр билдираркан: “Трагедия биздан кўра яхшироқ одамларни гавдалантиради”, дейди. Бунда у трагедияда ҳукмдорлар ва уларнинг атрофидагилар асосий қаҳрамон қилиб кўрсатилишини назарда тутади. Қадимдан барча халқларда фақат Худонинг назари тушган одам ҳукмдор, амалдор бўлади. Бошқа кишилар ҳеч қачон амалдор ёки ҳукмдор бўлолмайди, деган қараш кенг ёйилган. Бундай ишонч эса мустаҳкам ҳаётий асосга эга. Арасту: “Комедия ёмон кишиларни, бутунлай бадном қилиш маъносида бўлмаса-да, гавдалантиришдир”, дейди. У “ёмон одамлар” деганда олий табақа эмас, балки қуйи табақа вакилларини назарда тутади. Комедияларда эса асосий муддао кўпроқ қуйи табақа вакилларининг кулгили ҳолатларини намойиш қилиш экани аниқ сезилади. Уларда, асосан, оддий кишилар феъл-атворидаги иллатларга эътибор қаратилади. Ушбу жанрга мансуб асарларда истеҳзо, кинояга тўла кулги уйғотадиган ҳолатлар ижтимоий ҳаётимиз ҳуснини бузадиган “қора доғ” экани эслатилади. “Поэтика”да комедияга хос ушбу хусусият тўғрисида: “Кулгили ҳолат хунукликнинг бир қисми, холос. Аслида кулгили нарса – бу ҳеч кимнинг дилини оғритмайдиган ва ҳеч кимга зарар келтирмайдиган баъзи бир нуқсон ва мажруҳликдир”, дейилади. Аслида ҳеч ким атайлаб кулгили аҳволга – бировларга мазах бўладиган ҳолатга тушмайди. Инсоннинг кўпгина хатти-ҳаракати, кўпинча, унинг хоҳиш-истаги асосида эмас, балки беихтиёр рўй беради. Шу боис ҳар бир киши баъзан ўзи сезмаган, билмаган ҳолда бошқалар олдида ғалати ишларни қилиб қўяди. Чунки Оллоҳ айрим бандаларини хунук, кулгили ҳолатларга солиш орқали ҳам бошқаларга сабоқ беради. Ҳамманинг ҳар хил феъл-атворга эга эканлиги, кўпчиликнинг ўз табиатидаги иллатлардан қутулолмаслиги шуни билдиради.

“Поэтика”да комедия ҳақидаги фикрлар трагедия тўғрисидаги мулоҳазаларга қиёслаганда, жуда кам улушни ташкил этади. Бунинг нисбати ўндан бирга ҳам тўғри келмайди. Арасту ушбу ҳолатни: “Трагедия соҳасидаги ўзгаришлар ва уларнинг айбдорлари бизга аён. Комедиядаги ўзгаришлар эса бизга номаълум. Чунки унга бошданоқ эътибор бермаганлар. Ҳатто, комиклар учун хорни эндигина архонт театри (давлат, ҳукумат театри) нисбатан кечикиб бера бошлади. Дастлаб, у ҳаваскорлардан ташкил топган эди. У муайян шаклга эга бўлганидан кейин эса унинг ижодкорлари номлари эслана бошлайди. Аммо ниқобни, прологни ким киритган, актёрлар миқдорини ким орттирган ва бошқа қатор масалалар номаълум бўлиб қолмоқда”, дея изоҳлаган. Балки комедия ва драма ҳақидаги мулоҳазалар трагедия тўғрисидаги фикрларга қиёслаганда жуда кам эканлиги “Поэтика” бизгача тўлиқ етиб келмагани билан боғлиқдир.

Арастунинг, “Трагедия – изтироб билан инсон руҳини покловчи муҳим ва тугал воқеа тасвири”, деган фикри ушбу жанрнинг бошқа асарлардан фарқли ва устун жиҳатини аниқ ифодалайди.

Қайд қилинганидек, Арасту адабиётнинг пайдо бўлишини инсоннинг табиатида ўхшатиш қобилияти мавжудлиги билан боғлайди ва одам ана шу қобилиятини аста-секин ривожлантириб, бадиҳагўйликни – қофияли, ўлчовли қилиб гапиришни ўзлаштирган ҳамда бундан завқланган, дейди. Ҳақиқатан, кишилар ўзларига қувонч бағишлаб, руҳини кўтарган завқланиш ҳисси ҳамда бошқалар эътиборини ўзига жалб этиш истаги туфайли сўзларни тизимга солиб, қофиялаб, шеър тўқишни ўрганишган. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган мақол, топишмоқ, қўшиқлар шу тариқа пайдо бўлган. Ҳозирги пайтдагидек, олис ўтмишда ҳам маълум бир оҳангга эга, теран маъноли фикрлар кишиларни ҳаяжонлантириб, уларни руҳлантирган. Одам эса ёшидан, ижтимоий аҳволидан қатъи назар, овоз, оҳангга, чиройли ифодаланган фикрга бефарқ бўлолмайди. Муайян ритмдаги оҳанг ҳамиша кишининг эътиборини тортади. Шеърда эса сўзлар муайян ритмга тушиб, ўзига хос оҳанг ҳосил қилади.

Кескин драматик тўқнашувлардан иборат сюжетга асосланган қадимги юнон трагедияларида иштирокчилар сони унча кўп эмас. Масалан, “Шоҳ Эдип”да саккиз нафар, “Антигона”да ўн нафар иштирокчи бор ва сюжет воқеаларида ҳар бири ўзига хос ўрин тутгани боис бир-бирига соя солмайди. Аксинча, бир-бирининг фонида улар яққолроқ кўзга ташланиб, худди ҳаётдаги жонли одамдай таассурот қолдиради. Юнон донишманди бадиий асарларнинг кишилар эътиборини тортадиган энг муҳим жиҳати сюжетда кескин бурилишлар содир бўлиши, қаҳрамонлар тақдирида кутилмаган, уларнинг ўзларига боғлиқ бўлмаган жиддий ўзгаришлар рўй бериши эканлигини алоҳида таъкидлайди. У инсон қисматининг мана шу мураккаб, чалкаш, зиддиятли нуқтаси қанчалик теран ёритилса, асар шунчалик диққатни жалб этишини уқтириб, ҳаётда ҳам кескин бурилишлар тасодифан, тўсатдан юз беришига эътибор қаратади ва: “Тўсатдан анг­лаш, номидан ҳам кўриниб турганидек, билмасликдан билишга томон, бахтиёрлик ва бахтсизликка томон маҳкум этилган шахсларнинг дўстлик ёки душманлик томон ўтишидир. Тўсатдан билишнинг энг яхши намунаси худди “Эдип”да юз бергани сингари мушкул аҳвол давомида содир бўлади. Албатта, ўзгача билиб қолишлар ҳам бўлади; чунончи, таъкидланганидек, жонсиз ва ҳар қандай тасодифий нарсаларни ҳам, шунингдек, кимнингдир нимадир қилгани ёки қилмаганини англаш мумкин. Бироқ фабула учун энг зарури ва воқеа учун нисбатан аҳамиятлиси, юқорида айтилган тўсатдан англашдир. Чунки бундай англаш кескин бурилиш – мушкул аҳвол билан биргаликда ачиниш ёки қўрқувни юзага келтиради. Трагедия эса худди шундай воқеаларни акс эттиради, бахт ва бахтсизлик ҳам худди шундай тўсатдан англаш билан бирга содир бўлади”, дейди. Бу каби мулоҳазалар Арастунинг инсон ҳаёти, бутун борлиқ Яратувчининг измида эканини эътироф этишини билдиради. “Шоҳ Эдип”да ҳам, “Илиада” ва “Одиссея”да ҳам “тақдир – илоҳий ҳукм, инсон унинг олдида ожиз” деган  ғоя ифодаланади. Азалдан сирли, жумбоқ бўлиб келаётган тақдир жуда мураккаб ҳодиса сифатида ўтмиш адабиёти учун ҳам, замонавий сўз санъати учун ҳам муҳим мавзу бўлиб келади. Софокл “Шоҳ Эдип”да уни илоҳиёт билан боғлаб талқин қилади. Нарсаларга эса қайси томондан қаралса, уларнинг ўша томони кўринади. Ҳодисаларга ҳам қандай мақсад, қайси нуқтаи назардан қаралса, улар ўшандай маънони англатади. Шоҳ Эдипнинг аянчли қисмати барча замонда кишиларни даҳшатга солади ва у турлича талқин қилинади. Софоклнинг “Шоҳ Эдип”и инсон тақдири илоҳиёт билан боғлиқлигини кўрсатишнинг энг мумтоз талқини ҳамда жаҳон адабиётидаги энг кескин сюжетли асар бўлиб қолмоқда.

Асарларнинг таъсирчанлиги, аввало, муаллифининг ижодкор сифатидаги маҳоратига боғлиқ. Арасту буни: “Ўзи ҳаяжонлана оладиган шоир томошабинларни ҳаяжонлантира олади, ўзи ғазаблана оладиган киши томошабинларни ҳам ғазаблантира олади. Шунинг учун поэзия – истеъдодли ёки мажнунсифат инсоннинг қисматидир. Истеъдодли одамлар руҳан жуда таъсирчан, мажнунсифатлари эса жазавага мойил бўладилар”, деб изоҳлайди. Бундан истеъдодли ижодкорларнинг феъл-атвори ғалати бўлиши ҳақида ҳозир айтиладиган анча-мунча фикрлар аслида эрамиздан аввал Арасту томонидан билдирилгани аён бўлади. “Биринчи муаллим” дея улуғланган бу юнон донишманди истеъдодли кишилар феъл-атворига “руҳан жуда таъсирчан бўлишади” деб аниқ тавсиф беради. Унинг “поэзия – истеъдодли ёки мажнунсифат инсоннинг қисмати” дегани сўз санъатига ва унга ҳаётини бағишлаган кишиларга берилган энг теран ҳамда маънодор образли таърифдир. Улуғ алломанинг айни таърифидан ҳам адабиёт жўн ҳодиса эмаслиги, унда кишиларнинг ақли етмайдиган аллақандай сир, жумбоқ мавжудлиги англашилади. Бу унинг  бирдан-бир қуроли сўз эканлиги, сўз эса илоҳиётга дахлдор қалб ҳодисасилигини билдиради.

Арастунинг адабиётни англаш ва англатиш йўлидаги бундай  қарашларининг ҳозиргача яшаб келаётгани юқорида қайд қилинганидек, аввало унинг сўз илоҳийлигига астойдил ишонганидан келиб чиқади. Сўзнинг илоҳийлигига имон келтирган, бу ҳақиқатни чин дилидан ҳис қилган киши оламларнинг яралишига восита бўлган сўзга чексиз меҳр билан қарайди. Меҳр эса меҳрни туғдириб, қаҳр йўлидаги тўсиққа айланади. Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий “Хамса”ларидаги “Сўз таърифи” боблари шундай дейишга тўлиқ асос беради.

Арасту комедия тўғрисида сўз юритар экан, поэзия, хусусан, драматургия санъатнинг бошқа турларидан юксак туришини таъкидлайди ҳамда бунга сўз санъати қалб кечинмаларини ҳар жиҳатдан теран очиб беришга қодирлигини асос қилиб кўрсатади. Машҳур мусаввир Леонардо да Винчи эса кўз инсонга дунёни максимал даражада аниқ кўриш имконини берувчи илоҳий туҳфа эканидан келиб чиққан ҳолда, рангтасвир ва расмни санъатнинг ўзга турларидан устун қўяди.  Испан файласуфи Ортега-и-Гассет: “Бир майсанинг униб-ўсишида бутун олам, бутун коинот иштирок этади” деганидек, “Поэтика”да адабиёт ва инсон ҳаётини англаш, тушунтириш борасида баён қилинган мулоҳазалар замирида нафақат Арастунинг, балки унгача яшаб ўтган барча донишмандларнинг бу хусусдаги қарашлари кўзга кўринмас ришталар орқали ўзаро боғланиб уйғунлашган.  Шу боис ушбу асар асрлар оша Ғарб ва Шарқ мутафаккирларининг эътиборини ўзига қаратиб келган.

“Поэтика”да баён қилинган мулоҳазалар, унда илгари сурилган қарашлар негизидаги адабиёт, унинг асосидаги саҳна санъати – спектакль, фильмлар ижтимоий ҳаётга барча фанлардан кўра кўпроқ таъсир қилади. Дин ҳам, мафкура ҳам адабиёт асосида одамлар онгига сингади, деган фикр туради. Арасту айни асарида инсоният тарихида биринчилардан бўлиб адабиётнинг жамият ҳаётидаги ўрни, унинг ҳар бир кишининг шахсий фаолиятидаги жуда муҳим аҳамиятини кўрсатиб берган.

Арасту ҳам устозлари Суқрот, Афлотун сингари воқеликкка файласуфона нигоҳ билан қараб, юнон адиблари асарларини илмий-эстетик асосда таҳлил қилгани боис “Поэтика”даги мулоҳазалар “Шоҳ Эдип” ёки бошқа асарлар тўғрисида фикрларнинг кенгайиб боришига ёрдам беради. Буни таъкидлашимизнинг боиси шундаки, аксарият асарларда, жумладан, адабиёт, санъат хусусидаги китоб, мақолаларда тасаввурни теранлаштирадиган, фикрларни бойитадиган янгича мулоҳаза “ярқ” этиб кўринмайди.

Кўпчилик бадиий асарларни сюжетига қизиқиб, эрмак ёки вақт ўтказиш учун ёхуд одатланиб қолганидан қўлига олади. Арастунинг адабиёт моҳиятини англатадиган мулоҳазалари билан танишгандан сўнг эса киши беихтиёр ўқиётган асарларининг ичига киришга, уларда инсон ҳаёти ҳақида айтилган гапларнинг  маъноси хусусида мушоҳада юритишга интилади.

Аёнки, “Поэтика”да қаҳрамонларининг бошига тушган кулфатлар, улар кечирган изтироблар ва курашларни тасвирлаши билан адабиётнинг олий намунасига айланган юнон трагедиялари асосий объект қилиб олинади. “Шоҳ Эдип”, “Прометей”, “Антигона” қаҳрамонларининг ўзаро курашлари, изтироблари ва кучли эҳтирослари эса диний моҳиятга эга. Дин билан боғлиқ ҳодисалар ҳамиша кишиларнинг онгига бошқа нарсалардан кўпроқ ва қаттиқроқ таъсир кўрсатади. Шу боис Лев Толстой: “Инсоният ҳаёти фақат диний онгни чуқур ўзлаштириб олиш оқибатидагина мукаммаллашиши мумкин. Диний онг эса одамларни ўзаро мустаҳкам боғлайдиган ягона ибтидодир. Одамларнинг диний онгни ўзлаштириши инсон маънавий фаолиятининг ҳамма қирралари томонидан амалга оширилади. Бу фаолиятнинг қирраларидан бири санъатдир. Санъатнинг қисмларидан бири драма бўлиб, эҳтимолки, у бошқалари орасида энг таъсирчанидир” дейди (Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида. – Т.: “Маънавият”, 2010. – 190-бет).

“Поэтика”ни ўқиб, ундан сўз санъатининг моҳиятини озми-кўпми, анг­лаганингиздан кейин адабиётнинг асл асарлари, дейлик Навоийнинг “Хазойин ул маоний” ва “Хамса”си, Шекспирнинг “Қирол Лир”, “Ҳамлет”, “Отелло” трагедиялари, Ф.Достоевский, Л.Толстой романлари ёки Стендалнинг “Қизил ва қора”, “Парма ибодатхонаси”ни, Бальзак, Тагор сингари улуғ сўз санъаткорлари асарларини мутолаа  қилаётганингизда рўпарангизда одам ва олам ҳақида аллақандай бўлакча бир дунёнинг эшиги очилади.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 2-3-сонлар