Талант — худо берган улуғ неъмат. Лекин шу неъматни асрай олиш, ардоқлаш, ундан бошқаларни ҳам баҳраманд этишнинг ўзи бўладими? Бунинг учун кишида истеъдоддан ташқари ирода, қатъият, меҳнаткашлик фазилатлари ҳам мужассам бўлиши зарур.
Лев Толстой уйқуни хушламаган, тонг саҳарда ўрнидан туришга сираям эринмаган. Табиат қўйнида бўлиш, боғларни, далаларни айланиш унинг жони-дили эди.
Лев Николаевич жисмоний машқларни бажаришни яхши кўрар, тош кўтариш кундалик юмушига айланиб қолганди. Шахматда унча-мунча одамларни мот қила олгани кўпчиликка маълум. Қизиғи шундаки, ёши бир жойга бориб қолганида велосипед миниб юриш асосий машғулотларидан эди. “Агар мушакларимни ишсиз қолдирганимда аҳволим аллақачон ёмонлашган бўларди. Ана шу машғулотлар менга ширин уйқу, тетик кайфият бахш этади”, дея эътироф этганди машҳур адиб.
Асарларида юксак инсоний туйғуларни бутун мураккаблиги билан тасвирлаган адиб оддий воқеалардан ҳам таъсирланиб кетадиган даражада нозик дидли киши бўлган. Буни салкам ўттиз йил ёвғон шўрва ичиб, гўшт истеъмол қилишдан воз кечиб яшаганидан ҳам англаш мумкин. Дарвоқе, уй ҳайвонларининг қассоблар томонидан сўйилиши унинг руҳиятига кучли таъсир этган.
Қанча бойликлар соҳиби бўлгани ҳолда оддий деҳқондек яшашни маъқул кўрган адиб қашшоқларга моддий жиҳатдан кўмак беришни бир зум ҳам унутмади. Охир-оқибат бойлигидан воз кечди.
Бир куни Толстой жаноблари қизи Татьянанинг эри М.Сухотинга бир нарса ҳадя қилгиси келиб қолиб, ўз қўли билан этик тикади ва уни куёвига совға сифатида тақдим этади. Куёв ўйлаб-нетиб ўтирмай этикни жавондаги Лев Толстой китоблари ёнига жойлаб, “Граф Л.Н.Толстойнинг сўнгги асари”, деб ёзилган қоғозни этикка ёпиштириб қўяди.
Машҳур кишиларнинг фарзандлари ҳам қайсидир жиҳатлари билан оталарига ўхшаб кетиши табиий. Лев Толстойнинг қизи Александра Львовна отасига тортганди. “Отам билан қалбимиз жуда яқин эди, очиқ гаплашардик, бир-биримизни англардик”. Эҳтимол, шу сабабдан адиб 1910 йили 22 июнда ижодига меросхўрлик ҳуқуқини шу қизига бергандир. Феъл-атвори, дунёқараши ҳам отасига тортмаганда, балки минг азобда отасининг китобларини чоп этиб, тушган пулларга минг гектар ер харид қилиб, уларни деҳқонларга текинга бўлиб бермаган бўлармиди?
Александра Львовнанинг кейинги тақдири ҳам мақтайдиган даражада бўлмади. Ҳатто уни қамоққа ҳам олишди. Кейин эса… Луначарскийнинг кўмаги билан Японияга, у ёқдан Америка Қўшма Штатларига жўнаб кетди. Тақдир тақозоси билан хорижда бир умр ўз ватанини қўмсаб яшади. Ўз юртига қайтиш орзуси билан ҳаёт кечирди. Чикагода, Сан-Францискода иш ахтаравериб тинкаси қуриди, Россияда жуда бой-бадавлат кишининг қизи бўлгани ҳолда, Америкада камхаржликда умр кечирди. Лекин Александра Львовнанинг отасига меҳри чексиз эди. Отасининг феъл-атворини, кучли ҳамда заиф жиҳатларини беш қўлдай яхши билар эди. Шу боисдир, 1953 йили “Отам” деб номланган китоб ёзди. Бу асари Нью-Йоркда нашр қилинди.
Буюк шахсларнинг фарзандлари бир хил бўлавермас экан. Лев Толстойнинг Сергей деган ўғли бор эди. У отасининг қўлёзмаларига беписанд қарарди. Уларни улоқтириб юборган пайтлар ҳам бўлган. Қизи Александра Львовна эса, отасининг асарларини кўз қорачиғидек асрар, уларга алоҳида ҳурмат билан қарар эди.
Тўнғич қизи Татьяна Львовна Александра Львовнадан йигирма ёш катта эди. Уям отаси сингари кундалик тутишни яхши кўрарди. Кундаликларида отаси ва оиладаги бошқа фарзандлар, онаси нима ишлар билан машғул бўлганини кунма-кун ёзиб боришдан эринмасди. Бунинг устига, расм чизишни хуш кўрарди. У кундаликларида отаси ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Дадам, ойим ва Таня холам яхши яшашни ким қандай тушуниши, инсоннинг олийжаноблигига бойлик келтирадиган зарар ҳақида мунозара бошлашди. Дадам жуда чиройли гапирди. Ойим бизни ухлашга жўнатди. Мен ва Машага қўшилиб Таня холам ҳам кета бошлаган эди, дадам йўлдан қайтарди. Биз яна чамаси бир соатча мунозарада қатнашдик. Умримизнинг асосий қисми Фифи Долгорукаяга ўхшаб ўтиб кетаяпти, аллақандай безаклар учун энг яхши ҳис-туйғуларимизни бой беряпмиз, деди дадам.” Мен бу фикрга батамом қўшилишимни яширмадим. Бироқ яхши яшашни мен ҳам хоҳлашимни, масалан, янги кўйлак ёки шляпа ваъда қилишганда севинчдан сакраб кетишимни ҳам айтдим. “Ундай бўлса — деди дадам, — истаган кўйлакларингни кийиб юравер… Бироқ бошингга жойлашиб олган ҳавойи фикр эртами-кечми ўз ишини қилади”.
Жуда кўп нарсаларни сўраб олишим керак эди-ю, кўз ёшларим гапиришга йўл бермади.”
Беназир адибнинг қанчалик доно ва одамохун бўлганини юқоридаги фикрлар тасдиқлаб турибди.
Ўғиллардан кўра қизлар отага меҳрибон бўлишади, дейишади. Татьяна Львовна ҳам отаси ҳақида гапирганида жуда ийиб кетади. Отасининг хатти-ҳаракатлари, ўзига хос феъл-атвори таъсирида улғайиб, отаси сингари гўзал характер эгаси бўлиб етишади. Мана, унинг ёзганлари: “Ҳаётимдаги бирдан-бир мададкорим, дардларимга малҳамим биргина дадам. Мен у кишига озгина қувонч бахш этолмаётганимдан жуда-жуда қийналаяпман.
Бир кун келиб дадам оламдан ўтади, деган фикр мени жуда қийнайди. Диний тушунчам, ақл-идрок, мантиқий мушоҳадамга таяниб, бу заруратни тушуниб етишга ҳаракат қиламан. Бу унча қўрқинчли эмас, нохуш бўлгани билан табиий бир ҳол, деб ўзимни овутаман. Мени қийноққа солаётган ва айни пайтда, қувонтираётган нарса дадамнинг мен ҳақимда жуда яхши фикрдалиги. Мени овози бор, ёзиш, расм солиш қобилиятига эга, деб ўйлайди”.
Татьяна Львовна буюк инсоннинг қизи эканлигини яхши билар, шунга муносиб бўлишга интиларди. Ўзи учун отасининг ишончини қозонишдан улуғ бахт йўқ, деб ҳисобларди. Шу сабабли бўлса керак, кундаликларида: “Мен ойимга узундан-узоқ мактуб ёзиб, оилада ўз ҳукмини ўтказишга уринишининг бефойда эканини ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилдим”.
Ҳа, Толстойнинг қизлари кўп жиҳатдан онасига эмас, балки отасига — жуда бой бўла туриб, лекин камбағалликка интилган отасига тортган эди.
Умуман, улуғ инсонларнинг шахсий ҳаёти, оилавий можаролари, айниқса, ўзи севган аёли билан қурган турмуши ҳақидаги тафсилотлар нечоғли қизиқарли бўлмасин, айни пайтда, кўнгилсиз ҳодисаларга ҳам бойлиги сир эмас. Буни Толстой умрининг ношод ва хушнуд кунлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Лев Толстойни рафиқаси жуда кеч тушунди. “Отангизнинг бошига мен етдим”, деганди у адиб ўлими олдидан қизларига. Иккала қиз ҳам нима дейишларини билмай оналари бошида юм-юм йиғлашади, чунки у ҳақ гапни айтган эди. Оталарини кўз очирмайдиган танқидлари, хархаша-ю машмашалари билан оналари адойи-тамом қилганини улар яхши билишарди. Бир қарашда ҳеч нимадан кам-кўстлари йўқ Толстой ва унинг рафиқаси бахтли эдилар. Толстой барча замонларнинг энг машҳур адибларидан бири эди. Шон-шуҳратдан ташқари, улар катта мол-мулкка ҳам эга, серфарзанд бўлишган. Аслида битта оила учун бундан ортиқ нима керак? Дастлаб улар шу қадар бахтиёр яшашардики, кўланка ташлайдиган нарсанинг ўзи йўқдай эди.
Охир-оқибат нима бўлди?
Дейл Карнеги айб Толстойнинг хотини Софья Андреевнада деб билади: “Софья Андреевна дабдабаю ҳашаматга жуда ўч, Толстой эса зеб-зийнатларни кўрарга кўзи йўқ эди. Софья Андреевна шон-шуҳрат, мартаба истаги билан куйиб-ёнар, Толстой учун буларнинг сариқ чақалик аҳамияти йўқ эди. Софья Андреевна пул, мол-давлат ортидан қувар, Толстой эса даҳоликни, хусусий мулкка эга бўлишни гуноҳ, деб биларди. Ноширларга асарларини қалам ҳақисиз нашр этиш ҳуқуқини бергани учун хотини уни тинимсиз қарғар, жанжаллашар, эрининг китоблари учун ҳақ талаб қиларди.
Толстой эътироз билдирса, жазавага тушиб ўзини ер ташлар, бу кунимдан ўлганим яхши, деб заҳар ичмоқчи ёки ўзини қудуққа ташламоқчи бўларди”.
Бундай дийдиёлар охир-оқибат Толстойларнинг оила қўрғонини нуратди. Улар бир-биридан безиб қолишди. Айниқса, Лев Толстой хотинидан қутилиш учун дунёнинг нариги четига қочишга тайёр эди. Шундай бўлди ҳам. Охири боши оққан тарафга жўнаб кетди. 1910 йилнинг қаҳратон қиш кунларининг бирида буюк адиб бош олиб кетаётиб йўлда — темир йўл бекатида зотилжамга чалинди ва ҳаёт билан хайр-хўшлашди. Умрининг сўнгги дамларида: “Хотинимни ёнимга киритманглар!”, деб тайинлайди у.
Аслини олганда, Лев Николаеевич ёшлигида жуда кўп қизларни юрак-юракдан севиб қолганди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ёзган: “Болалигимда Сонечка Колошинага ошиқу беқарор бўлгандим. Кейинроқ Зинаида Молостовага ишқим тушди. Бу муҳаббат жисму жонимни қамраб олганди. Ҳойнаҳой Зинаида бу ҳақда ҳеч нима билмаган. Йиллар ўтиб, станцадаги казак аёл ўзига ром этди. Вақт ўтиб буни “Казаклар” номли қиссамда тасвирлаганман. Сўнг киборлар доирасининг гули бўлган Шерватова-Уварова ақлу ҳушимни ўғирлади. У ҳам севгимдан бехабар эди. Мен ҳамиша тортинчоқ бўлганман. Бора-бора ҳақиқий, асл муҳаббат ҳам насиб этди. Севгим соҳибаси Валерия Арсенева эди. Уйланишимга бир баҳя қолди. “Оилавий бахт”ни ўқигандирсиз. Унга ёзган ишқий мактубларни жамласак катта бир боғлам бўлади”.
Аммо, охир-оқибат у севмаган қизга уйланиб, умргузаронлик қилди, бу улуғ адибни оилавий ҳаётда кўп азоблади. Дейл Карнеги Толстойнинг оилавий фожеасида унинг аёли Софья Андреевнани қоралайди. Яна бир тадқиқотчи Руслан Киреев бўлса, аслида, бош айбдор Лев Толстойнинг ўзи, деган фикрни зўр бериб илгари сурмоқчи бўлади.
Нима бўлганда ҳам, жанжаллар, келишмовчиликлар бутун бошли бир оила қасрини кунпая-кун қилгани рост.
Толстой улкан маҳорат соҳиби, шу билан бирга, ўта камтар инсон бўлган. 1908 йили редакцияга ёзган мактуби улуғ ёзувчининг шу хислатини яққол намоён қилади: “Бир воқеани эслайман. Бундан ўттиз беш йиллар муқаддам Пушкинга ҳайкал қўйилиши муносабати билан унинг таваллуд кунини нишонлаш арафасида муҳтарам Тургенев уйимга келиб, шу байрамда иштирок этишимни сўради. Тургенев мен учун қанчалик азиз ва қимматли бўлмасин, бунинг устига Пушкинни нечоғли улуғ шоир деб билмайин (ҳамон шундай деб биламан) мен анжуманда қатнашишдан бош тортдим. Аниқ сездим: Тургеневни ранжитдим. Аммо, ўшандаёқ бунақанги дабдабалар менга нотабиий туюларди… Энди келиб-келиб бу кун ўзимнинг бошимга тушган экан, бу ҳол менинг учун жуда азобли”.
Адиб ўзининг 80 йиллик юбилейи ўтказилишига доир тадбирлар тўхтатилишини сўраб ёзмаган жойи, нуфузли одами қолмади. 1908 йил 28 августда унинг юбилейини ўтказиш учун Петербургда қўмита ташкил этилганди. Профессор Ковалевский раислигида тузилган бу қўмита улуғ адиб юбилейини нишонлашга тараддуд ишларини қизғин бошлаб юборади. Аммо бундан хафа бўлган Лев Толстой тадбирни тўхтатишни сўраб шу қўмитанинг аъзоси М.А.Стаховичга мактуб ёзади.
Ҳозирги пайтда баъзи ўртамиёна ёзувчи ёки шоирлар 50 ёки 60 ёшларини нишонлаш учун елиб-югуриб юришларини кўрганда Лев Толстойнинг юқоридаги хатти-ҳаракати ўта камтарликдек туюлиши ҳам мумкин. Лекин, нима бўлганда ҳам, у бундай дабдабалар билан оддий халқнинг кўзига бало-қазодай кўриниб қолишдан ҳадиксираб, уялиб тургани рост.
Буюк ёзувчи ҳаётига дахлдор қуйидаги воқеанинг латифага айланиб кетгани ҳам унинг камтарлигидан далолат беради.
Йигирманчи асрнинг бошларида Москвада нашр этилаётган журналнинг раҳбари базм ташкил этади. Унда журнал ходимлари муҳаррирни роса мақташади. Базм қизигандан қизиб кетади.
Орадан бирор соат ўтгач, журнал муҳаррири қабулимга бирор киши келганми, деб суриштиради.
— Ҳеч ким йўқ, — дейди котиба. — Аммо пўстинга ўралиб олган бир чол сизни анчадан бери кутиб ўтирибди.
— Кутса кутаверсин, — дея муҳаррир даврадошлари билан кайфу сафони давом эттиради.
Яна бир соатлардан кейин кайфдан юзи қизарган муҳаррир қабулхонага чиқади-да… ранги оқариб кетади.
Қабулхонада Лев Толстой ўтирарди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 15-сонидан олинди.