Француз миллий театрининг асосчиси, йирик драматург-комедиограф ва актёр Жан Батист Мольер 1622 йилнинг 15 январида Парижда савдогар оиласида дунёга келди. Унинг ҳақиқий фамилияси Поклен бўлиб, Мольер унинг адабий тахаллусидир. Улар оилада 5 фарзанд: уч ўғил ва икки қиз эди. Мольер ўн ёшда эканлигида онаси Мария Кресе вафот этади, отаси Жан Поклен иккинчи маротаба Катрина Флуретта билан турмуш қуради. Улардан уч қиз дунёга келади. Аммо фалакнинг гардиши билан 1636 йил Катрина ҳам вафот этади. Шундан сўнг Жан Поклен қайта турмуш қурмайди, қолган умрини болаларининг тарбияси ва уларнинг ўқишига бағишлайди.
Мольер 1639 йил Клермон коллежини тамомлаб, Орлеан университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топширади. Бироқ уни на суд иши, на савдо иши қизиқтиради. Ёшлигидан театрни яхши кўрган Мольер 1643 йил ўртоқлари билан Парижда “Ялтироқ театр” ташкил қилади. Аммо бу труппанинг ўз мустақил чиқиши, моддий базаси бўлмаганлиги туфайли бир оздан сўнг ёпилиб кетади. Шундан кейин Мольер вилоят сайёр труппасига ишга киради. Бу вақтларда у оғир шароитда яшайди, аммо қийинчиликлар унинг руҳиятига сира таъсир ўтказа олмайди, аксинча, уни янада чиниқтиради. Мольер бу йилларда бой тажриба орттиради, турли ижтимоий табақа вакилларининг турмуш шароитлари билан яқиндан танишади, труппанинг обрўйини ошириш учун тиш-тирноғи билан курашади. Спектакллардаги асосий ролларни ўзи ижро этади. 1650 йилда Мольер труппанинг бошлиғи бўлади. Мамлакатдаги фуқаролар уруши, халқнинг оғир аҳволи Мольер дунёқарашининг демократик руҳда шаклланишига кучли таъсир кўрсатди.
1653 йилда Лион шаҳрида Мольер ижодининг илк намунаси бўлган “Телба” пьесаси саҳна юзини кўради, бу эса труппанинг шуҳратини ошириб юборади. Аста-секин Мольер пьесаларини пойтахтда кўрсатишга ҳаракат қилади. 1658 йилда Парижда қирол саройида ўзининг “Ошиқ доктор” спектаклини намойиш этади, унда ҳам бош ролни Мольернинг ўзи ижро этади. Бу труппага қирол қизиқиш билдириб, уни Парижда қолдиришга рухсат беради.
1662 йилда “Аёллар учун сабоқ” пьесаси саҳнага қўйилгандан сўнг аристократия ва черков реакцион кучлари ёзувчининг обрўйига путур етказиш мақсадида унга қарши астойдил кураша бошлайди, турли бўҳтонлар уюштириб, Мольерни даҳрийликда айблаб, ўтда куйдиришни талаб қилишади. Аммо қирол Людовик XIV ёзувчини ўз ҳимоясига олади.
Ёзувчи номини кўпчиликка машҳур қилган “Кулгили нозанинлар” комедиясининг яратилиши черков ва феодал аристократлар реакциясининг кескинлашувига яна бир омил бўлди. Бу кучлар адиб ижодига қанчалик тўсқинлик қилса, Мольер унга мутаносиб равишда шунча танқидий асарлар яратаверди. “Тўсиқ – бу катта куч, ундан-да катта куч уни енгиб ўтадиган ғурурдир”, – дея таъкидлайди Мольер. Дарҳақиқат, бу таъсир кучлари исёнкор Мольернинг иродасини буколмади, балки ҳаёт-мамот курашида тоблади. Адиб мамлакатда ҳукм сураётган риёкорлик, диний жаҳолат, абсолют монархияга таянган руҳонийлар, фисқу фасод ботқоғига ботган аристократлар ҳаётини кулги остига олувчи “Эзмалар”, “Эрлар учун сабоқ”, “Тартюф”, “Дон Жуан”, “Мизантроп”, “Хасис” каби кўплаб сатирик комедияларини яратди.
Адиб ҳаётининг сўнгги йиллари қизғин ижод билан кечди. Бу жўшқин ижод даврида ёзувчи ўзининг навбатдаги йирик асари “Зўраки табиб” комедиясини ёзди. Мамлакатдаги оғир шароит, реакцион кучлар ва уларнинг тазйиқи остида тинимсиз ишлаш Мольерга осон кечмади, албатта. Энди у анча чарчаб, соғлиги ҳам заифлашиб қолган эди. Бироқ шунга қарамасдан, 1673 йилнинг 17 февралида Мольер ўзининг “Зўраки табиб” комедиясидаги бош қаҳрамон ролини ўзи ижро этади. Спектакль жараёнида саҳнада ўзини ёмон ҳис эта бошлайди. Спектаклни бир амаллаб охирига етказади. Томоша тугагандан сўнг уйига қайтиб келиб, жон беради. Буни қарангки, Париж архиепископи буюк адибни “тавба қилмаган гуноҳкор” дея айблаб, уни дафн қилишга рухсат бермайди. Бироқ яқинлари уни тунда қабристоннинг бир бурчагига яширинча кўмишади.
Мольер француз халқ анъаналари ҳамда Рим комедияларининг энг яхши намуналарини танқидий ўзлаштириш асосида француз классик комедиясини яратди. У театрни “жамиятнинг ойнаси” деб атайди. Мольер комедия ҳақида сўзлаб, унга шундай тавсиф беради: “Комедиянинг вазифаси кишиларни кулдириб туриб, улардаги нуқсонларни тузатишдан иборатдир”.
Адиб драматургиянинг деярли барча жанрларида ижод қилган. У аксарият асарларини ўзи саҳналаштирар, халққа манзур бўлган мавзуларни излаб топарди.
Мольер бутун меҳрини театрга бағишлади, ҳаёти ва бахтини театрда деб билди. Бу ҳақиқий актёрга ва ҳақиқий драматургга хос жиҳатдир.
Француз миллий драматургиясининг асосчиларидан бири бўлган Мольернинг бой адабий мероси барча халқлар учун ҳам қимматлидир. Чунки Мольер ўша вақтда адабиёт назариётчилари томонидан “тубан” деб аталган комедияни юқори даражага кўтариб, халқнинг севимли жанрига айлантирди.
Адиб яратган машҳур “Тартюф”, “Зўраки табиб”, “Хасис” каби комедиялар ўзбек тилига ҳам ўгирилиб, театр саҳналарида бир неча бор намойиш этилган, ўзбек томошабинлари эътирофига ва олқишига сазовор бўлган.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон