Хурсандбек Тўлибоев. “Юзни бур дарёнинг мавжлари томон…”

“Умр ўтиб борар мисоли эртак”. Устоз Абдулла ака умрининг сўнгги йилларида дарё бўйларига, тўлқинлар шиддати бўлса ҳам, сокинлик ва осойишта хилват масканларга боргим келади деб, айтган эди суҳбатлашганимизда. “Дарёга бориб қанийди сувга айтсанг дардингни, балиқлар эшитса”, деганди. Мен устоз юрагининг мазаси йўқлигини билардим. Бир пайт “юрагимни даво топишида Шароф Рашидовдан бир умр қарздорман, у киши менга жуда кўп яхшиликлар қилди” деб айтгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Мен устознинг ҳузурида адабиёт ҳақида суҳбатлашган унутилмас хотираларни ёзгим келди.

Абдулла Орипов ҳақида нимадир ёзиш истаги ўзлари ҳаётлик пайтлари кўп хаёлимдан ўтарди. Лекин журъат тополмасдим. Шоирнинг биз ёшларга берган ўгитларини-ку, асло унутиб бўлмайди. Бу бизларга – ибрат! Мен устоз билан ҳаётимда ўндан зиёд маротаба кўришиб, суҳбатлашиб, ижодини ўқиб, тушуниб, руҳиятига яқинлашиш бахтига муяссар бўлдим. Лекин буларни хотира сифатида ёзиш менга жуда оғир кечди.

Ўзбек адабиётининг йирик вакилларининг табаррук қўлларига кафтингни қўйиб, салом-алик қилган дамларни эслаганингда ўша кунларнинг яна ва яна қайта содир бўлишини жуда истар экансан киши. Негаки, улар билан дилдан суҳбатлашиш, ҳаётнинг энг машаққатли дамлари, хотираларидан воқиф бўлиш тингловчига олам-олам завқ, аччиқ қисматидан сабоқ чиқариб яшашга, ибрат олишга ҳам ундар экан.

Эсимда, 2009 йил май ойининг бошларида институтда магистратурада таҳсил олиб юрганимда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Тўлапберген Қайипбергеновнинг 80 йиллик юбилейи ўтказилди. Мен муборак ёшга тўлган Тўлапберган оға билан илк бор ўзи раҳбарлик қилаётган уюшмада суҳбатлашганимда ёзувчилик ўта машаққатли меҳнат, изланиш кераклигини ҳис қилгандим. Мана, орадан йиллар ўтиб, адибнинг 80 йиллик юбилейини ўзи таҳсил олган даргоҳида бир қатор зиёлилар, олиму шоирлар билан қарши олмоқдамиз. Бу тадбирга Тошкентдан буюк шоир Абдулла Орипов ташриф буюрганини эшитиб ғоят ўзимда йўқ шодланган эдим…

Ўша кунларга ҳам нақ етти йил бўлибди. Минбардан туриб Тўлапберген оға ҳақида ниҳоятда илиқ фикрлар, ўзаро дўстона муносабатларнинг қалинлиги хусусида гапирар, кўзларида мамнуният балқиб турган шоир Абдулла Ориповнинг самимийлиги каминада бир умрга ёддан чиқмайдиган таассуротларни қолдирди. Тадбир тугаши биланоқ шоиримиз ёнида туриб ҳеч бўлмаса бир маротаба эсдаликка суратга тушишни ният қилиб қўйгандим. Тадбир тугаб, кўпчилик талабалар, меҳмонлар орасидан институт биносидан чиқдик. Шоиру ёзувчилар ўзаро гурунглашиб борар, бир-бирларига улуғ ёшга тўлган Тўлапберген оғанинг олижаноб фазилатлари ҳақида тўлқинланиб айтиб беришарди. Қулай пайт келдики, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов олдида тўпланишган ёш-ўғил қизларга билдираётган тилаклари, маслаҳатлари устидан чиқдим. Мен ўшанда Абдулла Ориповнинг ёнида туриб, “мен сизнинг шеърларингизни яхши кўраман, сизга шогирд тушмоқчиман”, дедим. Шоир бунга жавобан “шоирликка-ку ҳавас қилманг иним, шундоғ ҳам шоирлар кўпайиб кетди, сиз шоирларни текширадиган олим бўлинг”, деб жавоб қилди. Бу гапни эшитган 23 ёшли йигит нега бундай жавоб қилдийкин деб, кўп бош қотириб юрган кезларим ҳам бўлди. Мана, орадан етти-саккиз йил ўтиб Абдулла аканинг ўша гаплари нақадар ҳақиқат, “ҳавас”нинг машаққатлари замирида меҳнату матонат зарурлигини англаб етдим.

Орадан уч-тўрт йил вақт ўтди. Тошкентга борсам Абдулла Ориповни йўқламай кетмас эдим. Уюшманинг бешинчи қаватида Шарқ юлдузи журнали таҳририяти ён томонида устоз ўз хонасида гоҳ ким биландир телефонда гаплашаётганини, гоҳо кеча ёзган шеърини таҳрир қилаётганининг устидан чиқиб қолардим. 2013 йил август ойида қашқадарёлик дўстим Отажон билан бирга ҳузурига бордик. Бир ярим соатлик суҳбатимизда шоир ўз қисмати, не-не машаққатларни сабр, матонат, зукколик билан енгиб келаётганини гапириб берди. Мен университетда ишлаганим боис, шеършуносликнинг бугунги аҳволи билан қизиқар, талабаларга янги-янги гапларни етказишга ҳаракат қилардим. Ўшанда Абдулла ака секин кўз ойнагининг тагидан қараб “Мени ҳам қорақалпоқ элида ўқишадими ҳозир, китобларим бориб турибдими, янги шеърларим-чи?”, деди ва чуқур хўрсиниқ билан гапини давом этди, – “Иброҳим билан қалин дўст эдим, Тўлапберген оғам ҳам яқиним эди, Ўрозбой ҳам ўзимнинг укам эди, ҳозир ўша ёқларга боришни жуда-жуда хоҳлайман, афсуски, соғлик кўтармайди, илгарилари тез-тез бориб турардим, ҳафталаб қолиб кетардим, узоқ-яқин районларгача айлантириб келарди улар”, деб ички соғинч билан қалбини очди.

Мен ўшанда “устоз сизни ҳар бир янги китобингиз китоб дўконларида бор, янги шеърларингизни шогирдингиз Алишер Назарнинг фейсбукдаги саҳифасидан олиб талабаларга ўқиб бераман, ижодингиз барчани бирдек хурсанд қилмоқда, буёғидан хавотир олманг”, дедим. Суҳбат давомида “мен эллик йилдан буён шеър ёзиб бола-чақа боқиб келаман, уларнинг камолини шеър орқали тиклаганман, шеър ҳам фарзандим, ҳам ўзимнинг суянчим, усиз мен дунёни яшаб билмайман, бу ёзган шеърларимнинг тақдирини ўйлайман, эртага булар мен ўтиб кетгандан кейин ўз эгасини топсин-да, орзум ҳам, умидим ҳам аслида шу”, деганди.

Ҳозирги адабий жараёнда шеърларингизни кўплаб олимлар ўрганишмоқда, сиз қайси шоирлар эртага ўзбек адабиётида ўрин тутади деб ўйлайсиз? каби саволларни берганимизда “Мен ёшлардан Алишер Назарни танийман, бошқаларини ҳам ўқиб тураман, кўпчилиги шеърни қофияга солиб шеър дейди, қофия ҳам бўлсин, бироқ унда дард бўлиши керак. Шулар ҳақида ўйласам ёшлар ҳали ўз устида кўп изланиш олиб бориши керак. Энг муҳими, истеъдод ва талант бўлса, ўз орзусига албатта эришади.

Йиғлоқи, енгил-елпи шеърларни хуш кўрмайман, чунки шеър техникасини билган билан шеър ёзиб билмасанг нима кераги бор “оҳ-воҳ” солиб, ундан кўра шеърнинг ўзини ўқиб қўяқолсанг бўлмайдими… Ҳар куни шоирман деб, олдимга ёш ҳаваскорлар келиб туради бир даста шеър кўтариб, бир-икки варақлайман, қуруқ гап, на туз бор, на маза, қофияларни келиштириб ташлашган, бундай шеър давосида юрганларни адабиёт қандай кечирар экан? Ана шу нарсалар мени бир умр қийнаб келмоқда. Ўқимай олим, ўқимай шоир бўлганларни унчалик жиним суймайди.”

Отажонга савол борми деб, имлайман, у ҳам узоқ вақтдан буён ўйлантириб юрган саволини айтиш мавридини топдими, “менинг бир саволим бор Абдулла ака, Шавкат Раҳмон ижодига қандай қарайсиз? Унинг шеърларини қандай баҳолайсиз”, – деди.

Жиддийлашиб Абдулла ака шоирона лутфга ўтди ва: “Мингта шоирни қозонға солиб қайнатсанг ҳам Шавкат Раҳмон алоҳида ажралиб туради. Унинг ўз йўли, ўз услуби, шоирона дунёқараши, идеали, истеъдоди ва маҳорати бор эди. Афсус орамиздан эрта кетди. Унинг ўрни адабиётда бўлакча эди. Мен буни ўзига ҳам айтганман. Қайсарлиги ва мардлиги, феълидаги ҳақгўйлиги камдан-кам ижодкорда бўладиган хислатдир…”

Бу суҳбатни телефонимга видеога тушуриб ҳам олгандим. Ҳозир қайта-қайта кўрганингизда яна ундаги чуқур ва теран маъноли қарашларни эшитиб ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Суҳбатимизда шеър нима, шоир ким саволларига муносиб жавоб топгандек бўлгандик. Мен бунинг замирида катта бир куч борлигини, шоир ўз-ўзидан шоир бўлиб қолмаслигини, орқасида меҳнат ва унга яраша Аллоҳ берган истеъдод бўлиши муҳимлигини ҳис қилдим. Чунки шоирлик фақат илҳом билан белгиланмайди-да!..

Орадан бир йил ўтиб яна ҳузурига кириб ўтай деб, эшикдан бош суқдим. Ёш адабиётшунос (ўшанда Шарқ юлдузи журналида масъул котиб бўлиб ишларди) Саъдулло Қуронов билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Мен киришим билан Саъдулло ўрнидан турди (эҳтимол ишлари кўплиги сабаб шошиб тургандир) “майли устоз, сизга бу киши суҳбатдошлик қилади, менга рухсат берсангиз”, деди ва қўлидаги қоғозларни сумкасига солиб чиқиб кетди. Ўшанда Абдулла ака столида бир неча шеърларни таҳрир қилиб ўтирганди. Мен билан ҳол-аҳвол сўрашди. Мен олис қорақалпоқ элидан борганимни айтдим. Хотирасининг нақадар кучли эканига қойил қолганман. “Сиз анови Пистачилик жўрангиз билан келган йигитмисиз? Қорақалпоқ эли омонми? У ёқлар тинчми? Шоир ошноларимиз соғ-саломатмилар?”, – деди қуюқ сўрашиб. Мен “ҳа, барчаси соғу саломат, сизга салом йўллашди, тинч ва осайишталик”, – дедим. “Сал шамоллабманми, мазам бўлмай, даволаниб юрибман, Уюшманинг фахрий раисиман шу ерда, ҳафтасига икки-уч кун келиб кетаман, кимдир йўқлаб Дўрмонга бориб юрса йўл олислик қилади, ўзим мана шу марказга келсам кўпчиликни кўриб кетганим маъқул” деди.

Суҳбат чоғида менга янги шеърлардан ўқиб бергани ва охирида қоғозга дастхат билан совға сифатида “олиб қўйинг, қорақалпоқ оғаинларга ҳам ўқиб беринг борганингиздан кейин”, – деди.

Устоз Абдулла Орипов умрининг сўнгги уч йилида деярли ҳар куни ижод билан машғул бўлди. Бир ёнда соғлиқдан шикоят қилса-да, кўнглидаги дарду аламларини, ҳасратларини шеърга солди. Шеърларини тўплаб, китоб ҳолида нашр қилинишига Дониёр Бегимқулов, қизи Рухсора, шогирди Алишер Назар ўз ҳиссасини қўшишдан бош тортмадилар. Алишер Назар билан ижтимоий тармоқда мулоқот қилганимизда “Устознинг янги шеърини ўқидингизми? Бугун жойладим”, – дерди. Мен эса деярли ҳар куни устознинг шеърларидан мутолаа қилиб борар, уларни таниш ижодкор дўстларимга ҳам юборар эдим. Барчаси “устоз омон бўлсин, дардли шеър экан”, дерди. Кунларнинг бирида Самарқандга илмий ишимни якунлашим учун кетганимда бир муддат “Самарқанд” газетасида ишлашимга тўғри келди. Ўзимнинг ташаббусим билан Луқмон Бўрихон, Алишер Назарни Самарқанд давлат университетига адабий учрашувга таклиф қилдим. Учрашув давомида тушликка адабиётшунос Азмиддин Носиров меҳмонларни “Қўқон” чойхонасига таклиф қилди. Бир пайт Алишер Назарнинг телефони жиринглаб қолди. “Узр, Абдулла ака телефон қиляпти, ҳойнаҳой янги шеър ёзди, бир эшитамизми?”. Даврага жимлик чўкди: телефонга жавоб беринг, қани бир овозини эшитайлик, – барча бир овоздан Алшер Назар фикрини маъқуллашди. Одатдаги салом-аликдан кейин “Алишербек мана бу шеърни ўқиб берсам дегандим, Самарқанддагилар ҳам эшитяптими? Унда эшитинглар:

 АЧЧИҚ ЧОЙ

Ярим давлат эмиш, ниятинг гоҳо,
Қорни тўйган куни йўқсил бой эмиш.
Муҳаббат чиройни танламас асло,
Уйқу босиб келса, тош ҳам жой эмиш.

Майли қишлоқдасан ёки шаҳарда,
Эгамга бир феълинг ёқса агарда,
Хизр йўлдош бўлгай доим сафарда,
Бошингга қўнган қуш, у Ҳумой эмиш.

Магар чаппа кетса, ишинг омадинг,
Ўттизга кирмасдан ёйдир қоматинг,
Яшашга чайла ҳам қура олмадинг,
Элликка борганда ҳолинг “вой” эмиш.

Худойим бердими ақл ва юрак,
Уларга муносиб муҳит ҳам керак.
Кимга элу юрти бўлса ҳам тиргак,
Қариган чоғда ҳам тошқин сой эмиш.

Саломат етдингми қутлуғ бир ёшга,
Шукр қил, ҳамдамсан ойга, қуёшга.
Ва лекин шаробнинг йўриғи бошқа,
Ўрнини босгувчи аччиқ чой эмиш.
(29.05.2016 й.)

Шеърни ўқиб тугатганидан кейин: “Алишербек мен энди ўзинг билгандай уйдаман, Самарқандга ҳам тез-тез бориб турардик авваллари, зиёрат қилсанг қабул бўлсин, яқинларга саломимни етказ, эртага келсанг ишхонада кўришамиз, шеърларни олиб бораман…” деди. Бу таъсирли шеър руҳиятимизга янада жонбахш ато қилди. Унинг замиридаги ўхшатишларни-ку, айтмай қўяқолай. Буларни шоирнинг ўз юрагидан, қалбидан чиққанини эшитганда бутун вужудингга қандайдир бошқача таъсир қилар экан. Ахир, шоир ҳали ҳовури тушмаган шеърни ўқиб берганидан сўнг, албатта шундай бўлиши табиийдир.

Яна бир тарихий учрашувимиз уюшма олдида бўлди. У пайт Абдулла ака анча тетик эди. Мен сал кечикирбоқ борибман, улар қандайдир учрушувга кетаётган экан. Уюшма қаршисида барча билган-кўрган Халқлар дўстлиги санъат саройи, чап тарафда “Бунёдкор” метро бекати, баҳорий кайфият, шаҳар шоирона тилда айтганда фусункорликни намойиш қилмоқда эди. Қўлида шеърлар солинган папкачада Абдулла ака қуёшда кўзлари юмилиб кетар, ўзим ҳам нақ қорақалпоқдай жўш уриб, юрагимда фақат ҳаяжон жунжикарди. Устоз бу йигитни ҳам олиб кетамизми деди, суҳбатдошига, мен уни биринчи кўришим эди.

– Майли деди у киши ҳам. Бироқ мен тушликдан кейин Нукусга кетишимни айтиб, узр сўрадим. Ўша пайтда ҳам илиқ сўрашув, эл-юрт омонлиги, ошно-оғаинилар саломатлигини билишга ошиқар эди. Қалбидаги энг эзгу сўз устозининг “Омон бўлинглар!” деб, дуо қилиши эканлигини англаб қолдим. Ахир, омонлик, шукроналик замирида барча инсоний фазилатлар жам эканлиги ҳар биримизни ўйлашга ундайди…

Абдулла ака – чин маънода адабиётшуносдан кам эмасди. Юқорида айтганимдек, хотирасининг нақадар тинқлиги ва кучлилиги: шеър ўқишдан бошлаб, уни таҳлил қилишгача барча-барчасида катта олимлик қобилияти борлигини ҳис қилдим. Пушкину Лермонтов, Ҳамзатов, Қулиев ва бошқа шоирларни жаҳоний аспектда таҳлил қилиши мени ҳайратга солганди. Биз докторликни ҳимоя қилиб олим бўламиз деб, юрган бир пайтда Абдулла ака норасмий доктор, катта олим эканлигини ҳеч ким инкор қилолмаса керак. Бу кишига фан доктори илмий унвонини беришса ҳам адабиёт ҳеч қачон завол кўрмайди.

Шундай қилиб, қисқа 8-9 йиллик танишувмиз бу ўзича тарих, ўзича мароқли устоз-шогирд дийдолашувидир. Ҳаётда бир маротаба, атиги бир марта ҳамсуҳбат бўлиб, бир умр мамнуният билан ёдга олиб, шогирд  тушганлар қанча? Менга адабиётдан дарс берган, шеъриятнинг сиру асроридан воқиф қилган Абдулла Ориповга фақат раҳматимни айтишдан нарёғига ўтолмадим. Ахир, бир умр шеър ишқида ёнган юракнинг бизга, адабиётимизга, жаҳон шеър ишқида юрганларга катта ИБРАТ мактаб, хазинаси эмасми? Бу инсоннинг умри давомида битиб қолдирган бебаҳо мероси ҳали йиллар давомида ўзбек ва жаҳон адабиёти ихломандларнини, ўсиб келаётган истиқлол фарзандларини тарбиялашга ўз улушини қўшади деб, айтишга тўла ҳақлимиз.

Хурсандбек Тўлибоев,

Адабиётшунос, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси

19.11.2016 йил, Нукус шаҳри