Замбуруғлар

“Оёқдаги қалпоқча” – замбуруғларнинг устки танасидир, асосий қисми эса ерда жойлашган. Улар бактерия ва протист(микроорганизм)лардан кейин ерда энг кўп тарқалган бўлиб, микромитсет (кўзга кўринмас) ва макромитсет (кўриш мумкин бўлган) гуруҳларга бўлинади. Кўчада, ўрмонда, чўлда ва одам организмида яшайдиган ўсимликнинг бу турида фотосинтез жараёни амалга ошмайди, шу боис қоронғиликда ҳам яхши ўсади, қачонки, тайёр озуқа бўлса.

Замбуруғларнинг саноатда ва халқ хўжалигида аҳамияти жуда юқори бўлиб, айниқса қишлоқ хўжалигида, медитсина ва озиқ-овқат саноатида кенг қўлланилмоқда.

Азалий жумбоқ

Уруғланувчи танаси энг мўъжизакор тирик организмлардан бири бўлиб, улар шаклига кўра қуш уясини, соч боғламларини, ҳаттоки, одам қулоғи супрасини ҳам эслатади. Олимлар замбуруғнинг ўсимликларга қараганда ҳайвонга ўхшаш жиҳатлари кўпроқ, деган фикрни илгари суришмоқда. Барчаси учун умумий бўлган жиҳат шундаки, улар органик моддаларнинг анорганик моддаларга айланишида муҳим рол ўйнайди. Агар ҳайвонлар аввал озуқани ютиб, сўнгра ҳазм қилса, замбуруғлар аксинча, аввал озуқани ҳазм қилиб, кейин озиқ моддаларни ютадилар. Бу ҳолат уларнинг азалий жумбоғи бўлиб келаяпти. Ютиш ва ҳазм қилиш жараёнини «гифалар» деб аталадиган ипсимон ҳужайралар бажаради. Гифалар жуда нозик бўлишидан ташқари, узун ва улар дарахтнинг илдизидан то юқори қисмига қадар ўсади, ерда шохчалар ҳосил қилади. Ёғоч билан озиқланган айрим гифалар у дарахтдан бу дарахтга илдиз отиб, бутун бошли кўчани қоплаб олади.

Истеъмол қилинади ва айни пайтда заҳарли

Айрим замбуруғлар озуқабоп, баъзиларининг таркибида эса заҳарли моддалар бўлгани сабабли уларни еб бўлмайди. Ташқи кўринишидан уларни ажратиш қийин, бунинг учун эса тажриба ва ақл керак. Айрим вақтларда ейиш учун яроқли турлар ҳам инсон организмига салбий таъсир қилиши мумкин. Катта йўл ёқаларида, ишлаб чиқариш корхоналари атрофида ўсувчи замбуруғларнинг мева танаси ҳавони ўзида филтрлайди. Агар бу жараёнда филтрланаётган ҳаво тоза бўлмаса, зарарли элементлар ўсимлик танасига ўтириб қолади ва уни истеъмол қилган киши заҳарланиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.

Заҳарли турлардан бири қурбақасалла деб аталади ва кўпроқ Шимолий Ярим шарда кенг тарқалган. Кўринишидан чиройли бўлса-да, унинг таркибидаги заҳар одам организмига тушгач, 12 соатдан кейин таъсир қила бошлайди. Бунга қадар организм ювиб ташланса, балки фойда берар, вақт бой берилганда эса аҳволни ўнглаб бўлмайди. Қизиғи, одам организми учун заҳарли бўлган замбуруғлар айрим ҳайвонларга заррача таъсир қилмайди. Масалан, шиллиққуртлар, ҳаттоки энг заҳарлисини еган тақдирда ҳам тирик қолади.

Заҳарми ёки дори?

“Антибиотик” деб номланувчи моғорланган замбуруғларнинг заҳари табиатда энг қақшатқич қурол сифатида тан олинган. Антибиотиклар 1928 йилда шотланд микробиологи Александр Флеминг томонидан кашф этилди. У ўз лабораториясидаги пробиркалардан бирига моғор ўрнашганини сезди. Бу идишда олим бактерияларни ўстираётган эди ва унда ҳосил бўлган моғор эса барча микроорганизмларни нобуд қилди. Маълум вақт ўтиб, моғор замбуруғидан бактерия­ларни ўлдиришга қодир бўлган кимёвий модда – пенитсиллин ҳосил қилинди ва ундан тиббиётда самарали фойдаланила бошланди.

Қандай озиқланади?

Улар ўз озуқаларисиз асло ҳаракат қила олмайдилар. Ратсионда мевалар, чириган ёғоч, қушлар пати, одам териси ва бошқалар бор. Уларнинг озиқланиши жуда секин ва мураккаб бўлиб, ҳар бирининг ферменти айрим қисмларида ҳазм бўлади, кўпчилигининг ферменти эса ҳужайралар парчаланишига олиб келади. Баъзилари эса, ҳаттоки, ёғоч мустаҳкамлигининг кафолати бўлган лигнин (углеродга бой модда)ни ҳам ҳазм қилиб юборади. Бош­қа замбуруғлар ферменти ёғ ва оқсилни осонлик билан парчалайди. Бу ферментлар тирик тўқималар ва жонсиз организмларнинг қолдиқларини озуқа сифатида истеъмол қилишга кўмаклашади. Бирталай замбуруғлардаги кератин (соч ва патда учрайдиган олтингугуртга бой оқсил модда) энг муҳим компонент ҳисобланади.

Термитларнинг емиши

Замбуруғ ҳайвонларга ҳам зарар, ҳам фойда келтиради. Айримлари ҳайвонларга озуқа бўлса, баъзилари организмга сездирмасдан кириб олиб, тўқималарнинг емирилишига ва ҳаттоки ўлимга ҳам олиб келади. Замбуруғдаги кўзга кўринмас споралар ҳайвонларга ҳужум қилиши мумкин.

Улар одамлар ҳаётида бошқа ўсимликларга қараганда унчалик катта аҳамиятга эга эмас. Унинг тана қисми билан озиқланиш кўпгина ҳашаротларга завқ беради. Масалан, термитлар ва Жанубий Америка чумолилари учун замбуруғ асосий емиш эканлиги сир эмас. Афсуски, ҳамма замбуруғлар ҳам фойдали бўлмай, айримлари организм ичига кириб олиб, худди моғорлаган нондаги каби жуда тез ўсади ва кўп ҳолларда ҳайвонларнинг нобуд бўлишига олиб келади.

Кўпайиши ва ёйилиши

Спораларни шамол узоқ бўлмаган жойларга тарқатади. Айрим споралар ҳашаротларнинг оёғига ёпишиб тарқалиши ҳам мумкин. Ер юзида энг кўп тарқалган организм – замбуруғ ўртача 10 млрд.гача спора ишлаб чиқаради, ёмғир замбуруғиники эса бундан ҳам кўп. Агар уларнинг барчасини бир занжирга тизиб чиқсангиз, бу Ер куррасини бир марта айлантириб чиқишга тенг келади. Хўш, нега унда замбуруғлар бутун Ер юзини қоплаб олмади, дерсиз? Чунки спораларнинг яшаб кетиш имконияти кам бўлиб, ўсимликнинг пастки қисмидан тарқалади, ёмғир замбуруғи эса ўз спораларини куч билан ҳавога чиқаради. Улар худди копток каби жуда эгилувчан. Ёмғир ёққанида бундай турдаги замбуруғлардан бир уюм спора отилиб чиқади. 1887 йилда Ню-Ёрк штатида топилган замбуруғнинг узунлиги 1,5 метрдан зиёд эди. Археологлар ёмғир замбуруғларининг қолдиқларини топгани ҳам бежиз эмас.

Танадаги кушанда

Айрим кишилар сув ҳавзаси, ҳаммом ёки ечиниш хонасида оёқ юзининг эпидермофик касаллигини юқтириб олганини сезмай қолишади. Бундай касалликни микроскопик замбуруғлар келтириб чиқаради, улар нам ва илиқ жойларда тарқалиб, қўл-оёқ бармоқларининг ўртасига кириб олади-да, тери билан озиқланади. Буни тиббиётда «замбуруғ касаллиги« деб аташади. Унинг олдини олиш ёки енгиш учун жуда кўп куч ва ирода керак.

Сунъий усулдаги неъмат

Замбуруғларни сунъий усулда етиштириш технологияси ҳам яратилган. Бу ҳақда биология фанлари номзоди Ҳамро Нуралиэв берган маълумотларни келтириб ўтиш ўринлидир:

– Замбуруғлар дунё миқёсида сунъий усул билан ҳам етиштирилади. Кўпгина ривожланган мамлакатларда аҳоли жон бошига уни истеъмол қилиш 5-7 кг.га тўғри келади. Мамлакатимизда замбуруғнинг 220 та тури учраши маълум. Шундан истеъмолбопи 27 та, заҳарлиси эса 16 та. Ўзбекистон шароитида 1995-98 йиллардан бошлаб замбуруғни сунъий усулда етиштириш тажрибасига қўл урилди. Шампинион, қўзиқуйруқ, отиата каби навлари споралари орқали ўстирилади. Озиқ-овқат тури сифатида халқимиз замбуруғни нисбатан кам истеъмол қилади. Таркибининг 10 фоизи оқсил, 90 фоизи сув бўлган замбуруғ организмда тез ҳазм бўлади. Уни баҳорда истеъмол қилиш айни муддаодир.

Чингиз Раимбердиев тайёрлади, “Маърифат” газетасидан