«Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, замон унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади».
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тинчлик Кенгаши иморати пештоқига битилган ушбу сўзлар Саъдий Шерозийнинг «Гулистон» асаридан олинган. ЮНEСКО томонидан эса ҳар йилнинг 21 апрел санаси Шайх Саъдийни хотирлаш куни сифатида белгиланган.
Юз йилдан ошиқроқ умр кўрган эронлик шоирнинг (1184-1292) дунё ҳамжамияти томонидан бундай катта эҳтиромга лойиқ топилгани авваламбор ижодидаги инсонпарварлик ғоялари билан боғлиқ. Чунки, форс адабиётининг етук намояндаси Саъдий ғарбда «гуманизм» тушунчасининг пайдо бўлиши ва уйғониш даврининг юзага келишида катта ҳисса қўшган сиймолардан бири сифатида тан олинади. У 1257 ҳамда 1258 йилларда «Бўстон» ва «Гулистон» номли иккита буюк асарни ёзади. Саъдийнинг айнан мана шу китоблари асрлар давомида Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон ҳамда Ўрта Осиё мамлакатлари мадрасаларида муҳим дарслик вазифасини ўтаб келган ва ўз навбатида ғарб дунёсини ҳам ойдинлатган.
Табақи гул дилингни қилмас чоғ,
«Гулистон»имдан ол бир яфроғ.
Гул замони беш-олти кундур, бас,
Бу «Гулистон» ҳамиша покнафас.
Шоирнинг ўзи «Гулистон» китобининг дебочасида асарни шундай сатрлар билан таърифлаган эди. Чиндан ҳам унинг «Гулистон»и бошқа гулистонлардаги гуллар каби беш-олти кун яшаб, сўлиб қолмади. Аксинча, вақт ўтган сайин файзу таровати ер юзини қамраб олишда давом этди. Давр чархи шоир қаламидан битилган гул мисраларнинг ифорига инсоният қанчалик муҳтож эканини кўрсатди. Саъдийнинг миллионлаб инсонларга, турли миллатларга устозлик қилишини фақатгина ундаги юксак идрок ва ақл-заковат билан изоҳлаш тўғри эмас. Ҳолбуки, ушбу асарларни қаламга олган пайтида у олтмишдан ошган мўйсафид эди. Яъни, буюк мутафаккир маълум ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб сўз сўйлади. Илк ҳаёт сабоқларини ўзи туғилиб ўсган Шерозда олган шоир йўлига араб чўллари бўйлаб давом этади. Шундан сўнг, Озарбайжон ҳамда Сурия мамлакатларида бошланган саргузаштлари узоқ Африканинг Миср ва Марокаш элларида янада бойроқ кўриниш олди. Қолаверса, шунчаки саёҳат эмасди бу умр йўли. Шайх Саъдий ўз даврида Чингизхон босқинларининг шоҳидига айланди. Салбчилар юришига қарши жангларда иштирок этди. Натижада, шундай қалтис ва узун умрдан олинган дарс унинг тафаккур оламида «Гулистон» ва «Бўстон» сингари мумтоз асарларнинг дунёга келишига замин ҳозирлади. Аммо мазкур асарлар маъносининг туб-тубидаги тушунчаларни таҳлил қилганда бошқа бир жиҳатни ҳам эътибордан қочирмаслик шарт. Яъни, буюк мутафаккир онгида у мансуб бўлган Нақшбандия тариқатига хос қарашлар таъсири жуда улкан. Айнан тариқат ўзагидан сузиб олинган мағиз – қарашлар Саъдий асарларининг асосий устунлари саналади. Инчунин, ғарб адабиётшунослари Саъдийни англаш унинг китобларини бир марта ўқиш билан амалга ошиб қоладиган иш эмаслигини, балки алломанинг фалсафий қарашларидан тўлиқ баҳра ола билиш учун шоир сайру сулук қилган руҳоний олам билан алоқа муҳим эканини таъкидлашади. Шайх Саъдий Шерозий номини тилга олганда юқоридаги асарлари каби машҳур бўлмаган, аммо бадиий етуклик жиҳатидан улардан кам қиймат қозонмаган ижодининг бошқа намуналарини ҳам тилга олиб ўтиш лозим. Шоир ёзган ғазал ва қитъалар кўп жилдли «Девон»идан жой олган ва форсийзабон халқлар тилида бугунги кунгача тараннум этиб келинмоқда. Шунингдек, Саъдий лирикаси дунёдаги кўплаб шеърият мухлисларининг ҳам меҳрини қозонган. Айнан шунинг натижасида, форс адабиёти дунёда ўзига хос ўрин эгаллаган. Саъдий ижодиёти ўз навбатида, Европа шеърияти, айниқса немис адабиётининг тараққиётига муҳим ҳисса қўшди. Ғарб тиллари орқали русчага ўгирилган асарлари бу миллат шоирларининг қалбидан ҳам чуқур жой эгаллади. Буюк рус шоири Пушкиннинг ижодида Шайх Саъдий таъсирини яққол кўриш мумкин. Айниқса, «Бахчасарой фонтани» ва «Евгений Онегин» асарларида бу таъсир очиқ намоён бўлади. Ҳатто шоир Саъдийдан олинган мисраларни «Бахчасарой фонтани»да эпиграф қилиб келтиради. Бошқа бир атоқли рус шоири Есениннинг форс адабиётига, жумладан, Шайх Саъдий ижодига мафтун бўлгани ҳақида жуда кўп гапирилган. Мафтунлик Есенинни Эронга саёҳат қилишга ундайвергани, натижада, бир умр Теҳронга сафар қилиш ҳижронида қийналгани адабиётсеварларга яхши маълум. Есенин қай тариқа бундай ширин дардга мубтало бўлганини унинг танишларидан бири шундай хотирлайди: «Корш таржималари маҳсули бўлмиш «Х-ХВ асрлар форс шеърияти» номли китоб қўлимга тушиб қолди. У мендан Есенинга ўтди. Шу-шу бўлди-ю, Есенин китобни ҳеч кимга беришни истамади. Уни нимадир қаттиқ мафтун қилиб қўйгани аниқ эди.» Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Шайх Саъдийнинг кўп қиррали ижоди жаҳон адабиётсеварларини ром этишда ҳозиргача давом этиб келмоқда. Доно насиҳатлари эса, инсоният камолатига ҳисса қўшишдан тўхтамаяпти. Хусусан, халқимиз қалбига шоир асарлари қанчалик ошно эканини уларнинг ўзбек тилига қайта-қайта ўгирилгани ва севиб ўқилаётганидан билиш мумкин.
Шуҳрат Шариф