Султонмурод Олим. Куюнчаклик

Одам шундай мураккаб хилқатки, унга осонгина, яъни уч-тўрт оғиз сўз билан баҳо беришнинг асло имкони йўқ. Аммо, борди-ю, бир шахснинг бош хусусиятини бир сўз билангина қайд этиш шарт қилиб қўйилса, ўша ифодани, барибир, топасиз. Ана шунда киши феъл-атвори, ҳатто жамиятдаги ўрни, қилган хизматларини қайд этиш учун унинг бошдан-оёқ таржимаи ҳолини сўзлаб бериш ҳам шарт бўлмай қолади.

Биз қуйида икки оғиз дил сўзимизни айтишга жазм этган олимнинг бошқа ижодкорлардан бир айрича жиҳати бор: у ёзганда “Икки карра икки – тўрт”, деб ёзмайди. Кўпчилик ўйлаб кўрмаган ёки хаёлига келтирмаган масалаларни қаламга олади ва ўзининг қатъий хулосасини илгари суради. Шунинг учун унинг мулоҳазалари бошқаларга гўё “Икки карра икки – беш”, деяётгандек туюлади. Шу боисдан ҳам унинг кейинги йилларда эълон қилган мақолалари орасида баҳс қўзғаганларидан кўра қўзғамаганлари камроқ. Чунки бу муаллифнинг материаллар орасида шунчаки, илҳомсиз, “ёздингми – ёздинг” қабилида битилганлари йўқ. Масалан,       “Навоийнинг бенаво нашри” (“Ҳуррият”, 2003 йил, 6 август) мақоласида, жумладан, Алишер Навоийдек буюк зотнинг “Мукаммал асарлар тўплами” энг гўзал дизайн, матбаачиликнинг энг сўнгги ютуқлари асосида, энг сифатли қоғозларда, ҳамма жилди бир хил бичим ва ранг-рўйда чиқарилиши лозим, дегандек таклиф ўртага ташланган эди. Биров у деди, биров – бу. Ҳар нарсани баҳона қилганлар ҳам топилди. Аммо орадан етти-саккиз йил ўтиб Ғафур Ғулом номидаги матбаа-нашриёт ижодий уйи ана шу “Мукаммал асарлар тўплами”ни 10 жилдли тарзида юксак талаблар асосида чоп этди. Баҳоналарнинг бари бекор бўлди.

Таклиф айтганни ҳам, унга ҳозир бу ишни амалга оширишнинг иложи йўқлигини тушунтирганларни ҳам айблаб бўлмайди. Лекин, ахир, кимдир шундай таклифларни айтиб турмаса, муҳим ишлар қандай қилиб олдинга силжийди?

Турли-туман мавзуларни қаламга олганига қарамай, ҳар бир олимнинг ўз илмий йўналиши бўлади. Агар биз таърифлаётган мутахассис ижодига шу нуқтаи назардан ёндашсак, айтиш жоизки, унинг тор илмий йўналиши – яқин туркий тиллардан таржима қилиш масалаларини ўрганиш. Бу йўналишда унинг кўплаб илмий тадқиқотлари эълон қилинган. Жумладан, 1991 йили “Яқин туркий тиллардан шеърий таржиманинг ўзига хос жиҳатлари (қирғиз эпоси “Манас”нинг ўзбек тилига таржимаси мисолида)” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлаган. Бу тадқиқотини 1995 йили “Туркий эпос ва таржима масалалари” номи билан китоб тарзида чоп этган.

Айрим тилчиларга адабиётдан, баъзи адабиётчиларга тилдан баҳс очсангиз, энсаси қотади. Ҳатто бундайлар том маънодаги филолог эмас, дегинг ҳам келади. Чунки тил – адабиётнинг бош қуроли. Сўз санъатининг жамики мақсади тил воситасида рўёбга чиқади. Худди шунга ўхшаш тағин бир жиҳат мавжуд – тилнинг бор жозибаси адабиётда янада кўпроқ намоён бўлади. Аксар таржимашунослар каби, бу олимимиз ҳам – ўзини тилчи ёки адабиётчига ажратмайдиган филологларимиздан. Бу кишида унча-мунча олимимизда учрайдиган филологик зукколик ва журналистга хос кузатувчанлик бор.

Бир олим таржима назарияси билан кўп йиллар шуғулланганидан кейин унда табиий равишда назарий билимларини амалга татбиқ этиб кўришга қизиқиш уйғонади, албатта. Ана шу истак бу ижодкорни В.Короленко, П.Фалёв, Л.Толстой, А.Чехов асарларини таржима қилиб, нашр эттиришга ундади.

Ҳар бир қаламкаш ижодининг кўзга ялт этиб ташланадиган қандайдир ўзига хосликлари бўлади. Бу ижодкорда оҳорий, жозибадор сарлавҳалар топиш, уларни материал мазмуни билан чамбарчас боғлаш, шу тариқа ўқувчининг диққатини аввал-бошданоқ мавзуга жалб эта олиш маҳорати бор. Агар кимдир ўзбек журналистикасида сарлавҳалар масаласини тадқиқ этмоқчи бўлса, унга мана бу мисоллар тайёр материал бўлади, албатта: “Қайта яратиш ва аксилтаржимачилик”, “Боқиманда нашрлар ва боқибеғам ноширлар”, “Оллоҳга салом бериладими?”, “Суқрот қўлидаги коса”, “Икки сўзнинг ишкали”, “Тупик эмас, тублик”, “Шамолга совурилаётган… шамол”, “Шеванинг шикваси”, “Ёпиғлиқ қозон” қандай очилади?”, “Билмаганлар не билар қадриятлар қадрини…”, “Каминанинг номлари…” ва ҳоказо. Киройи сарлавҳа бўлса, шулардай бўлса! Сарлавҳаларининг ўзиданоқ мақолаларнинг ярмини ўқигандай бўласиз.

Шўро даврида Тарас Бульбани юрт манфаати йўлида ўз ўғлини ўлдиришдан ҳам тоймаган ватанпарвар қаҳрамон сифатида қабул қилганмиз. Бу муаллифнинг бир мақоласида Н.Гоголнинг мазкур асари батамом янги кўзқараш асосида ўрганилган. Тўғрисини айтганда, замон ўзгарди, шўроча талқинлардан буткул қутулиш имконига эга бўлдик, аммо ҳали адабиёт оламидаги барча асарларга янгича нуқтаи назардан баҳо бериб улгурганимиз йўқ. Бу мақола – шу йўлда ташланган дадил бир қадам. Боз устига, рус адабиёти намунасининг ўзбек олими тарафидан амалга оширилган янги талқини бу. Тадқиқотчи мазкур асарни қайтадан синчиклаб ўрганиб, Тарас Бульбада бугунги тушунчадаги дин ниқобидаги экстремизмга мойиллик борлигини очади. Шунинг учун ҳам сарлавҳаси – “Тарас Бульба: ошкор ва пинҳон қиёфа” (“Тафаккур”, 2004 йил, 3-сон).

Келинг, энди бу шахс тўғрисидаги айрим маълумотларни ҳам келтириб ўтай.

У 1976 – 1998 йиллар мобайнида Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг Таржима назарияси ва адабий алоқалар бўлимида, орада тўрт-беш йил жамоатчилик асосида шу институтда тайёрланадиган “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали таҳририятида меҳнат қилди. Бир неча йиллар Ташқи ишлар вазирлигининг Таржима ва таҳрир бўлимида ишлади, ўзбек дипломатик нутқи ва услуби ривожига ҳисса қўшди. 2001 – 2002 йиллари ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига, 2002 – 2011 йиллари эса Ўзбекистон Республикаси Китоб палатасига директорлик қилди. Ҳозир Ўзбекистон миллий кутубхонаси Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати раҳбари. Бугунгача 200 га яқин номдаги илмий, илмий-оммабоп, публицистик асарлари ва таржималари босилган. Таржимашунослик, адабий алоқалар, китоб тарғиботи юзасидан кўплаб хорижий илмий анжуманларда иштирок этиб, маърузалар қилган.

Одатда, аввал материал ёзилиб, кейин унга муносиб сарлавҳа қўйилади. Бу гал, негадир, бу заҳматкаш қаламкаш ҳақида сўз бошлашдан олдинроқ “куюнчаклик” деган сўз хаёлга келиб, дарҳол сарлавҳа қилиб қўйилди.

“Хўш, бу куюнчак олим ва публицист ким?”, деб сўрасангиз, у — сиз ҳам яхши танийдиган Зуҳриддин Исомиддинов.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 3-сонидан олинди.