Ҳеч бир муболағасиз таъкидлаш жоизки, бугун биз бақувват ўзбек шеъриятига эгамиз. Шеърият Шарқда асрлар давомида адабиётнинг асосий тури сифатида яшагани боиси ҳам унинг илдизлари бағоят теран.
Аммо бугунги ўзбек шеърияти кечаги шеърият эмас, балки ўзининг кўпгина, хусусан, шаклий-мазмуний мундарижасига кўра янгиланган поэзиядир. Шу билан бирга, бугунги шеърият кечаги шеъриятдан узилиб қолган алоҳида ҳодиса ҳам эмас. Улар ўртасида ворисийлик, узвийлик давом этиб келаётир. Замонавий ўзбек шеърияти мумтоз ва янги ўзбек шеъриятининг энг яхши анъаналарини давом эттиргани ҳолда жаҳон адабиёти булоқларидан ҳам сув ичаяпти. Адабиёт кеча дунёга соц.реализм туйнуги орқали қараган бўлса, бугун унинг тафаккур уфқи жуда кенг. Айни мана шу кенг уфқ — бадиий тафаккур эркинлиги ҳозирги замон поэзиясини — Истиқлол даври ўзбек шеъриятини вужудга келтираётган бош омилдир. Шунга кўра, ҳар томонлама бой шеъриятимизга назар ташлаб, унинг бағрида барча тамойилларнинг изини кўриш мумкин: реализм, неореализм, романтизм, символизм ва бир қатор авангард адабий оқимларнинг ҳаётбахш йўлларида яратилаётган бугунги ўзбек шеърияти шоир тафаккурининг ягона мафкуравий исканжадан холи эканлигидан, бошқача айтганда, чинакам ҳурлигидан далолат. Яна, шоирнинг қайси йўналишда қалам тебратиши эмас (зотан, бугун тоза бир йўналишнинг ўзи йўқ, улар ўз тараққиёт йўлларида бир-бирига таъсир қилиб, синкретик манзара касб этиб бораётир), балки қандай истеъдод билан ёзаётганлиги ҳамда азалий муҳораба — ззгулик ва ёвузлик жангида қайси томонда турганлиги тобора муҳим бўлиб бораяпти.
Назаримда, ҳозирги ўзбек шеърияти ифода усулига кўра тахминан қуйидагича кўринишга эга: анъанавий; халқона (фольклор анъаналари дохил); модерн; аруз; синкретик. Аммо таъкидлаш жоизки, дунёни эстетик-бадиий талқини бобида асосан иккита кучнинг мусобақасини кузатиш мумкин: бу — анъанавий ва модерн оқимлари ўртасидаги беллашув. (Бундай мусобақа ҳамиша бўлган аслида ва у яқин тарихимизда, масалан, “анъана ва новаторлик” деб аталган). Нима бўлганда ҳам, кейинги 20 — 25 йил мобайнида жамиятда юз берган ўзгаришлар замонавий ўзбек шеърияти қиёфасига жиддий таъсир кўрсатгани бор гап. Ташқаридан “келтирилган” оқимларнинг таъсири эса аллақачон умрини яшаб бўлди. Зотан, ҳаёт — барча янгиланишлар манбаи, сарчашмаси! Ҳаётимизда кечаётган азим ўзгаришлар туфайли нафақат шеърият, балки бутун бошли адабиётимиз мафкурага хизмат қилишдан қутилиб, ўзининг азалий ўзанига тушиб бормоқда. Натижада адабиёт ғояни тараннум этишдан бош кўтариб, инсонга яқин келди, унинг дардини куйлай бошлади. Бошқача айтганда, шоир кўнгилни шеърга солишга киришди.
Буларнинг ҳаммаси яхши. Фақат кутилмаганда масаланинг бошқа бир қирраси юз кўрсатди. Шоир ҳаддан ташқари ўз олами билан банд бўлиб, атрофни, жамиятни бир қадар “унутди”. Шоир учун ўз субъектив оламигина бирламчи ҳақиқатга айланди. Бу эса шеърият майдонининг торайишига олиб келган жиддий сабаблардан бири. Бошқа ёқдан эса шаклга қаттиқ меҳр боғлаган шоир адабиётни ўйинга айлантириш пайига тушди. “Ҳақиқий адабиёт, чинакам шеър бу юксак санъатдир”, деган шиор остида ижод қилувчилар сони бир мунча ортди. Бундай тутим ҳам маълум маънода шеъриятнинг зиёли-ижодкорлар, бўлажак филолог-талабалар, мутахассислар ва муайян қизиқувчилар доирасида кўпроқ ўқилишига олиб келмоқда. Турсун Али, Баҳром Рўзимуҳаммад, Фахриёр, Азиз Саид, Гўзал Бегим каби ўзбек шоирлари (дунёқарашлари, истеъдодлари ва услубларидаги жиддий фарқларга қарамай) қайсидир маънода шу умумий йўналишнинг кўзга кўринган вакилларидир.
Айни пайтда, ўзбек шеъриятида анъанавий йўналиш ҳали-ҳамон ташаббусни ўз қўлида тутиб келаётганини таъкидлаш жоиз. Чунки бу йўналиш халқ руҳи билан, унинг қизиқиш, ўй ва дардлари билан чамбарчас боғланиб кетган. Шунга кўра, бу йўналиш вакилларининг ижод намуналари бир неча минг нусхада чоп этилиб, тез тарқалиб кетади. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф, Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Фарида Афрўз бугун энг кўп ўқилаётган шоирлар. Матназар Абдулҳаким, Саъдулла Ҳаким, Усмон Қўчқор сингари шоирларнинг битикларида ҳаётий тажрибанинг фалсафий мушоҳадакорлик билан йўғрилиши натижасида вужудга келган поэтик лавҳаларга гувоҳ бўлаяпмиз. Чоршамъ, Рустам Мусурмон, Салим Ашур, Икром Искандар, Қўчқор Норқобилнинг кейинги йиллар ижод намуналари ўзининг пишиқчилик палласига кирганига далил. Ҳалима Аҳмедова, Раҳимжон Раҳмат, Зебо Мирзаева, Хосият Рустамованинг яратаётган рамзий шеърлари эса янгиланаётган бадиий тафаккур маҳсули сифатида намоён бўлмоқда. Пойтахт, Қорақалпоғистон ва вилоятларда ижод қилаётган Абдулла Шер, Кенесбой Каримов, Бахтиёр Генжамурод, Энахон Сиддиқова, Одил Ҳотамов, Шафоат Раҳматуллаев, Исмоил Тўхтамишев, Хосият Бобомуродова, Хуршида, Наби Жалолиддин, Ҳалим Карим, Ўроз Ҳайдар, Исмоил Маҳмуд Марғилоний, Баҳодир Исо, Гавҳар Ибодуллаева, Замира Рўзиева, Мақсуда Эгамбердиева, Носиржон Тошматов, Жамолиддин Муслим, Жумагул Сувонова, Гулбаҳор Саидғаниева, Дилфуза Комил, Мухтасар Тожимаматова, Шодмон Сулаймон, Лайло Шарипова, Шермурод Субҳон, Мунаввара Қурбонбоева, Зуҳра Очилова каби шоирларнинг узоқ-яқинлардан жаранглаётган овозлари шеърпараст дилимизни қувонтирмоқда.
Хуллас, бугунги ўзбек шеъриятида ана шу икки йўналишнинг излари кўзга яққол ташланиб туради. Аммо бир нарса аниқки, бу йўналишлар доимо бир-бирига таъсир қилиб, бир-бирини бойитиб, тўлдириб боради. Шунга кўра, деярли ҳамма ижодкорларда турли адабий йўналишлар оҳангларини учратиш мумкин ва бу табиийдир. Чунончи, забардаст шоир Рауф Парфининг такрорланмас шеърларида анъана ва новаторликка хослик бир пайтнинг ўзида баравар яшайди. Ёш шоирларнинг доимий устози Икром Отамурод қаламига мансуб қатор достон ва шеърларда ҳам ҳар икки йўналишнинг ўзига хос синтезини бехато илғайсиз. Дастлабки шеърларида анъанавий оҳанглар етакчилик қилган Ғулом Мирзонинг кейинги битикларида новаторликка мойиллик сезилади ва ҳоказо.
Шеъриятнинг бағрида ўйинга хос хусусиятдан ташқари меҳнат (яъни наф кўриш) ва сиғиниш сифати ҳам мавжуд. Чунки ҳақиқий бадиий асар ўйин завқи ила яратилгани ва худди шунга монанд шавқ билан ўқилганидан ташқари, у яна меҳнату заҳмат билан бино этилади ва ўқувчига маънавий завқ (наф) улашади. Қолаверса, бундай асар инсон қисматини ўзига жо этган юракдан бир нидо-илтижо янглиғ отилиб чиқади ва ўқувчининг қалбига сингиб кетади. Дин ман қилинган собиқ шўро замонида адабиёт қайсидир маънода жамият кишиларининг диний эҳтиёжларига жавоб берганини эсланг! Демак, чинакам шеър ва умуман, ҳақиқий адабиёту санъат намунаси ана ўша уч хусус(меҳнат, сиғиниш ва ўйин)нинг бағрида туғилади, вояга етади. Албатта, уларнинг қайсидир бири кемтик бўлиб яратилган шеър ҳам шеър ҳисобланиши мумкин. Лекин даражот маъносида уч сифатни бирданига ўзида жо қилган шеърдан кейинда туради. Кузатишларимча, янги санъат, хусусан, модерн руҳидаги адабиёт кўпинча ўйинга зеб беради, натижада нариги иккиси эътибордан пинҳонроқ қолади. Анъанавий адабиёт эса, асосан, санъатнинг фойдалилик (яъни бадиий асарни ўқиган ўқувчи ўзи учун ҳаётда керак бўладиган ниманидир ўзлаштиради) томонига диққат қаратади ва бу ерда ҳам санъатнинг икки сифати маълум маънода “унутилади”. Натижада на унисида ва на бунисида улуғ олим Фитрат айтмоқчи, “қонни қайнатгучи, сингирларни ўйнатгучи, мияни титратгучи” кучни сезмайсан, киши. Ҳамма сифат бирданига иштирок этган шеърият билан юзма юз бўлганимизда эса бадиий мўъжизага дуч келгандек ҳайратга тушамиз, руҳан покланамиз (катарсис), дунёга боланинг соф назари билан боқа бошлаймиз.
Шукрки, ҳайрат бармоғимизни тишлашга мажбур этадиган шеъриятимиз бор, лекин “Уни дунё яхши биладими?” деган саволни қўядиган бўлсак, жавоби аниқ: йўқ. Хўш, бунинг сабаби нимада? Аввало, таржимада деган бўлардим. Мен рассом ва бастакорга бир масалада ҳавас қиламан: уларни таржима қилишнинг ҳожати йўқ, мухлиснинг кўзи ва қулоғи соғ, ақлу ҳуши жойида бўлса, бас, санъат асарининг эшиги унинг учун ҳамиша очиқдир. Сўз билан ишлайдиган ижодкорлар эса таржима қилинмагунча эшиги ва деразаси бўлмаган қасрдек ёпиқ қолаверади. Қасрнинг ичига олиб кирадиган киши бу — таржимон. Таржимон дилни дилга, элни элга боғлайди. Икки тилни билган одам иккита одам, дейилади муқаддас ўгитларда. Асарлари бошқа тилга муваффақиятли таржима бўлган шоир ўша элнинг ҳам шоирига айланади. Ҳақиқий таржиманинг аҳамияти шу даражадаки, ҳалигача Навоийнинг “панжасига панжа урадиган” таржимон топилмагани боис улуғ шоирнинг шеърият олами, унинг бадиияти сирлари дунё учун номаълумлигача қоляпти. Ҳа, Навоий ўз таржимонини кутаяпти. Тахминан 500 йилдан бери. Дунё билган Навоий ҳақиқий Навоийнинг сояси, холос. Худди шу гапни кўплаб ўзбек шоирлари ҳақида ҳам айтиш мумкин ва лозим.
Хуллас, асосий масалага қайтиб айтадиган бўлсак, бугунги ўзбек шеърияти (умуман, адабиёти) бу — эркин бадиий тафаккур меваси бўлиб, унда ҳаётимизнинг барча ранглари — камалак жилоси янглиғ, қалбларда товланишини кўриш, ҳис қилиш мумкин. Аслида, бадиий тафаккурдаги бундай эркинликка осонликча эришилгани йўқ.
Адабиётдаги ўзгаришлар ҳар доим ҳам сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларга мос ҳаракат қилмайди. Уни ўзгартирадиган куч бу — ҳаёт ва уни ижодкор руҳ томонидан идрок этилишидир. Қабул ва идрок жараёни эса вақт талаб қилади. Жараён ўз маромига етиб боргандагина бадиий тафаккурда ҳақиқий эврилишлар юз беради. Бадиий тафаккурдаги ўзгаришлар бу — адабиётнинг янгиланиши демак. Янгиланиш даври етилдими, унга ҳеч ким ҳеч қачон таъсир кўрсатолмайди. Зеро, бундай ҳодисалар халқ руҳидаги ботиний янгоришлар билан бевосита боғлиқ. Хулоса қиладиган бўлсак, бугун биз ана шундай янгиланишлар фаслига қадам қўйганмиз. Бунинг меваларини адабиётимизнинг барча тур ва жанрларида кўраяпмиз.
Ўзбек шеърияти ўз тараққиёт йўлида жаҳон адабиётидан нималарнидир ижодий ўзлаштиришга уринган бўлса бордир (ҳамкорлик, ўзаро ўрганиш, ижодий таъсирланиш табиий жараён, аммо буни тақлидчиликка айлантирмаслик лозим), лекин моҳият эътибори билан бугунги янгиланаётган ўзбек шеърияти сув ичаётган булоқ бу — ҳаётнинг ўзи. Зеро, чинакам истеъдодли шоир ёзаётган шеъри оҳангини қалбига қулоқ тутиб топади. Қалб эса даврдаги ўзгаришларни ўта нозиклик билан илғаб борадиган барометр. Давр ўзгараётган бўлса, демак, билингки, эртами-кечми, адабиётда ҳам янгиланиш муқаррар. Буни Ғарбдан ё олис Америкадан “импорт” қилиш мутлақо шарт ҳам, керак ҳам эмас. Инчунин, Гёте: “Назария қуруқдир, дўстим, Лекин яшар ҳаёт дарахти”, деган. Шу маънода мен, айниқса, ёш шоир дўстларимга қарата: шеърингизни қуриб, чўпчакка айланган ҳар хил назарияларга эмас, балки қайнаб-тошиб турган она-ҳаётга суяниб яратинг, дея такрор-такрор айтгим келади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 48-сонидан олинди.