Султонмурод Олим. Мурувватнинг мағзи ёки саховатнинг беш мақоми

Сахийлик — ҳаммага маълумки, хасислик иллатининг акси, аниқроғи, кишининг ўзида борини бировдан аямаслигига асосланган фазилат. Лекин бу жуда умумий, ўта мавҳум тушунча. Ахир, бунда курсисидан фойдаланиб, яқинларига мансаб улашаётган тўра, “Бир давру давроним келса келибди-да”, деб уруғ-аймоғини ғалла билан сийлаётган омбор мудири, саводсиз бўлса ҳам, “жиянча”сини ўқишга жойлаб қўйиш кетидан елиб-югуриб юрган мударрис, борингки, кўнгли бўшлигини баҳона қилиб, жисмини эркаклардан дариғ тутмаётган аёл саховатли бўлиб чиқмайдими?
Демак, “яхшилик” тушунчаси ҳам ўта нисбий, унинг таркибига кирувчи “саховат” деган калиманинг ҳам бир илмий, холис таърифи бўлиши керак экан. Токи биз оқни қорага қориштириб ташламайлиг-у, гумроҳлигимизга чек қўяйлик. Чунки эзгуликнинг миллати йўқ. “Менга яхшими — яхши, менга ёмонми — ёмон”, деган хавфли тасаввур шу қадар оммалашиб боряптики, шу кетишда, Худо кўрсатмасин, ўз манфаатимизга хизмат қиладиган ҳар қандай ёмонликни ҳам эзгулик санаб қолмасак эди…
Шунинг учун ҳам исломда ҳар бир масалага ўта аниқ ва муайян таъриф берилган. Инсоннинг шароит тарозисида тортиб бўлмайдиган бирон-бир фаолияти, аъмоли, хатти-ҳаракати йўқ. Бу тарозининг номи “амру наҳй”. Амр — Оллоҳнинг буйруқларини бажариш, наҳй эса Тангри тақиқлаган ишларга қўл урмаслик. Жўжа кузда саналгани каби, бу тарозининг аниқ ҳисоб-китоби қиёмат куни маълум бўлади. Демак, кўнглида иймони бор банда ўткинчи бу дунёдаги ҳар бир қадамини билиб босишга ҳукм этилган. Буни унутганларда эса, гуноҳга ботиш хавфи кўпаяди.
Оллоҳнинг амру наҳйига амал қилган зотларда кўп фазилатлар камол топади. Саховат ҳам ана шундай — инсоннинг инсонлигини баланд кўтарадиган, чин одамга ярашадиган хислат.
Инсоний баркамолликнинг бошқа барча белгилари каби, саховат ҳам ўтмиш адабиётимизда бош ахлоқий мавзулардан бири бўлиб келган. Хусусан, Алишер Навоий ижодида бунинг мукаммал бадиий талқинларига дуч келамиз. Энг муҳими, шоир саховатни исломий йўлда тушунтириб беради, уни бевосита иймон билан боғлайди.
“Ҳайрат ул-аброр” достонининг йигирма мақолатидан бири — бешинчиси айнан ана шу карам васфи ва сахо таърифига бағишланган. “Карам” ва “сахо” , яъни “саховат” ёхуд “сахийлик” ўзаро маънодош сўзлар ҳисобланади.
Навоий наздида саховат ҳам — аввало, Оллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгиси. Модомики, карам билан сахони Эгамнинг ўзи бандасига раво кўрибдими, бунинг шукронаси бўлиши, яъни бахиллик қилмаслик керак-да.
Бироқ саховат шундай нозик нарсаки, киши ҳушёр бўлмаса, сахийлик деб қилган аъмоли бахиллик ҳисобига ўтиб кетиши ҳеч гап эмас. Шоир саховатни ялтироқ дур, яъни дури серобга ўхшатади. Ўқувчиларига уни хор қилиб, бахиллар сафига ўтиб қолмасликни уқтиради. Навоийнинг фикрича, сахийлик деб, исрофга йўл қўйишнинг бахилликдан ҳеч фарқи йўқ:

Неча сахо ашрафи авсофдур,
Муфти агар айласанг исрофдур.

Хўш, исроф деганда нима кўзда тутиляпти?
Худо сенга сахийлик қилиш учун имкон яратиб бердими, энди сен айнан ким ҳиммат айлашингга муҳтож эканини яхши билишинг керак.
Агар кимки ном қозониш учунгина гавҳар сочаётган бўлса, ундан бахиллик яхшироқ, чунки бу ё маст-аласт кишининг ё бир ақлдан озган жиннининг иши.
Бинобарин, Навоий назарида ҳам олтин — кўп азиз нарса, лекин ундан оёқни банд қилиш учун кишан ясалган бўлса, кимга кераги бор?!
Демак, сахийлик қиламан деб исрофга йўл қўйиш — гуноҳ. Чунки, ахир, гарчи бойлик сизнинг қўлингизда, инон-ихтиёрингизда бўлса ҳам, унга умумбашариятнинг, очиқроқ айтганда, Оллоҳнинг инсонлар учун инъом этган мулки, деб қараш керак. Шу сабаб ном чиқариш учун пала-партиш харажат қилиш, ноўрин исрофга йўл қўйишдан кўра бахиллик фойдалироқ, чунки, ҳатто, бахилнинг қўлидаги бойликдан ҳали бошқаларга фойдаси тегишини умид қилса бўлади. Исроф этилган бойлик эса ҳавога соврилиб бўлди.
Шу тариқа шоир ҳаётдаги ўзини сахий санаган биринчи тоифани таърифлаб, улар йўлининг хатолигини кўрсатиб берди.
Ўзини сахий санаган иккинчи тоифа ҳам бор. Улар исрофчи ҳам эмас. Лекин бундайлар ўзи шундоқ ҳам қорни тўқ бўлганларга дастурхон ёзадилар, тўнга зор юпун-яланғочлар қолиб, бойларга чопон кийдиради, юз йилқиси борга — от, юз зираги борга — кумуш тақдим этади:

Они доғи дема сахоким, киши –
Нечаки исроф эмасдур иши.

…Ёяр анга супраки, ул оч эмас,
Берур анга тўнки, яланғоч эмас.

От анга тортарки, юз илқиси бор,
Сийм анга берурки, юз илғиси бор.

Бундайлар худди лаълнинг кони бўлмиш Бадахшонга — лаъл, зиранинг макони бўлмиш — Кирмонга зира юборгандек, қуёш нурига фойдаси тегсин деб, куппа-кундуз куни шам ёққандек, қуриб-қақшаб ётган боққа ёғмай, сувни шундоқ ҳам қор бағрида ётган тоққа тўккан булутдек иш қилади.
Демак, оч қолиб тўққа, муҳтож қолиб бойга қайишадиган сахийнинг ҳиммати ҳам ҳиммат эмас!
Ўзини сахий санайдиган учинчи гуруҳ кишилар ҳам бор. Улар саховат қилиб, бировга, айтайлик, элга тўй-томоша қилиб бериш учун нуқул тамагирлик пайида бўладилар. Улар халқнинг қўлидаги бойликка кўз олайтирган кимсалар. Бундайлар нимаики кўрса, ундан хомтама, ўша ўлжани қўлга киритиш учун минг мақомга тушади — зулму зўравонлик ҳам қилади, бошқа бировларни ўртага қўяди, ширин ваъдалар беради, турли далиллар келтиради, хуллас, қандай йўл билан бўлмасин, бировдан нимадир ундириш дардида ёнади.
Бу қандай саховат бўлсинки, бировга ҳиммат қиламан деб иккинчи бировнинг молига кўз олайтирилса! Фақат элу улус молини қўлга киритиш йўли билан бойлик тўплаб, уни халққа бермоқдан не маъни. Бундай одам худди бир қудуқ қазиб, унинг тупроғини қаерга ташлашни билмай, яна иккинчи қудуқ қазаётган беақл кишига ўхшайди. Исрофчининг, оч қолиб тўққа берганнинг “саховат”и қанчалик бемаъни бўлса, Навоий наздида бировга бериш учун бошқадан олишга муккасидан кетган “саховатчи” ҳам жамиятнинг бир марази ҳисобланади:
Олмоқ эрур қасд анга бермак ғараз,
Бу ҳам ул иккидек эрур бир мараз.
Чунки бу йўл билан мол-мулк йиғиб, элга бериш сахийлик ҳисобига ўтмайди, унинг олиши — кони зиён, лекин, қизиқки, бермагидан ҳам бирон фойда йўқ.
Ўзини сахий санаган тўртинчи бир гуруҳ кишилар ҳам борки, улар фақат биров ялиниб сўрасагина, ҳиммат қиладилар:

Они доғи дема сахийким, киши —
То тиламас, бермак эмасдур иши.

Сўраган муҳтожгагина ёрдам бериш худди ўтни мажбурлаб, унинг тафтида темир билан тошни мумдек эритишга ўхшайди.
Сўрамаса, бировга бирор нарсасини бермайдиган “сахий”лар ҳақида халқ ҳам тилимизда боплаб муҳрлаб қўйилган ҳукмини айтган: “Сўраб бергунча уриб бер!”
Қизиқ бир ҳол: у ҳам сахий бўлмаса, бу ҳам сахий бўлмаса, инсоф билан айтинг, ким сахий ўзи? Саховатнинг булардан бошқа тури ҳам борми?
Шундай тури борки…
Энг қизиғи, бундай сахийлик учун мол-дунёга эга бўлиш сира шарт эмас! Бундай одам аҳволи қандай, яъни яхшими ё ёмон, бойми ё камбағал бўлишидан қатъи назар, у молу мансаб таъма этишдан йироқ.
Чунки бандай одамда қ а н о а т, демакки, Оллоҳ амрига итоат қилиш бор:

Ҳар неки ҳақ берса, қаноат қилур,
Ҳам неки амр этмиш итоат қилур.

Агар унинг қўлида бирор нарса бўлса-ю, бошқа бир қўли қисқанинг унга муҳтожлигини билса, ундан борини аямайди.
Унинг сахийлиги шундаки, денгиздек бир бойликка кўзи тушса ҳам, ундан бирор томчи хомтама бўлмайди, қўлида малҳами бўлса-ю, яра кўрса, уни аяб ўтирмайди. Муҳими, муҳтожни кўрса, у ҳали сўраб улгурмасидан ўзида борини унга беради. Чунки бундай кишининг онгида бир зўр тушунча бор — у қўлидаги молни ўзиники эмас, Оллоҳники деб билади ва шунинг учун унинг энг керакли ўрнида ишлатилишини қонуний ҳисоблайди, бошқанинг аҳволини ошуфта кўрса, бор-будини бериб бўлса ҳам, унинг дардига малҳам бўлади:

Улча кўрар илгида ҳақ молини,
Англағач ошуфта биров ҳолини.

Сарф қилур суд ила сармоясин,
Токи қилур ҳосил анинг воясин.

Яна бир муҳим жиҳат: бу одам яхшилигини сира-сира миннат қилмайди.
Шу тасвирлардан кейин шоир саховат кўчасида адашиб юрган, бахилликдан бешбаттар ишларини ҳам сахийлик ҳисоблайдиган миллатдошларига тўғридан-тўғри мурожаат этади ва айтадики, бугун гулни ғунчадек тугма, чунки қиёмат куни, барибир, уни очишга тўғри келади, ахир, садаф минг бахиллик қилгани билан, унинг кўксини ёриб, ичидаги дурни оладилар-ку.
Чарх олтиндек порлоқ қуёшни беркитгани учун ҳам кечқурун жаҳон унинг юзини қора қилиб ташлайди. Қуёшнинг ўзини олинг. У кундузи юлдузлар тангачаларини беркитиб тургани учун осмон кечга бориб унинг ўзини ерга кўмади.
Шундай эканми, бу дунёда хасислик қилишнинг ҳеч кераги йўқ. Ҳатто кўмилган хазинани қўриқлаб ётган аждаҳо бўлсанг ҳам, дейди шоир, билгилки, бу асраганнинг ганжи хун баҳоси бўлиб кетмасин тағин. Фалак Баҳроми бир куни кутилмаганда келиб, сени қатл этади-ю, беркитганинг бойлигингни олади.
Шунинг учун ўз қонингга қўл ювишнинг, ўз жонингга қасд қилишнинг не маъноси бор?
Шундай экан, хазинанг эшигини оч, бойликларингни олиб соч-у, лекин ўз ўрнига соч. Демак, бойликни ўз ўрнига мос равишда сарфлашгина — саховат! Шу сабаб, токи тирик экансан, саховат уруғини эк! Чунки бугун нима эксанг, эртага — тонгла, яъни қиёмат куни ўша экканингни ўрасан:

Не бу кун экилса, бу мақбул эрур, —
Ким анга тонгла куни маҳсул эрур.

Лекин гап нимани экишда. Экиннинг ҳам тури кўп. Энг яхши экин эса — жуду саховат. Саховатнинг энг зўри эса — таъма қилмаслик.
Хўш, дунёдаги энг карамли, яъни саховатли зот ким?
Карам дурига дарё бўлган бу зотни одамлар “Асадуллоҳ” дер эдилар. Отига сахову карам хатм бўлган бу зот: “Карам дирам, яъни пул бериш эмас, балки талаб нималигини билмаслик, бошқача айтганда, бировнинг қўлида пул кўрса, ундан таъма қилмасликдан иборат”, — деб айтган:

Хатм ўлуб отиға сахову карам,
Деди: “Карам — бермак эмастур дирам.

Анда карамдурки, талаб билмагай,
Кимда дирам билса, тамаъ қилмагай”.

Ана шу тасвирлардан кейин Навоий машҳур ҳотами Той ва ўтинчи чол ҳақидаги ривоятни келтиради. Бу ҳикоятни эса бугун камдан-кам кишигина билмаслиги мумкин, холос.
Мазмуни шундан иборатки, ўтинчи чол ҳотам Тойнинг текин, лекин миннатли зиёфатидан ҳалол меҳнат қилиб, ўтин териб, унинг пулига кун ўтказишни минг бора афзал билади.
Бу ҳикматнинг моҳиятига етиш учун инсон чинакамига инсон бўлиши керак.
“Меҳр ва мурувват йили”да ҳар ким бу ҳикматнинг мағзини чақса, қани эди!..

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 5-сонидан олинди.