Владимир Соловьёв. Достоевский хотираси

Достоевский ҳақидаги маърузада унинг на шахсий ҳаёти, на бадиий асарларининг адабий танқиди билан шуғулланаман. Мен фақат битта масала: Достоевский қандай ғоя-мақсадларга хизмат қилгани, бутун фаолиятини қандай ғоя илҳомлантирганини ёритишга ҳаракат қиламан[1].

Бу масалага тўхталишим табиий. Чунки на ёзувчи шахсий ҳаётининг тафсилотлари, на асарларининг бадиий фазилатлари ёки камчиликлари ўз ҳолича ҳаётининг сўнгги йилларида кўрсатган жуда катта таъсирни ва унинг вафоти ҳаммамизга кўрсатган фавқулодда таассуротни изоҳлай олмайди. Бошқа жиҳатдан Достоевский хотирасининг кейинги пайтда шафқатсиз ҳақоратланиши ҳам адиб асарларининг эстетик хусусиятларига қаратилган эмас, бинобарин унинг баъзида доҳиёна хусусиятдан холи бўлмаган ижодкорлик салоҳияти беназирлигини барча баравар эътироф этади, ҳолбуки, унинг ижодий салоҳиятида йирик камчиликлар ҳам бор. Бироқ мазкур салоҳият соҳиби хизмат қилган ғоялар айримлар учун ҳаққоний ва олижаноб бўлгани ҳолда бошқалар учун сохта ва зарарли туюлади.

Достоевскийнинг бутун фаолиятига бериладиган якуний баҳо уни илҳомлантирган ғояга, нималарга ишонганию меҳр-муҳаббат қўйганига қандай муносабатда бўлишимизга боғлиқ. “Достоевский аввало барчада ва барча жойда қайноқ инсон қалбини севган ва барча Аллоҳга мансуб эканига ишонч билан яшади, ҳар қандай ташқи зўравонлик ва ҳар қандай ботиний таназзул устидан зафар қозона оладиган инсоният қалбининг беадад куч-қудратига имони комил эди. Турмушнинг жамики иллатларию ёвузликларини, ҳаётнинг жамики юки ва зулматларини кўнглига сингдирган ҳолда буларнинг барчасини муҳаббатнинг қодир кучи билан енгиш асносида Достоевский барча асарларида мазкур ғалабасини куйлади. Бандаларга хос жамики ожизликлар орасидан сизиб чиқиб, кўнгилда гулдай очиладиган мазкур илоҳий куч-қувватни кашф этиш асносида Достоевский Парвардигори оламни ва ундан андоза олиб яратилган инсонни англаб етди. Тангри ва Исо йи Масиҳнинг барҳақлиги унга ботиний меҳр-муҳаббат ҳамда ялпи афви умумия воситасида аён бўлди. Ва барчани кечиришдек олижаноб кучни ўзи ташна бўлган ва бутун ҳаёти давомида жон-жаҳди билан интилган адолат заминда ошкора тантана қилишининг асоси сифатида мадҳ этди”[2].

Назаримда, Достоевский оддий романнавис, салоҳиятли ва тафаккури теран адибгина эмас. Унинг бу таърифлар доирасига сиғмайдиган алоҳида фазилати бор эди ва айни фазилати билан бошқалардан алоҳида ажралиб турарди, айни шу фазилат бошқаларга кўрсатган таъсири негизини ташкил қилади. Буни исботлайдиган далиллар бисёр. Алоҳида эътиборга молик битта мисол келтираман. Граф Л.Н.Толстой Н.Н.Страховга мактубида шундай ёзади: “Достоевский тўғрисидаги мулоҳазаларимнинг ҳаммасини тўлиб-тошиб гапиргим келади. Бу борада сиз билан ҳамфикр эканимдан хурсандман. Мен бу инсонни ҳеч кўрмаганман ва бевосита мулоқотда бўлмаганман; ва кутилмаганда вафот этганида менга жуда яқин, азизу муҳтарам, зарур сиймо бўлганини дафъатан ҳис этдим. У билан мусобақалашиш ҳеч қачон хаёлимга келмаган, ҳеч қачон. Унинг барча амаллари (эътиборга молик ишларининг ҳаммаси) шундайки, қанча кўп қилган бўлса, камина улардан шунча зиёда наф кўрганман. Санъатга ҳавас билан қарайман, ақл-идрокка ҳам, лекин қалб заҳматлари – фақат шодлантиради. Мен уни дўстим деб билардим ва бошқача хаёл қилмаганман. Унинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитдим-у, суянган тоғимдан айрилгандай бўлдим. Ўзимни йўқотиб қўйдим, кейин эса у мен учун қанчалар қадрли бўлганини англадим ва кўзимга ёш келди, ҳозир ҳам йиғлаяпман. Унинг вафоти арафасида “Ҳақоратланганлар ва хўрланганлар” асарини ўқидим ва кўнглим юмшаб, енгил тортдим. Бошқа, олдинроқ ёзилган мактубда эса шундай эътироф бор: “Куни кеча “Ўлик уйдан мактублар”ни ўқидим. Кўп жиҳатлари хотирамдан кўтарилган экан, қайта ўқидим ва бутун янги адабиётимизда, Пушкинни қўшиб ҳисоблаганда ҳам, ундан яхши китоб йўқ. Асарнинг услуби эмас, балки адибнинг самимий, табиий ва насронийларга хос нуқтаи назари ҳайратлантиради. Жуда яхши, насиҳатомуз асар. Кеча кун бўйи шу асар бахш этган сурурдан маст бўлиб юрдим, анчадан буён бундай завқланмаган эдим. Башарти Достоевскийни учратсангиз, унга ихлосим баланд эканини айтинг”.

Граф Толстой эътироф этган самимий фазилатлар ва нуқтаи назар Достоевскийнинг бутун ҳаёти мобайнида ҳукмронлик қилган ғоя билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ҳаётининг сўнгги йилларида бутун қалбини унга бахшида этди.

Инсониятнинг ибтидоий даврида шоирлар некбин набийлар ва коҳин бўлган, диний ғоя шеърият ўзагини ташкил қилган, санъат Тангрилар хизматида бўлган. Кейин, ҳаёт мураккаблашиб, цивилизация-тамаддуд юзага келган, бу меҳнат, санъат ўзаро ажралишига олиб келган, инсоний фаолиятнинг бошқа турлари ҳам ёлғизланиб, диндан ажралган. Агар илгари санъаткорлар Тангрилар хизматчи-хизматкори бўлган бўлса, айни пайтга келиб, санъатнинг ўзи тангримонанд тусга кириб, маъбудага айланган. Соф санъат фидойилари майдонга келган, ҳар қандай диний мазмун-моҳиятдан холи юксак бадиий шакл улар учун алоҳида муҳим вазифага айланган. Мазкур эркин санъатнинг кетма-кет икки тўлқини (классик-антик дунёда ва янги Европада) жуда оҳанжамали бўлгани баробарида барқарор тусга эга эмас эди. Янги Европа бадииятининг гуллаб-яшнаши кўз ўнгимизда заволга юз тутди. Гуллар тўкиляпти, шоналар мева тугаётир. Шонадан пишган мева талаб қилиш адолатдан эмас: фақат келгуси натижаларни тахмин қилса бўлади. Санъат ва адабиётнинг ҳозирги ҳолатига айни нуқтаи назардан ёндошиш зарур.

Замонамиз қаламкашлари соф гўзалликка хизмат қила олмайдилар ва буни хоҳламайдилар, баркамол шакллар билан қизиқмайдилар: улар мазмун-моҳият талабгори. Лекин аввалги, диний санъат моҳиятига бегона бўлганлари ҳолда улар кундалик турмуш ташвишларига бошлари билан шўнғиб, воқеликка нисбатан икки карра муте ҳолатга тушиб қоляптилар: улар, биринчидан, мазкур воқелик ҳодисаларини қулларга хос итоаткорлик билан ёзишга, юзаки баён қилишга интиладилар, иккинчидан эса, айни шундай қулларча итоаткорлик билан кундалик турмуш талабларига хизмат қилишга, айни кун ижтимоий кайфиятини қондиришга, мавжуд ахлоқий ақидаларни васф этишга интиляптилар, шу аснода санъатдан наф кўришни мўлжаллаяптилар. Бу мақсадларнинг на униси ва на бунисини қўлга киритиб бўлмайди. Хаёлий сохта воқеликлар[3] тафсилотлари ортидан самарасиз-беҳуда елиб-югуриш оқибатида чинакам реал-ҳаётий яхлитлик фақат бой берилади, ташқи-юзаки билимдонлик ва фойдалиликни унинг ботиний гўзаллигига путур етказган ҳолда санъат билан бирлаштиришга зўр бериш эса санъатни ўта яроқсиз ва фойдасиз алланарсага айлантиради, зотан маълумки, ёмон бадиий асар жуда яхши тамойиллар асосида яратилганидан қатъи назар ҳеч нарса ўргатмайди ва ҳеч қандай наф ҳам келтирмайди.

Замонавий санъат ҳолатини ва унинг ҳукмрон йўналишини, шубҳасиз, қоралаш жуда осон. Ижодкорликнинг ялпи таназзули ва гўзаллик ғоясига айрим ружу қўйишлар ҳаддан ташқари яққол кўзга ташланаётир, бироқ буларнинг барчасини сўзсиз қоралаш ҳам адолатдан эмас. Мазкур қўпол-дағал ва қотиб қолган замонавий санъаткорлик – бадиий ижодда, мазкур икки қатламли қуллар негизида, қобиғи остида илоҳий улуғворлик кафолати яширинган. Замонавий реал ҳаёт ва санъатдан тўғридан-тўғри наф кўришга оид талаблар, айни кундаги қўпол ва жоҳилона тусда бўлгани учун бемаъни, бироқ шу даражада юксак ва теран чинакам санъат ғоясига шаъма қиладики, унга на соф санъат намояндалари, на уни талқин қилувчилар кўтарила олган. Замонавий ижодкорлар шаклий гўзаллик билан кифояланмай санъат бутун инсоният ҳаётига зиё бахш этувчи ва қайтадан яратувчи реал-ҳаётий-куч бўлишини у ёки бу даражада онгли идрок қиладилар. Аввалги санъат дунёда ҳукмрон жаҳолат ва шафқатсизликдан инсонни чалғитарди, одамларни осуда юксакликларига олиб чиқар ва ёрқин сиймолари билан кўнглини яйратарди; бугунги санъат, аксинча, турмушдаги жаҳолат ва шафқатсизликка инсон эътиборини жалб қилади, лекин мазкур жаҳолат зулматни ёритиш ва шафқатсизликни жиловлаш масаласида баъзан қатъиятлилик кўрсатмайди. Санъат ёғду сочадиган ва қайтадан яратадиган куч-қудратни қаердан олади? Санъат жаҳолатга ботган турмуш тарзида инсонни чалғитиш билан чегараланмасдан, мазкур қайғули ҳолатни яхшилаши зарур бўлса, у ҳолда мазкур буюк мақсадга воқеликни шунчаки қайд этиш билан эришиб бўлмайди. Тасвирлаш дегани қайтадан ўзгартириш дегани эмас, фош этган билан жамики камчиликлар барҳам топмайди. Соф санъат инсонни заминдан юксалтирди, Олимпия чўққиларига олиб чиқди; янги санъат заминга муҳаббат ва ҳамдардлик билан қайтаётир, лекин заминий турмуш жаҳолатига ва шафқатсизлигига чўмиш учун эмас, зотан бунинг учун санъатнинг ҳеч бир ҳожати йўқ, аксинча, мазкур хасталанган турмуш тарзини даволаш ва янгилаш мақсадида қайтаётир. Бунинг учун заминга яқинлашиш, дахлдор бўлиш, унга меҳр-муҳаббат ва ҳамдардлик билан муносабатда бўлиш керак, лекин бундан ҳам зиёда нимадир талаб қилинади. Заминни ҳақ-ҳақиқат йўлига солиш ва қайтадан яратиш билан боғлиқ жуда катта куч-ғайрат талаб қиладиган иш учун нозаминий кучларни ерга жалб қилиш ва сафарбар этиш лозим. Санъат диндан ажралиб, мустақил бўлиши асносида айни бевосита дин билан янги эркин битишув тузиши керак. Санъаткорлар ва шоирлар яна коҳинлару пайғамбармонанд сиймоларга, лекин эндиликда бошқача, бирмунча юксак ва муҳим маънода зоти кабирларга айланишлари керак: диний ғоя уларнинг ихтиёридаги воситага айланиши баробарида ўзлари ҳам бу ғоялардан оқилона фойдаланишлари ва заминда қарор топиши йўлида онгли фаолият юритишлари лозим. Келажак санъати, узоқ давом этган синовлардан кейин онгли равишда динга қайтиб, дин билан чамбарчас боғлиқ ибтидоий санъатга нисбатан бошқача санъатга айланади.

Замонавий санъатнинг динга қарши (зоҳиран) хусусиятидан қатъи назар синчиклаб назар ташласак, унда келажакдаги диний санъатнинг билинар-билинмас нишоналарини илғаймиз. Реалистик бадиий ижод ўз вазифаси – миссиясининг диний хусусиятини англамасдан дунёга ахлоқий таъсир кўрсата олишининг ягона мустаҳкам пойдевори ва қудратли омилидан воз кечаётир.

Лекин замонавий адабиётнинг дағал реализми ёлғиз беўхшов ниқоб бўлиб, унинг остида ўз фурсатини кутган ҳолда келажакнинг олмос қанот шеърияти ётибди. Бу шахсий ўй-ният эмас, балки ижобий далиллар айнан шундан далолат беради. Ҳозирнинг ўзида шундай ижодкорлар пайдо бўлаётирки, улар ҳукмрон реализм тамойилларидан келиб чиқиб, муайян маънода унинг тубан негизига таяниб, айни пайтда диний ҳақиқатлар сарҳадига етиб бораётир, у билан ўз асарларининг вазифасини боғлаётир, ундан ижтимоий идеали учун куч-қувват олаётир, жамиятга хизмат қилиш билан боғлиқ ўй-ниятларини унинг зиёси билан ёритаётир. Бундай диний санъатнинг вакиллари ҳозирча йўқ, лекин элчилари бор. Ана шундай элчилардан бири – Достоевский.

Фаолият турига кўра романнавис ижодкорлар сирасига киргани ҳолда ва айрим у ёки бу масалада улардан орқада қолгани ҳолда Достоевский уларнинг барчасига нисбатан шундай устунликка эгаки, наинки ён-атрофида кечаётган воқеа-ҳодисаларга, балки келажакка пайғамбарона некбинлик билан назар ташлайди.

Достоевскийнинг бадиий олами тамомила қарама-қарши хусусиятга эга. Унинг асарларида ҳамма нарса қайнаб-тошади, ҳаммаси мавҳум, элас-элас ойдинлашаяпти, холос. Жамиятнинг маиший турмуши эмас, балки ижтимоий ҳаракат Достоевский романларининг мавзуи ҳисобланади. Барча беназир рус романнависларидан фақат Достоевский ижтимоий ҳаракатни ўз ижодининг бош мавзуига айлантирган. Бу борада Тургеневни у билан қиёслаш одат тусини олган, лекин бунинг учун етарли асос йўқ. Адибнинг умумий аҳамиятига таъриф бериш учун муваффақиятсиз асарларига эмас, балки энг сараларига мурожаат қилиш зарур. Тургеневнинг сара асарлари эса асосан “Овчининг мактублари” ва “Дворянлар уяси” бўлиб, бу асарларда ижтимоий ҳаракатнинг бетакрор манзаралари эмас, балки айни ўша кўҳна дворянлар оламининг ижтимоий ҳолати акс этган. Гончаров ва Л.Толстой асарларида ҳам шундай манзарага дуч келамиз. Тургенев кейинчалик жамиятимиздаги ижтимоий ҳаракатни мунтазам кузатди ва унинг таъсирига қисман берилди, лекин бу ҳаракатнинг мазмун-моҳиятини англай олмади, шу мавзуга махсус бағишланган романи (“Новь”) эса тамомила бемаъни асар бўлди.

Ён-атрофида ҳукмронлик қилаётган интилишларга Достоевский бўйсунмади, ижтимоий ҳаракатнинг тўлқинлари ортидан итоаткорлик билан эргашмади – у мазкур ҳаракат бурилишларини олдиндан кўра билди ва уларни худди шундай олдиндан қоралади. У қоралаш ҳуқуқига ҳақиқатдан ҳам эга эди, чунки ўз эътиқоди доирасида мулоҳаза юритиш мезонига эга бўлиб, айни шу боис ҳукмрон оқимлардан юксалди ва мазкур оқимлардан анча нарироққа ҳам назар ташлаб, улар билан андармон бўлиб қолмади. Достоевский ўз эътиқоди шарофати билан бутун ҳаракатнинг олий, олис мақсадини олдиндан пайқади, унинг ана шу мақсад йўлидаги оғишларини рўй-рост кўрди, шу боис уларга нисбатан ҳақгўй мулоҳаза юритиб, адолатли қоралади. Бу адолатли қоралов ҳукми зарур ва орзу қилинган ижтимоий ҳаракатнинг бевосита ўзини эмас, балки фақат нотўғри йўлларига ва бемаъни усулларига тегишли эди; бу қоралов ижтимоий идеални рўёбга чиқариш йўлидаги интилишларни эмас, балки ижтимоий адолатнинг тубанларча англанишига, сохта ижтимоий идеалга қаратилган эди. Ижтимоий идеални рўёбга чиқариш Достоевский учун ҳам бирламчи аҳамиятга молик бўлди: у нафақат ўтмишдаги, шунингдек, келажакдаги Парвардигори олам-Тангри Салтанатига ҳам ишонди ва уни қарор топтириш учун меҳнат ва жасорат зарурлигини тушунди. Ҳаракатнинг ҳақиқий муроду мақсадини кимки билса, у мазкур мақсад йўлидаги оғишларни қоралай олади ва шундай қилиши зарур. Достоевский эса бундай ҳуқуққа шунинг учун ҳам эга эдики, унинг ўзи аввал-бошда шундай оғишларни бошдан кечирган, нотўғри йўлдан борган эди. Достоевскийни ижтимоий тафаккурнинг ҳукмрон оқимлари узра юксалтирган ижобий диний идеал унга осонлик билан насиб этмаган, аксинча машаққатли ва узоқ давом этган кураш натижасида қўлга киритилган. У ўзи билган аъмолларни қоралади ва шу боис бу адолатли қоралов бўлди. Олий ҳақиқат унга ойдинлашгани сайин у шунга мос равишда ижтимоий ҳаракатнинг сохта йўлларини яна ҳам қатъият билан қоралаши зарур эди.

Достоевский бутун фаолиятининг умумий мазмун-моҳияти ёхуд Достоевскийнинг жамоат арбоби сифатидаги аҳамияти мазкур иккиёқлама: жамиятнинг олий идеали тўғрисидаги ва унга эришишнинг ҳозирги йўли тўғрисидаги масалани ҳал қилиши билан боғлиқ.

Ижтимоий ҳаракатнинг қонуний сабаби шахснинг ахлоқий талаблари билан мавжуд ижтимоий тузум ўртасидаги зиддиятга бориб тақалади. Достоевский тасвирловчи, изоҳловчи-таҳлил қилувчи ва шу билан бирга янги ижтимоий ҳаракатнинг фаол иштирокчиси сифатидаги фаолиятини айни шу нуқтаи назардан бошлаган. Ижтимоий адолатсизликни ҳам теран ҳис қилиш ҳатто жуда беозор шаклда бўлса-да, унинг дастлабки “Ғариб бандалар” қиссасида акс этган. Мазкур қиссанинг (шу жумлага кейинчалик ёзилган “Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар” романи ҳам киради) ижтимоий мазмуни азалий ва ҳамиша янги – долзарб фикрдан иборат бўлиб, мавжуд ижтимоий тузумда яхши (ахлоқан) одамлар жамият томонидан ёмон кимсалар сифатида қораланади, шу боис ғариб бандалар ҳақоратланиш ва хўрланишга маҳкум[4].

Башарти ижтимоий адолатсизлик Достоевский учун қисса ёки роман мавзуи бўлиши билан чекланганда, унинг ўзи ҳам фақат адабиётчи бўлиб қолар ва рус жамияти ҳаётидаги алоҳида мақомига юксала олмаган бўларди. Бироқ Достоевский учун қиссанинг мавзуи айни пайтда ҳаётий вазифа ҳам бўлди. У масалага ахлоқий ва амалий негиздан назар ташлади. Дунёда содир бўлаётган ҳодисотларни гувоҳи бўлиши ва қоралаши асносида нима қилиш керак, деган саволни ўз олдига кўндаланг қилиб қўйди.

Дастлаб оддий ва аниқ ечим кўзга ташланади: ўзгалар ва ўз ҳаётлари мисолида ижтимоий адолатсизликни кўрган ва ҳис қилган эзгу ниятли кишилар бирлашишлари, унга қарши чиқишлари ва жамиятни ўз хоҳишларига кўра қайта изга солишлари зарур.

Дастлабки ўта соддаларча уриниш Достоевскийни дор остига келтиргач, кейинчалик эса бадарғага гирифтор қилгач, сафдошлари каби у ҳам дастлаб ният-ўйларининг мана шундай ачинарли ҳолатга дучор бўлганини фақат ўзларининг мағлубияти ва зулм оқибати сифатида талқин қилдилар. Унга нисбатан бешафқат ҳукм чиқарилди. Бироқ ранжу алам Достоевскийга ижтимоий тўнтариш қилишга оид мулоҳазалари нотўғри эканини, бу фақат у билан сафдошларига зарур бўлганини тушунишга монелик қилмади.

Ўлик уй даҳшатлари орасида Достоевский биринчи марта онгли равишда ҳаққоний халқ кечинмалари билан юзма-юз бўлди ва унинг ёғдусида инқилобий интилишлари нотўғри эканини яққол кўрди. Достоевскийнинг сургундаги дўстлари аксарият оддий халқ вакиллари бўлиб, айрим беназир шахсларни ҳисобга олмаганда, уларнинг барчаси халқнинг яроқсиз тоифаларига мансуб эди. Бироқ оддий халқнинг яроқсиз тоифалари ҳам ҳатто энг яхши зиёлилар бой берадиган хислатни: Аллоҳга ишониш ва гуноҳкор эканини онгли идрок этиш фазилатини сақлаб қоладилар. Оддий жиноятчилар бемаъни қилмишлари билан оммадан ажралиб қолганига қарамай ҳис-туйғулари ва қарашларига, диний дунёқарашига кўра халқдан фарқ қилмайди. Ўлик уйда Достоевский росмана “ғариб” (халқона айтганда, бахтсиз, толесиз) бандаларни топди. У ортида, озодликда қолдириб келган зоти шарифлар ижтимоий адолатсизликлардан ор қилган ҳолда нажот топар, шахсий устунлик ҳиссиёти уларга таскин-тасалли берарди. Сургундаги маҳбуслар бундай таскин-тасаллига эга эмас эдилар, лекин ундан ҳам ортиқ алланарса уларни ҳаёт билан боғлар эди. Намунали зиёлилар ниманики тортиб олган бўлса, ўлик уйнинг бетайин бандалари Достоевскийга барчасини қайтариб берди. Агар маърифат намояндалари орасида диний туйғу қолдиғи уни пешқадам ижодкорнинг шаккоклигидан қизаришга мажбур қилган бўлса, ўлик уйда мазкур туйғу тақдирга тан берган сургундагиларнинг художўйлиги-тақводорлиги таъсири остида қайта қад ростлади ва янгиланди. Черков унутган, давлат эса жабр-зулм ила эзган бу ғариб бандалар ҳамон черковга ишонар ва давлатни ҳам инкор этмасдилар. Сургундагиларнинг бебошликлари ва ваҳшийликлари ичра кечган ўта оғир лаҳзаларда Достоевскийнинг хотирасида қўрқиб кетган бойваччага меҳрибонлик билан далда берган деҳқон Марейнинг улуғвор ва хокисор сиймоси қад ростлайди. Ва у мана шу Парвардигори оламга мансуб илоҳий ҳақиқат қаршисида ҳар қандай ясама “ҳақиқат” сохталигини, мазкур сохталикни бошқаларга сингдиришга уриниш эса жиноят эканини теран англади.

Омадсиз инқилобчининг аччиқ пушаймони ўрнига Достоевский ахлоқан қайта дунёга келган инсоннинг ёрқин кечинмалари билан сургундан қайтди. “Кўпроқ ишониш керак, сафларимиз яна ҳам жипсроқ бўлиши зарур, бунга меҳр-муҳаббатни ҳам эш қилсак, барча ўй-ниятларимизга етамиз”, – деб ёзганди у. Халқнинг ўй-ниятлари, кечинмалари билан ҳамроҳлик, ҳамдардлик натижасида янгиланган мазкур ахлоқий-маънавий куч-қувват Достоевскийни долзарб давр вазифаларининг хизматкори эмас, балки ижтимоий тафаккурнинг чинакам ҳаракатлантирувчи кучи сифатида ижтимоий ҳаракатимиз олдинги сафида юришдек юксак мартабага мушарраф этди.

Сибирдан қайтиб келганида ижобий ижтимоий идеал Достоевскийга тўлалигича аён эмас эди. Бироқ мазкур иш билан боғлиқ уч ҳақиқат унга кундай равшан эди: у аввало, айрим кишилар, ҳатто жамиятнинг энг пешқадам шахслари ҳам шахсий устунликлари эвазига жамиятга зўравонлик қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини тушунди; у, шунингдек, ижтимоий адолат – ҳақиқат айрим тафаккур соҳиблари томонидан яратилмаслигини, балки умумхалқ фикр-мулоҳазасига таянишини англади ва ниҳоят, мазкур адолат диний аҳамиятга –тусга эга эканини ва Исойи Масиҳга эътиқод билан, Исойи Масиҳ идеали билан боғланган бўлиши зарурлигини теран идрок қилди.

Мазкур ҳақиқатларни англаш борасида Достоевский ўз даврида ҳукмрон ижтимоий тафаккур йўналишидан анча илгарилаб кетди ва шу туфайли мазкур йўналиш қай томонга бошлашини олдиндан кўрди ва кўрсатиб берди. Маълумки, “Жиноят ва жазо” романи бевосита Данилов[5] ва Каракозовларнинг суди арафасида ёзилган, “Жинлар” романи эса нечаевлар суд жараёни олдидан яратилган. Дастлабки роман мазмуни тафсилотлар ғоят теран бўлгани ҳолда, гарчи уни кўпчилик тушунмаган бўлса ҳам, жуда содда ва равшан. Асарнинг бош қаҳрамони – шундай нуқтаи назар вакилики, унга кўра исталган кучли шахс ўзига ўзи хўжайин ва кўнглига келган ишни қилиши мумкин. Шахсий устунлиги боис, куч-қудрат соҳиби бўлгани туфайли ўзини қотиллик қилишга ҳақли деб ҳисоблайди ва қилади ҳам. Бироқ у ташқи бемаъни-нотўғри қонунларнинг шунчаки бузилиши ва ижтимоий ақидаларга нисбатан мардона қарши чиқиш деб ҳисоблаган иш кутилмаганда ўз виждони учун аллақандай ваҳимали тус олади, гуноҳга айланади, ботиний, ахлоқий ҳақиқатнинг қўпол бузилишига олиб келади. Ташқи қонун-қоидаларнинг бузилиши қонуний равишда зоҳиран сургун кўринишида қасосга дучор бўлади, лекин кучли шахсни инсониятдан ажратиб қўйган ва қотиллик қилишга мажбур этган ботиний такаббурлик гуноҳини, мазкур ботиний манманлик гуноҳини фақат бемаъни ўй-хаёллардан ботиний воз кечиш воситасида ювиш мумкин. Чексиз ўзбошимчалик инсонга нисбатан улуғвор сиймо қаршисида барҳам топиши, гуноҳни ўзбошимчалик билан оқлаш эса илоҳий Тангри адолати қаршисида жиловланиши зарур. Чунки кучли шахс жирканч ҳашоратлар сифатида назарга илмаган содда ва заиф кимсалар сиймосида ҳам Парвардигори олам мужассам.

“Жинлар” романида айни мавзу чуқурлаштирилмаган бўлса-да, анча кенгайтирилган ва мураккаблаштирилган. Дунёни ўзлари хоҳлаганча ўзгартириш мақсадида зўравонлик билан давлат тўнтариши қилиш муддаосига берилган кишилар тўдаси ваҳшиёна жиноятлар содир этадилар ва шармандаларча нобуд бўладилар, эътиқод туфайли нажот топган Россия эса ўз Халоскори қаршисида таъзим қилади.

Бу романлар жуда катта ижтимоий аҳамиятга эга; уларда муҳим ижтимоий ҳодисалар башорат қилинган, бу воқеалар тез орада содир бўлди; айни пайтда мазкур ҳодисотлар олий диний ҳақиқат-адолат нуқтаи назаридан қораланган ва айни ҳақиқатга амал қилиш борасида ижтимоий ҳаракат учун мақбул йўналиш кўрсатилган.

Фақат жиноятчиликни урчитадиган ўзбошимча сохта-чалғиган ҳақиқат-адолатни тиқиштиришни қоралаш асносида Достоевский Исойи Масиҳ эътиқодига асосланган халқона диний идеални унга қарши қўяди. Мазкур эътиқодга қайтиш Раскольников учун ҳам ва жамики жинлар йўлдан оздирган жамият учун ҳам муштарак йўналиш хусусиятига эга. Халқ орасида барқарор Исойи Масиҳ эътиқоди шундай ижобий ижтимоий идеални ўзида жам этганки, унга кўра алоҳида шахс жамики омма билан бир тану жон ҳисобланади. Мазкур якдилликни бой берган шахсдан эса аввало такаббурона ёлғизликдан воз кечиб, ахлоқан покиза йўлга кирган ҳолда бутун халқ билан руҳий-маънавий жиҳатдан бир жону бир тан бўлиш талаб қилинади. Бундан қандай мақсад кўзланган? Фақат халқ бўлганию битта кимса ёки минг кишига нисбатан олтмиш миллион талай даражада кўп бўлгани учунми? Айнан шундай мулоҳаза юритадиган кимсалар бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бироқ Достоевский бу қадар содда тушунмаган. Яккаланган шахсдан халқ бағрига қайтишни талаб қилар экан, у аввало, халқ қалбида мудом барҳаёт чинакам эътиқодга қайтишни назарда тутган. Достоевский ишонган ижтимоий биродарлик идеали ёки ялпи бирдамликда миллий эмас, балки диний-ахлоқий аҳамият асосий жиҳат ҳисобланган. “Жинлар” романидаёқ фақат халқ бўлгани учун халқ қаршисида таъзим қиладиган ва рус миллатига хос бўлгани учунгина православ динини қадрлайдиган кимсалар масхара қилинади.

Достоевский назарда тутган ижтимоий идеалга битта сўз билан таъриф берадиган бўлсак, бу сўз халқ эмас, балки Черков бўлади.

Черковга Исойи Масиҳнинг ғайритабиий, илоҳий танаси сифатида эътиқод қўйганмиз; биз, шунингдек, черков деганда у ёки бу динга эътиқод қилувчи тақводорлар йиғиладиган жой (Тангрининг байти – байтуллоҳ – Таржимон) кўз олдимизга келади. Лекин черков ижтимоий идеал сифатида қандай аҳамиятга эга? Ф. Достоевский бу борада бирон-бир илоҳий даъвони илгари сурмаган, шу боис унинг асарларидан черковга оид бирон-бир мантиқий таъриф қидириш ҳуқуқига эга эмасмиз. Бироқ, адиб черковни ижтимоий идеал сифатида тараннум этиш асносида тўлақонли аниқ ва равшан талабни ифодалаган, бу шу даражада аниқ ва равшанки (гарчи тамомила қарама-қарши бўлса-да), Европа социализми ҳам айни талабни илгари суради. (Достоевский шу боис сўнгги кундалигида халқнинг черковга ишонч-эътиқодини “рус халқига хос социализм” деб таърифлаган). Европалик социалистлар зўравонлик билан бойларни ҳам, камбағалларни ҳам моддий жиҳатдан бараварлаштиришни талаб қиляпти, давлатни ағдариб ташлашни ва жамият оддий иқтисодий уюшма негизида фаолият юритишини талаб қиляпти. Достоевский назарда тутган “русларга хос социализм” эса барчани руҳоний-маънавий биродарлик сифатида ахлоқий черков даражасига юксалтиради, гарчи ижтимоий тоифаларнинг ташқи тенгсизлиги сақланиб қолса ҳам, бутун давлат ва ижтимоий қурилишда Исойи Масиҳ адолати ва ҳақиқати рўёбга чиқиши асносида руҳлантирилишини тақозо этади.

Черков ижобий ижтимоий идеал сифатида янги романнинг ёки қатор янги романларнинг марказий идеяси бўлиши керак. Ана шундай романларнинг ҳозирча фақат биттаси – “Ака-ука Карамазовлар” яратилди.

Агар Достоевский илгари сурган мазкур ижтимоий идеал шакли “Жинлар” романида тасвирланган замонавий намояндаларнинг идеалига тамомила қарама-қарши бўлса, у ҳолда мақсадга эришиш йўллари ҳам бир-бирини инкор этади. “Жинлар” асарида зўравонлик, қотиллик йўли танланган бўлса, кейинги романда ахлоқий жасорат тараннум этилади ва ҳатто икки карра содир этилган ахлоқий покланиш ғояси мадҳ қилинган. Шахсдан биринчи галда кўр-кўрона фикр-мулоҳазаларидан, ясама-сохта ҳақиқатдан ялпи, умумхалқ эътиқоди ва адолати йўлида воз кечиш талаб қилинади. Халқ эътиқоди қаршисида шахс таъзим бажо келтириши керак, лекин халқона эътиқод бўлгани учун эмас, балки адолатли, ҳаққоний эътиқод бўлгани боис таъзим қилиши лозим. Башарти шундай экан, у ҳолда халқ оммаси ҳам ўзи ишонадиган айни эътиқод йўлида феъл-атворидаги диний эътиқодга зид иллатли хусусиятлардан воз кечиши зарур.

Эътиқодли бўлиш халқнинг афзаллигини таъминламайди, худди шундай эътиқодли шахс ҳам бошқалардан устун бўлиши мумкин эмас. Ҳақиқат-адолат фақат самовий бўлади ва халқдан мазкур самовий-илоҳий адолат-ҳақиқатга, лоақал ва ҳатто шубҳасиз миллий манманлигини қурбон қилиш эвазига ҳам хизмат қилиш жасорати талаб қилинади.

Шундай қилиб, черков ижобий ижтимоий идеал сифатида, жамики фикр-мулоҳазаларимиз ва аъмолларимизнинг негизи ва мақсади сифатида мазкур идеални рўёбга чиқаришнинг бевосита йўли тариқасида халқ жасорати ҳисобланади – Достоевский англаб етган ҳақиқат шундан иборат эди ва айни ҳақиқат унинг бутун ижодий фаолиятини пайғамбарона ёғду билан ёритган.

Русчадан Абдуҳамид Пардаев таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 11-сон

[1] Ушбу мақола файласуф, шоир ва публицист Владимир Соловьёв (1853–1900)нинг Достоевский қабри устида 1881 йил 1 февралда ирод қилинган маърузасидан олинди.(Тарж.).

[2] Алоҳида олинган ҳар қандай тафсилот ўз ҳолича реал-ҳаётий тусга эга эмас, чунки фақат барчаси жамулжамликдагина реал-ҳаётий хусусият касб этади, боз устига реалист санъаткор реаллик-воқеаларга ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб муносабат билдиради, ўз хоҳишига кўра талқин қилади, бинобарин, бу объектив-холисона реаллик-воқелик бўла олмайди.(Муаллиф изоҳи).

[3] Виктор Гюгонинг “Les Miserables” асарида ҳам айни мавзу қаламга олинган; инсоннинг ботиний, ахлоқий қадр-қиммати ва унинг ижтимоий ҳолати ўртасидаги қарама-қаршилик.

[4] Достоевский бу романни жуда қадрлаган ва гарчи юзаки бўлса ҳам, Гюгодан таъсирланган (антитезаларга мойиллик). Пушкин ва Гоголдан ташқари унинг ижодига Диккенс ва Жорж Санд кучли таъсир кўрсатган. (Муаллиф изоҳи).

[5] Данилов – Москва университети талабаси, аллақандай муҳим ниятлар билан судхўрни ўлдирган ва талаган. (Тарж.).