Сувон Мели. Вақт фалсафаси ёхуд сирли ҳодисанинг поэтик талқини

http://n.ziyouz.com/images/time

Вақт ҳодисаси бир йўла бир неча — физика, математика, астрономия ва бошқа фанларда ўрганилади. Вақт иштирок этмаган жараённинг ўзи йўқ. Бадиий адабиёт отлиғ яратиқнинг ҳам зарурий ингредиенти, ўта нозик, кўз илғамас, аммо ҳамиша ҳар ерда ҳозиру нозир масаллиғ вақтдир. “Тарих — бу вақт доирасида кечадиган жараёнларни ўрганиш бўлиб, лекин вақт нима эканини ҳеч ким билмайди”, деб ёзади машҳур олим Л.Гумилев.

Вақт каби юзаки қараганда жўн, замирига ­боқилса ўта тилсим ва мавҳум нарсани (уни ­нарса деб ҳам, нарса эмас ҳам деб бўлмайди) поэтик мавзу қилиб олиш, уни муносиб тарзда юксак поэтик мезонларда очиб бериш учун бу ишга қўл урган ижодкор бир вақтнинг ўзида ҳам улуғ шоир, ҳам файласуф бўлмоғи, яъни мавҳум фикрдан шеър яратмоғи, фикр қаъридаги ­жозибани кашф этмоғи керак.

Буюк донишманд Аристотел ўзининг ­“Физика” асарида вақт ҳақида тўхталар экан, масалани “вақт мавжуд нарсалар сирасига кирадими ёки номавжуд нарсалар сирасига, сўнг унинг табиати қанақа” тарзида қўяди. Бинобарин, вақт физикавий аниқ ёки поэтик ҳиссий шаклда ўрганилмасин, ҳамиша сирли ҳодиса бўлиб қолаверади.

“Вақт” шеъри яратилишидан сал ўтибоқ, 1946 йили (шеърга 19.9.45 санаси қўйилган) “Ҳозирги ўзбек адабиётидаги тизма сўзнинг чўққиси” (А.Қаҳҳор) дея баҳоланган. Шеърнинг ёзилишига туртки бўлган воқеа сарлавҳа остида аниқ қайд этилиб, “Менга соат тақдим этган жияним Ҳамидулла Ҳусан ўғлига бағишланган” деб ёзиб қўйилган. Бу шунчаки оддий бағишлов бўлмай, уни семиотик очқич, деб баҳолаш мумкин. Бағишловда бошқа тафсилот йўқ. Лекин таржимон Александр Наумов шоир тилидан ёзиб олган “Йўл тугамайди” (“Путь не ­кончается”) сарлавҳали суҳбатида Ғафур Ғуломнинг қатор асарлари, жумладан, “Вақт” шеъри ҳақида қимматли маълумотлар беради. Унда айтилишича, шоирга зобит жияни тақдим этган соат ­оддий, яъни дўкондан харид қилинган янги соат эмас, балки трофей соат бўлган. Соат азал-азалдан вақт ўлчагич асбоб, лекин трофей ­соатнинг бошқа қўшимча белгиси ҳам бор, у тутилган, душмандан ўлжа тарзда олинган буюм. Буни қайд этиш муҳим.

Шоир ушбу суҳбатда ҳам ҳассос ижодкор, ҳам теран адабиётшунос сифатида “Вақт”нинг туғилишидаги икки жиҳатни аниқ қайд этади.

Биринчи жиҳат. Шоир совға ҳақида гапириб, дейди: “Уни олдиму сал ижирғандим, соатни кўрибоқ ўйладим, уни қандайдир немис, фашист таққан, бунинг устига у ҳалок бўлган… Шундай қилиб, соат 45-йил майигача қайдадир ётди. Байрам тантаналари авжи қизиган пайт тасодифан олдимдан чиқди. ­Онгимда аниқ шаклланган фикр бўлмаса-да, мен уни энди тақишим мумкин, деб ўйладим. Бир тўйда қадаҳ сўзи айтар эканман, дедим: менинг билагимдаги трофей соат бежизга эмас, ­илгари у душман учун вақтни ўлчаса, энди у бизнинг вақтни кўрсатмоқда!

Бизнинг вақт… Лекин бу ўта умумий рамз бўлиб, у ҳамма нарсани ўзига сиғдирарди. Шеър зарурияти онгда пишиб етилганди; лекин Вақт образи худди бепоён сув сатҳидек эди: мен бир соҳилда турар, иккинчи соҳилни эса кўра олмасдим…”. (Қаранг: Биография замысла. Беседы с мастерами узбекский литературы, записанные Александром Наумовым. Т., 1974. 28 — 29-бетлар. Мазкур китобга Ғ.Ғуломдан ташқари Ойбек, Уйғун, А.Қаҳҳор ва Зулфия билан қилинган суҳбатлар, аниқроғи, уларнинг ўзи ва ижоди ҳақидаги монологлари кирган. Бу мўъжаз китоб XX аср ўзбек адабиётини ўрганишда муҳим манба, дейиш мумкин. Уни тўлиғича ўзбек тилига ўгириш зарур. Зеро, йирик адибларимиз яратган асарларни уларнинг ўз нигоҳи ­орқали ўрганиш ёқимли).

Иккинчи жиҳат. Яна алломанинг сўзлари: “Бир куни, чала-ярим уйқусиз тундан кейин тонгда шаҳар айланишга чиқдим, кўчада сайр қилиб юриб, нашриёт эшигига келиб қолибман. Адабий таҳририятда икки киши бор эди — муҳаррир дўстларимдан бири ва корректор қиз. Мен беихтиёр саломлашдим, беихтиёр саволга жавоб бердим; қиз менга ёнлаб турарди, мен унинг узун майин киприкларига боқдим. Улар худди тунги капалак қанотидай кўтарилиб-тушарди… Мен яна қарадим: капалак яна қанотларини ёзди. Кўзини пирпиратди… ва мен ушбу оний лаҳзани аранг илғай олдим. Мана сизга мангуликнинг иккинчи чегараси, ибтидолар ибтидоси! Айни шу эмасми лаҳзанинг жонли образи… кўз очиб-юмгулик лаҳза? Ва илк калит банд, мени узоқ қийнаган, уни топиш амримаҳол мўъжиза, худди ҳаводан моддий нимарса ҳосил қилишдай туюлган тансиқ банд тўсатдан ўз оёғи билан келди ва худди байрамда отиладиган мушак каби менинг тасаввурим осмонида портлади”.

Ушбу сўзлар ноёб далиллар бўлиб, уларни шоирдан ёзиб олган А.Наумовдан миннатдор бўлишимиз лозим. Бунда аллома ўзи яратган муаззам шеърнинг куртакланиш онларини, таъбир жоиз бўлса, бадиий эмбрионини кўрсатмоқда. Масала ечимининг илмий аниқ калитини бермоқда. Фақат бу калитни шеърнинг дил қулфига солиб, назокат билан бураш қолади, холос.

Шоирнинг тасаввур осмонида портлаган илк бандга назар солсак, кўрамизки, шеър икки ҳодиса қиёсидан бошланади: “Ғунча очилгунча ўтган фурсатни, Капалак умрига қиёс этгулик…”. Юқорида келтирилган суҳбатдан биламизки, аллома ҳодисанинг иккинчи соҳилини бежиз изламаган. Агар қиёсланувчи нуқта, махраж — лаҳза топилмаса, умуман, “Вақт” шеъри учун қиёс принципи етакчи принцип сифатида кашф этилмаса, шеър туғилмаган бўларди. “Қиёсга сиғмас таққос” (Т.Адашбоев) дейилганидек, ялпи қиёс “Вақт” шеърининг структур яхлитлигини таъминлайди, унинг бадиий-структур қиёфасини тайин этади. Шеърда доминант сўз ва доминант тушунча — лаҳза. Унда қадам-бақадам лаҳза ва унга маънодош сўзлар фурсат, нафас, дам, он, секунд узоқ вақтга (мангулик, чексизлик қадар) бақамти қўйилиб, лаҳзанинг қадр-қиммати (“Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун, Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз”) қуйма мисраларда таъкидлана боради. Поэтик фикр тантанаси охирдан олдинги бандда юз кўрсатади:

Ҳар лаҳза замонлар умридек узун,
Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал.
Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун
Қудратли қўл билан қўяйлик ҳайкал.

Лаҳза учун қўйилган ҳайкални лаҳзага қўйилган ҳайкал деб ҳам талқин қилиш мумкин. Лаҳзага ҳайкал қўйиш уни тўхтатишга уриниш, ҳеч бўлмаса, шунга илинж демакдир. Ушбу нуқтада “Вақт” шеъри Гётенинг “Фауст” трагедияси билан фикр-ғоя жиҳатидан кесишади. Фаустнинг Мефистофел, иблис билан тузган шартномаси айнан лаҳзага оид эди:

Агар мен бир онни улуғлар бўлсам,
“Тўхта, эй сония!” — деб айтсам агар,
Сени тутқунингман майли ўша дам.

Икки ўртадаги кесишув нуқтадан маъно чиқариш махсус илмий изланишлар мавзусидир. Лекин бир фикрни айтиш жоиз. Нега Мефистофел, иблис ўзига ишонган ҳолда бундай шартномага журъат қилади, у инсон, яъни Фауст ҳеч қачон лаҳзани (аслиятда Der Augenblick) улуғламайди, тўхта, эй сония деб айтмайди, яъни ҳаётдан шу даражада маънавий ­лаззат топа олишига ишонмайди, шекилли. Дастлаб бунга Фаустнинг ўзи ҳам ишонмайди. Гётенинг ­реалист санъаткорлиги шундаки, асар охирида унинг Фаусти бундай бахтга (бахтли онга) тўлиқ ­эришмайди, у фақат инсон қачондир етиши мумкин бўлган бахтли онларни тасаввур қилибгина, яъни насия тариқасида дейди:

Ўшал сонияни сезиб олдиндан,
Энг олий лаҳзада турибман бу дам.

“Вақт” шеърида эса “Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун” ҳайкал қўйишга даъват этилади. Бу инсонни тинимсиз ижодга, яратишга, лаҳзани бўйсундиришга ундаш демакдир. Бинобарин, инсон яратган буюк ­маънавий обидалар ушбу “энг олий лаҳзада” дунёга келган ва ўткинчи, чопағон вақтга қўйилган собит ­ҳайкаллар эмасми?

Шеърнинг ички оламига янада ­чуқурроқ киришга имкон берадиган бир ҳолат бор. Бу асар яратилган пайтда ҳокими мутлақ бўлган, шу боис шеърга суқилиб кирган Сталин номи билан боғлиқ.

“Вақт” шеърининг илк нусхасида бу ном икки марта учрайди. Жами ўн беш банд, олтмиш мисрадан иборат шеърнинг дастлаб 7-бандида, сўнг 14-бандида. Кейинги ўринда бир оз ножўя ишлатилгандек туюлади: “Ҳар лаҳза Сталин умридек узун…”. ­Шунинг учун шоир бу ном ўрнига ­бандга ва шеърга узукка кўз қўйгандек ярашган “замонлар” сўзини қўйиб, асар потенциясидаги асл маънони гўё қайта тиклайди.

7-банддаги учинчи мисра кейинчалик анча эврилишларга учрайди. Дастлаб мисра “Тирик Сталиннинг нафасдошимиз” бўлган, сўнг уни шоирнинг ўзи “Барҳаёт Лениннинг авлодларимиз” дея ўзгартирган. Истиқлол даврида чоп этилган “Танланган асарлар”да (2003) мисра “Ўзбекнинг барҳаёт авлодларимиз” шаклини олган. Шоир таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан босилган, “Вақт” шеъри ўрин олган буклетда мисра “Барҳаёт ­Навоий авлодларимиз” тарзида берилган. Диққат қилинса, кейинги ўзгартиришларда муаллиф ­изидан борилган. Лекин, бизнингча, бу ўринларда илк нусхада ­мавжуд бўлган ва шеърнинг ­маъно-мазмун меҳваридан мустаҳкам жой олган бир маъно қурбон қилинган. Буни англаш учун бандни тўлиқ ­келтирамиз:

Бебаҳо дамларнинг тирик жони биз,
Ҳар они ўтмишнинг юз йилига тенг.
Тирик Сталиннинг нафасдошимиз,
Нафаски, мазмуни фазолардан кенг.

Одатда, банд, жумладан, ушбу банд ҳам нисбий тугал бутунлик бўлиб, ўз архитектоникаси, тўқилмасига эга. Иккинчи мисрадаги “тирик” сўзи учинчи мисрадаги шаклдоши “тирик” билан учрашади, яна шу мисрадаги “нафасдош” охирги мисрадаги “нафаски”ни талаб қилиб олиб, мураккаб маъно тармоғини ҳосил қилади. Кейинги нашрларда учинчи мисра тамом ўзгартирилгач эса бундай маъно уйғунлигига путур етади. Натижада сўнгги мисрадаги “нафаски” “ҳар нафас”га айланиб, нега унинг “мазмуни фазолардан кенг” эканлиги бир қадар ёпиқ қолади. Чунки у ўзидан олдинги мисрадаги таянч маънодан маҳрум бўлган.

Энди илк нусхадаги банднинг ­бадиий фалсафий маъносини ­чақишга уриниб кўрайлик.

Дамлар бебаҳо, аввал айтилганидек, “Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун, Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз”, бу маълум. Лекин бу бандда маънонинг янги ўрами юз кўрсатмоқда. Яъни дамга жон бағишловчи, уни тирилтирувчи биз, яъни инсон. Тирик вақт, оний лаҳза ўтмишнинг, ўтиб кетган вақтнинг юз йилига тенг. Юз йил бу ерда кўпликни билдирувчи бир белги холос, уни ўтмиш томон чексизлик қадар чўзиш мумкин. Лекин бу унча муҳим эмас, муҳими — биздан, нафас олаётган вақтимизда кечаётган вақт, ҳозир — лаҳза ўтиб кетган, ўтмишга айланган лак-лак вақтдан беҳад қиммат. Ўша ўтмиш вақт ҳозир — лаҳзага тобе. Лекин ҳозир — лаҳза тизгинсиз, чопағон, уни тўхтатиб бўлмайди. Шеърда қуйма тарзда айтилганидек, “Нурлар қадами-ла чопган секунднинг Барини тутолмас айҳаннос овоз”. Лекин уни тўхтатиб бўлмаса-да, у ҳар лаҳзада (бежиз у лаҳза эмас) янгиланиб тураверади ва ҳозир — лаҳза сифатида ҳамиша ҳукмрон мавқеда туради: дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема. Ўзга дам эса энди ўтмиш, у ҳамма томонга чексиз йўналган бўшлиқ — фазога сингиб кетади.

Айни шу лаҳзада, банд бошидаги “дам” сўзи (“Бебаҳо дамларнинг…”) мутлақо бежиз эмаслиги, бу сўз фақат фурсат, лаҳза ёки вақтни англатиб қолмай, нафас, тин маъноларини ҳам англатиши, шу туфайли учинчи ва тўртинчи мисрадаги “нафасдош” ва “нафас” сўзлари юқоридаги “дам” билан топишиши маълум бўлади. Нафасдош, яъни ҳамнафас бир хил ва бир пайтда нафас олувчини англатиб, ҳозир – лаҳзада нафас олаётган, яъни барча тирик одамлар қайси бир оламий нуқтада қондош ва қариндошдир. Шунинг учун “Тирик Сталиннинг нафасдошимиз” мисрасидаги ном деярли аҳамиятга эга эмас. Мисрада таянч сўз-тушунчалар “тирик” ва “нафасдош”дир. Бизга қолса, мисрани “Тирик буюкларнинг нафасдошимиз” тарзида ўзгартишни, шеърнинг янги нашрларида айнан шундай ёзишни таклиф қилган бўлардик. Бир пайтлар “Тонг, Тошкент ва Ғафур Ғулом” (“ЎзАС”, 2000 йил 5 май) сарлавҳали мақоламда шеърдаги “совет” сўзини “башар”га алмаштирган ва сўнг дейилган эди: “Бунда мен ҳақиқатга зид бордим ёки тарихийликни буздим, деб ҳисобламайман, аксинча, ҳақиқат қарор топди, дейман. Бу каби ўзгартишлар бир қонуният мавжудлигидан дарак беради: таги бақувват, асли бутун шеърлар, улар қандай замонда яртилган бўлмасин, худди тирик организм каби янги шароитда ҳам яшовчанлик иқтидорини намойиш этади. Бадиий бутунлик шундай мустаҳкам иморат эканки, у жузъий таъмирдан лат емайдигина эмас, ҳатто кучаяр ҳам экан. Бундай асарлар асл ­тикланиш замонини кутиб ётар, ­балки”. Бу фикр ­“Вақт”га ҳам ­тааллуқли.

ХХ аср физика фанида улуғ кашфиётлар — нисбийлик назарияси ва квант механиканинг фазо ва вақт ҳақидаги оламшумул ғоясида уч ўлчамли фазо ўрнига тўрт ўлчамли фазо (тўртинчи ўлчам – вақт) тушунчаси етакчи мавқега кўтарилди. Мазкур ғояни илк марта немис физиги Г.Минковский “Фазо ва вақт” (1908) мақоласида исботлади. У шундай ёзади: “Бундан кейин фазо ўз-ўзича ва вақт ўз-ўзича йўқликка юз тутиб, энди фақат уларнинг нозик бирикуви(еine Art Union)гина ўз мустақиллигини сақлаб қолиши зарур”.

Буюк физик, нисбийлик назарияси ижодкори А.Эйнштейнга бағишланган китобда ёзилишича, “Нисбийлик назарияси фазо ва вақт орасидаги боғлиқликни очиб берди” (Александров А.Д. О философском содержании теории относительности. М., 1979. 120, 133-бетлар). Яна шу ерда ёзилишича. “Оламнинг энг оддий унсури — бу воқеа деб аталмиш нарса. У худди зум ўчиб-ёнадиган чироқнинг оний чақнаши монанд “хол-хол” ҳодисага ўхшайди”. Нисбийлик назариясида оламнинг фазо — вақт структураси ҳақида гап кетганда унга шундай таъриф берилади: фазо — вақт оламдаги барча ҳодисалар тўплами бўлиб, бунда бир ҳодисанинг иккинчи ҳодисага таъсир этиш нисбати алоҳида эътиборга эга.

Воқеа-ҳодисалар хол-хол бўлиб рўй бераверади, бетўхтов ўтаверади. Вақт кечаверади. “Вақт” шеърида айтилганидек,

Замона соати занг урар мудом,
Минглаб ҳодисалар минутларга қайд.
Қаҳрамон туғилди, шаҳар олинди,
Бир гигант қурилди шарафли бу пайт.

Илк нашрда биринчи мисрадаги кўчимсиз аниқ “Кремль куранти” ўрнига қўйилган кенг қамровли метафорик жумла “замона соати” (буни “вақт соати” тарзида ҳам талқин қилиш мумкин) шеърнинг ялпи руҳига мос. Биз бу ўринда жузъий таъмирчининг бадиий дидига таҳсин айтамиз.

Яна “Бебаҳо дамларнинг тирик жони биз…” деб бошланадиган 7-бандга қайтамиз. Ундаги “Нафаски, мазмуни фазолардан кенг” мисрасида юқорида сўзлаганимиз фазо – вақт ўзаро учрашади ва тўқнашади. Бунда ҳам шеърда етакчи бўлган қиёс принципи ёпиқроқ тарзда мавжуд, яъни лаҳза (нафас) фазолар билан қиёсланмоқда ва фазолардан кенг эканлиги таъкидланмоқда. Бунинг устига, бу нафас тирик буюкларнинг нафаси.

Эзотерик илмларга оид китобларда ёзилишича, “Вақт уч ўлчамли фазо чегарасидан ташқари чиқади. Биз ҳис қиладиган вақт тўртинчи ўлчамдир” (Успенский П.Д. В поисках чудесного. СПб., 239-бет). Вақт фазодан ташқари чиққан, ундан ажралган ҳолда фазога таъсир ўтказади, унга ҳаракат, кенг маънода олганда ҳаёт бахш этади. Зеро, фазо вақтда, вақт орқали ва таъбир жоиз бўлса, вақт вужудида яшайди. Яна шу ерда ёзилишича, “Агар биз вақтни чизиқ деб тасаввур қилсак, ушбу чизиқ ҳар бир нуқтасида абадийлик чизиғи (вертикали) билан кесишади. Абадийлик вақтдан бир ўлчамга ортиқ. Шунинг учун агар вақт тўртинчи ўлчам бўладиган бўлса, абадийлик бешинчи ўлчамдир”.

Бундай тўхтамга, айтиш жоизки, квант механика, яъни замонавий физика келмаган. Бу унинг эзотерик илмлар олдида ожизлигини кўрсатмайди, физика фани аниқ илмий асос ва далилларга таяниб иш кўришини англатади, холос. Абадийлик, яъни бешинчи ўлчам ҳақида гап кетганда яна бир ҳолатни айтмоқ лозим. Янги физика асосларини яратган олимларнинг барчаси ботиний жиҳатдан саккиз минг оламни яратган Тангрини тан олишган. Абадийлик эса қодир Оллоҳ изми ва ҳузуридаги сир-синоатдир. Не тонгки, “Вақт” шеъри ҳам абадийликка дохил муаззам банд билан якун топади.

Шоир ижодидаги замонасозлик ҳақида гапириб, баъзан “Вақт” шеърини ҳам шу оқимга қўшиб юборишади. Замонасозлик замонга, давр талабига қараб иш тутишликни, ижод қилишни англатса, унда “Вақт” шеъри бундай замонасозликдан анча юқори туради. Умуман, бу каби асарларга оддий мезон билан ёндашиб ҳам, бундай мезонларни “Вақт” каби шеърларга қўллаб ҳам бўлмайди. Шеърни замонасоз асарлар сирасига киритганларни унда жорий замонага оид воқеа-ҳодиса ва шахслар тилга олиниши чалғитган бўлиши мумкин. Лекин сиз ижодкор ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг, вақт ҳақида ёзиб, ўша вақтдаги, замонадаги ҳодисаларни тилга олмаслик мумкинми? Вақт фақат вақтдан улги олади, бошқа ҳеч бир нарсадан эмас. Шу боис замонасозлик билан замонавийликни фарқлаш лозим. “Вақт”га юксак замонавийлик, яъни замон билан, ўзи нафас олаётган он, лаҳза билан биргалик, ҳамнафаслик хос. Зеро, муайян бадиий даражага эришган асар ҳамма даврлар учун замонавий, барча даврларга замондош. “Вақт” шеърига келсак, у узлуксиз, мутлақ вақт ҳақида, замона эса шу вақтнинг бир парчаси, абадият нигоҳидан қаралса, у мутлақ вақтнинг бир лаҳзаси, холос. Шу боис “Вақт” шеърини замонасоз асарлар сирасига киритиш унинг моҳиятини англамасликдан бошқа нарса эмас. Зеро, “Вақт” зоҳиран содда, ботинан тушунилиши қийин шеърлардан. Мисралар сиртдан оддий бўлиб кўринади, уларнинг билқувва маъноси бирдан англашилмайди. Маъно англанмагунча онгда поэтик образ шаклланмайди. Бир тур шеърларда аввал образ яққол кўзга ташланиб, образ билан маъно деярли бир пайтда намоён бўлса, “Вақт”да аввал сўз ва мисрадаги маънони чақиш лозим бўлади, шундан кейингина образли тасаввур ишлай бошлайди. “Вақт” шеъри чалғитувчи соддаликни босиб ўтиб, замирда зил маънолар яширинган мисраларни англашга уринган, шундай уринишдан завқ туя оладиган интеллектуал китобхон мулкидир.

Қаҳрамон адибимиз Саид Аҳмад “Вақт”нинг туғилиши (Бир шеър тарихи)” хотира-мақоласида ёзишича, охирги банд унинг даъвати билан битилган. Нима бўлганда ҳам, мазкур банд бутун шеър каби илҳомнинг юксак онларида туғилган, ундаги ҳар бир сўз ўз ўрнида қоим. Бундай пайтда сўз қуйилиб келади, бундай сўз қаъридан ҳеч кутилмаган маънолар ғимир-ғимир қилиб чиқиб келаверади. Бунда маъно автономияси дейиш мумкин бўлган ҳодисага дуч келамиз. Маъно муаллиф ихтиёридан ташқари ҳаракат қилаётгандек туюлади гўё.

Ҳаёт шаробидан бир қултум ютай,
Дамлар ғаниматдир умрзоқ соқий.
Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди,
Умримиз боқийдир, умримиз боқий.

Саид Аҳмад юқорида тилга олинган мақолада ёзади: “Шу билан тонготар пайтда Ғафур Ғулом номини жуда узоқ элларга олиб борган шеърга нуқта қўйилди. Бу шеър улкан шоирнинг фалсафий қудратини, сўз санъаткорлигини, ҳаёт ҳодисаларини ниҳоятда чуқур билишини намойиш қилган эди”.

Сўнгги банд нафақат шеърни якунлайди, у шеърни, шеърдаги яхлит поэтик мазмунни янги орбитага, самовий юксакликка олиб чиқади. Якка умр ўткинчилиги, фонийлигини коинот боқийлиги билан мувозанатлайди. Бу табиий ва қонуний ечим эди. Платон “Тимей” асарида вақтни “абадиятнинг ҳаракатдаги монанди” деб атайди. Чунки абадиятда ҳам ҳаёт бор, фақат бундаги ҳаёт собит ва бутун. “Вақт” шеъри лаҳза билан абадият орасига кўприк қўйиб, абадият бекатида собит қолади.

Йирик шарқшунос олим Е.Бертельс ўзининг машҳур “Навоий ва Аттор” мақоласида суфизмнинг бош ғояси “индивидуал “мен”нинг космик “мен”га қоришиб кетишидир”, деб таъкидлайди. Ҳар қандай ижодкор, агар у чинакам катта шахс бўлса, ҳеч қачон индивидуал “мен” доирасида қолмай, муқаррар космик “мен” маснадига кўтарилади.

Юқорида тилга олинган Саид Аҳмад мақоласида “Вақт”нинг сўнгги банди ҳақидаги гап ўзига хос йўриқ бўла олади: “Ғафур ака ўйланиб турди-да, дарров ручкани олди.

— Ғафур Ғуломники бошқача бўлади. Ғафур Ғуломники Ғафуровский бўлади.

У шундай деб ёзишга тушиб кетди”.

Аввал айтилган “Вақт”ни структур бутунлик сифатида тутиб турган қиёс принципи сўнгги бандда ҳам бор кучи билан ишлайди. “Бир қултум” лаҳзанинг бошқа бир шакли, “нафас”нинг шаробга боғлиқ эквиваленти. Нафас олинади — чиқарилади. Шароб эса ютилади, қултум ҳолида. Бир қултум ҳам бир лаҳзадир. Лаҳза яна ғанимат дамлар сифатида “умрзоқ соқий” билан қиёсланмоқда. Ўта нозик ишора билан “ғанимат” “умрзоқ”қа, “дамлар” мангуликнинг ҳозиру нозир вакили “соқий”га қаршилантирилмоқда. Лекин икки ҳолатнинг — ғанимат дам билан умрзоқ соқий мувозанати ярим, аммо тўлиқ тасалли эмас. Шунинг учун мангуликка собит тимсол керак, мана у: “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди…”. Қуёш эмасми, мангулигимиз кафолати. Чинданам, “Умримиз боқийдир, умримиз боқий”. Яна бир сезги бор шу ерда. Қуёш аниқ, шоён ҳодиса бўлиши билан бирга у янада юксакроқ хилқатга ишорат қилаётгандек… Зеро, ҳозирги фалакиёт илми исботлаганидек, қуёш ҳам мангу эмас. Ҳар бир яратиқ каби у ҳам бир кун келиб сўнади.

Хуллас, “ғунча” билан очилган шеърий майдон “фалак” билан, коинот қадар кенгайган фазо билан якунланмоқда.

Шоир яшаган, хусусан, “Вақт” шеъри яратилган пайт ғоят мураккаб, шарқона-ўзбекона фикр чекланган, фикр-мулоҳаза марксча-ленинча даҳрий ақидалар билан танғиб ташланган давр эди. Шоир ушбу ақидалар чизиғидан ташга чиқиш хавфли эканини билар, лекин шу доира ичида туриб ҳам “Вақт” каби мумтоз шеърни яратолган эди. Шу ўринда таниқли адиб Омон Мухторнинг қуйидаги сўзлари айни муддао: “Ҳали айтганимиз, минбардаги (яловбардор) шоир сифатида танилган Ғафур ака аслида файласуф, мутафаккир эди. Давр имкон берса, у фақат фалсафий, умуминсоний шеърлар ёзарди. Зотан, ХХ аср ўзбек шеъриятида Ғафур акага етказиб, “энг кичик заррадан Юпитергача …”, дея кенг нафасда сўзлаган бошқа шоир учрамайди”.

Юқорида вақтнинг сирлилиги, унинг асл моҳиятини ҳеч ким билмаслиги айтилди. Ҳақиқатдан ҳам шундай, чунки вақт Оллоҳ таоло измидаги сир-синоатдир. Вақт ҳақида шунчалик мукаммал шеър ёзган шоир шу ҳақиқатни билмасмиди? Биларди. Лекин шеър битилган пайтда бундай гапни айтиб бўлмаслигини ҳам биларди. Шоирнинг қизи Олмос опа ўз эсдаликларида ул зотнинг дўст-надимлари (эътиборлиси шундаки, уларнинг барчаси эскича таълим олган, мадраса кўрган миллий зиёлилар) ярим тунда аллақайси радиотўлқинлардан Қуръон тиловатларини тинглаб, йиғлаб ўтиришганини кўргани ҳақида ёзган. Бу тоталитар даврда яшаган маърифатли ўзбек зиёлиси иккиёқлама, авра-астар ҳаёт кечирганидан далолат. У қобиқда, аврада шўро ғояларини қабул қилгани ҳолда астарда, ичда асрий зотий ўзакдан воз кечмаган, аниқроғи, воз кечолмаган.

Мақолани икки кичик хулоса билан якунласак: биринчидан, шоир ижоди, назм ва насрда вақт бадиий концепция мақомига эга; иккинчидан, “Вақт” шеърида вақт фалсафаси лаҳза фалсафаси тарзда намоён бўлади. Бинобарин, лаҳза фалсафаси ялпи вақт фалсафасининг хусусий кўриниши дейиш мумкин.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 45-46-сонларидан олинди.