Жаҳон ахборот воситалари 2013 йилги адабиёт бўйича Нобел мукофоти канадалик адиба Элис Манро(Аlice Мunro)га берилгани ҳақида хабар тарқатганда бу деярли барча учун кутилмаган янгилик бўлди. Негаки, Нобел қўмитаси остонасида унга нисбатан анча машҳур Харуки Мураками ва Салмон Рушди каби адиблар навбат пойлаб туришарди: «Аслида ким ўзи у?», деган савол ҳаммани қизиқтириши тайин.
Нобел шундай бообрў мукофотки, унга сазовор бўлган адибга бирдан умумжаҳон нигоҳи қадалади. Ким у, у яратган асарлар нима ҳақида, қай даражада? Бунинг устига, Чингиз Айтматовдай оламшумул адиб бу мукофотига лойиқ топилмагани ҳар бир туркий адабиёт мухлисининг иззат нафсига теккани ҳам бор гап.
Адиба Элис Манро таржимаи ҳолига назар ташласак, у 2009 йилда Халқаро Букер мукофотига лойиқ топилгани, Канада генерал-губернаторининг бадиий адабиёт бўйича мукофотига уч карра сазовор бўлгани маълум бўлади. У 1931 йил 10 июлда Канаданинг Онтарио вилоятида туғилган. Ўспирин ёшидан ёза бошлаган илк ҳикояси «Кўланка мезони» 1950 йилда Ғарбий Онтарио дорилфунунида ўқиб юрган кезлари чоп этилган. Биринчи тўплами «Бахтли соялар рақси» (1968) юқори баҳоланган, айни шу тўплам учун у илк марта Канаданинг энг нуфузли адабий генерал-губернатор мукофотига сазовор бўлган. «Қиз ва аёллар ҳаёти» (1971) китоби ўзаро боғлиқ ҳикоялардан ташкил топиб, у роман деб номланган. 1978 йили «Аслида сен ўзинг ким?» тўплами учун унга иккинчи марта генерал-губернатор мукофоти берилади. 1979-1982 йиллари Э.Манро Австралия, Хитой ва Скандинавия мамлакатларида ижодий сафарларда бўлади. У ўтган асрнинг 80 — 90- йиллари давомида ҳар тўрт йилда биттадан ҳикоялар тўплами чоп эттиради. 2002 йилда адибанинг қизи Шейла Манро ўз болалиги ва онаси ҳақидаги хотираларини нашр эттирди.
Э.Манронинг «Айиқ тоғдан ошди» ҳикояси режисеёр Сара Полли томонидан «Ундан олисда» номи остида 2006 йилда экранлаштирилган. Адибанинг «Мўл-кўл бахт» (2009) номли қиссаси биринчи рус аёл математиги Софя Ковалевская ҳаётига бағишланган. Ўтган йилнинг ёзида 82 ёшли Элис Манро адабиётни тарк этишини эълон қилди. 2012 йил кузида нашр этилган «Қадрли ҳаёт» (Оеаг Lifе) ҳикоялар тўплами унинг сўнгги китоби бўлиши лозим.
Нобел мукофоти қўмитасининг қисқа таърифида айтилганидек, унга «замонавий ҳикоя устаси» сифатида мукофот берилган. У Нобел мукофотига сазовор бўлган илк Канада ёзувчисидир. Маълумки, Канадада француз тилидаги адабиёт ҳам бор. Элис Манро эса инглиз тилида ижод қилади.
Адиба ижодига берилган айрим баҳоларга қулоқ тутсак. Швед академиясининг доимий котиби, профессор Петер Энглунд совриндор номи эълон қилингандан сўнг шундай деган: «Элис Манро Чеховга ёндош анъаналар доирасида ижод қилади, у новелла жанрини мукаммал даражага етказди». Адиба ҳикояларини рус тилида чоп этган «Иностранная литература» журнали бош муҳаррири, адабиётшунос ва таржимон Александр Ливергант Манрони Чехов билан таққослашни «кулгили» деб атайдики, унинг фикрича, «Манро ҳикоялари буткул бошқача, анчайин қуйи савияда, лекин у Ғарбнинг бақувват ёзувчиси, яхши руҳшунос, аъло стилист».
Х.Блум фикрича, Манро истеъдодини XX аср ҳикоячилигининг йирик усталари билан (Блум 20 номни санайди) ёнма-ён қўйиш мумкин, лекин ушбу жанрнинг ўнта буюк муаллифига (Чехов, Борхес, Жойс ва бошқалар) ютқазади, чунки унга «буюк санъатга хос жунун» етишмайди.
Адиба ижоди ҳақида яна бир муҳим гап. К.Ж.Мейберри фикрича, Манро ўз фаолияти давомида тил пайдо бўлишидан олдинги тажриба, тилга алоқасиз ва буткул шахсий ҳақиқат мавжудлигини таъкидлаб келади. «Пешона» ҳикоясининг бир жойида қадимги юнонларнинг иррационалликка ружу қўйгани ҳақида гап бор. Иррационаллик эса ақл билан билиб, мантиқий йўл билан тушунтириб бўлмайдиган, ақлдан ташқари ҳолат ва ҳақиқатлардир.
* * *
Юқорида биз Элис Манро ҳақида интернет хабарлари асосидаги маълумотларни келтирдик. Ушбу хабарларда айтилишича, ҳозирча адибанинг тўрт ҳикояси рус тилига таржима қилинган. Булар «Қиёфа», «Ўрмон», «Чинакам ҳает» ва «Пешона». Сиёсий шарҳловчи Дмитрий Косирев янги совриндор ҳақида шундай фикр юритади: «Адабиёт бўйича Нобел мукофоти мафтункор, шовқин-суронсиз ҳикояларга берилди. Жаҳон адабий жамоатчилиги, ҳар қалай унинг етук намояндалари бир тарафдан олди-қочди, ур-сур битиклардан, бошқа томондан оламшумул рамзий притчалардан, «Улисс»намо бошқотиришлардан безди, шекилли. Э.Манро асарлари, ҳар қалай биз танишган тўрт ҳикоя, Канаданинг овлоқ гўшаларида умргузаронлик қилаётган оддий одамларнинг оддий, аммо бадиий тасвир билан нурлантирилган ҳаёти ҳақида сўзлайди. Одобли адабиёт тили билан сўзлайди. Айтайлик, «Пешона» ҳикоясидаги қиз қаҳрамони ҳақида гапириб, муаллиф шундай дейди: «Реал ҳаёт ёлғиз ҳақорат ва умидсизликларга тўла эдики, у уларни дарҳол хотирадан ўчириб ташлашга уринарди». Демак, адибани воқеликдаги нохуш, негатив ҳолатлар қизиқтирмайди. У ўзи тасвирлаётган воқеликка, яъни бадиий воқеликка поэтик жозиба бахш этишга эришади. Ҳикояни оғринмай ўқийсиз. Адибанинг бадиий нигоҳи тоза ва соғлом.
«Пешона» номли ҳикоянинг қаҳрамони Жулиет йигирма бир яшар қиз. У мактабда шу ёшдаги қиз учун ғалати бўлган фан — лотин тилидан дарс беради. У поездда дугонасиникига келаётиб, бир эркак билан танишади. Эркак сўққабош эмас, лекин хотини саккиз йилдан бери тўшакка михланган. Қиз бир куни мактуб олади, у шундай тугалланганди: «Мен бот-бот сен ҳақингда ўйлайман». Бу гап қўшиқ нақорати каби уч карра такрорланади. У Эрик Портеоснинг (эркакнинг исм-фамилияси шундай) уйини топиб борганида, одамлар унинг хотинини дафн этишиб, тарқаб кетишган, Эрик ҳам уйда йўқ, кечаси ҳам қайтмаслиги аниқ. Уйга қўшни хотин қараб турганди. Ўша хотин қаердандир пайдо бўлган ёш қизнинг тезроқ кетишини истар (бесабаб рашк), лекин қандайдир куч Жулиетни Эрикникида якка ўзи тунаб қолишга ундарди.
Асар бахтли якунланади, Жулиет нишонасидаги эркакни топади. Воқеа, тафсилотлардан ташқари, бори-йўғи шундан иборат. Лекин адиба воқеалар ўрнини моҳирлик билан алмаштириб, ўзига хос жозиба яратади. Қаҳрамоннинг олдинги ҳолати билан ҳозирги куни дам олдин, дам орқага ўтиб туради, айрим ўринларда эса улар гўё бирлашиб кетаёттандек туюлади. Асардаги яна бир муҳим нуқта: поездда кетаётган Жулиет ўзи билан қадимги юнон маданияти ҳақидаги Додднинг китобини олган, у китобга аҳён-аҳён кўз ташлар экан, китобдаги фикрлар, яъни цитаталар қаҳрамоннинг ҳолатига, кўзқарашига янгича, бошқача теран маъно бахш этади: «тирикларнинг махдуд кўзқарашича, шайтон макри бўлиб кўринган нарсалар марҳумларнинг кенгбағир нигоҳида самовий адолат намойиши каби идрок қилинади». Бундай фикр ҳикояга кутилмаганда фалсафий кўлам олиб киради.
«Чинакам ҳаёт» ҳикоясини мутолаа қилиб бўлиб, замирига боқсангиз, бир ўжар савол тепада муаллақ туради: инсон учун чинакам ҳаёт қайси воқеликка айланган, яъни босиб ўтилган нақд ҳаётми ёки бўлиши мумкин, лекин амалга ошмай қолган насия ҳаёт? Шу маънода, асар қаҳрамони Дорри Бек яқин қўшни бўлиб яшайдиган дугонаси қистови билан австралиялик эркакка турмушга чиқиб, ўша мамлакатга кетади. Йиллар ўтиб, эри оғир касалликка чалиниб вафот этади, Дорри Янги Зеландияда вулқонга кўтарилиш пайтида ҳалок бўлади.
Канадада қолган дугона, унинг исми Миллисент, эри ўлиб ёлғиз қолган, кекса ёшида Дорридан қолган «уйни бузиб, ғиштларини сотиш керак, дейди-ю, лекин бу ишни ҳозиргача қилмаганидан ўзи ҳам ҳайрон». Ҳикоя шу тариқа тугалланади, у ўқувчи кўнглида қалбни орзиқтирадиган чуқур бир қайғу, мунг, аччиқ, лекин аллақандай ёқимли мунг уйғотади. Одамлар ўтаверади, нарсалар қолаверади. Кимгадир… Ва у кимдир ҳам ўтади. Яна ва яна. Сарлавҳадаги «Чинакам ҳаёт» балки шудир, деб ўйлаб қоласиз ҳам. Шунда барибир Манро асарлари муносабати билан буюк Чехов номи тилга олингани бежиз эмас, шекилли, дея яна ўйлайсиз.
Хуллас, Элис Манро юксак мукофотга ноил бўлди. Энди у умумжаҳон эътиборида. Ўзбек китобхони ҳам адибанинг сара ҳикояларини ўз она тилларида ўқишса нур устига нур бўларди, албатта.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 3-сон