Музаффар Аҳмад. Тилбилгич мумтоз адиб (Иван Гончаров)

Иван Александрович Гончаров 1812 йил 18 июнда Симбирскда туғилди. Унинг отаси ўзига тўқ рус савдогарларидан бўлиб, боласи эндигина уч ёшга тўлганида у оламдан ўтди. Гўдак онаси билан қолди. Онаси, гарчи ўқимаган бўлишига қарамай, боланинг соғлом, билимли, зийрак бўлиб ўсиши учун ҳар нарсага тайёр, ақлли аёл эди. Болани чўқинтирган қариндошлари – истеъфога чиққан мўйсафид денгизчи ҳам ёш Ванянинг кенг фикрли, саводли бола бўлиб ўсишида яқиндан ёрдам кўрсатади. У Ваняга денгизда бўлиб турадиган турли ҳодисалар, саргузаштлар, кемадаги саёҳатлар ҳақида гапириб берар, болада денгиз илми, саёҳат ва саргузаштларга рағбат уйғотар, ўз навбатида боланинг ҳам кундан-кунга ўқиб-ўрганишига, табиат билан дўстлашишига, йироқ мамлакатлар ва халқлар ҳаётига қизиқиши ортиб боришига сабаб бўлар эди.

Яна бир жиҳат – Гончаровлар оиласи олийжаноб, зиёли ва руҳоний одамлар билан қўшни турар, улар эса ёш Иваннинг китоб ўқиши, тил ўрганиши, илмли бўлишида қўлларидан келган ёрдамларини аямасдилар. Масалан, қўшни аёлларнинг бири француз бўлиб, пансионда шу тилдан дарс берар, Иван эса ундан француз тилини ўрганиб олган эди. Ўн икки ёшга тўлганда Иван онаси, қариндоши ва қўшниларининг ёрдами билан Москвага жўнайди. Бу ерда у ўрта ўқув юртига қабул қилинади, немис, инглиз тилларини ўрганиб олади, мутолаага чин ихлос қўйиб, ўзи ҳам ёзиш-чизиш билан машғул бўла бошлайди. 1831 йилда у Москва университетининг филология факультетига ўқишга киради ва шу ерда ўз даврининг машҳур педагоглари – профессорлар Надеждин, Шевирёв, Давидовлардан сабоқ олиб, маърузалар тинглашга муваффақ бўлади, қадимги юнон ва рим адибларининг ҳаёти, асарлари билан танишади. Гончаров талаба пайтида ёшлар ўртасида Пушкин даҳоси жуда ардоқланар эди. Қолаверса, кейинчалик рус адабиётининг фахри бўлиб қолган Белинский, Лермонтов, Станкевичлар ҳам Гончаров билан олдинма-кетин курсларда ўқишар, улар билан кўришиб туриш, мунозара қилиш, бадиий асарларни алмашлаб ўқиш, ўзлари ёзган машқларни бир-бирларига ўқитиб олишлар ҳам унинг адиб сифатида шаклланишида ижобий роль ўйнагани шубҳасиз.

Ўқиш ва таҳсиллар муддатини тугатган Иван Александрович Симбирскка қайтиб келади. Дарвоқе, кўп тилларни мукаммал биладиган полиглот йигит қайси маҳкамага керак эмас дейсиз?! Тез орада уни Петербургга – Молия вазирлигига таржимонлик вазифасига ишга чақиришади. Молия вазирлигида иш кўп эди, лекин ёш ва ғайратли таржимон шунча иш орасида ҳам ўзининг севимли машғулоти – адабий асар яратиш машғулотларига ҳам вақт топа олади. Бундан ташқари Гончаров шу шаҳарда яшовчи машҳур рассом Н.А. Майковнинг уйига ҳам қатнаб, унинг ўғлига тил ва адабиёт дарсларини ўтар, ўзи ҳам шу уйда бўладиган адабиёт, санъат, маданият йиғинларида иштирок этарди. Рассомнинг уйида ўз даврининг машҳур адиблари, адабиётшунослари, рассом ва актёрлари, турли арбоблар кўплаб йиғилиб туришар, мунозаралар, муҳокамалар авжига чиқар, бу эса ёш ижодкорнинг дунёқараши, тафаккури, адабий-эстетик қарашлари ривожига жиддий таъсир кўрсатарди. Натижада Гончаровнинг ёзувчилик маҳорати чархлана борди, у дарс берган ёш Майков эса кейинчалик рус шеъриятининг ёрқин юлдузларидан бирига айланди. Шу тариқа, Гончаров яратган янги асар – (“Оддий воқеа” романи) ҳам Майковлар хонадонида илк бор муҳокамадан ўтиб, Некрасов муҳаррирлик қилаётган “Современник” журналида чоп этилади. Бу роман туфайли ёш адиб аввал “Майков тўгараги”да, асар чоп этилганидан сўнг эса бутун Россияда катта шуҳрат қозонди. Бундан илҳомланган Гончаров ўзининг иккинчи йирик асари – “Обломов” романини ёзишга киришди.

Бу орада (1852 йил) Гончаров Денгиз Вазирлигидан хат олади, мактубда у Япония мамлакатига жўнаб кетаётган савдо-тижорат экспедициясининг раҳбари адмирал Путятиннинг котиби сифатида узоқ давом этадиган денгиз саёҳатида иштирок этиши сўралган эди (мана сизга кўп тилларни билишнинг шарофати!). Шундай қилиб, Иван Александровичнинг болалик чоғидаги орзулари амалга ошди. Икки йил давом этган бу саёҳат натижаси ўлароқ, адибнинг “Паллада” фрегати” деган саёҳатнома асари дунёга келди. Бу китоб рус саёҳатномаларининг ичида ҳамон тенги топилмайдиган китоб деб эътироф этилади, мазмунан бой ва ранг-баранглиги, табиат манзаралари, денгизчилар ҳаёти батафсил тасвирланганлиги билан дунё китобсеварларини қизиқтириб келади.

Саёҳатдан қайтганидан кейин Иван Александрович Халқ маорифи вазирлигининг цензура қўмитасига ишга чақирилади. 1857 йили у ўзининг энг машҳур романи – “Обломов” асарини ёзиб тугатди. Роман “Отечественные записки” журналида чоп этилди, кейинчалик китоб ҳолида ўқувчилар қўлига етиб борди. Орадан ўн йиллар ўтиб, 1868 йилда муаллифнинг яна бир улкан романи – “Жар” чоп этилди. Рус адабиётининг мумтоз намояндаси ҳисобланган Гончаров қаламига мансуб асарлар асосан ана шулардан иборат. Тўғри, адиб қартайган чоғида ҳам матбуот саҳифаларида, адабий журналларда мақолалари, хотира ва эсселари билан иштирок этиб турди.

Ўзининг улуғ истеъдоди, бадиий салоҳиятига кўра Гончаров рус адабиётида ҳақли равишда Пушкин ва Гоголлар билан бир қаторда тилга олинади. ХIХ аср рус ҳаётининг бирмунча кулгили, тубан, иллатларга бой манзаралари Гоголь қаламида қанчалик ҳажв қилинган бўлса, Гончаров ўз асарларида бу хил камчиликлар билан бирга ижобий ўзгаришлар ҳам бўлаётганини, рус қишлоқ ва вилоятларида оқил, эзгу ниятли, содда, самимий, олийжаноб одамлар ҳам бор эканлигини ишончли кўрсатиб бера олди.

Айтишларича, И.А.Гончаров жуда секин ёзар экан; шунинг натижасими, ундан мерос қолган асарлар ҳам унчалик кўп эмасди. Чет элларда уни фақат биттагина романнинг муаллифи сифатида билишади. Унинг хизмат вазифаси давлат ишлари билан боғлиқ бўлганлиги туфайли, Гончаров шу ишлардан бўшаган пайтлардагина бадиий ижод билан шуғулланар эди. Унинг романлари бадиият жиҳатидан ҳам, композицион тузилиши жиҳатидан ҳам, лингвистик хусусиятлари жиҳатидан ҳам пишиқ-пухта чиққанлигининг боиси ҳам шундадир, эҳтимол.

Музаффар Аҳмад тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон