Тўра Нафасов. Норин сўзининг маъноси нима?

Норин деганда аввало, хаёлимизга Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг номи келади. Туманнинг бундай номланишига ўша ҳудуддаги Норин дарёси асос бўлган. Шунингдек, бу сўз асрлар давомида бошқа нарсаларга нисбатан ҳам қўлланилиб келинганини қайд этиш жоиз. Масалан, Норин дарёси бўйида дастлаб капа (чайла) қуриб яшаган одамларнинг қишлоғи Норинкапа деб аталган. Қирғизистон Республикасида ҳам Норин шаҳри, Норин вилояти ҳамда шу ном билан аталувчи сойлик, Тяншан тоғида эса Норинтов тизмаси мавжуд. Қирғиз тилида нарин сўзи ўзбек тилидаги норин таомини ва бешбармоқ номли таом номини билдиради.

Умуман олганда норин сўзи атоқли от сифатида туркий ва мўғул халқлари яшайдиган катта ҳудудлар, жумладан Волга бўйи, Урал, Тува, Марказий Осиёда жой, сувли ерлар, шунингдек, кишилар исми маъносида ҳам учрайди. Ўзбек халқининг, хусусан, Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолисининг энг тансиқ — гўшт ва хамирдан тайёрланадиган таомларидан бири ҳам норин деб аталади. Бундан ташқари, тилимизда Норинбек, Норинхон, Нориннисо, Норингул каби исмлар ҳам бор.

Аммо юқоридагиларни бир-бирига боғлайдиган кўзга кўринмас занжир мавжуд. Бу — норин сўзининг ҳозирги туркий тилларда сақланмаган, лекин қадимда мавжуд бўлган маъносидир. Ҳозирги мўғул тилида нарийн сўзи бор. Қозоқ тили географик атамаларини тадқиқ қилган Г.Конкашпаев ҳам мўғул тилида нарин, нарийн сўзининг мавжудлигини эътиборга олиб, норин сўзи мўғулчадан олинган деб ёзади. Аммо ўзбек, қирғиз, қозоқ ва бошқа туркий халқлар яшайдиган ҳудудда мавжуд бўлган Норин дарёсининг номини мўғуллар қўйган ёки бу жумла мўғул тилидан кириб келган дейиш на илмий ва на лисоний жиҳатдан асосга эга эмас. Нарийн — нозик, юпқа, ингичка, тор, сиқиқ, танг, лазиз, гўзал, латиф, яхши деган маъноларни билдиради. Бу сўз бурят, ёқут тилида ҳам учрайди. Тунгус-манжур тилларидаги нарҳун сўзи нафис, ингичка товуш маъносини англатади. Кўриниб турибдики, дарё номи бу сўзнинг тор, сиқиқ маъносидан юзага келган. Хамир ва гўштнинг юпқа қилиб кесилиши таомга шу номнинг берилишига асос бўлган дейилса, лазиз, гўзал, латиф маънолари киши исмларининг юзага келишига омил бўлган. Нарийн, нарин, нарън, нарҳун сўзларининг турк, мўғул ва тунгус-манжур тилларида учраши бу сўзларнинг юқорида қайд этилган тиллар учун асос ҳисобланган олтой боботилига мансуб эканини англатади. Демак, биргина ўзбек тилида дарё, шаҳар, таом номи ва киши исми сифатида мавжуд бўлган норин жумласи соф қадимги туркий сўздир.

Тўра Нафасов,

Қарши давлат университети профессори

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).